Маҳлиё ХУРРАМОВА – 2004 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент
давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси. Шеърлари республика
матбуотида чоп этилган.
* * *
Югуриб дунёнинг кенгликларида,
Толсаму осмонга узала ётсам.
Ҳали маржонини ўғирламай тун,
Баралла шеър айтиб тонгни уйғотсам.
Қадамим етган он ястанса яйлов,
Чўпоннинг ҳуркитсам подаларини.
Қур-эй, қур-эй йўлим тўсмангиз, кетай,
Йиғиб келмоққа бахт шодаларини.
Дил ёзсам, бол билан роса сийлаган,
Асалариларга ўлан айтишиб.
Қўлтиқлашиб кетсам ел билан шомда,
Кузатиб турна-ю, зоғлар қайтишин.
Сувнинг бўйларида ўсган тол ўзин,
Мажнуна кўрсатиб ёндирар мани.
Ярим тунда ёпиб бошига рўмол,
Қирқ ўриб кетаман кокилларини.
Демак, манзилгача масофа йироқ,
Ҳали қай ерларга етмас қадами.
Яна нима керак айтинг-чи, яна,
Эркда ҳам эркинлик истар одамга?
* * *
Асл маърифат булутда эди, аммо ҳамма ёмғирга атаб шеър ёзди
Мени ҳар ён қувди ўткинчи еллар,
Елкамга ғамларни юклади фалак.
Мен сен томон шошдим, талпиндим аммо,
Сенинг бошинг узра ўйнар капалак.
Сокин шивирлайди хазонлар чорлаб,
Ҳавосиз борлиқдан юраклар зада.
Қақраган булоқлар менга қойиму,
Кўнглидан насиба бермас эй одам.
Бағрим тилкалайди, лаҳзада йўқман,
Харис нигоҳларинг боқар бепарво.
Кетарман… Умидлар ямоғин ямаб,
Сенли ҳаволарда ёғмоғим гумон.
Мен бу дунёларда ёғмоғим гумон…
* * *
Тўкилади хазонлар ерга,
Ёш тўкади дарахтлар эпкин.
Мен интизор эдим йўлингга,
Сендан хабар бўлмади лекин.
Қароғимдан мўралайди ёш,
Ёш тўкади осмон беадад.
Эзиб ёғар, силласиз, саваб,
Юзларимга, юрагим қадар.
Кўкда ёлғиз сузиб кетар ой,
– “Саналмаган юлдузлар қатор”.
Кўзларингга боқибмидим ҳеч,
Ким эканинг билмадим ҳатто.
Сен сўзлайсан, о сароб ҳислар,
Музлаб борар тобора таним.
Мен аёвсиз жимликларимда,
Билармисан сени асрадим.
Умидларни йўргаклайди ғам,
Тонг. Кўнгилда азон янгради.
Йўлинг мўл бўлсинай омон бўл,
Сенга жуда раҳмим келади.
Сенга жуда раҳмим келади!
Видо
Мил тортилди кўкнинг юзига,
Соямиздек йўқолди шафақ.
Энди барча умидлар бекор,
Уф тортар дун уфққа қараб.
О билмайман қайдасан бу дам,
Авжланади ҳижроннинг куйи.
Сенсиз мубҳам қолган шаҳарни,
Мен дилдираб кездим кун бўйи.
Тушунмайди ҳиссиз оломон,
Тошбўронга тортилар ҳислар.
Ортиб борар табора қайнов,
Йўқланади босилган излар.
Юрагимни тупроққа қориб,
Мен тафтишга берилдим обдон.
Билиб ўтга оёқ босмоқлик,
Бўлмайди ҳам бўлмас ҳеч қачон.
Энди видо сачради кўзга,
Қучиб олдим аламларимни.
Худди отган каби ҳовузга,
Ўздан жудо этдим барини.
Сен бошқасан, фитратим ўзга,
Бир қафасда яшамоқ душвор.
Бу дунёнинг бизга аталган,
Кулдонида кўришгунча ёр1.
1 Жонтемир мисраси