Ислом АЛИ – 1993 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
институти талабаси. Республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Шеърлари
республика матбуотида чоп этилган.
Нур
Хаёлларим ҳилолнинг
шуъласига чалкашди,
Бу кўҳна дун ичинда
кўнглим ҳамон саркашдир.
Сукут ичра кимлигим
очиб қўйди жимлигим,
Кўзларимни алдаб, сўнг
сўзларимни алқашди.
Аслида мен дунёнинг
ҳайратига харидор,
Ичимга жин қамалган
ёнида бир пари бор.
Ғафлатдаман гўёки
Хаёлларим ва ёки
Пари ухлатмас, ажаб,
Жин уйғотмас, дариғо.
Сочини йиғиб ҳилол
Хаёлотга чўмгай. Сиз
наҳот, бўшлиқ ичинда
нурсизликка кўнгайсиз?
Чўкиб кетар кўзларнинг
Гавҳарига қаро тун,
Мен зулматни зиё деб
шеър айтишим ўнғайсиз.
Жимдирману ичимда
асов тулпор пишқирар.
Тушимга сайраб турган
парвоздаги қуш кирар.
Сархушлигим тарқалиб
уйғонсам, ағёр қолиб
Кўз очиб кўрганларим
кўнглимни тафтиш қилар.
Қўл узатсам гулларга,
очмас менга пинжини,
Забоним булбулларга
қиёс эди, инчунун.
Отам илк ва сўнгги дам
уйғонмаган субҳидам
Чинқириб бу дунёнинг
бузиб қўйдим тинчини.
Энди билдим: шоирлар
ўз кўнглига ўзи ёв,
Босмаган одим – армон,
босиб қўйган изи ёв.
Кўкка боқсам негадир
юзимга нур тегадир,
Падаримнинг бу ҳилол
очмаган бир кўзи-ёв?!
Шундан бери талатўп
чалиб келар оёқдан,
Хотирам жонланади
қувват сўриб маёқдан.
Ёритгайдир шамчироқ
ўтмишимнинг тасмасин:
Кунларим гўзал бироқ,
ўсмирлигим қаёқда?
Ҳа, эсладим: кўзимга
Бир шавқи комрон берди.
Бир кун ўша ҳайратим
майга чўкиб жон берди.
Дунёни маст кузатдим.
Тиланчи қўл узатди.
У тағин берди ҳайрат
Мен гадога нон бердим.
Ризқим кетди гадода
оғзим юмуқ жилмайдим,
Унда нега хатолар
ёнимдан ҳеч жилмайдир?
Дунёга тик боқиб ман
битта сирдан воқифман.
Кўзидан нур қочган, лек
дунё ўзи билмайдир.
Бу борлиқнинг хилқати бунча чигал мураккаб. Худо, сендан бир қатим нур тиларман юракка. Бу тун аро нурга ўч икки кафтим бир ҳовуч Кўксимга ин қурган қуш токи сайраб тураркан: Худо, сендан бир қатим нур тиларман юракка! Худо, сендан бир қатим нур тиларман юракка!
Йўл
Бу йўллар – соғинчни қалқитган наҳр,
Бу йўллар – дорбознинг доридай тикка.
Кезарман, бир тараф – тошланган чақир,
Бир тараф иккита работдан чиққан.
Юрарман иккита манзилга қараб,
Гоҳ хаёл, гоҳида қадамлар билан.
Кўзга яқинларга тўла бир тараф,
Бир ён сўзга яқин одамлар билан.
Кўнгилни иккига бўлган масофа,
Шаҳар эшитмайди оҳу додимни.
Мен дайдиб чангини чиқарган қирлар
Қўйиб юбормайди бир оёғимни.
Мени туш кўради ҳар тунда овул,
Дўконлар менингсиз очиб дафтарин –
Дўстларим турнадай кириб бағрига,
Чиқишда тентираб бузар сафларин.
Йўлнинг у бошида хира нур билан,
Тонгда ёнган чироқ каби ёнаман.
Онамнинг юзига исмим суртилар.
Бошпана топмаган боши панаман.
Бораман, келаман, йўлдаман ва ё
Юрарман қисматим – бурчимни ўтаб.
Ҳар сафар кузатар ўксиб бир аёл,
Йиғлаб этагимдан қўймас бир гўдак.
Сўз териб қатнайман икки бошига,
Тақдирнинг тадбирин билгай қай киши.
Э воҳ, бу йўллардан тайиндир бир кун
Кўзларимни юмиб жимжит қайтишим.
Бу йўллар элтади икки работга.
У
У саҳарлаб турмайди эрта,
У тунда ҳам эрта ётмайди.
Сукунатда ёзилган шеърдан,
Ҳайқириқлар яратар айтиб.
У ҳар куни жўнайди ишга,
Елкасида турмушнинг юки,
Дам чақа, дам чекига тушган,
Сўзбозликни қолади уқиб.
Нимагадир ўй сурар узоқ,
Ва узоққа термилади жим.
Бўялади нечалаб вароқ,
Деразадан отилар ғижим.
У шошмасдан қайтади ишдан,
Фидокордай кўкрагин кериб.
Ҳеч нарсага, нолишдан бошқа,
Ўхшамайди бирорта шеъри.
У дунёга қилади зарда,
Қийшиқ тараб ўсган сочини.
Бисотига тўплаб сўзлардан,
Кейин ўзи кетар сочилиб.
Уни ҳаёт шундай авраган,
Дўстининг йўқ бирорта марди.
Садоқатдан сўзлаб даврага,
Бермоқчи ҳам бўлади тартиб.
Уни ютар сукутнинг мунги,
Ғовурдан ҳам бўлар дили ғаш.
Қийин ахир, китобга сингиб,
Хотинига билдирмай йиғлаш.
Шу зайлда ўтказади кун,
У ўзини излаган дайди.
Ундан фақат шеър сўраш мумкин,
Ундан кўнгил сўраб бўлмайди.
Боряпман
Тўрт томоним чегара гарчи,
Тўсиқларни бузиб боряпман.
Севгинг – уммон, оқимга қарши,
Қаергадир сузиб боряпман.
Савдо топдим ҳузур ахтариб,
Кўздан висол шиддати ариб.
Ўзим юпун, ўзимдан ғариб,
Минг чоралар тузиб боряпман.
Бирида ёш, биттасида қон,
Икки кўзим – икки сиёҳдон.
Кўзимга чўп ботириб, жонон,
Суратингни чизиб боряпман.
Гоҳида гул, гоҳи дил босиб,
Манглайимга гуноҳлар ёзиб.
Ҳар оҳингни елкамга осиб,
Тумор каби тизиб боряпман.
Товонимни чўққа ишқалаб,
Ёниб тутар бўлдим ишққа лаб.
Юрагингга ўтдан ишқ қалаб,
Ҳовурида қизиб боряпман.
Энди аччиқ ёшман, севгилим,
Кипригингдан бошланар йўлим.
Лабларингга етмоқлик – ўлим,
Кўзларингдан сизиб боряпман.