Ҳайитбой АБДУСОДИҚ – Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист. 1957
йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика
факультетини тамомлаган. “Мени кашф этинг”, “Ёруғлик истаги”, “Аслим, АСЛим
Хўжа эли”, “Тик туғилган ой” каби шеърий китоблари чоп этилган.
* * *
Бир йигит тушига,
Учта йўл инди.
Бир йўлнинг сўнггида,
Олтин тахт турганмиш.
Иккинчиси оёғида
Олмали боғ турганмиш.
Учинчи йўл охири,
Бирикармиш уйидаги эски тандирга.
Тандир сари интилди йигит.
…Тонг мардонда уйғониб,
Мамнун бўлди кўрган тушидан.
Билиб қўйинг: бу яхши.
* * *
Бир подшоҳ айтди:
Бу халқ менинг халқим, деди.
Ва тағин: халқимнинг болалари,
Менинг болаларим, деди.
Шунда, узоқ қишлоқда,
Бир бола ўлди.
Ўлмайдиган бир норасида ўлди,
Ва кўмилди чекка қишлоқда.
Узоқ бошкандаги подшоҳ,
Бундан хабарсиз қолди.
Билиб қўйинг: бу ёмон.
* * *
Шаҳарлик бир эран
Ўсмир ўғлини етаклаб,
Қишлоқдаги эски қабристонни
Оралади узун-узун,
Узоқ-узоқ айланди.
Отасининг қабрини
Ўғлига кўрсатмоқни
Ният қилган эди у.
Ўғлини ҳоритгани қолди,
Армон қолди кўнглида…
Билиб қўйинг: бу ўта ёмон.
* * *
Чўлнинг кийиги бор эди,
Кўлнинг балиғи бор эди.
Кўлга чўлни қўшдилар.
Оқибат не бўлди:
Чўл кийигидан айрилди,
Кўл балиғидан айрилди.
Билиб қўйинг: бу ёмон.
* * *
Талончилар,
Бу овулга кирмаймиз, дедилар.
Ўнта уйга бир тандир,
Етти уйга битта элгазар экан дедилар.
Ўз йўлидан кетдилар улар,
Эл уйқуси бузилмади.
Билиб қўйинг: бу яхши.
* * *
Энадарёга ташланган қармоқ,
Пўкаги “қилт” этмади кун бўйи…
Балиқчи шимолга ҳадикли боқди:
“Бойқўнғирда нимадир бўлди-ёв, тунда”
Деган ўйлар ўтти тез-тез кўнглидан.
Кечқурун уйига қайтди у, Бўш қопчиғини судраб, Терс қараб орқа томонга. Билиб қўйинг: бу ёмон.
* * *
“Қамиш тошув” кунлари, Дарё бўйига кўп одамлар чиқдилар. Катхудолар дуо-фотиҳалар қилишди, Қўшчилари қора ҳўкизни чалишди, Ҳали тиниқ сувга қон қотишди, Қамиш томирининг таъмини тотдилар… Яхши-ёмон дарё бўйида эди, Ҳамма ўйи дарё сувида эди. Билиб қўйинг: бу яхши.
* * *
“Ичкари кир, нонимдан е”, Деди, уйнинг эгаси, Эшик олди турган одамга. “Сен нон-тузим тотмасанг, Дастурхоним мендан ўпкалар –Қут-барака қўнишмас унга, Буюк Тангри ўгирар юзин..» Билиб қўйинг: бу яхши.
* * *
Тонг мардон бир одам, Йўлин кесиб ўтмоқ бўлган Илонни кўрди. Одам уйига қайтди,Ва айтди: “Мен йўлимда Илонни кўрдим” Илон инига қайтди,Ва, айтди: “Мен йўлимда Одамни кўрдим” Билиб қўйинг: бу ёмон.