Муҳайё РУСТАМ қизи – 1973 йилда туғилган. Навоий давлат Педагогика
институтининг филология факультетини тугатган. Шеърлари, публицистик мақолалари
республика матбуотларида эълон қилинган. “Ой соҳили” номли шеърий тўплами чоп
этилган.
Озод қўшиқ
Туркум
Индамадик индамагаймиз.
Қутлибека Раҳимбоева
Сиз яшаган оғриқларда яшаяпман,
Ичган чойим, еган ноним андуҳ бўлди.
Ҳар илинжга малолимни тўшаяпман,
Қадрим ўйнаш бад касларга шукуҳ бўлди.
Сиз тўкилган ёмғирлар-ла ёғдим менам,
Жон рангида кошиф ўлди зарғалдоқлар.
Иқболимга талош келди, Қутли энам,
Ютумимни рангладилар қизғалдоқлар.
Сиз чатнаган чақмоқларда мен чақнадим,
Қора тортган қисматимда ёнди қуёш.
Ва руҳимнинг қотилини чавақладим,
Тупроқ дилдан яна озод кўтардим бош.
Сиз кўтарган байроқларни қўлим тутсин,
Ва юксакда ҳилпирасин мардон сасим.
Энди бургут чизиғидан йўлим ўтсин,
Ҳақ сўз бўлиб гумбурласин ҳур нафасим.
* * *
Инқилоб қил, шикаста орим,
Қўзғал, қалбнинг султони – ғурур.
Қуримасин чўккан мадорим,
Руҳим тургил, тик оёққа тур.
Тишим синса ичимга ютай,
Оғзимда қон кўрмасин биров.
Ўтсам, фақат ўзимдан ўтай,
Бошқа йўлнинг адоғи алдов.
Узатилган қўлга инонмам,
Кўтаражак ялови – миннат.
Малол олган болига қонмам,
Шоҳ кўнглимнинг баҳоси қиммат.
Ризқимдан ҳам улуғ бўл, шаъним,
Урвоқ учун қадримни сотмай.
Имон йўли йўлимдир маним,
Минг адашдим, энди йўқотмай.
* * *
Қутли энам, келинг,
Яшилда ёзинг,
Яшил билан кўринг, фақат яшилда.
Қизилда тўғриламайлик ҳеч бир хатони,
Қон рангида чизмайлик устидан.
Ахир қонга ботирмаймиз-ку хатоларни биз.
Истамайман қора билан текширишни ҳам,
Ахир бор-ку дунёда ёп-ёруғ ранглар.
Масалан, зангори…
Ҳеч йўқса,
Кўк тусида
тузатайлик жами хатони.
Ахир хато қилдик, ЖИНОЯТ ЭМАС!
* * *
Энди инграмаймиз, энди иҳраймиз,
Аввал индамадик, энди индаймиз.
Она шермиз, она шер…
Висол кўйлагини кийганда шафақ –
Ҳаққа қурбон жоннинг рамзидай қирмиз.
Она шермиз – биз…
Қуёш саждасида паймону нажим,
Бошимизда ғазаб сочаётган ким?
Она шермиз, шер…
* * *
Юрагим тубида бир она йиғлар,
Зорлари, ноласи, ингроғи гўзал.
Гул очар руҳига санчилган тийғлар,
Уфқ бўлиб қизарган қабоғи гўзал.
Кўзларидан томган аламлар қора,
Қисматини битган қаламлар қора,
Йиғлар пушмонига умидин қора,
Сўнгсиз қайғусида дил доғи гўзал.
Муштин дўлайтарлар, кўнглини сўраб,
Юзини силарлар, сочидан бураб,
Яшар озорларга кенгликни қураб,
Одамдан топгани – сабоғи гўзал.
Аёвсиз йиқитди дунёнинг йўли,
Нур кўрди, арш томон узалди қўли,
Ғориқи раҳматдан яшнади чўли,
Бу аёл умрининг адоғи гўзал.
Юрагим тубида бир она йиғлар…
* * *
Сўз дастурхонида овозим – луқма.
Кўнглим юлиғидан пиширдим шеърлар.
Мендан кейин яшар менинг оғриғим…
Мазлум ҳисларимга беряпман ваъда:
“Саҳро шамолида пирпираган пат”
Аллоҳ назаридан топар рисолат.
* * *
Биз қўрқоқ эмасмиз, чорасизмиз биз,
Муроса – шов-шувсиз жасорат асли.
Сиз – муштипар эна, мен – мулойим қиз,
Иккимизга тақдир – андиша фасли.
Одамларни севдим, дамларни севдим,
Севгимдан панд емоқ бўлди эрмагим.
Юрагида дарди жамларни севдим,
Буюк хирмон бўлди ундан термагим.
Ҳаммани асрадим, ўзимдан бўлак,
Юрсам гул, йиғласам дур бўлди дунё.
Бир ёрлиқ топмадим тўзимдан бўлак,
Ва ҳуррият каби дахлсиз ҳулё.
Бебаҳо билганим тош чиққан эссиз,
Меҳр бозорида балким касодман.
Аммо муте бўлиб турмасман сўзсиз,
Кобир маҳрамидан энди озодман.
* * *
Ўртантирдим қаддимни тутиб,
бир қошиқ қонимни ичди қарғалар.
Осмонга тикилиб ёмғир санадим…
Тириклайин сизни кўммоқчи бўлган
кимса кўзига қум сочасиз мақтаб.
Мен сизни таажжуб-ла ўқийман.
Бўйингиздан узун дардингиз ўлчаб,
Дейман, юрагини тоғлар кўтарсин.
Дейман, кафтларида кўкарсин гуллар.
Яна дейман, мендан тикмасинлар дор,
Ниятим – ям-яшил майсага дўнмоқ.
Ва яна бўй чўзмоқ зангор оламга…
* * *
Қутли эна, сўнгра ниҳоят
руҳимизни хушлади сабо.
Чечаклар бўйига кўмди навбаҳор.
Қўлларини чўзди ул оҳанрабо,
Ва юлдузли ҳаёт айлади нисор.
Сўнгра униб чиқди орзуларимиз,
Яратгандан келди шариф сафолар.
Сўнгра тарқаб кетди уйқуларимиз,
Уйғотди юракдан келган садолар.
Қутли эна, сўнгра, ниҳоят
Ҳаққа тавозеда ўзимни очдим,
Ва ҳурликка етдим, кўтардим ялов.
Шафаққа кўнглимнинг синиғин сочдим,
Гуллади жонимни куйдирган олов.
Қутли эна, мени енголмади ғам,
Пешонам қонини шахдимга сурдим.
Энди йиқитолмас бирорта одам,
Қадримни кўтариб ўрнимдан турдим.
Дилсирот
Зебо Мирзога
Одамлардан совитяпман ўзимни ўзим.
Қарор қошиғида шопириб.
Кўнгил чечакларин ялади увол.
Эй дил, бу ғамзада дунё – Кўҳиқоф,
қамал қилди мени жонкўш хоинлар,
бир фосиқ қўлидан едим маргимуш.
Ҳаёт ёбонига гул экар эдим,
умримни чайнади ёсуман севги,
тишидан тўкилди ғанимат ҳислар.
О-о, мен Бахтни бир ғазо каби кечирдим,
Бир саркарда каби сермадим қилич,
Ориятим учун жон кечдим юз йил.
Ва ярамни қуёшга тутмоқчи бўлдим,
Учиб келди гўнгчивинлар қоннинг ҳидига.
Фалокатдан қўрир эди менсарак қушдил.
Аласт каби чайқалдим сўнг ҳаёт саҳнида
Музга тегиб чатнаб кетди муҳаббат тафти.
Фиғонимнинг унин ўчирдим зў-ўрға.
Мен кечирган умр мени кечирмас балки,
Балки ортиқ бардошим йўқ ағёр макрига,
балки тупроқ тортадирман ўзимга энди.
Осмон эдим, кенглик билан томоша қилдим,
Каламушлар қисматимни қиларди ғорат,
Қайта чақиш илинжида судраларди мор.
Дафъатан идрокимни туртди таҳлика
ва бирдан туширдим кўнглимга тўсиқ
Маҳшаргача ёпдим ҳақ қасосини.
Нима ҳам дей, мен ахир чароғон эдим,
Қуёш юрагимдан чиқарди ҳар тонг.
Жонбахш иссиқ эди руҳиравоним.
Энди совитяпман ўзимни ўзим
Қарор қошиғида тинмай шопириб…