Дамин ТЎРАЕВ – 1946 йилда туғилган. Қарши давлат педагогика институтининг
ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. “Ҳаёт ва сюжет”, “Ўзбек адабиётида
реализм масалалари”, “Бадиий талқин йўлларида”, “Ўзбек романларида бадиий
тафаккур ва маҳорат муаммоси”, “Давр ва ижод масъулияти”, “Рангин тасвирлар
жилоси”, “Янги ўзбек адабиёти”, “Мумтоз ижод сабоқлари”, “Ҳаёт манзаралари”
каби монография, рисола ва эсселари нашр этилган.
Насримиздаги энг муҳим тараққиёт тамойилларидан бири, шубҳасиз жанрлар
поэтикасидаги янгиланишлардир. Асарларимиздаги бадиий талқинларда воқеалар
баёнидан фарқли улароқ, реалистик пинҳона онг оқимлари, фалсафий ва рамзий
таҳлил ҳамда қаҳрамон руҳиятини тадқиқ қилиниши етакчилик қилмоқда.
Хуршид Дўстмуҳаммад бугунги ўзбек бадиий прозасини янги шаклий-услубий ва
тасвирий изланишлар билан бойитаётган ёзувчиларимиздан. Бу изланишларни унинг
турли жанрлардаги асарларида кўришимиз мумкин. Масалан, у ўз ҳикояларининг
сайланма нашри (Т., Шарқ, 2006)да ёзилган даври ва бадиий-услубий йўналиши
бўйича уларни саккиз қисмга бўлган. Бу эса китобхон учун мутолаа ва ёзувчи
ижодий услубини тушунишда қўл келади. Хусусан, баъзи ҳикояларда болаликнинг
беғубор таассуротлари. Тошкент зилзиласи, ўзбек оиласининг турмуш тарзи акс
эттирилса, бошқа қисмлардаги “Маҳзуна”, “Жимжитхонага йўл”, “Жажман” каби
ҳикоялари орқали янгича тасвир изланишлари намоён бўлади. Адиб ҳикояларига
хос асосий фазилат уларда ижодий услубнинг ранг-баранглигидир. Ёзувчининг “Оқ
либос”, “Қазо бўлган намоз”, “Тўхтабойнинг бойликлари” ҳикоялари бир хил, яъни
анъанавий реалистик услубда ёзилган. Унинг “Жимжитхонага йўл” ҳикояси эса
адабиётимизда кутилмаган ижодий тажриба. Ҳикоя италиялик машҳур адиб Дино
Буцаттининг “Етти қават” асари таъсирида битилган “назира”. Ҳикояда италян
ва ўзбек йигитларидаги софдилликнинг ўхшашлиги, лекин ўлимга муносабат
масаласида менталитетда, руҳиятда фарқлар борлиги драматик коллизиялар, руҳий
таҳлил орқали очиб берилади.
Адибнинг “Маҳзуна” ҳикоясида бош образ Маҳзунанинг жамиятдаги мавжуд
маънавий таназзулнинг сабаблари кўрсатилса, “Жажман” ҳикоясидаги бадиий
услубида хусусан, поэтик ғоя ва сюжет ҳам, ярим реалистик, ярим фантастик
тасвирлар ҳам, ботиний ва фалсафий рамзлар ҳам табиий, ҳаётий, ўзига хос бўлиб,
бу ҳикоялар бизнингча ўзбек бадиий насрида янги саҳифадир.
Айтиш жоизки, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг ижодий изланишларида “Беозор
қушнинг қарғиши” ҳикояси ва “Дилдаги хориж” туркуми ҳам муҳим ўрин тутади.
“Беозор қушнинг қарғиши” ҳикояси анъанавий, реалистик услубда ёзилган ва
халқимиз менталитетига хос ақиданинг улуғланиши билан қизиқарли. “Дилдаги
хориж” туркумидаги услубда ёзувчи бадиий тафаккуридаги ўзига хослик, яъни
унинг тасвир тамойилида хориж ҳаёти ва ўзга миллатларнинг умуминсоний
туйғулари тасвири ҳам бўй кўрсатиши эътиборга лойиқ. Туркумдаги “Кнова
қуёши” ҳикоясидаги Жек Лондон ижодига хос ва “Ёлғизим-Сиз”да буюк рус
адиби Ф.М.Достоевскийнинг улкан муҳаббати ҳақидаги бадиий талқинлар ёзувчи
ижодининг умумбашарийлиги ва халқчиллигидан далолатдир.
Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” асари мустақиллик даври насримизнинг
жаҳон адабиёти намуналари билан бўйлаша оладиган бадиий кашфиётларидан.
Адабий танқидчилигимизда асарни биринчи бўлиб таҳлил этган атоқли
адабиётшунос Умарали Норматов ёзувчининг ушбу асарини барча асарларидан
юқори баҳолаган эди.
Ёзувчи “Пуанкаре” ҳикоясида халқимиз орасида етишиб чиқаётган даҳо бир
олимнинг истеъдоди очилишига тўсқинлик қилган, йўл бермаган ҳодисаларнинг
сабабини, моҳиятини, илдизларини бадиий тадқиқ этади. Асар қаҳрамони машҳур
француз мутафаккири, математик ва физик Пуанкаре тенгламасини ечишга доир
гипотеза-фаразларни исботлашга уринади. Халқаро Пуанкаре институти бу
гипотезалардан биронтасини исботлаб еча олган олимга миллион доллар мукофот
ваъда қилган. Ўзбек олими мукофотга қизиқмайди, гипотезани исботлашга бутун
умрини бағишлайди. Муаллифнинг мазкур ҳикояси орзусига эриша олмай фожиага
учраган истеъдодли математик олим қаҳрамон тилидан ёзилган. Бадиий тасвирни
“мен” тилидан биринчи шахс томонидан баён қилиш Абдуқаюм Йўлдошев ижодий
услубига хос хусусият. Асарнинг бадиий ғоявий ютуғи, бизнингча, шундаки,
қаҳрамон сўнгги нафасигача оламшумул кашфиёти, орзусидан воз кечмайди.
Ёзувчи айтмоқчики, коинот формуласининг сирларини ўзбек олими шу замонда
кашф этиши мумкин эди. Аммо воқеликда, ҳаётда энг яхши фазилатлар эгаси ҳам,
агар қадрламаса кашфиётдан узоқлашади.
Истиқлол даври насридаги тараққиёт тамойилларидан бири реалистик тасвир
услубидаги анъаналардан бошқачароқ, яъни бадиий асар сюжети ва характерларни
муайян поэтик ғояга боғламаган ҳолда асар ёзишга интилишда намоён бўлмоқда.
Бу ноанъанавий йўналишда заҳматкаш адиб Асад Дилмуроднинг тажрибаларини
эслаш ўринлидир. Истиқлол даври ўзбек насридаги фалсафий руҳ унинг
“Фано даштидаги қуш” романида яққол кўзга ташланган эди. Китобхон роман
сарлавҳасидаги “Фано” сўзини кўриб бу асарда ўтмишдаги машойихлар, тариқат
пирлари ҳақида бўлса керак деб ўйлайди. Лекин асар сюжети ичига кирган
сари, мустабид тузум даври агар яна ярим аср чўзилганида, келажак ҳам ўша
иблисларники бўлганида, миллий зиёлиларнинг бошига нақадар даҳшатли
фалокатлар ёғилиши мумкинлигини бутун шуури билан англай бошлайди.
Ғоявий-фалсафий маънолари кўп қатламли романтизм руҳидаги бу романда
бадиий фантастика устаси Гилберт Уельс асарларидаги каби келажакда юз
бериши мумкин бўлган даҳшатли фалокатлардан огоҳлантириш мақсадида Асад
Дилмурод романтизм адабиётига хос мистик-сирли ҳодисаларни, истамаган ҳолда
Ҳозирги ўзбек насрида ижодий услубий ранг-баранглик
ўз халқини йўқотиш билан шуғулланаётган, бу жаллодлик билан фахрланувчи
мансабдорларнинг характерларини, мустабид тузумнинг ваҳший режаларини
чуқур психоанализ жараёнида ёритиб беради.
Маълумки, психоанализ биринчи ўринга қўйилган асарлар сюжетида
воқеалар ривожи жуда секин силжийди. Гоҳ диалог, гоҳ кечинмаларга кенг ўрин
берилади. Асарда бош ижобий қаҳрамон деб тахмин қилинган Саидбек Умар ҳам
зулм марказининг ишонган одамига айланади. Асар охирида зийрак китобхон
романнинг асосий қаҳрамонлари фақат шахсий дард-изтироблари билан яшамай,
ўз жамиятининг ҳаётидаги муаммолардан четда турмаганлигини ҳис этадилар.
Ҳозирги ўзбек насрида мавжудлик-экзистенция масаласи у қадар кескин
қўйилмаса-да ҳар ҳолда, ҳаётий воқеа-ҳодисаларда инсонийлик масъулиятини
унутиш ёки чеклаш, лоқайдлик, фаолликни йўқотиб, оқимга ўзини ташлаб қўйиш
ҳолатлари юз бераётгани ҳақида огоҳлантирувчи асарлар ёзилмоқдаки, бу ҳол
адибларимиз ижодида услубий изланишлар жонланганини кўрсатади. Бунинг
ёрқин мисолини истеъдодли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари мисолида
кўришимиз мумкин. Ёзувчи ўз ҳикояларида ранг-баранг услублар жилосини намоён
этганидек, қиссаларидаги ўзига хос ифода ва талқин йўсини билан ҳам бугунги
ўзбек насрини бойитди. Унинг “Нигоҳ” қиссасида экзистенциалист адиблар
севадиган “Нима бўлса бўлар!” қабилидаги ҳолат тасвирга олинган.
Ҳаётда ҳар бир катта-ё кичик воқеа-ҳодисанинг сабаблари бор. Ана шу
сабаблар мазкур оқибатларга олиб келади. “Нигоҳ” қиссасида қаҳрамон-оддий
трамвай ҳайдовчи аварияга йўл қўяди. У бир сонияда тормоз дастагини тортишни
истамагани учун вагон трамвай йўлидаги “Волга”ни пачоқлаб уни уч-тўрт метр
жойга суриб боради. Вагонда қий-чув, тўс-тўполон. Кўчада тумонат одам йиғилади.
Бунинг барчасига айбдор трамвай ҳайдовчиси Бекнинг лоқайдлиги, бепарворлиги.
У воқеага заррача алоқаси йўқдек пинагини бузмайди.
Мана шу бепарворлик, лоқайдлик, инсоннинг ўзига ва бошқаларга бепарволиги,
бундай кўнгилсиз воқеаларга оддий ҳол деб ўрганиб қолиши, жамият олдида
масъулиятини ҳис этмаслик шахснинг маънавий инқирозини билдирмайдими?
Ёзувчи тасвирда бу фавқулодда ҳодисага айбдордан яъни трамвай ҳайдовчиси
Бекдан бошқалар бепарво эмаслигини кўрсатиб беради. Қисса бошланишида “Нима
бўлса бўлар”, деб бепарво яшаётган Бек асар сюжети давомида ўз айби ҳақида кўп
ўйлаб, ўзининг яхши-ёмон ишларини тафтиш этувчи интеллектуал инсон сифатида
китобхон кўнглидан жой олади.
Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Паноҳ” қиссасида жўшқин лиризм ва теран
фикрлар, зилзила даҳшатлари ичида меҳр-оқибатли қишлоқ одамларининг инсоний
фазилатларини очувчи кечинмалар, ҳаяжонли ҳис-туйғулар, Ватан тимсоли
бўлмиш Она ўрик ва унинг данагидан ўсиб ҳосилга кирган уч туп Гулинур деб
аталувчи дарахтга бўлган меҳрли нигоҳлар, қишлоқ аҳлига кўп жабр-зулм қилган
Аппон “закунчи”га чексиз нафрат, китобхон қалбига кино манзараларидай таъсир
кўрсатади. Қиссанинг асосий мавзуи ва қаҳрамонлари зилзила вайроналарида
янада нурланиб кўринган қишлоқ одамларининг меҳр-оқибатидир.
Қиссада кўп қаҳрамонлар ва ҳаётий муаммолар мантиқан бир-бирига уланиб
кетган. Бизнингча, бу қисса эксзистенциализмга, абсурд адабиётга қарши руҳда
ёзилган. Унда қаҳрамонларнинг жамиятдан, табиатдан бегоналашуви эмас,
балки шарқона халқлар феъл-атворига хос гуманизм, меҳр-оқибати, маънавий
мусаффолик улуғланган
«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон