Баҳодир БАҲРОМ – 1990 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети
журналистика факультетини тамомлаган. “Энг сулув армон”, “Ўттизинчи февраль”
номли шеърий китоблари чоп этилган.
Навқирон бир карвон сафида
Навқирон бир карвон сафида, дадил
Елкалаб шаън тўла туйғуларимни
Йўл олдим, йўл сўнгги улуғ бир манзил,
Оҳангларга солиб қайғуларимни,
Неча кун, неча ой, неча йил юрдик,
Толсак, гулхан ёқиб суҳбатлар қурдик.
Толеимиз бўлди нурли бир ватан,
Манглайда бор дея йўғин ҳам кўрдик.
Қиличмас, халқ учун ашъор тутдик биз,
Саҳро кечиб кўзёш – дарё ютдик биз.
Туялар бўйнида бўзлар қўнғироқ,
Бир оҳанг Тўмарис, бир оҳанг Широқ.
Қумлар-да ловуллар Муқанна каби,
Туроний шиддатда эрк деган байроқ!
Арабу Чингизий ситамлар билан,
Уйғунлашиб борар бу илоҳий куй!
Руҳимда Темурий чидамлар билан,
Жангга чорлаётир бир сипоҳий куй!
Карвоним, Муножот, Чўли Ироқ бу,
Мангулик сафарда сўнмас маёқ бу!
Алпомиш орлилар айрини суймас,
Бир бутун бўлса гар, миллат миллатдир.
Ҳақ сўз сувда чўкмас, йўқ, ўтда куймас,
Ёлғони бор карвон пушти иллатдир.
Тарихнинг бесарҳад йўллари аро,
Арузий чайқалиб боради карвон,
Шу буюк сафларда мен ҳам оҳангман,
Халқ кўнглини куйлаш энг тотли даврон!
Гўёки бу карвон – Лисон ут-тайр,
Оллоҳ сафаримиз қилгин бахайр!
Баъзида тарихий хаёллар билан,
Қонли шафақларга термиламан жим.
Баъзида қай томон кетяпмиз дея,
Зулмат шарпаларин пайпаслаб толдим.
Ва лекин бир ном бор яшашга арзир,
Чорлайди ул улуғ манзиллар томон.
Бу қадим Турондир, шаън Туркистондир,
Бу ватан – онадир, сотилмас макон!
Бу қадим отадан мерос ору шаън,
Боламга йўргакдир, бобомга кафан.
Фарзандига муштоқ бир она каби
Мардларини кутиб ўртанган тупроқ.
Зўрланган, ёвидан бўлган болани,
Бўғизлаб, болам деб ўртанган тупроқ,
Йўқ, йўқ, тугамади ҳали бу зуғум,
Юрак куйлашга шай асотирларни,
Худога юз буриб туркий оналар,
Туғарлар йилдирим баҳодирларни.
Бир карвон – саф тортган мардлар бадастир,
Мангуга келмоқда – Лайлатул қадр!
Сиз кетдингиз
Сиз кетдингиз… Йиғи овози
Юрагимга жойлашди муқим.
Англаганим: ҳаёт асоси —
Яшаш керак, яшашим муҳим.
Ойлар ўтди ҳафта кетидан,
Ранг алмаша бошлади кунлар.
Бўза ичсам дард ҳовучидан,
Ҳавас қилди бахти бутунлар.
Заҳар ичиб, қон қусмадим ҳеч,
Йиғламадим кўтариб уввос.
Ой зар арқон тўқиса ҳар кеч,
Унга шеърлар ўқидим рўй-рост.
Бироқ ёдга тушса исмингиз,
Куйган этдай ачишади жон.
Юрагимда машъум йиғингиз,
Кўтаради бир дунё исён.
Сиз кетдингиз…
Имдод
Кетди дегин, кетганлар қайтмас бўлиб кетарми,
Ёки юрак дардини айтмас бўлиб кетарми,
Қанотсиз парвоз этиб, сармаст бўлиб кетарми,
Кетар одам кетарда сарбаст бўлиб кетарми,
Азобим жондан ўтди, оғу бергин, Художон,
Мангулик куй яратар чолғу бергин, Художон!
Бир хаёли шердаю, ҳам оҳуда дунёси,
Билмам қандай яшайди жим, осуда дунёси.
Унутгани йўқ ҳали бу олифта дунёси,
Омаднинг келмай гали заб ошуфта дунёси.
Севгиданда улуғроқ туйғу бергин, Художон,
Мангулик куй яратар чолғу бергин, Художон!
Кўзёшнинг қуйқасига жоним қўйилганмиди,
Навраста капалакка қоним қуйилганмиди?
Борки, инсон аталмиш собит туюлганмиди,
Дўстлар, бизим исмимиз тошга ўйилганмиди?!
Тошларга ҳам жон берар бурғу бергин, Художон,
Мангулик куй яратар чолғу бергин, Художон!
Баҳор ҳам топиб келди, турналар учиб келди,
Шамол кўзи очилмаган гулларни қучиб келди,
Дўстлар гап орасида “вақт йўқ” деб қўшиб келди,
Ўттиз йилки, юрагим шу ғамдан чўчиб келди.
Берсанг, шеърга муносиб қайғу бергин, Художон,
Мангулик куй яратар чолғу бергин, Художон!
Эгилдим фақат сўзга, қилганим сўзга таъзим,
Ичимда шеър айқирар, бузай дейман қафасим,
Ўрдадами, Хадрада кезиб юрар нафасим,
Ўйлайман, жанубларда ўчиб кетмасми сасим,
Мангулик куй яратар чолғу бергин, Художон,
Мангулик куй яратар чолғу бергин, Художон!
Баҳорий изҳор
Шамоллар хаёлчан ўсмирдай вазмин,
Ўсмир қизлар каби маъсум гиёҳлар.
Табиат гулларин урдирмоқда барқ,
Булутлар – қўнимсиз эрка сайёҳлар.
Пурвиқор тоғларнинг бағрида баҳор
Нозик гўдак каби тамшанар, кулар.
Фасли навбаҳорнинг тимсоли бўлмиш,
Бу мовий осмонлар қалбимга қулар.
Шилдирар кечаги қишдан қолган завқ,
Қор эриб борадир жилға оралаб.
Тош қотган табиат уйғона бошлар,
Безанар келиндай юзни оролаб.
Муштоқ юракларга чирой мўралар,
Эҳтирос жимирлар – ичилмаган май.
Оқшомнинг ифорин куйдай таратар,
Шамоллар хаёлчан ўсмирдай тинмай.
Эҳтимол, дунёни англадим энди,
Эҳтимол, қадрингга етдим малагим.
Мен баланд тоғлардан боқиб оламга,
Баҳорий қалбингга келди қулагим.
Бир томчи сувдайсиз – сен, яна баҳор!
Туйғулар бергайсан дилимга дилбар.
Гуллаган орзунинг манбаси сенсан,
Нурдай тўшалгайсан йўлимга дилбар.
Муҳаббат – умримнинг инъикосидир,
Кўзларинг – лиммо-лим меҳрга, ишққа.
Гўзалим муҳрлаб кетурман севгинг,
Ҳаёт деб аталмиш кўҳна қўшиққа.
Гулга
Тўлишиб узилган гулдай ораста,
Товланганча заррин матолар аро.
Тақдирнинг қўлида шундай бир даста,
Изҳорга шайланган лаб каби аста,
Бежирим баҳорга берганча оро,
Сен кетиб боряпсан, гўзал, вобаста!
Мудроқ капалаклар учар эриниб,
Арилар бол истар, ортингда сарсон.
Жилғалар термилар бир лаҳза тиниб,
Дарахтлар шамолни туртиб, суриниб,
Қўлин қошга қўйиб боқишар ҳайрон,
Борарсан, офтобда ёниб, исиниб!
Мен ҳам табиатдек маҳлиё, ошиқ,
Мен ҳам ер сингари айландим сархуш.
Руҳим боғларида бир гуллик бўшлиқ,
Дил торимни чертиб куйлайман қўшиқ,
Сен қўлимга қўнмас миттигина қуш,
Кетиб бораяпсан, шодланиб, жўшиб.
Мағрурсан, толеинг ўзинг ёзгандай,
Бахт кутиб тургандай тахти равонда,
Ҳижронинг кўйида симирганча май,
Давлатин пойингга тўкмоқликка шай.
Қадримиз тупроқдир, эзиб товонда,
Манзилга шошарсан, куймай, куйинмай!
Сезмассан, ари ҳам, дарахтлар ҳам мен,
Сўзимга қулоқ сол, айлансин қулинг!
Бахт ҳам мен эрурман, дард ҳам, ғам ҳам мен,
Ўла-ўлгунимча бўлай ҳамдам мен,
Тақдири хазонлиқ узилган гулнинг,
Даво бир тупроқдир,
Бағримга келгин!..