Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ҚАЧОН КИТОБХОН МИЛЛАТГА АЙЛАНАМИЗ?..

Ситора ОДИЛОВА – 1994 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият
инсититунинг Ахборот- кутубхона фаолияти факультети 4-босқич талабаси. “Тақдир
йўлларида”, “Томчидаги қуёшим”, “Кўнгил сурати”, “Севар ёрим” номли роман, қисса
ва шеърий китоблари нашр этилган.

Бугунги кунда китоб ўқиш жараёнини аъло даражада дея олмаймиз. Тўғри
орамизда китобхон инсонлар кўп, бироқ омманинг асосий қисми интернет
тармоғидан фойдаланишни ва ундаги манбааларни амалиётда қўллашни афзал
билиб қолди. Интернет тармоғидаги битмас-туганмас ахборотлардан ўз ўрнида
фойдаланса зарардан ҳоли, бироқ бу бизга китоблардан оладиган завқимизни,
китоблардан оладиган билимимизни бера олармикан?! Бир тасаввур қилингга сиз
компьютер ёки смартфон қаршисида ўтириб, соҳангиз ёки қизиқишингизга оид
ниманидир ўрганмоқчисиз. Масалан: бўлажак филологсизу Алишер Навоий ёки
Жалолиддин Румий ҳаёти ва ижодини ўрганмоқчисиз. Ёки Абдулла Қодирийни
«Ўткан кунлар»ини электрон шаклини ўқимоқчисиз. Ёки физик ё биологсизу
тармоқдан соҳангизга оид манба ўзлаштирмоқчисиз. Митти қути ичида эса
миллионлаб ахборот манбаалари. Қизиқишларингиз боис маниторда чиқиб қолган
саҳифаларга бирров кирасизу, ўзингиз сезмаган ҳолда тармоқдан тармоққа сакраб,
керакли кераксиз нарсаларни кўрасиз, эшитасиз, ўқийсиз. Қарабсизки вақтингизни
кетказиб қўйган ва ўзингиз излаган манба ҳозиргина ахборотлар тўридан чарчаган
миянгиз учун иккиламчи даражага айланиб қолган бўлади. Бундай ҳолларда сиз
диққатингизни жамлолмай қоласиз, фикрингиз ипидан сўкилиб кетган маржон
доналарига ўхшаб қолади. Айниқса бу масалада ўқувчи ёшларнинг чалғиши
кўп бўлади. Уларни тармоқдан тўғри фойдаланишини назорат қилиб турмасак
Навоийнинг ахлоқий асарлари ўрнига беҳаё намойишларни кўришлари, тарих ёки
хорижий тиларни ўрганиш ўрнига жангари ва қўпорувчиликка рағбат уйғотувчи
интернет ўйинларига берилиб кетишлари сир эмас. Қарабсизки уларни эртанги
мактаб дарсликларидаги маънавият соатлари ёки физика ва тарих дарслари
унча-мунчага қизиқтиролмайди. Аслида бу мавзу барчамизга дахлдор. Биз бугун
шиддат билан ривожланиб бораётган таҳликали замонда яшаяпмиз. Агар биз
ўзимизда ёт ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилмаган бўлсак, ахлоқимиздаги
нуқсон билан, тор дунёқарашимиз, вақтинчалик етишмовчилик, илмсизлигимиз,
ёки бойлик ҳирси каби ўнлаб ички бўшлиқларимизни пайдо қилишимиз мумкин.
Шунинг учун бу камчиликларимизни ўз вақтида тўлдиришимиз,
нуқсонларимизни тузатишимиз, ёт ғояларга қарши иммунитет ҳосил қилишимиз
керак. Бунда бизга тарих чиғириқларидан ўтиб келган маънавиятимиз,
маърифатимиз ёрдамга келади. Бунда бизга китобларнинг қоғоз варианти
асқатади. Олимларнинг аниқлашларича китобларни қоғоз шаклидаги вариантини
ўқишимиз электрон шаклдаги маълумотларга нисбатан икки баробар хотирамизда
қоларкан. Албаттада, ахир китобнинг қоғоз вариантидаги ёзувлар устига
электрон маниторидаги сингари реклама роликлари пайдо бўлиб қолавермай,
кўзларимизни толиқтирадиган электр нурлари бўлмайди, биз у хоҳ илмий, хоҳ
бадиий асар бўлсин китоб вариантида фикримизни бўлмай бир йўсинда ўқиб
кетамиз. Ахир қоғоз вариантида диққатимизни чалғитувчи инстаграм, телеграм
ёки фейсбукдан келиб тургувчи хабарлар жаранги бўлмайди. Тасаввур қилинг
сиз айни Қодирийнинг «Ўткан кунлар»ини ўқий туриб кульминатцион нуқтасига
келдингиз. Масалан: Кумушни заҳарланиб ўлим билан олишаётган нуқтасига…
Ушбу дамда асар қаҳрамонларига руҳингиз эврилиб кетган, қалбан улар билан
биргасизу, айни шу дамда ошга тушган пашша каби интернет тармоғидан хабар
келиб турса ёки китоб юзига экрандаги каби қайсидир ўйинни юклаб олиш
рекламаси ёки ярим яланғоч кийимлар намойиши чиқиб қолса… Аниқ-ки сиз
ушбу дамда завқдан, руҳий уйғунликдан чалғиб кетган бўлардингиз.
Хўш бугун биз нега китобларимиздан узоқлашиб бораяпмиз?! Олдинига
Қуръони карим, ҳадис илми тафсиридан дунёга дарс берган миллат эдик. Ибн
Сино, Навоий, Фаробий, Берунийларни, яқин яқингача Абдулла Қодирийларни
етиштириб келаётган ҳалқ эдик. Ҳозир ҳам ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳозир
ҳам иқтидорлар дунёга етарлича келяпти, давлатимиз ташаббуси билан
зиёлиларимиз иштирокида халқ учун жуда кўп маънавий-маърифий ишларни
илгари суришаяпти, лекин барчамиз ҳам маъсулиятни сезмаяпмиз. Нега?!
Сабаби биз фарзандларимизни ҳомилалигидаёқ телефонга ўргатаяпмиз, дунёга
келишгач олдингидек бешик тебратиб алла айтиш ўрнига ёстиғини тепасига ғарб
мусиқасини баландлатиб қўйяпмиз. Уларга “Зумрад билан Қиммат”, “Кенжа
ботир ва етти бошли аждар”, “Қайнар хумча” каби эртакларни айтиш ўрнига
телефон титкилашга ўрнак бўляпмиз, шўхлик қилмасин дея пабжи ва бола ёшига
тўғри келмайдиган телефон ўйинлари билан овутиб қўйяпмиз. Уйимиз токчасини
китоблар ўрнига кўпинча, қўрқинчли робот ўйинчоқлар билан тўлдиряпмиз.
Эсимда, болалигимизда макка жўхори қаламчалари ёки хўрозқанд каби ширинлик
қоғозларида ўзбек миллий эртак қаҳрамонларининг суратлари бўлар, биз эса
ўша суратларни эртак китобларда кўриб ўқишга рағбат туярдик. Деворларимизда
осиғлиқ нақшин кашталаримиз, чойнак пиёлаларимиз ёки косаларимиздаги
нозик дид билан чизилган қушлар ва гуллардан ўзгача руҳ олардик. Гўё экранда
қўйилётган “Қирол шер”, “Булбул”, «Зумрад ва Қиммат» каби эртакларни
ҳаётимизга уйғунлаштириб юборардик. Чунки «Булбул» эртагидаги ўша булбулни
чой ичадиган пиёламизда ҳам ҳовлимиздаги боғимизда ҳам эртак китобларида
ҳам кўрардик. Бу қушни ҳар ерда кўравериб шу билан фикримиз банд бўлиб
қолар, эртаклар оламида кезиниб юрардик. Шундан сўнг булбулга тақлид қилиб
куйлагимиз келиб қолар, қамишлардан ҳуштак қилиб чалардик.
Ёки бошқа эртак ва ҳикоялар ҳам ҳаётимизда худди шу йўсинда таъсир
ўтказарди. Тушинганингиздек биз нимани кўп кўраверсак, эшитаверсак шу
нарсага рағбатимиз ошиб боравераркан.
Шиддат билан ривожланиб бораётган замон бизга кўп моддий енгилликлар
яратаяпти-ю, негадир маънан ёлғизланиб бораётгандекмиз, маънан нимадирлар
етишмаётгандек чарчоқ кайфиятдамиз.
Наҳот эртага умуман ўқимай қўйсак. Бугун биз виртуал оламга ишқибоз бўлиб
қолдик азизлар. Шунга монанд кўрганларимиз кўз ўнгимизда ҳам содир бўлаяпти.
Китоб ўқимаганлигимиз белгиси сифатида ҳашамларга берилиб кетаяпмиз,
оқибатимиз камайяпти, бир-биримиздан кўп айб-нуқсон қидириб қолдик, ҳатто
бир-биримизни орамиздаги масала деб иккинчимизни бутун тармоққа шарманда
қилаяпмиз. Хўш, китоблардаги меҳр-оқибат, орият, яхшилик тушунчалари қайда
қолди. Келинг азизлар бу сўзлар фақат китобларда қолиб кетмасин. Мен бу билан
виртуал оламни умуман йўққа чиқармоқчи эмасман, шунчаки китоб интернетдан
олдинда туришига, китобларни кўп ва хўп ўқиб фикрларимизни ислоҳ қилишга,
қалбимизга сокинлик билан назар солишга чақирмоқчиман.
Агар биз чиндан ҳам истасак китобхон халқ бўла оламиз. Фақат бунинг
учун ўзимизга ўзимиз чекловлар қўймаслик. Бугун оз ўқисак эртага ўқиш
миқдорини кўпайтирайлик, индинга китоб билан дўстлашишни бошлаймиз.
Ўқиганларимизни эса амалиётда қўллайлик. Кейинчалик эса китобхон инсонга
айланамиз. Бу амалиётни Япония ва Сингапур каби давлатлар амалда исботлаб
келишаяпти. Биламизки бу давлатларда фан-техника ва интернет олами ниҳоятда
ривожланган, бироқ бу давлат аҳолисига китоб ўқишдан чалғишга бу нарсалар
моне бўлаётгани йўқ. Шунинг учун ҳам улар қадрият ва анъаналарини жуда
қадирлашади ва қолаверса илм-маърифат билан бой, иқтисод жиҳатдан кучли
яшашаяпти.
Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтгим келди. Бугун китобхонликка тарғибот учун
давлатимиз катта ташаббуслар қиляпти, аммо бу кам. Негаки биз умуммиллий
ҳаракатга келиб китобхонлик тарғиботини болаларимизга алла айтишдан, миллий
қўғирчоқлар олиб беришдан, ҳаттоки моддий буюмларимизгача миллийликни
уйғунлаштиришдан бошлашимиз керак.
Катта кўча чорраҳаларидаги экранларга китобга тарғиб роликларини намойиш
этишимиз лозим, тўғри маиший маҳсулотлар рекламаси ҳам моддий ҳаётимизга
керак, лекин маънавият масаласи биринчи ўриндаги масаладир. Шифохоналарда
аҳолини фақат дори-дармон билан эмас руҳиятига мос китоблар билан ҳам
даволаш керак, ҳомиладор аёлларга витаминлар тарқатиш билан бирга алла
қўшиқларини ҳам сингдириб бориш керак. Хуллас шунга ўхшаш тарғиботларни
кучайтиришимиз, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз лозим. Акс ҳолда
китоб ўқиш чақириғини фақат тўтиқуш сингари қабул қилиб юраверамиз.

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil