Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ЎКИНЧ

Дилбар ЙЎЛДОШЕВА – “Халқ таълими” аълочиси, “Мўътабар аёл” кўкрак
нишони соҳиби. 1955 йилда туғилган. Термиз давлат университетининг филология
факультетини томомлаган. Республика матбуотида ҳикоялари чоп этилган.

Касалхона деразаси ортидан ёғаётган ёмғирни ғамгин, адоқсиз армонлар
билан кузатаётган Мунисанинг кўзёшлари юзини ювар, улар ҳам шу ёмғирдек
ғуссали эдилар… Бу ёғин борган сари дарахт япроқлари, кўчалар, томларни ғубору
чанглардан тозалар, аммо тўкаётган кўзёшлари Мунисанинг дил изтиробларини,
қайғу-ғамларини юва олмасди.
…Ахир болалигида ёмғир ёғишини нақадар интиқлик билан кутар, уст-боши
жиққа ҳўл бўлса-да, ёмғирпўш кийишга ҳам тоқат қилолмай ўртоқлари билан
кўлмакларни шалоб-шалоб кечиб югурар, бу унга завқ берарди… Энди эса на ёмғир
ва на бошқасини болалик пайтларидаги каби севмайди, сева олмайди. Чунки энди
ҳар ёмғир ўша маъшум, армонли айрилиқ кунни ёдига солади.
Ўшанда Муниса атиги ўн икки ёшли қизалоқ эди… Ҳозир эса анча улғайган,
кейинги пайтларда тез-тез оғриб қоладиган бўлган. Мана бир неча кундирки, у яна
касалхонада. Ёнида бир аёл жажжи қизалоғини олиб ётибди. Худди Мунисанинг
онасига жуда ўхшаб кетарди: ўта меҳрибон, нима еса Мунисага ҳам илинар,
“Тезроқ тузалишинг учун, яхши овқатланишинг керак”, деб мажбурларди.
Нега ҳамма оналар бир-бирига бу қадар ўхшар экан-а? Лекин нега ўгай онаси
бошқача? Нигоҳлари совуқ, қовоқлари солиқ, ҳамиша нимадандир аламзада,
безовта. Хонадоши боласини эркалаганида, Мунисанинг ана шу қизалоққа ҳаваси
келади. Кошки унинг ўрнида бўлиб қолса, онасининг бағридан сира чиқмас эди.
Қизчанинг ҳарорати ошиб, ота-онасини роса қўрқитибди. Яхшиям шифохонага
кечиктирмай, вақтида олиб келишибди. Тажрибали шифокорлар саъйи-ҳаракати,
Оллоҳнинг марҳамати билан, омон қолган экан. Шу сабабдан она тинмай Яратганга
шукроналар айтар, боласини бағрига босиб, унинг лўппи юзларидан қайта-қайта
ўпиб тўймасди.
– Вой менгина ўлиб қўя қолай, опош бўлган бўлсангиз! Юраккинамни ёрдингизку, болажоним? Ўзим ўлай, ўзимгина ўлай менгина… Асалим, жоним! Худо бир
асради-я, болажонимни, а опаси?
Муниса илкис орқасига ўгирилди-да, кўзёшларини артиб:
– Опажон, ҳар қанча эркалаб, суйсангиз ҳам, фақат “ўлай” деманг, илтимос
майлими? Сиз ўлсангиз, болангиз кимга керак?! – деб юборди ўзини тутолмай.
“Ўлай” деган билан, одам ўлиб қолмайди-ку? Бу шунчаки тил ўрганиб қолган,
одатий, эркалаш сўзлари-ку, ахир?! Ҳайрон қолди аёл Мунисанинг кескин
гапларидан. Сўнг “Тавба, шу ёшгина қиз менга ақл ўргатса-я”, деб малолланса-да,
қизнинг кўзларидаги мунг ва қайғуни кўриб, индамади, уни гапга олди:
– Нега ундай дейсан, Муниса қизим, бу шунчаки эркалаш сўзи-ку?
– Опажон, гапим оғир ботган бўлса мени кечиринг. Онажоним ҳам нуқул “енанг
ўлсин” дердилар. Бизларни ҳар қадам, ҳар онда ўлай, ўлай деб, суярдилар. Мана
айтганлари бўлди… Ўлдилар, бизни бир умрга ташлаб кетдилар.
Хонадоши Мунисанинг ярасини янгилаганидан хижолат бўлиб, истиҳола билан
унда кеча йўқлаб келган аёл кимлигини сўради.
– Мен онанг бўлсалар керак деб ўйладим.
– Дадамнинг иккинчи хотинлари, унинг фарзанди йўқ. Она деган сўзни эшитсин,
бизга меҳр қўйсин, аҳил яшайлик деб, ўзимни мажбурлаб бўлса-да, уни она дедим,
ака ва укамдан ҳам шуни сўрадим. Аммо… она ягона битта бўларкан. Опажон, сиз
ўлманг, ҳеч ким ўлмасин, айниқса оналар ўлса – болалари тирик ўладилар. Чунки
ўша… онам деганим, меҳр кўрсатмоқчи бўлганим, кеча келиб, “Касалхонадан
тезроқ чиқ, ким ҳар куни ортингдан сарсон бўлиб овқат ташийди, бошқа қиладиган
ишимиз йўқми?!” деб кетди. Лекин дўхтирлар ҳали тузалганинг йўқ, даволанишинг
керак деб жавоб беришмаяпти…
– Вой, қизимжоним-ей… Дадажонинг борлар-ку, хафа бўлма, – юпатмоқчи бўлди
Мунисага астойдил ачинган аёл.
– Дадаларнинг ўрни ҳам оналар билангина экан… опажон.
– Нега, нима учун?
– Эҳ, опажон, қайси бирини айтай? Бизга умрларида қаттиқ гапирмаган,
жоним қизим, она қизим деб, эркалаб суядиган, “Пайпоқларимни ювадиганим,
кўйлакларимни дазмоллайдиганим, мен учун доимо эшик очадиганим, ягонам”,
дея мени еру кўкка ишонмас дадажоним энди етти ёт бегонадек. У ширин сўзларни
унутганлар, хотираларидан ўчирганлар.
Мунисани диққат билан тинглаётган аёл ундан кўзёшларини яширди.
– Йўғ-е, сенга шундай туюлаётгандир? Ота меҳри ҳам онаникидан кам бўлмайди.
Муниса чуқур хўрсинди.
– Шундай деб ўйлайсизми, – деди синиқ жилмайганча. – Кеча шу касалхонага
ётганимдан буён бир мартагина келиб, шунда ҳам “Ишларим кўп, тез кетишим
керак, сендан хафаман, овқат еган идишингни ювиқсиз қайтарибсан, кўриб,
онангдан уялиб кетдим. Энди кап-катта қиз бўлдинг. Қилган фаросатсизлик,
ҳурматсизлигингни қара!” дея роса тергади-ку?! “Дадажон, касалхона кранида
сув йўқлигини айтиб, идишларимни қайтараётгандаёқ уларни юволмаганим учун
онамдан узр сўрагандим. Чунки иложи бўлмади…” десам ҳам: “Иложини топ эди!”
дея силтаб ташладилар. Мен эса… Ахир касалман, ҳароратим тушмай ётибди. Агар
ўша идишни ювганимда ҳам хотинингиз мени ёмонлаш учун бошқа бир баҳона
топар эди, дея олмадим… Дадамнинг дилини оғритгим келмади. Агар ўзимнинг
онажоним бўлганларида, идишни ювмаганим эмас, аксинча ювганим учун койиб
берган бўлардилар… “Нега қўлингни совуқ сувга урдинг, менгина ўлай сенга”, деб
танбеҳ берардилар. Бунақа касал бўлиб қолишимга ҳам асло йўл қўймасдилар.
Ахир бу дардга ҳам аслида ўгай онамнинг айби билан чалиндим.
– Вой? Қандай қилиб, Мунисжон?
– Ташқарида қор ёғадими, ёмғирми, ювган кирларини нуқул муздай сувда
чайдирадилар. Сувни озгина илитиб олай, десам, газ, ток пул ишлаб кетади, уни
ким тўлайди? Ё тирилиб келиб, онанг тўлайдими, деб уришиб берардилар. Ахийри
бир кун “Онамни тинч қўйинг, руҳини безовта қилманг”, деганим учун дадамга
айтиб, бир шапалоқ урдирди… Ота қиз болани урса, уни бахтсиз қилади, дердилар
раҳматли бувим… Дадамнинг ўзи ҳам шу гапни кўп такрорлардилар. Аммо
мени аямадилар. Эҳ, опажон… Акам билан укамни жуда соғиндим, аммо оёғим
тортмаяпти, ўша – онажоним йўқ уйга боришга.
Илгари ўгай оналар зулми ҳақида эшитсам ёки ўқисам, сира ишонмасдим.
Бошга тушганини кўз кўрар экан, опажон!
Бир куни кечки овқат пайти доримни ичиш эсимдан чиқибди. Уни қўйган
жойимдан излаб топа олмай, бироз ҳаялладим. Қайтиб келсам дастурхон
йиғиштирилган, ҳали ейилмаган овқатим жойида йўқ. “Онажон, ҳали овқатимни
ичмаган эдим. У қаерда, бориб ўзим олиб келаман”, деб сўрадим юзимни йиртиб,
“Мен сени емайсан деб, итга тўкибман. Ўтир эди-да бир жой-да!” деб силтаб
ташлади. Унинг гапини дадам эшитсалар ҳам индай олмадилар.
– Очман, бошқа овқат йўқми? – сўрадим яна.
– Йўқ! Ҳамма қатори ўтириб, егин эди…
Бу уйда итчалик қадрим йўқлигини англадим ўша оқшом, оч ётдим…
– Ўзингни онанг касал бўлиб вафот этганмиди, қизим?
– Биз оиламиз билан бир яқин қариндошимизнинг тўйидан қайтаётган, дадам
рулда, онажоним дадамнинг ёнларида акам, укам ва мен учовимиз машинанинг
орқа ўриндиғида эдик. Онам билан дадам бир-бирларига жуда меҳрибон, бирбирларисиз бирор дақиқа тура олмас, қаёққа бўлса бирга боришарди. Ҳали ёшгина
қизалоқ пайтлигимдаёқ бир кун келин бўлсам, ёнимда худди дадамга ўхшаган
инсонни кўришни орзу қилардим.
Ўша кун онам бувижоним берган ғалвирак бодомни қўллари билан чақиб, гоҳ
дадамнинг оғизларига тутар, гоҳ орқага ўгирилиб, бизга узатиб келаётган эдилар.
Шу пайт йўлимиздан бола кўтарган бир аёл чиқди. Дадам эътибор бермай ўтиб
кетдилар. Аммо онажоним, “Дадаси, жон дадаси, орқага қайтайлик. Қаранг ёмғир
ёғяпти, бечора аёлга, боласига раҳмим келяпти, ахир машинамизда жой бор-ку”,
дедилар. Шу пайтгача онажонимнинг гапини сира икки қилмайдиган дадам негадир
бу сафар ортга қайтмади. Эриндилар, шекилли…
Лекин онам ҳамон безовта эди: “Дадаси, ўша аёл ҳеч кўз ўнгимдан кетмаяпти,
бекор олиб кетмадик” деганди ҳамки бехосдан муюлишдан чиққан машина
ёмғирда кўрмай қолди шекилли, бизнинг машинамизга қарсиллаб урилди. Онам,
онажоним…
– Вой, ўлай, нима бўлди дадаси? – дея олдилар, холос. Ҳатто орқага ўгирилиб,
биз болаларига қарашга ҳам улгурмадилар. Ўшанда онажоним, бизга нимадир
бўлди деб қаттиқ қўрққанлар, шекилли. Чунки шифокорлар кучли стрессдан
юрак ёрилиб кетган, деган ташхис қўйишди. Онамдан бошқа ҳаммамиз енгил тан
жароҳати олиб, омон қолдик, шукр. Аммо, онам, онажоним ўша кучли қўрқув, ўша
хавотир туфайли бизни бир умрга ташлаб кетдилар…
Муниса чуқур “уф” тортди.
– Ўйлаб қоламан… Эҳтимол дадам ўша ёш болали аёлни машинамизга миндириб
олганларида нариги машина ҳам муюлишга етиб боришимиздан аввал қайрилган
бўлармиди? Ўша кунги фалокат ҳам содир бўлмай, онажоним ўлмасмидилар…
Балки Худо дадамни синаш, имтиҳон қилиш учун ёш болали аёлни рўпарамизга
чиқаргандир? Лекин афсуски онамнинг ўша нотаниш аёлга исбатан дилида кечган
раҳми туфайли ҳам барчамиз омон қолгандирмиз? Лекин нега бу шафқат унинг
ўзини асрай олмади… Бу ёғини Худо билади… Шунинг учун опажон, болаларингизни
“ўлай” эмас, айланай, ўргилай деб, суюб, эркаланг хўпми? Мени ақл ўргатяпти деб,
ранжиманг, майлими? – Муниса синиқ жилмайганча аёлнинг қўлидан боласини
олиб, мунчоқ кўзларидан, оппоқ юзларидан ўпиб, худди онасидек эркалади. Ҳаёт
зарбалари уни янада эрта улғайтириб қўйган эди.

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil