Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

МАЛИКАНИНГ КЎЗЁШИ

Султон РАЕВ – Қирғизистон халқ ёзувчиси. 1958 йилда туғилган. Қирғизистон
Миллий универсиетининг журналистика факультетини тугатган. “Кун кўрмаган
бола”, “Чанг йўл”, “Ҳафтанинг бешинчи куни”, “Маликанинг кўз ёши”, “Тўфон” каби
кўплаб роман, ҳикоя, қисса ва драмалар муаллифи. Асарлари дунёнинг кўплаб тилларига
таржима қилинган.

ҚАТНАШУВЧИЛАР:
Қурбонжон додхоҳ
Кўланка
Биринчи кампир
Иккинчи кампир
Учинчи кампир
Воқеа хира ёруғликда содир бўлади. Баланд сўрида уч кампир ўтиришибди.
Учаласи ҳам қоп-қора кийиниб олишган. Улар бошларини ерга қўйиб, қотиб
қолишгандек гўё. Аста-секин уларнинг устига оқ нур ёғила бошлайди. Оқ нур
фақатгина қора кийинган уч кампир савлатини ёритади. Учта кампирнинг
савлати ёққол кўрингандан кейин жонсиз таналарга жон киргандек бўлади.
Уларнинг ҳаракатига мос довул овозлари эшитила бошлайди.
Довулнинг овози аста-секин кучая боради ва У оҳиста тиниқ овоз билан бир
хил ритмга тушади. Ўртадаги аёл баландроқ довул чалади. Бу довулнинг овози
олдинда қандайдир хавфли нарса кутаётгандек таассурот уйғотади – гўё бир
ёмон хабардан огоҳлантираяпти. Ўртада ўтирган кампир таёқларини икки ёнига
қўйиб, тушунуксиз ҳаракатлар билан Худога сажда қилиб, илтижо этаётгандек
аллақандай товушлар чиқаради. Бу товушлар келажакдаги даҳшатли воқеанинг
башоратидек, бадан титраб, саҳнани тобора ваҳимали товушлар эгаллаб олади.
Икки кампирнинг осилган халтаси бор. Улар оқ қумга тўла. Уларнинг иккаласи
ҳам қимирлаб, пастга тушади. Сўрида кампир ёлғиз қолади. Икки кампирнинг
Драма
* Драманинг бадииятини ошириш учун халқ қўшиқлари, Барпи, Женижукнинг асарларидан, Калигуладан ҳамда С.Жусуевнинг “Қурбонжон додхоҳ” шеърий романидан фойдаланилди – муалллиф.

қўлларида узун таёқ. Улар турли ҳаракатлар ила таёқларни ерга куч билан
уришади. Иккита узун таёқ тикка санчилиб, ўша жойда иккаласи ўтириб
қолишади. Сўрида ўтирган кампир довулини қаттиқ уриб, довул овозига мос
қўшиқ куйлай бошлайди.
Биринчи кампир: – Ер юзида беҳишт бор.
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ! (Икки кампир ўзи ўтирган жойда
орқасига айлана қилиб чиза бошлайди.)
Биринчи кампир: – Ер юзида койиш бор.
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
Биринчи кампир: – Ер юзида роҳат бор!
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
Биринчи кампир: – Ер юзида офат бор!
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
Биринчи кампир: – Ер юзида ҳаёт бор!
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
Биринчи кампир: – Ер юзида ўлим бор.
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
Биринчи кампир: – Ер юзида қуёш бор!
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
Биринчи кампир: – Ҳаммасини Ер билар!
Икки кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
Биринчи кампир: – Бир қувониб, юз тутар…
Иккинчи кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ!
“Ло илоҳа иллаллоҳ!” деб оҳангга қўшилаётган икки кампир алоҳида айлана
ҳосил қилишади, улар орқалари билан ҳаракатланиб, бир қадам ортга чекинганда,
сўрида ўтирган кампир довул чалишни секинлаштиради ва бир қадам наридаги
икки кампир ўртасига келиб туради.
Биринчи кампир елкасига осилган халтадан қумни олиб, бояги: бир қадам
ортдаги ерга тўка бошлайди. Икки кампир эса “Ло илоҳа иллаллоҳ!” деган
калимани қайтариб туради.
Биринчи кампир:
Бир елкамда қум ётар,
Бир елкамда чим ётар.
Бир елкамда гул ётар,
Бир елкамда тош ётар,
Бир елкамда бош ётар,
Бир елкамда тун ётар.
Бир елкамда кун ётар,
Она ернинг бағри шу,
Она ернинг дарди шу.
Биринчи кампир халтадаги оқ қум билан даврага бориб қўшилади. Ерга ётиб,

тинчиб қолади. Учта тана ерда ётиб, сас-садо чиқмай, жимиб қолади. Хоннинг
сўриси томондан Қурбонжон додхоҳнинг савлати кўринади. У қўлига қўбизни олиб,
чала бошлайди.
Биринчи кампир: – Бу заҳарли оқ ўтов оқ туморга ўралсин.
Биринчи кампир қўйнидан оқ арқон чиқариб, бир учини иккинчи кампирга, бир
учини учинчи кампирга боғлайди. Уч кампир уч томонга қараб йиғлашади. Айлана
кўринишидаги ўртага юрак кўринишидаги оқ тумор тортилади. Қурбонжон
додхоҳ чалаётган қўбиз борган сайин кучайиб, янада қаттиқроқ мунг торта
бошлайди.
Қурбонжон додхоҳ сўрисининг чап бурчагидаги тун қўйнидан бир кўланка чиқиб
келади. Унинг ҳам елкасида хуржун бор. Хуржуннинг олд тарафидаги кўзида от ва
қўйнинг боши кўриниб туради. У икки кампир санчган икки таёқнинг ёнига келадида, осмонга қараб, қутургандек кула бошайди. Қурбонжон додхоҳнинг қўбизи мунг
торта-торта, охири жимиб қолади. Кўланка хуржундан икки отнинг калласини
олиб икки кампир санчиб қўйган таёқларнинг учига илади-да, яна қитмирона кула
бошлайди.
Кўланка: – Эй, жониворей! Ой кўрдим, омон кўрдим!.. (Қитмирона кулади.)
Чарақлаб чиққан!.. Энди кўнглим тинч! Элга қашқир оралайдиган тун келди…
Қашқирнинг кўзини қашқир ўядиган кун келди… Уч кунлик ойга қаранг… Ҳозир
чирт узилиб кетадиган ипга ўхшайди… Уч кампирнинг ойга тармашганини-чи,
илашиб оладигандек… Уч, учдан кейин пуч… Таёқ кўтарган уч қарсоқчи… Учта
ўлик… Ҳи, ҳи, ҳи… Учовинг бирикиб, жанозанг ошига тўйиб ол… (Бир қадам
олдинга босишга уринади. Чўчиб кетади. Ерга қарайди). Ўрдага ким тумор осди?
(Ойга қарайди.) Жони чиқиб, янги чиққан ойга тирмашаётган уч мастон кампир
осиб кетдимикан? (Энкайиб туморни олади-да, хуржунига солади.) Мана энди
кўрасанлар. Юракларингни бурда-бурда қилиб, пичоқ билан нимталаб, кесилган
жойларига туз сепаман. (Кўланка ўтовнинг ўртасига келиб, хуржуннинг орқа
кўзидаги соққа (ошиқ)ларни қўли билан пайпаслаб, ташқарига чиқаради-да,
ўтовнинг ўртасига қўяди) Додхоҳнинг уруғи эмиш!.. Кўрамиз, кимнинг қайси
уруғдан эканини?.. Тананг ерга кўмилмай, тортгани тупроқ топилмай, майитинг
хор бўлганда кўрамиз… Ҳа, ҳа, ҳа… (Кўланка елкасидаги хуржунни Қурбонжон
додхоҳ томонга ирғитади, ўтовнинг чеккасига келиб, ўтовнинг қоқ ўртасидаги
соққаларни дуч келган томонга қараб ота бошлайди.) Ҳа-а-а… Ҳ-а-а! Хонлигингиз
битдек тўкилдими? Мана кўрасизлар, ҳаммангизни битдай эзиб ташлайман.
Уч кампир: – Ло илоҳа иллаллоҳ! (Ҳаммаси калима қайтариб, арча ёндириб,
мис косадаги исириқни тутатади.)
Кўланка: – (Саҳнанинг ўртасига ўтириб олиб, мамнуният билан ғижирланиб,
соққаларни ура бошлайди) – Ў, силлиқ соққа, “чикка” тушган экансиз, “чикка
тушди” дегани хон саройининг қулаши деганидир. Алимбекнинг “чикка” тушган
соққаси сенмисан? Мана сенга! (Таёқ билан уриб, айланадан чиқаради.) Кўрар
кунинг шу бўлсин… Уятсиз хотинга хон ўрдасини бошқаришга изн бериб, бошинг
бош, қолганлар қора тош бўлиб қолдими? (Кўланка силжиб, яна бир соққани
уради.)
– Э-э-э-э!.. Олчи тушган оқ соққа, Мирзафаёз сен биланми? Мана, ниятингга
етолмагур! Ҳа-а-а… (Таёқ билан уриб, соққани айланадан чиқаради.) Ҳа-а-а, “пўк”
тушган бўз соққа… Сен Ботирбек эмасмисан? “Пўк” тушганингча қолавер, мана!

(Кўланка бу соққани ҳам айланадан чиқаради) Э-э-э-э, э-э-э-э!.. Чикка тушган катта
қўчқор соққаси, сен Қамчибекмисан? …шошма, сени мен қиличим билан бурдалаб,
нимта-нимта қиладиган кун узоқ эмас… Ҳу, чарақлаган ойни кўрдингми? Ойнинг ўн
беши қоронғи бўладиган кунга оз қолди… Жуда оз қолди… мана сенга… (Кўланкка
бор кучи билан соққани уради) Ҳа, ҳа-а-а… (Соққа айлана чизиқдан чиқмай туриб
қолади. Кўланка бор кучи билан ургани учун, соққага тегмай, қўллари қонаб кетади.
У бармоқларидаги қонни ялаб, тутақиб, жаҳл отига минади.) Қонимни ўзимга
ялатдингми? Сенинг ҳам қонингни ялайдиган кун келди… (Кўланка ўрнидан шарт
туриб, Қурбонжон додхоҳ ўтирган сўри тарафдаги қоронғиликка сингиб кетади.)
Ҳа, ҳа-а-а!
Саҳнанинг уч бурчагида ўтирган кампир косада турган исириқни тутатиб,
алқов айта бошлайди. Исириқ тутуни юқорига ўрлайди.
Биринчи кампир:
– Жонли билан жонсизга
Орли билан орсизга,
Иссиқ билан совуққа,
Узоқдаги музларга,
Ҳайвон билан одамга,
Ола тусли замонга,
Ўлим билан ҳаётга,
Чинлик билан ёлғонга…
Биринчи кампир бу айтимни айтиб ўртага чиқмоқчи бўлади. Бироқ, оқ чизиққа
бориб, ундан у ёғига ўта олмайди. Чизиқдан нарёғига ўта олмай қийналганларини
ҳаракатларида кўрсатиб беради.
Бу ёқдаги икки кампир биринчи кампирнинг алқовига қўшилиб, “Ло илоҳа
иллаллоҳ”, деб туради.
Иккинчи кампир: (У ҳам ўтов ўртасига бормоқчи бўлади. Оқ чизиққа бориб,
нарёғига ўта олмайди.)
Қумлар билан сувларга,
Яхши билан ёмонга.
Сукут билан шовқинга,
Ҳалол билан ҳаромга,
Зулмат билан ёруққа,
Унутилмас тарихга,
Она бўлар улуғ ер,
Эга бўлар сулув ер…
Бериги икки кампир “Ло илоҳа иллаллоҳ!”, деб қайтариб туради. Саҳна исириқ
тутунига тўлиб кетади. Бошига оқ салла кийган жасур Қурбонжон додхоҳ ўрнидан
туриб, учига қўй ва от боши илинган таёқдан ўтиб, саҳнанинг ўртасига келади.
Сокинлик билан Қуръон тиловат қилиб, намоз ўқий бошлайди. Ниҳоят сажда
қилиш учун юзини ерга қўйганда, бошига бир нарса урилганини сезади. У бош ошиқ
(соққа) эди. Қурбонжон додхоҳ фотиҳа ўқиб бўлиб, қўлига соққани олади.

Қурбонжон:(Соққани айлантириб қараб, оғир хўрсинади.)Бу кимнинг соққаси?..
Катта соққа экан… Бу бояги қора қўчқорнинг соққаси. Буни Қамчибекнинг соққаси
дейишади…
Соққани олиб, ўзига яқинлашатиради-да, аста шивирлаб, ерга ташлайди.
Соққа ерга “пўкка” тушади. Қўрбонжон додхоҳнинг юзида ўзгариш пайдо бўлади.
Яна ошиқни ерга ташлайди. Ошиқ яна “пўкка” тушади. Қандайдир фалокатни
сезгандай, икки томонга серсолиб қарайди. Ҳеч қандай товуш эшитилмайди. Олисолислардан қашқир овози келади. Дақиқа сайин Қурбонжон додхоҳни қўрқув чулғаб
олаётгандек туюлади. Қашқирнинг овози тобора яқинроқдан эшитила бошлайди.
Қурбонжон додхоҳ танасини ваҳима чўлғаб олаётган бўлса-да, ғайрати келиб,
ўктам овозда юзланади:
– Овозинг ўчгур Кўк Серек, яна келдингми?! Кет, кет бу ердан! Кет, деб
айтаяпман! Кет, ўтовга яқин йўлама! Кет!.. (Қурбонжон додхоҳ бўри овози келаётган
томонга қулоқ солиб, жимиб қолади.) Кунинг битгур Кўк Серек, мана бу ошиқ
чиққан катта Кўк қўчқорни ҳам қанча жойга судраб борганинг эсимда. Ортингдан
қувиб боргандим… Қамчибек ўғлоним, “Энажон, бу ҳам Кўк Серекка ем бўлмасдан
олдин қозонга босинг. Бу дунёда икки йиртқич бор… Бири одам, бири қашқир”, дея
ҳазиллашганди.
Кейин, йўлингни бергур туйғуним, “Қашқирдан одамнинг фарқи – биз ҳамиша
бир-биримизни ғажишга тайёрмиз”, деган… (Қурбонжон чуқур хўрсиниб олади.) О,
жондан азиз сиртлоним, энди омон бўл… Сендан бошқа таянишга тиргагим, сир
айтишга сирдошим қолмади… Айтмоқчи, кеча кечаси тушимга Кўк Серек кирибди…
Ажалнинг ўқига учрагур Кўк қашқир, бешикда ётган чақалоқни олиб қочибди…
Баримиз ортидан изма-из қувиб кетдик… Уйғонсам, хайрият, тушим экан… Қара,
энди эса Кўк Серек қулоғимнинг тубига келиб улиётгандай… (Қурбонжон яна
жимиб қолади.) Тушимни қандай жўрашни ҳам билмай қолдим.
Биринчи кампир: – Туш жўровчи жўраса, яхшиликдан нишона,
Йўлинг очилиб, кўп қувонч олиб келгуси сенга.

Қурбонжон:– Яхшилик бутун элимизга бўлсин…
Иккинчи кампир: – Кўрган тушинг, хосиятсиз демагин сен,
Ирими бор, тушни яхшиликка жўрагин.
– Бошим жуда қотиб қолди…
Қурбонжон:

Учинчи кампир: – Тушни яхшига жўранг деган, Худойим. Бандаларин ҳеч
ноумид қўймаган…
Қурбонжон пичирлаб калима қайтариб туради-да, булутлар орасидан
мўралаган ой томонга тикилади. Ойга қараб, ўзига ўзи гапиргандек бўлади.
Қурбонжон: Ой ёруғлик, чарақлаб турганин қаранг… О, Яратган Эгам, бандангга
яхшиликларни раво кўр…
Қурбонжон додхоҳ саҳнанинг олди томонига келиб, шариллаб оқиб ётган
Оқбуранинг соҳилига келгандай, сувнинг оқишига қулоқ тутади. Сув шариллаб оқиб
ётади. Қурбонжон сувга юзини чайиб, билакларини ювиб, ўзича роҳатлангандек
бўлади. Қаёқдандир қулоғига турналарнинг “қур-қур” деган овози келади. Гўё
турна келиб қўлига қўнгандек ҳаракатлар қилади. Саҳна ёнида турган уч кампир
турнага қўшилиб, майин овозда айтим айта бошлайди.
Қурбонжон: – (Хаёлга толган. Қўлига қўнган қушни авайлаб силайди.)

Кўмкўк
Турналар
Кўкка
Кўмилган.
Кўрдингми
Кўк кийиб,
Кўринган
Кўк тусли
Қўлни ўп
Кўпроқ…
Биринчи кампир:
Кўм кўк
Капалак
Кўк бўлиб,
Кўргин деб
Кўрсатар
Кўнгилни
Кўтариб
Кўтариб
Кўнгилни
Кўк-қизил
Кўйлагин
Кўп қизга кўрсатар…
Иккинчи кампир:
Оппоқ
Оқ қарағай
Оққан ой
Олсам дейман
Оқ кўнгилдан
Олдирмай ошга тош
Ошга тош
Оқ кўнгилдан
Отанинг армони
Оз эмас армони
Оз эмас
Оламда ҳар ишнинг…
Учинчи кампир:
– Бек тови,
Баланд тов,
Бер ёғи,
Биллур зов,
Биллурдан
Бу ёғи,
Бекор-ку
Белгисиз
Бир бебош
Бек сиёқ,
Бек зовга
“Биллур”деб
Бекорга
Бу номни
Бермаган…
Қурбонжон додхоҳ ва кампирлар кулишади. Қурбонжон додхоҳ қўлига қўнган
турналарни кўкка учиради. Ортидан энтикиб қараб қолади.
Қурбонжон: – О, Яратган Эгам, бандангни ноумид қилма… У олис сафарларда
юрган полапонларимдан… Қамчибегимдан яхши хабарларни етказгин… Кўк
турналар… (Қурбонжон кўк турналар учган томонга қараб қолади.)
Қурбонжон: – Кўкнинг кўриниши бошқача… Қарагин… Не бўлса ҳам Яратган
Эгам, бандаларингга яхшилигингни раво кўр… Осмондаги булутларга тикилиб
разм солсанг… Элимизни бир нарсадан огоҳлантираётгандай…
Қурбонжон сўри томонга қарайди…
Уч кампир таёқни қўлига олиб, худди жун саваётгандай ҳаракатлар қилади. Жун
саваётган кампирларнинг хивчини товуши тобора баландроқ эшитила бошлайди.
Қурбонжон худди бир қўрқинчни сезгандай ортига “ялт” этиб бурилади. Жун
саваётган кампирларнинг таёғи жунни эмас, қуруқ ерни саваётгандай таассурот
уйғотади.
Биринчи кампир:
Амал қилар бу дунё,
Жамол кўрар у дунё.
Кофирнинг жойи бу дунё,
Охиратин бермаса,
Азобнинг жойи у дунё.
Ўғрининг жойи бу дунё,
Тўғрининг жойи у дунё,
Ёмонниннг жойи бу дунё,
Яхшининг жойи у дунё.
Иккинчи кампир:
Золимнинг жойи бу дунё,
Олимнинг жойи у дунё.
Камтарнинг жойи у дунё,
Бетавфиқнинг жойи бу дунё.
Синов жойи бу дунё,
Савоб билан хайирни
Бермоқнинг жойи бу дунё.
Яхшилик ажрин ҳар банда
Қўрмоқнинг жойи у дунё.
Учинчи кампир:
Қувлиги кўп қувларнинг,
Қувлик жойи бу дунё,
Дўзах жойи у дунё,
Охиратда мўминлар,
Тағин азоб кўрмасин,
Қазоси етиб ўлганлар,
Қайтиб азоб кўрмасин.
Беш кунлик бу дунёда,
Қазоси етиб бир куни,
Яна азоб кўрмасин.
Қурбонжон сўрига бориб ўтиради. Жун саваётган кампирлар таёғининг овози
баландроқ эшитила бошлайди.
Қурбонжоннинг чап тарафида Кўланка пайдо бўлади. У саҳна ўртасига
турнанинг ўлигини ирғитади. Жун саваётган кампирлар таёғининг саси таққа
тинади. Кўланка саҳнага ирғишлаб келади. У биринчи кампир олдига боради.
Қаттиқ чўчитиб юбориш учун ҳуштагини чала бошлайди. Кўланка иккинчи, учинчи
кампирнинг олдига боради. Худди жин ургандай талвасага тушиб, ирғишлай
бошлайди.
Кўланка:
Сара бойлар, сап бойлар,
Қутлуғ бўлсин шу уйлар.
Қурит қилсин янгалар,
Қуруқ қолсин мечкайлар.
Ботирлари кўп бўлсин,
Хотинлари кўп туғсин.
Ҳайдаб олсин деҳқонлар,
Отиб олсин мерганлар,
Танлаб олсин карвонлар.
Туғиб олсин хотинлар.
(Кўланка отнинг бош суяги илинган таёқни олиб, ўлган отнинг бош суягини от
қилиб миниб олгандай қилиб ирғишлайди. Талвасаси борган сари кучаяди).
Даладаги қўнғироқ,
Қалъадаги қўнғироқ,
Салтанатли қўнғироқ,
Султон отли қўнғироқ
Қўнғироқ қўшиғимиз.
Бугун келар уйқумиз,
Сабил бўлсин уйқумиз.
Адир-адир ерлардан,
Айғир миниб биз келдик.
Айғирни тўхтатолмай,
Ушбу уйга хуш келдик…
Кўланка от қилиб миниб олган узун таёқни “Ушбу уйга хуш келдик” дегандан
сўнг ерга санчади.
Кўланка: – Ушбу уйга хуш келдик!.. Ҳа, ҳа, ҳа… Тенг тенги билан, тезак қопи
билан… Тинчлик деса тишига қадар қуролланган кофирга қайишганини қаранг…
Додхоҳ уруғи қалпоқ кийган қирғизни қирғин қилаверармикан? Саройига ўқ тушиб,
омадига чўғ тушиб маликамнинг салтанати аста-секин тугайди… Қўтир кўнгли
жомашов, қани энди мени хоннинг оқ кигизига солиб, хон қилиб кўтаришса…
Додхоҳ уруғини илонларга ташлар эдим… Айри тилли илонлар, вишилланглар.
Вишилланглар!..
Кампирлар илондай вишиллайди.
Бу дунё шундай дунё, дунёга эга бўлиш учун ким нималар қилмайди дейсиз?
Аямай, қўйдай сўйилган кофирнинг суяги тинч қўярмиди?.. Қамчибекнинг
қанжиғининг сочини деб, жами қирғиз бошига қора қирғин соладими?.. Бир
қанжиқнинг сочини деб… Минг одамнинг боши кетса… Қонсираган кўнглим жойига
тушадими? Йўқ-қ-қ-қ-қ… игнани қопга солиб бўлмайди… Бунинг ортида Қамчибек.
Қамчибек туради!.. Унинг қитмир бошини кофирларга совға қилсак қандай бўлар
экан? (Кўланка қўлига қўйнинг бошини олиб, оҳиста куйлай бошлайди). Ў-ў-ў,
қашқирлар, қани, қани, саройга яқинлашаверинг… Яқинроқ келинглар, яқинроқ…
Мана, мана… Қўйларнинг боши тайёр…
Бир чеккадан тортиб ғажийверинглар, оғзингиздаги ҳар бир тишдан қон оқсин…
Қани, қани, қани, қашқирлар… Қўйлар тайёр ғажишга, тортқила! Тортқила! Бу
уруғининг куни битар маҳаллар келди… Мен сенларни уруғинг яна кўкармасдан,
топтаб ташлайман… Ҳи, ҳи, ҳи… Хонликнинг даври тугади, элингнинг куни битиб,
боши кундага қўйиладиган пайт келди.
Кўланка – Куламан-да, малика… (Кўланка йўл беради. Қурбонжон додхоҳ
саҳнага қараб юриб келади. Кўланка Қурбонжон ортидан гап қилади.) Сизлар билан
(тишларини ғижирлатиб) қиличимнинг тиғи, найзамнинг учи ила гаплашаман…
Кўланка кўринмай, қоронғиликка сингиб кетади.
Кўланка довулни аввалига секин, кейин эса, жин ургандай қаттиқроқ ура
бошлайди. Бу пайт саҳнанинг қоқ ўртасига келган Қурбонжон қандайдир ёмонликни
сезгандай қаттиқ инграб юборади.
Қурбонжон: – (Кўк турнага кўзи тушиб) – Қамчибекнинг қаердалигини билиб
келар кўк қушим… (Қуш ўлигини олиб) қайси номарднинг ўқи сенга санчилди? Бу
хавотирлар менинг юрагимни адойи тамом қилди…
Қоронғиликдан Кўланка чиқиб келади-да, Қурбонжон додхоҳга сўз қотади.
Кўланка: – Маликам, маъзур тутасиз.
Қурбонжон: – Унингни ўчир! Сен илон совуқ хабар айтасан, сезиб турибман.
Айт, айтарингни!..
Кўланка: – Фақирга бойлик берма, хотинга бийлик берма, дейишган… Сиз
билан гаплашиш қийин бўлиб қолди, маликам… Бошингиз тиллодан бўлса-да,
барибир хотин кишисиз… “Олтин бошли хотиндан… қурбақа бўлса ҳам эр афзал”,
дейишган. Кўпдан буён сизга барини очиқ айтиб, дилдан гаплашиб олай, деб
фурсат излаб юрибман… Мана, энди келибди… Вақти соати… Сабрим тошга
айланиб, ёрилиб кетади охири…
Қурбонжон: – Ҳадеб чайналмасдан, дангал айт!
Кўланка: – Сабр қилинг… сиркангиз сув кўтармай қолибди… Сизни тушунаман…
Тушунаман, маликам… “Хотин”, деган гапимга ғашингиз келганга ўхшайди… Оқ
салла бошингизда, шундай қора кунда элни йиғиб, мартабага эришган маликасиз…
Сўзимнинг тузи бўлмаса, парво қилмаслик ихтиёрингиз… Бироқ…
Қурбонжон: – Нима, бироқ? Ҳали гапинг тугамадими?
Кўланка: – Ўладиган эчкининг ажали чўпоннинг таёғидан дейишган…
Эҳтимол, меники ҳам болдир, заҳардир, тилимдандир… Бироқ, бир чин гапни
айтмасам, кўнглим хотиржам бўлмайди…
Қурбонжон: – Хўш… Ичингдаги илон нима дейди? Одамларга қиладиган
ёмонлигининг чеки борми?.. Сенга нима керак ўзи? Ҳийла-найрангларингни кўп
кўрдик…
Кўланка: – Ростини айтайинми?.. Игна мисол кичкина… Ҳеч бир зарари йўқ…
Ўзингиз айтгандай, гап келганда аяб ўтиргандан не фойда? Энг аввало, айтиб
қўяй, хонлигингиз эмас, хотинлигингиз кулгимни қистатяпти… Хон қилдик
деб, неча эрларнинг боши чумчуқ калласидай танасидан жудо қилинди… Хотин
кишини Худойим масхара қилиш учун яратганга ўхшайди… Рост, халқингизни
ғинг эттирмай, итоатда ушлаб турасиз… Бу сизнинг кучлилигингиздан эмас,
калтафаҳмлигингиз туфайли… Эл андиша қилиб туради… Ўша андиша қилиб
турган эл ортида оқ пошшо қўйган Алимбекнинг, оқ сутингни бериб катта қилган
Абдуллабек, Ботирбек, Асанбек, Мамитбекларнинг ҳаёти турибди. Сизга бу
хонлик шунчалик азизми? Ҳийла-найрангларингни кўп кўрдик, дейсиз. Ҳийлани
мен эмас, сиз ўзингизга ўзингиз қилаяпсиз. Ҳар бир одам ўз тақдирини ўзи
яратади.
Қурбонжон: – Хўш…
Кўланка: – О, бу дунёда ҳамма нарса абадий бўлса қани эди? Шунинг учун
уни бевафо дунё дейишади. Қанчалик ёпишмайлик, пешонаси шўр дунё бу…
Суяниб турадиган устуни, ушлаб қоладиган этаги йўқ. Этаги йўқ бу дунёда ҳеч
нарса абадий эмас… Сезиб турибман… Сезиб… Бошингиз кўкда бўлса-да, оёғингиз
ерда турибди… Қурбонжон додхоҳ… Қурбонжон додхоҳ… Аёл боши билан юрт
сўраган! Алимбекка тегиб олиб, хон саройининг маликасига айландингиз…
Овулнинг тайинсиз қизидан хон ўрдасига келгач, ўрдадан номус ҳам, қут-барака
ҳам кетди… Муҳтарам Алимбек “Ўрдада ақл берадиган аёлим бўлади”, деб сизни
никоҳига олган куни янглишган. Хонликка хотин аралашгани, хонликка шайтон
аралашди дегани… Хотиннинг ўрни саройда эмас, ўчоқ бошида… Хотинга эргашган
хондан халққа хайр бўлмайди… Хотинни улуғлаган хон ўнгмайди… Ў-ў, муҳтарам
Алимбек… Буни билганда қани эди? Қани эди?
Қўқонлик Алимқул оталиқ деган ярим тунда Чўтон деганини хабарга
жўнатганда… Алимбекнинг бошига қора кунлар келганда ҳам, сиз маликаликдан
воз кечмадингиз… Ўшанда ҳам фақат ўзингизни ўйладингиз. Кофирлар билан
урушиб, малҳам ўрнига заҳар ичиб олиб, ўғлингиз Абдуллабек оқ кафанга ўралсада, бўйин эгмадингиз…
Бунда ҳам сир бой бермадингиз… Тавба қилар деган сайин ўзингиздан кетдингиз,
маликам. Сизни кундан кунга қутуртирган, кундан кунга бундай “ғайратингиз”ни
оширган нарсанинг сири нимада?
Шуни биласизми, маликам? У сизнинг хонликка эришиш истагингиз… Ботирбек,
Асанбек, Мамитбекларнинг оқ-қоранинг фарқига бормай, сургунга ҳайдалганига
ҳам шу сабаб… Сиз саройга келиб, ўзингизни хондай тута бошладингиз, маликам!
Сиз хонликка кўнгил қўйиб, қув бош бўлиб олдингиз. Одамзотнинг кўзи молдунёга тўймайди, уни тўйдирадиган биргина тупроқ!
Қурбонжон: – Етар!
Кўланка: – Етар… Ҳа-а-а, етар!.. Етар энди… Ҳамма нарса ўз вақти- соати
билан, маликам… Бугун сизнинг йиғлайдиган кунингиз… Бугун сизнинг синадиган
кунингиз… Етар! (Кўланка саҳнадаги арқонни жин ургандай тортади. Арқон
Қурбонжоннинг икки оёғи орасига тушиб қолади). Етар! (Пауза) Мана бу икки
ўрам соч кимники, биласизми?..
Қурбонжон: – Билмадим. (Қурбонжон қаттиқ чўчиб кетади. Қўлидаги
халтага солинган соққалар тўкилиб кетади) Бу соч Қамчибегимнинг суюкли ёри
Асалжоннинг сочи-ку… Сочпопугидан таниб турибман…
Кўланка: – Таниб турибсизми?!. Ўша сизнинг Асалжонингизнинг икки ўрим
сочи деб олти кофирнинг боши кетди. Олтовининг мурдасини Оқполвон кўзга
кўринмайдиган, қулоқ эшитмайдиган жойга яширгани билан кофирлар топиб
олди… Ўғлингиз Оқполвоннинг қўллари қонга бўялган…
Қурбонжон: – Ё пирай, бу совуқ хабарни айтишга қандай тилинг боряпти?
Оғзинг қонга тўлгур… Одам қиёфасидаги оч йиртқич…
Кўланка: – Ўз ўғлингиз айбини менга юкламанг, маликам…. (Қурбонжон
қамчисини қўлига олади). Шунинг учун катта кетиб, элни қирғин қилмасин… Ундан
кўра аёл бошингиз билан манави қамчини бўйнингизга солиб, оқ салла бошингизда,
саллали бошни ерга эгиб, кечирим сўраб, оқпошшога ёлворинг… Бирор жойингиз
камайиб қолмайди…
Қурбонжон: – Сен шу гапни айтгани келдингми? Тилинг кесилгур… (Қурбонжон
қамчи билан қаттиқ уради.)
Кўланка: – (Қурбонжон қамчи билан қаттиқ урган жойни, сийпалаб, зил
кетганини билдирмай…) Мен олдингизга ўғлингизнинг ҳаётини сақлаб қолай деб
келгандим… У ҳолда, маликам… Керак жойга бориб айтай… “Олой маликаси”
оналикни эмас, маликаликни маъқул кўрди деб…
Қурбонжон: – Тўхтаб тургин… Бироз шошма…. Жонимдан бўлган боламнинг
ўлимига қандай рози бўлай?
Кўланка: – Ў-ў-ў-ў! Балли! Маликам… Бу бошқа гап!.. Тақдир айтганига
кўнар экансиз-ку… Мана тарози сиз томон оға бошлади… Шунинг ўзи бир
омад… Тарозининг бор томонида элингиз, бир томонида ўғлингиз… Ҳақиқий она
эканингиз энди билинди… Онага ўғилдан азиз нима бор… “Эл! Эл! Эл!” дейсиз…
Эл оқар сувга ўхшайди… Бирда кўпаяди, бирда озаяди… Нима, озаймаган эл борми?
Ғорат бўлмаган юрт борми? Қирилмаган эл борми? Элидан айрилмаган ер борми?
Қирилган эл қайта тикланади, озайган эл яна кўпаяди, тарқалган эл яна бирлашади!
…Ундан кўра ўғлингизнинг, фарзандингизнинг ҳаётини сақлаб қолинг… Ўғлим
десангиз, элингизни унутинг… Мана, қилич… Олой, Ўш, Андижонда халқ оёққа
қалққан… Қилични қинга солинг…
Қурбонжон: – Бироз шошилма, сабр қил… Шошилтирма… Ў-ў-ў, тақдирнинг
қора синовлари… Бир томонда Қамчибегимни қўйиб, бир томонга элимни қўяйми?
(Кўланка берган қилични қўлига олиб) Ўғлимдан қандай воз кечай… Қамчибегим,
ёлғизим… Жонимдан ортиқ қўрганим… Юрагим қайғуга тўлиб кетди… Сени деб
қилични қиндан суғурсам бўлар… Сени деб Оқбурадай кўзёшимни оқизгим келар…
Қанчадан-қанча болалар йиғиси ёлғиз болам бошига арзирмикан? Тақдири азал
Худодан, сенинг ҳаётинг қиндан суғурилган қилич эмас, қароғим.
Қилич ила ўша бошни алам билан шартта кесиб ташлаш мумкин. Бироқ,
кейин гуноҳларимизни Оқбурадай оққан қон билан, кўздан оққан ёш билан юва
олармиканмиз? Бутун бошли элни биргина ўғлимнинг бошига алмашиб, гуноҳи
азимга ботишни истамайман. Душманнинг номард ўйинин қара, жонимдан бўлган
боламни орага қўйганини… Ўғлимни десам, бутун бошли элим қирилиб кетади…
Элим десам, Қамчибегим дорга осилади… Боламнинг ёлғиз боши деб, элимдан
воз кеча олмайман. Онанинг қалби бир парча эт бўлса-да, ўн саккиз минг оламни
ёндирадиган оловдир. Куйган юрак яна куяверади… Қароғим, сен менинг ёлғиз
қолган фазандимсан… Қирғиз элим ёлғиз эмас… элинг бор экан, сен ўлмайсан,
элинг бор экан номинг ўчмайди. Буни энг аввало сен тушун, ўғлим. Қиндан
чиққан қилич осонликча қайтиб қинга кирмайди…(Қурбонжон азоб била қилични
қинга солади).
Кўланка: – Ў-ў-ў-ў, Қурбонжон! Сен ўзи кимсан? Ў-ў-ў, Қурбонжон! Сен ўзи
онамисан ёки ўгаймисан? Сенга киминг кучи етади? Сен кимсан ўзи? Бу дунёнинг
бор азоби ўз бошига ортиб олган қора ермисан? Бу дунёнинг оқига ҳам қорасига
ҳам бир хил кўз билан қараган кунмисан? Армон билан кўзи ёшга тўла улуғ кўк
осмонмисан?
О, тақдир, нечовларнинг белини синдирган, нечовнинг бошини еб, ҳаётини
остин-устун қилиб ташлаган, бевафо, раҳм-шафқатсиз тақдир, бу қув хотиннинг
ҳам ғайратини охири синдирдингми?
О, бевафо тақдир! Сен ўзи ким учун яралгансан? Одам сен учунми ёки сен одам
учун? Бу дунёга мен ҳоким бўлишим керак! (Кўланка бор кучи билан қиличини
сермаб илиниб урган ипни кесиб ташлайди.)
Қурбонжон: – Қамчибегим!.. (Қурбонжон қўлига қўбизини олиб, қандайдир мунг
ва азоб билан чала бошлайди.Чалаётган қўбиз овози борган сари кучайиб боради.
Олислардан Қамчибекнинг оқ кафанга ўралган майити кўринади. Майит борган
сари Қурбонжонга яқинлаша бошлайди. Қурбонжон чалаётган қўбизнинг мунгли
ноласи Қамчибекни тирилтириб юборгандай таассурот уйғотади. Қурбонжон
“Бешик қўшиғи”ни ижро қилаётиб Қамчибекни бағрига босайин дейди, бироқ энди
Қамчибекни қучоқламоқчи бўлганда у олислаб кетаверади.)
Биринчи кампир:
– Бу омонат дунёда
Кимдир юрар зўр бўлиб.
Кимдир юрар кўр бўлиб,
Етаклатиб, ҳасса олиб.
Иккинчи кампир:
– Кимдир юрар кўр бўлиб,
Биров бировга эс бўлиб.
Биров маҳов, пес бўлиб,
Худойим ўзи сақласин.
Учинчи кампир:
– Қуруқ туҳмат ёпишиб,
Туҳмат қурбони бўлмасин.
Ҳаммасидан ёмони,
Фарзанд доғи кўрмасин.
Қурбонжон:
– Қамчибегим!.. (Қўшиқ жаранглайди).
Ярқираб яна ёз келди,
Ёз эмас, қора қиш келди.
Ойдин кетиб Қамчибек
Зулмат тўла тун келди.
Ўшда кўкда юргандим,
Осмонларда учардим.
Бироқ қайғуга ботиб,
Мен ҳўнграб йиғладим.
Ям-яшил ўтлоқ, ер қани?
Кўринар бугун ер қора.
Қора ерда сўппайиб,
Қолиб кетдим қорайиб.
Ўғлим ёнида туриб,
Найлай, оташга солдим,
Қурбим етмай асрашга,
Жаҳаннам ўтида ёндим.
Бахтимни тугиб сочишди,
Толеим қумга қотишди.
Ёлғиз қолган ўғлимни,
Икки бор дорга осишди…
Додхоҳлик қилай, қандай,
Чорасиз, баланд тоғда?
Ўғлим қутқара олмай,
Дорга осилар чоғда?
Туғишган душман чиқди,
Раво кўриб қасдликни.
Ғўддайган қора соқоллар,
Душмандек қилди пастликни.
Қайғуда қолиб бу бошим,
Ўтди умрим, оқиб кўз ёшим.
Қуврадим ёниб, ўртаниб,
Худога етсин нолишим.
Мен хон бўлдим, тожсиз, тахтсиз…
Мен жон бўлдим, бахтли бахтсиз…
Қурбонжон ҳар қўшиқ куйлаган сари зулмат сари бораётгандек туюлади.
Бу дунёда яхши бўлмас ёмонсиз,
Бу дунёда ёмон бўлмас яхшисиз.
Ҳали ёруғ кунлар келиши аниқ,
Ҳар банданинг бордир азал ўз йўли,
Ўз тақдири, ўз орзуси, қайғуси,
Ёш бўлами ёки кекса фарқи йўқ,
Тирикликда кўзи тўймас, чеки йўқ.
Кўкка қўлим етса-да, мен ўксидим,
Шукр қилдим, дунёсига терс турдим.
Армон билан ўткардим мен ўз умрим.
Бу дунёдан борар ризқим узилиб,
Тақдир китобим ҳам энди ёпилиб.
Илҳақ қилмай, мен борарман қошига,
Нарги дунё эшиги ҳам очилиб.
Алимбетим, болаларим, хайр-хўш,
Менга ҳамдард жигарларим, ҳай-хўш.
Барингиздан мен сўрайман кечирим…
Алимбегим… Абдуллабегим… Ботирбегим… Мирзафаёзим…
Мамитбегим… Ўғилларим… Қамчибегим…
Қурбонжон додхоҳ қўшиғини якунлаб у ҳам Кўланка каби қора кийимларини кия
бошлайди. Қора кийинган Қубонжон саҳна ўртасига келади.
Қурбонжон: – Бандасининг борар жойи аниқ… Мен бугун олис сафарга
отландим… Бу дунёда кўрмаганим қолмади… Энди охират сафарига тайёрман.
У дунёда дийдорига зор бўлган Алимбегимни, эли учун бошини ўлимга тиккан
Қамчибегимни соғиндим…
Шуни унутма, Қамчибегим, ҳар бир уйда бола кулгиси янграйверади, бешик
бошида аллалар айтилаверади. Бизнинг руҳимиз ўша кулгида, ўша аллаларда
яшайверади. Ризқи-насибам узилиб, борар ерим ҳам кўриниб қолди…
Ўҳ, кўкрак остидаги муштдай юрак қурғур турналардек уясига учиб кетмасдан
нега куймаланади экан?.. Ҳаётнинг қадрини фақат ўлим онидагина англайсан, ўлим
баҳоси ҳаёт билан ўлчанади. Бу ёлғончи дунёдан чин дунёга, охиратга борганингда
билинади кимлигинг… Хайр-хўш элим, жаннатдай бир юрт қолди, орин бермаган
улуғ эл қолди.
Алматбегимнинг “Мен кетсам, юртга бош бўласан, жондан азиз элимни
тарқатиб юбормайсан, бошидан бир тола тукини тўктирмасдан асрайсан”, деган
ўгитига амал қилдим.
Биров келади, биров кетади. Бу дунёнинг мазмуни, унинг ёлғони, чини аралаш
эканлигида… Кўз олдим қоронғилашиб, танам музлаб бораяпти. Танглайим қуриб,
вақти-соатим тобора яқинлашиб қолди… Алимбек… Абдуллабек… Ботирбек…
Мамитбек… Асанбек… Мирзафаёз… Қамчибек…

Бу дунё ўткинчи,
Бир кун ўтиб кетадир.
Вафоси йўқ дунёнинг,
Тубига ким етгандир?..
Қурбонжон монологин айтаётганда уч кампир саҳна ичидан барча оқликларни
унинг олдига тўшайди. Борган сари оқ ғойиб бўлиб, кичкина бир тепалик пайдо
бўлади. Уч кампир устидан қора либосни ечиб, Қурбонжон додхоҳнинг устига
ташлайди. Оқлик тўшалган жой Қурбонжон додхоҳ ётган ерга ўхшаб қолади.
Кампирлар довулларини майинлик билан чала бошлайди. Биринчи кампир
қўйнида оқ туморли арқонни чиқаради. Улар юрак кўринишидаги учбурчак
тумордай бўлиб, жуда ҳам олисларга, узоқ сафарга отланишади. Довулнинг майин
садоси эшитилиб туради.
Биринчи кампир:
– Кетарингда дунё,
Тўлиб турган ойдайдир.
Келарингда дунё,
Ёруғи йўқ жойдайдир…
ТАМОМ


Қирғиз тилидан
Жаббор ЭШОНҚУЛ таржимаси

Жаббор ЭШОНҚУЛ – Филология фанлари
доктори. 1966 йилда туғилган. Тошкент давлат
университетининг журналистика факультетини
тамомлаган. “Фольклор: образ ва талқин”,
“Алпомиш” достонининг изоҳли луғати”, “Наврўз
нашидаси”, “Ўзбек фольклори библиографияси”,
“Эпик тафаккур тадрижи”, “Ўзбек фольклорида
туш ва унинг бадиий талқини”, “Миф ва бадиий
тафаккур” каби китоблар муаллифи.

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil