Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ИЗЛАНИШ САМАРАЛАРИ

Турсун АЛИ – 1952 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги
ЎзМУ) ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Шоирнинг “Зангори дарвоза”,
“Юракдаги сўзлар”, “Ёруғ кунлар”, “Изтироб остонаси”, “Тун товуши”, “Ёлғизим”,
“Уйғоқ сукунат”, “Ой япроғи”, “Қор шуъласи”, “Қуш пати” каби китоблари чоп
этилган.

Бугун шеърият боғида қофиялар билан тўйинтирилган, узун баённома шеърлар
ўрнига жажжи, икки-уч қаторли шеърлар тобора илдиз отмоқда. Тараққий этган
Туркия, Япония, Хитой каби давлатларда узоқ йиллардан буён шакли кичик, аммо
маъно жиҳатдан теран шеърлар қанот ёйган. Лиризмга бой бундай шеърлар чуқур
тафаккур, шууростига таъсир кўрсатиш орқали ўқувчи қалбига сингиб боради.
Шу йўлда ижод этаётган шоирлар адабиётимиз майдонида тобора кўпайиб
бораётир, бу қувонарли ҳол, албатта. Жумладан, “Учаётган киприклар” шеърий
тўплам муаллифи Муҳиддин Абдусамадни тилга олиб ўтиш жоиз.
Шоир китобини ўқирканман, айни пайтда фикр-мулоҳазаларимни қайд қилиб
бораман, деган ўй кечди хаёлимдан. Бироқ ўшанда ёзилмади, тўғрироғи, ёзиш
кайфияти туғилмади. Анча вақт ўтиб, китобни яна қўлга олдим. Бу гал мутолаа
асносида, айрим шеърларнинг четига фикрларимни ёзиб бордим…
“Ота” деб бошланган шеърнинг биринчи банди:


Ота,
меҳнат дегани
бемаврид абр экан,
қора сочларингизга
ҳижжалаб қор элабди.


Менга шеър шакли, сатрларнинг кичик ҳарфда ёзилиши ёқди. Меҳнат – бу абр,
қора сочларга қор элаши, яъни меҳнат ота сочини оқартиргани образли тарзда
айтилиши ўринли туюлди. Айниқса, қорни ҳижжалаб элаган вақт, ҳаётнинг ўтиши
шоирона эмасми?
Иккинчи банди:


Она,
заҳмат дегани
қип-қизил шоир экан,
қаранг, пешонангизга
сатрлар қоралабди.


Оналар пешонасидаги ажинлар шоир сатрларига қиёсланиши гўзал топилма.
Ўхшатиш нақадар табиий, асло сохталик йўқ. Ушбу эркин вазнли шеърда отаона меҳнати, заҳмати ҳолатлар орқали очилган. Бир қараганда шеър оддий, жўндек
туюлади. Бироқ, сатрлар заминига кирсак, теранлик ва ўзига хосликни англаймиз.
Шеърларнинг ёзилиши ранг-баранг, бармоқ ва эркин вазнда.
“Қайтиш” номли шеърга назар ташласак:


Қувонгандан шодон дарахтлар
Қийқиришиб уриштирар қўл.
Мендан олдин суюнчи сўраб,
Уйга қараб чопиб кетар йўл.
Отам каби қучоғин очиб,
Қарши олар қари дарвоза.
Чуғуллашиб шўх қалдирғочлар
Келганини қилар овоза.


Кўриниб турибди шеър туғилган юрт – ота макон соғинчи ҳақида. Бу мавзу
гарчи эски, кўплаб қалам аҳли томонидан қайта-қайта тилга олинган бўлса-да,
бироқ шоир мавзуни янгилашга интилган. Шаббода сўзи ишлатилмаган эса-да,
япроқларнинг бир-бирига тегиб, овоз бериши – қийқириши табиий тасвирланган.
Соғинч тўла йўл, яъни нигоҳнинг уй томон чопиши ҳам ишонарли поэтик мазмун
қасб этган.
Отанинг болага ҳамиша қучоғи очиқлиги эски дарвоза очиқлигига ўхшатилиши
ҳам образга айланган. Қадирғочларнинг чуғурлаши эса лирик қаҳрамоннинг уйга
келгани, яъни болачалар шодликка тўлиши орқали очиб берилган. Шеър ўқувчига
кўтаринки кайфият бахш этади.
Муҳиддин Абдусамад шеърларида янгиликка интилади. У шеър шаклларини
ранг-баранг бўлишини хоҳлайди. Зотан, бугунги ўқувчи турфа изланишдаги
шеърларга чанқоқ:
Ҳа, “Шеърдан-шеърга ўтиб, янгиланиб бормаган шоир эрта қариган киши
сингари эзма, насиҳатгўй бўлиб қолади”, деганди аллома адабиётшунос Иброҳим
Ҳаққул.
Китобда учликлар талайгина. Баъзиларини кўздан кечирсак:

Сенинг кўзларингга қарамоқ ўлим.
Менинг эса тинмай аксига олиб,
ўйнашгим келади шу ўлим билан.

Шоир бу учликда қофияга эътибор бермаган бўлса-да, вазн бир хиллигига
эътибор қаратгани туфайли оҳанг жаранглаб турибди. “Кўзларингга қарамоқ ўлим”,
дея таъкидлаб, ўлим билан “ўйнашгим келади”, дейиши шеърда контрастликни
яратгани менга ёқди. Шоир учликларида ўхшатиш ёки қиёслаш ярқ этиб кўзга
ташланмаса-да, бироқ уларда ички рамз ва образлар борлиги гўзал.


Эшикни, “қарс” тепиб очишди,
“Қарс” этиб ёпишди эшикни…
Ижирғаниб қўйди ғижирлаб эшик.


“Эшик” образи орқали инсон феъл-атвори, қўполлик, ўзгани менсимаслик каби
иллатлар фош этилган шеърда.
Шоирнинг “Қиш ҳақида икки шеър” номли шеъри:


I
Тутаб
борар
одам
дегани…
маълум бўладики, қишнинг қаттиқ совуқлиги одам оғзидан чиқаётган ховур орқали
акс эттириляпти.


II
Ҳовузга
ойна
қўйди
балиқлар…


Энди эса қишнинг совуқ келганлиги ҳовуз музлагани тасвири орқали акс
эттирилмоқда.
Бир сўздан иборат сатрлар Қадам Сайид Мурод, Абдунаби Бойқўзиев ижодида
ҳам яхши палак отган.
Китобда яхши шеърлар қатори тишга тегадиган сўзу сатрлар ҳам бор. “Таассурот”
номли шеърнинг бошланиши: “Самарқандда илк бўлганимда” каби мисралар наср
тарзида жўн, ҳис-ҳаяжонсиз ёзилган. “Китобхон” номли шеърда ҳам туйғу ва оҳанг
етишмайди. Охирги бандда: қачон ўқийдилар одамлар китоб, деган оддий фикр
ифодаланган, холос. “Она, юриб-юриб оёғим толди”, деб бошлаган шеърнинг
биринчи мисрасиёқ жўн кўриниш олган. Тўпламда сара намуналар қаторида бу
каби оддий кўринишдаги сатрларга ҳам дуч келамиз.
Хуллас, китобни ўқиган ўқувчи шоирнинг изланаётганидан мамнун бўлади.
Муҳиддин Абдусамад ижодида изланиш самараси ёруғ бўлаверсин.

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil