Бону ҒАНИБОЕВА – 2005 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент
давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси. Шеърлари республика
матбуотида эълон қилинган.
* * *
Бир сенинг ишқингда ёндим, ёрижон
Бир сенинг кўзларинг – мовий жазодир.
Ошиқлар севгидан бахтиёр. Менчи,
Жазо оламанми, шундан хавотир.
Ҳай ёр-ёр ёрингман,
Хабар ол ёрингдан…
Йўлга чиқмоқдаман тоғлар бағридан,
Уларга қарасам, азалдан мағрур.
Пойингга тўшалган ўланман,
Сенчи,
Сен – буюк ғурур.
Ҳай ёр-ёр ёрингман,
Хабар ол ёрингдан…
Йўлда жилғаларга эгиб бошини,Майсалар устимдан кулар хиромон.
Мен абад кўнгилбанд сенинг қошингда,
Сен мени тушунсанг олам гулистон.
Ҳай ёр-ёр ёрингман,
Хабар ол ёрингдан…
Кўнглим тунда ёруғ қоғозга,
Тўкилар,
Ҳислардан қуяди шаррос.
Сен мени лаҳзада унутдинг бироқ,
Мен сени умримга этарман қиёс.
Ҳай ёр-ёр ёрингман,
Хабар ол ёрингдан…
* * *
Эрта саҳар,
Хонамда ишқ туғилади,
Ва саҳарлаб,
Беихтиёр кулар шаҳар.
Тушларимни ювиб олиб,
Чиқаман сўнг
Худо менга кун тутади эрта саҳар…
Сўнг кўчадан,
Гала-гала чумчуқ келиб,
Сараламай сева бошлар бахтларини.
Улар билан узоқ суҳбат қураман мен
Соясини тўшаб олиб дарахтларнинг…
Эрта саҳар,
Кўзи очиқ ухлар Одам,
Мен ёлвориб,
Остонасин буздим Ҳақнинг.
Шу-шу ишққа сиғинади минг, минг йиллик
Алданишни истамаган бекам тақдир…
Алданишни истамаган бекам тақдир.