Чоршанби ДЕҲНАВИЙ – 1948 йилда туғилган. Тожикистон давлат университетининг филология факультетини тамомлаган. “Соясини эркалатган аёл” китоби,
“Ангези чаразҳо”, “Уй иши” тўпламлари муаллифи.
Раҳима холанинг тинкаси қуригандан-қуриб борарди. Аввалига бу ҳолатини
ўзига олмади. Қариликка йўйиб, инғир-синғир ивирсиб юраверди. Тобора суяги
оғирлашиб, тез-тез толиқавергач, турли хаёлларга чўмадиган, гоҳида… Умрининг
охири кўриниб, сиқилиб безовталанадиган бўлди. Ахир ҳали орзулари кўп,
уларнинг армонга айланишини истамасди. Тағин Худо билади…
Хола атайлаб яхши ниятлар қилар, бироқ кўнгли ёришмасди. Аксинча, эски
яраси тирналгандек кўзлари аянчли қисиларди. Оғриқдан эмас, аламдан. Тўғри-да,
нималар истаганди-ю, нималар бўлди? Суюнчига тугиб қўйган тугунининг қати
ҳалиям очилмаган. Бешик тўйига атаб неча марталаб сўқим боқди. Сочқига йиғиб
қўйган тангаларининг ҳар бир тугуни муштумдай-муштумдай. Катта куёвининг
сурувига иккита совлиқ қўшганига ўн уч йил бўлди. Урчиб, ўзидан роса кўпайган
бўлса-да, ҳали-ҳамон қизининг юзи ёришмади. Дардини ҳеч кимга айтолмайди.
Ҳатто ўлигининг эгаси ўғлига ҳам. Унинг ҳам боши қотган. Синглисининг зое
кетаётган умрига ачиниб, эридан ажратмоқчи бўлган эди, холанинг ичига чўғ
тушди:
– Одамларнинг “деди-деди”сига учма, ўғлим. Биров билиб гапиради, бошқаси
билмай.
– Аниғини поччаси айтди, эна. Дўхтирлар қизингизни сов деган, лекин мита
тушган уруғ кўкармасмиш!
– Шундай бўлсаям… Ноумид – шайтон.
Бу хабардан холанинг кўнгли таскин топмади. Аксинча, вужудининг қаеридандир
нимадир узилгандай бўлди. Рост-да, эсизгана қизи! Кенжа эди, эрка эди. Хор бўлди!
Начора, тақдир бовламаса бекор экан.
Хола охир-оқибат касалхонага тушди. Қизи йўқлаб келди. Ранг-рўйи бинойидек
кўринса-да, кўнгли бўм-бўш туюлди. Бу кўнгил қандай ҳам тўлсин?! Ёши ўтган
сайин бор умидлари ҳам сўниб бормоқда. Табибларнинг на эскичаси қолди, на
янгичаси. Бирортаси кор қилса-чи? У тенгиларнинг этаги бола-бақрага тўлгани
қачонлар! Анавинда маҳалла раисининг тўйида… рақсга тортишган эди, ҳатто шу
ҳам боёқишнинг кўнглига сиғмади. Кайвони “қарз бўлсин!” деб бошига рўмол
ёпди. Туни билан мижжа қоқмай чиқди. “Наҳот қарз қиёматга қолса”, деб.
Ҳозирам кўзлари нам. Ўзини онасига ачинаётгандек тутса-да, ўз дарди ичига
сиғмаётгани шундоқ кўриниб турарди. Хола барини сезиб, ич-ичидан адойи тамом
бўларди…
– Келиб бекор қипсан, – хола чеҳрасини зўраки ёриштириб, қизини аёвсиз
чўқилаётган хаёллардан чалғитмоқчи бўлди. – Кексанинг сови борми, болам?
Йўталгандаям, аксиргандаям келаверишинг уйдагиларингга ёқмайди.
– Ўзлари жўнатишди. Куёвингизам келмоқчи эдилар, қўшнимиз келин
туширяпти.
– Ишқип, тинчмисизлар? Қайнонанг, қайнотанг омонми? Опанггам бориб
турадими?
– Уч кун бурун келиб кетувдилар. Ўшандан бери уйимиз алғов-далғов.
– Нега?
– Опам бизга боласини бермоқчи бўлдилар.
– Бунинг нимаси ёмон? Болали уй бозор дейдилар.
– Қайдам. Қайнонамнинг жазаваси тутди. Худо бермаган ул бўлмасмиш!
– Майли, қизим, ўшалар нима деса шу. Худойимнинг даргоҳи кенг. Бераман деса
ҳалиям кечмас…
Ҳамшира кириб, холанинг кўзларида ёш кўрди.
– Йиғламанг, – юпатди у, – ҳали кўрмагандай бўп кетасиз, – ва қутичасини
ковлаб, дориларини берди. – Сиздан баттарлари келиб, отдай бўлиб кетган.
– Илоҳо айтганингиз келсин… Кечаги гап рост чиқдими?
– Учта туққан келинчакми? Рост. Биттаси ўғил туғилганда зўр бўларди-да!
– Худонинг бергани.
– Шу билан супра-ўқловини йиғиштирарди-да, – кулди ҳамшира.
– Қанийди бандасининг айтгани келса! Сизники нечта?
– Ҳозирча йўқ. Бўлгану истамаганмиз.
– Нега энди? Уволини ўйламадингизми?
– Бола ўстиришнинг ўзи бўлмайди, хола. Аввал ўзимиз учун пича яшаб олайлик.
– Иккинчи хотинмисиз?
– Худо сақласин-е! – хижолат бўлди ҳамшира. – Биз севишиб тумуш қурганмиз.
“…севишиб турмуш қурганмиз”.
Қизи бояқиш, севги нималигини ҳам билмайди. Ихтиёрини ҳам сўратган эмас.
Отам деди, онам деди, лекин дуодан кўкармади. Қайтамга қарғиш олганларнинг
куни туққан. Дунёнинг на тоши бор, на тарозуси. Биров зор, биров безор. Бир
ҳисобда ўғли ҳақ: синглиси ўз уйида бегонадай гап. Қайнотасиям “қизим”лашни
бас қилган, эрига эса оға-инилари хотин излашяптимиш. Нима ҳам дерди?!
Мевасиз дарахтни кесадилар, ўтин қилиб ёқадилар. Қисматида битилгани шу бўлса
ўзгаларнинг айби нима?!
Холанинг касали чўзилди.
Бироқ ўзини ўйламасди.
Хаёлида ҳамон қизи.
Бир гал гап очганди, қизи “ёрилди”.
– Дўппиманми дуч келган бошга тушаверсам! Бундай ямоқ-ясқи бахтдан кўра
менга ўлим тиланг, эна!
– Ундай дема, қизим. Бағритош ҳаётда нималар бўлмайди? Жавобингни бермаса
иззатингнинг борида битарингни кўр демоқчиман. Акангга қўйганимда…
– Акамни қўя туринг, эна, – холанинг сўзини бўлди қизи. – Менсизам ташвиши
мингта!
– Бундай пайтда ташвишни ўйлармиди, болам. Униям егани юқмай юрипти.
– Отамни кўмди, сизнинг аҳволингиз бу. Болалари каттароқ бўлгандаям бунчалик
чарчамасди. Оғирини енгил қилиш ўрнига ортиқча юк бўлайми?!
– Сиғинди бўлиб юришинг яхшими?
– Пешонанинг шўрини ювган билан кетмайди, эна.
– Эринг нима дейди? Бўлар-бўлмасга жеркиб, қилдан қийиқ қидирмайдими?
– Қўйинг, эна, шу ҳақда гапирмайлик. Юрагим безиллайдиган бўпти.
– Ихтиёринг, болам… Энди уйга қайтсанг ҳам бўлади. Анча тузувман.
Хола тузув эмас эди. Оғирлашгач, уйга жавоб беришди.
– Тузалмасканманми? – барини сезиб, ўғлидан сўради хола. – Бошингни тик тут,
ўғлим. Қайси келган кетмай қопти?
– Етмишга кирган бўлмасангиз, саксонга…
– Камини сенларга қўшсин, ўғлим.
– Ўғил дедингиз, қиз дедингиз… На ҳузур кўрдингиз, на ҳаловат.
– Кўрдим, ўғлим, кўрдим. Бошимда тоғдай бўп турганинг камми…
Синглингга қийин. Тушимга кирипти. Соясини бағрига босиб, эркалаётганмиш…
Уни сенга, сени Худога топширдим, болам. Эри билан ажралишни истамаса
мажбурлама…
Холанинг тили курмалиб, нафас олиши тобора қийинлашарди.
– Синглингни чақиртир, – дейишди битта-яримтаси. – Интиқлик ёмон. Кутавериб
жон бериши қийинлашяпти.
– Кераги йўқ, – деди кампирлардан бирови ва энгашиб, холанинг юзларида
сизаётган кўзёшларини артди. – Эгачи, мени эшитяпсизми?
Хола кўзларини унга қаратди.
– Суюнчи берадиган бўлдингиз, – кутилмаганда ҳаммани ҳайратга солди ҳалиги
кампир. – Қизингиздан хушхабар келди. Келолмаганининг сабаби бор экан, эгачи.
Холанинг карахт юзларини қандайдир хушнудлик учқунлари ёритгандек бўлди.
Қувончини ифода этолмаётган кўзларини ўғлига қаратиб, этсиз бармоқлари билан
тўрдаги сандиққа ишора этди.
– Йўқ, эгачи, суюнчисини елкамга ўзингиз ташлайсиз. Унгача бироз мизғиб,
чарчоғингизни чиқаринг…
Бироқ ўшанда… Кампирлар тўқиган ёлғоннинг рост бўлиб чиқишини ҳеч ким
хаёлига келтирмаган эди.
БЕКА
Бека уйғонганда тонг энди оқара бошлаган, болалари эса ҳар галгидай ҳали
уйқуда эди. Тўзғиган сочларини эпақага келтириб, ўрнидан турди ва оёқ учида
юриб, ташқарига чиқди. Кузнинг намиққан ҳавосидан эти жунжикди. Бунга эътибор
бермай, апил-тапил супра ёзиб, ун элади. Хамир қоришга қўйган суви илигунча
сигирини соғди. Хамирни ийлаб бўлиб, сут пиширди, дастурхон ёзиб, чой дамлади,
болаларининг ювишнишига сув тайёрлаб, уйдагиларни уйғотди. Кичкинаси кечаси
билан ухламай чиққанди. Ҳозир ҳам тинмай ғингширди. Бир қўли бешикда, бир
кўли эшикда – қўшнига ҳам бир косагина сут чиқартириши керак, болаларига
тайинласин…
Қўшнисининг аёли яқинда уйдан кетиб қолган. Тили бирам заҳар эдики, на
уйдагиларига тинчлик берди ва на бошқаларга. Жағи бир қизиса, оқшомгача
совимайди. Эр-хотиннинг жанжалларидан безор бўлган қишлоқ оқсоқолларининг
аёлни муросага келтириш учун айтмаган сўзлари-ю, келтирмаган мисоллари
қолмади. Билганидан қолса-чи!
– Ҳўй, келин! – деганди унга шу сафар ҳам оқсоқоллардан бири зардаси қайнаб, –
ҳеч қурса гулдек болаларингни ўйла! Шуларни тирик етим қилишга қандай кўзинг
қияди?
Аммо аёл шартта деди:
– Қайси бола она гўрига кирибди ?! Тан-жоним соғ бўлса, этагим тўла бола…
Қўшни аёлнинг эри ўқитувчи. Ишга эрта жўнайди. Уйига келгач эса, қишлоқчилик
эмасми, мол-хол, томорқа ташвиши билан кунни кеч қилади. Шўрликка ачинганидан
эрталаб болаларидан бир коса сут чиқартириб туради.
Бека болаларини едириб, кийинтириб, мактабга жўнатди. Уларнинг ортидан
чиқарган кийимлари бир тўққиз бўлди. Орасидан кирларини ажратиб, тоғора бошига
чиқариб қўйди. Ўчоқдаги қозонга сув тўлатиб, тагига олов ёқди. Ҳали замон эри
келади. Туни билан трактор ҳайдаб, мола тортган. Унгаям ювиниб олишига иссиқ сув
керак. Айтганча, совун тугаганди-ку! Дўконга чиқса, аксига олиб, сотувчи шаҳарга
кетган, дўкон эса ёпиқ экан. Уйга қайтганида амаллаб ухлатган кичкинаси бешикда
биғиллаб йиғларди. Болани апил-тапил ечиб, эмизишга ўнглангандики, Россияга
кетган қўшнисининг хотини чақириб қолди. У эрталабдан ясан-тусан қилиб олган,
бўйни-бармоқларидаги тилла тақинчоқлари кузак офтобида ярқирарди. Кайфияти
чинданам яхшими ёки атайлаб тилла тишларини кўз-кўзлаяпти, ҳар қалай оғзи
қулоғидайди.
– Қўшнижон, манти қозонингизни бериб турсангиз, – суюлибгина деди у, – кеча
Мамат ака келувди. Қўшнингиз у кишидан бир-икки сўм бериб юборибди. Шунга
қуруқ оғиз жўнатмайин дегандим-да…
– Шу Мамат акангиз нуқул кечаси келадия, – ёқтирмайроқ ёрилди бека, –
қоронғида юрган одам ҳар балони босиши мумкин. Ҳиди чиқса – яхши эмас,
синглим!
– Қўйсангизчи, қўшнижон. Ҳамиша келадиган жойи бўлса.
– Келганда эшик очаверсангиз… Болаларингиз улғайиб қолган. Бунинг устига
қишлоқчилик. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди.
Бека истар-истамас манти қозонни чиқариб берди.
– Ўзимизга манти қозон олай десам, акангиз Россиядан зўрини олиб келаман,
шошмай тур, дейдилар. Россияники шишадан бўларкан. Биз ишлатадиган алюмин
қасқоннинг турган-битгани зарар эмиш. Вой, қаерга шошиляпсиз? – қайтиб
ичкарига кириб кетмоқчи бўлган бекани тўхтатди у ҳамон вайсашдан тўхтамай.
– Суюнчи бермайсизми? – деди кейин баттар оғзининг таноби қочиб. – Акангиз
мошин оптилар.
– Муборак бўлсин, – қуруққина жавоб қилди бека.
– Қуллуқ-қуллуқ! Мамат акага пул жўнатиб, шаҳардан уй ҳам олиб қўйинг,
дептилар. Мамат ака биттасини гаплашипти. Уйидан уч ҳовли нарида экан.
Деворлари ойнабанд дейди.
Бека суҳбатни калта қилди:
– Кичкинамни эмизишим керак, мен борай.
Бола кўкракни сўришга қийналарди. Аввалига бунга ҳам эътибор бермади.
Тувагини бўшатиб, тагликларини чиқариб ёйди. Димоғига қайдандир куйган
резиннинг аччиқ ҳиди ургандай бўлиб, хоналарга бир-бир кириб, искаланиб
чиқди. Ҳид айвондан, чой қўйган плитасининг суққичи йўқ сими қизиб, тутаб
ётганидан келиб турган экан. Симларини тўғрилаб, қайта ток узаткичга суқди.
Ибий: бузоқ бўшалиб кетибдими? Шошиб ҳовлига чиқди-да, бузоқни боғлаб,
сигирни арқонлади. Энди томорқадаги помидорга сув очиши, картошка эгатларини
чопиқлаши керак. Унгача болалари мактабдан қайтишади. Ҳали овқат осгани йўқ.
Қозониям банд. Совун қўшнилардан чиқиб қолар деган илинжда ҳали мактабга
чиқмаган қизини чақирди:
– Сарви! Ҳув Сарви!
Қизчадан садо бўлмади. “Унга ўйин бўлса бас!” Койиниб, тонгда қориган
хамирини тап-тап уриб кўрди. Бир пасда ачибди. Шоша-пиша зувала олиб, тандир
ёқди. Бу орада икки лўли аёл келиб, роса бошини айлантиришди. Улардан ҳам
“Хамирим ачиди!” деб, аранг қутулди.
– Ойи, ойи, – деди кўчадан ҳовлиқиб кириб келди катта қизи, – Холисаларникида
жанжал бўляпти.
– Кўчанинг гапини уйга ташима демаганмидим?! – жеркиб берди бека.
– Холисани шунақа сўкишдики!
– Унга буям кам! Шунча одамни алдаб, зор қақшатишни унга ким қўйибди!
– Нима қилган ўзи у, ойи?
– Қаердандир бўлмағир пиёз уруғ олиб келиб, роса мақтаб, пуллаган. Ҳа бу
пиёз экишнинг хизмати осон бўлса экан! Шу уруғни умид билан сепиб, қор демай,
бўрон демай, ўзини совуққа олдириб меҳнат қилганлар охирида жиззиқдай куйса,
жим турармиди? Бор, укангга қара.
– Жанжал қилиб келганларнинг бирови Холисанинг отасининг юзига бир
тарсаки урди.
– Хўп қилибди-да! Олчоқ қиз ўстирган отанинг давоси шу! Яна қаерга? Укангга
қара дейман!
Нони тандирда турмади. Буни лўлига хайр қилганидан деб билди. Ахир шанба
кун бировга нарса берса иш юришмайди деган ирим бор. Лекин эшигига тиланиб
келганни қуруқ қайтаргиси келмади-да. Тушган нонларини қайта ийлаб, чўққа
кўмди. Ит учун. Кўмма. Ўзи оч турса туради-ю, итини оч қўймайди. Эшитгани бор.
Қадимда қипчоқлар аёл хиёнат қилса эрни, ит ўғрилик қилса бекани жазолашаркан.
Бир ҳисобдан тўғриси ҳам шу – итми, аёлми, бир балоси бўлмаса бекорга йўртмайди.
“Мамат ака” деса тилидан бол томадиган қўшнисининг ити эса искаланиб юрганиюрган.
Шу тобда негадир боши айланиб, кўнгли айний бошлади. Тандирнинг
тафтидандир деб, орқароққа тисирилди. Кўнгли ўқчинди. Тинган кўзларига
кафтини босиб, беихтиёр ўтириб қолди. Назарида ер оёқлари остидан сузиб
борарди. Худди бошқоронғи бўлган пайтларига ўхшаб. Лекин гумонаси йўқ. Бу
ҳолатини камқонликдан деса, яқинда укол олди. Сувга бориб, юзини, бўйнини
ювди. Муздай сув танига хуш ёқиб, яна ювди. Нафаси ўнгланиб, ўзига келгандай
бўлди.
– Ойи, укам дам бўмаяпти.
– Сўрғични бер.
– Омаяпти.
– Ечиб, обке.
Чордана ўтириб, болага кўкрак тутди. Бу гал бола умуман сўрмади. Пешанасига
кафтини қўйди. Иссиғи баланд. Дорига турди. Тугабди. Хайриятки дўхтир
ўзларидан. Олиб борди. Шифокор болани текшириб, укол қилди, дори берди.
– Ўзимниям мазам йўқдай, дўхтир ука, – пайтдан фойдаланиб дардини айтди
аёл.
Дўхтир унинг юрагини, нафас йўлларини синчиклаб текшириб, қон босимини
ўлчади.
– Кўп қимирлайсиз-да, опа. Қон босимингиз яна тушиб кетибди. Бақувват овқат
еб, кўпроқ дам олишингиз керак.
– Дам оладиган нима ҳам қиляпман? Далада кетмон чопмасам, идора супуриб
ойлик омасам.
– Уй ишларини менсимай хато қиласиз, опа. Бир хонадон юмуши ўша ойлик
оладиганлардан баттар чарчатади. Кўзга кўринмагани билан тиним бермайди.
– Тиним бермагани билан ўзимники-да. Биров қип берармиди?!
Мактабдагилари қайтди. Овқат ҳали тайёр бўлмаган. Болалари келиши билан
қорин уқалай бошлашди.
– Афтларингни буриштирмай, уст-бошларингни алмаштиринглар! Унгача
пишади. Сарви, шакар оп чиқ.
– Топканингиз шакар!
– Бўлмаса қўй сўйиб берайми?! Эрка бўпсанлар! Отангнинг эртадан кечгача
чанг ютиб юришига бировинг ачимайсан. Баринг ўз ғамингда! Тағин ўғилмиш!
Қорин қуллари.
Ва шундагина ўзи кечадан бери туз тотмаганини пайқади. Силласининг қуриб
бораётгани шундандир? Ахир бир дам ўтириб, бемалол овқатланишга вақт қайда!
Йўл-йўлакай туядай тамшаниб юргани юрган. Ҳали томорқага сув очгани йўқ.
Кирлари ҳам тоғорада. Совунга чиқмоқчи эди. Сигир бўкиряпти. Бузоқ қуёшда
қопти. Эси қурсин, буғдойга чумчуқ қўнган, бугуни билан қўримапти ҳам. Эри ҳали
замон ишдан келиб, еру кўкни остин-устун қилади: уйда ялпайиб ўтириб буғдойни
чумчуққа едирибсан деб! Сутниям ивитмабди… Ўзи унга нима бало бўлган? Ҳеч
нарса эсида турмайдиган бўп қолдими, тавба?
Бирдан қулоғига аввал аёл кишининг, кейин эркакларнинг қоришиқ йиғи товуши
чалинди. Юраги ҳапқириб кетди. Наҳот Алиқулнинг хотини бўлса? Очилмай
сўлдими, боёқиш? Ўрнидан туриб эди, қизи югуриб келди.
– Ойи! Хотамнинг отаси ўлибди!
– Алжирама! У Россияда-ку?
– Рост. Ҳозиргина шу ҳақида хабар келибди.
Қўшнисиникида йиғилганларнинг бошига осмон қулаган эди. Кимдир йиғлар,
кимдир ерга тикилганча қотган.
– Йиғи-сиғини тўхтатинглар, – деди ниҳоят вазиятни бошқармоқчи бўлиб
маҳалла оқсоқоли, – тезроқ бир тўхтамга келиш керак. Келинни чақиринг.
Мамат қўшни аёлни суяб чиқди.
– Раҳматлининг майитини у ёқдан олиб келишга кимлар жўнайди? – аёлга
юзланди оқсоқол.
– Борадиган-ку кўп, – унинг ўрнига жавоб қилди Мамат, – ҳамма гап харажатида.
– Бунинг ҳеч кимга оғири тушмайди, деб ўйлайман. Раҳматлининг икки йилдан
бери жўнатиб турган пуллари бир эмас ўн марта Россияга бориб келишга етади.
– Жўнатиб турганда итдан суяк қарздор бўлмасдим, – қўшни аёлнинг кўзлари
қисилди, – хайриятам Мамат ака бор экан, арқонимизга қил бўп турдилар.
– Қизиқ! – елка қисди оқсоқол, – унда ким эгалик қилади?
– Эли бор, уруғи бор.
– Келин, ўйлаб гапир ! Ҳозир ҳамманинг ҳам топгани ўзидан ортмаяпти.
Кигиз кимники бўлса, билак шуники! Тўнни тескари кийишдан фойда йўқ!
– Мен борини айтдим. Иложи бўлмагандан кейин қўлимдан нима келарди?
Бека уйга қақшаб қайтди. “Наҳот дунё дегани шу бўлса? Эрталаб шу аёлнинг
оғзи қулоғига эмасмиди? Ўз жуфти ҳалолидан бисотини аяса-я! Эсизгина йигит!
Ўлиги ҳам сарсон бўлмасайди!”
– Ойи, овқатингиз пишдими?
Бека илкис қуёшга қаради. Кун ҳам поёнига етай деб қолибди. Лекин қанча иши
қоп кетибди. Поёнига етмай. Назарида уларнинг бари поёнсиз эди. Лекин улгуриши
керак. Ўшандагина бу алағда кўнгли таскин топади, эркин нафас олади. Чунки у
аёл
«Шарқ юлдузи» журнали 2024-йил 05-сон