Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Машшоқ


Эркин АЪЗАМ – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, кинодраматург. 1950 йилда туғилган.Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетинитугатган. “Отойининг туғилган йили”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Шоирнинг тўйи”,“Шовқин”, “Кечикаётган одам” каби бир қатор китоблари чоп этилган. “Дилхирож”,“Эркак”, “Сув ёқалаб”, “Паризод” ва бошқа кўплаб бадиий фильмларнинг сценариймуаллифи.


Киноқисса

Машшоқнинг ўзи
Эрталабки палла. Олачалпоқ ёғдулар мўралаб турган зинапоядан оқсоқланаоқсоқлана бир одам тушиб бораётир. Икки елкасида – ё ғилофбанд, ёки узун
боғичли бир талай мусиқий соз: дутор, ғижжак, гитара; бўйнидаги чизимчада най;
бир қўлида чарм ғилофли дойра, унисида саксофон. Бутун бошли ансамбль дейсиз!
Гўёки ҳар ёғига ҳар бало осиб ташланган полиз қоровулига жон киргану зиналар
бўйлаб лик-лик ўйин тушмоқда.
Бу киши – мусиқа муаллими, машшоқ. Эллик-эллик беш ёшлар миёнасида.
Сочсиз пешонаси дўмпайиб кўринади – тепакалликка номзод. Ўзи ориқ, чаққон,
новчага тортади. Аммо оқсоқлигидан ҳар чап ёнга ташлаганида бўйи пасайиб,
паканалашиб қолгандек туюлади, қаддини тикласа – новчагина.
Йўлак дафъатан бояги созларнинг бетартиб, беусул ғат-ғутига тўлиб кетади.
Бу шовқин бир неча сония ҳукм сургач, орадан ғижжак ноласи, сўнг най навоси
ажралиб чиқади. Хиёл ўтиб, юракни орзиқтиргувчи майин най сасигина қолади…
Торгина йўлак осмоний нурларга тўлиб, саҳро мисол кенгайиб кетган;
пиллапоялар бир-бирига уланиб улкан, сидирға зинапоя ҳосил қилган; ундан
битта-битта қаторлашиб туя карвони чиқиб бораётир – лўк-лўк, лўк-лўк. Карвон
бошида кетаётган сарбон – таниш машшоқ салласига қистириғлиқ найни қўлга
олиб, лабларига қўндирган…
Манзил узоқ, узоқ; баланд, баланд – осмон қадар!..
Титр – экран ёзувлари остида созанда муаллим кўп қаватли уй соясида турган
ажабтовур уловига мусиқа анжомларини жойламоқда.
Улов ростдан ҳам антиқа. Уч оёқли миттивой. Орқаси фургон дейсизми, тунука
будками, ишқилиб қутисимон бир тиркама. Қўлбола матоҳ. Ҳаммаёғи мусиқий
анжомлар тасвирига тўла: рубоб, тор, ғижжак, дойра, гитара; бир тарафида най
пуфлаётган болакай, иккинчи тарафда – дутор чертаётган ойсанам акси.
Ана шу қиёмат аравамиз узун уй бўйлаб бориб, ёнбошга қайрилган жойда
тўхтайди. Қўлида аллақандай қоғоз, Машшоғимиз тушади.
У деворга яқин келиб, устма-уст қалашиб ётган эълонларга паришонҳол назар
ташлайди-да, қўлидаги қоғозни шулардан бирининг устига ёпиштиради. Кафти
билан аста текисларкан, ён-верига ўғринча қараб олади. Сўнг бир қадам ортга
тисланиб, энг эътиборли жойни эгаллаган “ижоди”га кўз югуртиради.

ЭЪЛОН
Уйда ўтирадиган ёшу қари ногиронларга соз чалишни ўргатаман. Дутор,
ғижжак, гитара, най…
Иш вақтим – 10 дан 19 гача.
Тел. рақамим: +998 99 990 19 91.
Сабоқ ҳақи ўзаро келишилади.
Илтимос, тўрт мучаси соғлар қўнғироқ қилиб овора бўлмасин.

Машшоқ


Учоёқ бинонинг орқасига ўтиб кўздан ғойиб бўлган заҳоти қора либосга
ўранган-чирманган бир аёл пайдо бўлиб, йўл-йўлакай бояги эълонни юлқиб олиб
кетади.
Мана, ажабтовур аравамиз шаҳар кўчалари бўйлаб пилдирабгина кетмоқда. Ёнверида не-не ҳашам автолар, бизники ҳеч бирига ўхшамайди, назарногир. Лекин,
кўрганнинг кўзи шунда. Биров унга масхараомуз кулиб қарайди, бошқаси – қизиқиб,
ажабсиниб. Йўл посбонлари эса ростакамига “честь” беради. Ҳар куни ўтибқайтади, таниш. Фойдаси ўзиникидиру, бизга зиёни тегмайди. Шунча ҳашаматнинг
орасида биттагина масхараси юрса юрибди-да!
Машина ичида яна бояги ғат-ғут, яна ғижжак, яна най…
Устоз пешойнага ёпиштирилган жорий рўйхатга кўз ташлаб олади. Бугун кимдан
бошласак экан?
1. Моцарт бола.
2. Телефончи тирмизак.
3. Инсульт ака.
4. Гитарачи “афғоний”.
5. Арбоб бобо (тушлик).
6. А…
Охирги ҳарф – “А” катталашиб кўринади.

Меҳрибон ука (эслаш)
Бойвачча. Хушсурат. Соқолдор. Қора кўзойнакли. Бўйнида тилла занжир.
“Мерседес”га суяниб турибди. Аммо ўта сертавозе, ширинзабон.
– Қанча сўрасангиз тайёрман! Катта опамиз. Ҳаммамиз яхши кўрадиган,
ҳаммамизга меҳрибон. Қаранг, шу дардга йўлиқиб қолди денг. Бўғин касали ёмон
экан. Обормаган жойим қолмади: Германия, Исроилу Ҳиндистон… Давоси йўқ
эмиш. Ўзи бефарзанд эди. Почча номард чиқиб, бошқасига уйланиб кетди. Нимаям
дердингиз, туриб-туриб пианино чалгиси келадими-ей. Оқсоч – хизматида. Қанча
сўрасангиз…

Моцарт бола
Ишни энг узоқдан бошлашга қарор қилиб, Машшоғимиз уловини шаҳарнинг
бир чеккасига қараб ҳайдайди.
Эски даҳалардан биридаги ўртаҳол ҳовлида уни ушоққина кампир – боланинг
бувиси кутиб олади. У кафтларини кўкрагида жуфтлаштирган кўйи ҳиндийча салом
қилгач (собиқ ҳинд тили муаллимаси), биров эшитиб қолишидан ҳадиксирагандек
пичирлаб, дарвозадаёқ суюнчи олмоққа шошади:
– Эшитвотти, эшитвотти!
– Намасте, – дейди Машшоқ кулимсираб. – Ростданми? Қандай билдингиз?
– Кеча эрталаб, отаси ишга кетганида уйғотмоқчи бўлиб кириб, исмини айтиб
чақирсам, кўзларини чартта очиб ўрнидан туриб кетсами денг! Кейин ҳам бир
неча бор синаб кўрдим – қаравотти! – Кампиршо эъзозлаб Машшоқнинг билагини
силаган бўлади. – Сиззи хизматиз, оповси, сиззи!
– Бир-икки кун келолмадим. Машқларини бажаряптими ишқилиб?
– Вой, бир зум тинса-чи! Бир қарасангиз – қўлида рубоб, бир қарасангиз –
аккордеон. Чилдирмасини уравериб-ку қўшниларнинг безорини чиқарди. – Буви
яна овозини пасайтиради: – Чалвотган куйлари-чи, бир бошқача, ҳеч кимникига
ўхшамийди. Ўзи тўқиб ташлавоттими дейман…
– Мумкин, – дейди устоз кўнгил учун. – Ана, Моцарт деганлари ҳам болалигидаёқ
мусиқа ёзган.
– Ҳа-а, бунимиз ҳам шунақа, Моцарт бўвотти! Худойим берган якка-ю ягона…
Моцартликка даъвогарнинг ўзи ҳовли тўридаги каттакон сўрини банд этган –
гирд-атрофида мусиқа асбоблари қалашиб ётибди. Устозини кўриб у одатича “дик”
этиб ўрнидан туради, сўри четига келиб ўзини унинг қучоғига отади.
Ўн-ўн икки ёшлардаги бола. Қош-кўзи қоп-қора, сочлари бет-бўйнини чирмаб
олган – қуюқ, ёқимтойдан-ёқимтой. На гапиради, на эшитади – кару гунг. Лекин
шундай тиришқоқ, тезфаҳмки, бир кўрган нарсасини бехато такрорлаб беради.
Устоз-шогирд машғулотга киришадилар.
Бола аккордеондан бошлайди.
У қулочини кенг ёйиб созни икки ёнга тортаркан, кўзларини юмиб бошини
орқага ташлаганини жимгина кузатиб ўтирган устоз чиндан ҳам болада аллақандай
ўзгариш бўлганини пайқайди. Бироқ яхши томонгами, бошқами, ҳозирча бир нима
дейиш қийин.
Бир-икки ойдан бери бу ерга қатнайвериб, имо-ишора тилини бирмунча
ўрганган устоз ҳозир шогирд билан баробар рубоб чаларкан, боланинг эпчил
бармоқларига боқиб завқланади; ҳар замонда қўлидаги созни тиззаси устига қўйиб,
фақат иккаласи тушунадиган тилда нималарнидир уқтирмоқчи бўлади. Бола дарров
илғаб олиб, созини ўша йўсинга солади ё… ўжарликка олади.
“Нега бунақа қиляпсан, буздинг-ку? Қисқа жойини чўзиб юборасан, паст
парданинг ўрнини баланд парда босиб кетади…”
“Биламан, қолипни бузяпман. Лекин шундай қилгим келади-да, устоз! Асли
шундоқ бўлиши керакдек туюлади менга…”
У қайтиб аккордеонда “Наврўзи Ажам”ни машқ қиларкан, усул ўзанини бузиб
таронага бошқачароқ оҳанг аралашаётганини сезган Машшоқ лабини тишлаб
қолади: яхшиликка бўлсин! Шогирд эса парвойи фалак, кўзларини мастона юмиб,
баттар-баттар шўхлик эта бошлайди…
Шунда гўёки теварак-атрофга жон кириб, куйга монанд сархуш чайқалмоққа
тушади: чорпояга соя солиб турган кекса ўрик ҳам, узоқ-яқин дару девор ҳам…
Этак тарафдаги ёзги ошхонада нимадир юмуш қилиб юрган жонсарак кампиргача.
Кафтлари доимгидек кўкрагида жуфт, лаблар “о-о-о” деяётган каби чўччайма,
турган жойида нари-бери бориб келмоқда у…
Машғулот сўнгида устоз-шогирд бир-бирига узоқ тикилиб қолади. Бир тўхтамга
келишадими, бола шодон чапак чалиб юборади, устози унга қўшилади…
Буви Машшоқни кузатиб чиқаркан, дарвоза олдида унинг қўлига пул қистиради:
– Мана, бир ойлик. Эрталаб отаси ташлаб кетди.
Машшоқ пулдан бир донасини суғуриб олиб кўкрак чўнтагига тиқади-да,
қолганини қайтиб беради.
– Ия, нега?.. Камми?
– Кўп. Суюнчи бу, опа, суюнчи!
– Вой, ростданми? Боя айтдим-ку! Моцарт бўвоттими?
– Бетховен денг!
– Ҳаҳ, тилларингиздан!.. Қайсиси зўр, оповси: Моцартми, Бетховенми?
– Ҳув анови чорпояда ўтирган бола зўр! Неварангиз зўр!
– Раҳмат, оповси, раҳмат, – дейди кафтларини кўксида жуфтлаштириб кампир
ва Машшоқнинг назарида ёш қизчалардек енгил бир ирғишлаб қўйгандек ҳам
бўлади. – Сиззи хизматингиз, сиззи! Худойим берган якка-ю ягона…
Юсуф афғоний
Машшоғимиз, елкасида бир қулоч ғилофли танбур, зинапоядан иккинчи қаватга
чиқиб, ўзгаларига ўхшамаган бир эшик олдида тўхтайди.
Эшик оддий, ўзгачалиги – сиртида бўйнига гитара осиб олган эллик ёшлардаги
кишининг қасноққа солинган сурати. Қасноқ безакдор, киши жингалаксоч, суратда
қувнаб-яшнаб турибди.
Қасноқ тагидаги мис тасмада йирик ёзув:
ЮСУФ АФҒОНИЙ
гитарачи

Машшоқ эшик ёнбошидаги тугмачани босиб-босиб қўяди.
Ичкаридан бўғиқ жиринг эшитилиб, хиёл ўтмай остонада калта халат кийган
ўрис аёл пайдо бўлади. Уй бекаси.
– Здравствуйте, здравствуйте, – дея саломлашади у хушҳоллик билан. – А его
забрали в больницу. Очередь подошла.
– Извините, прошлый раз я не смог прийти, – дейди Машшоқ хижолатомуз, –
два-три дня был болен.
– Ничево, ничево, Эйфель на месте, не сгорел, – деб қиқирлайди эрига ўхшаган
қувноқ-қақилдоқ хотин. – Он только попросил позвонить ему в больницу.
– Хорошо, бўпти. Я сейчас же…
– А вы особо не слушайте его. Ваш танбур незачем ему. С этим инструментом
его никуда не пригласят.
Машшоқ бир лаҳза хотинга анқайиб қарайди-ю, индамай бурилиб зинапоя
томон қадам босади. Довдираб қолганиданми, пастга эмас, юқорига қараб юради.
Бека аллақачон эшигини ёпиб олган, бу ҳолни кўрмайди.
…Машшоқ бешинчи қаватдан тепага – томга чиқадиган зинада ўтирибди.
Шапалоқ телефон деворга тираб қўйилган. Унда – кўк “телняшка” кийган, бояги
суратдан бизга таниш Юсуф афғоний; чап тиззасидаги гитарани тинғирлатаётир.
Устоз ҳам дароз танбурини тикка қилиб, қанақадир оҳангга мосламоқчи. Чамаси,
икки томон чолғуларини бир хилда созлаб бир куйни чалмоқчи.
…Касалхона палатаси. Икки кишилик. Девор томондаги каравотда ўтирган
биров ёстиққа суянганча шеригининг қилиқларини мароқ билан кузатаётир. Чап
қўли йўқ, у ҳам “афғоний”, унинг ҳам эгнида “телняшка” – худдики ўша жанги
қиёматда битта-битта улашиб чиққандек.
Бериги каравотга ўрнашган Юсуф афғонийнинг одатдагидек оғзи қулоғида,
завқ билан бағридаги созни жўр оҳангга солмоқ бўлади. Дам-бадам ёстиққа тираб
қўйилган шапалоқ телефонига кўз ташлаб олади.
Экранда – зинапояда ўтириб олиб танбур илмидан сабоқ ўтаётган хокисор устоз.
Гитарасига ёпишиб олган шогирднинг чап оёғи каравотдан осилиб турибди,
униси эса йўқ.
Устоз-шогирд танбур тароналаридан бирини жўрнавозликда ижро этмоқ
бўлаётир, аммо – “Мен не дейману, қўбизим не дер…”
– Сиз пастдан олиб кўринг-чи, – дейди устоз охири.
Созлар барибир қовушиб жаранг бермайди.
– Ўзимча бир янгилик қилмоқчи эдим-да, устоз, чиқмади-я? – дейди шўх
ҳайқириб Юсуф. – Айтганман сизга, мен бу савилни қон-қиёмат ичида юриб
ўрганганман. Асли муддао танбур эди. Ёшликдан. Майли, бу ердан чиқайлик-чи,
тағин бир уриниб кўрармиз.
Устоз унинг кўнглига борибми, таскин берган бўлади:
– Ундай деманг, Юсуфжон, ҳар бир сознинг ўз мароми, ўз оҳанги бўлади. Дейлик,
гитарангиздаги айрим усуллар бизнинг созларда дуруст чиқмаслиги мумкин. Ҳозир
сиз нимпардани оляпсизу, чорагига келганда чолғунгизнинг нафаси етмай қоляпти.
Усул бериб тургани ҳам ғанимат.
– Келинг, асл танбур наволаридан битта бўлсин, устоз!
…Зинапоя. Машшоқ кўзларини юмиб олган, бор дунёни унутиб, селу селоб
бўлиб “Наво” таронасини ингратмоқда.
Торлар титрайди, нола қилади; уларни титратмага солаётган зотнинг юз-кўзида,
бор вужудида шундай андуҳ, шундай изтироб зоҳирки, кўрган одам қўшилиб дод
деса!..
Икки жужуғини эргаштириб бешинчи қаватдаги уйдан чиққан жувон бу
томошага бир лаҳза анқайиб, сўнг девонадан қочгандек орқасига қарай-қарай
пастга туша бошлайди.
…Палата. Икки қисматдош, икки ногирон ёстиқ устида ётган телефондан
таралаётган ларзон нолаларга маст бўлиб қолган, кўз олдиларидан не манзаралар
ўтаётир – Биру борга аён!
Инсульт ака
Ажабтовур уловимиз шаҳар кўчаси бўйлаб оқиб бораётган машиналар
қуршовида олға жилмоқда.
Одатдагидек, ён-веридан ўтаётган расмона машиналар унга пичинг отади:
ия, бу миттивойни қаранг; нари тур-э, мишиқи; оббо, ҳаммаёғи ажи-бужи расм,
масхарабозмикан; э-э, ўтинг-ўтинг, катта ака; шунақа чурвақаниям кўчага қўядими,
ҳов командир, қаёққа қараяпсан!..
ГАИчи “командир” эса миттивойни кўриб олқиш йўллайди – “честь” беради,
афти ёришиб, завқ билан.
Учоёқни пилдиратиб бораётган Машшоқнинг атроф билан иши йўқ, қулоғида
телефон мосламаси, ким биландир баланд-баланд сўзлашиб кетаётир; билмаган
одам ўз бошига вайсаётган бир девона деб ўйлаши мумкин.
Йўқ, янги мижоз билан “савдолашаётир” у.
Келинг, у музокарасини чўзаверсин, сиз билан биз шаҳар кўчаларида кезайлик…
– Чап қўлим дедингиз-ку, ака!
– Ҳа, чапи, чап қўл.
– Дутор ўнг қўл билан чалинарди…
– Ўнги менга керакмас, ўнги бутун. Дўхтирим кўпроқ чапини ишлатинг, иложи
бўлса, дутор чертишни машқ қилинг, деяпти.
– Ўнги билан чертса бўлмасмикан?
– Ўнги керакмас, деяпман-ку сизга!
– Кечирасиз, отингиз нимайди, ака?
– Инсульт! Туппа-тузук юрувдим денг, жиянимизнинг тўйидан икки кун ўтиб
шу аҳвол! Сал кўпайиб кетдими дейман… Тўй зўр ўтди аммо, даҳшат! Пулбўрон
бўлиб кетди-ёв! Полда эмас, пулнинг устида юрдик. Ўзимиз ҳам роса сочдик!
– Инсульт… ака, мен рўлда эдим, муддаодан келинг, муддаодан!
– Йўқ, мана, гап-сўз жойида, чап томон ишламай қолди, холос.
– Ўнгини ишлатаверинг ҳозирча, у ёғигаям жон кириб қолар.
– Менга чап керак-да.
– Чапақаймисиз, нима?
– Ана энди топдингиз! Неча пул бўлади, шуни келишсак. Иложи бўлса, арзонроқ
қилсангиз, яримжон одамман, инсульт…
– Сизники, инсульт ака, дўхтирлик экан. Чапақайларга соз ўргатиш менинг
қўлимдан келмайди.
– Ука! Ука, менга қаранг…
Ду-ут, ду-ут, ду-ут…
Ана энди бемалол шаҳарни томоша қилсак бўлаверади.
Собиқ арбоб
Каттакон чорси ҳовли. Тўрт тараф иморат, олди очиғу ойнаванд айвонлар,
гулдор тош терилган йўл-йўлаклар.
Гавжумлик. Гоҳ у ёнда, гоҳ бу ёнда қизил-пушти либосдаги қиз-жувонларнинг
соя-шарпаси, қимир-қимири.
Ҳовли ўртасидаги баланд, баҳаво кўшкда икки киши. Уй эгаси – собиқ арбоб
билан хокисор Машшоғимиз.
Арбоб пастак диван болишига тирсак тираб, тиззасидаги томоша дуторни эрмак
қилиб ўтирибди. Ўртадаги хонтахта – тўкин дастурхон!
У ўтмишда хийла катта арбоб саналиб, кўп ишларга бош бўлганига қарамай
хунукроқ, пачоққина одам. Айниқса, энди ёши ўтгач баттар бужмайиб, тиришиб
қолган. Аммо гап-сўзлари-ю иягини бир ёнга кўтариб виқор билан қарашлари
“шонли ўтмиши”дан дарак беради. Овозни айтмайсизми – гумбурлаган, нигоҳлар –
нақд тоғ бургутиники! Кўрибоқ, йўқ, ҳазилакам одам эмас бу, деб юборасиз!
– Бармоқлар юрмайди, қотиб қолган, тараша! Бир умр шуни чалишни орзу
қилиб ўтдим-а! Шунча йил деворда томошага осилиб турди, қўлга олмоққа на
фурсат бўлди, на ҳафсала. Бобом раҳматли дўмбира чертарди… – Арбоб дафъатан
меҳмонга зуғум қилиб қолади: – Эй, менга қаранг, овқатдан оласизми-йўқми?
Давай, анавиндан қуйинг, қани!
– Кетмайди, ака, – дейди Машшоқ қўлини кўксига қўйиб.
– Ҳа? Ошқозонми? Жигар? Намоз?.. Олаверинг, тозасидан бу! Ё рўлдамисиз?
Ничево, неваралар элтиб қўяди.
– Ҳали борадиган жойларим бор-да. Хизматчилик.
– Ана, тандирдан олинг. Свежий. Каттароғини, каттароғини! Хизматчилик
эмиш, понимаете! Тегирмон ишлаб турганда уриб ташламайдими буларни! Шу
лаган сизники, урвоғи қолса, каллангиз билан жавоб берасиз, ҳа!
Ҳақиқатан ҳам қорни очиб турган Машшоқ анвойи дастурхонга назар
ташлайди-ю, бир чеккадан паққос тушира кетади: бунақаси ҳар кун, ҳар жойда
бўлавермайди-да!
Мезбон тамшанган мисол унга ҳавас билан тикилиб ўтиради.
– Ўзингиз-чи, олмайсизми? – дейди Машшоқ ғарчиллатиб гўшт чайнаркан.
Арбоб оғзини катта очиб, тишсиз милкларини намойиш қилади:
– Мана! Ясамасиям турмайди. Тиш борида тишламоқ, бурун борида шимирмоқ
керак экан, укам! Энди томоқдан қуруқ сув ҳам ўтмайди-ю! – Машшоқнинг
саволомуз анқайганига жавобан надомат аралаш таъкидлайди: – Шундай. Муддати
битган. Лекин қани кўз тўйса, кўнгил тўлса! Бу ёғига еган таомингиз меъдага
заҳар бўлиб тушади. Бировнинг ейишини, ичишини томоша қилиб ўтирмоқдан
бошқасига ярамайсиз… – У одатича ногаҳон рўпарадаги айвон тарафга ҳайқириб
овоз солади: – Ҳо-ов, келин!
Худди кутиб тургандек, зина бошида келин пайдо бўлади. Аслида роса замонавий,
сочлар кесилган, бироқ ҳозир уйда “азбаройи замонасозлиғ” сипо кийинган жувон.
Ҳалпиллаган кўйлак-лозим, пешонабоғ.
– Лаббай, дода?
– Тезлат!
– Хўп бўлади, дода!
Арбоб худди ҳукм қилаётгандек, иягини бир ён буриб Машшоққа юзланади:
– Да, шундай! Фақат кўнгил, ташна кўнгил қолар экан, ука! Куй-қўшиқ шунга
бир малҳам, қувватдай гап. Бирпаслик бўлса ҳам қанот. Учасиз! Учаверасиз –
дунёнинг икир-чикирлари қолиб кетади, пастда, ҳув узоқда!..
…Ўчоқбошига айлантирилган ойнаванд айвон.
Икки келин – боя кўрганимиз ва батамом ўранган яна бири пишир-тушир билан
овора.
– Додамизнинг эркалари, – деб қўяди таниш келин ҳовли томон им қоқиб. –
Қачон шу кишим келдилар – бошланади…
– Мантини яхши кўрарканлар-да, а? – дейди қасқонга хомини жойлаётган
тақводор келин.
– Ҳаммасини яхши кўради! Қорнини қаппайтирмагунча жўнатмайдилар-да
додангиз!
– Лекин-чи, танбурни эзворарканлар. “Куйгай”ни чалганлари эсингиздами ўтган
гал? Эшитиб, йиғлагим келган.
– Дода айтувдилар-ку, чалмайдигани йўқ эмиш: рубоб, дутор, ғижжак…
Машшоқ-да.
– Қаёқдан ўрганган эканлар-а бунчасини?
– Бунақа тўкин зиёфатлар бўлгандан кейин ўрганади-да.
Э с л а ш
…Уй ичи. Ҳаммаёқ гилам, қадимий жиҳозлар. Баҳайбат диванда Арбоб бобо
ёнбошлаб ётибди. Бошини оқ қийиқ билан танғиб олган, бетоб. Биқинида “Рашаҳот”
китоби, бармоқлари муқова узра дикир-дикир қилади.
Машшоғимиз пастда, хонтахтага ёндош якандозда ўтирибди. Аста тинғирлатиб
танбурини созлаётир.
– Бунча созни қаёқдан ўргангансиз-а, ука? Дутор ҳам чертаверасиз, ғижжак ҳам
чалаверасиз…
Машшоқ танбурни тиззасига ётқизади.
– Тақдир ўргатди, оқсоқол! Болаликда денг оёқ синиб, қалтисроқ эканми,
тўрт-беш ой жойдан туролмай ётганмиз. Ота йўқ, ўлиб кетган. Онамиз раҳматли,
овуниб ётар дебми, қаердандир эски бир чилдирма келтириб берди. Шуни чалачала бошқаларига ҳам ўтилди-да. Бир тоғамиз тўйларга эргаштириб бориб, унибуни чалдириб, уч-тўрт танга топардик. Мана, бугун ҳам шу ҳунар кунимизга
яраб турибди. Йўқчилик-да, ака, тузук қаратолмаганмиз, оёқ бир умр оқсаб қолди,
чўлоқ…
– Э, куйинманг, укам, ана, Темур бобомиз оқсаб-оқсаб дунёнинг ярмини олган
экан, – дея ўзича таскин берган бўлади Арбоб. Кейин бирдан тўмтайиб олади: – Шу
дойра деганингиз ёқмайди-да менга. Даранг-дурунг, дунёни бузади. Кўп эшитдикда. Бир умр!..
– Дунёси-ку керак эмас, оқсоқол, – дейди ўксиниб Машшоқ, – лекин насаҳи
ёмон экан. Келинингиз то ҳозир писанда қилади: мендан бошқаси сизга тегмасди,
деб!
…Ҳовли. Кўшк.
– Да-а… – дея амалдорона сўлиш олади Арбоб. – Кампир кетиб бизникиям
зерикарли бўлиб қолди, ука. Барибир кетар экан, эртароқ кетганида бошқасини
олармидик…
Машшоқ унга ажабсиниб боқади.
– Ҳазил, ҳазил, – дея Арбоб оёқ учида – кўрпачада ётган дуторни олиб яна
тинғиллатиб қўяди. – Одамзод дардини ёзиш учун шу матоҳларни ўйлаб топганми
дейман-да. – У машшоқнинг бўйнидаги найга ишора қилади: – “Айрилиқлардан
шикоят айлагай…” Шундайми? Битта олсангиз-чи!..
…Ойнаванд айвон – ўчоқбоши.
Най навосидан таъсирланибми, деворга суяниб турган тақводор келин ўз-ўзидан
секин сирғалиб жойига ўтириб қолади. Кўзлар юмуқ, ёшли.
– Эй, – дейди бир маҳал ўранмаган келин унинг бошига келиб, – туринг энди,
хамирингиз ошиб кетади!
“Айбдор” кўзини очиб, аста бошини кўтаради.
– Хамир? Қанақа?.. Ия, кетиб қопман-а, узр.
…Арбобимиз ҳам болишга суяниб, эриб қолган.
Чўли Ироқ… Йўли йироқ… Кўп узоқ, узоқ… Туялар лўкиллаб кетиб боради.
Нортуяда дилхаста бир йигит – бўлажак арбоб, ҳали ёш, навқирон, ёқалари чок…
Куй тугагач, “Бу ёққа беринг-чи”, дея Арбоб найни олиб, у ёқ-бу ёғини
айлантириб кўра бошлайди.
– Қаранг, ичи ғовак оддий бир чўп… Ноласини эшитсангиз, бор дунёнгиз ағдартўнтар бўлади! Шугинани пуфламоқниям эплаёлмадиг-а! Энди ўйласа, ўтган умр
ўзи бир пуф экан…
Лаганда манти кўтариб абжир келин келади.
– Меники қани? – дейди Арбоб дағал оҳангда.
– Ҳозир. Ҳозир опкеладилар келинингиз.
Дарҳақиқат, шу он зинапояда пайдо бўлган тақводор келин тараддудланиб
қолади. Кўшк тарафдан қайтган овсинига қўлидаги тақсимчани тутқизиб, тезгина
эшикдан нари бўлади.
Абжир келиннинг қўлидан олган тақсимчани Арбоб қандайдир аламми, зарда
билан Машшоқ томон чўзади:
– Мана! Ейсизми шуни?!
Тақсимчада бир кафтгина гречка, бир қошиққина сариёғ…
Ашқол-дашқолини кўтариб Машшоғимиз дарвозага етай деганида орқадан уни
Арбоб чақиради.
Машшоқ изига қайтади. Келиб кўшк панжарасига суяниб туради.
– Мана, сиз билан ака-укадек бўлиб қолдик, айтаверай, – дейди Арбоб
аллақандай эзгин кўйда. – Эрта бир кун нарёққа отланганимизда шу найингизни
қўйинга солиб келсангиз. Анув узун қутини айни ердан узганларида нарироққа
бориб бояги нолани чалиб турсангиз… Бўладими?
– Ундай деманг-э, оқсоқол, сиз ҳали кўп… – дейди Машшоқ ҳазилга бурмоқчи
бўлиб.
– Раҳмату, лекин бир кун келиб қопни кўтаришимиз аниқ-ку, тўғрими? Ана
шунда…
– Унда… Эшитмайсиз-ку барибир? – деб кулади Машшоқ.
– Эшитаман! – дейди Арбоб қасам бергандек. – Эшитаман. Эшити-иб кетаман.
Армонга тўлиб. Ие, беармон! Айтганни қиласизми, хўш?
– Ростдан эшитсангиз, бажарамиз! Сўз бердик!
Кутилмаганда арбобнинг ҳўлқаси тўлиб кетади.
– Мен билувдим сизни… Укамсиз…
Машшоқ кўчада учоёқ аравасига ўтираётиб, ногоҳ бўйнидаги найга кўзи тушади:
учидан нимадир чиқиб турибди. Бундоқ қараса – кўк қоғоз, битта!
Қаёқдан келиб қолди бу?.. Қачон улгурди экан-а? Арбобнинг баҳайбат
дарвозасига назар ташлаб, ўйга толади. Тушиб, бир-икки қадам юради-ю, тўхтаб
қолади.
Дарвоза жуда катта, баҳайбат, арбобона! Унга ҳуда-беҳуда кириб-чиқиб бўлмас…
Аюма (э с л а ш)
Кенггина хона. Чамаси, ётоқжой ҳам шу, таомхона ҳам шу, меҳмонхона ҳам шу.
Машшоқ дераза тагидаги пастак катдан минг бир ибо-истиҳола билан аёл
кишининг ғилдиракли махсус курсига ўтишига кўмаклашаётир. Оёқлари шол
дардманд жойлашиб олгач, ғилдиракни авайлабгина бурчакдаги пианино қошига
суриб боради-да, ўзи ҳам тагига курси тортиб, аёл билан ёнма-ён ўтиради.
Ана энди танишсак бўлади. Бу – Аюмабиби, қирқларга яқинлашган, қош-кўзи қопқора, ранги сўлғин, лекин ажабки, оғир хасталик аксига ҳуснини очиб юборган – ўта
хушрўй. Боз устига, худди тўй-томошага отланган каби безаниб-бўяниб олган. Доим
шу, пардозини бузмайди. Начора, бор овунчи, таскин-тасаллиси-да. Эрмак.
Машқ бошланади.
Бекор ҳавас қилмаган экан, шогирднинг анча қўли келиб қолган, узун, рангпар
бармоқлари клавишлар узра эркин ўйноқлаб юрибди. Фақат бемажол оёқлари
жонсиз осилиб туради, зарур ўринларда пастдаги тепкини Машшоқ ўзи босиб
қўяди.
Сираси, оҳангни икковлашиб чиқаришади: устоз паст пардадан, шогирд
юқорисидан. “Оқ каптар, оппоқ каптар” романсини чалаётганда у ён-бу
ён чайқалишиб, улар гоҳо бирикиб кетгандек бўлади. Шунда бири ёшини,
маймоқлигини, бири бедаво дардга мубталолигини буткул унутиб юборади…
Оппоқ гуллаган олчазор. Еру кўк оқ-пушти чечакларга бурканганидан дунёда
бошқа ранг-жилва йўқдек… Бошига олча бутоғидан гулчамбар қўндирган оппоқ
либосли бир нозанин дарахтлар оралаб қочиб бораётир. Кумуш жаранги мисол
қиқир-қиқир кулги. Шўх жилмайиб ортга ўгирилганида таниб қоламиз: ҳа, ҳа, ўша!
Ёшлик, соғ-бутун чоғлари.
Уни таъқиб этаётган зот ҳам таниш. Ана – йўртиб, лўкиллаб келмоқда!
Ҳар икковининг ён-верида чарх уриб кабутарлар учади.
Оқ каптар, оппоқ каптар, учиб ўтгил ёнимдан…
Ногоҳ юқори пардаларда узилиш, сакталик сезила бошлайди.
Устоз ажабланиб, шогирдига саволомуз боқади.
– Қимирлагиси келмаяпти, дангаса, танбал бармоқлар! – дейди Аюма ўнг қўлини
клавишлардан тортиб. Сўнг ғамгин кулимсирайди: – Ишдан чиқди буям…
Унинг кулаётганини ҳам, йиғлаётганини ҳам билиб бўлмайди.
…Хайрлашув.
Аюма пастак катда, шиширма ёстиқлар бағрида муштаккина бўлиб ўтирибди.
Ҳам миннатдор, ҳам аллақандай илтижоли боқади.
– Шундай қили-иб ўтираверасиз-да энди? – дейди эшик оғзида турган Машшоқ
бошқа гап тополмай.
Аюма рўпара девордаги телевизорга ишора қилади.
– Жонингизга тегмайдими эрта-ю кеч?..
Аёл тўшакни пайпаслаб телефонини топади.
– Укамга қўнғироқ қиламан.
– Гаплашсангиз бирпас, ҳай ана, ярим соат гаплашарсиз. Кейин-чи?
– Опамга телефон қиламан.
– Бўлдими?
– Бўлди… Бошқа нима қилай?
Бошқа нима қилсин?
Машшоқ хаёлан икки қадам олға босиб, кенг-кўлам катда ёлғиз мунғайиб
қолаётган бу муштипарни даст кўтара аллақаёқларга олиб кетгиси келади. Аёл
маҳкам бўйнига чирмашиб олган, Машшоқ уни жон-жаҳди билан бағрига босганча
кетиб бораётир: лик-лик, лик-лик…
Шаҳар бўйлаб сайр
Шаҳар кўчалари. Янги тушган баланд-баланд бинолар, кўкиш-қорамтир
ойналари қуёшда ялт-юлт этади. Йўл бўйидаги қатор фавворалар ҳам кун ёғдусида
камалак мисол товланади, жилоланади.
Қаёққа қараманг – гавжум, аллақандай тантанаворлик руҳи.
Турли-туман салобатли машиналар оқими аро бизнинг миттивойимиз ҳам елиб
бораётир.
Бугун у ўзгача намойишда. Орқа эшиклари ланг очиқ – икки ёнбошига тортибмаҳкамлаб қўйилган. Ичкарига ихчамроқ оромкурси жойланган. Унда… Ким деб
ўйлайсиз?
Одатдагидан ҳам ясан-тусан, чўғдек бўлиб ўтирган нозикниҳол бир санам
енгилгина ястаниб, гирд-атрофга тўймай боқади. Аюмабиби!
Кўрган – ҳайрон! Кўрган – таажжубда!
Ҳа, боқинг, ҳавас қилинг, бугун унинг байрами! Неча фурсат тўшакбанд ётган
кўнгил қуши бугун қафасдан озод!..
…Миттивойимиз йўл четидаги серсоя бир манзилда тиним топган.
Машшоқ тик турган кўйи музқаймоқ ялаётир, икки кўзи… Аюманинг ҳам қўлида
музқаймоқ, бир лабига олиб боради, бир қаршисида сўррайган кимсага боқади.
Қувонч аралаш, миннатдорлик билан.
…Машшоқ пардек вужудни даст кўтариб зиналардан чиқиб бормоқда. Худди
орзу қилганидек – аёл бўйнига маҳкам чирмашганча, Машшоқ эса омонатни аяган
каби маҳкам бағрига босганча…
Ёлғизхонага қайтиш
Айни бояги ҳолат – машшоғимиз зинапоя бўйлаб лик-лик чиқиб бораётир. Бироқ
энди қўли-қўйнида одатдаги иш қуроллари – қадрдон чолғу асбоблари.
Уйига, ёлғизхонасига қайтмоқда у. Ҳам ҳорғин, ҳам хуррам.
Тўртинчи қаватга етай деганида бўйнига осиғлиқ телефон жиринглайди;
қулоғига тиқиб олган сасгир мослама бутун йўлакка эшитилгудек овоз таратади:
– Усто-оз, ўзингизмисиз?
– Намасте, намасте.
– Гапирвотти! Бугун гапирди!
Машшоқ эшигига калит солган жойида тўхтайди.
– Э, яшасин! Нима деди, қани?
– “Ойи” деди, “ойи” деворди!
– Нега “буви” демайди?
– Мен ёнидаман-да, ойиси эса йўқ. Кетиб қолган, биласиз. Буни энди одам
бўлмайди, деб ўйлаган. Яхшими шу иш?..
– Майли, ўпиб қўйинг. Мен шанба куни ўтаман.
– Кимни ўпай, устоз?
– Бугун “ойи” деган болани-да!..
– Ҳа-а, ўпаман, ўпаман! Сиззи номиздан, шундайми? Раҳма-ат. Ўз-ўзидан “ойи”
деворди-я!..
Телефон ўчади.
Машшоқ эшикни очиб қоронғи даҳлизга қадам босаркан, ҳайқириб юборади:
– Намасте-э-э!
Уй эгаси даҳлиз чироғини ёқиб, эшик ёнбошидаги махсус қозиқларга қўлидаги,
бўйнидаги лаш-лушларни битта-битта осиб чиқади.
Сўнг биқиндаги ошхонага кириб, тик турганча столдаги чойнакни жўмрагидан
симира бошлайди.
Бор чироқни ўчиради-да, оқшом ёғдусидан ғира-шира ётоқ бўлмасига шўнғиб,
шарт-шурт кийим-бошини ечиб отади ва ўзини тўшакка юзтубан ташлайди.
Бирдан зулмат чўкади. Ҳувуллаган бўйдоқхона. Ҳаммаёқ қоп-қоронғи, жимжит…
Бир неча лаҳзалик сукунат сўнгида барқ уриб саҳна ёришади.
Ҳайҳотдек саҳнада капалакнусха бўйинбоғу қора смокингда созанда йигитча
пайдо бўлади.
Ўзимизнинг Моцарт бола! Тўғри, унча-мунча улғайган.
У саҳна ўртасида тик қотганча скрипкани иягига тираб, “Куйгай”ни чала
бошлайди.
…Кўзинг осмонга тушганда ловуллаб офтоб куйгай… куйгай… куйгай…
Олдинги қатордан жой олган казо-казо “шунос”лар бир-бирига эътирофан
боқиб мастона чайқалади.
Куй тугагач, ҳамма ўрнидан туриб кетади. Чапак, олқишлар. Офарин! Браво!
Бир ёндаги зинапоя тагида меҳрибон бувижон, кафтларини кўксида жуфтлаганча
таъзим қилиб чарчамайди. Намасте, намасте!
Устоз эса бериги зина қошида. У ҳам таъзимда: ҳа энди, қўлдан келганча…
Охирги қаторда ўтирган бир аёлгина елкалари силкина-силкина, аччиқ-аччиқ
кўзёш тўкаётир…
Яна машшоқ
Эрталаб.
Машшоқ ўша узун “дом”нинг ён деворига – қайта-қайта ёпиштирилгану йиртиб
олинган қоғозлар устига эълонини жойлаштираётир. Одатича, худди айб бир иш
қилгандек ён-верига аланглаб олади.
Қайтиб, учоёғига яқинлашганида қандайдир йигит олдини тўсиб чиқади.
Бошида оқ тўр қалпоқ, қоп-қора соқол тўрвадек, эгнида ёш-яланг киядиган
бачкана майка. Яна шу ҳолига калта шорти ҳам кийиб олган, тиззадан пастига
қараб бўлмайди – юнг босган.
– Жоним акам, – дейди у суюқ тиржайиб, чолғулар тасвирига ишоратан: – шу
ҳаммасини битта ўзингиз чаласизми?
– Чалсак керак, – дейди энсаси қотиб Машшоқ. – Нимайди?
– Зўрсизу! Бизаям чалийнув?
– Чалинг, чалинг, – дея баттар ижирғаниб машшоқ учоёғига ўтиради.
Катта йўлга бурилаётганида ёнбошдаги ойнада кўриб қолади: ҳалиги қорасоқол
эълонлар деворидан алланимани юлқиб олиб чўнтагига тиқади-ю ҳеч нима
кўрмагандек бўлиб уйнинг ортига ўтиб кетади.
Машшоқ ажабланади, ғазаби келади, аммо энди кеч – миттивой катта машиналар
қуршовига кириб бўлган.
Бир вақт телефони жиринглаб қолади.
– Жоним акам…
Бояги нусхами? Рақамни қаёқдан олди экан?
– Ҳўв! Нима гап яна?
Масхараомуз савол:
– Учпуллак чалишниям биласизми?
– Нима у… Учпуллак?
– Ҳуштакка ўхшаган нарса-де. Лойдан ясалади.
– Уни энди сен чаласан! – Машшоқ шартта қулоғидан сасгир мосламани юлқиб
ташлайди.
…Боғ. Хилватроқ скамейка. Шапалоқ телефонни суянчиққа тираб қўйиб,
Машшоқ шогирди Юсуф афғонийга “дарс” ўтмоқда.
Устознинг қўлида танбур, шогирднинг қўлида гитара.
– Бугун анча чиқишяпти-ку булар, – дейди Машшоқ мамнун.
Афғонийнинг қувноқ ҳайқириғи:
– Бу ерда бекор ётибмизми, ака, ўз устимизда ишлаяпмиз-да!
– Ёки олдингизга борайми, Юсуфбой?
– Сизни киргани қўймас, госпитал-ку бу ер!
– Мен ҳам афғончиман деб, ликиллаб кўрсатсам-чи? – деб кулади Машшоқ.
– Келаси ҳафта ўзим чиқаман, ака. Ана ўшанда танбурингиз билан бизнинг
гитарни ростакамига никоҳлаб қўямиз! Қалай?
Афғонийнинг қаҳқаҳаси телефонни ёриб юборгудек…
Номаҳрам эр (э с л а ш)
Кечки палла. Ғала-ғовур бозор. Машшоқ расталараро ликонглаб мева-чева
танлаб юрибди. Гоҳ у ерда, гоҳ бу ерда тўхтаб савдолашади, ҳазил-ҳузул қилади.
…Мана у, икки қўли халта-ю халтачага банд, ҳарсиллаб-ҳансираб учинчи қаватга
чиқиб келаётир.
Рўпарадаги эшик қўнғироғини бот-бот босади – ичкаридан садо йўқ.
Кейин қаттиқ-қаттиқ муштламоққа бошлайди.
Ниҳоят, калта занжир илинган эшик қиясидан қора либосли аёл кишининг
боши кўринади. Даҳанини ҳам қора тўрва билан тўсиб олган, яккаш сўник кўзлари
мўлтираб турибди.
– Оч! – дея хийла дағал товушда амр қилади Машшоқ.
Занжир шиқирлаб, эшик катта очилади.
Даҳлизда бирон шарпа сезилмайди.
Машшоқ бозорлиғини биқиндаги ошхонага олиб кириб, емак столи устига уюб
қўяди.
Қайтиб даҳлизга чиқади. У ён-бу ён паришонҳол аланглайди.
– Ўғлинг уйдами?
Жавоб йўқ.
– Кечки пайт ҳам ухлайдими одам! Баҳро-ом!..
Яна сас-садо йўқ.
Машшоқ ён тарафдаги эшикни туртади. Эшик имиллабгина очилади: тўрдаги
каравот бўш.
Нима қиларини, нима деярини билмай тағин бир лаҳза тараддудланиб тургач,
эшикни қарсиллатиб чиқиб кетади.
Зинапоя бошида яна бир дам тўхтайди-да, сўнг лик-лик юриб пастга туша
бошлайди.
Ҳовлига чиққан Машшоқ ғалати манзарага дуч келади.
Ўртадаги шийпонда бир тўда йигит қий-чув қилиб қарта ўйнаб ўтирибди. Ҳув
тунов кунги ҳуштакчи нусхага ўхшаган тоифа. Сер солиб қараган киши қўлбола
стол тагида сарғиш ичимлик тўла шиша идишларни кўриши мумкин…
Машшоқни пайқабми, бояги ғала-ғовур бирдан тинади.
Тавба, ким экан булар?
Элчи қиз
Бешқават “дом” олдидаги болалар майдончаси. Кундузи, кимсасиз.
Пастак харракда букчайибгина Машшоғимиз ўтирибди. Икки қадам нарида
ўттиз ёшлар чамали жувон – Наргиза, Машшоқнинг қизи. Уй кийимида. Бир қўли
билан ёнидаги соябонли аравачани нари-бери тебратган бўлади. Гўдак аллақачон
ухлаб қолган, аммо онанинг қўли бекор турмайди.
Машшоқ нечундир хуноб, асабий.
– Умрага?! Қайси пулларига борарканлар? – дейди у бўғилгудек бўлиб. – Неча
йилдан бери қора чимматга бурканиб уйда ўтирган бўлса!..
52 Шарқ юлдузи
Бу дийдиё Наргизанинг ўзига ҳам малол, лекин у кулгига олиб жавоб қилади:
– Ўзингиз берармишсиз-ку, ўшаларни йиғиб юрарканлар-да. Озроқ мендан ҳам
сўрадилар.
– Мен рўзғорга деб бергандирман, қориндан уриб тугунчасига боссин деганим
йўқ… Ҳай, борсин, бораверсин! Ихтиёр ўзларида-ку…
– Ёнида эркак маҳрам бўлиши керак экан-да.
– Ана, ўғлини олиб кетсин, укангни.
– Бўлмасмиш у. Ичармиш.
– Баҳром ҳали ичадиган бўлдими? Қачондан бери? – дейди ташвишга тушиб
Машшоқ.
– Ҳе, ўтган йилими, туғилган кунида ўртоқлари билан озроқ ичган экан, ҳадеб
ўшани чайнайверадилар, биласиз-ку!
– Менга қара, нега уйланмай юрибди шу бола?
– Уйлансам, ойим униям еб қўядилар, дейди, қайдам… Буларини қўйинг, дада,
мен ўртада бир элчиман. Ойим сиз билан бирга бормоқчилар умрага!
– Мен билан? Қўй-э! – дея бўкириб юборади Машшоқ.
– Дада, бола!.. – Наргиза энгашиб аравачага назар ташлайди: хайрият,
уйғонмабди.
Машшоқ бирмунча ўзини босиб, важ кўрсатади:
– Борсам ҳам мен у билан бормайман, қизим!
– Вой-бў-ў! Умрага борарканман деб суюнмай туринг, дада, шарти бор ҳали бу
ёқда. Қайтадан никоҳ ўқитиш лозиммиш, сиз ойимга номаҳрам экансиз!..
– Номаҳрам?! – Машшоқ яна авж қилмоқчидек бўлади-ю, аравачага қараб
овозини пастлатади: – Сен билан уканг осмондан тушган экан-да унда! Мен ойингни
талоқ қилганим йўқ-ку, ҳув анови таънаси учун чиқиб кетганман. Бўлмаса, бориб
бир ғарибхонада ўтириш кимга ҳавас?!
– Қанақа таъна, дада? Доим гапирасизу, нималигини айтмайсиз.
– Айтиб бўлмайди, қизим… – Машшоқ бир лаҳза жимиб қолади, сўнг тўсатдан
қизариб-қайнаб кетади: – Айтсам, ойинг мени… Менга нима деган, биласанми?
“Келиб-келиб бир маймоққа хотин бўлдим-а!” деган!..
– Аччиқ устида оғизларидан чиқиб кетгандир-да, дада, қўйинг энди, қачонги
гап! Мана, умра баҳона ярашиб оласизлар, уйга қайтиб келасиз. Бизнинг ҳам
кўнглимиз тинчийди.
– Ростдан, никоҳ ўқитамиз, деяптими?
Наргиза даҳанини бекитиб, кулган бўлади.
– У ёғиниям айтсам… Никоҳдан олдин манови ҳунарларингизни ташлашингиз
керак экан… Ор қилармишлар!
– Қайси ҳунаримни?
Наргиза йўлка бошида турган учоёқ миттивойга ишора қилади:
– Ўртамиздаги шайтон шу, дейдилар.
– Ким боқади кейин у кишимни?!
– Худо берармиш! – дейди Азиза аччиқ кулимсираб.
– Худо унақа бекорчининг оғзига тош билан солади, билиб қўйсин!.. Қизим!
Наргиз! Бориб айт ойингга!.. – дейди-ю, у ёғига гап тополмайди Машшоқ ва алам
билан қўл силтаб жойидан туради. Келиб аравача устига энгашади-да, уйқудаги
неварасига тикилиб қолади. – Нимасидир менга ўхшаб кетаркан-а? Бобонгга
ўхшама, болам…
Наргиза “Уйгаям кирмадингиз-а, дада”, деганча қолади, Машшоқ учоёғини
зувиллатиб жўнайди.
Қиз отасининг изидан қараб тураркан, қароқларида ёш айланганини кўриш
мумкин.
Видо
Қабристон. Тобут кўтарган ҳассакашлар.
Тобут узра каштали паранжи… Аёл киши.
Олдинда дўппи-чопон кийган меҳрибон ука келмоқда.
Қабрга яқинлашилганда қаёқдандир – олисроқдан най саси эшитилади.
Юракларни ғижимлайдиган эзгин бир наво.
Дафн аҳли сергакланиб, ҳар ёнга аланглай бошлади. Аксарият таажжубда,
норози бош чайқаётганлар ҳам бор…
…Машшоқ хилват бир девор тагида чўнқайган, лабида най, икки бети шашқатор
ёш…
Бир маҳал аллақайдан бахтиқаро Аюманинг овози келгандек бўлади:
– Эшитяпман… Эшитяпман…
Тун, зим-зиё бир тун
Фалокат куппа-кундузи… йўғ-э, шом ғира-ширасида рўй беради.
Машшоқ янги шогирдиникидан – шаҳар канорасидаги пастқамроқ маҳалладан
чиққан жойида, баайни осмондан тушгандек, икки тарафида икки машина пайдо
бўлиб, ўртага сиқиб кела бошлайди. Балодан нари деб секинламоқ бўлса – орқада
яна бир таъқибкор машина!
Икки ёндаги машинада ҳам гурзидек гуп-гуп садолари; аллақандай тиржайма
башаралар деразадан бош чиқариб Машшоқниям, уловиниям ажива қилади. Бирови
кафтларидан карнай ясаб сурнай чалмоқчи, бирови бармоқларини силкитиб ўзича
дутор чертаётир, яна бири эшилиб ғижжак тортади…
“Туш-пушим эмасмикан, не қиёматга тушиб қолдим?” деган каби гангиб
бораётган Машшоқ гоҳ у ён аланглайди, гоҳ бу ён.
Шу алфоз учоёқ уловимиз қароқчилар қуршовида талайгина йўл босиб қўяди.
Юра-юра яйдоқ дала йўлига чиқадилар. Бу вақтда қош қорайиб, зулмат чўка
бошлаган.
Қандайдир ялангликка етгач, “фахрий қоровуллар” ниҳоят тўхтайди.
Орқа-олдиндаги машиналардан олақуроқ бир тўда тушади. Ҳа, айнан тўда! Ўн
чоғлиқ бор. Барининг бошида соябони узун бейсболка, бири расмона, бири тескари
кийиб олган. Усти-бош ҳам бир антиқа: аксарининг эгнида ажи-бужи ёзувли майка,
кўйлаклиларининг эса бир енги кийилган, бири шалпиллаб турибди.
Учтами-тўрттаси тўрвасоқол. Деярли барчаси шортида, болдирлари қоп-қора
юнг, соқолга мос.
Ия, ораларида икки-учта заифа ҳам бор экан: бесоқоллиги-ю бейсболкаси
гирдидан кўпириб турган зулф-кокилларига қараб ажратса бўлади. Бор либос ҳам
калта-култа, албатта.
Машшоқ бундай қараса, ҳув нарида чоғроқ гулхандан қолган чаман-чўғ, икки
ёғида икки киши чўккалаб олганча кафтларини тоблаб иситмоқда. Тавба, саратон
куни!
Соқолдорлардан икки-учтаси нарироқ кетиб, алоҳида давра қуради. Қолганлари
гулхан бошидагиларнинг қўлидан юлқиб олган сигаретни галма-гал торта
бошлайди.
54 Шарқ юлдузи
– Қани, тушадиларми энди, окам? – дейди бирови учоёғимизга яқин келиб. –
Ёки тушириб қўяйликми?..
Машшоқ хавотир ичида ерга оёқ қўяди.
– Пулдан чиқаринг-чи энди, – дея амр қилади яна бири.
– Қ-қанақа пул? – деб сўрайди Машшоқ тили гапга айланмай. Қаерга, кимларнинг
қўлига тушиб қолганини у энди англай бошлаган.
Шу он соқолдорлардан бири унга таниш кўринади. Ким эди-я бу? Қаерда
учратган бўлсаки? Банди Машшоқнинг кўнглида мубҳамгина умид пайдо бўлади:
ҳар ҳолда кўзтаниш, қараб турмас!
Худди шундан қочгандек ҳалиги нусха юзини чирт буриб нари кетади. Гулхан
сари ошиқади.
Ён тарафдан кимдир писанда қилади:
– Бугун тушум зўр бўлгандир?..
Энди талмовсираш бефойдалигини англаган Машшоқ ён-верини кавлай
бошлайди.
Яқин турган паканароғи ёрдамга шошади – устаси фаранг тинтувчилар янглиғ
бор бўйи пайпаслаб чиқади.
– Ўзим, ўзим, – дейди Машшоқ ғаши келиб ортга чекинаркан ва тезгина борбудини чиқариб пакананинг қўлига тутқизади. Пакана ўлжани салмоқлаб ҳам
қарамай орқасида қаққайган дарозга узатади.
Шунда яна бир найнови ўртага кириб, дабдурустдан машшоқнинг бошидаги
қалпоғини юлқиб олади-да, кизакларини титкилаб, қидирганини топади: анув
юзталик, Арбоб буванинг ҳадяси!
– Мана сенга! – дейди синчков талончи пакана шеригига маҳоратдан сабоқ
бергандек ва атрофга кўз-кўз қилганча қўлидаги қоғоздан бўса олиб, бейсболкаси
ичига ташлайди-да, бошига бостириб нари кетади: улушини ажратиб бўлди!
Бир зумда учоёқнинг ғаладонини ҳам титкилаб чиққан пакана ҳеч нарса
тополмай, қуруқ қўлларини қоқа-қоқа қайтади.
– Энди менга жавобми? – дейди шалвираб қолган машшоқ талончиларга
мўлтираб.
Ҳаммаси баравар кулиб юборади.
– Мана сенга жавоб! – дейди қаёқдандир пайдо бўлган соқолдорлардан бири
билагини ҳақоратомуз ликиллатиб. – Бу кеча бизга концерт берасан!
– Концерт… – Машшоғимиз тилдан қолгудек!
Орқада яна бир талончи учоёқнинг “омбори”ни очиб, бирин-кетин чолғуларни
ола бошлаган…
…Чоққина ҳовли. Аввали оқшом. Уй пештоқидаги ўткир прожектор ҳаммаёқни
чароғон этган.
Бизга таниш ёғоч каравотнинг ўртасига қўйилган оқ ғилофли стулда Моцарт
бола ўтирибди. Скрипкани иягига тираган кўйи кўзларини юмиб олиб ҳазин бир
куйни машқ қилмоқда.
Кўпларга таниш оҳанг, аммо унга шундай нолалар аралашадики, тинглаётган
одам нега илгари бу жойлари ижро этилмай қолган экан, дея таажжубга боради.
Каравотдан пастда икки курси ёнма-ён қўйилиб, икки томошабин ўрнашган.
Бири – меҳрибон буви, кафтларини жуфтлаганча иягига тираб неваранинг
санъатига рому мафтун бўлиб қолган. Дам-бадам “Ана, кўрдингми” деган каби
ёнидаги ўғлига шодмон боқиб қўяди. Намасте, намасте.
Ўғил, лабида сигарет, рўпарадаги мўъжизадан лол, кўзларидан шовдираб ёш
тўкилади.
…Чор тарафи бесаноқ чироқлардан нурафшон Арбоб бобомизнинг ҳовлиси.
Чор тарафда ҳам деразалар ортида одам ғимирлайди, баъзи эшиклар олдида
ўйинчоғига андармон бола-болакайлар.
Ҳовли ўртасидаги кўшкда, бошига дўппи, эгнига чопон кийган Арбоб
жойнамозга энгашиб намоз ўқиётир. Тўғрироғи, қироат электрон жойнамоздан
чиқаётир, ҳаваскор намозхон уни такрорлаб бораётир.
Ибодатни якунлагач, Арбоб жойнамоз-қорини ихлос билан тахлаб бир четга
қўяди-да, қаддини ростлаётиб устунга илиғлиқ дуторга кўзи тушади. Унга қўл
чўзган жойида тўхтаб жойнамозга назар ташлайди ва зина сари юради.
…Ойнаванд айвонда оилавий ошхўрлик.
– Дада, – дейди қирқларни босган ўғил ошни ураётган бемор отасига ўйчан
боқиб, – анув дутор чертишни ўргатадиган муаллим билан гаплашмадингиз-а?
– Гаплашдим, гаплашдим, – дейди ота лагандан бош кўтармай. – Э, бир апирист
экан. Бир соатлик машғулоти эллик доллар эмиш!..
– Эллик доллар?! Йўғ-э, дада, янглиш эшитгансиз, унчаликмасдир?
– Қулоқ бутун, Худога шукр, – дейди ота ўғлига ўқрайиб қараб. – Ишкал чап
томонда, биласан-ку.
Шундай деб у ўнг қўли билан ўртадаги ошга чанг солади.
Инсульт ака деганлари шу киши бўлса керак.
…Палата. Тун. Юсуф афғоний завқ билан гитарасини тинғирлатиб, афғон уруши
йиллари шўровий аскарлар ичида машҳур бўлган – сўзлари маҳзун, ўзи шўхчан
қўшиқни хиргойи қилмоқда: “Дождь идёт в горах Афгана”. Қуролдош шериги
мастона чайқалиб (балки мастдир ҳам) унга баралла жўр бўлади.
…“Палата”ни қасира-қусур отишма овози тутиб кетади. Уйдек-уйдек харсанглар
панасидан шўровийлар рақибни кўзлаб ўқ узаётир. Тоғдаги жанг манзараси…
Қўлида аллақандай резина ичак, эшикдан кекса ҳамшира мўралаб турибди.
Касалхона қонун-қоидаларини эслатмоққа журъати етмайди – бунақасини энди
кўраётгани йўқ.
…Гулхан жонланган. Теварак-атроф бир қадар ёруғ.
Машшоғимиз аллақандай тўнкага ўтқазиб қўйилган. Бўйнида гитара, тинғиртинғир алланимани машқ қилмоқда. Бошида кимнингдир бейсболкаси, соябони
тескари; бир четига пул қистирилган.
Хазинабон пакана боя машшоқнинг ўзидан шилиб олинган пулни шерикларига
битта-битта тутқазмоқда, улар навбати билан келиб гитарачининг чаккасига
ёпиштириб кетмоқда.
Ўртада кимдир беҳаё қилиқлар қилиб қизлар билан рақс тушаётир, кимдир ўз
бошига ирғишлаб ётибди. Жинлар базми!
Бош-оёқ жинсидан либос кийган биттаси пешонасига кўзойнак қўндирган
қизни тақимидан олиб даст кўтарганча қоронғилик қаърига шўнғийди. Қиз овоз
чиқармай, оёқларини томошага типирчилатиб кетади, холос. Биров бу ҳолга
бурилиб қарамайди.
Боя бейсболкасини “бериб турган” ҳотамтой дароз ногаҳон келиб гитарани
машшоқнинг бўйнидан чиқариб олади-да, эга шўрликни чирқиллатганча гулханга
қараб улоқтиради.
Соз “диринг-диринг” сас таратиб туради-ю оловни бирдан яшнатиб-алангалатиб
юборади.
Зулмкор дароз шериги келтирган дуторни машшоққа тутқазиб, амр қилади:
– Энди мана буни чаласан!
Бу ҳол бир неча бор такрорланади. Токи гулханга бошқа “ўтин” қолмагунча!
Токи бу нобакорлар ўйин-кулги қилиб ҳолдан тоймагунча!
Ниҳоят, бояги ҳукмфармо дароз келиб машшоқнинг чаккасидаги пулни шипириб
чўнтагига уради-да, омонат бейсболкасини қайтиб олиб бошига илади.
– Чао, сеньор! Отангизга салом!
Орқадан яна бири илова қилади:
– Энангизга ҳам!
Тўда кўз очиб юмгунча жуфтак ростлайди. Худди ичига ўт тушгандек ҳаммаси
бирдан типирчилаб, машина-машинасига ўтиради-ю ғойиб бўлади.
Улар ғойиб бўлади – зим-зиё тун қолади.
Осмонда яккам-дуккам юлдузлар. Олис, хира.
Беш-ўн қадам нарида бир ҳовуч чўғ. Хира, сўниб бораётган чўғ. Кул. Бир ҳовуч
кул, култепа. Чолғулар қабристони. Куй-оҳанг кўмилган тупроқ. Учоёқ аравамиз
эса, ҳув ана, ерга ағдарилиб ётибди.
Чирик тўнка устида бир кимса. Хўрланган, хорланган ғариб бир кимса. Гўё умр
бўйи шу тўнкада ўтирибди у. Қисмат.
Бир вақт оғир бош кўтариб, атрофга разм солади. Сўнг секин ўрнидан туриб,
гулхан қошига боради. Тикилиб қолади. Сўна бошлабди. Ҳадемай батамом ўчади.
Нур қолмайди, нур битади. Тун, зим-зиё тун.
Оловдан четроқда ётган бир нимага кўзи тушиб, энгашади. Най экан. Бир боши
андак учган, холос.
Бу қиёматдан сен қандай омон қолдинг, сеҳрли созим?!
Жойига қайтади. Тўнкасига ўтиради. У ёқ-бу ёғига пуфлаб созни ростлаган
бўлади. Аста лабига олиб боради.
Сукунат бир сесканиб, оҳанг оғушига шўнғийди – қадим, мунгли оҳанг оғушига.
Шошилмайгина ой чиқади. Теварак-атроф мунаввар. Тикка ойга боқиб най
пуфлаётган созанданинг пешонаси ёришиб, ялт-юлт қилади. Икки юзини ювиб
оқаётган кўзёшлари ҳам ой нурида ялтираб кўринади.
Куй ногаҳон чиртта узилиб, экран қораяди, ўчади, ҳаммаёқни зулмат босади –
томоша тугади гўё!
Бу ҳол бир неча сония давом этади.
Кутилмаганда экран қайта ёришиб, нурафшон шаҳар кўчалари намоён бўлади.
Тепадан қаралса – турли-туман автолар оқими оралаб ён-верига чолғу тасвирлари
солинган бизнинг ажабтовур миттивойимиз ҳам елиб бораётир. Шунча олғиру
учқурлар қуршовида жон сақлаб кетаётганини кўрсангиз!
Ён тарафдан қараганда эса – ҳайдовчи биз билган Машшоқ эмас, бошқа. Янгиси!
Дафъатан, боя чиртта узилган най навоси қайта “тирилади”.
Оҳанг оҳиста юксала боради.
Шаҳар шовқинлари, бошқа барча шовқинлар абас!
Чўли Ироқ, чўли Ироқ, йўли йироқ… Йироқ… Йироқ… Ҳамдард дил каби,
кўнгиллар каби…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil