Фаррух ЖАББОРОВ – 1985 йилда туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллар
университетининг (ҳозирги ЎзДЖТУ) халқаро журналистика факультетини тамомлаган.
“Мен қайтиб келаман” (Тоғай Мурод замондошлари хотирасида) китоби, “Олтин кўприк”
ёш ижодкорлар тўпламини нашрга тайёрлашда иштирок этган.
Бўйни эгик, қадди букик, қўллари орқа қилинган шоир йирик планда кўриниш
беради (Мариинск шаҳридаги лагерда кечган сўнгги кунлари).
Усмон Носир: – Мен маҳкум Усмон Носир… 1912 йили Ўзбекистонда
туғилганман.
Бирдан гавдасини тиклаб, бошини кўтариб, қаршисидаги кимсага ўқдай
тикилади.
Нозир (шоирнинг чақмоқ назарига дош беролмай қичқиради): – Мумкин эмас!
Мумкин эмас!!!
1916 йиллардаги Наманган шаҳри манзаралари. Аҳолининг бир-бирига мингашиб
кетган пастқам ҳовли-жойлари орасида масжид-мадраса сингари обидалар қўр
тўкиб туради. Яккам-дуккам учрайдиган русча бинолар умумий манзарага ямоқдек
кўринади.
Танҳогўр маҳалласи. Беш бармоқ шаклидаги туғ тикилган қабрни айланиб
ўтган йўлдан тўрт яшар Усмон чиқиб келмоқда. Фақат оёқлари кўзга ташланиб
турган Ровий пайдо бўлиб (ўтмиш ва бугунни қиёслаб кўрсатиш учун уни замонавий
кийимда, оқ-қора лавҳалардан фарқли ўлароқ рангли тасвирда кўрсатиш керак),
болакайни етаклаганча бозорга элтади. Савдо расталари қайнайди. Пули борга –
байрам, пули йўққа – томоша.
Косиблар қаторида Маматхўжа этик ямаб ўтирибди. Касалмандлиги боис
имиллаб ишлайди. Ўғли ўзича тирпинглаб, эски пойабзални тикишга, бигизни
тиқишга уринади. Отаси боланинг қўлидан тиғни тортиб олади, у ер-бу ерини
яраламасин деб авайлайди.
Ровий: – Усмон ҳаётида тақиққа илк бор қачон дуч келган? Эҳтимол, у ҳали
тўрт ёшга тўлмасдан ўлиб кетган отаси Маматхўжа косиб тилидан эшитгандир
дастлабки “мумкин эмас”ларни. Балки, эридан эрта есир қолиб, бойлар эшигида
сарғайган онаси Холамбиби кўп-кўп айтгандир…
Аза маросимлари. Эркаклар хомуш ўтирибди. Аёллар садр тушиб, айтиб-айтиб
йиғлаяпти. Тўрт яшар Усмонга чопон кийдириб, бели боғлаб қўйилган. Лекин нима
бўлаётганини билмай, катталарга анграйиб юрибди. Онаси уни қучоқлаб йиғлайди.
Бундан болакайнинг нигоҳига ҳам ёш тўлади.
Усмон елкалар оша лопиллаб бораётган тобутга эргашиб, оёқлар тагида
ўралашади. Худди қуюқ ўрмон ичра адашгандек атрофга аланглайди. Тушунуксиз
ҳислар ичида қолади. Шунда Ровий уни кўтариб олади. Энди болакай отасининг
“ёғоч оти” қанчалик шитоб билан илдамлаб бораётганини кўради. Жажжи
қўлчасини шу томон чўзади.
Холамбиби фарёди:
Эй фалак, чархинг бузилсин, кимлара хор этдинг мени,
Майли бор-у, майли йўққа интизор этдинг мени…
…Болакай онасининг этагига ёпишиб олган. Холамбиби ҳар қанча уринмасин,
паранжисини ўғлининг панжасидан тортиб ололмайди. Иккови бирга-бирга
бой хонадонига боради. Аёл ўзига буюрилган ишга уннаб, пахта саваб ўтиради,
фарзанди унинг тиззасига бош қўйганча узала тушиб, осмонларга тикилиб ётади.
Шу пайт тепасида бир қора башара, соч-соқоли тарвақайлаб ўсган, сўйлоқ тиш
кимса пайдо бўлиб, беўхшов иршаяди (йирик планда кўрсатилади).
Ровий: – Она-болани Қўқонга кўчириб кетган ўгай ота Носирхўжа ҳам кундакунора кичкина Усмонни тергаган, “У жоиз эмас, бу жоиз эмас”ларни қалаштирган
бўлса, ажаб эмас. Усмонга эса ҳеч қачон ёқмаган бу сўз. Тақиқ! Эрки бўғилишидан
чарчаб, овлоқ гўшаларга беркинганида онаси алағда бўлиб чақирганлари сўнгги
нафасигача қулоғида жаранглаган.
Холамбиби: – Усмон! Усмо-он!..
Етти-саккиз яшар Усмон ариқ бўйида, қумлоқда ўйнаб ўтирибди. Кулдиргич
(қумкана) ўрасига чумоли тушиб кетган. Бечора ҳашорат ҳар қанча тирмашмасин,
чуқурдан чиқолмайди. Майин зарралар қуйига, сурилаверади. Энди қутулдим
деганда кулдиргич қум отиб, чумолининг оёғидан тишлаб, ер тагига тортқилайди.
Болакай онасининг чақириқларига қулоқ қоқмасдан, ўз машғулоти билан андармон
ўтираверади. Шоша-пиша қумни ҳовучлаб олиб, заранг ерга ёяади. Йиртқич
ҳашорат чангалидан чумолини қутқармоқчи бўлади. Афсус, кечиккан эди. Кулдиргич
узун қисқичларини қумга тиққанча бекинишга ҳаракат қилади. Унинг қурбони эса
пажмурда гавдасини тиклай олмай, икки букилиб ётади.
Холамбиби: – Усмон! Усмо-он!..
Қумлоқда яланг оёқ юриб келаётган Ровийни кўрамиз. Усмоннинг пешонасига
келиб тўхтайди. Кадрга қарайди.
Ровий: – Лекин Усмон “Ҳа, онажон” демаган ҳеч қачон. Ҳаётда қаҳрга ҳам,
меҳрга ҳам аччиқма-аччиқ, тескари яшаган. Шамолдай шовуллаб, оловдай ловуллаб,
сойлардай шарқираб… ахийри тупроқ сакинатига қовушган. Чин шоир ҳеч қачон
кўпчилик (большевик) тарафида бўлолмайди, ҳамиша камчилик (камситилганлар,
мазлумлар…) томонида туради. Фақат ўлганидагина кўпга қўшилади. Кучнинг
ёнини олган қалам аҳли борки, Қаламга хиёнат қилибди (шаҳодат бармоғи билан
Юқорига ишора этади).
Боланинг оёқлари жуфтланиб, арқон билан боғланяпти. Ўн-ўн икки яшар Усмон
миқ этмай, Носир ҳожининг бу ҳаракатларига қўйиб беради. Кўкарган кўзлари
қаҳрли боқади. Холамбиби эрининг балоғига ёпишган, уни жаҳлидан туширишга
тиришади.
Холамбиби: – Ундай қилманг, отажониси!.. Боламни ўлдириб қўясиз!.. (Усмонга
қарата.) Тур ўрнингдан, қочмайсанми сен ҳам? Бир оғизгина, “Кечиринг, отажон”,
десанг бўлмайдими, а?!
Усмон: – Демайман!.. Ҳеч қачон!!!
Носир ҳожи болани боши билан қудуққа ташлайди. Арқонни аста-секин
бўшатиб боради.
Холамбиби (ўтиниб): – Усмонжон! Кечиринг, отажон, де! Бир оғизгина гап-ку!
Усмон (овози қудуқ ичидан акс садо беради): – Демайма-ан!..
Арқоннинг ўрамдан ечилиши тезлашиб, қудуқ ичидан шалоп этган товуш
келади. Усмон боши билан сувга пишинади. Нафаси қайтиб, силтанади. Буни
арқоннинг бўшашиб-таранглашаётганидан пайқаймиз. Холамбиби эрининг қўлига
тармашади.
Холамбиби: – Боламни ўлдириб қўясиз! Раҳм қилинг!!!
Носир ҳожи (ўшқиради): – Қутқарсанг, уч талоқсан!
Эркак бир-икки қадам нари кетади. Қудуқ ичидан жон талвасасини эшитиб,
тағин ортга қайтади. Чамбаракни уч-тўрт айлантириб, арқонни боғлаб ўрайди.
Усмоннинг боши юқори кўтарилиб, сочларидан шилдираб сув сирқийди. Холамбиби
энди бироз тинчланиб, дастакни қучганча йиғлайди.
Холамбиби: – Мусулмонла-ар! Ким бо-ор! Боламни қутқаринг, Усмонжонимни
қутқари-инг…
Ровий чамбаракни айлантириб, Усмонни қудуқдан тортиб олади. Арқон қийиб,
қип-қизил гўштини чиқариб юборган оёқлари йирик планда кўринади.
Усмоннинг овози:
Отам ўлди, мен сарсон бўлдим,
“Шум етим”, деб сўкдилар мени.
Ажаб кунга мубтало бўлдим,
Кўчаларга қувдилар мени.
Ўша кунлар дилимда ҳаёт
(Оғир ғамни унутиб бўлмас!)
“Тур! – дедилар. – Тур, етимча зот!”
Иложим йўқ, тураман бирпас…
Холамбиби ўғлини эргаштириб, интернатга олиб боради. Усмон узун коридор
бўйлаб юриб ўтар экан, синфхоналарнинг очиқ эшигидан ичкаридаги болаларга
ётсираб қарайди. Қўнғироқ чалиниб, ўқувчилар қий-чув кўтарганча ташқарига
отилади. Усмонни пайқамагандек, ҳар ёғидан туртиниб-суртиниб ўтиб
кетаверади. У ўзини оломон ичида йўқолиб қолгандай ҳис этади (тўрт яшарлигида
отасининг жанозасида ҳам шу ҳолат такрорланган эди, эсингизда бўлса).
…Усмон интернат панжаралари аро мўлтираб турибди. Кўчада онаси
узоқлашиб, қора нуқтага айланиб бормоқда.
Ровий: – Чор Россиясидан фарқли ўлароқ янги мустамлакачилар маданий
босқинга зўр берди. Илгари рус-тузем мактаблари яккам-дуккам учраган
бўлса, большевиклар етимпарварлик ғояси остида камбағал оилаларнинг
фарзандларини, ота-онасиз ва қаровсиз қолган болаларни интернатларга жамлаб,
советча тарбиялади. Сопини ўзидан чиқармоқчи бўлди. Ўқувчи ва талабаларни
мамлакатнинг мутараққий ўлкаларига саёҳат қилдириб, кўзининг ўтини олди.
Халқларни асрий анъаналаридан узиш, гўёки “занжирларидан халос этиш”
мақсадида катта авлодни эскилик сарқитига чиқарди, жозибадор ғоялар билан ёш
авлоднинг кўзини қамаштирди.
Ўн беш-ўн олти яшар Усмон интернат муҳитига сингиб кетган. Дарсларда
ўқитувчини диққат билан тинглаб ўтирибди. “Кўк кўйлак” драма тўгарагида
қатнашяпти. “Санойи нафиса” тўгарагида деворий газета тайёрлаяпти, кам
ададли “Бизнинг кўзгу” журналини чиқариб тарқатяпти (қўлёзма нашрнинг айрим
сонлари Қўқон адабиёт музейида сақланади). Интернат саҳнасида ҳаваскорона
шеърларини пафосга берилиб ўқияпти.
…Бир гуруҳ битирувчи йигит-қизлар поездга чиқиб, сафарга отланмоқда.
Дашти Қипчоқ кенгликларидан кесиб ўтиб, Москва ва Ленинград шаҳарларини
кезиб юрибди (бу анъана 1920 йиллар охиридан 1950 йилларга қадар давом этган).
Инқилоб тарихига дахлдор жойлар, маданий обидалар билан танишяптилар…
Ровий: – Ёш Усмон шўро тарғиботи қоралайдиган ўтмиш бойлари зулмини,
эзувчи синф кирдикорларини ўгай отаси Носир ҳожи қиёфасида тасаввур қилади.
Интернатдаги нисбатан ҳаловатли дамларини эса янги замон ёш авлодга яратиб
бераётган улкан имкониятлардан бир шингил деб тушунади. Онасига битган
шеърий мактубида “Оқ юволмай, оқ таролмай Ўтган бўлсанг она, Оқ ювиб, оқ
тараб Катта қилди замона”, дея интернатни, комсомолларни алқайди. Шу тариқа
мурғак онгида кеча ва бугун, бойлар ва йўқсиллар, истиқлолчилар ва советлар
зиддиятига асосланган ғоявий дунёқараш шаклланади. Ижодининг илк даврида,
айниқса, мана шу сиёсий таъсирланиш яққол сезилади.
1920–1930 йиллар. Туркистондаги ҳаёт. Истиқлолчилар ва қизил аскарларнинг
жанг-жадаллари (Ч.Г.Сабинский Водилда суратга олган “Сўнгги бек” фильмидан
лавҳалар). “Ҳужум” кампанияси: аёллар паранжиларини ёқмоқда, сўнг эри ёки
ака-укаларининг таъқибига учрамоқда. Колхозлаштириш жараёни, қишлоққа илк
трактор келди.
Усмон Носир овози:
Ойдин кеча,
Сутдек оппоқ
Ҳар ер,
Ҳар бир жой.
Доираи камондан
Боқар кумуш ой.
Ой нурини кўзга солиб
Кўрдим ялангдан –
Бодом гуллаб қолибди
Оч пушти рангда.
Шу кечада
Бодом гули
Рангга кирганда,
Ойнинг нури
Яёв юриб эркин кулганда,
Кеча чокини сўкиб
Юксаладир бир садо…
Шеърда акс этган манзара. Ойдин тун. Тўлин ой. Бодом гули. Трактор
фарасининг нури тушиб кўзни қамаштиради. Кеча чиройини барбод этади.
Тартарлаган шовқини эса шоир овозини босиб кетади.
Ровий: – Қандай гўзал шеър бошланган эди-я! Трактор шовқини шундай дилбар
лирикани расво қилди. Поэтик кайфиятниям янчиб ташлади. Аммо шоир “диктатура
буйруғи” деб ёниб куйлайверади, темир тулпор жавлон уриб ер ҳайдагани каби…
Усмон Носирнинг ижодига сиёсат худди трактор сингари ола-таъсир бостириб
киради. Унинг энг сара сатрлари кутилмаганда маддоҳлик оҳангларга қорилиб
кетади. Шундай дунёқарашли шоирнинг қатағон қилиниши ғалати эди.
Мўъжаз фаоллар зали. Ровий томошабинлар орасида ўтирибди. Ҳамма
саҳнага кўз тиккан. Минбарда Усмон ёниб-куйиб шеър ўқияпти. Янги замонни
мадҳ этяпти. Бир эркак мўйлабини тишлаб, кўз остидан асабий тикиляпти. Бир
аёл паранжисини ташлаган бўлса-да, катта рўмоли билан юзини ярим яшириб,
ҳадиксираб боқмоқда. Аудиториянинг озгина қисми шоирга мойил, асосий қисми
эса ройишлик бермаяпти.
Ровий (томошабинлар орасидан кадрга қараб гапиради, у атрофидагилар
учун йўқдай, гўёки музей экспонантлари орасида тургандай): – Қатағон рўйхатига
кўз ташласангиз, асосан инқилобдан аввал эсини таниган зотларни кўрасиз. 1900
йилдан олдин туғилганлар учун жодидан қутулиб қолиш имконияти кам эди
(тасвирда Мунавварқори, Зафарий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон… кўрсатилади).
Кейингиларда эса бу саф йилдан-йилга ошиб бораверарди. 1903, 1906, 1909 ларда
туғилганлар омон қолганда (тасвирда Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек,
Уйғун, Ҳамид Олимжон акс этади) нима учун 1912 йилда дунёга келган сургун
этилди? Ахир инқилоб рўй берганида атиги беш ёшга кирган, яна интернатда совет
таълимини олган, янги замонни шеърга солган бўлса?!
Ўн етти яшар Усмон Носир дўсти Темур Фаттоҳ билан бирга Москванинг
Қозон вокзалида поезддан тушиб, Каланчев (ҳозирги Комсомол) майдонига чиқади.
Ровий бегона муҳитда анграйиб турган йигитчаларнинг жомадонларини кўтариб,
йўл бошлайди. Иккиси шоша-пиша унинг ортидан эргашади.
Ровий: – Усмон Носир 1929–1930 йилларда Москвадаги кинематография
техникумида таҳсил олади. Кейинчалик ВГИК номи билан машҳур бўлган таълим
даргоҳида С.М.Эйзенштейн, Л.В.Кулешов, И.А.Бохонов, Ф.П.Шипулинский
сингари рус кино санъатининг атоқли намояндаларидан маърузалар тинглайди.
Ровий проекторда ўша даврдаги тасвирларни кўриб ўтирибди. Ленинград
шоссесидаги собиқ “Яр” ресторани жойлашган кўркам гумбазли, баланд ва узун
бино. Институт ётоқхонаси Спиридонов кўчасидаги 17-уй манзилида (ҳозир
бу бино Россия Ташқи ишлар вазирлиги тасарруфида). Ровий Москвадаги ўша
жойларда пайдо бўлиб, қўлидаги эски фотосуратларни айни пайтдаги ҳолатлар
билан қиёслаб ҳикоя қилади.
Темур Фаттоҳ Сергей Есениннинг 1926 йили нашр этилган тўрт жилдлигини
кўтариб келади. Усмон Носир ҳавасланиб қарайди. Ёш шоир 1930 йили
“Теакинопечать” нашриёти чиқарган Н.Д.Апошченконинг “Кинематографиянинг
умумий курси. II жилд. Киноҳаваскорлар учун қўлланма”си, В.К. Сережниковнинг
“Ўқиш маҳорати” (“Мастерство чтеца”) китобларини варақлаб ўтирибди (ҳар
иккала китоб ҳозир Намангандаги Адабиёт музейида сақланмоқда).
Усмон Носир Тверь кўчаси 17-уйда жойлашган, имажинистлар ва ҳур фикр
эгаларининг макони – “Стойло Пегаса” (“Тулпор ҳужраси”) кафесига бориб, бир
пайтлар марҳум Сергей Есенин ташкил этган “богема” кечалари ҳақидаги ширин
хотираларни тингламоқда.
Москва Ёзувчилари клубида Маяковскийнинг “20 йиллик ишим” (1930 йил 1
февраль) деб аталган кўргазмасида. Қрим-татар ёзувчиси Эшреф Шемъизода ва
Муса Жалил билан бирга.
СССР халқлари миллий санъатларининг биринчи бутуниттифоқ олимпиадаси
(1930 йил июнь) доирасида Ҳамза номидаги театр намойиш этган “Икки
коммунист” ва “Ҳалима” спектакллари, шунингдек, Ҳалима Носирова хизмат
қилган мусиқий театр концертларида.
Ровий: – Усмон Носир қизил салтанат пойтахтида куну тун кезиниб юрар экан,
янги замонни тўла-тўкис англашга уринарди. Янги жамият ва янги соҳада ўз ўрни
қаерда эканлиги ҳақида аниқ тасаввур ҳосил қилишга интиларди. Излаганини
топмади. Саломатлиги ҳам панд берди. Юртига ва шеъриятига қайтди.
Поезд буюк даштни кесиб ўтмоқда… Яккам-дуккам қишлоқлар. Дарё ва
кўприклар. Водий боғ-роғлари…
Усмон Носир Қўқондаги таълим-тарбия курсларида ўқитувчилик қилмоқда.
Ровий унинг талабалари орасида ўтирибди.
Шоир шаҳар театрида адабий эмакдош бўлиб ишлаяпти. Ровий ҳам унинг
ёнида мук тушиб, пьеса ўқимоқда.
Ровий матбуот дўконидан “Янги Фарғона” газетасини сотиб олди (1931 йил).
Ёш шоирнинг “Норбўта” достони чиққан.
“Сафарбар сатрлар” китобининг дастлабки саҳифалари очилиб, “Ушбу
тўпламни шоир, биродар Уйғунга бағишлайман. Автор”, деган бағишлов
кўрсатилади.
Ровий: – Усмон Носир 1930–1933 йиллари Қўқондаги таълим-тарбия
курсларида ўқитувчи ва илмий бўлим мудири, шаҳар театрида эса адабий эмакдош
бўлиб ишлайди. 1932 йили “Қуёш билан суҳбат” ва “Сафарбар сатрлар” деган илк
шеърий тўпламлари чоп этилади. Лекин шоирга ҳали нимадир етишмасди. Ўша
нимадирни излаб, якрангликдан чарчаб, манзил-макон алмаштиришга танда қўйди.
Турфа ғоявий кўчаларга бош суқишга азм этди.
Усмон Носир овози:
Кеч туғилдим. Аммо
Қола олмадим
Икки бўлак йўлнинг
Аросатида,
Ҳар бир сўзим – синфий,
Фалсафий фард,
Синфий онг ётади,
Фаросатимда!
Қўлларимда метин,
Тоғлар ўяман,
Ернинг юрагида
Ҳаёт тиргизиб.
Ёзган шеърим билан
Эски ва чирик
Онгнинг хонасига
Янги киргизиб…
1930 йиллар воқелиги. Меҳнат жабҳалари. Оддий одамлар ҳаёти…
Ғимирлаб қолган чекистлар. Жадидларни яширин кузатишлар. Хиёбонда
шошиб бораётган хуфяни харракда ўтирган Ровий чалиб йиқитмоқчи бўлади.
Сотқин мункиб кетади. Лекин қўлидаги қоғозлар ГПУнинг столига бориб тушади.
Папкаларда ҳужжатлар қалашиб, уюлиб боряпти. Қоғозларга “махфий” тамғаси
босиляпти…
Меҳнат ютуқлари. Қувноқ байрам парадлари. Мунаввар қори ва издошларининг
ҳибс этилиши. Қамоқ манзаралари. Отиш саҳналари… Театр томошаси. Минбарда
ёниб шеър ўқиётган шоирлар…
Ровий: – Усмон Носир инқилоб мужодалаларида қатнаша олмаганидан, дунёга
кеч келганидан, кеч туғилганидан афсус чекади. 1933 йили ёзилган “Мен ҳам
бораман” шеърида душман Москвани вайрон этмоқ ниятида чегарадан от солдирса,
ҳимоячилар сафида пешқадам бўлишини баралла айтади. Ушбу пафос кунданкунга кучаяётган мафкуравий ташвиқотнинг, яна бир Жаҳон урушига зимдан
тайёргарликнинг маҳсули эди, десак адашмаймиз. Йўқсиллар салтанати аввал
мамлакат ичкарисидаги ғоявий душманларини яксон қилишга тараддуд кўраётган
эди. Чақувлар кўпайиб, “дело”лар семираётган эди. Мунавварқори бошчилигидаги
бир гуруҳ миллатпарварлар қамоқ ва сургунда қийноқлар остида жон бераётганида
ёш шоирлар гўёки параллел дунёда яшаб, “Бахтим бор!” дея қичқираётган эди.
Ровий деворга осиғлиқ харитага тикилиб турибди. Ўзбекистоннинг 1930
йиллардаги сарҳадлари. Самарқандни топиб, бармоғи билан кўрсатади.
Ровий: – Усмон Носирнинг кўзи очилишига, бир тарафдан, ёшига ёш қўшилиши
сабаб бўлган, иккинчи томондан эса, Самарқанддаги ижодий муҳит туртки
берган. У 1933 йили ўқишга борганида педагогика академияси Ўзбекистон давлат
университетига айлантирилган эди. Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Шокир
Сулаймон, Абдураҳмон Саъдий, Василий Вяткин, Георгий Шенгели каби устозлар
дарс берар, Ҳамид Олимжон, Уйғун, Ойдин, Амин Умарий, Насрулло Охундий
сингари бўлажак шоир ва ёзувчилар сабоқ оларди. Соғлом ижодий муҳит ва қизғин
рақобат туфайли булоқ чинакамига кўз очди. Усмон Носир шеърларида балоғат ва
фасоҳат кучайди. Шу билан бирга, онгида мафкуравий эврилиш юз бера бошлади.
Дунёга қизил кўзойнаксиз қарашни ўрганди.
Ровий Самарқанддаги Абрамов (ҳозирги Истиқлол) бульваридаги билим юрти
биноси олдида пайдо бўлади. Қўлида иморатнинг 1930 йилларидаги сурати. Расм
билан бугунги ҳолатни қиёслайди. Худди шу зайлда қадимий обидалар, муҳташам
иморатлар ва уларнинг аввалги суратларини солиштиради. Расм орқали тарихга
кўчиб ўтилади гўё. Усмон Носир 21–22 ёшда, онаси ва синглисига қишки Самарқанд,
қор босган Гўри Амир, Шоҳизиндани кўрсатиб юрибди.
Ровий: – Усмон Носир қўҳна обидаларга тикилиб, буюк боболар қудрати қандай
қилиб қалбига жо бўлаётганини сезмай ҳам қолгандир. Энди ёш шоир учун ўтмиш
фақат жин кўчалару ис босган пештоқлардан иборат эмас эди. Онгидаги кеча ва
бугун қиёси энди “кечадан аввалги кун”, “миллат тарихининг олтин даврлари”
тушунчаси билан ҳам тўлдирилди.
Ровий СССР харитаси қаршисида турибди. Қўлидаги кўрсаткич билан
Самарқанддан Душанбега чизиқ тортади, кейин Самарқанддан Кавказга, Боку,
Тифлис ва Ереванга борилгани ишора қилинади.
Ровий: – Ёш шоир Тожикистон ёзувчиларининг 1-қурултойида иштирок этиш
учун 1934 йили майда Душанбе шаҳрига ўн беш кунга университет ҳисобидан
юборилган. Ўша йилнинг тўққизинчи июнида қабул қилинган буйруқ асосида
Усмон Носирга арман ёзувчиларининг 1-қурултойида қатнашиш имконияти
берилган. У эса негадир бундан воз кечиб, июль ойи бошларида Боку, Тифлис ва
Ереван шаҳарларида бўлади. Кавказ Усмонни бежиз чорламаган эди. “Нахшон”
достони битилди, бир неча гўзал шеърлари ёзилди. Кейинроқ таржимасига
киришажак “Боғчасарой фонтани”, “Демон” поэмаларида зикр этилгувчи жойлар
ҳавосини олди.
Самарқанд архивида Усмон Носирга оид ҳужжатлар. Ровий тарихий қоғозларни
титиб, керакли маълумотларни топади. Камерага яқин тутади…
1930 йиллардаги Кавказ манзараларига ўтилади. Казбек чўққиси. Тоғ
қишлоқлари. Чиройли қизлар…
Бутуниттифоқ ёзувчилари I съезди. Болтиқ канали – Оқ денгиз – Мурманск
сув йўли. “Карл Маркс” пароходи. Украинанинг Харьков трактор заводи. Хоразм
пахтакорлари.
Ровий: – Бу пайтга келиб, Усмон Носирни эплаб бўлмай қолади. Янги замон
куйчисига ҳамма йўллар очиқ эди. Бир қарасанг, Москвада Бутуниттифоқ ёзувчилари
съездида қатнашаётган, бир қарасанг, “Карл Маркс” пароходида Шимол денгизини
кезиб юрган бўлади. Ҳали Украинанинг Харьков трактор заводидан баландпарвоз
сиёсий шеърлар учун деталлар қидираётган, ҳали Хоразм пахтакорларининг бахти
тўкислигини тараннум этаётган бўлади. Лекин шоирнинг ичида бир исён, бир
бўрон кўтарилиб келаётган эди.
Усмон Носир ёш эди, айбларига иқрор эди (шоир овози): “Ҳаёт ҳали менинг
олдимда, Ақлим ўсар, фикрим юксалар… Ўша пайтда қайсиси кулги, Қайси бири
берар ҳаяжон… Фикр – бола, бола – ўсувчан” (1934 йил, 22 ёш). Мана, унинг
тафаккурида иккиланишлар бўй кўрсатмоқда. Шоирни Самарқанд, Тошкент бузди.
Яхши маънода. Масаланинг бошқа жиҳати, йигитча анча улғайиб, мустақил фикри,
мустақил баҳоси шакллана бошлаган ҳам эди. 1944 йили Усмон Носирни оқлаш
ҳаракати чоғи ҳарбий прокуратурага тақдим этилган тавсифномада у дастлаб
мамлакат ҳаётига кириб келган янгиликни олқишлагани, 1935–1936 йиллари эса
ижодида ижтимоий муҳитда нафаси қисилган кишининг ғам-ғуссаси, юпанчсиз
умидсизлик мотивлари кўзга чалина бошлагани қайд қилинган.
Шоир нимқоронғи қовоқхонада ўтирибди. Столда бўш шиша аллақаердан
тушган нурда йилтирайди. “Эпоха” сигарета қутиси турибди. Кулдон тамаки
қолдиқларига тўла. Бармоқлар орасида чекилмасдан кулга айланаётган навбатдаги
папирос…
Ровий секин келиб, Усмон билан юзма-юз ўтиради. Кўзларига тикилади.
Маъносиз боқаётган нигоҳни кўради. Шоирнинг елкаси оша томошабинларга
қарата гапиради.
Ровий: – Аввалига тақиқлардан безиган шоир кейинчалик хаёлига келганини
қилишдан, тийиқсизликдан ҳам зерикди. Оёғинг етган жойга бориш, қўлинг етган
нарсани олиш, кўнглинг тусаганини қилиш… Хуллас, ҳадеб эришавериш, ҳадеганда
ғалаба, ғалаба, ғалаба одамни чарчатади. Ҳаётни мазмунсиз қилиб қўяди.
Усмон Носир Лермонтовнинг “Демон” (Иблис) достони таржимасига юрак
амри билан қўл ургани бежиз эмас эди. Демон… илоҳий қаватларини истисно этиб,
заминий қатламларига қарасак, “богема” (жаннат) ҳаётида яшаб, масъуд кунлар
ҳам бадига урган, бемақсад ва беишқ тентирашдан чарчаган кибор йигит образи
бўлиб, рус адабиётидаги Онегин, Печорин каби персонажлар зирвасида туради.
Лермонтовнинг бу достонини ўзбек тилига Усмон Носир ўгиргани, яна денг,
таржиманинг баъзи ўринларда ҳатто аслиятдан устунлик қилиши тасодифий эмас.
йигирма етти ёшга тўлмай дуэлда жон берган рус шоири ва йигирма беш ёшга
бормай ижоддан чекланган, ўлмай ўлдирилган ўзбек шоири… Ажабки, “қувғинди
руҳ, қайғули Демон” ҳамиша тирик: далли-дўлвор, қизиққон йигитлар томирида
яшайди. Ёш ўттиздан ўтиб, қон совий бошласа, яна янги ватан қидириб, вужудни
тарк этади. Ана шу босқичга етолган усмонлар эса қариб-қартайиб, шонли
ўтмишидан набираларига ваъз ўқиб ўтирадиган паллага ҳам боради.
Тошкентнинг “Правда Востока” кўчасидаги “Национал” ресторани. Усмон
Носир беш-олти ошнаси билан дадил кириб келади. Хўрандаларга юзланади, қўлини
ҳаволатиб дейди:
Усмон Носир: – Мен шоир Усмон Носир! (Ресторанда сокин мусиқа оғушида
ўтирган барча унга қарайди.) Эшиклар ёпилсин! Кўнглингиз тусаганича еб-ичинг!
Менинг ҳисобимдан… “Демон” таржимасига қалам ҳақи олганман!
Қувноқ қийқириқлар. Чапаклар. Мусиқа садолари шўхлашади. Официантларнинг
оёғи олти бўлади. Шоир ёддан ўқиётган шеърлар даврани қизитади чандон.
Столлар оралаб айланиб, гўзал қиз олдида тўхтаб, изҳори дил қилади.
Усмон Носир:
…Кошки, юзгинангга акс солган
Зуҳра юлдуз асти ўчмаса.
Кошки, бетингдаги тиниқлик
Бегона лабларга кўчмаса.
Кошки, шундай чирой сен учун
Молинг бўлиб қолса умрбод.
Кошки, орзу-ҳавасни бутун
Булбул каби ўқиб бўлса ёд.
Кошки, бахтим сиёҳ бўлмаса,
Шабнам бўлиб инсам баргингга!..
Қиз машҳур шоир унинг шаънига шеър ўқиётганидан бир ғурурланса, ёнидаги
йигити олдида минг истиҳола қилади. Икки туйғу аросатида қолади. Бориб-бориб,
севгилиси ҳам унга худди кўричакдек ортиқча туюла бошлайди. Йигит ғашланади.
Усмон узатган қадаҳни олмайди. Қўли муаллақ қолган шоир ғазабланиб идишни
шунақанги сиқадики, шиша синиб, шаробга қўшилиб қон томчилайди.
Ровий (рестораннинг бир бурчагида ҳаммасини кузатиб турибди): – Гарчи
йўқсилпарвар жамият қуриш ғоясини илгари сурган бўлса-да, шўролар эргашувчи
омманинг эмас, эргаштирувчи хосларнинг ҳаётини тўкин қилишга интилди. Нознеъматларга тўла дастурхонни кўз-кўз этиб, ким биз билан бирга бўлса, боши
охурдан чиқмайди, дея ваъда берди. Боши охурдаги одамнинг эса атрофга қарашга,
ёнверида нималар кечаётганини кузатишга вақти бўлмайди. Хоҳиши ҳам.
Бундан чиқди, сиёсатнинг зиёлиларга шарт-шароит яратишини ҳамма
замонларда тийрак назар билан баҳолаш керак. Бўлиқ яйловга етдим, деб
мадҳиялар тўқиб сайрайвермасликка ҳар кимнинг ҳам иродаси етмайди. Яхши
яшашга ўрганиб қолиш ёмон. Тўқчиликка дош бериш қийин. Айниқса, қашшоқлик
ботқоғидан чиққанлар учун. Усмон Носир ҳам, афсуски, тўкинчилик мазасини
тотиб улгурган эди. Шунинг учун доҳий-сахий деган шеърлар ёзишдан ўзини тия
олмасди.
1935 йиллар канораси. Тошкент. Байрам парадлари. Ленин ҳайкали пойидаги
чиқишлар. Анҳорнинг икки тарафидаги ҳаёт тафовути. Миллий-анъанавий
кўринишлар, чойхоналар. Европача манзаралар. Комсомол ёшларнинг бадиий
кечалари…
Ровий: – Инқилоб шарофатиданми ёки касофатидан, ўз киндигини ўзи кесган
ёшлар ипини узган бузоқдек шаталоқ отдилар. Бошбошдоқликда бошини йўқотиб,
ахийри сиғинмоқ учун танҳо гўр қидира бошладилар. Топинчни қайдан топиш
мумкин. Лениннинг вафотини эшитиб (Усмон Носир овози): “Шундан кейин
қасамёд этдим Яхши ўлим билан ўлгани!” Ёки Лениннинг чўян бюстини кўрганда
дили жувиллаб кетиб, мижжасига ёш қуйилган пайтлар ҳам бўлди. (Усмон Носир
овози): “Сен сабабсан яшашимга, эй улуғ доҳий!” дея ҳаёти мазмунини Сталин
сиймосидан топгандек эди (Усмон Носир овози): “Умрим бутун сенинг измингда.
Мен яшайман сенинг исмингда”.
Ровий кутубхонанинг нодир манбалар бўлимида китобларни кўздан кечирмоқда.
Битта журнални қўлига олади. Кейин Усмон Носирнинг шеърий тўпламларини
кўрсатади.
Ровий: – Усмон Носирнинг “Ҳақиқат қалами” деган илк шеъри 1927 йили
“Янги йўл” журналида босилган. Бирин-кетин китоблари ҳам чиқа бошлади:
“Қуёш билан суҳбат”, “Сафарбар сатрлар”, “Тракторобод”… Сиёсий мавзуларга
бўктирилган эди бу тўпламлар. Ва ниҳоят, 1935 йили шоир “Юрак”ка етиб келди
(Ровий шаҳодат бармоғи билан чап кўксига ишора қилади ва қўлидаги китобнинг
муқовасини камерага яқин тутади).
Бир гуруҳ йигитлар чойхонадан чиқиб, оёғи алкашиб-чалкашиб истироҳат
боғига кириб кетади. Усмон от ўйинни кўриб қолиб, мен ҳам минаман дея
талпинади. Ўртоқлари унинг эркалигини кўтаради, ўйинчоқ тулпорларни
айлантириб югурадилар. Шоирнинг кўз ўнгида дунё чирпирак бўлиб кетади: бир
Абдулла Қодирий, бир Максим Горький кўринади, бир Абдулҳамид Чўлпон, бир
Владимир Маяковский, Ғулом Зафарий, Ғафур Ғулом, Абдурауф Фитрат ва Ҳамид
Олимжон… Сархуш Усмон кимга эргашишни, кимга қўл узатишни билолмай
сарсон.
Ровий: – Усмон Носир иккиланишлар ичида қолади. Шу пайтгача сиғиниб
келган сиёсат сароби кўз ўнгида эриб битган. Лекин кайфу сафоларига совурадиган
жарақ-жарақ пуллар советни олқишлагани, давлат буюртмаларини бажаргани
учун тўланади. Энди ўзи ҳақ деб биладиган Қодирий, Чўлпон ва Зафарийлар
эса аллақачон қудратдан кетган, янги ҳокимият томонидан синдирилган. Уларга
эргашиш айни пайтда ҳалокатли ҳам. Кучли жоҳилият ва кучсиз ҳақиқат, қайси
тарафда бўлишни танлолмай овора эди.
Каруселда учаётган Усмонга чирпирак олам ичра Ризо Қорашоҳ кўринади.
Ўйинчоқ отлар ҳар қанча айланмасин, шоир қаерга қарамасин, озарбайжон
зиёлисининг сиймоси кўз олдидан кетмайди.
Усмон Носир (ёлворади): – Сиз менинг раҳбарим, устозим, қиблагоҳимсиз,
менга йўл кўрсатинг!.. Менга йўл кўрсатинг…
Ровий: – Усмон Носир туркчилик ғоялари ортидан Ўзбекистонга бадарға
қилинган озарбайжон зиёлиси, мусовотчи Ризо Қорашоҳ пойига тиз чўкиб, кўзёш
тўкиб, тўғри йўлни кўрсатишини сўраб ёлворади. Абдулла Қодирий, Абдулҳамид
Чўлпон, Ғулом Зафарий таъсирида билимидаги кемтикликни тўлдиришга,
миллатчилик булоқларидан сув ичишга интилади. Шарқ адабиётини пухта ўрганиш
мақсадида Нодирхон махсумдан сабоқ олиб, Навоий ва Фузулий билан тиллаша
бошлайди. Ҳа, орада қартани ҳам чийратади, қизларниям қийратади. Папиросни
бурқситади, сипқоради ароқни… – янгидан яратилаётган совет кишисининг
ахлоқини буларсиз тасаввур этиб бўлмасди, ахир.
Тошкентда ёз. Сўлим манзиллар. Анҳор бўйлари. Истироҳат боғлари. Усмон
Азим чинор тагида бильярд ўйнамоқда. Аввалги қувноқлигидан асар йўқ. Жиддий.
Сал нарида Ровий кий таёғини тутганча тўқсон йил олдинги ўйинни томоша
қиляпти.
Шоир кий билан асосий тошни уради, стол ўртасига уйилган шарлар ҳар
томонга сочилади. (Бундан кейинги воқеалар Усмон Носирнинг эслашига қурилади.)
…“Қизил Ўзбекистон” газетаси, 1937 йил 27 январь сони. Усмон Носирнинг
ижодий кечаси ҳақидаги эълон. Ровий эълонни ўқиб бўлгач, газетани буклаб,
Ўзбекистон совет ёзувчилари союзи республика қўмитаси (Сталин кўчаси, 47-уй)
да йиғилганларга қарайди. Залда тумонот одам.
Уйғун: – …Усмон Носир шеъриятида пессимизм иллати борлигидан ҳам кўз
юма олмаймиз. Бундай аламзада кайфият унга Ойбекдан ўтган…
Залда ғала-ғовур кўтарилади.
Шокир Сулаймон (эътироз билдириб): – Ўзбек адабиётида икки юлдуз бўлса,
шулардан бири – Усмон!
Восит Саъдулла (қўлидаги китобни юқори кўтариб): – Ҳозир ҳамманинг қўлида
Усмон Носирнинг “Юраг”и. Бутун ўзбек халқи унинг “Юраг”и билан яшамоқда.
Ойбек (ўрнидан туриб): – Усмон Носир, шубҳасиз, улуғ шоир. Унинг 25
йиллигини нишонласа арзийди. Эҳтимол, ҳали унга ҳайкал қўярмиз.
Бильярд шарлари шақиллаб бир-бирига урилмоқда. Усмон жаҳл билан ўйнаяпти.
Таёқ ҳар тошга текканида бир айблов шоирнинг ёдига тушиб, асаби чақнаб кетади.
1-шарпа: – Усмон Носир халқ душмани Абдулҳамид Чўлпоннинг шогирди
бўлади! Касал ётганида кўргани борган, мана – исботи! (Шақ!)
2-шарпа: – Машҳур пантуркист Абдулла Алавийга бағишлаб шеър битган.
(Шақ!)
3-шарпа: – “Меҳрим” тўпламига миллатчилик руҳидаги расвои радди бало
асарларини тиқиштирган. Аксилинқилобий ташвиқот йўлида совет адабиётидан
фойдаланган. (Шақ!)
4-шарпа: – Усмон Носир Ўзбекистонни СССРдан ажратиб олиш ва мустақил
миллий-буржуа давлатини барпо қилишни кўзлаган аксилинқилобий ташкилот
аъзоси эди. (Шақ!)
5-шарпа: – Шўро Ёзувчилар уюшмаси Усмон Носирни катта кечикиш билан
фош этди. (Шақ!)
Бильярд столида бир-бирига аёвсиз урилаётган шарлардан биттаси ғилдираб
бориб ахийри туйнукка тушади, тўрга осилиб қолади. Усмон ғазаби қайнабми,
хурсанд бўлибми, кийни бортга уриб синдириб ташлайди. Кейинги кадрда шоирни
ҳам худди бояги шар каби қафасда кўрамиз.
Усмон Носир (бўйни эгик, қадди букик, қўллари орқа қилинган, ғамгин сўзлайди): –
Мен маҳбус Усмон Носир ЎзССР Жиноят кодексининг 64 ва 67-моддалари билан
айбланганман…
Бирдан шарпалар пайдо бўлиб, унга гулчамбар тақади. Ям-яшил япроқлари,
қип-қизил гуллари тезда қовжираб қолади. Энди бўйнига турли ашқол-дашқоллар,
тунука қопқоқлар шодаси, даста-даста пуллар тизмаси, арқон сиртмоқ илинади…
Ровий: – Усмон Носирга тиркалган айблар, шаънига айтилган эътирофлар
миямга қамалиб қолиб (бошини чангаллайди), ўзаро курашади. Илгари иллат дея
аталган гап-сўзлар бугун фазилатга айланганига ҳайрон бўласан киши.
Терговхона. Деворга СССР харитаси илинган. Сўроққа чақирилган кимсага
кучли ёруғлик тутилган. Терговчи қоронғида ўтирибди.
Шарпа (фақат девордаги харитага тушган соясини кўрамиз): – Усмон Носир
бозорда ўзбекларни қулликда, русларни эса ҳукмдорликда айблаб бақирган ва
чўнтагидаги пулларни лойга сочиб юборган.
Девордаги харита қимирлаб кетади.
Лаврентьев (башарасини аниқ кўрамиз): – Усмон Носир Ўзбекистонда
социализм барпо этилиши учун, албатта, СССР таркибида бўлиш шарт эмас;
туркий халқлар ўзаро бирлашиб ҳам социализмга бориши мумкин, деган…
Камера яна харитага қаратилади. Унинг ортида қандайдир сир яширин.
Шарпа: – Усмон Носир улуғ доҳийимиз Сталин тўғрисида асар ёзмаган!
Терговчи (олдидаги газетадан ўқиб беради): – “Адабиёт ва санъат билан
алоқаси бўлмаган бу қузғунлар Усмон Носирий каби халқ душманларини “ёш кадр”
ва “Ўзбекистон Пушкини” деб халққа тақдим қилмоқчи бўлдилар”. Садриддин
Айний!
Шарпа: – Усмон Носир пессимистик дунёқараш юксак бадиий шеъриятнинг
мазмуни бўлади, шоир давлатга нисбатан мухолифатда турган пайтдагина чинакам
бадиий асар яратади, деб айтган.
Абдурауф Фитрат (руҳан синдирилган, пажмурда аҳволда, мажбуран,
зўрға сўзлаяпти): – Усмон Носиров таржимасида Пушкин… қасддан бузилган.
Улуғ рус шоири… (ўқтин-ўқтин йўталади) ёмон ёзувчига айланиб қолган…
Девордаги харита ортидан ғазабли пишқириқ эшитилади. Фитрат қўрқув
билан шу томонга қарайди.
Комил Яшин (кичкина жуссаси деворга тушган соясидан сезилади): – Усмон
Носир рус пролетариати билан ўзбек халқининг иттифоқига қарши, коммунизмга
қарши гапириб юрган. Аксилинқилобий шеърлар ёзиб, ёшларни ва ўқувчиларни
заҳарламоқчи бўлган.
Чироқ ёруғлиги кучайиб, экран оқариб кетади ва аввалги ҳолига қайтганда
бошқа маҳбус пайдо бўлади.
Анқабой: – Усмон Носир руслар диёнатсиз одамлар, улар фақат олишнигина
билишади, деган… Трамвайда маст ҳолда руслар – ўзбек халқининг эзувчилари;
шошмай туринглар, биз сизларга ҳали кўрсатиб қўямиз, деган…
Шарпа (қорувли кишининг чўкиб қолган, икки букилган гавдаси соясини
кўрамиз): – Рус тилини била туриб, комиссия олдида русча сўзлашдан бош
тортган!..
Лаврентьев: – “Европа” ресторанида оркестр шарқона қўшиқ ижро этиши учун
официантга ўттиз сўм берган. Аммо гиргитдон пулни мусиқачиларга етказмаган.
Усмон Носир уни сўкиб: “Барча руслар ана шундай кишилар, уларга ишониб
бўлмайди”, деган…
Шарпа: – Усмон Носир Ўзбекистоннинг Шўролар иттифоқидан ажралиб
чиқиши муқаррарлигини баралла айтиб юрган.
Девордаги СССР харитаси бир томонга оғиб кетади. Ортидаги туйнукда
оғзи боғланган Усмон Носир кўзлари ола-кула бўлиб, нималарнидир гапиришга
чиранаётганини кўрамиз. Ровий унинг оғзини бўшатади. Шоир ғазабини сочади.
Роса сўкинади. Лекин томошабинга эшитилмайди. Шоир ахийри сокинлашиб,
шеър ўқий бошлайди:
Усмон Носир:
Бўлмоқ истаб шеърият узра дарға,
Итардилар мени чуқур бир жарға.
Менга аён: булбулнинг ошёниға
Кўнолмагай уриниш билан қарға.
Қарға қағиллашда этса ҳам давом,
Булбул навосига эл солур қулоқ.
Жарликда ҳам қайнар, беором қайнар
Эл назари тушган беором булоқ…
Шаҳарда ҳаёт ўз измида давом этмоқда. Инқилобнинг йигирма йиллигига
қизғин тараддуд кетмоқда.
Холамбиби ва қизларига байрам татимайди. Улар тугун ушлаб, қамоқхона
эшиги олдида туришибди. Ичкаридан имдод кутиб, ҳар кирган-чиққанга
мунғаядилар.
Ўқувчилар турли шиорларни кўтариб, ватанпарварлик юришини қилмоқда.
Ленин бюсти пойида тўпланиб, тарғибот тадбирини бошлайдилар. Комсомол
қизалоқ чинкиллаб шеър ўқийди.
Ўқувчи қиз:
Ҳар томчи қонимиз Ватанга фидо!
“Ўлим!” дер ҳар қалбдан чиққан ҳар нидо.
Ўлим сенга, душман! Ўлим, ваҳший ёв!
Сўрайман, ўртоқ Суд, кесинг беаёв!
Ровий: – Афсуски, ўша пайтлар қўштирноқ ичидаги “Халқ душманлари”га
қарши уюштирилган, одамларнинг миясини чайқаб-ювиш мақсадини кўзлаган
тадбирларда ғўр йигитчалару думбул қизалоқлар оғзидан жаранг сочган бу шеърни
Усмон Носирнинг ўзи битган. Бахт куйчиси уқтирганидек, суд кесди беаёв: 1938 йил
5 октябрда ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилди ва беш йилга сиёсий ҳуқуқлардан
маҳрум этди.
Усмон Носир “дунёдаги энг одил суд” ўша машъум кунда Абдулла Қодирий,
Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат каби миллат ойдинларининг ҳамда
Анқабой Худойбахтов, Мўминшо Усмонов, Қосим Сорокин сингари унга қарши
кўрсатма берганларнинг тақдирига қора чизиқ тортганини, аслида улар бир
кун олдин отиб ташланганини билмас эди. Шоирнинг бошига бало бўлган рус
шовинисти Александр Лаврентьев ҳам 1938 йили 12 сентябрда ҳибсга олиниб,
кейинроқ унинг қора юрагига-да қўрғошин жойланади.
1939 йил 14 январь тонги. Маҳкумлар итлар ва конвойлар қуршовида вокзал
томон кетмоқда. Вагонларнинг туйнукларидан ёруғ оламга мўлтирайдилар.
Поезд узоқ ва совуқ ўлкалар томон шошилади. Владивостокда пароходга чиқилади.
“Уэлен” кемаси Япон ва Охота денгизидан кесиб ўтиб, Магадан лиманида лангар
ташлайди. Кейин маҳкумлар машиналарга ортилиб, Колима бўйлаб конларга сочиб
юборилади…
Шоир меҳнат-тузатув лагерининг бир хонасида ёғоч каравотга мук тушганича,
аллақаердан топилган қоғозга нималарнидир битмоқда.
Усмон Носир: – Мен маҳкум Усмон Носир… Улуғ Сталин! Сенга ариза ёзишга
имкон беришмаяпти. Улар мени узил-кесил ўлдиришмоқчи. Қадрли доҳий,
кечир мени. Улар сени сўкишга мажбур этишди мени. Минг маротаба кечирим
сўрайман… Ўтиниб-ўтиниб кечирим сўрайман!
Аризанинг боши. Элнинг қуёши,
Озод халқларнинг якка йўлдоши,
Кўзнинг нури, дилнинг суянч-мадори,
Улуғ Ватанимнинг боқий баҳори.
Халқлар билан ҳамтан бу буюк тилим,
Сенга сано куйлар баним ёш дилим…
Ровий: – Қанийди, тасвирга олмасайдик шу саҳнани. Мазлумни мавҳ этган
золимни. Золимни мадҳ этган мазлумни. Қайсарлигингча қолмайсанми, Усмон!
Айтишга осон… Мангу музликлар ўлкасида маҳкумлар бошидан кечирган
кўргиликлар ҳақида ўқиб, жонини қутқариш учун турли даражада муросага
борган сотқинларни ҳам кечириб юборгинг келади. Лекин…
ГУЛАГ манзаралари. Шафқатсиз қийноқлар. Музхона азоблари. “Экспедиция”
конидаги оғир иш шароити…
Ровий бугунги Колимани кезиб, қора ўтмиш асоратларини излайди.
Ровий: – Инсон мияси мавжуд вазият билан кучли зиддиятга киришса,
қоришиқ маълумотлар чигаллигини ечолмаса, ташқи руҳий босимни
кўтаролмаса, муаммолардан қутулиш йўлини тополмаса, келажакка умид
қолмаса… вужудни биологик йўқотиш ҳақида ўйлай бошлайди. Ўрмонда дарахт
кесар экан, узун-узун чўпларни олиб, қулоқ ва бурнига тиқиб қонатишгача
бориш Усмон Носир учун осон бўлганми?!
Усмон Носир ахлоқ-тузатиш лагери қонун-қоидаларига бўйсунмагани учун
жазо тариқасида изоляторга қамаб қўйилган. Ҳали жаҳлидан тушмаган.
Панжарани маҳкам сиққанча бақирмоқда.
Усмон Носир: – Шўро ҳокимиятига йигирма йил ишониб келдим, энди
ишонмайман. Ишонмайман! Ҳатто миямдаги энергияни тортиб олишни
исташмоқда, жисмоний меҳнат қилишга мажбур этишмоқчи. Ўз ўлимимни
тезлаштириш учун, тезроқ ўлиш учун очлик эълон қиламан. Ёки менга рўпара
келган биринчи одамниёқ ўлдираман! Ўлдираман!
Ровий “Инвалидка” лагерида (ҳозирги ҳолати). Бирдан вақт туйнуги
очилгандек бўлиб, 1940 йилга қайтиб қолади. Оғир иш куни тугаган, майибмажруҳ маҳкумлар қоқсуяк шоирни кўрпачаси билан кўтариб келиб, стол
устига ётқизиб қўядилар.
Усмон Носир (талабларга кўра шеър ўқий бошлайди, шикаста овозда):
Ҳозир сенинг қанотинг боғлиқ,
Юрагинг доғлиқ,
Эшитилмас сайрашинг халққа.
Сен кезинган боғлар ҳам бўм-бўш.
Йўқ унда хониш.
Эшиклари қулфлидур… Ҳалқа…
Амин бўл, ечилур боғли қанотинг,
Булбул-ку отинг,
Хизматни эл учун айлаган зотинг.
Қўшиғинг мавж урсин, тинмасин тилда!
Барибир тингланур давр келиб элда!
О, Ватан булбули, гуллар ошиғи,
Вафоли булбул,
Қўнасан такроран ғунча-тахтингга,
Соғ ва бардам бўл!..
Усмон Носир каравотда афтодаҳол ётибди. Мадори бор пайти бетон деворга
нималарнидир ўйиб ёзган. Ҳозир эса алоқ-чалоқ туш кўряпти. Авжи саратон,
болакайлар ариқ бўйида иштончан югуриб юрибди. Оёқлари тагидаги майин
қумлоқда кулдиргич (қумкана) ўрачаларини босиб-янчиб ўтиб, сувга сакрашяпти…
Усмон Носир уйқусида жилмаяди. Тепасида кимдир турганини пайқаб, кўзини
очади. Ровийни кўради.
Усмон Носир (Ровийга қарата): – Тушимга ўғлим кирибди. Ҳали туғилмаган
ўғлим… Ўн йил олдин ҳам тушимда кўрган эдим.
Ровий конфет тутади. Болангга берарсан, деган маънодами. Шоир қалтироқ
бармоқлари билан қоғозини очиб, ширин мағзини Ровийга қайтаради. Туғилмаган
ўғлини унинг тимсолида кўради чунки. Конфетнинг қоғозига эса калта қаламда
майда ҳарфлар билан шеър битади.
Усмон Носир (пичирлаб): – Қани ота бўлсам, ўғлим бўлсайди…
Ровий (шоирнинг қилтиллаб шеър ёзишини томоша қила туриб): – Усмон
Носир 21–22 ёшларида ҳали туғилмаган ва ҳеч қачон туғилмайдиган ўғлига
мактуб битади.
Ҳали гул ёшлигим шамолдай ўйнар,
Севгим бирор қизда тинмаган ҳали.
Ҳали сочим қора, ишқ-ла тарайман,
Оппоқ қиров дона инмаган ҳали.
Ҳали туғилганинг йўқ, ўғлим Қундуз,
Она бўлиб биров келган йўқ уйга.
Бола тўғрисида бир шеър битириб,
Чарчаб ухлаганда, кирдинг тушимга…
Ўғли келажакда унинг хатини худди эртакдек, мароқ билан ўқишидан умид
қилади. Отам қанақа инсон бўлган экан, балки афсонавий дев ўтганмикан, деб
ўйлаши мумкинлигини айтади. Лекин ўзининг ҳам оддий одамлигини, эл
қатори яшагани, истаганча ўйнаб-кулгани, пайти-пайтида ўпич сўргани, ойдин
тунда кўл бўйида қора сочни ўрганини яширмайди. Қиссадан ҳисса, ўзини
илоҳийлаштирмасдан, жуда осмонга чиқариб қўймасдан, борича қабул қилишни,
борича эслашни ўтинади. Бу гаплар биз авлодларга қарата ёзилган васиятдек
гўё.
Усмон Носир ёстиқни чокидан сўкиб, ичини титиб ўтирибди. Сочлари, елка
ва қўллари оппоқ пар бўлган. Бамисоли оққушга айланган.
Ровий: – Қамоқ ва лагерларда узлуксиз қийноқлардан сўнг шоирнинг онгида
бузилишлар кузатилгани ҳақида айтилади. Масалан, бир сафар ёстиқни йиртиб,
бошига кийиб ўйнаб ўтиргани, елка ва қўллари пар билан қопланганига гувоҳ
бўладилар. Ким билсин, Усмон Носир буюк боболаридек қанот боғлаб, жаннат
юртига учмоқни хаёл қилганмикан?!
Ровий академик Наим Каримов билан суҳбатлашиб ўтирибди. Янги нашрдан
чиққан “Усмон Носир” маърифий романи столда турибди.
Ровий: – Адабиётшунос Наим Каримов тадқиқотларида Колимадан тирик
қайтган маҳкумларнинг оғзаки хотираларига бот-бот мурожаат этади. Усмон
Носирда ҳам йўқмиди шу имкон, деган ўй ўртайди кўнгилни. Бу шафқатсиз
ҳаётда яшаш истеъдодларга осон бўлмаган ҳеч қачон!