Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

БАҲОР ҚЎШИҚ АЙТАРМИШ ҚОРГА

Сеҳриё МАДАМИНОВА – 2001 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университети
1-курс магистранти. Республика матбуотида мақолалари эълон қилинган


Ижодкор бадиий ижод маҳсулининг таъсирчанлигини ошириш, кучли эмоционал
ҳолат, ҳис-туйғу уйғотиш мақсадида кўплаб бадиий тасвир воситаларидан
фойдаланиши табиий ҳол. Шундай воситалардан энг фаоли метафорадир.
Метафора нафақат сўзнинг маъно қирраларини намоён қилувчи муҳим восита
сифатида, шунингдек, тингловчига таъсир этиш вазифасини бажариб, тилнинг
ифода имкониятларини кенгайтиради. Шу боис, шеърий асарнинг ҳиссий
таъсирчанлигини оширишда метафора юқори даражадаги услубий воситалардан
биридир. Метафора сўзлар ва ибораларнинг нарса ва ҳодисалар (шунингдек,
белги ва ҳаракатлар) орасидаги ўхшашлик асосида кўчма маънода ишлатилиши
ҳисобланади.
Рауф Парфи шеъриятида метафорик маъно турли кўринишларда намоён бўлиб,
шоир ижодининг серқирралигига, тафаккур доираси кенглигига далил бўла
олади. Ижодкорнинг метафоралари китобхонни лирик қаҳрамоннинг ички олами,
ҳис-туйғуларини англашига ёрдам бериб, унга завқ бағишлайди. Ёзувчи Асқад
Мухтор таъбири билан айтганда: “Метафора шеъриятда, албатта, янгилик эмас.
Лекин у ҳар бир яхши шоирда ўзига хос жилваларда намоён бўлади. Рауф Парфи
метафораларининг ўзига хослиги уларнинг қамровида ва мавзуга майин, табиий,
романтик оҳангдошлигида”. Шунингдек, шоир тилимизда мавжуд метафораларни
қўллаш билан биргаликда ўзи ҳам янги метафоралар яратади.


Совуқ юракларга ўт қалаб,
Ўзи бериб ўзига баҳо,
Мангуликнинг нағмаси ила
Талпинади ўлкада баҳор.


Ижодкорнинг “Талпинади, шундай кулади…” номли шеъридан олинган
ушбу парчада “совуқ юраклар”, “юракларга ўт қалаб”, “мангуликнинг нағмаси”,
“талпинади баҳор” сингари метафоранинг гўзал намуналарини учратишимиз
мумкин.
Метафоралар бадиий адабиётда нутқнинг бошқа воситаларига нисбатан
кўп қўлланади ва турли нутқ имкониятларини юзага келтиради. Шу сабабдан
тилшуносликда метафораларнинг бир нечта турлари фарқланади. М.Миртожиев
метафораларни мазмун жиҳатидан уч турга: оддий метафора, персонификация
ва синестезия каби турларга ажратади. Оддий метафора ҳосила маъно юзага
келишининг ҳосил қилувчи ва ҳосила маъно референтларининг ўзаро белги,
хусусиятларининг оддий қиёсланиши, ўхшатилишига асосланган кўринишидир.
Рауф Парфининг “Йиллар, бераҳм йиллар…” шеъридан олинган қуйидаги
мисраларда метафоранинг одатий кўриниши ифодаланган:


Қиш фаслидир қаҳратон,
Бошимда еллар…
Ёшлигимни бермайман,
Бераҳм йиллар,
Бераҳм йиллар.


Мисраларда такрор қўлланган “бераҳм йиллар” жумласидаги “бераҳм”
сўзи сифат туркумига мансуб бўлиб, шахснинг хусусиятини англатувчи белги
ҳисобланади. Ушбу сўз от сўз туркумига мансуб “йиллар” сўзига нисбатан қўлланиб,
метафорик маъно ҳосил қилган. Қуйидаги мисраларда ҳам метафоранинг бу тури
шеърга ўзига хос жозиба бахш этган дейиш мумкин:


Кўзимнинг ғорида парчинланган кўк,
Булутлар, тўлқинлар, ҳиддат сочилган.
Сенинг чиройингда гард йўқ, ғубор йўқ –
Алданган гулларнинг бағри очилган.


Шунингдек, шеърнинг серқирра намуналарини яратган шоир ижодида ҳам
жонлантириш асосидаги метафоралар талайгина.


Чаман-чаман очилган гуллар,
Баҳор қўшиқ айтармиш қорга.
Қўшиқ айтиб дарё шовуллар
Таъзим ила гўзал баҳорга.


Ёки:


Ёмғир ёғиб чиқди тун бўйи
Тонг оқарди, тинмади ёмғир.
Бузилгандек осмоннинг уйи –
Ерга қараб йиғлайди оғир.


Шеърий парчада ижодкор шундай гўзал образлилик ҳосил қилганки, бир
қарашда оддий, жўн бўлиб кўринган кўчма маънодаги бу синтактик бирликлар
мазмунида чуқур маъно ётибди. Рауф Парфи ижодида бундай метафораларни
кўплаб учратиш мумкин.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil