Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

МУҲАММАД ЮСУФНИНГ “ТУРНАЛАР”И

Қодиржон НОСИРОВ – 1947 йилда туғилган. Наманган давлат педагогика
институтининг (ҳозирги НамДУ) рус тили ва адабиёти факультетини тамомлаган. “Ўгай
қалдирғоч” номли насрий, “Сонет ва сонетлар гулчамбари”, “Наманган адабий ҳаётидан
лавҳалар”, “Муҳаммад Юсуф Наманганда ёхуд ориятли муҳаббат”, “Муҳаммад Юсуф
наманганликлар нигоҳида” каби китоблари нашр этилган.

Сирожиддин Саййиднинг “Улуғимсан, Ватаним (Ортда қолган из)” номи билан
Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ёзилган мақоласида (“Олтин қалам”, 2006,
8-9-сон) ўқиймиз: “Абдулла ака Муҳаммаджон билан Доғистон халқ шоири Расул
Ҳамзатовнинг таваллуд тўйи баҳона у кишининг уйига – Маҳачқалъага меҳмонга
борганларини, Расул бобонинг Муҳаммаджонни дарров яхши кўриб қолганини,
унга шеър ўқитиб, “Шеърни ўзимдай ўқиркансан” дея мақтаганларини алоҳида
меҳр ва соғинч билан эслайдилар”.
Бу эсдаликларни ўқиганда, Расул Ҳамзатов ва Муҳаммад Юсуфларнинг бир хил
номланган иккита шеъри ёдга келди – “Турналар”. Бу тасодифий бир хилликми,
ёки буюк шоирнинг машҳур шеъри таъсирида ёзганми Муҳаммад Юсуф? Бевосита
таъсир, тақлид дейишга асос, менимча, йўқ. Лекин бошқа бир нарса аниқ: турналар
образи (балки, мавзу деганимиз маъқулроқдир) бир қатор халқлар (жумладан,
арман, озарбайжон)нинг мумтоз шеъриятида кўп тарқалган ҳодиса. Озарбайжонлик
таниқли адабиётшунос Азиз Шарифнинг Воқиф ижодига бағишланган китобида
бу борада бир нечта мисол келтирилган, чунончи, арман шоири Наапет Кучак
(XVI аср), озарбайжон шоирлари Воқиф ва Видодий (XVIII аср), Косумбек Зокир
(XIX аср) шеърлари тилга олинган. Шу ўринда кўрсатиб ўтиш жоиз: Азиз Шариф
батафсил таҳлил қилган “Крунк” (турна) шеъри Н. Кучак қаламига мансублиги
мунозарали хол бўлса керак. Чунки, бир эмас, иккита нашрда бу асар халқ оғзаки
поэзияси намуналари сирасига киритилган . (Қаранг: “Средневековая армянская
поэзия. Москва, “Художественная литература,” 1981; “Поведай мне, Аракс могучий.
Из армянской поэзии”. Ленинград, “Детская литература,” 1984.) Шунга асосланиб,
турналар мавзуси яна ҳам узоқ, кўҳна, деб хулоса қилиш мумкин.
Турналар кўпинча ватан соғинчини ифодалаб, дарбадарлик, саргардонлик
(Н.Кучак, К.Зокир) рамзи бўлиб келади. Айни пайтда, ёр илинжи тараннум этилган
мисолларни ҳам кўрамиз (Воқиф); ёки лирик қаҳрамон учун умуман эзгулик,
гўзаллик тимсоли бўлиб хизмат қилади турна (Видодий). Аммо турли қаламларга

мансуб бўлган асарларни бир ипга тизиб-боғлаб, бу бир гўзал анъана эканлигини
намойиш этиб турувчи турна образидан ташқари яна бир муҳим умумий унсур
мавжуд – шеърлар арман ва озарбайжон адабиётларида катта ўрин эгаллаган
ошиқлик поэзиясининг гошма (қўшма) деб юритилувчи шаклида битилган. Бундай
асарлар бир вазнда ёзилганлиги ҳамда ягона қофия тизимига эга бўлишлиги билан
тавсифланади: абаб; ввва; ггга; ва ҳоказо. Энг муҳими – бандларнинг тўртинчи
мисралари ўзгаришсиз ёки бундаги асосий сўз – турналар – радиф каби такрорланиб
келган. Маълумки, Европа поэтикасида бу эпифора деб юритилади. Гошма шакли
туркий халқлардан туркман адабиётида, жумладан. Маҳтумқулида кўп учрайди.
Мумтоз анъанага Расул Ҳамзатовнинг ўз даврида қўшиқ бўлиб бутун дунёга
таралган “Турналар” шеъри қатъий боғланган эмас. Бунда дарбадарлик мавзуси
ҳам кўтарилмайди, ёр соғинчи ҳам куйланмайди. Ҳамзатовнинг турналари –
бу жангоҳларда қурбон бўлган мардлар, лирик қаҳрамон жигаргўшаларининг
руҳи. Асар мазмуни марҳумлар жони турли жонзотларга кўчиши ҳақидаги кенг
тарқалган афсонага асосланган бўлиб, шаҳидлар ерга кўмилмаган – оқ турналарга
айланиб парвоз қилиб юрибди. Уларнинг қурқурлари – машъум воқеалардан дарак,
огоҳликка чорловчи садо. Лирик қаҳрамон улар ортидан хомуш боқади ва вақти
келиб ўзи ҳам парвоздаги сафдан ўрин олажагини изҳор қилади.
Расул Ҳамзатовнинг шеъри, унда ғоявий мазмун ва, айниқса, шакл ўзгача
бўлишига қарамай, эзгулик рамзи бўлмиш турналар образи билан кўҳна анъананинг
узвий давоми эканлиги шубҳасиздир. Доғистонлик шоир қалами остида мумтоз
анъана бойиган, ривожланган. Афсус, мазкур асарнинг ўзбек тилига таржимаси
аслиятдан анча йироқ бўлгани учун (Қаранг: “XX аср шеърияти.”Тошкент, “Янги
аср авлоди,” 2004, 51-б.) биз ундан мисол келтиролмаймиз.
Ўзбек шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Турналар”и ўзининг энг яқин салафи Расул
Ҳамзатов асарига мазмунан ўхшасада (унда ҳам бунда ҳам ўтганлар хотираси
ҳақида гап боради). Шаклан юқорида тилга олинган озарбайжон ва арман шеърияти
намуналарига яқин. Айни пайтда, ҳар икки маънода ҳам ўзига хос, оригинал
асардир. Салафларда турналар дарбадарликда кун кечиришга мажбур бўлган лирик
қаҳрамоннинг изтироблари, ошиқнинг маъшуқага интилишлари, уруш қурбонлари
хотирасининг эъзозини ифодаловчи тимсол бўлса, Муҳаммад Юсуфда – бу дунёлик
юмушларни поёнига етказиб, чин дунёга учган, ёки учишга шай аждодларимиз,
“боболаримиз, момоларимиз” тимсоли:


Иссиқ-исссиқ юртлар излаб,
Ўтаётир турналар,


деб бошлайди шеърни Муҳаммад Юсуф. Кейинги бандларда эса бизга изтиробли
ҳақиқат очилади: қушлар табиатда совуқ бошланиши олдидан эмас, балки бизнинг
уларга нисбатан бефарқлигимиз сабаб кетишмоқда.


Иссиқ юртлар эмас,
Меҳр-оқибат сўраб,
Ширин калом, суҳбат сўраб,
Кўзга кўринмай олислаб,
Кетаётир турналар.

Муҳаммад Юсуфнинг шеърида муҳим ахлоқий мавзу – авлодлараро муносабат,
оталар ва болалар муаммоси кўтарилган. Бу нарса бошқа миллий адабиётларда
ҳам учраб туради, бинобарин буни ҳам ўзига хос анъана деса бўлади. Тўғри, рус
адабиётида ушбу масалага сиёсий тус бериб юборишган: оталар – куни битган
эски тузум, болалар эса – бу илғор янги замон. Аксарият асарларда бу зиддият ё
боши берк кўчага кириб қолади, ё болаларнинг, яъни янги авлоднинг устунлиги
тараннумига айланади. Ўзбек шоирининг талқинида эса бу муаммо, ахлоқийлик
тусини йўқотмаган ҳолда, янгича ечим топади. Ёш авлод вакили бўлмиш лирик
қаҳрамон эътирофини тинглайлик:


Ҳолидан бўлмай огоҳ,
Қилдик гуноҳ, қилдик гуноҳ.
Қалби-ю қаноти музлаб,
Кетаётир турналар.


Аждодлар олдидаги бурчини кўнгилдагидек адо этолмаган ёш авлоднинг
пушаймони, армони бу.
Ғоя ёрқин ифодаланишида асарда қўлланилган гўзал поэтик усулларнинг роли
алоҳида эътиборли. Хусусан, банд тузилиши ва қофия тизими арман, озарбайжон,
туркман гошмаларини бироз эслатса-да, аслида ўзига хослигини кўрамиз. Олтита
асосий бандлар ноёб такрорлар воситасида ажойиб силсилага айланган. Биринчи
банд, мумтоз салафлардагидек, кесма қофияли бўлса-да, қолган беш тўртликнинг
биринчи икки мисраларида янги мустақил қофиялар ишлатилган, учинчи мисралар
эса барчаси қофиядош, тўртинчи мисралар нақорат каби айнан такрорланиб
келаверади. Шеър алоҳида иккилик билан якунланади, лекин бу иккилик бош
банднинг биринчи ва тўртинчи мисраларининг ўзгаришсиз такрори: абаб; вваб;
ггаб; ддаб; ееаб; жжаб; аб.
Якунловчи иккилик ҳам мазмун, ҳам шакл нуқтаи назаридан алоҳида тароватга
эга. У шеърнинг асосий ғоясини ўзида мужассамлаган, юқоридаги бандларнинг
бадиий қувватини бир жойга михлаганлиги билан аҳамиятли. Шунинг учун ҳам
бу мисраларни, бир томондан, сонет жанрининг инглизча шаклидаги якунловчи
иккиликка (уни сонетнинг қулфи деб ҳам юритишади), иккинчи томондан эса,
таъбир жоиз бўлса, икки оёқ учида рақсга тушиш санъатига қиёслагим келади.
Бу хореографияда “Пуантда рақсга тушиш” деб юритилади. Франсузча “пуант”
сўзи “уч” (бирор нарсанинг учи)ни англатади. Раққос маҳорати маълум даражада
ана шу усулни қай даражада эгаллаганлиги билан баҳоланади. Муҳаммад Юсуф
яратган шеърий шаклда ҳам якунловчи иккилик ана шундай аҳамиятга эга, десак
муболаға бўлмас.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Муҳаммад Юсуфнинг “Турналар”и
шарқ мумтоз шеъриятига хос анъаналардан бирининг давоми сифатида, бу
гўзал анъанага янгича мазмун касб этганлиги ва, қолаверса, янгича тароват
бағишлаганлиги билан алоҳида эътиборга лойиқдир.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil