Рашид ХЎЖАМОВ – 1997 йилда туғилган. Гулистон давлат университети филология
факультетини тамомлаган. Унинг “Алъамон” номли шеърий тўплами нашр этилган.
Шодумонлик
Шодумонлик берди бизга Яратган,
Туйқус унутилди тириклик ғами…
Мен-ку булутларни қувлаб юрибман –
Ўзинг ўзингдами?!
Самодан баландда, тупроқдан пастда
Руҳим бир жазо-ю
бир сазо истаб
юргандим
кўзларим қилмайин музтар
Бир “жазолар” бердинг шоҳларга менгзаб.
2
Кузак сувларида аксинг кўрингай,
Уялиб оқади табассуминг ҳам.
Ўзимни сўроққа тутаман тинмай:
Наҳотки ўнгимда тушимни кўрсам?!
Ийманиб севарсан гўё кимнингдир
Хаёлига малол келасан.
Нега?
Бармоқларинг – асир,
Нигоҳларинг – сир…
Ишонгинг келмайди бахтлилигингга.
Аммо гумонларнинг мавриди эмас,
Энг ҳарир рангларга тутмагин парда.
Ахир юлдузларни беркитиб бўлмас,
Ой ақлдан озар кир этакларда.
Мен шундоқ ғамларни ўртаган куйман,
Ҳаммаси нотекис – ҳаммаси зариф!
Йўлингга тўкилиб кетмасин дейман,
Кўзимнинг шўртаъм дўлоналари!
Орзу
Ғам ёмғири ёғди ўттиз тўққиз йил,
Бир азим дарёнинг шиддати тинди.
Минг йиллик оғочдек кўнглим беҳосил,
Толесизлик дедим,
толемга кўндим.
Сендан улоқдиму,
сени қўмсадим,
Қудуққа оҳ урсам, исмим қайтади.
Хатларни чўктирдим,
Сўзларни ёқдим —
Энди севсанг бўлар мени қайтадан.
Тушларим мунажжим,
Ўйлар – мусаввир,
Қани, одамлардек хаёл сурсайдим…
Ғам ёмғири ёғди ўттиз тўққиз йил,
Келсайдинг,
мен қирққа кирсайдим.
Куз манзумаси
Ёмғирдан эрк,
Япроқдан висол
айриларкан беуну беҳол,
Ғам рангида, мотам рангида
Топганларинг топади завол.
(Куз хушламас бахтиёрларни)
Кимдир онтдан,
кимдир субутдан
Воз кечаркан нигоҳлари муз.
Бош кўтармай мангу сукутда
Ҳаммасини кузатади куз.
Сўнг тортинмай,
ийманмай,
қўрқмай
фош этажак йўлларга сочиб
сирларингни
шаррос ёмғирдай…
Кетолмассан ўзингдан қочиб!
Қатл этар кулгингни кунлар
битта-битта,
дона-доналаб…
Тинолмайсан,
лойқа кузакка
Асабларинг қўйилган атаб.
Ён-верингда мажнун шамоллар,
Забун ҳолинг этади достон.
Бахтга қарши, баҳор ҳаяллар,
Бехос ўлим келмас бехосдан!
Куз хушламас бахтиёрларни!
Нега?
Нега мен – дарз кетган хароба
Ўзимнинг бошимга қуладим?..
Шоҳ кўнглим – лойдаги ароба
Қуллардан бир нажот тилади.
Нега мен ёрилган пешонам
қонини кўрмасдан яшарман?
Ҳали ҳам мағлубу бешонман,
Толемга армон эш ҳали ҳам.
Нега мен саволга тутарман
тошларни (энг ғариб ошиқдай),
мен сиздан бир садо кутарман
бўғзимда туғилган қўшиқлар!
Нега мен то саҳар кутарман
най ютган тунлардан мўъжиза?
Наҳотки англамай ўтарман
Сенлигинг мўъжизам, ожизам.
Нега мен бу фано даштида
Ишқимни каптардай учирдим?
Нега чурқ этмади бошқалар –
Нега мен ўзимни кечирдим?..
Чора
Мен чора изладим чорасизликдан,
Соям толесида бир юлдуз кўрдим,
Минг тунд хуфтонимда
бир кундуз кўрдим,
Ҳажр қорларида ёлғиз из кўрдим,
Мен чора изладим
ўлимга қадар…
Бордай кўринади йўқликда чора
Бирдай кўринади
итоат,
ғорат,
Мордай юраккача ўрмалар ғафлат,
Бошдаги булутлар
кетмади бадар…
Ўзингни такрорлаб яшамоқ надир
ўзини деворга осган вақт каби?
Турсанг, қабртошсан,
Ухласанг – қабр…
Жоним оғрияпти,
жоним, тушунтир:
Ўзини такрорлаб яшамоқ надир?
Хиёл эгилсангу қулга айлансанг,
Илигинг қуримай ғулга айлансанг,
Бир илинж ўтида кулга айлансанг,
Бошни кўтарсангу
йўлга айлансанг,
Не бўлар,
не бўлар,
не бўлар, ахир?
Мен чора изладим
чорасизликдан…
Ниҳоя
Машиналар нотекис сузар –
Тўлқинларни келар ўйлагим.
Эркка ташна қирғоқлар узра
шафақ ечар алвон кўйлагин.
Мен онт ичдим – юлдузлар масрур,
Ўзгаради бари бугундан.
Англаганинг сари сирман, сир,
Тушунганинг сайин тугунман.
Қайлардадир туйғулар тошди,
Чўкканим рост мен ҳам қайдадир.
Елкамга мин,
у – тоғлар ошиб,
Тоғ бўлмоққа кечиккан адир.
Менга суян –
руҳимни суя…
Забонимга таскинлар эриш.
Ўлим каби маҳолми, аяб
бир одамни ўлгунча севиш?!
Ўзгаради бари бугундан –
Ўнгим тўла ғилмон, Худойим.
Сен кўнглимга кишан тутасан –
Қандоқ озод қулман, Худойим?!
Дарахтлар
Зирқираб чиқади шол бели
Тебранар, маст-аласт алаҳлаб.
Шоирдай кунлари оғули,
Фақат шеър ёзмайди дарахтлар.
Букчайган бўксасин шамолда
Қирқ қўли толмайди силашдан.
Майсанинг бошига етмай деб
Ийманиб яшайди қулашдан.
Кун урган елкасин чуқури
Бошпана – қуш ини, мор ини.
Қатида хатлашган сулувлар,
Аҳдлашган, адашган сулувлар…
Барини танийди, барини…
Қанотлар парланар бошидан,
Нағмага сиғмайди тўзими.
Бир куни шеър ёзар, унгача
Ўлдириб қўймаса ўзини!
Тасалли
Яна хато топдим атодан сўраб,
Гўштимни эш тиллар чайнади зимдан.
Ишонма, тоғларнинг бариси сароб,
Ишонма, елкалар қорилган қумдан.
Қасосин унутган қулдай нишонсиз
Бунда ўтадирман – тақдирга тикка.
Олисларда исминг янграйди жонсўз,
Олислардан жоним ўрлайди кўкка.
Мен парвоз завқини унутган лочин,
Ҳурликка ташнаман, гарчи титроқ тан.
Қай замон булутни тўсарди кафтим,
Энди заминликман,
энди тупроқман…
Нега қўлларимга топширмадинг қўл,
Нега кетмоғимга йўл бердинг очиб?
Ахир, ёниш билан юраги машғул,
Мен ҳам ошиқ эдим ҳаммадан ошиқ.
Мен ҳам севар эдим – телбадан баттар,
Мен ҳам севар эдим – соғлардай маҳтал.
Мен ҳам севар эдим – маҳбусдай ташна,
Мен ҳам севар эдим – кузакда яшнаб.
Мен ҳам севар эдим – ўзимни янчиб,
Мен ҳам севар эдим – тишларим занжир.
Мен ҳам севар эдим – тахайюли оч,
Мен ҳам севар эдим – кўзларим тилмоч.
Мен ҳам севар эдим – осмондай ёғир,
Мен ҳам севар эдим – тушларим тоҳир.
Мен ҳам севар эдим – қони нафармон,
Мен ҳам севар эдим –
…ҳамон севарман…
Менинг бори умрим қасида сенга
Ҳамда шу баҳорга лаҳзалик сайр.
Айтмасам, бошимга чақмоқлар синган,
Ҳаммасини айтсам, кўтармайди ер.
Ҳамон шўр турмушим топмади маъни,
Қайтмоқчи бўламан йилларни тиклаб.
Ютиб юборолмас, тушунгин, мени
Игна тешигидан тор бу кенгликлар.
Туш
Туш кўраман тушлар ҳақида,
Сувга қўнган қушлар ҳақида,
Сўнг кўзимга сўйлаб бераман
Қонаб ётган тошлар ҳақида.
Туш кўраман тушлар ҳақида.
Қуён қусиб ташлаган шерни,
Чувалчангдан туғилган филни,
Аввал тугиб, кейин гуллаган…
Пул ютоқиб ўзин пуллаган.
Хожасига нон отган қуллар,
Бошга ақл ўргатган салла,
Суяк билан тишимни кавлаб,
Ҳаммасини англамай-англаб
Туш кўраман тушлар ҳақида.
Қамар чўккан кечалар ёруғ,
Ойни ичдим тугамади у.
Шамол пусиб ётганда мулзам,
Иягимга ёпишиб тиззам
Туш кўраман тушлар ҳақида…
Нега мени уйғотмайсан, гул,
Ухлармизми қиёматгача?