Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Кимларга ўзимни бой бердим жангсиз

Ҳумоюн ФАТТОҲ – 2000 йилда туғилган. Фарғона давлат университетини тамомлаган.
Унинг “Бошқача одам” шеърий тўплами чоп этилган.


* * *
Осиё,
ахир, мен –
салкам бир осий,
Ўзимни айблаб яшайман токай?
Келсанг, бу гуноҳкор дилимни осиб,
Келсанг, кўзларингга ёшимни тўкай…


Ҳалиям бошимга
қўнмади ҳумо,
Ҳали мос келмади
исмим жисмимга…
Ҳали тарк этмади кўнглимни гумон,
Ҳалиям зордирман бир тишлам мумга.


Осиё,
ахир, мен –
салкам бир осий,
Ўзимни айблаб яшайман токай?
Келсанг, бу гуноҳкор дилимни осиб,
Келсанг, кўзларингга ёшимни тўкай.


Бир сўз айт,
сен менга халоскор сўз айт,
Қайтган йўлларига
ким қайта борган?
Одамлар дорлардан қочаётган пайт,
Одамлардан қочиб, кетяпман дорга…


* * *
Бош қўя олмасман, кўксинг – бир, кунда,
Ҳеч раво кўрмадинг ўлимни, раҳмат.
Сен кеча эрсираб чиқардинг тундан,
Мен бугун шеърсираб чекарман заҳмат.


Тушун, сен – хаёлан таланган ўлжам,
Тушун, сен – кўксимга тегмаган бир ўқ.
Энди бу шаҳарнинг кузлари ўлган,
Энди бу шаҳарнинг баҳорлари йўқ.


Бош олиб кетолмам, бўм-бўшдир халтам,
Эслайман, ёдимдан кетмайди ҳузун –
Қип-қизил кўйлагинг қўлимдек калта,
Ёйилган сочларинг тилимдек узун.


Кунингни кўрарсан ёлғондан яшнаб,
Ўзингни бахтли ҳис этарсан, майли.
Энди бу шаҳарда бўлмайди яшаб,
Энди бу шаҳарда ўлиб бўлмайди…


* * *
Кўзларим ўнгида қолмади ҳеч ким,
Товланган томонлар кўринди рангсиз.
Қайси кун ўйламай ўзимдан кечдим,
Кимларга ўзимни бой бердим жангсиз?
Ўлгудек югурдим машриқу мағриб,
Юсуф, таъбири не бундай рўёни?
Вафоси бор одам мисоли мағрур,
Бевафо атадим кўҳна дунёни.
Шу мажруҳ ҳолимда сенга ёқдимми,
Муаллақ кўнглимга этдимми зулм,
Ҳали кўрмасимдан ўшал оқ тунни,
Нечун хаёлимдан кетмайсан, ўлим?
…Қанча ишонтирма, энди абасдир,
Сайёҳман, ҳар доим бегонаман, ёт.
Ўзингни гўзал деб ўйлашни бас қил,
Сен мени севдира олмасдан, ҳаёт!


* * *
Ҳушимга кириб кел,
тушларимдан туш,
Қўйнимдаги қадим
дардни парчала.
(Тинглагин, о, ноҳақ сайради ҳаққуш,
Маст бўлиб солланди қара, арчалар.)


Бир ранглар истадим,
туйдилар ёқут,
Қоғозга расмингни
сўз билан чизсам…
Ўзингни илҳом деб ўйлайсан ёхуд
Шеъримдан ўзини излаган қизсан.
Косамни сабрга
тўлдирма лим-лим,
Қулоқ сол,
беркиниб солган додимга.
Сени ром этмагач қақшаган кўнглим,
Сен мафтун бўлгансан истеъдодимга.


Сен – мен ҳам тушуна
олмаган товуш,
Сен – бир шоир
англаб етмаган тилсим…
Рўёга қайтақол, тушларда қовуш,
Сендан фарзанд эмас,
шеърлар туғилсин!


* * *
Мени ким уйғотди,
айт, ким айбдор,
Қайси касдан чиқди
бундай чайир сўз?
Ўша кундан бери ўтяпман бедор,
Ўша кундан бери тунлар хайрсиз.


Шу зайл кўнгилдан
ўтиб кетар зах,
О, токай яшайман
ўзимни оқлаб –
Оғирдир сездириб қилинган мазах,
Оғирдир ачиниб боққан нигоҳлар.


Тушунгин, раҳминг ҳам
келмасди бирров,
Тушунгин, менинг ҳам
кайфим чоғ эди –
Она, тушларимда кулмасди биров,
Она, тушларимда соппа-соғ эдим…


* * *
Кетдим,
кўзларингда қолмоқ учунми,
Қўрқмасдан қўл урдим
буюк бир ишга –
Йигирма йил зўрға йиққан кучимни,
Бир кунда сарф этдим хайрлашишга.
Албатта қайтаман,
дедимми, расо,
Қайтаман соғинчинг
топганда якун –
Томчи ёш оқмаса агар йиғласанг,
Мен берган гул ифор таратмаган кун…


Энди ҳеч кетмайди йўлингдан хазон,
Энди оғир кечар тунларда тушинг.
Севгилим, менга ҳам бўлмайди осон,
Қайта олмасликдан қўрқаман, тушун!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil