Дерлар мени
Баъзилар кўрганда одам сурати, дерлар мени,
Баъзи одам, сурат аҳлин сийрати, дерлар мени.
Хоҳи сурат, хоҳи сийрат, минг ташаккур шунгаким,
Тинч-омонлик мулкин аҳли меҳнати, дерлар мени.
Ишқ мажлисгоҳидан ошиқлар олганда ўрин,
Ушбу ҳайъатлар ичинда ҳайъати, дерлар мени.
Фахр этарман, нозу истиғноси ортиқ ёрнинг,
Дастёри бемалол, беминнати, дерлар мени.
Сайр этиб баъзан ғазал корхонасида дўстлар,
Бу ҳунарнинг содда, соҳиб санъати, дерлар мени.
Ёр агар минг жон талаб қилса, йўлидан қайтмаган,
Ишқ майдонини олийҳиммати, дерлар мени.
Шодман, ушбу ҳаётимдан ҳамиша розиман,
Гар ёмонман, яхшилар ҳамсуҳбати дерлар мени.
Рози ҳолимни саҳарлар гулшан аҳлидан сўранг,
Доимо хушнола булбул улфати, дерлар мени.
Ким нигорим жонига қасд этса, жонин олгучи,
Ишқ жанггоҳида душман офати, дерлар мени.
Истиқомат қайда эй, Чустий, десанг Тошкентдаман,
Шу сабабдан олам аҳли жаннати, дерлар мени.
Ҳайрон ўлмасин
Зийрак ўлсин душманингу дўст нодон ўлмасин,
Нотавон ақлингга айт, бу сўзга ҳайрон ўлмасин.
Ҳар ширин сўз таъмини билгил асал янглиғ топиб,
У шакардан ишлаган бол мисли ёлғон ўлмасин.
Қошу кўзу қомати қалбингни гар қилса асир,
Эҳтиёт бўл, эҳтиёт, у қалби шайтон ўлмасин.
Бу кабилар ҳайфи одам, садқайи бир парча нон,
Вақтида қўл силки ундан, сўнгра армон ўлмасин.
Фойдали бўлса сўзинг, халқингни айла баҳраманд,
Вақти келганда гапир, оғзингда талқон ўлмасин.
Ўрганиб сендан, сенга устозлик даъво қилур,
Эл аросида бу хил бебурд инсон ўлмасин.
Тўғри фаҳм эт, тўғри маъни бирла шод эт Чустини,
Ҳеч паришон сўзлама, кўнгли паришон ўлмасин.
Боғбон қиз
Кўзингдан ўт туташгандирки мужгонинг қаро бўлмиш,
Хабар олмоққа бош эгмиш қошинг ҳам мубтало бўлмиш.
Юзингда хол эмасдир, ойга қўнган элчимиз гўё,
У жойдан хушхабарлар етказувчи ошино бўлмиш.
Сочинг уч толаси тушгач, уйингда гул экар чоғинг,
Бири сунбул, бири райҳон, бири меҳригиё бўлмиш.
Тасаввур айлаб эрдим сендаги турли гўзалликни,
Бири ақлу бири одоб, бири ҳусну ҳаё бўлмиш.
Табассум илмидан бердинг сабоқ гулларга гулшанда,
Дебон, булбуллар устозингга раҳмат, хушнаво бўлмиш.
Очиб қалбим китобин ҳар варақни кўздан ўтказдинг,
Бунинг хосиятидан насру назмим дилрабо бўлмиш.
Наманганнинг анорию, Самарқанд олмасин кўргач,
Яноғингдан узолмай кўзларин, сенга фидо бўлмиш.
Ниҳолингдан дилига айладинг пайванд, боғбон қиз,
Бу боғда мева бергач, Чустийдан халқи ризо бўлмиш.
Ким кейин, ким илгари
Барчамиз бу йўлда, аммо, ким кейин, ким илгари,
Билмаган ҳеч қайси доно ким кейин, ким илгари.
Гоҳи ой олдин ботар, гоҳи қуёш ундан бурун,
Бу қизиқ одатли дунё, ким кейин, ким илгари.
Сев ҳаётингни, азизим, майли унга меҳр қўй,
Лек мағрурланма асло, ким кейин, ким илгари.
Барча ҳам кетмай яшашни доим айлар орзу,
Бу фақат дилда таманно, ким кейин, ким илгари.
Умримиз худди оқар сувдек оқиб бормоқдадир,
Етгуси манзилга, ошно, ким кейин, ким илгари.
Кексаму, соғму, касалму, ёшму, билмас кетмоғин,
Бўлмаган ҳал бу муаммо, ким кейин, ким илгари.
Охиратдан бехабар ҳар бир маломат аҳлини,
Солғуси қалбига ғавғо “Ким кейин, ким илгари”.
Балки кетмасман демасдан юрту элни рози қил,
Менму ё сенму, мабодо, ким кейин, ким илгари.
Чустиё, пайсалга солмасдан дилингни пок тут,
Бўл мудом софу мусаффо, ким кейин, ким илгари.
Гўзал
Бир гўзал кўрдим, ёзолсам, у гўзал бўлгай ғазал,
Ё гўзал бўлгай ғазал ёки ғазал бўлгай гўзал.
Янги бир шеърин ўқиб кўрдим тилим бўлди ширин,
У гўзал ёки қуйибдурми сиёҳдонга асал.
Ёки у дилбар эрур сўз шаҳрининг ҳалвогари,
Учраса дил гўдагига чашна тутгай ҳар маҳал.
Менга ҳам шундай ширинсўзликни ўргатгин дедим,
Айдики, қандингни ур айлаб бу лафзимга амал.
Бир кулиб қўйгач, шакар ширин экан десам, деди:
Энди билдингми шакар таъмини, э нодон, уял.
Бу гўзални мақтамасдан кимни мақтайман ахир,
Боғаро булбул билан сайрайди тонгда ҳар маҳал.
Бу фазилатларни бахш этган замондан ўргилай,
Бу жаҳон зеболари ичра жамоли бебадал.
Ким этак бирла ёполгай ойни бу мумкин эмас,
Хулқу одобу чиройига муносиб бу масал.
Ҳуснидан ҳам маслаги, қалби чиройлироқ экан,
Мақтасанг Чустий, ҳамиша у ғазал бўлгай гўзал.