***
Чархнинг гирдобида гоҳ шод, ношод ўзим,
Гоҳ сайд бўлдим кўнгилга гоҳ сайёд ўзим.
Аҳли нодон ёнида бўлди нодон фикратим,
Маънию сўз қадрин айладим барбод ўзим.
Булҳаваслар аҳлига ошино бўлгач, нетай,
Ўз-ўзимга ё ғаним, ёки бир бедод ўзим.
Шавқи ишқидин вужуд ўзни осмон айлади,
Ки, муҳаббат боғида ҳам Жунун, Фарҳод ўзим.
Яхшиларга ким атай айласа жавру жафо,
Изтиробим беадад – эл учун фарёд ўзим.
Бу жаҳон озоридан чекса озор гар шуур,
Илмидан Аллоҳнинг айладим обод ўзим.
Қанча орзу, Фармоно, дилда бедор бўлмасин,
Кўп шукр, иймондин этмадим озод ўзим.
***
Гарчи Ҳақдин бандага осон бир эҳсон йўқ,
Аммо бахт истамаган ноёб бир инсон йўқ.
Феъли торга доимо тордур ҳадсиз жаҳон,
Ергаку сиғмайди, ҳатто унга кенг осмон йўқ.
Муддаони ким аён олса гар манзили нақд,
Ким машаққат истамас, унга ҳеч имкон йўқ.
Неажаб дунёки бу, манфаат бўлди баланд,
Айбу иллатдин ҳазар қилмоқ учун жавлон йўқ.
Ул ҳаёт тундай қаро, элга ҳам тегмайди наф,
Кимда гар дўсту ҳабиб, кимда гар жонон йўқ.
Шахди шогирд эҳтиёж меҳри устозга сезар,
Ҳар ниҳол боғ бўлмагай, ки магар боғбон йўқ.
Молу дунё, шубҳасиз, аҳли нодонларга хос,
Илму ибратдан бўлак соҳиби даврон йўқ.
Маънисиз ашъор ила истаса шуҳрат магар,
Амри виждони абас, эл аро ул Фармон йўқ.
***
Қилмайин ҳурмат, сира кутма ҳурмат ўзгадин,
Шиддатинг борида сен сўрма ҳиммат ўзгадин.
Эл сени топмоғи мушкул, гар ўзингни топмасанг,
Келмагай умринга, бил, қадру зийнат ўзгадин.
Аҳли оқил мушкулотда айбни ўздин ахтарур,
Гар у огоҳ, феълига келмайди иллат ўзгадин.
Шул азиз туфроғ – Ватан, бахт, иқбол шундадур,
Кимса топганму шараф, тинчу хилват ўзгадин.
Қалбу иймон пок агар, ҳазрати инсон бўлур,
Бандага вожиб эмас ихлос ва сийрат ўзгадин.
Англагай дунёни одам некбин нигоҳи бирла у,
Ҳамда истаб излагай ибрат ва хислат ўзгадин.
Бирлашинг, бирликдадур халқ обрў, қудрати,
Оғзи бир эл титрамас келганда туҳмат ўзгадин.
Фармоно, эл дардига малҳам бўларни ўйлагин,
Неажаб, ўз шаънини олмайди миллат ўзгадин.
***
Сийратида бўлса гар хуш фазилат яхшидур,
Эл-улусга муносиб феълу одат яхшидур.
Каромату башорат асрори ҳам бекордур,
Ундан кўра дилдаги бор ҳарорат яхшидур.
Машаққатсиз етмагай кимса муддаосига,
Завқи омаддан кўра бир маҳорат яхшидур.
Беқарорда кўрмадим лафзи росту на тайин,
Эр кишига ор, номус, ҳам жасорат яхшидур.
Савоб ишга кенгашу машварат даркор эмас,
Ожизга қилсанг агар бир мурувват яхшидур.
Эртасин ким ўйлагай, бугун элда иззатда,
Шон-шуҳратдан ҳаётда чин ҳаловат яхшидур.
Фармоно, ҳар субҳда дилга эзгу туйғу сол,
Ундан келгувчи таскин ҳам фароғат яхшидур.
***
Еру осмон ўртасинда бандаи сарсон ўзим,
Гоҳ заминдек хоксору гоҳида осмон ўзим.
Чархи кажрафторда ул ҳолим, бўйлаким,
Шавқ ичра бир олов ё кул каби пинҳон ўзим.
Гоҳи ғафлат ичраменким, гоҳи толега ҳабиб,
Сувга оққан лаҳза ёки беқадр имкон ўзим.
Беқусур бўлгай экан, неажаб, Парвардигор,
Гоҳ ҳайрон нафратида, гоҳида ҳайрон ўзим.
Кўҳна дунё, сирли дунё, моҳият илмидадур,
Англасам, доно, валек, уқмасам нодон ўзим.
Аҳли нодон даврасида дилда озору алам,
О, акобир суҳбатида муслиму инсон ўзим.
Турфа рангда товланур беизн туйғуларим,
Гоҳ хандон бешумор ё гоҳида нолон ўзим.
Қанча этмай ихтиёр, лек тутум беихтиёр,
Гоҳ фармон ичра қул ё гоҳида Фармон ўзим.
***
Лол қоламан гоҳида тақдир сармоясидан:
Ризқини топар кимдир кулфатнинг соясидан.
Феъли нобоп хаспўшлаб аждодининг қусрини,
Воажабо, домонгир бегуноҳ доясидан.
Шуҳратпарастни кўрдим, дейди “Дунё меники!”
Ибрат олмоқ истамас даврон муқоясидан.
Нафси тўймаган ҳазар қилмас ҳаром-харишдан,
Оқил қувват олгайдир гиёҳнинг поясидан.
Ношукрни кўрдимки, ҳамма ерда бир экан,
Иллат қидиргай мудом даврона ғоясидан.
Илмсизнинг қалбида чироқчалик зиё йўқ,
Ибрат олмайди аждод ибрат, ҳикоясидан.
Оёғининг заминдан узилганларни кўрдим,
Кибри баланд, алҳазар, тоғларнинг қоясидан.
Фармон, англагин, фано бақога бир остона,
Огоҳ бўлгин ҳар лаҳза умринг ниҳоясидан.
***
Дўстлар, сайд этди дилни ул Самарқанд дилбари,
Не қилай, кўргим келодур чеҳрасин кўрган сари.
Ул санам қўш кокили Кўҳак, Сиёб янглиғ узун,
Ишқи шавқидан хижолатдур Зарафшон мавжлари.
Кўзларида бир сеҳрким, менга дунё кўрсатур,
Эҳтимол, шу кўзлар ичра кўҳна дунё меҳвари.
Қанча этмай илтифотлар сайд этарга қалбини,
Мен ғулом ишққа, санам ошуфта кўнглим сарвари.
Куйди дил парвона янглиғ ўртаниб ёр васлида,
Оқибат афсона бўлдим Мажнуну Фарҳод сингари.
Фармоно, васфини дилдан ёзгали шахд айласам,
Тўкилур ҳар сатрима ошиқ юракнинг дардлари.
Бобомнинг деганлари
Айб, қусурни хаспўшлаб, ёпмоғинг ҳам гуноҳдир,
Меҳнату машаққатсиз топмоғинг ҳам гуноҳдир.
Истакларнинг майлида ахтариб жаннат, ором,
Шайтон хаёл измидан чопмоғинг ҳам гуноҳдир.
Билим берган муаллим хизматин ёд этмай лек,
Боён қўлин билмасдан ўпмоғинг ҳам гуноҳдир.
Танбеҳни кибр бирлан ҳазм қилмоқ истамай,
Маддоҳга зарбоф чопон ёпмоғинг ҳам гуноҳдир.
Даврада ҳар сўзингни ўйлаб, айлагин ошкор,
Кўзни очмасдан гапни очмоғинг ҳам гуноҳдир.
Ибрат олмай ул-қизинг йўлдан адашса магар,
Жамиятга таънангни отмоғинг ҳам гуноҳдир.
Тақдир синовларига тайёр тургин сен мудом,
Бир зарбадан ғамларга ботмоғинг ҳам гуноҳдир.
Ғурбат эмас, неварам, ҳикмат изла дунёдан,
Ҳар тўкисдан бир қусур топмоғинг ҳам гуноҳдир.
Дилинг Ҳақда бўлсину, қўлинг ишда ҳамиша,
Ибодат деб кун бўйи ётмоғинг ҳам гуноҳдир.
***
Итни қадри соҳибин дафъатан қопгунчадир,
Нафс завқи ўлжасин бир тўйиб тотгунчадир.
Ҳар не ҳолки-моҳият, шарҳию мавриди бор,
Ой, кавокиб жилваси токи, тонг отгунчадир.
Ожиз аҳли орининг забти тўфондин ёмон,
Битта ситам наштари қалбига ботгунчадир.
Носамимий кимсада садоқат ҳам омонат –
Ўзгаларга бир сирни билмайин сотгунчадир.
Дўстга жафо айласанг, ундан кутмагил вафо,
Сенга ҳурмати кўнгил дарчасин ёпгунчадир.
Киндик қони тўкилган юртига жон садқалик
Мард кишида ҳамиша туфроққа ётгунчадир.
Маърифатга чорлагай у халқини куйиниб,
Фармоннинг улуғ иши элни уйғотгунчадир.
Ҳасад ва ғийбат
Ҳасадчида роҳат не қилсин,
Қаро дилда мингта хаёллар.
Тайин, ақл йўқлиги сабаб
Шайтон уни жуда тез ёллар.
Ҳавас нима билмас бояқиш,
Лаззати ҳам оний лаҳзадур.
Нокас ҳатто қуёш нурин ҳам
Барча одамлардан қизғанур.
Ҳасадчининг вужуди тошдан,
Томирлари темир, сим каби.
Кимдир кулса, унга жаназа,
Ўзга бахтин кўтармас таъби.
Ўзи йўқни қилганда ғийбат,
Мажлисни ҳам кетар путури.
Ҳовли олиб қолса ёнидан
Қўшнисининг қурийди шўри.
Худо ёмон кўрган банда у,
Сеҳргардан баттар жодугар.
Ўзингни ҳам сотгайдир аён
Сенга ғийбат ташиса агар.
Ғийбатчида ҳасад беадад,
Кўнгли тинчир чиқарса низо.
Бировларнинг ҳаловатидан
Бўлмагай у ҳеч қачон ризо.
Нетонг, касби шунақа унинг,
Кутманг асло инсоф, диёнат.
Энг маъқули, майда гапига
Қулоқ солиш керакмас фақат.
Ҳасади аввало ўзига зарба,
Асабини чўзгайдир таранг.
Қора хумор эзар бағрини,
Гуноҳларнинг ичида гаранг.
Унга қараб келади раҳмим,
Бечорада бошқа ҳунар йўқ.
У ҳам умид узмайди лекин,
Чунки бизда ҳали содда кўп.
Ҳасадчининг ғами тугамас,
Тугамайди тилда ёлғони.
Азоблардан қутулар илло,
Вужудидан чиққанда жони.
Ҳасадчида эътиқод бўлмас,
Қибла эрур тўртта томони.
Булут келиб, ёғмаса ёмғир,
Қизғангайдир ҳатто самони.
Гап топар сой чуқурлигига,
Тоғнинг баланд буюклигига.
Ҳасад қилар бир куни келиб
Ҳатто ўзин тириклигига.
Ҳасад мағлубият ишораси у,
Ожизликнинг бир кўриниши.
Ўзгаларнинг бахтидан қайғу,
Зўриққаннинг сўнг уриниши.
Ҳасадчига берманг эътибор,
Ғийбатига бўлмангиз сайди.
Ҳасадчилар ўлиши мумкин,
Аммо ҳасад сира ўлмайди.
Демак, завқ-ла яшанг дунёда,
Юрак урсин бахтларга тўлиб.
Толега бой умр шавқидан,
Ҳасадгўйлар қолсинлар ўлиб.
Эрталабки бадиҳа
Ҳар кимсага талпинма, илло,
Дили дилга сиғардан қолма.
Нодонлардан не фойда, оқил,
Кўп нарсани билардан қолма.
Ялтоқлардан ҳазар айла ва
Доимо мард турардан қолма.
Ғофилларга деганинг бекор,
Сўзинг зеҳни илардан қолма.
Шодлиги-ю ташвишини ҳам
Сен-ла баҳам кўрардан қолма.
Ҳасадгўйга бормагин яқин,
Эзгу ният тилардан қолма.
Бир ҳақиқат айтай сенга мен,
Фақат асло ҳайратда қолма:
Яқинлару дўстлар ҳам керак,
Аммо қавминг – жигардан қолма.
***
Дунё учун қайғуриб бўлдим,
Куйиб бўлдим яхшилар учун.
Кеч бўлса-да, англадим охир:
Зўр барибир кўрсатар кучин.
Феъли тордан юрдим узоқда,
Оқилларга, суяндим ҳар дам.
Кўпаймади яхшилар лекин,
Камаймади ёмонлари ҳам.
Қай иқлимда отилган ўқдан
Ожиз қалбим тешилди оғриб.
Қотиб қолар экан-да дийданг
Бўлаверса такрор бу оғриқ.
Оқил, ғаюр давраларидан,
Кутиб келдим адлу каромат.
Лекин улар ғурбатларидан,
Мажруҳ дилда оҳу маломат.
Уввос солдим жоҳилга гоҳо,
Юмшатай деб дилини ҳалак.
Ё Раб, нетай, кулар устимдан,
Гапларимга парвойи палак.
Толиққандай сездим ўзимни,
Хира тортди умид ва ҳавас.
Шундай пайтда устоз Бухорий
Ҳадисларда айлади нафас:
Яхши-ёмон бақамти абад,
Ҳалак этма беҳуда жонинг.
Ўзгаради ҳудудлар, ранглар,
Ўзгармагай феъли дунёнинг…
Дунё тўяр, тўймайди одам,
Тия билгин иккала кўзинг.
Кўрмоқ учун оламни бошқа
Покла бўтам, аввало ўзинг…
Куз
Кузнинг жилолари теран, бокира,
Рангин сиймосида беҳисоб нақл.
Феълин ҳазинликда айбламанг илло,
Ҳатто хазони ҳам пурҳикмат, ақл.
Кузнинг булутлари алдамас асло,
Тентираб чопмайди осмон бағрида.
Кузнинг ёмғирлари ҳавойи эмас,
Кузнинг ёмғирлари денгиз наҳридан.
Сунбуладан келгай теран тиниқлик,
Ақраб лаҳзасида донолик бисёр.
Виждонни агарда ёмғирпўш қилсанг,
Ўтган кунлар қадри айлайди ҳушёр.
Куз – асли донишманд, доно муаллим,
Жамолига қараш завқ ила роҳат.
Барги хазон гарчи армонга ўхшар,
Ёмғир ёғишида зоҳир малоҳат.
Кузни ким англамас, ўзни англамас,
Умри ўтиб борар улғаймай нетонг,
Кузни ким куйламас, сўзни англамас,
Армон бўлар унга бетакрор оҳанг.
Аён кўргай эртасини акобир кузда,
Эзгулик вазнини порсанги айлаб.
Боғбон шод ҳосилнинг мўл салмоғидан,
Мевани омборга саранжом жойлаб.
Умр кузин деманг минбаъд хотима,
Файласуф нақлидай етилган ибрат.
Асло ҳорғинликмас, вазмин фасл у,
Зийнат у, ҳиммат у, маънида ҳикмат.
Ким кузга етса гар – бахтин кулгани,
Нақди – сийратидан олгани сабоқ.
Унга тикилмоқлик осонмас, лекин
Ундан олмоғи рост тафаккур, мароқ.
Сарғиш фалсафадан ясаб мўъжиза,
Сўнгги япроқ тушди шохдан узилиб,
У ернинг бағридан куч олиб, қайта,
Оламни яшнатар яшил барг бўлиб…
Фармон ТОШЕВ – 1954 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган. “Онанг тирик, болам”, “Мен ёмғирли кунда келаман”, “Журналистнинг нони қаттиқ”, “Отамнинг сабоқлари”, “Умрнинг ўртаси”, “Ўзимдек яшашни истайман”, “Бедаво кўнгил”, “Сўз айтмоқ саодати”, “Соғинч”, “Аёллар нима дейди?” каби китоблари нашр этилган.