Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ойдиннисо. Чап қовурға (ҳикоя)

Аяжоним Файзинисо Муртазо қизи
хотирасига бағишлайман


Қандай кечиради? Кечирмаса, қандай яшайди?
Бир пайтлар мана шу озодликка қарши курашмаган эдими? Мана шу эркин қанотларини қайиришни, ихтиёрини унга топшириб, унинг хоҳиш-иродасига кўра иш кўриб бахт топишни, бу оламда чангини ҳам қолдирмай йўқ бўлиб кетиш ва унга айланишни, у билан бир жону бир тан бўлишни хоҳламаган эдими! Мана энди, ўзининг йўқлигини англаб қолган бир фурсатда нималар қилиб қўйганини, унинг учун нималардан воз кечганини, оқибатда эса қандай “эътироф”га раво кўрилганини ўйлаб, чидаб бўлмаяпти.
Ўзидан воз кечиб кимга айланди? Унгами? Унинг ғуломига айланмадими, соясига айланиб қолмадими? Алам! Аламки, фақат кечиб ёки кечириб енгиш мукин. Аламки, фақат ўлиб ёки ўлдириб енгиш мумкин!
Кечиришга уриниб кўрди. Нариги хонага отилиб чиқмоқчи, унинг гуноҳкор кўзларига қараб: “Сени кечирдим!” демоқчи бўлди. Димиққан, мағор босган ўйларига тоза ҳаво олиб кириш учун қалбининг дарчаларини очиб юборди ва эшикка томон қадам ташлади…
Қалбнинг очилган дарчасидан ичкарига совуқ ўзини урди – ташқарида совқотган совуқ. Орқасидан муздай эпкин қувиб кирди: “Бу хотин менга тегишли эмас!”…
Қалб дарчаларини қаттиқ беркитиб, ортга қайтди. Ташқарида куз ўзидан айрилиб қолган одамдай, рангин кўйлагини йиртиб дод солаётир, сочларини юлиб йиғлаётир. Кўйлагининг қизил, сариқ, зангори парчалари, олов сочларининг толалари ҳайдалган малъун каби қайга борарини билмай, ўзини ҳар тарафга ураяпти. Урилган ҳар тарафидан тарсаки еб қайтаяпти: “Бу хотин менга тегишли эмас! Бу хотин… тегишли эмас… ”
Нега кечириб бўлмаяпти ахир! Бундан баттарларини кечирар эди-ку. Сўкишлар, ҳақоратлар, калтаклару топташларни кечириб юборар эди-ку. Ўша таҳқирлар бу сўзлардан кўра енгилроқмиди?
Енгилроқ эди! Ҳатто бир қадар шарафли ҳам эди ўша хўрликлар. Ахир, “Бу хотин меники!” деган иддао бор эди уларда. “Бу хотин менинг ўзимман, ўзимни истаганча тафтиш қиламан, тергайман, хўрлайман ва шу йўл билан такомиллаштираман, шундай қилиб севаман”, деган бир қараш бор эди уларда. Румий таъбири билан айтганда, гиламни калтак билан уришдан муддао унинг чангини қоқиш эди. Шунинг учун ҳам бундай хўрликлар осонгина кечирилар, ҳатто бир сийлов каби қабул қилинар, кечиришга эмас, кечирим сўрашга мойиллик туғдирар эди.
Куз! Унга уни топиб берган куз бошқача эди! Япроқлари чирпирак учиб, шамолнинг куйига рақс тушар эди. Рангин дунё уларга жўр бўлар, рақсга, қўшиққа айланар эди. Сакраб эмас, муқом қилиб эмас, фақат учиб рақсга тушиларди бу жимжит қўшиқнинг оҳангларига. Бу шундай рақс эдики, хазонлиғ даврининг етгани ҳаёт билан видолашув маросими эмас, Севгилинг билан дийдорлашув айёми эди гўё. Бу шундай рақс эдики, ҳар силкинганда дунёнинг бир ғубори тўкилар, энг разил гуноҳлар ҳам кечирилар эди.
Ҳатто хиёнат ҳам кечириларди! Ўн олти йиллик турмуши давомида бот-бот такрорланиб турган хиёнатларнинг барчаси кечириларди!
“Энди дадам ёнингиздан кетолмай қолади”, деб уялтирган эди ўшанда қизи уни пардозлар экан. “Дада” кўчадан шошиб кириб келганида эса у гуноҳ иш қилиб қўйган одамдай баттар уялди. Аммо унинг на пардози, на уяти пайқалди, “Менга пул олиб бер!” деган буйруқ келди остонада безовта турган жуссадан. “Қанча берай?” сўради у ўзидаги ўзгаришнинг пайқалмаганидан ҳам мамнунлик, ҳам ранж туйиб. “Имиллама, ҳаммасини олиб бер!”
Пулни юлқиб олиб ташқарига отилган жусса икки қадам юргач, орқасига қайтиб, унинг юзига синчков назар ташлади-да, афтини буриштириб: “Бетингга нима бало чаплаб олдинг?” деди. Сўнг кўзларига малол келган жирканч манзарани туфлаб ташлагандай “чирт” этиб тупуриб, чиқиб кетди.
Эҳтимол, бу воқеа эсидан чиқиб кетарди, ўшанда унинг машинаси олд ўриндиғида ёшгина олифта жувон тиржайиб ўтирганини кўрмаганида…
Эсдан чиқариб бўлмади, аммо кечирди. Қандай қилиб? У уни ишонтирди. Йўқ, хиёнат қилмаганига ишонтиргани йўқ, бунга урингани ҳам йўқ! Юзига упа, кўзига сурма суртиб, уятли иш қилиб қўйганига уни ишонтирди. Пардоз қилмаслиги билан у бошқа хотинлардан чандон баландлигига, шу табиий гўзаллиги учун уни севишига, бир марталик кўча хотинларига асло алишмаслигига ишонтирди. Ҳатто энди хиёнат қилмаслик ҳақида ваъдалар берилмаган бўлса-да, у уни кечириб юборди…
Бир гал эса ўша олифта жононлардан бири унинг уйигача бостириб келди. Кўз ўнгида унинг жуфти ҳалолига қараб туриб: “Тўғрисини айтинг, мени севасизми-йўқми?” деб сўради. “Ҳ-ҳа, севаман!” деди жуфти ўша олифтага тик қараб ва ундан кўзларини олиб қочиб. “Унда манави-чи, – деди олифта уни кўрсатиб, – орамизда нима қилиб юрибди? Нега жавобини бериб юбормайсиз?”
У ўшанда биринчи марта унинг кўзларига тик қарашга ботинди. Тик қараб туриб кўнглини ўқишга уринди, оғзини пойлади. О-о-о, ўша лаҳзаларнинг азоби! Эсласа, ҳозир ҳам юраги санчади. Шу олифтанинг олдида, шу ўзига ишонган ва ўзидан ўзгани ўйламайдиган худбин олифтанинг олдида ўз тан маҳрамидан, кўнгил маҳрамидан ҳозир кутилган жавобни эшитмаслик учун умрбод дўзахда ёнишга ҳам рози эди! Хайрият, эшитмади. Эшитмади! “Бу аёлга муносабатим муҳаббатдан кўра анча баланд, – деб айтди эри. – У – болаларимнинг онаси”.
Бу жавобдан сўнг нима қилиш керак эди? Ошкора хиёнатни кечирмай ранжисинми, ошкора эътироф учун рози бўлсинми? Ҳатто ўша олифтанинг олдида жавобини бериб юбормагани учун унга раҳмат ҳам айтсинми? Ростгўйлиги учун уни қаттиқроқ севсинми?
Ўшанда у яна миннатдорлик йўлини танлаган, яна “ мен борман” дея бош кўтариб келаётган “мен”ининг бошига муштлаган. Бошига мушт туширилган “мен”: “Болаларининг онаси бўлганим учунгина қадрлиманми? Агар ўртада болаларимиз бўлмаса, менинг керагим йўқмиди?” дея инграган ва ҳушсизланиб йиқилган. Ўзаро манфаатлар эмас, ўртадаги болалар эмас, никоҳ ҳам эмас, ҳатто эҳтирос ҳам эмас, муҳаббат ва қалб уйғунлиги боғлаб турган бир жуфти бўлиши ҳақидаги орзуси армонга дўниб, армонини бағрига босиб жон берган.
У муҳаббат қурбонликлар талаб қилишини, бу йўлда ўзингни қурбон қилиш энг улкан бахт эканини ўзига бот-бот таъкидлаб, бахтиёр, эҳтимол, бахтиёрдай яшашда давом этди.
Саволлар қачон туғилди, эътирозлар қандай пайдо бўлди? У билан бир тану бир жонга эмас, унинг ғуломига айланиб қолганини қандай сезди? Олдинроқ нега буни сезмади? Аввал уни севар эди, энди ўзини севаяптими? Демак, ўзи бор экан-да! Йўқ бўлиб кетолмаган экан-да! Демак… уни севмаган, ҳамиша ўзини севган экан-да!
Дарвоқе, “унинг учун нималардан воз кечдим”, дедими? Бу воз кечишлар унинг учунмиди? Ўзи фароғат топмаганмиди? Аксинча, у унга воз кечиш фароғатини туҳфа қилмаганмиди? Унинг қошида эмас, ана шу азобли фароғатлар қошида ўзини йўқотмаганмиди? Эҳсон олган қўл кўпроқ миннатдор бўлиши керакми ёки эҳсон берган қўлми? Унинг воз кечиши эҳсонмиди ёки жуфтининг унга воз кечиш имконини берганими? Олган қўл кимникию берган кимники?
Ташқарида куз йиғлаяпти. Кўзёшлар баралла гумбурлаяпти: “Бу хотин менга тегшишли эмас!” Кўзёшлар товушсиз шивирлаяпти: “Мени кечир!”
Қандай кечиради? Кечирмаса, қандай яшайди?
Нима бўлди ўзи? Хиёнатдан ҳам оғирроқ ҳодиса рўй бердими? Бу қадар ранжнинг, аламнинг сабаби ўша кунги орзиқиш эмасми аслида? Икки ҳафталик сафардан қайтаётган жуфтини ҳаддан зиёд соғиниб, бахтиёр хаёлларга берилиб кутмаганида, эҳтимол, ўша сўзнинг таъсири бошқача бўлармиди?
“Устоз билан қандай алоқанг бор?” деди дабдурустдан, ярим тунда гандираклаб кириб келган жусса. У “устоз”нинг кимлигини англай олмай, бир муддат довдираб турди. Шунда не-не жононларни куйдирган қора қошлар остидаги кўк кўзлар ғазабдан ёнди: “Демак, бир гапинг бор, довдираяпсан!”
Энди эслади, устоз унинг ишхонадаги бошлиғи. Ёши етмишга борган чол. Икки-уч марта уйларига меҳмонга келганида кўрган. Эслагани фақат шу, бошқа ҳеч нима йўқ! Ҳа-ҳа, йўқ ахир! “Эсингиз жойидами, у билан нима алоқам бўлиши мумкин?” – деди биринчи марта унга овозини баландлатиб. “Нега қизишаяпсан? Ҳақ бўлсанг, қизишармидинг?” “Нималар деяпсиз? Нима гап ўзи? Менга ишонмасангиз, устозингизга қўнғироқ қилинг, сўранг ўзидан, сўранг!”
Хиёнатни кўтарди, аммо хиёнаткорликда айбланишни қандай кўтаради? Ахир у аёл-ку! У аёллиги ҳақида эслай туриб, аёллигини унутиб қўйди. Унинг қўлидан телефонини юлқиб олиб, шоша-пиша устознинг рақамини топди ва йиғлаб қўнғироқ қилди: “Менга қаранг, сизга нима ёмонлик қилгандим? Нега туҳмат қилдингиз?” деди. “Телефонни эрингизга беринг”, деган товуш келди телефондан. У буйруқни бажарди.
“Устоз танбеҳ беради”, деб ўйлаган эди у. “Хотинингни йиғиштириб ол!” деган товуш эшитилди гўшакдан. Ва унга жавобан нафратли овоз янгради: “Бу хотин менга тегишли эмас!”
У кўзларини юмди. Ичкарида яна куз. Хокисор хазонлар. Ўзининг гулдан кўра гўзаллигини билмайдиган хокисор хазонлар! Ҳар оёқнинг остига ўзини ташлаяпти. Ҳар оёқнинг қадамидан бир товуш янграйди: “Бу хотин менга тегишли эмас!.. (Истаганча босаверинг, эзғилайверинг, туҳматларга дучор қилаверинг) менга тегишли эмас!..” Ҳар эзғиланган хазоннинг чинқириғидан бир товуш янграйди: “Мен кимга тегишлиман?”
У ўзини шамол юлқиб олиб нажас устига ирғитган хазондай ҳис этди. Бу нажас устига ўз ихтиёри билан келиб тушмади, ихтиёри билан туриб кета олармиди, поклана олармиди? Ахир, ихтиёри ўзида эмас-ку. Раҳмат ёмғири ёғармикан, уни ювиб тозалармикан? Тозалай олармикан?
Нега ҳамиша аёл айбдор? Ё ҳанузгача Момо Ҳавонинг айбини юва олмай, Одам Ато ўғиллари олдида юзи қаромикан аёлнинг?
Кечириб бўлмаяпти! Демак, кечишми?.. Кечса, уни ўзисиз қолдиргани учун нафсонияти ором топадими, ғолиб бўладими? Унинг ғолиблиги – севган инсони олдидаги мағлублиги эмасмиди?
Кечса, онгини, қалбини, бутун борлиғини чирмаб турган ғуллар уни қўйиб юборадими, озод одамга айланадими? Озодлиги – унинг измидалиги эмасмиди?
Ахир, у бундай ғолибликни, озодликни қандай нишонлайди? Унингсиз қандай нишонлайди?
Яна кечиришми? Нима қилсин? Ҳаммаси ҳақида ундан сўрагиси келади. Бегона одам ҳақида сўрагандай сўрагиси келади ундан унинг ўзи ҳақида. Наҳотки ундан ўзга дўсти, ундан ўзга душмани ҳам бўлмаса? Ундан ўзга ўзи ҳам бўлмаса?
Эҳтимол, ўша аёл ҳам у эмасдир, унга тегишли эмасдир? Эҳтимол, у ўзи умуман йўқдир? Қайсидир бир лаҳзада лов этиб ёнган, ўзини бордай кўрсатишга уринган ўша аёл аслида бўлмагандир? Ҳозир “мен” дея иддао қилаётгани мана шу ўзи ҳам йўқдир? Ҳаммаси бор-йўғи ўша эркакнинг чап қовурғасидир, ўшанинг ўзидир.
Қоришиқ товушлар ортидан бир ҳазинлик эсаётир. Азон товушими? Кўзёш товушига қоришиб келаяптими? Куз йиғлаяпти… Йиғлаяпти? Демак, қалби бор унинг. Гулдан чиройли хазонлари бор кузнинг қувончдан чиройли дардлари ҳам бор. Йиғлаяпти! Демак, ҳали муз қотмаган. Демак, ҳали умид бор…
У ташқарига отилиб чиқди. Жойнамоздай тўшалган хазонлар устига тиз чўкди ва азон товушига қўшилиб йиғлади: “Аллоҳумма анта Роббий ла илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала аҳдика ва ваъдика мастатоъту…”…
У ўзини яна кечирди, Сен ҳам уни кечиргин, Худойим!
Ахир, кечирмаса, қандай яшайди? Кечирмаса, қандай ўлади?

2021 йил, куз

Ойдиннисо – 1980 йилда туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини битирган. Шоиранинг “Менсизлик”, “Номсиз”, “Қайтиш”, “Ҳовур”, “Қоралама”, “Серенада” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2024 йил, 3-сон.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil