ИЛИНЖ
Бу воқеага кўп бўлган эмас, олти йил бурун, атиги олти йил бурун бўлиб ўтганди. Эл ичра тирик афсонага айланган шундай бир одамнинг икки кундан бери оғзи кўпириб, мислсиз қийноқлар ичида жон талашиб ётишини кўрган одам ишонгиси келмайди. Ахир муқаддас китобларда номи ойдин, элнинг ияк суяган устунлари эмас, юзи туман, қилмиши қора кимсаларнинг қийналиб жон бериши ёзилган эмасми?!
Олти йил бурунги ўша эрта баҳорда қамашилик Шералибой туя сўйиб элга катта қўпкарили тўй берган, кўпкарига ўн икки вилоятдан энг номдор чавандозлар карвони оқиб келганди. Мусобақа майдони созланиб, томоша- талаб эл-улус йиғилаётган бир пайтда осмон бағри идраб кетди-ю, шаррос ёмғир қуя бошлади. Орадан кўп ўтмай ер тойғончоқ бўлди, кўкдан челаклаб қуяётган ёмғир лой-у лойқаларни оқизиб, Бобуртепа қирларини тарам-тарам қилиб юборди. Аммо чопони этакларини ёмғирпўш қилган халойиқ ўзларини панага тортишни истамас, ҳамма бетоқат бўлиб ўйин бошланишини кутарди.
Кўпкарини шайтон чиқарган, деганнинг маъниси шу – отини даврага солган чавандоз зотининг ёмғир тугул дўл ёғсаям эти жунжикмайди. Иссиқ-совуқни, хавфу хатарни илғамайди чавандоз зоти, эси дарди улоқ айиришда бўлади. Бу сафар ҳам шундай бўлди! Боковул улоқни ташлаши билан чавандозлар тулпорлари туёғидан шилта отишиб лойни лой, кўлмакни кўлмак демасдан от чоптириб кетишди. Бироқ оқибат шу бўлдики, боковул кетма-кет ташлаган биринчи, иккинчи, учинчи, ниҳоят тўртинчи улоқни ҳам меҳмон чавандозлар айириб, воҳалик томошабинларнинг дами қайтибгина қолди.
Ҳамма норози, ҳамма аламзада эди. Қўлини ювиб қўлтиққа урган айримлар «битта оркаш чобағонинг қолмабди, шўринг қурсин, аҳли Қашқа!»– дея, бешинчи бор ташланган улоққа қарамасдан, томошани тарк этишга шайланиб ҳам қолишди.
Кўкдан ёғилаётган шиддатли ёмғирга ичдан ўрлаётган номус аччиғи қўшилиб кўзлари шамғалат бўлган эл, айни шу лаҳзада Шералибойнинг навқирон оти “Кобра”ни миниб даврага кирган чавандозни пайқамай қолди. Ҳеч кимнинг сергак тортишига имкон беришни истамаган чавандоз ҳам улоқ талашаётган отлар уюрига илоҳий бир шиддат билан шамолдай елиб кирди-ю, даврани ёриб чиқиб кетди. Тег чиқмади, шу чиқишда улоқни тақимига босиб чиқди!
Кўпкари томошасига яқин йиллардан бери қизиқиб қолган ёш-яланглар билмаса ҳам, ёши бир жойга борган томошабинлар бу усулни, аниқроғи, бу усулни қўллайдиган назаркарда чавандозни яхши билишарди.
−Сафар бобода кетди! Улоқ ўзимизнинг Сафар чавандозда кетди! – бақириб юборди шундайлардан бири.
Аммо бунга ақл бовар қиладими: Сафар чавандоз қачонги Сафар чавандоз, ёши етмишга яқинлашиб, кўпкарини аллақачонлар тарк этиб кетган бўлса?!
Йўқ, “Кобра” бўйнини гажак қилиб майдон гирдидан қайтиш қилганда, бошқалар ҳам оппоқ соқолли кекса чавандозни таниди! Таниди-ю, узоқ пайт ичига ютган нафасларини баралла қўйиб, ҳайрат ва ҳаяжондан айқириб юборишди.
Тақимига босган улоқни майдон марказига келтириб ташлаган кекса чавандоз эса на томошабинларнинг олқишига, на баковулнинг эътирофига қулоқ солди. Қандай шиддат билан даврага кирган бўлса, шундай шиддат билан кўз илғамас ёқларга от чоптириб кетди. Афтидан, у фарзандлари ва ёш чавандозлар қолиб, шу қартайган ҳолида майдонга киришга мажбур бўлганидан номусда эди…
Мана бугун ўша шамол шиддатли назаркарда, ўша элнинг тиргаги, ўша ор ва номус яловбардори ранги гоҳ кўкариб, гоҳ бўзарганча тилу забонсиз кўзи очиқ ётибди…
Чавандозга “иймон уюриб”, жонни эгасига осон топширишда ёрдам берадиган дуолар билан дам солиб чиққан Носир қори уйдан чиқди-ю, ҳовлида тўпланган қариндош-уруғ орасидан катта ўғилни имлаб чақирди.
−Отангизнинг пири ким эди? Бухоролик Камолиддинхонми?
−Ҳа, қори ака. Хабар қилганмиз, йўлда эканлар.
−Тезроқ келсалар яхши бўларди. Отангизнинг бир илинжи борга ўхшайди… Ҳар ҳолда, жон беришга бунчалик қийналган одамни мен олдин кўрган эмасман.
−Ўзимиз ҳам шунга ҳайронмиз, қори ака.
−Ё отангизнинг тилла-милласи бормикан? – шошиб сўради Носир қори. – Тилласи бор одам ўлаётиб тилдан қолиши ҳақида эшитгандим.
−Қизиқмисиз?! − катта ўғил асабийроқ жавоб қайтарди. – Отамда тилла нима қилади? Ундан кейин, тиллалари бўлган тақдирида ҳам ажал домига тушишларидан олдин биз ўғилларини чақириб, бўлиб берган бўларди!
−Бу гапингизда ҳам жон бор. Сафар чавандоздай одам дунёнинг молини кўзи қиймай бу даражада жон талашишига ўзимнинг ҳам ишонгим келмайди.
Носир қори қайтиб уйга кириб кетгач, катта ўғил ўзига савол назари билан тикилган нигоҳларга парво қилмасдан, ҳовлининг бир четига бориб ер чизганча қотди.
Қолган фарзандлар ёшовраган кўзларини арта-арта бурчак-бурчакларда тимирскиланар, ўзларича ҳовлини йиғиштирган бўларди. Ҳеч ким бир-бирига баландроқ овоз солиб гапирмас, имкон қадар бир-бирларининг юзларига қарамасликка тиришар, икки кундан бери оилада ҳукм сурган азадорлик кайфияти барваста ака-укаларни чўктириб, ҳалитдан руҳларини синдириб бўлган эди. Одатда муқаррар хавфни кутганда одам зоти шундай аянчли қиёфага киради.
Шу пайт “ғийқ” этиб кўчада тўхтаган машина овозидан ҳамма сергак тортди. Айнан шу товушга жуда-жуда интизор турган катта ўғил қолган иниларига қўли билан “ишларингни қилаверинглар” ишорасини қилди-ю, илдам одим отиб дарвоза сари юринди. Бу фурсатда эса кўк жийда кийиб, бошига оқ салла ўраган, ёшига нисбатан анча ўктам кўринувчи Камолиддинхон дарвозахонага кириб бўлганди.
−Эшон бобо, пирим… – гўё ўз отасининг бағрига отилгандай келиб ўзини унинг бағрига ташлади катта ўғил, меҳмоннинг елкасидан тавоф қилишга тутинди.
−Тўхтанг, тўхтанг, жоиз эмас! Оғирми?.. – катта ўғилнинг қўлларидан тутиб тўхтатди Камолиддинхон.
−Оғир, эшон бобожон… Икки кундан бери на у ёқлик, на бу ёқлик бўлолмай жон талашаяпти. Ўзлариам қийналиб кетди…
Камолиддинхон катта ўғил билан биргами-бирга чавандоз ётган хонага кириб борди. Айни пайтда чавандоз нафас ололмай хириллай бошлаган, Носир қори унинг лабларидан тошиб чиқаётган оқ кўпикни суртиб олмоқда эди. Носир қори билан енгилгина сўрашган Камолиддинхон исломий дуоларни ўқий-ўқий чавандознинг қошидан ўтирди.
−Мурид, нима бўлди сизга… мурид… – дея унинг пешонасига кафтини босди.
Сўнг отаси тортаётган азобга гувоҳ бўлиб қафасга тушган бўридай жонсарак турган катта ўғилга ўгирилиб қаради:
−Отангизнинг оти қаерда?
Фикрини тезда жамлаб ололмаганиданми, ўғил отасининг ёшлигидан ўзига ҳамроҳ билган, чавандозлик қилган сўнгги йилларида кўпкарига солмай қолган бўлса-да, лек ҳамиша миниб юрадиган кекса отнинг қаерда эканини эслолмай иккиланиб қолди.
−От?! От… Чўпонлар билан бирга кетган, − деди кейин. – Отамнинг тоби қочиб бошлагач, қарашга қийналдик…
−Тез топиб келинг!
Отаси пирига ихлоси зўр бўлган ўғил бошқа гапни кутмасданоқ уйдан отилиб чиқди.
Катта ўғил юк машинаси билан чўпонлар чайласига яқинлашганда, чавандознинг оғир ётгани дарагини эшитган чўпонлар бирин-кетин югуриб йўлига пешвоз чиқишди.
−От, қани?! Отамнинг улоқчи оти қани?! – ўғил машина моторини ўчирмасдан сўради улардан.
−Қўтонга боғлаб ташладик. Икки кундан бери қутуриб, тушовда турмайди!
−Ечинг! Тез чиқаринг кузовга!
Чўпонлар отни илдамлик билан машина юкхонасига чиқариб, боғлашди. Улар от нимага кераклигини сўрашганда эса бунинг нима учунлигини ўзи ҳам билмайдиган ўғил лом-мим демади.
У юк машинасини гувиллатиб ҳовлига кириб келиши билан Камолиддинхон деразани очиб юборди. Отни юкхонадан тушириб, тезроқ дераза қаршисига олиб келишларини буюрди. Бироқ чавандознинг фарзандлари етаклаган кекса от аввалига ҳуркиб деразага яқин келишни истамади. Бирмунча қистовлардан сўнггина деразага яқинлашди-ю, олдин Камолиддинхонни, кейин оғзидан кўпик келиб, аянчли бир аҳволда ётган эгасини кўрди ва шу заҳоти ортига тисаралиб кетди. Даҳшатдан кўзлари ола-кула бўлганча бурун катакларини кериб бетоқат депсина бошлади.
−Кишна, жониворгина, кишна… – чавандознинг пешонасига кафтини босиб турган Камолиддинхоннинг кўз ёшлари соқоли сайин оқиб тушди. – Одамнинг зўри жон топшираяпти, нега кишнамайсан? Афтидан, эганг шунча ёшга кириб, сендан содиқроқ дўст топмаган кўринади…
Шу пайт бетоқат депсинаётган от олд оёқларини осмонга кўтариб бемисл алам билан кетма-кет кишнаб юборди-ю, Камолиддинхон Сафар чавандознинг аста бўшашиб, осилиб қолган жағини дока билан боғлашга тушди.
ТОПИШМОҚ
–Ҳой… Уйғонмайсанми? Тур! Тура қол…
Келинчак эринчоқ кўзларини узун киприклари қуршовидан озод этганда бегининг жилмайиб қараб турганини кўрди. Нурга тик қаролмаётган каби инжикиб, кафтининг орқаси билан қовоқларини беркитди.
–Ҳали эрта-ку, – деди унинг иссиқ пинжига жипсроқ суқилиб.
–Турмасанг кеч бўлади. Ҳовлига энамдан кейин чиқсанг, ўзинг уялиб юрасан.
–Туш кўрибман. Тушимда оппоқ булутлар қоплаган осмондан ўрам-ўрам матолар осилиб тушаётган эмиш. Мато билан юзларимизни бекитиб, қиқир-қиқир кулар эмишмиз…
–Сувга айт. Булутлар оқ бўлса, хайрли…
Келинчак бошини йигитнинг бўйнига янада тиқиб борди. Худди оромни эмас, бегини кўзи қиймаётгандай унга бироз суйкалган бўлди. Кейин ёпинчиқ остидан чаққонгина сирғалиб чиқди-ю, аёллик зийнатларини ёстиқдошининг айёр нигоҳларидан тирсаклари билан яшириб, тезгина халатини илди…
Келинчак ҳовлига чиққанида аллақаердан майналарнинг чуғурлашган овози келаётганди. Осмонга қаради: оқ, оп-поқ – худди тушида кўрган каби. Сўнг кўкка тикилиб қолганини биров кўрса уят қиладигандай атрофига бирров аланглади-да, шу ерда турган челакларни олиб, анҳор томонга шошилди.
Тез-тез юриб бораркан, у ортидан ҳеч ким кузатмаётганига ишонч ҳосил қилишни истарди. Бунга амин бўлгач ҳам, ортига қарай-қарай яна бир оз шу тезликда юрди. Анҳорга яқинлашиб қолгач, бегининг “энди ёш қизча эмассан, улоқчаларга ўхшаб югуриб юришинг уят бўлади”, деб огоҳлантирганига қарамай, иккала челагидан иккита қанот ясаб югуриб кетди.
Келиб анҳорнинг доимий сув оладиган жойига чўнқайганида сув юзида осмоннинг бир парчаси, эндигина кўтарилиб келаётган қуёшнинг синиқ жилвалари ва ўзининг бахтдан гул-гул яшнаб кетган хушсурат юзи акс этиб турарди. У гўёки осмоннинг шу бир парчасини, шу синиқ жилвалар ва мана шу оламшумул бахтни ўзидан ҳеч ким тортиб ололмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчидек, иккала қўлини тиқиб, сув юзини чайқатиб юборди. Сўнгра илжайиб, сувнинг яна аввалги ҳолатига қайтишини кутиб турди. Сув тингач, унда акс этмиш паривашнинг – ўзининг нимаси биландир тубсиз қудуққа ўхшаб кетаётган тимқора кўзларига термулиб, ҳар гал тушини айтишдан олдин ўқийдиган дуосини пичирлаб такрорлай бошлади:
–Бисмиллоҳ… Илоҳо, кўрган тушимни Юсуф пайғамбарлар йўрасин, суви Сулаймонлар йўрасин… Тушимда оппоқ булутлар қоплаб олган баланд осмондан ҳарир-ҳарир матолар осилиб тушарди… Биз иккимиз эса…
Келинчак келтирган сувини сепаётганида, ҳовлида қайнонаси кўриниш берди. Қайнонасига салом беришдан олдин, у эри ухлаётган уй томонга миннатдорона қараб қўйди.
–Ва алайкум ассалом, – жилмайиб, алик олди, келинининг кўтаринки кайфиятидан юқтирган қайнона. – Яхши ётиб турдингизми, қизим? Тонг саҳарда енгил кийинманг, эрталаблари чиққанда энди устингизга қалинроқ бирор нарса илиб олинг.
–Хўп бўлади.
Бошқалар учун кун тонгдан тунгача. Янги оила қурган ёшлар учун эса кун оқшомдан оқшомгача бўлади. Келинчак ҳам янги кунга – оқшомга қадар гулдан гулга учган капалакдай шошиб рўзғор юмушларини бажариб юрди. Аммо оқшомда ҳам у чарчаб улгурмаган, кўнглини кун эртасининг шодон кайфияти ҳали тарк этмаган эди.
Ҳобгоҳга кирганларида эри ингичка белларидан қучиб, ўзига тортди:
–Кун қандай ўтди?
–Яхши ўтди, – кулиб, ожизгина муштчалари билан ёстиқдошининг бақувват кўкракларидан итарди келинчак. – Ўзингизда-чи?
–Ёмон!
–Нимага?
–Соғиндим…
–Кимни?
–Сени..
–Қанча?
–Кўп…
Кейин ҳаммаси тушга эврилиб кетди…
Аммо тонгда – бу сафар бегидан аввалроқ уйғонганида унинг тунда туш кўрмаганидан кўнгли жуда ғаш эди.
–Нимани ўйлаяпсан?
Ёстиқдошининг қачон уйғониб, қачондан бери ўзига қараб турганини пайқамагани учун чўчиб кетиб бир озгина довдираган бўлди-ю, энтикиб бўйнини соҳибининг бўйни билан боғлади.
Беги келинчакнинг сочларидан силади, мисоли гўдакка бир нарсани тушунтирмоқчи бўлаётгандай эркалаб, яноқларидан ўпди.
–Қуёш ҳозир кўтарилади, – деди, уни иягидан тутиб ўзига қарашга ундаркан.
Келинчак узун сочлари тезоқар дарёнинг тўлқинларидай тўлғониб ётмиш бошини силкаб, кўзлари билан норозилигини билдирди:
–И, им!
–Ҳозир дангасалик қиласан-у, кейин ўзинг пиқиллаб йиғлаб юрасан.
Келинчак сочларининг бир тутамини олиб, бегига мўйлов қилган эди, у худди тўйдан кейин ўзи совға қилган мушук-ўйинчоққа ўхшаб қолди. Лекин буни унинг ўзига айтмади. Шу билан кайфияти бир оз кўтарилиб:
–Хўп, – деди-ю, ўрнидан қўзғалди.
Ҳовлига чиқса қайнонаси ҳали уйғонмаган экан. Ҳар кунгидай осмонга қаради: тунд, жудаям юксакда каттакон бир қуш кўк бағрини тилиб ўтмоқда. Ўзи туғилган жойда бундай қушларни учратмагани учун анча палла унинг парвозини кузатиб турди. Қизиқ, бу қуш қаёққа учаяпти экан? Қандай яхши шуларга…
Челакларни олди-ю, анҳор томонга шошиб, бироқ бегининг айтганига биноан югурмасдан, руҳсизгина юриб кетди…
***
Келинчакнинг бешинчи куни эди! Охирги марта бундай бахтиёрликни бошдан кечирмаганига нақ беш кун бўлганди – бугун яна туш кўрди! Тотли хаёлларидан узилолмай бир оз шифтга термулиб ётаркан, бир хўрсиниб олди-ю, ёстиқдошини безовта қилиб қўймаслик учун сирғалибгина унинг ёнидан чиқди. Ёстиқдошининг яқиндан бери билаётган бўлса-да ҳар бир доғ, ҳар битта мўйигача қадрдон бўлиб қолган осуда ва улуғвор юзига тикилиб, овоз чиқармасдан, лекин шошиб тунги кўйлагини алиштирди. Ойнага қараб сочларини апил-тапил тузатиш асносида сирли бир жилмайиб қўйди-да, ошиқиб ҳовлига отилди. Челакларни қўлга олишдан олдин кўкка қарашни ҳам унутмади: осмон оқ нурларнинг жарангига тўлиб ётарди! Сўнг анҳор сари ортига қарай-қарай олдин юриб, кейин йўрғалаб, сўнгра ўйинга шошган болалардай шаталоқ отиб югуриб кетди. Анҳорнинг ҳамишаги жойига етганда нафас ростлаш учун бирровгина тўхтаркан, ҳадиксираб атрофига яна бир қараб олди. Фақат ўзигагина аён ҳисларга тўлиб-тошган юракчаси каптар боласидай питирлаб, ўзининг ширин тушларини сўзламоқ учун эндиган сувга эгилган эди… сув юзида… сув юзида қалқиб турган таниш, жудаям таниш, аммо “бегона” бир чеҳрага кўзи тушиб, қўрқувдан бақириб юборишига оз қолди!..
Келинчакнинг қўлидаги челаклари икки ёнига тушди. Иккала кафти билан оғзини маҳкам беркитиб, бемисл даҳшат билан уч-тўрт қадам орқага тисарилди. Таърифламоқ мушкул ҳолатда жунбишга келган қалби орзиқиб сувга яна бир бор, атиги бир боргина қарашни истади-ю, лекин қўрқди. Тушларини қанчалик пардалаб айтишига қарамасдан ўз сирини билиб олган анҳорга марварид мисол шошқатор ёшлар думалаб тушаётган кўзларида уят ва адоват ила бир зум шундай тикилиб тургач, ўзининг бутун яширин туйғулари, қизлик хотиралари, тушларида беркитган сирларидан буткул юз ўгирмоқчидай шарт ортига қайрилди-да, алам билан уйи томон чопиб кетди.
Байрам АЛИ – 1991 йилда туғилган. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
“Болангман, Дунё”, “Куз ёмғирлари” каби насрий китоблари чоп этилган. Асарлари инглиз, рус, тожик тилларига таржима қилинган.