Нозлимхонсулув зиёратгоҳида
Бу ерда муҳаббат ҳақида сўзлар сукунат
йиғи товушидек юлғуннинг қизғиш барглари шивири
севишганлар қасри: дарахт сариқ япроқларини тўккандек
ғиштларини тўкмоқда
удумимиз шундай дейди йўлбошловчи
ҳар ким истаганича ҳафсала қилганича
устма-уст тикласин синиқ карвучларни
акс ҳолда қаср буткул барбод бўлар дейдилар
қулоғимизга шу сўздан ва Қуръон оятларидан
бошқа нарса кирмайди
ҳамма ёқда қабрлар қабрлар қабрлар
автомобил ҳайбатидан ҳайиққан кулранг қуён
эски нарвонлар устидан ҳатлаб қочади
қулф уриб кетади мозийнинг ҳиди
Бу ерда кукунга айланмоқда мовийлик
бу ерда ер йиғлаб ётибди сассиз
бу ернинг жимлиги ўзгача жимлик
гўёки ҳар битта мозорга бекинмиш уфқ
қадам отмоқ оғир худди сағаналар ортида
малаклар нигоҳин қадаб тургандек
ҳали оқшом чўксин арвоҳлар дунёси
лиммо-лим тўлдирар Сулув қалъаларини
кўкда соясини қолдириб пастга тушар ой
Ой тўлишган тунда
Ой тўлишган тунда
бир дона ҳам сўз айтманг
ҳар қандай фикрдан йирикроқ
ой остидаги сукунат
Ғунча очилаётган лаҳзада
бақирмоқни унутинг бирпас
ахир гўдак каби нафисдир ғунча
Ёмғир ёғар экан
ичкиси келади руҳимнинг
ювилган зангори ҳавони
Сукунатда термилмоқ афзал
оппоқ шабадали кунлар юзига
фақат жимликкина кўприкча ясар
юракка кираётган шуълалар учун
На-да қўшиқ на-да ҳайқириқ
фақат сукут – кўприк
Денгиз узра
Денгиз узра ёғилаётган улкан баргларни
қисқичбақалар билан шафаққа илиб қўйдим
жар тубидаги тоғ чўққисида
титраб турган экан шаффоф томчи
шу қадар ялтирайдики
қуёшнинг нурсизлиги яққол билинар
Улкан барглар тушмоқчи бўлади пастга
денгиз итларинимас китларини эркалатар
томчининг ичида чир айланар кенгури
тоғлардан ортга қайтиб келмас акс садо
сим-сиёҳ тусда товланар шафақ
қисқичбақалар ёмғири
Денгизни қоплайди улкан барглар
денгизга чўккан туннинг этаги кўм-кўк
мен эса жавоҳир шуълаларини ўйнаётган бўламан
сен излаб келган чоқда гўёки қанд эритилган истаканда
чойни сўнгги томчисигача симираётган зулук сингари
Яна
Яна ўша сўзларми яна ўша рангми
шаклми шамойилми яна ўша боягидай
тушларми ҳушларми айтилган айтилмаган
биласанми сенинг нафасингга тўйинган сабо
бир бошқача бир бошқача бошқача эсди
тупроқми зиёратгоҳми соп-совуқ қишми
учиб юрган зоғларми қарғаларми
бармоқларинг каби уп-узун ва қип-қизил жийдаларми
кулранг япроқлар аро мўралаб кўринаётган
менинг жимлигимми кўкрак сари
яқинлашаётган ханжарми
яшашдан толиқишми яна ҳеч касни ўйламасликми
узуқ- юлуқ туш қолдиқлари
тамаки тутуни учида
шохда унутилган оқ олмами сакраётган олмахонми
ўзини тинглашларини истаган йиғими
тунми ҳеч кимга кўринмаган
ёмғир остида қолиб эзилган булутми
тутаб ётган яшилликми дала ва даштда
Тибет битиклари
Маъданшунос олим Хайрулла Раҳматуллаевга
Тибет тоғларининг пастида
олмос тарошловчилар
яъники олмоссозлар
қунт ила ишлар эдилар
шунда оппоқ шуъла таралди-ю
ҳеч нарсани кўриш мумкин бўлмай қолди
қуёшни ўради оппоқ нур
кўзлар очиқ эди-ю йўқ каби эди
ҳамманинг хаёлидан чиқди кўз борлиги
одамлар бармоқлари билан кўра бошладилар
шу боис тепага бир маромда кўтарилди қўл
Олмоссозлар
тарс ёрилган олмос ичидан
муздек совуқ китоб топиб олишди
китоб варақлари очилган маҳалда
тун чўкди
Тушни хаёлга пайванд қилишмоқда эди
товушни ифорга қормоқда эдилар
сукунатнинг қатида жажжи жимлик бор экан
болға билан уришарди мускул нуқталарига
лаззат гирдобига ғарқ бўлди оломон
Тибет имлосида
жудаям қисқа товушда айтиларкан “жило” сўзи
токи олмос нур тарқатаман дегунча
ўша сўзни айтиб бўласиз
Мўмиёланган авлиёлар айтишар эдики
бу ерда ажал йўқ
Ваҳм ва Лаззат бор эрур холос
олмос созловчилар
лаҳзаларни ниначидай ушлаб кўришарди
ҳидлашар эди Туш ва Хаёлни
Тибет тоғларининг пастида
ибтидо мавжуд
интиҳоси йўқ бир ибтидо
Балиқ ови
Мен бу дунёга яшаш учунмас балиқ тутиш учун келдим
қизил эмас зангори чуволчангни илиб
ҳовузга
қармоқ
ташлайман
лекин анча вақтгача қилт этмай туради пўкак
ярми тилла ярми кумуш типратикан балиқ
секин сузиб ўтар пўкак ёнидан
агар ўша балиқни тутсам муқаррар
менга Нобел мукофотини беришар эди
ҳа нимаям дердим жин урсин
қармоққа илинмайдиган балиқ экан у
балки оғзи ҳам йўқдир бутунлай
камалак ҳиди келади сувдан
бинафша тусида товланар ифор
болалик пайтимдаёқ кундалик тутгандим
қанақа балиқни қайси санада ушлаганимни
сониясигача аниқ ёзиб қўяр эдим мен
шундай садоқатли эдим ўз ҳунаримга
гап ахлоқ ҳақида борар эди ахир
тартиб-интизом ҳақида борар эди
бир гал жон ҳолатда тангаларини ҳурпайтириб
ҳужум қилган эди тиканакли балиқ
важоҳати шунчалик қўрқинчли эдики
минг шукр қилгандим сувда яшамаслигимга
бувам Тинч уммонида ялтироқ ўтлар теварагида яшайдиган
балиқчалар ҳақида соатлаб гапириб берарди
суҳбат хотимасида дердики болам
бу дунёда балиқлар одамлардан кўра кўпдир
қара харитани кўр
менинг эса хаёлларим ниҳоясиз эди
капалаклар учиб юрса уммон тубида
битта қуёш бўлса уммоннинг ичида лоақал
Қанча ифор бўлса...
Сени излаб борсам визиллаб
ҳали очилмаган экансан
қиёмига етмаган экан- да ифор
Қанотимни шабнамга чайдим
оёғимни артдим шафаққа
келдим тонг елининг ичида
Балки қизилдирсан
балки зангори
сенга қўнмоқчиман очилсанг-чи
Капалаклар кулди устимдан
чимчилаб қочди ниначи
ҳали замон мўралар қуёш
Сени мен шамолдан шуъладан эмас
булбул чаҳ-чаҳидан
қизғондим фақат
Жийда гули
Жийда гули
мени маст қилди
жин чалди жийданинг остида
Сап- сариқ чироқмикан бу гуллар
юлдуз шуъласидан қувват оларми
нуқул қошиқчалар жаранги
Энг хавфлиси шундаки
болари нектар йиғмоқ учунмас
сизни чақиш учун келади
Шунда биласиз
нега бошни айлантирмоқда
нега боғдан ташқарига чиққанин
дарахт
Кўм-кўк ҳавони кесиб
Сен кўм-кўк ҳавони кесиб
чирилдоқ саси ила кўйлак тикасан
думалаб кетади шабнам тугмалар
нинанинг ичига сиғиб билмасдан
Булбул ноласига шафақни қўйиб
нусха кўчирасан ундан уззу кун
Вақтга тақлид қиласан барибир
тақлид қиладирсан ўтмай турсанг-да
Кошкийди овозинг бўғилиб қолса
безовта қиласан шуълаларни сен
тилла балиқчадек шуълани ёриб
кўриб биласан-ку ичак-чавоғин
Сенинг ковушингни ким кияди айт
айтгин қайга кетсин яримта фасл
биз артиб қўямиз юрак сатҳини
шовқин либосини кийиб келавер
Ғадир-будир жойин дақиқаларнинг
силлиқлаб қўямиз сен учун атай
келавер келавер нинангни ташлаб
эргаштириб келма ирмоқчаларни
Антиқа кўз
Бир кўз кузатади қуёшни
қуёшни қамаштирар чақнаса
қуёш ёруғлик сўрар шу кўздан
тепамда собитдир шу кўз
тушимни-да кўриб билар у
хаёлни кўрмоққа етар қуввати
шу кўздан уялиб кетаман
ноқулай-да қараб турса мунтазам
қилт этмай қараб турса тепангда
кимга айтади у кўрганларини
кимнинг кўзи асли билмайман
ғашимни келтирар юмшоқ нигоҳи
кун келар ўларман ўша чоғда ҳам
кўз ўзгартирмас ҳолатини ҳеч
жасадимдан ўзин узмайди яъни
лошимни ер экан қуртлар завқланиб
ўша кўз бу ҳолни қилар томошо
сарҳисоб қилади қуртларни санаб
шунда чидолмайман кўзга қарайман
у эса имлайди мени ўзига
ва ўтиб кетаман кўзнинг ичидан
бир бошқа оламга
бошқа дунёга
кўз менга ўгрилар
кунгабоқардек
Сиз кулсангиз
Сиз кулсангиз
беғубор куласиз
қарзга бериб туринг хаёлингизни
Сеҳру жоду ичра
қараб қўйсангиз
сирғалиб тушади
бир фасл
нигоҳингиздан
Хаёлимга ботар
киприкларингиз
хаёл сарҳадида
ширин бир оғриқ
Сиз кулсангиз
беғубор куласиз
нурдан ясалганми кулгингиз
Ҳижроннинг қўрғошин дақиқалари
бостириб келаркан
табассум соясин
ҳаво каби асрайман
Шундан чора топаман фақат
ҳавонинг ҳақига
қилиб ибодат
Сиз кулсангиз
беғубор куласиз
шаффоф бир дунёдан биз томон қараб
Юлдуз сабоқ берар
Фаришта билан Баҳорнинг
никоҳидан туғилган фарзанд
тилло сочларингни шамол ўйнайди
завқланиб завқланиб ўйнайди шамол
Осмон ерга ўргатади машғулотини
юлдуз сабоқ берар майсага
кулиб юборасан шайтон кўзига қараб
Нималарнидир улоқтирасан
уст-бошингни қоқасан
нурдан тозалайсан ўзингни
Баҳор сени қаттиқ қучоқлар
сийнасини тутар
ифорга тўлиғ
Қайрилиб қарамассан сен
Фариштага қўшилиб учиб кетасан
юм-юм йиғлайди Баҳор
юм-юм йиғлар кўзини юмиб
Кундуз жисмида
ковак бўлиб қолар сен ўтирган жой
ковак бўлиб қолар тўлиб оқ нурга
тунда – ой тушганмикан дейсиз
билинар билинмас жимирлар – тонгда
Олча гуллари кўринади
Тилла ёнғоқзорда
шаффоф олмахонлар ўйнар эмишлар
ирғитармишлар ёнғоқларни
пуштиранг йўлак очилармиш осмондан
биз эса тилла қўзиқорин терар эмишмиз
овлоқ ва сарҳади йўқ ўрмонда
юлдуз юлдузга тегиб
жаранглаб кетармиш тушларимизда
қорачуғингда акс этганимда
жаннат шумикан дея ўйладим
мени аллалади энг улкан титроқ
вақт шарчасини улоқтиради олмахонлар
иккимиз зим-зиёликка кириб кетарканмиз
олчалар басма бас гуллайди
изимиздан елади бўйлари
тилла ёнғоқзорда
иккита шаффоф олмахон
олча гуллари кўринади баданидан
Сув минораси
Нурни ушламоқ истарсан тутмоқ истарсан
жунун водийсига хат таширлар қушлар ҳам
кўзингдан сочилган шуъла ақлимни барбод қилди
барча нурлар қочдилар
камалакка дўндилар
ўқ ёй бўлур қўлингда
жоним нишон камонга
тунми бу бошқа тус йўқ ё сочми
чулғансин жисмим ноз билан ишва билан
бир кўтарилар бир тушар бир мавжланар
йилтироқ ашёлар ўғирларми хаёлимни
оққан каби бўламан балки дарёдирман
учган каби бўламан ойдирман балки
эшитмай гапираётган сен эканингни сездим
оловга нега ёнгани қўймайсан
шамол кўйлакларинг шитиридадир
имлоларни пайпаслаб ўқимоқдаман
фараз қилки кўзинг жодуси ила куйган бағрим каби
бармоқларим ёнмоқда чўғ бўлмоқда бирин кетин
адашдим Сув минорасига қараб турибман
Камалак ўлкасига капалак бўлиб учайми
томчи зарби янглиғ товуш мени уйғотгали келди
уйқу аро уйғонганимни ҳеч кимса билмас
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД – 1961 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Товушсиз қадам”, “Теракка яқин юлдуз”, “Икки нур”, “Давсаман”, “Тинч гуллайдиган дарахт”, “Кундуз сарҳадлари”, “Соялар суҳбати”, “Мен ўзимни унутдим” номли шеърий тўпламлари нашр этилган.