Ёлғизгина ўғли ҳам хабар олгани келмаётганидан жиғибийрон бўлиб, муштига тупуриб юрган етмиш беш ёшлардаги ўрта бўй, ўртача жуссали, калта кузалган соч-соқоли ҳали батамом оқариб улгурмаган қария шу кеча ғалати бир туш кўрдию, ўзини қўярга жой тополмай қолди. Хобида кўзининг оқу қораси катта ва тубсиз бир даранинг нариги томонида, шундоққина жар ёқасида қандайдир тараддудда, безовталаниб, қўлларини силтаганча у ёқдан бу ёққа тез-тез бориб келаётганмиш. У: “Жакбарали, қайт орқангга, қайт! Айланиб ўт, айланиб ўт!..”, дея бақирармиш. Унинг уринганроқ қора чопонини кийиб олган нури дийдаси эса худди эшитмаётгандай, парво қилмай хандақнинг чуқурлигини чамалаётгандай, бўйнини чўзиб, энгашиб, пастга тикилармиш…
Меҳрибонлик уйига келганидан бери бундай нохуш туш кўрмаган эди. “Жакбаралига нима бўлдийкин? Тинчликмикин? Ишқилиб, бирон кор-ҳол юз бермаган бўлсин-да. Ё оғриб-нетиб қолдимикин?…” каби саволлар кўнглига ғулу солиб, тинчлик бермай қўйди ва шу оқшом бориб, жигаргўшасидан хабар олиб келишни кўнглига тугиб қўйди. Навбатчидан бир амаллаб рухсат олса, бас (беш-ўн сўм чой-чақа ундан айлансин, инсоф бергур бугунгиси анча одамшавандароқ…), кўчага чиқиб, киракаш бир енгил машинага ўтирадию, икки соатнинг нари-берисида уйдаги аҳволни билиб қайтади.
Қариянинг ҳозирда ўғли, келини ва бир қизалоқ, бир ўғилча невараси билан ўтирадиган ота ҳовлиси вилоятнинг чеккароқ шаҳарчасида эди. Орадан анча вақт ўтганигами, хавотирланаётгани учунми, масофа узоқиб кетгандай, йўллари унмаётгандай туюлиб, юраги қисилар ва ҳайдовчини тезроқ юришга қистарди. Ишқилиб, тинчлик бўлсин-да… Агар хотиржамлик бўлса, ўғлига юрагида асраб юрган уч-тўртта аччиққина гапини айтиб, бир хумордан чиқиб олади. Икки-уч ҳафтада бир келиб кетиш қийинми? Кўча тўла машина бўлса… Бир ойдан ошяптики, қорасини кўрсатай демайди-я… Ўзи, оталар ўғил кўришса, осмонга сапчишадаю, лекин меҳрибонликда қизга етмас экан. Ҳамхонасининг учта қизи бор, бири қўйиб, бири ҳафтани канда қилмай келишади, барака топгурлар. Падари бузруквори хуш кўрадиган таомларни пишириб келиб, атрофида гиргиттон бўлишларини кўрган одамнинг ҳаваси келади. Яна, ожизалиги, бировнинг хасми эканлигидан ёзғиришиб, тезда-тезда хабар олишолмаётганидан хижолат бўлишганини айтмайсизми… Балки, ўғлининг ташвиши кўпайиб кетгандир, пул топаман, бола-чақа боқаман деб, бозорма-бозор югуриб-елиб юргандир. Ё хотининими, бирон боласиними мазаси қочиб қолдимикин? Ҳа, ҳақиқатни билмай туриб, бировни айбдор қилиш, маломат тошини отиш дурустмасу… шу, анчадан бери кўнгли нўхотли паловни тусайди-да. Макарон мастава, карам шўрва ичавериб, ичи шилиниб кетяпти. Яхшиямки, ўтган жума шеригининг қизи мошкичири олиб келган экан, суйиб-суйиб еди, ичаклариям бир маза қилиб олди… Бир коса ош кимни ўлдирибди?.. Ахир тайёр уй-жойларни унга қолдириб келган бўлса… Иморатларга-ю битта чўпам қўшмаган, қўшолмаган. Жа, ўлар-қолар жойи йўқ, келиниям боғчада ишлайди. Ўғлининг ўзи бозорда, чўнтагига ҳар куни нақ пул тушиб туради. Болалари ҳали ёш, унақа катта сарф-харажатиям йўқ… Тўғрику-я, лекин… ўғилчасига ҳатна тўйи қилиши керак, рўзғор – ғор дегандай… Бозордаям пул ўзидан-ўзи, жарақ-жарақ оқиб келавермайди. Шўринг қурғур бола азонда чиқиб кетиб, қаро шомда, баъзан алламаҳалда қайтади. Тўрт томони очиқ, ҳамма тарафдан изғирин урадиган тимнинг тагида эртадан кечгача лайлакка ўхшаб оёқда тик туради, қиш-қировли кунларда товонидан зах ўтиб, хотинининг эски жун рўмоли билан оёқларини ўраб, қайноқ-қайноқ чой ичиб, бурканиб ўтирганини кўп кўрган. Бирор кун дам ол дейишса, кўнмайди, харидор қочади, жойни олдириб қўяман деб безиллайди бечора. Лекин ҳозир қишмас, куз-ку… Ўғли-ку, меҳрликкина эди, келини уни издан чиқарди-ёв… Сирасини айтганда, битта уни келинимас, кўчага чиқиб кетган аксарият аёллар беш-тўрт танга пул топган одам бўлиб, эрларини менсимай қўйишди. Ҳар ким ҳар нарса дейдию, асли қўйди-чиқдининг кўплиги шундан. Аммо айб эркакларни ўзларидаям бор, оғирроқ, қийинроқ ишларга бўйни ёр бермайдиган бўлиб қолишди. Кўплари мўмайроқ пул топаман деб, рўзғор ташвишию, ҳамма муаммоларни хотиннинг гарданига юклаб, Россиягами, Қозоққами жўнаворишяпти, ўша ёқларда уч-тўрт йиллаб қолиб кетишяпти. Айримлари дангасалик қилиб, уйда ўтириш хуш ёқиб… Хуллас, тили қисилиб, тизгинни бериб қўйишяпти… Буни устига, ичишади. Жакбаралисиям… Уни ҳеч шу балодан қайтаролмади. Яхши гапириб кўрди, дилим оғриб қолса, мен-ку кечирарман, аммо Худо кечирмаса, ўзингга ёмон бўлади, деб пўписа ҳам қилди. Номозларида Холиқи оламга топиниб, бетийиқ, гап кор қилмас болага инсофу тавфиқ беришини ўтинади. Йўқ, ўзгармади, қайтмади. Ҳадеб бақир-чақир қилиб, келин, неваралари олдида унинг обрўсини тўкишдан эҳтиётланиб, ўзининг ҳам дилини сиёҳ қилишдан безиллаб, тилини тиярди. Ўзи кўринишдан бир чиройликкина йигит, ақли-ҳуши жойида. Шеригинг олақарға бўлса, емишинг гўнг, дегандай, тенгқур-улфатлари чатоқ. Болани ўзини даврасидан, ҳамнишинларидан ажратиб олиш жуда қийин экан… Биттагина ўғил деб, институтларда ўқитувди. Тузуккина вазифаларда ишладиям, шу ичкиликнинг касофатига бир жойда қўним тополмади, обрў орттиролмади. Мана, энди куни қоп судраш, яшиқ кўтаришга қолиб ўтирибди. Бунисиям майлию, одам алдагани ўсал. Савдо бор жойда ёлғон, найранг бўлмай, иложи йўқ. Фойдасини яширишади, ўндан бириниям айтишмайди, кўзини лўқ қилиб, “Менга озгина пулингиз қолади” дейишади. Доим бирни икки қилиш пайида бўлишади, молнинг уринганини кўмма қилиб, тозасини тепага, ялтиратиб қўйишади, харидорнинг кўзини шамғалат қилиб, яхшилари орасига ёмонларини тиқворишни мўлжаллаб туришади – худди қассоб имкони борича гўштнинг чандирли жойларини лаҳмга қўшворишга ҳаракат қилгандай… Жума номозига мачитга югурадиганларнинг кўпи ана шу – одам алдайдиганлар… Ўғлига “Фириб, ноҳалоллик аралашган ишда хайр-барака бўлмайди, бўлсаям, узоққа бормайди, бировнинг ҳаққи бирдамас-бирда тешиб чиқади, кўза кундамас, кунида синади,” деб тайинлаб туради. Яна ким билади, дейсиз, насиҳатларини қулоғига оляптими, йўқми. Шайтон йўлдан урмасин. Аслида, Меҳрибонлик уйига кетишга қарор қилишигаям сабаб Жакбаралининг хурмача қилиқлари… Кўзи қизариб, бўлар-бўлмас нарсаларни алжираб ўтириши жонига тегиб, охири: ҳалқумингни булғаб келганингда мени кўзимга кўринма, деб шарт қўювди, иш янаям чаппасига айланиб, нотавон, бетаъсир болага баттар бўлиб берди. Шайтон сувидан тортиб келадими, йўқми, деразаси ёнидан писиб, индамай ўтадиган, хотинининг ёнига кириб, гумдон бўлиб кетадиган қилиқ чиқарди. Ота жонивор кечаси бир ўзи шумшайиб, алламаҳалгача уйқуси келмай, деразадан юлдуз санаб ўтиради. Ёнбошлайди, телевизор кўради. Лекин телевизор ҳам жонга тегади. Кексалик домига тушгандан кейин одам бўлар-бўлмасга инжиқланадиган, қиёфангиз билан бирга феъл-атворингизу юриш-туришингиз ҳам ўзгариб, анча-мунча нарса ёқавермайдиган бўлиб қолиши ҳақ-рост экан. “Ўлдим-куйдим”дан иборат консертларни, умуман, ялтир-юлтир кийиниб, ўзини ҳар кўйга солиб, қилпиллаб-жилпиллаб хониш қиладиганларни жини суймайди. Ҳиндларнинг эртак фильмларига, мавзуси қайнана-келин можароси, хиёнату қўйди-чиқдидан иборат, аёл зотини шартакиликка, эр билан бемалол даханаки жанг қилишга ўргатадиган ўзбек сериалларига, узундан-узоқ, ойлаб-йиллаб давом этадиган турку корейс телесериалларига, одамлар гўё пашшадай “ўлдирилиб”, автомобил, кўп қаватли бинолар бир тутам хашакдай ёқвориладиган, бир шаҳарнинг каттагина қисмини “вайрон қилиб” юборганлар бир оғиз танбеҳ ҳам эшитмасдан сувдан қуруқ чиқиб кетаверадиган Америка киноларига сира тоқати қолмаган. Унинг ёшида аксарият кишиларнинг ишончсиз воқеаларга қизиқмайдиган, аксинча, энсаси қотадиган бўлиб қолиши табиий ҳол, албатта. Чунки бу паллада одам мантиққа суянадиган ва асл ҳақиқатни излайдиган ва унга топинадиган бўлиб қолади. Дурустроқ фильмнинг орасига ҳар ўн дақиқада ўн-ўн беш минутлаб тиқиштириладиган, одамни сассиқ кекирдак қилиб юборадиган бемаза рекламалар бор ҳаловатингниям тўзғитиб ташлайди… Тўрт йилча бўлди – кампири оғирроқ бир дардга чалиниб, мендан кейин сўппайиб қоладиган, сиркаси сув кўтармайдиган таъби нозик бу чолгинанинг ҳоли нима кечаркин, деб ўтирмай, уни шартта ташлаб кетворган. Қуш бўл, қумурсқа бўл – кўп бўл, деб бежиз айтишмас экан. Яратган эгам уларни фарзанддан қисиб, биттагина ўғил ато қилган. Шунисигаям шукрку-я… Ёлғизлик Худога хос деб бекорга айтилмас экан, кунни-ку ҳар хил иш, келди-кетдиларга чалғиб, бир амаллаб кечкиртиради, аммо тонгнинг отиши азоб. Айниқса, қишнинг узун кечаларида… Қариликда кишига бедорлик касалиям илашаркан. Дардкаш, ғамгузор тугул, у ёқдан-бу ёқдан олма-терма қилиб бўлсаям валақлаши-иб, ҳангамалаши-иб ўтирадиган бир одамга зор бўлиб кетасиз. Келин билан ниманиям гаплашасиз? Чурвақа неваралар энтак-тентак саволлар бериб, бир пас бошни қотиришади-да, шу билан йўқ – бири мактабга, бошқаси ўйнагани кўчага чиқиб кетади. Ўчакишгандай, маҳалладаям гапи-гапига хил келиб, гурунглашиб турадиган тенг-тўши йўқ – бари бир нарсадан қуруқ қоладигандай, эрта-кунда жўнаворишган. Ҳаммасидан ҳам чатоғи – ички кийимини келинга бериш ноқулай, ярим кечада, уйга тоғора олиб кириб, ўзи ювиб олади. Худо кўрсатмасин, жиддийроқ касал бўлиб, ётиб қолса, нима бўлади? Ким қарайди?.. Унга ачинганлар сизга бир кампир зарил-да, деб кўп гапиришди. Жони ачийдиган эгачи-сингиллари йўқ… Кампирни кўчама-кўча юриб ўзи қидирармиди… Менга лойиқ-қобил бир хотин топиб беринглар, деб бировга айтолмаса… Анча-мунча чиқдиям, аммо бирининг ўзидан олдин шартлари етиб келади, бошқасини кўриниши мундайроқ дегандай, кўз очиб кўрилганга ўхшатиш қийин экан. Эҳтимол, пешанага битмагандир, ё марҳума аёлининг руҳи қўймагандир… Биттагина ўғилни аҳволи эса бу. Ичадиган одамни саждага эгилишиям мушкул экан. Номоз ўқи, ўқи деявериб жағи толди, охири бунгаям қўл силтади, лекин маҳалла-кўйда бош кўтариб юришга уялади, маърака-маросимларга оёғи тортмай қўйди, буни устига, юраги тез-тез сиқиладиган бўлиб қолди, хуллас…
Меҳрибонлик уйида анча пайтгача худди қисинди, боқиманда одамдай ўзидан ўзи ижирғаниб, иззат-нафси оғригандай, одамларга ҳам унча қўшилолмай юрди. Кейин-кейин, секин-аста янги муҳит, янгича ҳаётга мослашиб, кўникиб кетди. Тартиб-интизом жойида, ҳаммаёқ саранжом-саришта, чойшаб, ёпинчиқларни ҳар ҳафта, бир кун ҳам ўтказмай алмаштиришади. Ҳамсуҳбат, ҳамдардлар ҳам бору.., шу, озиқ-овқатлари ора кунда палов еб ўрганган кишига сал суюқлик, енгиллик қилади-да. Ҳа-да, бу ҳам мусофирхонадай бир жой-да, ўз уйингизга ўхшармиди. Лекин илож қанча, ҳеч ким бунақа ерга ҳавас билан келмайди-ку…
Қария ҳозир уни яна жунбишга солган ҳасратларини калласи катта, шалпангқулоқ, ияги чўзиқ, мошкичири соқоллари тиканак бўлиб ўсиб ётган, ёқалари кенг қайрилган ва кўкрагини жун босган ўрта ёшлардаги ҳабашсимон ҳайдовчига тўкиб солиб, юрагию, елкасини эзиб турган юкдан енгиллашни ҳам кўнгилладию, лекин бу бўлмағур фикрдан тезгина қайтди. Умрида кўрмаган етти ёт бегона кимсага э йўқ, бе йўқ, ўз пушти камаридан бўлган жигарбандидан ёзғириб, оби-дийда қилиб қолса, нима деб ўйлайди? Кейин, у нимаям қилиб берарди? Тўғри, “Ҳа, энди, фарзандларни кўпчилиги шунақа, ота-онани қадрига улар ўтгандан кейин етишади, шундаям, ҳаммасимас, виждони, иймони борлари… Бу бобда сиз ёлғизмассиз…” деб таскин берар, хўш, шу билан нима ўзгаради, ё ҳайдовчининг таънаю кесатиқлари ҳаво орқали етиб бориб, бемеҳр ўғлининг дийдаси юмшаб, инсофга келиб қолармиди?.. Қайтага, сўхтаси совуқроқ, дамдуз ҳайдовчи ташида бўлмасаям, ичида “Боланг ёмон бўлса, ўзингдан кўр” деган мақолни ўйлаб, “ўзлари папалаб, айтганини муҳайё қилишиб, бошига чиқариб олишади-да, кейин дийдиё қилиб юришади”, деса-чи?… Яхшиси, бу даъвойи-достонини, ёлғиз қолишганида Жакбаралининг ўзига, ниқтаб-ниқтаб гапириб, ичини бўшатиб олади. Нима қипти, ҳадди сиғмайдими, шунча йил боқиб, ўстириб, уйлаб-жойлаб қўйган фарзандига шунчалик ўпка-гинасиниям айтолмайдими?! Айтади, айтганда қандоқ! “Ҳей бола, кўзингни оч, қаерда, қандай ўтирганингни эсдан чиқарма!” дейди, ҳа, албатта шундай дейди. Керак бўлса, ёқасидан олиб, бир-икки силтаб қўйиш ҳам қўлидан келади. Бунга ҳаққи бор. Худо болага ота-онанинг иззат-ҳурматини жойига қўйишни буюрган…
Манзилга етишганда қария машинадан тушиб, соябонли дарвозахоналарига қараб бораётганда қулоғига қандайдир товушлар чалиниб, секин деразалари томонга ўтди. Ойналардан сизаётган нур камқатновгина, девор тагидаги япроқлари тўкилиб, анча сийраклашган қатор қора гилослар соясидаги нимқоронғи кўчанинг хийлагина қисмини олачалпоқ ёритиб турарди. Новвотранг ҳарир парда тортилган ромдан ичкари элас-элас кўринар, лекин ўғли билан келинининг шодон кулгилари баралла эшитиларди. “Ҳайрият-ей…- ота оч ҳаворанг яктаги ёқасини қайириб, кўксига туфлади. – Тушга нималар кирмайди-я. Хазонрезги маҳали-да…” Демак, уйда, отаизор хавотир олган оилада шукуҳли, фарахли ва бахтли ҳаёт давом этар, бинобарин, Ер физик олим Архимед тополмаган ўқи атрофида бир зайл, бир меъёрда айланар, фалакда ою, юлдузлар Заминга сокин шуъла сочиш билан банд, хийла наридан келаётган Андижонсой тўлқинларининг бир маромдаги, салгина маҳзун шовуллаши ҳам ўша-ўша…
Қария енгил нафас олиб, юзига фотиҳа тортаркан, Аллоҳга шукр келтирди ва дарвоза сари қадам босди. Бироқ қўштабақали, ўймакор уста қадрдони ясаб, қуриб берган, ҳафсала билан шарқона нақш-гуллар чекилган эшик дастасига қўл узатган чоғ яна иккиланиб тўхтади. Кирмай қўя қолгани маъқулмикин?.. Мана, кўрди, билди, хотиржамлик экан, кўнгли таскин топди. Кирса, гап айланиб, боя миясини ғовлатган, аслида анчадан бери юрагини ўртаб, тилини қичиштириб юрган гина-кудуратлар тешик оғзидан чиқиб кетса, ўғлининг дили оғриб қолиши мумкин-да. Аҳилгина яшашаётган фарзандларини хурсандлигига, осойишта ҳаётларига рахна солишни нима кераги бор? Нима бўлсаям, тиниб-тинчиб ўтиришса, бас-да… Инсофгаям кепқолар. Ўлим – ҳақ, бу ёғи оз қолди ўзи, бир кун омонатини топширса, ”Вой отам!…” деб йиғлайдигану орқасидан ис-чироқ қилиб қоладиганиям шу-да… Ишқилиб, боши омон бўлсин… “Ўзимам баъзида жа оширвораман-да…”
Неваралариниям кўргиси келувди-ю… Ҳа, майли энди…
“Парвардигор, ўзингга омонат…” дея дуо қилган отанинг хаёлидан “Эсизгина, ҳайдовчига бир пас кута туринг-чи.., демаган эканман-да,” деган фикр ўтди.
Қамчибек КЕНЖА – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси. 1946 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “Соғинч”, “Яшил барг”, “Кўнгил кўчалари”, “Ишқинг тушса”, “Орзумандлар”, “Нотаниш гул”, “Тоғ йўлидаги бир оқшом”, “Соҳилдаги сув париси”, “Қизил гуллар”, “Соҳибжамол аёл сири”, “Муҳаббатни гуноҳ десалар”, “Кулгубахш умр”, “Бобурийлардан бири”, “Бахт қуши ёки ушалган орзулар”, “Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар”, икки жилдли “Сайланма”, “Aндижондан Бағдодгача”, “Буюклар изидан”, “Севинчларим ва куйинчларим”, “Тошқин”, “Кўнгил кечинмалари”, “Палахмон”, “Жасорат”, “Муҳаббат бадали”, “Машаққат ва жасорат”, “Ҳаёт ҳикматлари” каби шеърий, насрий ва публицистик китоблари чоп этилган.