Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Чўлоқ чумоли

Ҳеч шоди нест андар ин чаҳон,

Бартар аз дийдори рўйи дўстон.

деган эдилар Абу Абдуллоҳ Рўдакий жаноблари. Бу сўз ўзбекчасига:

Дунёнинг шодлиги йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

маъносини беради. Биз қардош тожик халқи билан буюк аллома шоиримиз Абдулла Орипов айтганидай:

Дўсту қардошдир азалдан, ўзбегим тожик билан.

Иккиси бир байт ғазалдан, ўзбегим тожик билан.

Қай йўсин айлай изоҳ мен бу ширин дўстлик сўзин,

Тотлидир болдан асалдан, ўзбегим тожик билан.

Қолаверса донишманд шоир Боқи Раҳимзода айтганидай:

Фарқи ҳама мардумони дигар осон,

Лекин шуда мо ба ҳам чунон ҳам наздик.

Бинанда чунин суол орад ба мион:

“ Эй чўра, бигу, ту ўзбекми ё тожик?”

бу гўзал тўртликнинг таржимаси тахминан қуйидагича:

Ўзбеку тожикнинг бирдир авлоди,

Йигити паҳлавон, қизлари нозик.

Ким кўрса тўсатдан сўраб қолади:

Кимсан ўзбекмисан ва ёки тожик?

Ҳақиқатдан шундай. Кўп халқларни бир кўришдаёқ бир биридан ажратиш мумкин. Лекин ўзбек билан тожикни бир кўришда ўзбекми ё тожиклигини илғаш  қийин. Чунки, бу халқлар шохи кўп бўлсада, томири битта халқлардир. Худо бизни инсоният яралганида қўшни қилиб яратган ва то қиёматгача қони ва жони туташ халқлар бўлиб қоламиз. Қолаверса бу жони туташлик Қуръон билан ҳеч ажралмас бўлиб бирлашгандир. Ҳазрат Навоий Абдураҳмон Жомий ҳақида шундай ёзадилар:

Ул сафо аҳли пок фаржоми,

Покфаржому покфар Жомий—

Ул яқин сори дастгир манга,

Қиблаву устоду пир манга.

яъни Ҳазрат Навоий Жомий ҳазратларини “ қиблагоҳим, устозим, пирим” дея улуғлаяптилар. Навоий ҳазратлари бош вазирлик даврларида, машварат ўтқазаётганида ҳазрат Абдураҳмон Жомий келиб қоладилар ва мажлис аҳлини тинчини бузмаслик учун, четроққа ўтирадилар. Шунда, мажлисга раислик қилиб турган Навоий ҳазратлари буни кўриб,  дарҳол юқорига, ҳайъат аҳли орасига таклиф этади. Жомий ҳазратлари бунга кўнмайдилар. Шунда Навоий ҳазратлари: “ Жомий ҳазратлари мисоли баҳайбат бир фил, мен бу филнинг қаршисида  чумолиман, чумоли бўлганда ҳам, чўлоқ чумолиман,” – дейдилар. Ушбу лутфдан сўнг, ноилож қолган Жомий ҳазратлари юқорига чиқиб ўтирадилар. Бу устоз ва шогирд ўртасида  эҳтиром қай даражада бўлиши кераклигининг яққол намунасидир.

Умуман олганда ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги адабий дўстлик ҳеч қачон сўнган эмас. Замонавий тожик адабиётининг асосчиси Садриддин Айний Бухорода, Сакторе қишлоғида туғилган. У “Қуллар” романини ўзбек тилида ёзиб, сўнгра ўзи тожик тилига ўгирган, “Одина” асарини эса аксинча, дастлаб тожик тилида ёзиб, сўнг ўзбек тилига  ўгирган. Яъни икки тилли зуллисиноайн адиб бўлган. Ғофур Ғулом Айнийга дўстлиги шарофати билан тожик тилини, форс тилини қаттиқ ўрганган, Айний билан Бедилхонлик кечалари ўтқазган,  Фирдавсий, Хайём, Саъдий, Жомий, Ҳофиз Шерозий асарларини форс  тилидан ўзбек тилига ўгирган ва “Садриддин Айний шахсан менинг устозимдир, Айний ва Лоҳутий менинг уйимни ўз уйлари деб биладилар,” деб ёзган. Буюк шоир Мирзо Турсунзода Ғафур Ғулом ҳақида шундай деган эди:

Назмро дарёи бепоён Ғафур,

Дўстиро чашмаи чўшон Ғафур.

Мо ғуломи табъи пирчўши туем,

Мисли жону тан дар оғуши туем.

яъни, Ғофур Ғулом, биз сенинг қучоғингда бир жон-у, бир танмиз, дея лутф этганлар. Мирзо Турсунзода атоқли шоира Зулфияга бағишлаб ушбу ўтли мисраларни битганлар:

Духтари ўзбек, моро гўш кун,

Дигаронро андаке хомўш кун.

Шавқи ту моро ба илҳон оворад,

Рў ба сўн Ўзбекистон оворад.

Бугунги кунда ҳам Абулқосим Лоҳути, Мўмин Қаноат, Лойиқ Шерали асарлари ўзбек тилига кенг таржима қилинмоқда. Таниқли ўзбек шоири Одил Икромнинг Абу Абдуллоҳ Рўдакий мукофотига сазовор бўлиши Тожикистонда ўзбек адабиётига эҳтиромнинг гўзал намунасидир. Мана шу буюк адабий анъаналарнинг жажжигина давоми сифатида, тантанали равишда  60 ёшим муносабати билан  Тожикистоннинг Шаҳристон тумани Маданият саройида бадиий мусиқий  тадбир бўлиб ўтди. Унда, Тожикистон халқ артисти, профессор Мастона Эргашева, “Сўғд ҳақиқати” газетаси Бош муҳаррири Фарҳоджон Жўраев, “Шарқнома” журнали Бош муҳаррири Хаким Зокир, Хожи Содиқ мукофоти соҳиби, “Журналистик жасорати учун” халқаро мукофот совриндори, таниқли ёзувчи Ўринбой Усмон, Тожикистон матбуот аълочиси, ўтюрак журналист Нозимжон Эргашев, таниқли ёзувчи Ёқубжон Очилов, шоир ва таржимон Облоқул Мусоев, бизнинг томонимиздан таниқли журналист, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот бўлими бошлиғи Фозил Фарҳод, “Ижоднашр” нашриёти бош директори  Аҳмаджон Тўраев, фотожурналист  Султонбой Деҳқонов,  Абдиқул Маматов, ёш ва иқтидорли хонандалар Нодирбек Асатуллаев, Қаҳрамон Норчаев, сухандон Асроржон Раҳматов  ва бошқалар иштирок этдилар. Тадбирни юқори даражада ташкил этганликлари, эҳтиромлари, эъзозлари, эътиборлари  учун, Сўғд вилояти Ўзбеклар жамиятига, Шаҳристон туман хокимлигига ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни билдираман. Илоҳим, дўстлигимиз, қардошлигимиз, қон қариндошлигимиз абадий бўлсин. Сўзимни Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг ушбу сўзлари билан мухтасар этаман:

Биз икки ёндош элга,

Қариндош, қондош элга,

Жондош, имондош элга,

Фарзанд бўламиз, дўстим.

Шажарада томирмиз,

Тиёншонмиз, Помирмиз,

Нечун ўздан тонурмиз,

Баланд бўламиз, дўстим.

Беруний, Ибн Синога,

Жомийдек пок сиймога,

Навоийдек даҳога,

Дилбанд бўламиз дўстим.

Муҳаммад ИСМОИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Халқаро Робиндранат Тагор мукофоти совриндори.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil