Али Жанибга! Болалик кезларимда ёзилган, чоп этишга журъат этолмаган бу ҳикоямни раҳматли онамнинг китоблари орасидан топиб олдим. Ажиб бир қизиқиш билан ўқиб чиқдим. Менга жуда-жуда ёқди. Олдин нега кўнглимга ўтирмай, бир четга улоқтирган эканман-а? Ҳозир нима учун бу қадар таъсирландим? Муштипар онамнинг меҳрини эслатиб юборгани учунми? Нима бўлганда ҳам… Севикли Жанибим, бугун энг гўзал асарим деб ўйлаган ушбу ҳикоямни сенга бағишлайман.
Муаллиф
– Ўшанда мен эндигина йигирма ёшларда эдим, – деди жаноб Аҳмад Суҳрон, – телеграф ва почта идораларида катта мавқега эга бўлган отам менинг олифталигимга, ҳавойитабиат ва эркалигимга ортиқ чидай олмади. Онам, бувим ва кекса аммамдан иборат оилам билан маслаҳатни бир жойга қўйди. Улар ҳамжиҳатликда мени чет элга жўнатишга қарор қилишганди. Яния вилоятидаги бир назоратчи отамнинг таниши эмиш. Шу вилоят марказига кетарканман. Мен у ерда алоқа ходими бўлиб ишлар ва фикрларича, одам бўлиб қайтармишман. Буни онам ғоят юмшоқлик билан ўзимга тушунтирди:
– Жуда ҳолсизландинг… Ҳаво алмаштириш, дегандек… Ҳам юрт кўрасан, ҳам ўзингга келиб қоласан. Қолаверса, мартабанг ошади…
У тағин гапириш учун оғиз жуфтлаган эди, мен сўзини бўлдим:
– Кетмайман, бўлмайди!
Аммо қаршилигимга қарамай, онам менга охирги қилмишим отамга қандай таъсир қилганини тушунтира кетди. Бир неча ойдан кейин албатта қайтишимни, бунинг учун отамга ёлворишини айтиб, онт ичди. Бундай ваъдаларга ишонмаган бўлардим-у, чамамда, ўзимда ҳам ўша ёқларни кўриш орзуси йўқ эмасди.
– Яхши, – дедим, – лекин уч ойдан ортиқ турмайман.
Тайёр йўл харажати… Тўрт юз эллик қуруш маош… Дуруст! Лекин севикли ва беғалва Истанбулдан уч ойлик айрилиқ… Беш йилдирки, Истанбулдан ташқарига чиқмаган эдим. Унга туғилиб ўсган ватаним каби ўрганиб қолганман. Аммо инсонда ҳар не учун исталганча тасалли топиларкан. Отамнинг сўнгги хизмат жойи бўлган Критдан қайтаётганимизда тўхтаб ўтган бандаргоҳларимиздаги[1] хуш манзаралар ва хуш онларимни эслаб:
–Қандай яхши эди. Бола эдим у пайтлар, – дея ширин хаёлларга бериламан… Ҳа, энди аввал Байрут, кейин Пирей… Афина! Морадан ўтгач, Превезага, у ердан Янияга, сўнг эса марказга, маҳаллий маъмурият биносига йўл оламан. Зўр саёҳат бўлади!
Оилам билан қисқа хайр-маъзур қилдик. Отамнинг ёзилса уч-тўрт табоқ жадид қоғозини[2]тўлдирадиган қимматли маслаҳатларини олгач, паромга[3] отландим. Салоникида икки кун қолдик. Икки кечани ҳам шовқин-суронли бир уйда ўтказганимни айтиб ўтирмайман. Орада бироз хасталаниб қолдим. Измирда икки кун бўлмоқчи эдим. Афинада пулларимни ишлатаман ва яхши вақт ўтказаман деган ўйда у ерда қолиш фикридан воз кечдим. Шу қатори саллали йўловчилардек паромда тунашга кўна олмасдим. Меҳмонхонага тушдим. Кечки дастурхонда серсоқол бир кишининг мени диққат билан кузатаётганини сезиб қолдим. Бироқ хавотирим узоққа чўзилмади. Киши овқатдан кейин қаҳва ичаётганимизда исмимни, сўнг отамнинг кимлигини сўради. Жавобларимни эшитгач, ғалати бир ҳаракат билан қўлини оғзимга олиб бориб:
– Тоғангнинг қўлларини ўп! – деди.
Тонг қотиб қолгандим. Лекин танидим. Сергўшт қўлларидан ўпарканман, кичкиналигимда менга форс тилини ўргатган бу сертавозе тоғамнинг Форс элчихонасида котиб бўлиб ишлаганини хотирладим. Ундан йилда бир марта – муҳаррам[4] ойида уйимизга табрик хатлари келарди. Ғалати тасодиф! Истанбулга қайтаётган эмиш. Тоғам мендан онам ва отамга доир саволлар сўради. Ўша кеча соат учгача Кордондаги қаҳвахонада гаплашиб ўтирдик. Меҳмонхонага етиб келганимизда, йўл чарчоғида бўладиган тийиқсиз уйқу кўз қовоқларимни ачитарди. Тоғам биринчи қаватда тураркан. Хона олдига етканимизда, елкамни қоқиб:
– Яхши дам ол, ўғлим, – деди, – эрталаб эрта туролмайман. Мени уйғотгин-а?!
– Хўп, бош устига, – деб у ердан узоқлашдим.
Хонамга чиқдим. Мана, бир кечалик роҳатдан воз кечиш менга нақадар қимматли тасодиф туҳфа қилди. Эртанги паромда Истанбулга жўнаб кетаётган тоғамнинг менга воситачилик қилишига шубҳам йўқ эди.
Эрталаб кеч уйғондим. Шошилинч равишда кийиниб, тоғамнинг хонасига тушдим. У ҳам кийинган, шляпасини қоқаётган экан. Келганимни ойнадан кўриб, ортига ўгирилди:
– Хайрли тонг, ўғлим! Бугун мени кузатиб қўясан-а?
– Бажонидил, афандим, – дедим кулимсираб.
Шунда сариқ дастали темир каравот ёнида турган бир нарса диққатимни тортди. Оппоқ мўйна… ёки… ит… Қизиқиб бордим. Менга қараб порлаб турган иккита қора кўзи яқинлашганим сари жонлана бошлади. Бу на ит эди, на мушук… Беихтиёр:
– Оҳ… Қандай гўзал нарса! – деб юбордим.
Тоғам қоқилган шляпасини эҳтиёткорлик билан бошига қўндираркан, ёнимга келиб:
– Ҳақиқатан гўзал, – деди, – менга бу маймунни бир ҳинд савдогари совға қилган. Ташлаб кетиш ё сотишга кўзим қиймади. Мен таажжуб билан:
– Бу ҳали маймунми? Ҳеч қачон маймуннинг оқини кўрмагандим, – деб юбордим.
Сертавозе тоғам кулиб маймунни силаганча:
– Ҳиндистоннинг махсус нав жинсидан. Ниҳоятда ақлли. Ҳам камёб.
Тоғам унинг зукколиги, ўйинлари, ақл-заковатини ифодалайдиган ҳаракатлари ҳақида гапириб берди. Сўзи охирида:
–Буни сенга мерос қилиб бераман. Кўряпман, ёқиб қолди, – деди.
Вой, мен маймунни нима қиламан?! Бош оғриғи-ку! Кошки ёққан бўлса… Оппоқ бир нарса. Шунчаки ҳайратландим, холос. Шошиб рад этдим:
– Керакмас.
Сертавозе тоғам рад жавобимни назокатга йўйиб, ўз иддаосида туриб олди. Нимаям қилардим? Мажбуран қабул этдим. Ўша куни тоғам Истанбулга кетди. Маймун билан ёлғиз қолдик. Урғочи экан. Шу қадар чиройли эдики… Юзида бошқа маймунлардаги каби бадқовоқликдан нишон йўқ. Унинг ёрқин оқ мўйнаси, оппоқ нозик оёқлари жуда ёқимли ва момиқдек юмшоқ кўринарди. Қоп-қора кўзлари шундай майин боқардики… Беихтиёр бағримга босдим. У жуда мунис, жуда итоаткор эди. Севинчдан маст бўлган каби овозлар чиқарарди. Паромга етиб келганимизда йўловчиларнинг бор диққат-эътибори бизга қадалди. Менга ўхшаб, уларнинг ҳам ҳеч бири мушукдек суйкалишни севувчи оқ маймунни кўрмаган экан.
Прейга етиб келганимизда, бу гўзал маймунни сотмоқчи бўлдим. Афсуски, ўн лирадан ортиқ таклиф қиладиган одам топилмади. Аммо очкўзлигим тутиб, уни ташлаб кетишга ҳам кўзим қиймасди. Ҳечқиси йўқ, Юнон ўлкаси! Кимса бу гўзал ҳайвоннинг баҳосини билмайди.
Маҳаллий маъмуриятга яқинлашганим сайин сафарим тушга айланаётгандек, тезлашаётгандек қариб борарди. Превеза, Яния вилоятларидан ўтиб, телеграфхонага тушдим. Чиройли бир ер экан: узумзор, боғлар, олисда мовий ва бинафшазор тоғлар. Телеграфхонанинг баланд деразаларидан майин шамол эсиб турибди. Шаҳар аҳолисининг аксари юнонлар экан. Дастлабки кунлар вақт майда-чуйда ташвишлар ичида имиллаб ўтди. Онамнинг «уч ойгача…» деган ваъдасига кўпам ишонмаганим учун, узоқ муддатлик ҳаётга обдан ҳозирлик кўрдим. Ҳойнаҳой олдинги маъмур бироз дарвешваш яшаган бўлса керак. Бетартиб хонани тозалатдим. Ўриндиқ ниҳоятда ифлос бўлгани сабабли унинг устига чойшаб ёптирдим. Шундан кейингина хат ёзишга киришдим. Ора-сира телеграммалар келарди. Яқин атрофдаги телеграфчилар телеграмма орқали:
– Хуш келибсиз! – дейишар, мен “хуш бўлдик” дейиш ўрнига, гапни чўзмаслик учун мазам йўқ, деган ёлғонни илова қилардим. Бу сафсатани уларнинг вайсақиликларидан қутулуш учун тўқиб чиқарганимга қарамай, яна баттар сўровга тутилардим. Ҳар куни эрталаб бутун туман телеграфчилари:
– Бугун-чи, яхшимисиз? – деб сўрашарди.
Телеграфчилик олами ғалати экан. Машина бошида ёлғиз бўлганингиз ҳолда фарсаҳ-фарсаҳ узоқликдаги ҳамкасбингиз билан доимий алоқада турасиз. Бир-биримизни кўрмасдан қилинган бу мулоқотлар шундай зерикарлики, шу қадар ёқимсизки… Баъзида ҳатто хафсалангиз пир бўлиб кетади. Аввало, исмингиз, ёшингиз, турмуш қурган ёки қурмаганингизни, ич-ташингизни билиб олган дўстингиз бир ҳафта ўтгач, энг бетакаллуф мухлисларингиз сўрай олмайдиган нарсаларни сўрайди. Буни яхши билганим учун телеграф алоқаларида қисқа жавоблар берар, уларнинг гапларинини совуқ бир жиддият билан қаршилардим. Столим ёнидаги деразадан ғоят ёқимли бир баҳор ҳавоси келарди. У ерда туриб, атрофни соатларча кузатардим. Бемазагарчилик ва ярамасликлардан бузилган соғлигим аста-секин тикланиб борарди. “Ухламаган ёш, ухлаган қари хастадир” деган гапга амал қилиб, кўп-кўп келган уйқуларга қаршилик этмай, ўтирган жойимдаёқ мудраб кетардим.
Маймунча мен учун одобли ва итоаткор дўст бўлиб, ҳамма ишимда асқотарди. Сувга ишора қилсам, сув беради. Хоҳ кеча бўлсин, хоҳ кундузи ухларканман, алоқа қўнғироғи чалинса уйғотишга ошиқади. Шундай кунларнинг бирида тушликдан кейин енгил уйқуга кетгандим. Сочларим орасида зайиф бир ҳаракатни сезиб, кўзларимни секин очдим. Маймуним мени яхши кўрарди. Сочларимни силаётган экан. Бу кичкина, ориқ, оппоқ, юмшоқ қўлларнинг эркалашидан ажиб бир ҳис туйганча яна уйқуга кетдим. Уйғонганимда, уни рўпарамда менга қараб турган ҳолида кўрдим. Энди ҳар куни шундай бўларди. Маймун мени эркалар, севар, кейин ёнимга келиб, ухлаётганимда кузатиб ўтирарди. Бир куни эрталаб юзимни ювиб, дераза табақасига суянганча, узоқларга, қуёш нурларидан бағри илма-тешик бўлган булутларга қараб қолдим. Эшик тўсатдан очилди. Бурилиб қарадим. Жуда ёш, ғоят гўзал бир қиз… У фақат юнон қизларида бўладиган ажиб бир эркинлик билан юнончалаб сўради:
– Алоқа маъмури сизмисиз, афандим?
– Ҳа, – дедим, – нима хизмат?
Кекса отасига соғ-омон етиб келганлиги ҳақида телеграмма жўнатмоқчи экан. Қиз шу қадар ҳур эдики… Ўн дақиқада ўн йиллик гаплар ҳақида суҳбатлашдик гўё. Отаси Афинада баққолмиш. Ўзи Яниядаги холалариникига меҳмон бўлиб келган, бу ерда ҳаво алмаштирмоқчи экан. Хонимчага ёқиб қолганимни ҳис этдим.
– Бу ер жуда яхши, лекин тирбандликка ўрганиб қолган одам учун зерикарли, – дедим.
Биз тезда дўстлашиб кетдик. Эртаси куни қиз телеграф идораси ёнидан ўтаркан, салом бердим. Кулганча алик олди. Шу тариқа дўстлигимиз мустаҳкамланиб борарди. Телеграфхонанинг олдидаги дарахтзорда соатларча бирга сайр қилардик. Қизнинг исми Элен Теодор экан. У на ўта ақлли, на аҳмоқ эди. Аммо ниҳоятда эркин. У Афинада франсуз тилини ўрганган, адабиётни фақат мактабда ўқиган, уни Россини, Корнел, Фенелон[5]дан иборат деб ўйларди. Бир куни оқшом пайти аввалгидек чордоқда ҳавойи ва бемаъни нарсалар ҳақида гаплашиб ўтирарканмиз, маймуннинг биз томонга келаётганини кўрдик. Қиз:
– Нега келяпти? – деб мендан сўради.
– Билмадим, кўрамиз, нима қиларкан? – дедим.
Маймуним этагимдан тортди. Унинг шундай бир ҳайқириғи бор эдики, бу саснинг хабар қўнғироғи эканлигини дарров англардим. Ҳозир ўша овоз билан қичқирарди.
– Менга рухсат, хоним, телеграмма келганга ўхшайди. Кичик телеграфхонага яқинлашарканмиз, маймуннинг мамнунлиги ортиб бораётганини сезардим. Югурганча ичкари кирдим. Маймун ташқарида қолди. Машинани текширдим, ҳеч бир томондан белги йўқ. Қўнғироқ ҳам жирингламасди. У ер – бу ердагилардан сўрадим, ҳеч ким қўнғироқ қилмаган экан. Наҳотки маймун мени алдаган бўлса? Эленнинг ёнига бориш учун эшикдан чиқарканман, қулоғимга дод-вой чалинди. Шунда узоқда юзларини чангаллаган қизга кўзим тушди. Оёғимни қўлимга олиб чопдим. Етиб борганимда, Эленнинг бармоқлари орасидан қон сизарди. Шошганча нима бўлганини сўрадим. У оғриқнинг зўридан кўзларини юмиб олган эди.
– Маймун юзимни тимдалаб ташлади! – деб жавоб берди. Дарҳол кекса шифокор олдига югурдим. Эленни уйига олиб бордик. Яхшиямки, жароҳати жиддий эмас экан.
Биринчи марта маймундан ғазабландим. Кейин билсам, охиргиси ҳам шу бўлган экан. Хонамга кирганимда, маймуннинг иш столим остида менга мамнун ва порлоқ бир назар билан билан тикилиб турганини кўрдим. Бир бурчакда ётган йўғон таёғимни олганча, уни шиддат билан ура кетдим. Маймун қўрқмас, лекин ҳайратда эди гўё. Мен эса ғазабимни жиловлай олмасдим. Уни бўйнидан ушлаб, тезда ташқарига улоқтирдим. Ерга йиқилганда, менга шундай бир нигоҳ билан боқдики… Ҳалигача унута олмайман. Ўша кеча унинг эшикни тирнаганини, мени чақирганини эшитдим. Индамай ётавердим. Эртаси куни ғойиб бўлди. Уч кун давомида кўринмади. Тўртинчи куни қишлоқдаги бир киши:
– Сув бўйидаги тошлар орасидан топиб олдим, – деб уни олиб келди. – Қандай ҳолатда, биласизми? Озган, касал, кир, ҳолсиз, паришон аҳволда… Ҳойнаҳой шу тўрт кун ичида овқат емаган бўлса керак. Унга севимли ёнғоқларидан бердим. Маймун ҳатто қарамади ҳам… Кўзларини юмиб олди. Ўкира бошлади. Чамамда, йиғлаётган эди. Жаҳлдан тамоман тушганим учун бу қийматли ёдгорга ачиниб кетдим. Мажбуран овқат едиришга киришдим. Лекин у қайсарлик қилаверди, емади, ичмади. Охир-оқибат ўн кундан кейин вафот этди. У очликдан ўзини ўлдирди.
Бечора ҳокисор маймунчам мени қизғонган, кейин ҳақоратларимдан мутаассир бўлиб ўзини ўлдирган экан. Унинг оппоқ жасади олдида, оппоқ қўлларининг, оппоқ оёқларининг, оппоқ бошининг маҳзун букилиши олдида шу пайтга қадар ҳеч туймаган бир оғриқ билан йиғлагим келди. Сочларим орасида унинг эркалашларини ҳис қилгандек бўлардим. Мени чин дилдан севган, эркалаган бир қўлни қумсадим…
Муқаддас хотираларнинг қайғули изларини ўчирганча орадан талай вақт ўтди. Ҳалигача бу туйғунинг нима эканини билмайман. Маймуннинг телбалиги ёдимга тушса, ажиб бир дард сезаман. Баъзи ҳис-туйғулар борки, ҳайвонларда одамлардан кўра зиёда бўлади. Масалан, эшаклардаги қайсарлик, итлардаги садоқат, мушуклардаги нонкўрлик… Ажабо, рашк дегани ҳам шундай нарсамикан?
Турк тилидан
Чарос АВАЗОВА таржимаси
Умар САЙФИДДИН – 1884 йилда туғилган. Ҳарбий билим юртларини тамомлаган. «Тегирмон», «Янги дунё», «Ойнаванд сарой», «Куюжаклик Юсуф», «Ичимиздаги шайтон», «Мўйна либосли хоним» каби тўпламлари нашр этилган.
Таржимон ҳақида: Чарос АВАЗОВА – 2001 йил туғилган. Ҳозирда Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ 1-курс магистранти. Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари иштирокчиси. Мақола ва ҳикоялари республика вақтли матбуотида чоп этилган.
[1] Кемалар тўхтайдиган жой
[2] Расмий ёзишмаларда ишлатиладиган катта ҳажмдаги ёзув қоғози
[3] Юк ва йўловчиларни дарёнинг бир қирғоғидан иккинчи қирғоғига ўтказиб қўйиш учун мўлжалланган сузувчи кема ёки сол.
[4] Ҳижрий ҳисобга кўра йилнинг биринчи ойи
[5] Француз адабиёти намоёндалари