Умр ҳам бир саҳна…
Саҳна айланади мисоли ердай,
Замон ҳам айланар бамисли саҳна.
Умр ўтаверар бевафо елдай,
Бирга айланади ҳатто тошойна!
Ойнанинг бетига тушар гоҳ соя,
Нур тушса кўзгу ҳам ялтираб кетар.
Ўлим балосига қалқондирир доя,
Гўдак азоб чекса қалтираб кетар.
Эшик тирқишидан киради шарпа,
Жинлар шўрвасига шерик бўлгани.
Оққа дуч келдими қора ҳар даъфа,
Тунни бўёқ қилиб чапласа қани?!
Зоғнинг бад нияти ҳаммага аён,
Булбулни чамандан айласа жудо.
Бойўғлига қийшиқ чордевор макон,
Кирпидир кушанда илонга аммо.
Кулгу остонага кирса шод, мамнун,
Ёнига кўринмай турармиш қайғу.
Ошга заҳар қўшиб кун кўрар малъун,
Ширин жон заволи ҳаётда оғу.
Адолат жон бермас, адолат – жангда,
Ёвузлик эзгулик йўлини пойлар.
Кураш давом этар ҳаётда, онгда,
Оқмай қолмас аммо дарёлар, сойлар…
Дерлар – саҳнанинг ўз фариштаси бор,
Қалбим, фариштага яқин бўл, дўст бўл!
Саҳнада шайтондан бўл огоҳ, ҳушёр,
Ҳаёт кўзгусида чироқ бўл, кўз бўл!
Йўловчиларим
Йўллар бекатлардан иборат асли,
Бекатсиз бўлмагай йўлнинг чироғи.
Дилимни маст этар мудом гул иси,
Мудом ёниб турар кўнгил чироғи.
Йўл борки, йўловчи бекатда тўхтар,
Манзилга етгунча ростлар нафасин.
Тақдир китобига ҳақ сўзин битар,
Тарих хотирлайди буюк мирзосин.
Шеърларим – йўлларда йўловчиларим,
Бедармон қолмангиз бекатда мудраб.
Ҳеч қачон бўлмангиз чалажон, ярим,
Ҳеч кимса бормасин манзилга судраб.
Шеърларим – йўлларда йўловчиларим…
Сув париси
Осмон янглиғ бепоён денгиз,
Сузар кўқда булутлар ҳорғин.
Тўлқинлар-ла ўйнаб олтин куз,
Маскан қурмиш денгиз қирғоғин.
Қирғоқларда нақшлар, излар,
Денгиз тенгсиз моҳир, зўр рассом!
Меҳр бўлиб тўкилар ҳислар,
Юрагимга қуюлар илҳом.
Мўйқаламим эди қайроқтош,
Сув парисин солдим қумга мен.
Кузатарди самода қуёш
(Ўз дардимни айтдим кимга мен?!)
Ул парига бўлиб маҳлиё,
Хаёл ичра яшардим бирга,
Бир ажиб ҳол рўй берди, аммо
Ботдим дарҳол қоп-қора терга.
Сув парисин кўриб қирғоқда,
Тутди чоғи денгизнинг рашки.
Шамол бўлиб келди қаёқдан,
Оҳ, юрагим, шунчалар ғашки…
Довул бўлиб ҳаддидан ошди,
Маст туядек кетди қутуриб.
Тўлқинлар-ла қирғокдан тошди,
“Сув пари”син кетди супуриб…
Туғилган куним
Нолимайман асло ўз тақдиримдан,
Кўпроқ йўлда ўтар ҳаётим, умрим.
На илож, ўз қалбим ўз таҳриридан
Ўтказар ҳаётим, синайди сабрим.
Ҳаётимда ажиб, бетакрорий кун –
Туғилган кунимдир йўлда кутаман.
Юрагим, сирдошим, сир сақлар беун,
Изтироб шаробин ичга ютаман.
Туғилган кунимни кутдим олисдан,
Ошналар йўлига қадалди нигоҳ.
Туйғулар туғёни – армонли ҳисга,
Қалбим уришига мисралар гувоҳ.
Бошидан ўтганга бу ҳолат аён,
О, дўстлар беминнат этгум илтижо:
“Ёлғизлик даҳшати ҳаммадан ёмон,
Туғилган кунимда қолдирманг танҳо!”
Ҳаёт фалсафаси
Ҳаёт фалсафаси
– Туғилмоқ, ўлмоқ,
Борар тўй бир жойда,
Бир жойда аза.
Кимга насиб этар
Бир жойда кулмоқ,
Ажабланманг, кимдир
Ҳўнграб йиғласа…
***
Қуёш ботди.
Уфқ этаги
Лола янглиғ чўғланиб кетди.
Кун – календарь,
Битта вароғи
Йиртилганин бизга эслатди.
Қуёш – рассом…
Кўнгилда бир ҳис:
Қани шоир, сен қолдирган из?!
***
Кулгу билан ёндошдир қайғу,
Қувонч билан андуҳ ёнма-ён.
Қайда асал, бор шунда оғу,
Эзгуликка ёвузлик зиндон.
Ҳаёт ўйин-кулгимас фақат,
Унинг дардли ўкириши бор.
Табассумга соядир кулфат,
Қуриш билан ўпириши бор…
Ҳа, ҳаётда бор жаннат, дўзах,
Иккисига қурилган олам.
Гар кўтарсак шодликка қадаҳ,
Унутмайлик ғам-андуҳни ҳам!
Рашк
Оқ қоғоз – оқ кўнгил,
Сеҳрли дунё.
Оқ ҳарир юзида
Ўйнайди зиё.
Қалам оқ бетини
Қилганди пора,
Оқ кўнгилнинг бағри
Бўлмиш юз пора.
Оқ қоғоз қаламдан
Олмиш ўз ўчин,
– Рашк ила аламдан
Синдирмиш учин.
Мансаб
Иноқ эдик ёшлигимизда,
Бир майизни кўрардик баҳам,
“Сен-меники” йўқ эди бизда,
Ҳа, дўст эдик шундай, чинакам.
Йиллар ўтди бир-бирин қувиб,
Овозимиз бўлди дўриллоқ.
Олий мактаб…
Касбимиз севиб
Ҳар биримиз тарқалдик ҳар ёқ…
Дўстим бўлди мансабдор киши.
Шиширибди мансаб курсиси.
Унга тушса бировнинг иши
Қатнайвериб оғаркан эси:
Ишонмовдим олдин бу гапга,
Эшитганда дўстим таърифин.
Танимади, учраган топда,
Сўраб қолди исм-шарифим…
Мансаб, кибр, кеккайиш ва кин,
Кўтарибди дўстим бурнини.
Ажаб, булар белгилармикин –
Ҳаётдаги одам ўрнини?!
Ҳаёт ҳайқириғи
Туйғуларга ҳамнафас ҳаёт!
Туйғуларни асрай олдикми?
Орзу-тилак одамга қанот,
Орзумизни асрай олдикми?
Умримизда ҳамдам муҳаббат,
Муҳаббатни асрай олдикми?
Ошиқ мулки – вафо, садоқат,
Садоқатни асрай олдикми?
Бизга муштоқ муҳлат ва макон,
Вақтимизни асрай олдикми?
Ҳамон толе жумбоқли армон,
Бахтимизни асрай олдикми?!
Поклик нопокликка рўбарў,
Имонимиз асрай олдикми?!
Қон, жон билан келур, шон, обрў,
Виждонимиз асрай олдикми?!
Адолат деб курашар инсон,
Ҳақиқатни асрай олдикми?!
Эътиқодга қурилган замон,
Эътиқодни асрай олдикми?!
Кўзлар – кўнгил элчиси асли,
Кўзимизни асрай олдикми?!
Буюк дунё – одамзод насли,
Ўзимизни асрай олдикми?!
***
“Сизга осон сизларга маза,
Беташвишсиз, тўқийсиз ашъор!”
О, танингдан бўлдим кўп изза,
Мустар бўлдим сўзингдан, дилдор.
Йўқ, азизим, сенчалик эмас,
Яхши англар шоир фарзанди:
Юрак билан ўйнашиб бўлмас,
Дилнинг дарди – шеърият дарди.
Сенга раво кўрмам буни ҳеч,
Бир йиғлаш бор, бордир бир кулиш.
Илҳом билан келсак ҳар гал дуч
Бир ўлиш бор, бир бор туғилиш!
Нормурод НАРЗУЛЛАЕВ – (1934–2006) Ўзбекистон халқ шоири. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими. Самарқанд педагогика институтининг тил ва адабиёт факультетини тамомлаган. “Суюнчи”, “Зарафшон зарлари”, “Уфқларда кўзларим”, “Лаҳза ва ларза” каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари чоп этилган.