Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ўрозбой Абдураҳмонов. Овозингдан айланай… (комедия)

Воқеа мустақиллигимизнинг дастлабки йиллари четки қорақалпоқ овулларидан бирида содир бўлган эди ва кейин ҳам, балки ҳалиям давом этаётгандир.

ИШТИРОКЧИЛАР:

ПАРДАБОЙ – асосий номзод, жамоат арбоби

ПАРДАГУЛ – муқобил номзод, шифокор аёл

ПАРДАҒАНИ – муқобил номзод, ёш фермер

ҚОБИЛ ОТА – овул оқсоқоли

БЕКЖОН – сайлов ташкилотчиси

ГУЛИ – Пардабой вакили, шоира

ЖАНАБОЙ – Пардагул вакили, шифокор

БЎРОН – Пардағани вакили, маҳаллий обруи

АЁЛ – Пардабойнинг хотини

Массовкада ҳар хил одамлар, ҳатто томашабинларнинг ўзлари ҳам залдан иштирок этиши мумкин.

БИРИНЧИ ҚИСМ

1

Пардабойнинг шинам безатилган кабинети. “Яна пайдо бўлдинг, йўлимда, Йўлларингда сенинг, бўзладим…” У кабинетда у ёқдан, бу ёққа юриб, ўзи билан ўзи гаплашади.

– Замон-замон, нима бўлаяпти, ўзи? Тўрт карра сайловлар ғинг-пингсиз ўтганди. Эндиги сайлов ҳар бир партиядан битта номзод… муқобиллик асосда ўтармиш… Муқобил номзодлар мусобақаси… Нима керак эди, шу бош оғриғи?.. (телефон жиринглайди. У уч-тўрт марта жиринглаганича кутиб, трубкани олади ва овозини чўзиб).

– Алло, ким бу? Ҳа, ҳа, ҳа… Энди оғайни, шундай аҳамиятли, оламшумул, долзарб масалани телефонда ҳал этиб бўладими? (Ўриндиққа ўтириб, овозли алоқа тугмасини босади). Менга, тездан, Қобил оқсақол, анови барчадан битта касаллик топаверадиган дўхтир хотин бор эди-ку, оти нима эди?

АЁЛ КИШИ ОВОЗИ.  Сизнинг адашингизми?

ПАРДАБОЙ. Ҳой, калланг борми, ўзи? Хотин киши қандай менга адаш бўлиши мумкин?

ОВОЗ. Пардагул-ку, исмлари… мен нима қилай?

ПАРДАБОЙ.  Сен ҳар бало қил, анови шоира қиз бор эди-ку, оти нима эди?

ОВОЗ. Гулими?

ПАРДАБОЙ. Гулими-сулими, аҳамияти йўқ, ўшани дўхтир хотин билан қўшиб чақир! Дарвоқе, анови любой мажлисда гапираверадиган, чапақай бор эди-ку? Миж-миж-чи.. Исми нима эди?

 ОВОЗ. Бекжонми?

ПАРДАБОЙ. Ҳа, ўша. У ҳам келади. Уларни  “занять-панять” деб ўтирмасдан, ҳурмат кўрсатиб, қабулга кирит!  

ОВОЗ.    Хўп, хўп бўлади.

ПАРДАБОЙ (овозни ўчириб). Э, Худоим-ов, берганингга шукр, ахир, ўзингиздан, “Ёшлигимда меҳнат бер, қариганда давлат бер”, деганларидек, берган тақдири азалингиз билан ёшлик бекор кетмади! Партия бўлдик, фаол бўлдик, делегат бўлдик, депутат бўлдик… энди мана ёш анчага борса ҳам, ҳалиям ўша-ўша… (ойнага қараб). Ҳалиям қариб бораётган жойинг йўқ, Пардабой! Кампиринг қариса ҳам, сен ҳали берин қиз-жувоннинг назаридан қолмагансан, Пардабой! (Эшик қоқилиб, Бекжон мўралаб қарайди).

  •  Кел, кел, келавер, Бекжон, намунча тортинчоқ бўлиб қолдинг?

БЕКЖОН. Ассалому алайкум, Пардабой оға, етти ойдан буён қабулингизга кира олмай, сал тортиниб қолганман.

ПАРДАБОЙ. Тортинма, иним, эндигидан буёғи умуман тортиниб ўтирмагин, тўғридан-тўғри келавер, ҳатто уйга ҳам келсанг бўлаверади… Ахир биз бегоналардан эмасмиз, сен жиян, биз тоға қариндошмиз-а?..

БЕКЖОН. Қариндошмизу, лекин, гуппа-гум, гум-гум! Тс-сс!  Буни ҳечким билмаслиги керак… Жимм! Гап-сўз кўпаяди…

ПАРДАБОЙ. Ҳа, ҳа… Ахир жиян сайловга маъсул бўлса-ю, тоға номзод бўлса, сайловга таъсир этади дейсиз-да! Майли, майли, “оқ туяни кўрмагандек” иш тутамиз, бундан буёғига…

БЕКЖОН. Энди, Пардабой оға, бу йилги сайловлар  бошқача бўлади. Тепадан келган топшириқ бўйича, депутатликка эл-юрт ҳурматига сазовор, ақлли, билимдон ва фаросатли кишиларни сайланиши керак экан.

ПАРДАБОЙ. Албатта, албатта. Энди, бир гумроҳ, аҳмоқ, калтабинлардан биронтаси сайланиб кетса, бу  кенгашнинг аҳволи не кечади, ахир? Шу кўппартиялик, муқобил деганлари чатоқ-да… Ахир, биттадан бештасини сайлагани яхшими, ёки бештадан биттасиними?…

БЕКЖОН. Ана шуни сиз билан маслаҳатлашгани келувдим… Аслида қорақалпоқга партияларнинг кўплиги ярашмайди. Бизни азалдан уруғларга Худо бўлиб қўйган-ку… Боя ўзингиз айтгандек, аҳамиятли масалани  телефондан ҳал этиб бўлмаса… Масалан, Пардабой оға, сиз қўнғирот, мен мангғит дегандек, ҳар ким ўз уруғига овоз беради. Лекин, биз, сизга қулай бўлиш учун муқобилнинг биттасига ўша дўхтир қизни танлаган эдик. Энди ўзи билан ўзингиз гаплашмасангиз, биз айтадиганни айтдик, лекин у анақароқ… қайсарроқ чиқиб қолмаса…

ПАРДАБОЙ. Майли, майли. Ўзи тушуниб етса етгани, етмаса етказамиз-да… Айтмоқчи, анови яна бир муқобилчини топдингми? (Столдаги овозли тугмани босади.)

ОВОЗ.  Лаббай?

ПАРДАБОЙ. Менинг айтганларим қани?

ОВОЗ. Қобил оқсоқол бозорга кетибди, дўқтир касал билан банд, шоира Нукусда мушоирадамиш…

ПАРДАБОЙ. Оббо, сенлар-ай! Куну тун қабулхонамдан чиқмайдиган жувонмарглар, керак пайтида топилмайди-я? Майли, майли… Ҳозир қайси бири келса ҳам киритманг! (Тугмани босади).  Айтмоқчи, ҳозир нима дегандим? Ҳа, айтмоқчи, муқобил бўлмай ўлгур, анови муқобилни топдингми?

БЕКЖОН. Гаплашиб кўраяпмиз, лекин сиз билан рақобатга чиқишга ҳечкимнинг юраги даш бермайди-ёв. Ҳаммаси бошини олиб қочади…

ПАРДАБОЙ. Майли, майли. Энди, жиян, биз кўп кўриша бермаймиз. Лекин, сен тепадан келадиган топшириқ, пастдан чиқадиган дод-фарёд ёки атрофингдаги ғала-ғовурлардан тоғангни биринчи галда воқиф этиб турасан, тушунарлими? (Бекжон “тушунарли, тушунарли” дегандек, бошини силкитади). Тушунсанг, кетавер! “Оқ туяни кўрдингма!?” (Бекжон “Йўқ, йўқ” дея, орқасига чекиниб чиқиб кетади).

ПАРДАБОЙ (ёлғиз ўзи, столни айланиб юриб). Демак, қайсар эмиш… Хотин деган зот… барибир хотин-да! “Хотин ғайратланиб, қозон қайнатмас” деган ким эди? Бердақми, Ажиниёзми, ё.., ёки Гулими? Шоирлар кўпайиб кетиб, кимнинг нима деганларини билиб бўлмайди-да. Эҳ, замон, замон!

Саҳна қоронғилашиб, “Найлайин” куйи чалинади.

2

Саҳнага ёруғ тушаётганида куй ўзгариб, “Ёрнинг гули келиб, ўзи келмади” куйи янграйди. Хона “Гўзаллик салони”ни эслатади, лекин бу Гулининг уйи. Катта ойна олдида ёшини ажратиш амри маҳол ажойиб жувон – Гули пардозланаяпти. Эшик тақиллаб, “Мумкинми!?” деган гуриллаган овоз чиқади.

ГУЛИ. Сизга доим мумкин-ку, нимага қараб тўрибсиз? Келинг, кираверинг… (аввалги савлатли кийимида Пардабой қучоғини ёйиб киради.)

ПАРДАБОЙ. “Яна пайдо бўлдинг, йўлимда, Йўлларингда сенинг, бўзладим…” Соғинишдан кўзларим тўрт бўлди-ку, Гулимхон! (Улар қучоқлашиб ўпишади.)

ГУЛИ (нозланиб). Орадан кун ўтмай соғиндингизми? Нукусдаги катталар мушоирага чақирибди, бормасам бўлмади…

ПАРДАБОЙ. Нукус-пукусингни қўй, жоним, менга сенсиз ўтган кун, кун эмас, ахир!

ГУЛИ. Пай-пай-пай! Бу гапингни хотининг билан секретарингга айтавер… Менга нақдидан келасиз, қани  китобимни чиқариб бераман деганингиз? Нашриётда ҳали пул келиб тушмади деяпти…

ПАРДАБОЙ. Тушади, тушади. Бу ҳисобчи кисбурч, ҳар куни денг банкага етмасдан ичиб қўйиб, уни қоровуллар ичкари киритмаёпти, Худо хоҳласа, бугун-эрта тушиб қолади… Майли, майли, Гулихон, лекин энди ўта зарур масала чиқиб қолди.

ГУЛИ.   Не масала?

ПАРДАБОЙ.   Сайлов! Сайловда ютиб чиқиш масаласи…

ГУЛИ.  Ҳа, ҳа, ҳа… Хабарим бор, ҳаммасидан… Муқобиллик асосидаги сайловлар… Энди бу ёғи жиддийроқ бўлади.

ПАРДАБОЙ. Ана шуни айтаман-да. Энди кўп нарса ишончли вакилга боғлиқ бўларкан. Гули жоним, сизни халқ танийди, Нукусдагилар яхши кўради. Шунга ўтган сафаргидек, ўзинг бош-қош бўлиб, сайловни ўтказиб берасан…

ГУЛИ. А шумтака, хитрий чол! Мен учта сайловдан буён сизнинг ишончли вакилингиз бўлиб нима орттирдим, ўзи? Мана шу олиб берган уйингиз, машинангиздан ташқари ун йилда учтагина китобим чиқди, холос!.. Бошқаларнинг эса йилига тўрттадан китоблари чиқаяпти.

ПАРДАБОЙ. Аҳ, Гули, Гули!  Сен ҳов, китоб ёзиб, менинг ёрдам бермаган куним бўлдими, жоним? Ўзинг ёзмасанг, китобингни қайдан чиқараман?

ГУЛИ. Сен ижодни тушунмайсан, чол! Ижодни маблағ келтиради, тушунсанг… (Пардоз столи тортмаларидан папкалар чиқаради). Мана бу шеърлар тўплами, иккита роман, бешта қисса, ҳикоялар, очеркларим ҳам анча бор, хотираларимнинг ўзи етти томга етиб қолди… Хотираларнинг ичида сиз ҳам борсиз…

ПАРДАБОЙ. Мен? Йўқ, йўқ… мени хотираларингдан чиқариб ташла, Гули! Хотира деган ҳаркимнинг қўлига тўшиб қолиши мумкин, яхши бор, ёмон бор дегандек… Майли, майли барча ёзганларингни чоп этишга маблағ топаман, лекин илтимос мени хотирангга қўшма!

ГУЛИ (нозли). Майли, майли тутуриқсиз чол, айтганиздек бўлади. Хўш, энди гапнинг нақдига келайлик. Сайлов дедингиз, сайловни ўтказамиз, Худо хоҳласа, яна депутат бўласиз…

ПАРДАБОЙ. Оғзингга мой, Гулимхон! Шоираларнинг тили бол дегани шу бўлса керак… Болдан татиб кўрай, бораман-да ҳисобчи кисбурчни банкга жўнатаман, ишончли вакилим,  менинг! “Лайло, Лайло сенинг… Кўзларингда менинг кўзларим… (Яна қучоқлаб ўпади). Мен кетдим!

ГУЛИ. Майли, боринг, бораверинг. Сизга румол ураганнинг бари Лайло… Лекин, пулингиз нашриёт ҳисобига тушган пайт, ўзим сизни топиб оламан…

3

Девордаги “Ҳамма сайловга!” “Яшасин, муқобиллар!” деган шиорлар тагида стол, ўриндиқлар. Саҳнага Бекжон Қобил оқсоқол билан гаплашиб киради.

БЕКЖОН. Қобил оға, Нукусдагилар ҳам “Қобил оғам борда, орқам томда” дейишди. Энди шу сайловларга ҳам ўзингиз бош­-қош бўлиб, эсон-омон ўтказиб олсак, яхши бўларди… Шу муқобил дегани чатоғироқ бўлаяпти-да. Кунда кўришиб юрган қариндош-уруғ кишилар бири-бири билан аразлашиб қолмасин дейман-да!..

ҚОБИЛ ОТА. Нима! Нимага аразлашади? Сайлов деганлари ўтади кетади. Қариндош аймоқ доимо ёнингда қолади.

БЕКЖОН (стол тўридаги ўриндиққа жойлашиб). Келинг, оқсоқол, менга бундай яқин ўтиринг… Тўғри, сайлов ўтадиган нарса, лекин мана шу муқобил дегани чатоқ бўлаяпти-да… Мана, тўртта сайловдан бери Пардабой оға депутат бўлиб, кунимиз яхшигина ўтаётган эди…

ҚОБИЛ ОТА. Пардабой яхши, бола-ку, лекин одамлар янгиланиб, замон ўзгараяпти-да, болам. Майли, одамлар ўзлари маъқул кўрганларини ўзлари сайлаб олсин-да, ахир энди “Эрталаб тур, кеч ёт” дейдиган парткум, райкум, опкум бўлмаса ёки тепадан келиб, мана шу одамга бурни пучиқ бўлса ҳам овоз берасан, демаса, хоҳлаганингга овоз берадиган муқобиллар бўлгани яхши эмасми?

БЕКЖОН. Яхшиси яхши-ку, лекин яқин атрофдан Пардабой оғага муқобил тушадиган одам топилмаяпти.

ҚОБИЛ ОТА. Нега? Изласанг топасан, халқ деган бу чексиз уммон, унинг тагида қанчадан-қанча гавҳару марваридлар ётганини Худо билади. Сен овулма-овул юриб, одамлар билан сўйлаш, кенгаш, таклиф-тавсияларини ол… Кейин Ҳокимлик билан маслаҳат қилгин… Орасидан эътиборга лойиқ одамлар, албатта топилади.

БЕКЖОН (қоғозларини титкилаб). Мана қаранг, Қобил оға, манави дўқтир қизни зўрға топдик, анави собиқ Бош врач… Уям кўнмаяпти…

ҚОБИЛ ОТА. Пардагулми? Ҳа, уни кўндириш қийин… Бояги мажлисда тепадан келган вакил мажлисда, “Ҳамманг пахтага чиқасанлар” деганида, у “Мен дўхтирман, менинг вазифам пахта териш эмас, одам даволаш” деган эди…

БЕКЖОН. Ана шу дегани бошига бало бўлди-да, Қобил оға. Ўша мажлисдан сўнг уни ишдан бўшатдилар.

ҚОБИЛ ОТА. Бўшатганда нима бўпти? Қайтангга яхши бўлди. У яхши, билағон врач, унинг одам даволагани яхши. Менга қолса-ку, яхши биладиган врачларни бошлиқ қилиб қўймас эдим. Бу дўхтирларнинг бошлиқлари сал анақароқ… билмайдиганироқ врачлардан тайинлар эдим. Чунки, билағон дўхтир одам даволасин, билмайдигани мажлис-пажлис, пахта-сахта деб, санғиб юра берсин, улар даволашга киришса, бу дунёда бемор қолмай, барчаси у дунёга равона бўла берарди… (Эшик тақиллади ва Гули гапирганча кириб келади).

ГУЛИ. Ҳа, ўртоқлар, жамоа жам, биттаси кам деганлари, мана биз ҳам келдик. Қобил ота, эсан-омонмисиз, бола-чақа, мол-жон омонми? Бекжон, нега чақирганингизни билдим, сайловда Пардабой оғага муқобил йўқ, тамом вассалом! Топдимми?

ҚОБИЛ ОТА. Мол ҳам, жон ҳам омон, қизим, топилганини териб юрибмиз-да, ўзларингиз яхшимисиз?

БЕКЖОН. Гулихон, яхшимисиз? Сени маслаҳатга мана оқсоқол билан бирга чақирганим боиси, сен шу сайловларнинг барчасида борсан, тажрибанг мўл, бош устига халқ таниган шоирасан. Энди мана бу альтернатив, муқобил сайловларни қандай ўтказамиз деб суҳбатингни олмоқчи эдим.

ГУЛИ.  Ўтказамиз, зўр қилиб ўтказамиз. Муқобилга ўзи ўтмайдиган ёки мажлисбозликни хўш кўрмайдиган номзодлардан қўямиз-да, Пардабой оғани сайлаб қўя қоламиз.

БЕКЖОН.  Шошма, Гулихон, шошма. Аввало, бунга Пардабой оғанинг розилигини олиш керак.

ГУЛИ.  У рози, жон-жон деб рози, буни мана мен биламан. Лекин у баобру одам сифатида мен депутат бўламан деб ўзини уринтирмайди. Уни сиз билан биз депутат қиламиз!

ҚОБИЛ ОТА. Ўзи-ям депутатликдан чарчаган бўлса керагов. У илк депутат бўлган пайтлари, ҳали сен қизим, боғчадамидинг ё мактабламидинг?..

БЕКЖОН. Иккалангиз ҳам ҳақ гапни айтаяпсиз. Бизга-ку, шу ўрганиб қолган депутатимиз яхши, бемалол, обрули киши, лекин, халқ нима дейди? Яна низом бўйича бу йилги сайловлар муқобиллик асосида ўтиши керак. (Эшик қиялаб очилиб, “мумкинми” овозидан сўнг аёл киши кириб келади.)

ПАРДАГУЛ (тортиниб). Ассалому алайкум, яхшимисиз… Маслаҳат бор дейишганди…

ГУЛИ (олдига чиқиб, қучоқлашиб кўришади). О, опажон, опажон, Кўришмадик қанча замон! Халқим дардига дармон, Юрибсизми, эсон-омон!?

ПАРДАГУЛ. Қўй, қисинтирма, шоира қиз. Яхшимисиз, отахон? (Бекжонга) Сиз яхшимисиз?

БЕКЖОН.   Нақд пайтида келдингиз, дўхтир янга.

ҚОБИЛ ОТА.  Қизим, гапнинг пўсткалласи, бу йилги сайловлар кўп номзодлик асосда ўтаркан. Шунга маслаҳат қилиб, сизнинг номзодингизни ҳам тавсия этмоқчимиз…

ПАРДАГУЛ. Вой, отахон, ишим бошимдан ошиб ётипти-ку, жамоатчилик ишларга вақт бўлмаса керак…

БЕКЖОН.  Энди сиз унақа деманг, опа. Аввалгилардагидек ахир битта номзод қуйиб сайлайверганда, Пардабой оғанинг ўзи етарли эди, бу йил низом бўйича камида учта номзод бўлиши керак экан… Шунинг биттаси ўзингиз бўласиз, мана Қобил оқсоқол айтаяпти-ку…

ПАРДАГУЛ. Оқсоқол айтса, йўқ деб бўладими? Майли ўзларинг биласизлар. Лекин, менинг вақтим зиқ эди, касаллар кутиб қолишди, мен бораверай…

ҚОБИЛ ОТА. Майли қизим, боринг, бораверинг… Қолган ташкилий ишларни мана Бекжоннинг ўзи бажаради…

4

Ўша саҳна. Пардагул кетаётиб, дўқ уриб келаётган Бўрон билан Пардағанига қоқилади ва узр сўраб чиқиб кетади.

БЎРОН.  Бекжон, сен яна сайловни жимжимадор қилмоқчимисан!? Қип бўпсан! Анави Пардабойинг (ҳалқумини чизиб) вот так надоел, у депутат бўлгали берли тўртта Генсек ўзгарди. Мана энди мустақил ҳам бўлиб олдик, лекин у ўзгармади. Нима, тақдири азал унга умрбод депутат бўласан деб, манглайига муҳр босиб юборганми?

БЕКЖОН.  Бўрон, Бўронбой! Сал аста-секинроқ бўлинг. Ахир, ана сизга ўхшаган демократлар учун муқобил сайловлар бўлаяпти. Нимани орзу қилсангиз, амалга ошадиган замонлар келди. Хўш, қани айтинг-чи ўзингиз, сайловга кимнинг номзодини тавсия этасиз?

ҚОБИЛ ОТА. Бўронбой, қирққа келгунча, ирқга келмайсан-да. Салом алик қани?

БЎРОН.  Ассалому алайкум, оқсоқол, узр-узр… сизнинг борлигингизни сезмай қолибман. Мен мана бу Бекжоннинг эчкисини боғимдаги дарахтларни ғажий берганидан, аччиғим чиқиб, сўйиб қуйганим учун мени уч йилга қаматиб юборди… Битта эчки учун?.. Бир минг туқсон беш кунни биттадан санаб бериб қайтдим… Оқсоқол, ўзингиз биласиз-ку, бунинг поччаси Пардабой оға депутат бўла туриб, мени арашалаб қолмади. Энди қасдим ўша Пардабойда!

ҚОБИЛ ОТА.   Сенинг боғингни ғажиган  Пардабой эмас, эчки бўлса-ю, Пардабойда не гуноҳ? Эчкини суйдингма, учингни ҳам  жазоийнгни ҳам олгансан. Энди ўтган-кетганни қуй, болам. Ўзинг туппа-тузук йигитсану, жаҳлга қараб эмас, ақлга қараб иш тут…

БЕКЖОН. Тўғри айтасиз, оқсоқол! Боғингни эчки ғажиса, арашага тўшмаган Пардабой бўлса, менга нима жаҳл қиласан? Мен сени қиёмат куни дўстим деб юрсам, дўстлигимиз битта эчкига арзимайдими?

БЎРОН.  Майли, дўстим, ўтган гап, ўтди-кетди… Энди мундоқ, жўра, сайловга Пардабойдан бошқа номзод қўяйлик.

ҚОБИЛ ОТА.  Бўрон, сен қоқиб кетган дўхтир қизнинг номзодини ҳам қўйдик. Қани, кимнинг номзодини таклиф этасан?

 БЎРОН. Пардағанини таклиф этаман. Ўзи фермер десангиз, ўтакетган фермер,  ерга қозиқ қоқса кўкариб кетади, баҳорда эккани кўзда мева беради. Мана савлатини қаранг, кимдан кам, любой мажлис, любой телевизорга ярашади, анови Пардабойингдан ўлса ўлиги ортиқ.

БЕКЖОН. Пардабой, Пардагул, Пардағани… Учта номзодингиз ҳам парда билан боғлиқ экан, Марказдагилар  овулингизда пардадан бошқа ном йўқми, дейишмасмикин?

БЎРОН. Дейишмайди, ахир буларга исм қўйганларида марказга қарамаганмиз-ку.

ҚОБИЛ ОТА. Пардағани яхши йигит, раҳматли отаси менинг жўрам эди… Майли, шу фермер болани ҳам тавсия этиб, кўрайлик қани.

БЎРОН.  Хоҳлаган мажлисда олдингги қаторга ўтқазиб, телевизорга олаверасиз. Қарабсиз-ки, шундай йигитлари бор мустақил Ватаннинг келажаги қандоқ эканлиги кўриниб тўради, Ты понял, Бекжон! Я тебе говорю, тушундинг ми, овсар, деяпман. Бунга ўзим ишончли вакил бўламан, понял!?

БЕКЖОН (бўшашиб). Понял, хўп-хўп, понял… Лекин Бўронбой, мен ҳам, оқсоқол ҳам Пардағанини яхши биламиз, у ҳақиқатан заҳматкаш йигит. Депутат, ҳатто, ундан ҳам зўр, каттакон бўлишга лойиқ йигит. Лекин демоқчиман, эл-юрт деган бор, ҳокимлик деган бор, бир маслаҳат қилишимиз керак…

БЎРОН. Маслаҳат қил, қилавер маслаҳатингни! Ким сенга қилма деди!? Лекин, айтиб қуя-ай, анов Пардабойинг билан ҳокиминг оғзи бир одамлар. Агар уларнинг алдовига эриб, яна Пардабойни депутат қилсанг… (муштини Бекжоннинг йиягига тақаб), мана буни кўрдинг-ми!?  Итни сайла, битни сайла, лекин Пардабой депутат бўлса, сенинг терингни чилиб оламан! (ёнида жим турган Пардағанига.) Қани, кетдик!

БЕКЖОН.   Тўхта, тўхтанглар! Ахир, Бўронбой дўстим, ахир бу номзод деганнинг ёзма равшда розилигини олишимиз керак. У сайловга ўз ихтиёри билан иштирок этмоқчими, ёки бировнинг айтгани биланми? Қандай дастурлари бор? Пардағани, қани айт-чи ўзинг, сен ўз хоҳишинг билан номзодингни қуймоқчимисан?

ПАРДАҒАНИ (ҳижолат тортиб). Менга қолса… Қайдам, энди… (Биқинидан Бўрон тўртиб юборади.) Ҳа, депутат бўлсакмикин дегандик…

БЕКЖОН.  Оқсоқол, сиз нима дейсиз? Бу Пардағани янги авлод вакили, меҳнаткаш йигит…

ҚОБИЛ ОТА. Сен Пардағани болам, отангдан қолган далани ишлатаёпсанми?

ПАРДАҒАНИ. Ҳа, ҳа, отамдан қолган дала… лекин, яқинда ҳоким қарори билан фермерчиликни ривожлантириш учун яна қўшимча ер олмоқчиман… Қайдам, кўрамиз-да… (Бўрон яна биқинидан туртади.) Депутат бўлиб олсак…

БЕКЖОН (хурсанд). Бўласан, Худо хоҳласа, бўласан депутат. Сен Пардағани, мана қоғозни тўлдириб юбор…

ҚОБИЛ ОТА.   Тўхта, шошманглар! Ахир у қўшимча ер олмоқчи бўлса, унинг жамоат ишларига вақти қолармикин? Ўтган замонлари ота-боболаримиз  Хондан ер сўраб борганида у ер ажратадиган мулозимини қўшиб жўнатибди. У ҳар кимнинг сўраганига қараб, ўттиз-қирқ сотихдан ер ажратиб кетибди. Хон мулозимнинг ҳисобатини тинглаб! “Қанчадан ажратдинг” деб сўрабди. “Ўттиз-қирқ сотихдан”, дебди вакил. “Вой-бў, чатоқ қипсан-да”, дебди Хон аччиғи чиқиб. “Нимага?” деб ҳайрон бўлибди вакил. Хон! “Ўттиз-қирқ сотих кам. Ахир, озгина ерни ишлатиб, улар бойиб кетади-ку. Бойиб кетса, улар хоннинг фармонига ҳам бармоқ орасидан қарайди. Уларга жон бошига беш гектардан беришинг керак эди. деҳқонга қанча кўп ер берсанг, шунча хурсанд бўлиб, бечора, нима қилсам экан? – деб, кенг майдоннинг у ёғидан буёғига чопиб юраверади…” Ана шундай, агар сен депутат бўлмоқчи бўлсанг, кучинг етадиган ердан ортиғини олмагин!

ПАРДАҒАНИ.   Қайдам?

БЕКЖОН. Энди отахон, ўтмишдан эртак айтиб, янги авлоднинг миясини қотирмайлик… Ахир, йигирма биринчи  аср ташвишларининг боши айланиб, миялари сочилиб кетай деб тўрибди. Сал чайқалтирсангиз, тўкилиб кетади… Менимча, Пардағанидан зўр номзод топа олмаймиз. Устига-устак, ишончли вакили ҳам ёнида тайёр экан… Мен баённома таёрлай берай…

БЎРОН.  Ана бу, эркакча гап!.. Юринг, Пардағани! Энди, шоиранинг розилигини олсак, ошиғимиз олчи!.. (Пардағанини қўлтиғидан сўдраб чиқиб кетади.) Сен, совуқ урган шолидек шалпая берма, дадилроқ бўл! Одамлар мардларни яхши кўради. Айниқса, шоиранинг олдида!

5

Гулининг “Гўзаллик салони”га ўхшаган хонаси. Гули катта ойна олдида лабини буяб, шеър ўқийди.

Соғинчдан севгингда ёндим,

Севаману, севилолмадим..,

Қалб ёниб, кул бўлиб қолди,

Севаман деб, сева олмадинг…

Қачон, қачон келасан ёрим?

Кунлар ўтиб, отди-ку наҳор!

Мавсумларнинг тортилди тори,

Кўнглимда эса, доимо баҳор…

Эшик ланг очилиб, гаплашиб Бўрон билан Пардағани киради.

БЎРОН.   Дадил бўл, дедимми, дадил!

ПАРДАҒАНИ (елкасини қисиб). Қайдам?..

БЎРОН (Гулига кўзи тўшиб). Эҳ, шоирахон, шоирахон! Умрим ўкинч билан ўтиб кетадиган бўлди-да!..

ГУЛИ. Нима? Келинг, келинг. (Диванга жойлашишни таклиф этади). Нима бўлди?

БЎРОН.  Нима бўларди? Сендан беш йил кейин дунёга келганимга–да… Хўп, майли, бир боссак, беш йилга ҳам етиб оламиз… Энди, гап жиддий. Мана бу оғайним, танисанг-ку, фермер… жуда зўр йигит, лекин камгап. Тоғни қўпорса ҳам, ғинг демай юраверади. Шу индамасни депутат қилсак қандай бўлади?..

ГУЛИ. Яхши бўлади. Лекин, мен ким, сайловнинг бош–қошида бўлмасам, нима дейишим мумкин?

БЎРОН.  Бош-қоши? (келиб, Гулини қучоқлайди, Пардағани кўзларини кафти билан тўсиб, тескари қарайди). Унақа дема, Гули, сайловнинг боши ҳам, қоши ҳам сенсан! Ўйғоқу, уйқудаги инсоннинг онги-ю, қалбида ўзингсан… Шеърларинг ҳарбир сатри овозларинг билан шундай ҳалқумумдан олиб, жон томирларимни жиззилатиб, мияга етиб борганида.., оҳ, оҳ! (Улар ўпишади, Пардағани уятдан ҳижолат.)

ПАРДАҒАНИ. Мен чиқиб турайми?

БЎРОН.  Жим! Сенинг бору йўқлигинг севишганларга барибир!

 ГУЛИ. Майли, энди ошиқу, беқарорликни қўйиб, мақсадга ўтайлик. (Қўчоғини ёздириб.) Хўш, бу йигит нимага депутат бўлғуси келиб қолди? Ўзининг шоликорлигини қилиб юра берса бўлмасмиди?

БЎРОН. Биринчидан, унга депутат бўласан деб мен айтдим. Иккинчидан, ўн беш йиллик депутатимиз Пардабой, вот так надоел! (Ҳалқумини чизади). Учинчидан, бу номзод ёш, фермер, тадбиркор ва энг мўҳими, унинг кўнгли халқнинг дарди билан тўла… Тўғрими, Пардағани!?

ПАРДАҒАНИ.  Қайдам?..

БЎРОН (югуриб олдига бориб ийягига муштини тақайди). Ҳа-с-сени! Мен нима дегандим сенга!? Дадил, дадил, дадил бўл демадимми!? Энди қайдам? деган сўзингни эшитсам, бир урмб каллангниучириб юбораман! Тушунарли, понял!?

ПАРДАҒАНИ (мулойим). Понял, понял…

ГУЛИ. Сен Бўрон, болани қўрқитаверма, депутат бўлганида, қўй оғзидан чўп ололмайдиган ялтоқ бўлиб қолади. Энди мени эшит, Бўрон. Мен унга ҳеч ёрдам бера олмайман, боя Пардабой келиб, ўзига ишончли вакил бўлишимни илтимос қилди, иккинчидан бу боладан икки дунёда ҳам депутат чиқмаса керак…

БЎРОН. Чиқариш керак. Ахир замон ўзгараяпти, Гули!  Тенгқурларимиздан ҳам бирон-яримтаси замоннинг юкини елкасига олиши керак-ку! Ахир, биз қачонгача уша Пардабойнинг шалдираган аравасида унинг ашуласини айтиб юрамиз!?

ГУЛИ.  Хўш, мендан нима истайсан?

БЎРОН. Мана, шу болага.., шу йигитга ишончли вакил бўлмасанг ҳам депутат қандай бўлиши кераклигини ўргатсан. Масалан, одамлар олдида ўзини тўтишни… Қаерда қандай гапиришни… Энг муҳими, унинг гапирадиган сўзларини ёзиб, уни ўзинг шеър ўқиган оҳангда жаранглатиб ўқишни ўргатасан! Понял!

ГУЛИ (зерикарли эснаб). Понятно. Лекин, Бўрон, менинг гонорарим унча–мунча эмаслигини биласан-ку…

БЎРОН. Оғзингга сиққанини айт, у қўлтиқлаб олиб келиб ташлайди. Фермерга нима сенинг гонораринг… (Соатига қарайди). Гули, нариги қўшни овулда битта разборка бор экан, ўзиям муштум қичиб юрганди, ўшанга бормасам. Қолганини ўзларинг гаплаша берасиз…

ГУЛИ.   Майли, боравер. Лекин, келган суқмоғингни унутма, сўқмоқдан юриб турмасанг, уни ўт босиб кетади…

БЎРОН.   (кетаётиб). Бу сўқмоқни ҳали гузор йўлга айлантираман, Гули, пока, пока…

                                                             6

Гули Пардағани иккаласи қолади. Гули Пардағанининг олдидан ҳархил ҳаракатлар билан у ёқдан бу ёққа ўтади. Пардағани ҳанг-манг… Гули нима дейишини билмаган ҳолда юришини давом этиб, охири Пардағанининг олдида тўхтайди.

ГУЛИ. Намунча, оғзингга қум солиб олдинг, бирон нарса десангчи, Пардағани! Айтмоқчи, исминг роса чўзилиб кетган, қисқартириш керак… Мен Петка деб чақирсам бўлама?

ПАРДАҒАНИ.    Қайдам?

ГУЛИ.   Чой-пой ичасан ма?

ПАРДАҒАНИ  (ҳовлиқиб). Нима?… Қайдам?… Э, йўқ, йўқ, ичмайман.

ГУЛИ (ўктам овозда). Тўғри қиласан, ўзимнинг ҳам кухняни кўргани кўзим йўқ! (мулойимона). Хўш, қани,  ўрнингдан тўриб, менга тик қара. (Пардағани шошиб, айтганини қилади, лекин уялади). Хўш, демак, ничего… Қани, бундай айланиб юр, бошни кўтариб юргин… (Пардағани унинг айтганларини ғинг демасдан бажаради). Да-а.., хомашё ничего… любой фигура чиқазса бўлади… Демак, депутат бўласан-а?

ПАРДАҒАНИ.   Нима!? Қайдам?..

ГУЛИ (жаҳлли). Қайдам, қайдам!? Нима, қайдам! Йигит деган дангал бўлиши керак. Ана Бўронни кўрдингма, босадиганини босади, кесадиганини кесади!.. (мулойим) Хўш, нимадан бошласак экан? Қани, айтчи, эрталаб тўриб, нима қиласан?

ПАРДАҒАНИ. Қайдам?.. Э, эрталаб тураман.., қўрага бораман.., тозалайман.., молларга сув бераман.., ўт соламан…

ГУЛИ. Бўлди, бўлди… Демак, эрталабдан кечгача меҳнат, қора меҳнат… Энди менинг маслаҳатим, эрталабдан қўра тозалашни йиғиштирасан. Ўйқудан тўриб, биринчи ишинг ойнага қарашдан бошлансин… Депутат эрталабдан ўзининг ким эканлигини кўриб, билиб олиши керак. Кейин бадан тарбия машқлари, раз, два, три… сенда (корнини тўртиб) семиришга мойиллик бор экан, қориннинг қаппайиши доимо бировнинг ҳаққини еб юрган одамга ўхшатади, депутат фигура сақлаши шарт.., кейин юз-қўлларни, тишларни ювиш.., озадалик шарт! Ана шунинг билан биринчи дарс тамом! Танаффус! Тушунарли?

ПАРДАҒАНИ.  Қай-қайдам… Ҳа, ҳа тушунарли…

ГУЛИ. Энди, менга муаллим сифатида эмас, ўзингга яқин  дўст сифатида қара. Ҳовлиқмасдан, ўзингни эмин-эркин ҳис этиб гапир, масалан, хотинингга қандай гапирсанг шундай…

ПАРДАҒАНИ.   Хотин, чой тайёрми, чанқаб ўладиган бўлдим–а!

ГУЛИ (кулади). Тил бор экан-ку, Петка… Боя чой ичасанми, десам, йўқ дегандинг, совуқ чой ичасанми?.. майли, ҳозир олиб келаман…

ПАРДАҒАНИ.     Сал илиғироқ бўлса яхши бўларди, томоқга ёпишиб, шамоллаб қолмай тағин…

ГУЛИ. Йигитлар Қоратау бор жойда, чойни ахмоқлар ичади дейишади…

(кетади, Пардағани ёлғиз).

ПАРДАҒАНИ.   Уҳҳ, сайловга етар-етмасдан, ўлиб кетмасам бўларди…

Гули подносда “Қоратау” ёзувли ароқ ва сариқ ичимлик сувини олиб келади ва диван олдидаги пасткалтак столга қўйиб, Пардағанини қўлидан ушлаб диванга ўтқазади.

ГУЛИ.  Чой–пой деб, кампир-чолларнинг насибасини ичиб ўтирмайлик, мана бу (Қоратоғ) ароғи… бошқача, тоғларга чиққандай бўласиз…

ПАРДАҒАНИ.   Йўқ, йўқ… Мен сал ичсам миям айланади…

ГУЛИ.  Шуниси яхши-да… Демак, миянгиз айланса, миянгиз бор экан. Миянгиз бўлмаса нима айланади? Масала уша айланадиган мияни қандай ишлатишда… Кап-катта гавдангизга лойиқ гапни гапиргин… (Идишларга ичимлик қуяди). Қани, биринчи тостни танишганимиз учун оламиз… (Пардағани беихтиёр ичади, газакга сариқ сув, Гули эса газак қилмайди, ўзининг бармоқларини ўпиб қўяди)… Оҳ, оҳ, оҳ!

– Қани Пардағани, энди танаффус тамом дарсга ўтамиз. Хўш, қанча шоли экасан?

ПАРДАҒАНИ.   Қирқ гектардай борров…

ГУЛИ.    Ундан қанча шоли, қанча гурунч чиқади?

ПАРДАҒАНИ.   Икки юз тонна шоли, юз йигирма тонна гуруч оламиз…

ГУЛИ.   Увв, қип-қизил миллионер экансану. Гуручнинг килоси беш мингдан… демак, беш юз миллион, яъни ярим миллиард сўм… Шунча пулни нима қиласан? (Идишларни қайта тўлдириб). Ҳой, совиб кетди-ку!.. Қани, энди сенинг меҳнатинг учун олайлик! (Бу сафари Пардағани эътироз билдирмасдан ичади). Нима қиласан, шунча миллионни?

ПАРДАҒАНИ (сал жадаллашиб). Бу пуллар бизгача етиб келмайди. Тепадагилар қиши билан мажлис қуриб, бизнинг топган-тупганларимизни тақсимлаб ташлайди. Солиқ, трактор, ёқилги, ўғит, газ, электр, сув харажатларини чегириб, қолганини беради. Кўпинча, ўзимиз қарздор бўлиб қоламиз…

ГУЛИ.  Қўлингга нақд қанча оласан?

ПАРДАҒАНИ.  Юз эллик атрофлари тегиб қолади…

ГУЛИ.  Это же, грабеж… қароқчилик-ку!

ПАРДАҒАНИ.  Қайдам?.. у ёғини ҳоким билади, биз билмаймиз…

ГУЛИ.  Сен, албатта, депутат бўлсанг… Бу муаммони  кўтариб, Кенгаш мажлисига олиб чиқишинг керак… Қани, энди сенинг депутатлик илк қадаминг учун олиб қуяйлик… (Идишлар тўлдирилиб, ичилади)…

ПАРДАҒАНИ (мастликдан мардлашиб) Шу Гули, мен ноҳақликга ҳеч чидай олмайман-да. Кечаги мажлисда ҳоким ҳар фермер камида икки юз гектардан ер экиши керак деган топшириқ берди…

ГУЛИ. Ийе, қайтангга яхши эмасми, миллионердан миллиардерга айланасан, бир пастда…

ПАРДАҒАНИ.  Э, Гули, бу айтишга осон, айтишга осон… (Тўсатдан уксиниб йиғлаб юборади ва бошини Гулининг кўксига қўйиб). Айтишга осон…

ГУЛИ (бошини силаб). Шукр эт, Парда, шукр эт… Ҳов, нимага йиғлаяпсан? Ҳеч ерда ҳеч бало йўқ, мунча кўз ёши…

ПАРДАҒАНИ.  Кўчим етмайди, кўчим етмайди, менинг…

ГУЛИ (ҳайрон қолиб, Пардағанининг мушакларини ушлаб кўради). Нимага кўчинг етмайди? Менгами?

ПАРДАҒАНИ.   Йўқ, йўқ, сенгамас, сенгамас… (Йиғиси кўчайиб) Икки юз гектарга! Икки юз гектарга!..

ГУЛИ.  Уфф, йигит ҳам шундай йиғлоқи бўладими? Биласанми, йигит йиғаласа, ватан букилади дейишади, қўйинг йиғламанг… (Бошини силайди, Пардағанининг йиғиси пасаяди). Етади кўчинг, ерга ҳам, бошқага ҳам кўчинг етади, сал дамингни олиб ол… (У Пардағанини силаб-силаб юпатади ва диванга ётқизади. Саҳна қоронғулаша бошлайди.) Ухла, йигит, ухла, алла, десанг аллага, ялла, десанг яллага, доим тайёрмиз… (Ухлаганини сезгач.) Э, депутат бўлмай ўл-а!..

ИККИНЧИ ҚИСМ

7

Бекжоннинг ишхонаси. Девордаги (Ҳамма муқобил сайловларга) деган шиорнинг тагига учта номзод – Пардабой, Пардагул, Пардағаниларнинг катта суратлари қистирилган. Бекжоннинг бошчилигида номзодлар, ишончли вакиллари, Қобил ота кириб келади.

БЕКЖОН. Сизларни чақирганим боиси, энди сайловнинг асосий босқичи – сайлов олди тарғибот масаласини гаплашиб олишимиз керак… Келинг, келинг, қани яхшилаб жойлашиб олинг… Қобил ота, сиз менинг ёнимга ўтиринг… (Тўсатдан столдаги иш телефони жиринглайди, Бекжон шошилинч олади).

ОВОЗ. Алло, сайлов штабими? Алло, Бекжон оғасизми!? Доктор Пардагул опа сизнинг мажлисга кетганди, агар борган бўлса, шошилинч равшда қайтариб юборинг, реанимацияда фавқулодта ҳол!

БЕКЖОН. Ҳозиргина келганди, мана ўзига бераман… (Трубкани Пардагулга узатади).

ОВОЗ. Доктор, тезда етиб келмасангиз, кечаги бемор яна безовталанаяпти… Ҳозир тез ёрдам машинаси бораяпти, жадал етмасангиз… (Овоз учади).

ПАРДАГУЛ. Илож қанча, мен бормасам бўлмайди, маслаҳатга ишончли вакилим иштирок этади…

БЕКЖОН (хурсанд бўлиб). Майли, бораверинг, бора қолинг… Ахир, духтирга инсон тақдири топширилган экан, начора… (Пардагул тез қадамлари билан чиқиб кетади…)

ГУЛИ. Пардагул опа доимо шундай… бирон мажлисда охиригача ўтирмаган…

БЎРОН.  Банд бўлса депутатликка талашиб бало бормиди?

ҚОБИЛ ОТА.  Бўрон? Элнинг бирлигини уйла, ҳаркимнинг ҳархил ташвиши.

БЎРОН.  Мен ростини айтаяпман-да, оқсоқол… (У Пардабойнинг ёнида ўтириб қолганини энди сезиб.) Ҳа, айтмоқчи, мен мана бу номзоднинг ёнида ўтирмаслигим керак эди, ахир, ўзимнинг номзодим бор-ку. (У ўриндиғини кўтариб олиб, Пардағани томонга ўтади.)    

БЕКЖОН. Пардагулнинг кетгани ҳам яхши бўлди, бир томондан… Номзод камайса, сайлов ҳам силлиқ утади.

БЎРОН.  Манави вакили қолди ку?

ЖАНАБОЙ.   Мен керак бўлмасам, бора берай?..

БЕКЖОН.  Йўқ, йўқ! Сенсиз мажлис ўтказа олмаймиз, сайлов низоми бузилади…

ПАРДАБОЙ.    Майли, бошла энди мажлисингни, Бекжон!

БЕКЖОН.  Ўртоқлар! Биз ҳалқимиз ҳаётида муҳим босқич саналган туман Кенгаши сайловларини ўтказиш арафасидамиз. Сайловга худудимиздан учта номзод қўйилган, менимча таништириб ўтириш шарт эмас, бу ерда ҳамма бири-бирини мендан яхши танийди. Лекин низом бўйича исми шарифларини айтиб ўтишим шарт.

Мана, яшуллидан бошласак, Пардабой оға Нарсабоев… минг тўққиз юз эллик иккинчи йили, яъни қатағон йилларининг охирларида, Амударё соҳилида туғилган…

ПАРДАБОЙ. Мени ҳамма танийди, нима ёзилган бўлса, барчасини ўқий бериш шарт эмас…

ГУЛИ. Тўғри айтаяпти. Тўртта сайловдан бери, одамлар Пардабай оғанинг таржимаийи ҳолини ёдлаб олган.

БЎРОН.  Мен ўзимнинг қачон, қаерда тўғилганим эсимда йўқ, лекин мана шу одамнинг таваллуд топганидан бугунги кунга қадар барча қилмишлари эсимдан чиқмайди…

ҚОБИЛ ОТА.     Бўрон?..

БЎРОН.    Хўп, оқсоқол, хўп. Оғзимга қум!

БЕКЖОН. Бу йилги сайловларнинг демократик ўзгачалиги, энди бюллетенга учта муқобил номзод исми шарифлари ёзилади. Сайловчи бюллетенлардаги номзодлардан хоҳлаган биттасини қолдириб, хоҳламаганини чизиб ташлайди…

ГУЛИ.  Учтасини ҳам хоҳласа-чи?

БЕКЖОН. Учтасини бирданига яхши кўриш мумкин эмас… Тўғри, яхши кўриши мумкин, лекин биттасини танлаши шарт. Демократиямизнинг энг буюк ютуғи, энди ким-кимни яхши кўришига қарамасдан, қайси номзод кўпроқ овоз тўплай олса, уша ютиб чиқади… Энди иккинчи номзодимиз, мана бу Жанабой оғамизнинг касбдоши, дўхтир Пардагул Кунхожаева. Пардагул таниқли шифокор… Овулдаги оддий қиздан Бош шифокор даражасигача эришган… Зерикмадингиз ми? Майли, учинчи номзодга ўтсак… Пардағани!..

ПАРДАҒАНИ.   Я!..

БЎРОН.  Жим! Йўқлаётгани йўқ-ку… (бошқаларга) Бу армияда “Я, я” га урганиб қолган, эътибор берманг…

БЕКЖОН.   Пардағани Мусоғалиев, Ялтирбош кўли атрофида тўғилган, фермер, оилали, бешта фарзанди бор… Қирқ гектар ерга шоли экади, яқинда ҳокимнинг қарори билан унга икки юз гектар ер қўшиб берилди…

ҚОБИЛ ОТА.  Ҳаммага маълум маълумотларни эзаверганча гапнинг пўсткалласини айтиб қуя қолмайсанг ма, Бекжон?!

БЕКЖОН. Тўғри айтасиз, оқсоқол, ҳамма биладиган гапни айтиб ўтирганимга ўзим ҳам уялиб-қисиниб тўрибман, лекин сайлов тўғрисидаги низом, шуни тақоза этади… Бўлмаса, энди номзод билан ишончли вакил муносабатларига утамиз. Биз аввало, номзод билан вакил бири биридан холис эканлигига, яъни қариндош уруғчилик муносабатлари йўқлигига, сайловдан ҳечқандай манфаатдор эмасликларига эътибор беришимиз лозим…

ҚОБИЛ ОТА.  Э, қизиқ одамсанда, Бекжон. Агар сиз билан биз сайловдан манфаатдор бўлмасак, нима қилиб юрибмиз?..

БЕКЖОН.  Йўқ, мен у манфаатни эмас, давлат манфаатини айтаёпман, оқсоқол… Номзод билан вакил бир-биридан мустақил бўлиши керак деб ёзилган низомда, яна (Бўронга шама қилиб), бир номзод вакили муқобил номзод тўғрисида ёмон гапларни айтмаслиги керак деб ҳам ёзилган, низомда… Биз низом асосида иш олиб борсакгина, сайловимиз уюшқоқлик билан ўтади.

ГУЛИ.  Менинг номзодим тўғрисида ёмон гап бўлиши мумкин эмас, мен ишончли вакил сифатида бунга йўл қўймайман!

БЎРОН.  Мен ҳам… Лекин, яқинда кўча кўйда Пардағани хотинидан қўрқадимиш деган гап тарқалибди, бу гап қайдан чиққан, ким тарқатган ўзи? Ким эканини топсам, ғажиб ташлайман уни!.. (Пардағанига) Ё, сен ростдан ҳам хотингдан қўрқасанми?

ПАРДАҒАНИ (тортиниб, бош чайқайди). Йўқ… йўғ-а.

ГУЛИ.  Бу гапни ва бунга қўшимча, менинг номзодим Пардабой оға неча йилдан буён депутат бўлсаям, Нукусга бўш бораётган машинасига йўлда турган битта одамни ҳам олиб кетмайди, дейишаяпти. Номзодлар орасида одамгарчилик фақат Пардагулда бор, у дардингни даволайди, ўшанга овоз бериш керак, Пардағани деганлари хотинидан қўрқадиган хезалак экан. Бу гапни мана Бўроннинг хотини айтаяпти…

БЎРОН (муштига туфлаб). Уйга етиб олай, кўрсатаман, хотиндан қўрқадиганни…

БЕКЖОН.  Сиз айтиб қўйинг унга, Пардагулни мақтаса, мақтайверсин, лекин бошқа номзодларни ёмон отлиғ қилмасинда…

ҚОБИЛ ОТА.   “Тоғни-тошни ел (шамол) бузар, одамзотни сўз бузар” деган экан, донолар…

(Жим ўтирганидан зерикиб, Пардағани оғзини катта очиб эснайди, Пардабой столни бармоқлари билан тақиллатиб, куй чалади ва бирданига ўрнидан тўриб).

ПАРДАБОЙ. Кечирасизлар, менинг ади-бади айтиб, миш-миш тинглашга вақтим йўқ. Қобил оға, ўзингиз оқсоқоллигингиз билан маслаҳат қилаверинглар, мен кетдим… Гулихон, сиз менинг номимдан барча ҳужжатларга имзо чекаверинг, кейин айтарсиз… (Пардабой чиқиб бораётганида  парда ёпилади).

8

Парда ёпиқ, унинг олдида ишончли вакилларнинг кўчада дуч келган одамлар билан ташвиқий лавҳалари содир бўлади. Гулининг рўпарасидан чиққан инам кийинган йигит билан суҳбати.

ГУЛИ. О, журналистлар султонига саломлар бўлсин! Менга қара, дўстим, газетангизда Пардабой оғанинг фаолиятлари тўғрисида очерклар, шеърлар, хуллас мадҳия маъносидаги ҳаётий нарсалар камроқ бўп кетди-а?

ЙИГИТ.   Бераяпмиз, опа, чиқаяпти.

ГУЛИ.    Кечаги сонида бирон нарса йўқ-ку!?

ЙИГИТ. Энди ҳар бир сонда бераверсак, уят бўлар дедик-да. Кейин Пардабой оғанинг ўзи телефон қилиб, “Газетангизнинг менинг исмим чиқмаган саҳифаси йўқ, сизлар менинг эмас, халқнинг ҳаётини кўпроқ ёритинг”, деб топшириқ берган.

ГУЛИ. Ҳа, майли, у ёғини кўраверасизлар, лекин сен ўзингни ким редактор этиб қўйганини унутмагин. Агар сайловда бирон кори ҳол бўп қолса, “Алвидо газета” деявер, тушунарлими?

ЙИГИТ. Тушунарли, опа. Ўзингиз ҳам икки ҳафтадан бери бирон нарса бермай қуйдингиз?

ГУЛИ.  Сайлов билан бандман. Айтмоқчи, сен келгуси сонда менинг номимдан Пардабой оғага битилган битта қасида беринглар… Пока, пока… (Гули чиқиб кетади, йигит йўлини давом этиб Бўронга дуч келади. Бўрон бирданига унинг ёқасига ёпишади).

БЎРОН.  Ҳа-а, қўлга тўшдингми аблаҳ! Сен аҳмоқ, сайлов низомини бузиб, нега фақат битта номзод – Пардабойни мақтайверасан!?

ЙИГИТ.    Мен мақтамадим, мухбирлар ёзган…

БЎРОН.  Мухбир-сухбирингни билмайман, газетангнинг қайси бетини оччангда, овулда нима янгилик бўлса, у Пардабай туфайли бўлаётганмиш… Кечаги сонда Пардабай оғани кўрса, осмондаги қора булутлар тарқаб, қуёш чиқиб, ерга меҳр нурларини ёғдиради” деб ёзибсан. Бошқалар нима, қуёшни тўсиб, “олма пиш, оғзимга тўш” деб юрибма, шунда? Анов, Пардағани куну тун даладан чиқмайди, уни бирон марта мақтамайсан? Қайтанга, “Пардағанидек фермерлар ёппасига шоли экавериб, бозорда бодринг қимматлаб кетди”, деб савдогарларнинг ишини ҳам унга тўнтарибсан! Шолининг билан бирга бодринг экканни қаерда кўрдинг, сен ахмоқ!?

ЙИГИТ.  Ёзаман, Бўрон оға, ёзаман!

БЎРОН.  Ёз, ёзганда-ям, Пардабой деган сўзнинг ўрнига Пардағани қўйиб, ўзгартириб ёз! Агар ёзмасанг, қулоғингни кесиб олиб, бодрингнинг ўрнига ўзингга закуска қилдираман! Понятно!

ЙИГИТ.   Понял, понял…

БЎРОН.   Если понял, бор йуқол! Ийягинг мушт ёйишга жа қулай экан, лекин йуқол кўзимдан! (Йигит экилиб-букилиб кетади).

9

Пардабойнинг ишхонаси. Ўртада чинам безатилган кабинет. Раҳбар столининг устида ноутбукга ўхшаган монитор, бир томонда кресло, диван олдидаги журнал столида ичимликлар, идишлар ва мева-чева, помилдори, бодринг  кўзга ташланади. Ўнг томонда эса қабулхона, кабинет билан эшикли девор орқали ёнма-ён жойлашган. Пардабой билан қабулхона ўртасида видеофон ўрнатилган. Видоеэкранда унинг барча ҳаракатлари тасвирланиб туради.

Пардабой иш жойида аллақандай қоғозларни ахтариб, ўқиб ўтирибди. Қабулхона эшига очилиб, Қобил оқсоқол кириб келади.

ҚОБИЛ ОТА (овозини чўзиб). Ассоламу алайкум! Ҳов, ҳечким йўқ ма? Мана бу ерда секретарь қиз ўтирарди-ку, ўзи ҳам йўқ, столи ҳам йўқ, Пардабой ҳам йўқмикан?..

Деворда Пардабойнинг жонли тасвири пайдо бўлади.

ПАРДАБОЙ. Мен борман, Қобил оға, келинг, келинг! Ассалому алайкум, отахон, келдингизми?

ҚОБИЛ ОТА. Бор бўлсанг қани, қаердасан? Мен нима сенинг суратинг билан сўзлашгани келдимми? (Пардабой кабинетдаги ўрнидан туриб, қабулхона эшигини очади.)

ПАРДАБОЙ. Келинг, келинг, яшулли, бугун сизни келади деб ҳечкимни қабул қилмасдан ўтирибман…

ҚОБИЛ ОТА.  Бу секретарь қизинг қаёққа кетган?

ПАРДАБОЙ. Э, ота, отахон. Йигирма биринчи аср… Юксак информацион технология ва бошқалар… қанча айтганим билан тўшунмайсиз ҳам, ишонмайсиз ҳам…

ҚОБИЛ ОТА. Яхшигина қиз эди, қаёққа кетди дединг?

ПАРДАБОЙ. Сокращенияга… қисқаришга… қисқариб кетди. Раҳбарликнинг сарф-харажатларини қисқартириш тўғрисида топшириқ билан қисқартирдик… Ўрнига мана бу водеоускуналар, мобиль қабулхона, смартфон, видео камералар ўрнатдик…

ҚОБИЛ ОТА.  Бу матоҳларинг қанчага тушди, ўзи?

ПАРДАБОЙ.  Сал камроқ қирқ миллионга бориб қолди-ёв, чамаси?

ҚОБИЛ ОТА. Шунча пулга шул қизни камида беш-ўн йил ишлатардинг-а, Пардабой?.. Эҳ, сенинг ХХI асрингдан ўргилдим-э.

ПАРДАБОЙ. Энди, отахон, давр билан ҳамнафас бўлмасанг, орқада қолиб кетасиз-да… Майли отахон, гапни сайловдан олайлик, хўш, одамлар нима деяпти?

ҚОБИЛ ОТА. Одамлар нима дейди? Одамлар сен тўғрисида яхши фикрда эмас… Балки, обрў борда амални ёшларга топшириб, сайлов-пайлов деган балодан эртароқ соқит  бўлганингиз маъқулмиди?

ПАРДАБОЙ.  Ийе, нима деяпсиз, оқсоқол?! Ҳали пенсиягача анча бор… Ахир, Кенгашда яшуллилар ҳам керак-ку?!

ҚОБИЛ ОТА.  Яшуллилар ҳамма ерда ҳамиша керак. Лекин, шу сенинг ҳалигача пенсияга чиқмаётганингга ҳайронман. Агар сен мен биладиган Пардабой бўлсанг, пенсияга бундан уч йил олдин чиқишинг керак эди… Нима сенинг ёшинг олтмишга боргандан кейин орқага қайтиб кетадими? Мен ўзим туғилган йилингни икки марта ўзгартирганингга гувоҳлик берганман… Аслида, мен сенинг нафақат таваллуд топган йилингни, ҳатто тўғилган соатинггача биламан, Пардабой!..

ПАРДАБОЙ. Бўлди, оқсоқол, бўлди. Уруғимизнинг яшуллиси бўлиб, сиз шунақа десангиз, бошқалар нима демайди? Хўш, майли, мен номзодимни олиб ташлай, лекин анови кўзи касалликдан бошқани кўрмайдиган дўқтирингиз билан эмактош – фермерингиздан бизнинг эл-халқимизнинг обрусини кўтарадиган депутат чиқади деб уйлайсизми? Ахир, ҳар қандай кенгаш, маслаҳатларда ақл-тажрибали одамлар бош бўлади, одамларни атрофига жамлай олади.

ҚОБИЛ ОТА. Энди тажриба жиҳатидан сенга тенг келадигани бу овулда йўқ, лекин ёшлар ҳам ишлаши керагу…

ПАРДАБОЙ  (ҳафсаласи пир бўлиб). Майли, майли, тушундим, отахон. Боринг, бораверинг!..

ҚОБИЛ ОТА.   Бизники маслаҳат, Пардабой, лекин нима қилишингни ўзинг биласан, эртага вақтида нимага айтмадинг деб хафа бўлмасанг бўлди… Мен кетдим… (Чол чиқиб, қабулхондан ўтаётганида Пардабой орқасидан).

ПАРДАБОЙ.  Бу алжиган чол оғам деб юрсам, алқумдан олаяпти ку… Чолдан мадад сўраб юрган мен ахмоқ! Бир оёғинг ерда, бир оёғинг гўрда тўриб, ўзини дунёнинг устуни санайди-я, энағорнинг чоли! Кўрамиз ҳали кимнинг устунлигини!..

10

Қабулхонага Гули киради ва у видеофондан хабардор, девордаги Пардабой тасвири билан гаплашади.

ГУЛИ.   Привет, Пардабой оға, бўшмисиз?       

ПАРДАБОЙ (тасвирда). Сен учун доимо бўшман, киравер…

ГУЛИ.  Нукусдан хўшхабар! Сизни қўллаб-қувватлаш учун эрталаб, учта шоир йўлга чиқади, орасида тошкенлик меҳмон ҳам бор… Маданият саройида адабият кечасини ўтказамиз, ўзим олиб бораман…

ПАРДАБОЙ.  Адабиётнинг сайловга нима алоқаси бор?

ГУЛИ.   Илгари алоқаси йўқ эди, энди алоқаси бор… Биринчидан, ҳозир мажлис ўтказиш қийин, боягиларида партком, профком айтса бўлди, одамлар ёппалашиб ташкилотчилардан олдин зални тўлдириб ўтирарди. Ҳозир эса, ҳар кимга “Отанг яхши, энанг кайвони” дея ялинсанг ҳам мажлисга келмайди. Шоир келди, артист келди десангиз, бепул томоша бўлса, бешикдаги боласини ташлаб чопишади…

ПАРДАБОЙ.   Ахир, сайлов низомига кўра номзодлар баровар учрашув ўтказишлари шарт-ку.

ГУЛИ. Нима шарт, нима шарт эмаслигини сиздан кўра,  мен яхши биламан… Не первый раз замужем, тушундингми? Адабиётда ижод эркинлиги мавжуд, масалан, Тошкентдан келган, лекин сени умуман кўрмаган, танимайдиган шоир, сен ҳақингда мадҳия тўқиса, обрўйингиз ортадими ёки тушадими? Вот в чем вопрос?.. (Улар қучоқлашиб, ўпишади. Шу пайт қабулхонага тўсатдан кириб қолган Бўрон тасвирни қул телефонига қайта-қайта суратга олади.) Вообще, Пардабой оға, мана шу видео деган балоингни бекор қўрдирдингиз-да, нима қилаётганингиз қабулхонада доимо кўриниб тураркан… Бир пас ўчириб қуймайсиз ми?

ПАРДАБОЙ. Буни ўчирсам, қабулга ким келганлигини кўрмай қоламан-ку… Келган одам тўғридан-тўғри кириб келаверса, бу ер карвонсаройга айланиб кетмайдими? Бир томондан бояги чолнинг секретарь қизни сокращениесига норозилигида жон бор шекилли?

ГУЛИ.    Майли, мен севгимни ҳечкимдан яширмаганман. (Пардабойни қучоқлаб, яна ўпишади ва кабинетга дўқ уриб Бўрон киради).

БЎРОН.   Ана сайлову, мана сайлов! Йигирма йиллик депутатнинг маънавий қиёфасига қаранг. Энди қўлга тушдингми, Пардабой!? Сенинг маънавий бузуқлигингни ҳамма билади, лекин Нукусдагилар билмайди, улар сени урмондан чиққан фаришта кўради… Энди эса (чўнтагидан қўл телефонини чиқариб), мана бу видеога ёзилган тасвирни кўриб, улар нафақат хотинг, балки бутун бошли халқни бир умр лақиллатаётганингни биладиган бўлади… (Пардабой, Гули ҳанг-манг қолади, лекин Гули тезда ўзини ўнглаб олиб).

ГУЛИ.   Бўрон! Тирноқнинг орасидан кир излаш эр йигитга лойиқ эмас-ку, сен нима, қалпоғингни улоқтириб, энди хотин – шантажга ўтмоқчимисан? Ё, мени рашк қилаяпсанми?

БЎРОН.  Сенга-ку, гап йўқ, Гули! Менинг жиним мана шу одам, Пардабойда! Битта эчки деб, мени уч йилга қаматиб юборди-я, бу аблаҳ! Сен кисбурч, уйга атайлаб келганингда битта ўзингга эчки сўймасмидим!?

(Қабулхонага Бекжон, Пардагул, Пардағани кириб келиб, девордаги тасвирни кўзатиб тўриб қолади).

ПАРДАБОЙ.   Энди, Бўрон иним, сен ўтириб келган куни эртасига, олдингга узр сўрагани ўтганимда, муштингни ола югуриб, ҳайдаб солдинг… ўтган ишга саловат дейишади, хоҳласанг олдингда тиз чўкиб, узр сўрайман…

БЎРОН (ҳанг-манг бўлиб). Пардабой оға?..

ПАРДАБОЙ (тиз чўкиб). Мени кечиргил, Бўронжон! Оғанг, шайтоннинг васвасасига кириб, битта эчки деб милицияга арз қилибди, уша куни… Садқаи кетсин, ўша эчкининг… Узр эт, Бўрон, узр!

БЎРОН (юмшашиб). Ана энди бу ўғил бола гап, бу! Бўлди, Пардабой оға, гап тамом! Эчки менинг дарахтимни ғажиса, мен ҳам уч йил қараб ётмасдан қонунларни ғажидим, қарасам, гуноҳ мендан ҳам ўтган экан… Гуноҳимга лойиқ жазоимни тарозига тортиб кўрсам, баб-баровар, теппа-тенг бўлиб чиқди, энди ора очиқ, ничья!.. Тур, Пардабой оға, эгилган бошни кесадиган номард эмасман!.. Нима тақирлади, биров келгандай бўлдими? (Эшикни очиб, қабулхонадагиларга кўзи тушади). Эй, келинглар, келинглар… Барча номзодлар жам бўлибди-ку…

11

Кириб келаётганларни кўргач Пардабой хижолатда қолади ва девордаги водеофон мониторини юлқиб олиб, ташқарига улоқтиради.

ПАРДАБОЙ. Боя Қобил оқсоқол, ХХI аср технологиялари… ҳа, асрингдан ўргилдим дегандим… Қабулхонада туриб сизлар ҳам бизни томошалаб турган чиқарсиз, а?

ПАРДАГУЛ.     Ҳа, ҳа… кўрдик…

ПАРДАҒАНИ.  Қайдам?…

БЕКЖОН.  Йўқ, йўқ… кўрмадик… Оқ туяни кўрмадик…

ПАРДАБОЙ. Кўрган-кўрмаганингиз… энди аҳамияти йўқ, мен сайловдан ўз номзодимни олиб ташлайман!..

БЕКЖОН. Оға!? Нимага? Сизга не бўлди?

ПАРДАБОЙ. Осмон тўнтарилиб ерга тушгани яхши эди, лекин, туянинг думи ерга етмади… Мен.., менинг кўзимни мана бугун, Бўрон очди! Мен кечдим баридан… обру, мартаба, мансаб… керакмас ҳечбири…

ГУЛИ. Пардабой оға, сиз унақа деманг… Ахир, сизга эргашаётган халқнинг аҳволи не кечади?

ПАРДАБОЙ. Мен мана ҳозиргина Бўрондан кечирим сўраганимдек, халқимдан ҳам кечирим сўрайман… Халқимнинг олдида гуноҳим кўп, арзимаган биттасини айтай!, мен депутат бўлган йигирма йил ичида Орол қуриб битти, дарёдан эса сув оқмаяпти…

БЎРОН. Мен сизни билмаган эканман, Пардабой оға! Сиз қалбингиз нозик, лекин мард одам экансиз. (Тиз чўкиб.) Сиздан мен узр сўрайман… Энди, эл-халқни йиғиб, иккита эчки сўйиб, яна тиз чўкиб, кечирим сўрайман… (Ҳамма ҳанг-манг…)

БЕКЖОН. Э, қўйинглар эчки-печкингизни, аввало сайловларни ўтказиб олайлик… Ким ютиб чиқса, кейин уша эчкисини суйиб, тўй қилсин… Пардабой оға, сизнинг бу гапингизни Нукусдагилар эшитиб қолса нима бўлади? Агар гап  Тошкентга етса-чи?.. Ахир сизни нафақат Қорақалпоқ ёки Ўзбекистон, жаҳоннинг олтидан бир қисмини эгаллаган собиқ Иттифоқ билади-ку…

ПАРДАГУЛ.  Пардабой оға, иш бандлигим сабабли мен номзодим олиб ташлагани Бекжонга илтимос билан келгандим…

ПАРДАҒАНИ. Мен Бўрондан қўрққанимдан  номзодимни қўйганман…

БЕКЖОН. Йўқ, йўқ, ўртоқлар, бунақаси кетмайди… Сизларнинг Ҳоким тасдиқлаган номзодларингиз аллақачон тепада бекитилган, энди кеч бўлди. Биз низом бўйича учта номзод ўз ишончли вакиллари билан бирга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишимиз шарт…

ПАРДАБОЙ (ўзини ўнглаб, тикланиб). Ҳа майли, майли!.. Менинг битта таклифим бор, мана сабаб билан барча номзод ишончли вакиллари билан келиб қолган экан, сайловлар яхши ўтиши учун, сал “ювиб”, покланиб олмаймиз ми?

БЕКЖОН. Ана бу, яшуллининг тўралик гапи! Қани, Бўрон, оч “Қоратоғ”ни, чизиғидан ошириб тўлдир косаларни, Пардағанига штраф қуй… Мана, суратларини қаранг, оддий фермер катта жамоат арбоби ва машҳур шифокор билан бир қаторда тўрибди-я?

ГУЛИ. Лекин, бу гаплар ёпиқли қозонда қолиши керак… Биз муқобил номзодлар ўртасидаги рақобатнинг зўрлигини дастурлар, нутқлар орқали халқга етказишимиз шарт…

БЕКЖОН. Шоира доимо ҳағидан тўғрайди… Олдик, сайловолди учрашувлар учун!…

Саҳна идишлар чилдирлиси билан қоронғилашади.

12

Саҳна томошабинларга жуда яқин, орқа томонда “Ҳамма муқобил сайловга!” шиори осилган тагида баннерда учта номзоднинг катта рангли суратлари. Зал сайлов олди мажлиснинг иштирокчиларига айланиб кетган. Ишончли вакиллар ва меҳмонлар томашабинлар орасида ўтибди. Иккита жойга залдан саволлар учун микрофонлар ўрнатилган. Телекамералар тасвирга олади.

Саҳнанинг олдинги томонида бешта ўриндиқ қўйилган. Қарсаклар билан Пардабой, Қобил ота, Бекжон, Пардагул, Пардағанилар кириб келишади ва шу тартибда ўриндикларга жойлашади.

БЕКЖОН. (ўрнидан туриб). Ўртоқлар, бугун ўн бешинчи сонли Букридарахт сайлов округидан номзодлар билан учрашувни очиқ деб эълон қилишга рухсат бергайсизлар! (Қарсаклар…)

Ўзларингизга маълум бу йилги сайловлар олдингиларидан фарқли ўлароқ, демократия тантанаси сифатида муқобиллик асосда ўтади, яъни ким ўзи хоқлаган номзодига овоз беради. Кечаги замонда битта номзод қўйиларди ва унга овозингни берсанг ҳам берасан, бермасан ҳам берардинг. Энди бошқача, номзодларнинг дастурлари мақул бўлганига овоз берасизлар… Мен гапни кўпайтирмай, бирдан ишга ўтсам ва сизлардан ҳам қисқа гапиришни илтимос қиламан. Савол-жавоблар маърузалардан кейин бўлади… Дастлабки сўз, Пардабой оғага!

ПАРДАБОЙ (ўрнидан тўриб). Мен сизларнинг ишончингиз билан барча онгли ўмрим давомида депутатликка сайланиб келганман ва халқимга раҳматдан бошқа айтарим йўқ. Бу йил майли мени тавсия этманглар десам, халқ қуймади. “Сизга ўрганиб қолганмиз, бу депутатликни сиздан бошқа ким ҳам эплай олади?” деяпти. Энди илож қанча, ўзларингизнинг ихтиёрингиз билан мен яна рози бўлдим ва йигирма беш пунктдан иборат дастур ишлаб, мана шу папкага тикиб қўйганман… Ўқи десангиз, шошилмасдан ўқиб бераман…

ҚОБИЛ ОТА  (ўнг қўлини кўтариб). Менинг таклифим, ҳозир нима кўп, дастур кўп. Шу дастур-пастур деганни ўқиб ўтирмасдан, шундай иш бобида ҳал қилсак қандай бўлади? (Залдан “Мақул, мақул” овозлари чиқади).

БЕКЖОН. Пардабой оға, мазмунли дастурингиз учун сиздан миннатдормиз… Боя айтганимдай, аввал номзодларнинг дастурларини эшитиб, кейин ишончли вакилларни тинглаймиз…

ЖАНАБАЙ (залда ўрнидан туриб). Низом бўйича, аввал ишончли вакиллар номзодларни таништириши керак эди…

ЁНИДАГИ ОДАМ. Э, ўтирсангчи, номзодларни танимай, нима, қашқолдакдек кўзингга мой битганми, дейман…

БЕКЖОН. Жимм… Тартиб сақлансин, ким гапиргиси келса, аввал қўлини кўтарсин, лекин биз савол-жавобни учрашувнинг охирига қўйганмиз… майли, эндиги сўз, дўхтиримиз Пардагулга!..

ПАРДАГУЛ (ўрнидан тўриб). Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳамиз жадал қадамлар билан илгарилаб бораётир. Масалан, сўнгги йиллари сурункали касалликлар анча камайди… Оналик ва болаликнинг соғлом турмуш тарзини таъминлашга алоҳида эътибор берилганидан ўртача ўлим камайиб, ўртача туғруқлар кўпаймоқда… Хуллас, ижтимойи муаммоларга боғлиқ дастур ишлаб чиққанман, агар сизларга маъқул бўлса, уни амалга очиришга ҳаракат қиламан…

БЕКЖОН. Раҳмат, Пардагул, сиздек шифобахш дўхтирларимиз бор экан, биз любой касалликдан чўчимаймиз, касалликнинг олдини олишга интиламиз… Майли, эндиги сўзни, ёш, қалби олов сачратган тадбиркор фермеримиз Пардағанидан эшитсак…

ПАРДАҒАНИ (ноилож ўрнидан тўриб, жим қолади). Ҳм…

БЕКЖОН.   Сўз сенга, Пардағани!

ПАРДАҒАНИ. Сўз?… Қайдам?… Шу сўзни Бқрон айта қолсин… Мен нима дейман?..

БЕКЖОН. Бояги кўрсатган қоғозинг қани? Дастурдан гапир, дастурдан…

ПАРДАҒАНИ (тортиниб). Энди, қоғозга қарасам Қобил ота уришади-да… лекин, дастуримни айтсам, мен шу эрталаб турганимдан ишлай бераман, ишлай бераман, ишлай бераман, ишлай бераман…

БЕКЖОН. Тўхта, тўхта! (Кесатиб). Ишлайверасан, ишлайверасан… Ёшда йигит, ёш… Ҳаётда ўзи кўп ишлайдиганлар кам гапиради, баъзан умуман гапира олмайдиган бўлиб қолади… Менимча, Пардағанининг ёшлигини эътиборга олиб, унинг сўзини тўхтатсаку, келажагига қарасак… Майли, Пардағани, сен уялиб қалбингдаги ёниб турган ҳис-туйғу оловларни сўз билан ифода эта олмайсан, майли ўтиргин…

       ЖАНАБОЙ (залдан). Ҳой, Бекжон, бу номзодинг ҳозир уялиб гапира олмаса, эртага Кенгашда қандай нутқ қилади?..

ҚОБИЛ ОТА. Ўғлим, Кенгашда депутатларнинг барчаси гапира бермайди. Умуман гапирмайдиганлари ҳам бўлади…

БЎРОН (ўрнидан тўриб, залдан луқма ташлаганга). Мажлис тугасин, айтган гапингни қулоқ-чеккангга ёпиштириб бераман, кўрасан…

БЕКЖОН.   Жим, жим деяпман, тартибни сақлаш керак, ҳов ана, қара, милиса укамиз ўтирибди… майли, майли, энди номзодлар дастурлари билан ҳам танишиб олдик… Эндиги сўзни ишончли вакиллардан тингласак… Сўз, Пардабой оғанинг ишончли вакили, таниқли шоирамиз Гулихонга!

13

Залда Гули ўрнидан турганида гулдурос қарсаклар кўтарилади. Бекжон қалами билан столни тақиллатиб, зални тинчлантиради. Гули ноз юриш билан залдаги микрофонга келади.

ГУЛИ (микрофонни қўлига олиб). Ассалому алайкум, қадрдон халқим, ассалому алайкум Қодир ота, Пардабой оға, Бекжон ва ҳоказолар!

Мана Амударё тўлиб оқади,

Оққан суви шолимизга ёқади,

Осмонда ой бизга кўлиб боқади,

Бу буюк насиба, Пардабой оға!

Оролим кетди деб хафа йўқ бизда,

Майли Амударё тўхтасин кўзда,

Хирмони тошганда бу ўлкамизда,

Энг улуғ насиба, Пардабой оға!

– Пардабой оғани улуғлашга шоира қизингизнинг қалами ожизлик этади, у ҳақиқатан халқ фарзанди, мен сизларни ёппангиздан унинг номзоди учун овоз беришга чақираман!..

БИРОВ ЗАЛДАН (иккинчи микрофонга югуриб чиқиб). Сиз нима деяпсиз, шоира опа!? Оролни қуритган одамни намунча мақтайсиз!? Куни кеча шоли экишни кўпайтириб беринг деб, Московга қоқ балиқ ташиб, пахта билан шоли экишни кўпайтириб, денгизни чекинтирган одам, шу, Пардабой эмасми!

ҚОБИЛ ОТА.   Ўғлим, сабр, сабр эт, болам! Бояги урушда чекинган душманнинг устига бостириб борганмиз. Денгиз чекинса чекинибди да, аллоҳу таола денгиздан айирган насибамизни, мана Оролқумдан бераёпти. Олимлар Оролқумнинг тагида сон–саноқсиз бензин билан солярка бор дейишаёпти. Сен бола, унақа бўлмағур гапни қўй… Яхшининг яхшилигини айтиш керак!

БЕКЖОН.  Майли, майли, ука, гап айтилиб кетди, зарари йўқ… Лекин, Пардабой оғани денгизга аралаштирмаслик керак, ичганидан бошқа сувларга унинг умуман алоқаси йўқ! Рахмат, Гулихон, ажойиб шеърингиз учун, сиздек талант мингдан бир десак, кўплик этади… Энди сўз, дўхтиримизнинг ишончли вакилига… (Ўртага ҳеч ким чиқмайди.)

БЎРОН (ўрнидан тўриб). Жанабой кетиб қолди…

БЕКЖОН.   Ийе, бу қанақаси? Низом бўйича… кетмаслиги керак эди…

ПАРДАГУЛ. Кечирасиз, ўртоқлар, бизнинг ишимиз доимо шунақа… Жанабой мендан рухсат сўради, мана нутқи, жадал жарроҳлик муҳтожлигида унга рухсат бермасликга ҳаққимиз йўқ…

БЕКЖОН. Низом бўйича ишончли вакилнинг ўрнини ҳеч ким боса олмайди, лекин, Пардагулни ҳаммангиз яхши биласиз, шунинг учун Жанабойнинг нутқини ўқимасдан баённомага илова қилсак, нима дейсиз? (Залдан “Маъқул, маъқул” овозлари чиқади). Эмаса, эндиги сўз Пардағанининг вакили Бўронбойга!  Марҳамат!

БЎРОН  (залдан тўриб микрофонга келади). Ўртоқлар, мен ўмримизда биринчи маротаба ўтаётган муқобиллик асосидаги сайловларда ҳақ гапни, фақат ҳақ гапни айтаман! Бу ердаги номзодларнинг ва ишончшли вакилларини эшитдингиз. Биринчи номзод – Пардабой оға, ҳақиқатан ҳам обрули одам, халқ ҳурмат қилади, айниқса унинг ишончли вакили бўлмиш Гулихонни айтмайсизми? Дунёга бир келган шоира… Лекин, оғайнилар, бундай бир қаранглар, замон ўзгараяпти, одамлар ўзгараяпти… Бизда эса, ҳов, отамзамондан қолган депутатимиз Пардабой оға ўзгармаяпти… Менинг шахсан у кишининг номзодига эътирозим йўқ, лекин ёшларга ҳам сайлаш–сайланишга фурсат бериш керак-да… Иккинчи номзодимиз Пардагул дўхтир! Ҳозиргина ўзларидан эшитдинглар! Сўнгги пайтлар бизда сурункали касалликлар камайбди… Ҳов, касал камаймай нима қилади, ахир, хасталар аста-секин, кетаверса, камаяди-да… Кетганлар келмайди, сайловлардан қолади… Энди менинг номзодимга келсак, Пардағани булбулнинг сайроқи хўрозларидан эмас, лекин у ёш, тоғни қўпорадиган қуввати бор, ана шунга овоз берсангиз янглишмайсиз… Менинг гапим тамом!

14

БЕКЖОН.   Раҳмат, Бўронбой, сидқидил нутқингиз учун рахмат… Энди, ўртоқлар, савол-жавобга ўтсак… Қани, кимда қандай савол бор? (Залнинг ҳар жойидан қўллар кўтарилади.) Қани, сиз марҳамат!

ЗАЛДАН АЁЛ (залда ўрнидан турган заҳоти ўкириб йиғлаб, микрофонга аранг етиб, уни ушлаб тўриб, ўксигини босган ҳолда). Менинг саволим Пардабойга, мен унинг жуфти ҳалоли бўламан…

ҚОБИЛ ОТА (сергакланиб). Ҳой, келин, сенга нима бўлди? Саволингни бўлса, эрингга уйда, дастурхон бошида бераверамайсанми? 

АЁЛ. Бўлмайди-да, қайноға!.. Бу жамоат муаммоси… қани айт-чи, Пардабой, сени шу Гулихон билан юради деганлари, ростми? Агар рост бўлса, унинг мендан нимаси ортиқ, ёки менинг ундан нимам кам?.. (Пардабой тилсиз, ҳижолатда қолади). Айт қани, депутат бўлмай уўгур, Пардабой!?

ҚОБИЛ ОТА. Келин! Ҳой келин, сайловга алоқаси йўқ гапларни қўйсангчи, айланай…

АЁЛ. Нимага алоқаси йўқ экан, қайноға? Ахир у мени Биринчи Президент сайловида қаттиқ қарсак чалганим учун қизларнинг орасидан сайлаб олди-ку, энди бўлса Кенгаш сайловига келганда нега Гули билан юриб кетади? Айт, , қани тўғрисини, Пардабой!..

ГУЛИ   (иккинчи микрофонга келиб). Янгга, тилим бор деб, эрингни ёлғон-яшиқга аралаштира берма! Нима бизларнинг қучоқлашиб юрганимизни кўрдинг ма ёки тўшакда ушлаб олдинг ма?!

БЕКЖОН.     Низомни сақланг, янгга, хотинлар… Муқобил сайловларда рақобат бўлиши керак, лекин бу даражада эмас-да…

АЁЛ. Низоминг бор бўлсин, Бекжон! Муқобил сайлов ўтказаман деб, сен менинг эримни муқобил қилмоқмоқчимисан?

БЎРОН (ўрнидан тўриб). Янгга, одам бу дунёда бир-бирлари билан юради, туради, масалан, Гули билан мен ҳам юраман, тураман. Шунга ҳам ота гўри қозихонами? Пардабой оғани мен ҳам ёмон одам деб юрардим, у яхши одам экан. Сиз эрингиз билан ғурурланишингиз керак, янгга!

ҚОБИЛ ОТА. Ҳой, келин, дейман, сенга! Қуясанми, йўқми? Ҳой, милиса бола, қани, об кет, бунақа келинни! (Милиса аёлнинг билагидан ушлаб, олиб кетади…)

БЕКЖОН.  Ўртоқлар! Сайлов мажлисига оилавий муаммоларни олиб чиқманглар. Кун тартибидаги масалалар бўлса марҳамат!

ЁШ ЙИГИТ (микрофонга келиб). Менинг саволим Пардагул дўхтир опама эди… Интернетда ишқий ҳаяжон инсоннинг умрини узайтиради деб ёзибди. Биздаги тиббий газеталар ҳарқандай ҳаяжон юракка таъсир қилади деб ёзишаяпти. Айтинг-чи, Пардагул опа, ишқ сурункали юрак касалига олиб келиши мумкинми?  (Залда кулгу ва ғовурли: “Мумкин, мумкин!”, “Олдин уйланиб ол, кейин биласан!”, “Сенинг нима ишинг бор?” деган овозлар эшитилади.)

БЕКЖОН (столни тақиллатиб, зални тинчитади). Пардагул, сиз нима дейсиз?

ПАРДАГУЛ. Ҳарқандай ҳаяжон стрессга олиб келади. Доимий стресс эса нафақат юрак, балки асаб, ошқозон-ичак ва бошқа касалликларни келтириб чиқариши мумкин… Сиз ука, бировни севиб қолган бўлсангиз, вақтни чўзмасдан, тезда ўйланиш ҳаракатини қилинг… У қизни бошқа йигит олиб қочиб, сиз сурункали юрак касалига чалиниб қолишингиз ҳеч гапмас…

БЎРОН (иккинчи микрофонга келиб). Э, сен ахмоқ, шахсий масалангни нега сайловга қўшасан, ҳа юрак-пурагинг билан!..

ҚОБИЛ ОТА. Бўрон! Бўрон, дейман! Қизишмагин, унинг ёшида сен ундан бадтар бўлгансан!

БЎРОН (чекиниб). Хўп, оқсоқол, хўп! Сиз айтсангиз иложим йўқ, лекин бу ярамаснинг абжағини чиқариш керак эди…

ҚОБИЛ ОТА. Бекжон, бу мажлисинг чўзилиб бораётган йўқма?

БЕКЖОН. Низом бўйича ҳарқандай мажлис камида бир ярим соат атрофларида бўлиши керак экан, ҳали ярим саот вақтимиз бор. Учинчи номзодимиз Пардағанига ҳали савол берилмади… Қани, кимда Пардағанига савол бор? (Зал жимжит). Саволларингиз борми? (Зал жимжит). Пардағанига ҳам савол берилиши керак, низом бўйича… Борми, савол?..

ҚОБИЛ ОТА. Шу баённоманг учун, мен – оқ савол берай… Пардағани, бу йил шолини неча гектарга экмоқчисан?

ПАРДАҒАНИ. Қайдам?.. Бултур, қирқ гектар эди, бу йил ҳоким икки юз қирқ гектарга экасан деяпти…

ҚОБИЛ ОТА. Гектарига қанча сув сарфлайсан?

ПАРДАҒАНИ. Қайдам?.. Чамаси, қирқ-эллик тонна атрофида бўлса керак…

ҚОБИЛ ОТА. Демак, меъёридан икки-уч баровар кўп… Сен шу сарфлайдиган сувинг миқдорини камайтиб, балки сувсиз ўсадиган шоли ўйлаб топиш йўлларида бош қотирмадингми? Сув камлигидан, мана оёқдаги қўлларнинг ҳажми камайиб бораяпти…

ПАРДАҒАНИ. Қайдам?.. Сув ичмайдиган шоли бўлмаса керак-ов?..

БЎРОН (залдан тўриб). Оқсоқол, кўллардаги сувнинг камайгани яхши бўлади-ку, қайтангга балиқ тўтиш осон…

ҚОБИЛ ОТА. Эҳ, Бўрон, Бўрон!.. “Қассобга эт қайғу,  эчкига жон қайғу” деган… Сенга балиқ, менга элимизнинг эртангги куни… Пардағани, агар сен депутат бўлсанг, шолига сувни меъёрида, тежаб бераман деб сўз бер…

ПАРДАҒАНИ. Қайдам?.. Меъёрида берсам, шоли бир текис ўсмайди-ку… Бу меъёр деганни-ям, лаганга шоли экиб, боши қотган олимлар топганда, оқсоқол! Мендан ҳоким эса кўп шоли талаб қилади…

ҚОБИЛ ОТА.  Бўпти, бўпти… Мен бу кўп саволларни мана Бекжоннинг баённомасини тўлдириши учун бергандим…

БЕКЖОН (соатига қараб, спектакль давом этган муддатни айтади). Ўртоқлар, мана сайлов олди муқобил номзодлар билан учрашувимиз ҳам бир соату, ўн етти дақиқа давом этибди… Учрашувимизда қизғин мунозоралар билан замонамизнинг мазмунли, долзарб муаммолари ўртага қўйилди ва уларнинг ечимини топишга ҳаракат қилинди… Энди учрашувни тўгатсак деган таклиф тушаяпти. Тўгатайлик деган ўртоқлар қўлларини кўтарсин… (Ҳеч ким қўлини кўтармайди). Норозимисиз? Майли, биз ҳали бундай учрашувларни қайта-қайта ўтказамиз, ҳали кўришамиз. Энди, ҳаммангизни яқинда бўладиган сайловларда ўзларингиз танлаган номзодларингизга бир ёқадан бош чиқариб овоз беришга чақираман. (Қўлларини олға чўзиб.) Ҳамма сайловга, овозингдан айланайлар!!!

ТАМОМ

Октябрь, 2014 йил           

Нукус–Тошкент.   Дўрмон боғи            

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ – Ўзбекистон халқ ёзувчиси. 1949 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Бир муҳаббат тарихи”, “Қўшнилар”, “Чангалзор пайғамбари ҳалокати”, “Оролим, дардим менинг”, “Бўсаға” номли китоблари чоп этилган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil