Салима ЖУМАЕВА
Шеърият инсон ички дунёси, унинг ташқи воқеликка муносабатлари
мажмуасининг шеърий образлар воситасида акс этишидир. Ҳиссий туйғу билан
йўғрилган чинакам шеъриятнинг таъсир қуввати эса уммонга тенг. Таниқли шоир
Икром Отамурод шеърияти китобхонни ҳаётнинг, борлиқ олам ҳодисаларининг
кўпроқ ички томонига, ботиний моҳиятига синчковлик билан назар ташлашга, табиат
ва ҳаёт ҳаракатларини англаш, билиш ҳамда изланувчан бўлишга даъват этади. Шу
маънода шоирнинг лирик қаҳрамони мутафаккир, файласуф, табиатшунос ҳамдир.
У ўз ички кечинмаларини табиат ҳодисалари билан уйғун шаклларда изоҳлашга
интилади, атроф-муҳитга доимо маърифат кўзи билан қарайди, одамларни билим
ва камолотга ундайди, шеърхон кўз ўнгида ажойиб қалбшунос сиймосида намоён
бўлади. Буни биз “Жадвал” достонида тўлалиги билан кўришимиз мумкин.
Асарда тилга олинган дард – ҳар қандай замону маконнинг одамларига хос.
Вақтнинг шиддатли ва синовли суронларидан ўтиб, сабоғу хулосалари билан
ҳақиқатни англаш сари бориладиган йўл – поёнсиз Олам – жадвалга туташади.
Шу боисдан айтиш жоизки, “Жадвал”, аввало, тирикликдан моҳият излаётган, шу
изланиш, изтироб, жунбуш ва жунунлар муқоясаси аро Яратган қудратини ҳис
этган одам ҳақидаги достон”1
.
Икром Отамурод достонга Фаридуддин Атторнинг “Киши билгайму, не сирри
жаҳон бул, Не сир эрмишки, нури ақли жон бул?” мисрасини эпиграф қилиб
олган. Унда шоир инсон ботинидаги сувратларни бадиий сўз қудрати ила бирма-бир тасвирда чизади. Асарнинг қамрови кенг, шубҳасиз, глобал аҳамиятга эга.
Унда дунё қиёфаси тамоман ўзига хос тарзда инкишоф этилади – жадвал табиат
манзараларидан ўтиб, инсон ботинидаги сувратларни ифода этади. Сатрларга
1
Жўрақулов У. “Мен – соғинч шарҳини битувчи котиб…”//Отамурод Икром. Сукут садоси. – Т.:
Adabiyot, 2021. 266-бет.
беркинган поэтик “сир” – лавҳалар ҳаёт мураккабликлари, одамлар қисмати, замон
пасту баландликлари ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилади. Таниқли рус шоири
М. Исаковскийнинг қайд этишича, “Поэтик “сир”ни билиб олиш – бу ҳаммадан
олдин ижодда мустақил бўлиш демакдир, бошқача қилиб айтганда, сен бир шеър
ёзгинки, бу шеърнинг ёзилиши фақат ўзингга, бошқа шоирга эмас, фақат сенинг
ўзинггагина хос бўлсин, яъни бу шеърда ўзингга хос овозинг бўлсин, бирор мавзуда
мустақил ўзинг нима айта олсанг, фақат шуни, ўз фикрингни айт. Чунки турмушдан
олган бир воқеани ўзинг кўргансан, ўйлагансан, уни ўзинг ҳис қилгансан, ўзинг
англагансан ва ўзинг ундан хулоса чиқаргансан. Шунинг билан бирга бу воқеа,
фақат шоир ва маълум доирадаги одамлар учунгина аҳамиятли бўлмай, балки,
энг муҳими, кенг ўқувчилар оммаси учун аҳамиятли бўлиши керак”2
. Шу маънода,
“Жадвал”нинг ҳар бир сатри оралиғида ёзилмаган мажозий ишоратлар ва поэтик
“сир” яширинган.
Достоннинг ифода имкониятлари ижодкорнинг бошқа асарларидан тубдан фарқ
қилади. Унда модернистик тасвир, миллий колорит, тасаввуфий руҳ уйғунлиги
мужассамлашган. Достон ўзликни англаш йўлидаги ҳаракатлар, муҳими, ҳақиқат,
ғурур, қадр, оқибат, меҳр, ишонч сингари ахлоқий тушунчаларнинг фалсафий
моҳиятини очишга қаратилган. Шоир достоннинг илк мисраларидаёқ шеърхонни
Олам сатҳига, Оламнинг босқичли сарҳадларига, Оламнинг чексиз, поёнсиз
манзилларига етаклайди ва маъно қатламида шу сўз фалсафасидан олиб ўта
бошлайди:
Олам одамига менгзалади бу Йўл,
Оламда не юз берса шу Одам.
Одамда не юз берса шу Олам,
Кўзгуга ўхшайди… Жадвал 3
.
Аммо талотўпли дунёда хавотирли қалб “Олам”дек кенг бўла олмайди. Шунинг
учун ҳам “Олам” – мўъжаз байтлар бутун достон давомида гоҳ ором олишга, гоҳ
огоҳ бўлишга, гоҳо қайғу домида, гоҳо қувонишга ишоратлар бўлиб келади. Зеро,
“…Олам маконида руҳ – сир,
Руҳ сирнинг сирасинда”4
.
Шу боис Олам чизиқлари, белгилари одам жисмидан эмас, балки қалб оламидан
ўтгувчи йўл бўлиб жонланади ҳамда Олам ва Одам ҳақидаги тасаввур ва кечинмалар
шоир қалбида синтезлашади. Ижодкор ҳар бир сўз, тасвир ва ҳолатга ўзгача ёндашиб,
китобхон шуурига достон мазмунини чуқурроқ сингдиришга интилади. Бу ҳол
ўз навбатида, достон тилининг халқчиллигини, ифоданинг бадиий жозибасини
намоён этади. Асарнинг бетакрорлиги ҳам ижодкор яратган, топа олган образлар,
рамзлар қамрови, ҳаётийлиги, таъсирчан, самимий ва фалсафийлигида яққол намоён
бўлади. Адабиётшунос Шавкат Ҳасанов таъкидлаганидек, “Икром Отамурод талай
2
Исаковский М. Поэзиянинг “сир”и ҳақида // Бадиий ижод ҳақида. – Т.: F.Fyлом номидаги ада-биёт ва санъат нашриёти, 1960. 321-бет.
3
Отамурод Икром. Сукут садоси. – Т.: Adabiyot, 2021.233-бет.
4
Отамурод Икром. Сукут садоси. – Т.: Adabiyot, 2021.234-бет.
шеърларида бўлгани сингари достонларида ҳам муайян сўзларга поэтик салмоқ
юклайди. Бундай сўзлар чўзилган, сиқилган, синдирилган шаклларга киради ва
шоирнинг поэтик мақсадини ифодалашга хизмат қилади”.5
Достонда қўлланилган
Олам, Одам, жадвал, лаҳза, ўлчов, масофа, хаёл ва шу каби кўплаб тимсоллар
такрори фикримиз далилидир.
Таъкидлаш ўринлики, “Жадвал”да мақсадли қўлланилган метафоралар, мажоз
ва рамзлар, ишоралар – шоирнинг бадиий, фалсафий қарашларини тўлалигича
ифодалашга қаратилади. Аристотель таъбири билан айтганда, “Кўчимларни
моҳирона ишлатиш истеъдод белгиси, яхши метафоралар кашф этиш учун
нарсалардаги ўхшашликни пайқаш зарур”.6
Масалан, “ўлчов” таърифида шоир
шундай топилмаларни қўллайди:
………………… Ўлчов – қадим ………………..
………………… Ўлчов – қулф ………………
………………… Ўлчов – калит ………………
………………… Ўлчов – чизиқ …………………
………………… Ўлчов – масофа ………………
………………… Ўлчов – йўл ……………………7
“Жадвал”да бутун бир инсоният қиёфасини кўриш мумкин. Шоир кундан-кун инсондаги инсонга хос қалбни, тирикликни, самимиятни йўқ қилиб бораётган
зиддиятлардан ўксинади ва:
…Қунишаётган байзо
ўксинишларин,
хўрсинишларин ютар,
жойлар тубига,
оқаётган сувларнинг
дардларини сиғдирар туфроққа… 8
дея изтиробга тушади. Гарчанд, одамзод ўзини ўраб турган макон ва замонга тобе.
У мискин бир алфозда “макон – катта кўча – Дунёда ўйлар гирдобига ғарқ бўлиб,
имкон умидини излайди”, мудом:
Дунё – катта кўча.
Катта кўчада
Эски калавасин учин йўқотиб,
кўрчигинларни ечолмай ҳолига ҳайрон.
ноиложу нодармон, сўнгсиз
ўйлар гирдобига ғарқ бўлиб, мискин
имкон умидини излар одамзод…
9
5
Ҳасанов Ш. ХХ аср иккинчи ярми ўзбек достонлари поэтикаси. Д.Д. автореф. – Тошкент, 2004.
20-бет.
6
Арасту. Поэтика. Ахлоқи кабир. Риторика. – Т.: Янги аср aвлоди, 2011. 352-бет.
7
Отамурод Икром. Сукут садоси. – Т.: Adabiyot, 2021. 342-бет.
8
Отамурод Икром. Сукут садоси. – Т.: Adabiyot, 2021. 242-бет.
9
Отамурод Икром. Харитага тушмаган жой: Шеърлар ва достонлар. – Т.: Шарқ. 2011.156-бет.
Бироқ, одамзод фикрлаш тарзини янгилаб, шоир кўрсатиб турган “Олам”ларга
йўл олиши зарур. Бироқ бу дунёга кириш учун инсон қалбдан қадам ташламоғи
лозим. Шоир айтмоқчи, имкон – жадвалга тизилган имконларда. Уни қайта-қайта
ўқиб, уқиб-етиш жоиздир. Бинобарин, “Одам фақат атама эмас – унвон. – деб
ёзган эди Расул Ҳамзатов, – “Менинг Доғистоним” номли бадиасида, – Унвон
бўлганда ҳам жуда юксак унвон. Бу юксак унвонга муносиб бўлиш учун бир умр
интилиш керак”. Гарчи ўтаётган вақт оралиғида инсон ўзини мудом бир шамойил
ва бир тарзда ушлаб туролмаса-да. Чунки вақтнинг ўзида бўлиш ҳамманинг ҳам
қўлидан келавермайди. Бу эса маънавиятимиз ва тасаввуримиз таъбига боғлиқ:
…Оламга тикилиб,
сер солиб қаралса бундоқ 10.
Бу йўлда не топсак Оламдан, не йўқотсак ўзимиздан бўлса ажабмас. Шундан
бу Оламда инсон ўзини фикрловчи мавжудот сифатида англай бошлайди, унда
ўз “мени” ва ўзгалар ҳақида тасаввури шаклланади ва ривожланади. Бу шеърий
достон гўё замон кишисига вақт замонида яшашликнинг ҳикмату, сир-синоатини
очаётгандек ўзига тортади.
Хулоса қилиб айтганда, таниқли шоир Икром Отамуроднинг “Жадвал”
достонида руҳиятнинг ҳақиқатга интилишидан туғилган катта изтироб ва дард
етакчилик қилади. Ҳаётнинг ичига чуқур кириб бориш, ҳаёт ҳақиқатини фалсафий
тасвирлашдаги теранлик ва изчиллик, чуқур образлилик, фикр ва туйғунинг ўзига
хос тарзда омухталиги, тасвирда психологик ёндашувнинг устуворлиги, ички
драматизм, поэтик тафаккурнинг теранлиги, Шарқ ва Ғарб шеъриятининг энг
яхши анъаналари уйғунлашуви достон мундарижасини таъминлаган омиллардан
саналади.
10 Отамурод Икром. Сукут садоси. – Т.: Adabiyot, 2021. 234-бет.
Салима ЖУМАЕВА – 1965 йилда туғилган. Қарши давлат университетини тамомлаган.
“Таълим жараёнида мифологик образларни ўрганиш”, “Халқ эртакларига тарихий
ёндашув”, “Халқ эртакларида образлар талқини” номли ўқув-услубий қўлланмалари, юздан
ортиқ илмий ва илмий-методик ҳамда йигирмага яқин публицистик мақолалари хорижий
ва республикамиздаги журнал ва тўпламларда нашр этилган.