Ўзбекистон капиталистик йўлни танлади. Бозор қоидалари ишга тушди.
Тадбиркорликка йўл очилди, фермерлар, кластерлар ташкил этилди. Корхонаю
тадбиркорлар, мулкдорлар ва ҳатто, монополистлар пайдо бўлди. Улар бозорнинг
бешафқат қонунлари асосида фаолият олиб бормоқдалар. Ишни билган бойиб
кетяпти, билмаганлар олган кредитини қоплай олмаяпти…
Бироқ матбуот қайси йўлда дейсиз? Катта авлод журналистлари ёшларга
халқчилликни унутмасликни таъкидлайди. Социализм шароитида буни тушуниш
мумкин, капитализмда-чи? Қолаверса, капиталистик мамлакатлар журналистлари
нималар ҳақида ёзяптию биз нималарни қаламга оляпмиз?
Демократик ғояларга асосланган, лекин ўз юртлари манфаатини унутмаган
журналистларнинг таянч нуқтаси нима? Бу йўлга кирган бизнинг таянч нуқтамиз
қандай бўлиши керак?
Саволлар кўп, лекин капиталистик дунё матбуотининг назариялари ҳақидаги
гурунгларда баҳс у ёқда турсин ўйлаб кўриш, фикрлашга эринамиз ёки энг осони –
инкор қиламиз. Бу лоқайдлик матбуотга эътиборнинг йўқлигидан келиб чиққан
деган фикрдамиз.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида АҚШдаги икки катта университет олимларидан
иборат Комиссия жуда катта маблағ эвазига “Озод ва масъулиятли матбуот. Оммавий
коммуникация бўйича умумий маъруза: газеталар, радио, кино, журналлар ва
китоблар” номли тадқиқот ўтказади. Унинг натижалари “Матбуотнинг тўрт
назарияси” (“For Theory of the Press”) китобида батафсил берилган ва журналистика
билан боғлиқ барча қоидалар бугун ҳам ўша назария асосида белгиланади.
Тадқиқот муаллифлари матбуот назариясини авторитар, либертариан, ижтимоий
масъулият ва совет тоталитарга бўладилар. Уларнинг ҳар бирини мақсад ва
вазифалари, қоидалари мавжуд. Масалан, авторитар назарияда мавжуд сиёсий
машина ва амалдорларни танқид қилиш тақиқланган. Либертариан назарияда ахборот бериш, кўнгил ёзиш, пул топиш, лекин, асосан, ҳақиқатни топишга ва
ҳукуматни назорат қилишга ёрдамлашиш унинг бош мақсадидир. Ижтимоий
масъулият назариясида эса ОАВ ижтимоий масъулиятни ўз зиммасига олиши керак,
акс ҳолда, уларни кимдир шундай бўлишга мажбур этиши лозим. Совет тоталитар
назариясида эса ОАВ давлатга қарашли бўлиб, унинг қаттиқ назоратида бўлади ва
унинг қуроли сифатида бошқа назариялардан фарқланади.
Туркистонда дастлаб матбуотнинг авторитар назарияси татбиқ этилган бўлса,
1917 йилнинг февраль инқилобидан то Туркистон Мухторияти қонга ботирилгунгача
бўлган фурсатда (1918 йил февраль) миллий матбуотимиз либертариан назария
қоидалари билан яшади. Ҳокимият большевиклар қўлига ўтгач эса Ўзбекистонда
совет коммунистик (тоталитар) матбуот назарияси етмиш тўрт йил ҳукм сурди. Унга
асосланган ОАВ одамларнинг ахборот олиш ҳуқуқини поймол қилди, мустақил
фикрлашини чегаралади, ҳар бир фуқаро, жумладан, журналистлар шуурига қўрқув
ҳиссини жойлади. Раҳбарларни ҳам шу асосда “тарбиялади”. Бу касаллик уч-тўрт
авлодни заҳарлади. Унинг асоратлари эса тезда йўқолмаслигини ўттиз икки йилдан
буён кўриб, билиб турибмиз. Биз эса бу оғу асоратини тезроқ бартараф этишимиз
шарт.
Ўзбекистонда бугун нафақат иқтисодий, балки ахборот эркинлиги бўйича
ривожланган давлатлардан кам бўлмасликка бел боғланган. Шу ўринда навбатдаги
саволлар келиб чиқади: совет коммунистик матбуот назариясидан тўғридантўғри (яъни, авторитар ва либертариан назариядан сакраб) ижтимоий масъулият
назариясига ўтиш мумкинми? Бошқача айтганда, давлат ва жамиятнинг бугунги
ҳолатида, яъни қишлоқ хўжалиги (асосан, пахта етиштириш) ортидан кун
кўришга мажбурланган, саноатлашишга эндигина ҳаракат бошлаган мустақил
Ўзбекистон постиндустриал жамиятга қачон тўласича ўтади? Масаланинг ўзак
нуқтаси шу ерда. Айтмоқчимизки, ҳар қандай миллий матбуотдаги янгиланиш,
тараққий этиш мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятига чамбарчас боғлиқ. Афсуски,
миллий матбуотимиз майдонидаги депсинишлар илдиз-сабабларини бевосита
соҳамиз ва соҳа вакилларимиз фаолиятидан излашдан нари ўтилмади. Ватанимиз
мустақиллигининг ўттиз икки йиллик тажрибалари, ҳатто ижтимоий-сиёсий
эркинликларининг ўзи матбуот соҳасини янги демократик босқичларга олиб чиқиш
учун кифоя эмаслигини кўрсатди.
Шундай бўлса-да, публицистларимиз имконлари доирасида ҳаракат
қилишаётгани ўтган йилги газета ва журналлар тахламларини ўрганганимиз
фурсатида англашилди.
2023 йил конституция, сайловга эътибор қаратилган давр бўлди. Бу сана ва
тадбирларни барча босма нашрлар кенг ёритди. Биз унга батафсил тўхталмасдан
эски анъанани қўллаган ҳолда таҳлилимизни сиёсий мазмундаги публицистикадан
бошлаймиз.
Дастлаб “Ишонч” газетасида чоп этилган Қудратилла Рафиқовнинг “Шахснинг
тарихдаги роли ёхуд Шавкат Мирзиёев феномени ва унинг Ўзбекистон ҳамда
Марказий Осиёда кечаётган жараёнларга таъсири ҳақида” публицистик мақоласи
ҳақида. Муаллиф мақолани “Тарихий-фалсафий нуқтаи назардан шахснинг роли”,
“Шахсларнинг Марказий Осиё тарихидаги ўрни ҳақида”, “Ҳозирги босқичнинг
Марказий Осиёдаги аҳамияти ёки Шавкат Мирзиёев феноменининг таъсири
ҳақида”, “Ўзбекистондаги бугунги воқелик ва унинг ривожида Президент
таъсири” каби кичик сарлавҳаларда ўз қарашлари, қиёсларини ҳавола этади.
Унинг мустақиллик даврини босқичларга бўлади: “Ўз кузатишларим ва ҳисобкитобларимга асосланиб, Ўзбекистон мустақил тараққиётининг бу қисқа даврини
уч босқичга бўлишни истардим: 1991–2000 йиллар; 2000–2016 йиллар; 2016–2030
йиллар”.
Муаллиф мутахассислар фикрига таяниб иккинчи босқични сиёсий ва иқтисодий
турғунлик даври сифатида тавсифлайди. Саволларни қалаштириб ташлайди:
“Нима учун шундай бўлди? Ахир аввалги босқичда белгилаб олинган тараққиёт
йўли яхшироқ натижаларга умид қилишга асос берар эди-ку?” ва ўзи жавоб беради:
“Назаримда, бу жуда оғир ва ўта оғриқли савол, унга битта мақола доирасида жавоб
бериш мушкул”. Ҳақиқатан ҳам шундай…
Учинчи босқич ҳақида тўхталар экан, муаллиф “2016 йилда Ўзбекистоннинг янги
раҳбари ва унинг жамоаси ривожланишнинг зарур устувор йўналишларини тўғри
белгилаб, самарали старт олишга муваффақ бўлди. Бироқ ҳозирда Ўзбекистоннинг
ўз мақсадларидан адашиб кетмаслиги ниҳоятда муҳим масаладир.
Ишонинг, бундай хавф доимо мавжуд бўлган ва бўлади. Айниқса, бу масала
дунёда янги қутбланиш вужудга келаётган, бозорлар, ресурслар учун кураш
кучайган, кучли давлатларнинг заиф мамлакатлар устидан ҳукмронлик қилиш
истаги пайдо бўлган, Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларга ўхшаш
ўта шафқатсиз, яъни ҳарбий қарама-қаршилик ёқасидаги манфаатлар ҳимояси
намоён бўлаётган бир паллада жуда долзарбдир”.
Бу каби сиёсий шарҳларни нафақат зиёли ва раҳбарлар, балки бутун миллат
ўқиб, таҳлил қилиб, керакли хулоса чиқариб бориши ўта муҳимдир.
“Халқ сўзи” газетасининг 2023 йил 22 декабрдаги сонида академик Бакриддин
Зарипов “Маънавият чироғи инсоннинг онгу тафаккурини ёритади, қалби
виждонини уйғотади” мақоласи Президент Шавкат Мирзиёевнинг Учинчи
Ренессанс ҳақида билдирган фикрлари, амалий ишлари ва уларнинг аҳамияти
ҳақида боболар мероси, халқаро тажрибалар (мас. Сингапур) мисолида асослаб
берганлиги билан аҳамиятлидир.
Жадидчилик ҳаракати кенг ёритилди
Бу мавзу бўйича ёзадиганлар кўпайгани рост. Фақат улардан биринчи манба
билан ишлаш зарурлигини, ҳали очилмаган қўриқ майдони кенг эканлигини
эслатмоқчимиз, холос. “Халқ сўзи” газетасининг 2023 йил 29 августдаги сонида
жадидшунос Наим Каримов “Истиқлол курашчилари” мақоласи жадидчилик
ҳаракатини ўрганиш борасида амалга оширилган ишлар ва мазкур ҳаракатнинг
вужудга келиши, ривожланиши, жадидлар тақдири ҳақида янги қарашларни баён
қилган.
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 30 августдаги сонида Улуғбек
Долимовнинг “Буюк ижтимоий иш ёхуд янги давр ўзбек педагогикасининг
назарий ва амалий асосларини акс эттирган асар” сарлавҳали мақоласида Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари таҳлил этилади. Таълим
соҳасини хорижий тажрибалар асосида ўқитишга нақадар ружу қўймайлик, ҳеч
йўқса тарбиявий йўналишда Авлоний каби жадидлар ўгитларидан фойдаланишни
унутмаслигимиз муҳимдир.
“Жамият” газетасининг 2023 йил 28 декабрдаги сонида Улуғбек Ҳамдамнинг
“Ўзимиз ўтирган шохни кесмайлик” мақоласи ҳам ўзгача руҳда бўлиб, Абдулла
Қодирий ижоди ҳақида салбий фикр билдирган тадқиқотчига жавоб тариқасида
ёзилган.
Умуман олганда барча нашрлар жадидчилик мавзусига мурожаат қилишган.
“Матбуот – жамиятнинг ўзига хос кўзгуси”
“Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 27 июндаги сонида Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқовнинг “Журналистика – очилмаган
қўриқ” деб номланган публицистик мақоласи диққатга лойиқ. “Матбуот –
жамиятнинг ўзига хос кўзгуси. Унга кўз ташлаб мамлакатнинг асл қиёфасини,
халқнинг турмушини, яшаш тарзини, қолаверса, босма нашрларни шакллантираётган
журналистларнинг маҳоратини билиб олиш қийин эмас.
“Ишонч” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Эрматовнинг “Босма нашрлар
трансформацияси: нималарга боғлиқ бўлиб қолмоқда?” сарлавҳали мақоласи
ҳақида унинг ҳажмидан-да кўп гапириш мумкин. Муаллиф жамиятни
интернетлаштириш баҳонасида янги концепцияни “гўёки”, яъни охиригача
ўйламасдан амалга оширилиши натижасида келтирилган зарарни алам билан
ёзади: “…бу ўта шошқалоқ фикр эди аслида. Чунки қуйидаги оддийгина саволга
жавоб ҳали йўқ эди: хўш, ўқувчи олайлик, она тили, адабиётдан, география ёки
тарих фанидан билимни интернетнинг қайси манбасидан олиши мумкин? Ўша
манба ҳали рисоладагидай борми?
Ахир яратилмаган-ку ҳали! Эътибор беринг, ўзбек ўқувчисининг билимини
ошириш учун фундаментал билим кўникмалари ҳали интернетнинг ўзбек
сегментида мутлақо етарли эмас.
Хўш, ўзи, умуман, педагогиканинг ҳафтиягини ҳам билмаган бу аъён бутун бир
мамлакат ва миллат келажаги учун дахл қиладиган муҳим соҳа бўйича шундай
қарор қабул қилиши қанчалик тўғри эди? Бу ҳуқуқни унга ким берган?
Минг афсуски, ҳеч ким! Демак, соҳанинг замонавий раҳбари билиб-билмай
аслида ўз соҳасининг ривожи йўлида мактаб ўқувчиларининг кўп йиллик умрини
зое кетказишга қарор берган бўлиб чиқмоқда”.
Нақадар даҳшатли хулоса. Ахир тарбия ҳаёт-мамот масаласи-ку!
Ўзбекистон қаҳрамони Иброҳим Ғафуровнинг “Эртамизни матбуотсиз
тасаввур қилиб бўлмайди” мақоласи юқорида Ҳусан Эрматов тилга олган раҳбар
қилмишларини ёпиб кетади деган умидни уйғотади: “Ҳамма билади, бугун
“мажбурий обуна” мумкин эмаслигини. Шу боис, обуна қилиш – ўлимдан қийин.
Аммо давлат раҳнамолик қилса, ҳомийлик қилса, газета ва журналлар, ҳеч бўлмаса
мамлакатдаги асосий нашрлар, яъни ҳаммага керак, давлат сиёсатини, маънавиятини,
маърифатини кўтарадиган нашрларнинг қаддини тиклаш мумкин бўлади… Фикри
ожизимча, Учинчи Ренессанс ғоясини матбуотсиз элу юртга тўлақонли сингдириб
бўлмайди. Қолаверса, шунча оғир юмушларни, улуғ бунёдкорликларни бажараётган
Ўзбекистонимиз учун юқорида мен санаган ва санамаган, айтайлик, жами бўлиб
йигирмата нуфузли нашрни хонадонларга, ўқишга чанқоқ аҳолига етказиб бериш
ҳам чўт эканми? …Ишончим комил, ўзбек матбуоти яқин вақтлар ичида қаддини ғоз
кўтаради, ўзини ҳурмат қилган катта-кичик барибир матбуотга албатта қайтади”.
“Milliy tiklanish” газетаси бош муҳаррири, журналист Миродил Абдураҳмонов
“Матбуот, сўз эркинлиги ва ижтимоий фикрни шакллантириш ниҳоятда нозик
масала. Шунга қарамай, Президентимизнинг сиёсий иродаси билан ушбу соҳага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратила бошланди. Турлича қараш ва
муносабатларга, ҳатто қаршиликларга қарамай, сўз эркинлиги ҳимоя қилиняпти ва
бу туб ислоҳотлар пойдевори экани тан олиняпти.
Конституциявий ислоҳотларга чуқурроқ назар ташланса, бу жараён барча
соҳа ва тизимларни қамраб олаётганини кўрамиз. Масалан, 82-моддада оммавий
ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ
жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилди”, деб ёзди “Янги Ўзбекистон”
газетасининг 2023 йил 28 апрель кунги сонида чоп этилган “Янги таҳрирдаги
Конституция бизга нима беради?” мақоласида.
Мақсуд Жонихоновнинг “Эътиборсиз қолаётган шамшир” (“Миллий тикланиш”
газетаси 2023 йил 2 август) мақоласи ҳам матбуотга эътиборсизлик оқибати –
саводсизликнинг авж олгани ҳақидадир.
Публицистларнинг саёҳат йили!
Норқобил Жалил. “Ҳинд сори юзландик…” (“ХХI аср” газетаси, 2023 йил 5
январь.) Йўл очерки жанрида ёзилган мазкур публицистик асар Ҳинд диёридаги
ўзига хосликлар, жумладан, Бобурийларга муносабат билан бирга ўзимизда урф
бўлаётган жарималарга нисбатан ҳам фикр билдирилган:
“Одамлардан олинган солиқ, тўлов ёки жарималар билан хазина тўлиб қолмайди,
балки уларга яшаш ва ишлаш учун қанча эркинлик берилса, ана шунда халқ ҳам,
давлат ҳам бойийди!..” (Бу ҳинд зиёлиларидан бирининг фикри.)
Журналист Ислом Ҳамронинг “Қардошликнинг мангулик ришталари” деб
номланган йўл очерки (“Адолат” газетаси, 2023 йил 13 октябрь) ҳам диққатга
сазавор. Журналист водий орқали қардош Қирғизистонга сафар чоғида қирғизўзбек қон-қариндошлигига мисолларни келтиради.
Дарҳақиқат, туркий давлатлар бирлашиши учун бу каби ажратишларга ўрин
қолмаслиги, бунинг йўлларини қидириш зарур.
Шунингдек Ҳусан Эрматовнинг “Шушада янги ташкилотга асос солинди”,
Норқобил Жалилнинг “Энди меҳмон эмасмиз…” (“ХХI аср”), Абдирасул
Жумақулнинг “Тожикистон таассуротлари” (“Ҳуррият”), шунингдек,
Муҳаммаджон Обидовнинг “Кусто оролида 10 кун” (“Фарғона ҳақиқати”)
сарлавҳали саёҳатномаларини таъкидлаш жоиз.
Газеталарда долзарб муаммолар кўтарилган
“ХХI аср” газетаси. Нурхон Элмирзаеванинг “Оталик мажбуриятини
унутганлар… қонун сизларни унутмайди” (2023 йил 11 январь) мақоласида баъзи
“ота”ларнинг қилмишлари нима билан якун топиши мумкинлигини учта мисол
ёрдамида кўрсатиб берилган.
Рўзимбой Ҳасан. “Рўйхатларда номи йўқлар… ёки фақат бугуни билан яшашга
маҳкумлар ҳасратини ким тинглайди?” (2023 йил 26 январь). Мақола кўплаб оддий
деҳқонлардан бирининг умргузаронлиги ҳақида. “Ҳаётининг аксар даври далада
кечган ишчи, тракторчининг эртага қарилик нафақасига чиқиши бор. Рўйхатларда
йўқ, оғзаки келишув билан ишлаган бечора энг пастдан паст пенсия эгаси бўлади.
Сабаби, пенсия жамғармасида бирор марта номи қайд қилинмаган. Вилоятда
фаолият юритаётган минглаб фермер хўжаликларининг аксариятида шу ҳол.
Энг катта фермер хўжаликларида ҳам рўйхатларга номи тиркалганлар саноқли.
Қолганлари эса оғзаки ёлланганлар”.
Журналист Озод Ражабовнинг Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев билан
суҳбати “Ваъда бериш осон, лекин уддалаш қийин” (2023 йил 2 февраль).
Журналистнинг қатор саволларига жавоб бераркан, айниқса ўша пайтда содир
бўлган аномал совуқ ва унинг натижалари билан боғлиқ муаммоларнинг
қонунчиликдаги акси ҳақида танқидий фикрларини баён қилади:
Журналист Фаррух Жабборовнинг “Профессор Мустафа Демиржи: Ўзбекистон
Осиёнинг иқтисодий марказига айланди” (2023 йил 26 октябрь), Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган журналист Норқобил Жалилнинг “Таржима қироли” (2023
йил 7 сентябрь) сарлавҳали Ўзбекистон қаҳрамони, адиб ва моҳир таржимон
Иброҳим Ғафуров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Гулмира
Мусажонованинг публицист ва адиб Қулман Очилов “Азалий ҳақиқатлар” (2023
йил 2 ноябрь) билан қилган суҳбатлари эътиборга молик. Уларни талабаларнинг
амалий машғулотларида ўрганиш фойдали бўлади.
Рўзимбой Ҳасан. “Анна Герман – Урганчнинг “ўгай” қизими?” (2023 йил 3
август.) Мақолада Ўзбекистонда туғилиб ўсган таниқли қўшиқчи хотирасини
абадийлаштириш бўйича ҳукумат қарорининг бажарилмагани танқид қилинган.
Кўп ўтмай мақолага муносабат билдирилиб (“Анна Герман Хоразмга “қайтди”,
2023 йил 24 август), бу борада амалга ошириладиган ишлар бошлангани ҳақида
Урганч шаҳар ҳокимининг жавоби ва мазкур масалага тегишли бошқа ишлар
ҳақида маълумот берилган.
Журналист Рўзимбой Ҳасаннинг “Устамаси уч баравар ёхуд нега уловидан
тушови қиммат” (2023 йил 20 апрель), “Раҳимов нега ҳамон норози?” (2023 йил 27
июль), “Гуруч нега қимматлашяпти?” (2023 йил 26 октябрь), Улуғбек Ориповнинг
“Оқсув”даги оғриқлар” (2023 йил 5 октябрь), Шаҳруза Сатторованинг “Ҳаммамиз
касалмиз!” (2023 йил 20 апрель), Нурхон Элмирзаеванинг “Терминал йўқ, клик
бор! Ёхуд “Ипподром” ва “Титаник” назоратчи органлар назорат қилмайдиган
савдо марказларими?” (2023 йил 9 ноябрь) мақолаларининг сарлавҳалариданоқ
қандай долзарб муаммолар кўтарилаётганини билиб олиш мумкин.
“Ишонч” газетаси. Шаҳноза Соатованинг “Катта монополияларни жиловлаш
керак!” Нурилла Нўъмоновнинг “Энергетик муаммолар Андижонда қандай ҳал
этилмоқда?” Муҳаббат Тўрабоеванинг “Талаб қилишдан олдин шароит яратиш
керак ёхуд “Док-1 Макс” фожиасидан кейинги ўйлар”, Анваржон Ҳалимовнинг
“Янги қурилган иншоотлардан хавотирлар ўринлими?” мақолалари жамият дуч
келган муаммоларга бағишланганлиги билан аҳамиятли.
“Ишонч”да Эркин Эрназаровнинг “Репетитор нега керак?” Ҳусан Эрматовнинг
“Гап аслида муаллимларда”, Зебо Намозованинг “Ҳафталик малака ошириш
қанчага тушмоқда?” Гулрухбегим Одашбоеванинг “Бир ўқувчига атиги бир дақиқа”
мақолалари таълимимиз муаммоларига бағишланган.
Маънавиятимизга зарар келтираётган зарарли ҳодисалар ҳақида Аҳмаджон
Мелибоевнинг “Исроф”, Ғуломжон Мираҳмедовнинг “Жиноят кўчасидаги аёллар”
мақолалари долзарблиги билан ажралиб туради.
“Адолат” газетаси. Ўзбекистон журналистлар уюшмаси аъзоси Муҳиддин
Омаднинг “Маҳзуналар, маъсумалар, маҳкумалар…” сарлавҳали йўл очеркига
ўхшаб кетадиган репортажи (2023 йил 10 февраль) Тошкент вилояти, Зангиота
туманига қарашли “Боғзор” қўрғонида жойлашган 42-сонли манзил колониясидан
ёзилган. Қотиллик, товламачилик, ўғрилик, бировларнинг мулкини талон-тарож
қилиш, наркотик моддаларнинг ноқонуний олди-соттиси билан шуғулланиш, оғу
чекиш ва бошқа жиноятлари билан қамалган аёллар… Узоқ йиллардан буён шу
ерда хизмат қиладиган капитаннинг минг бора ўйлаб чиқарган хулосасидан парча
ўқиймиз:
“Бош сабабчи – ота-оналар! Улар фарзандларига яхши тарбия бермай қўйишди.
Иккинчиси – етимлик! Отаси ёки онасидан ажраб қолган бола тарбияси билан
қизиқадиган кам. Оқибатда, ҳаттоки, қизлар ҳам оғир жиноят қилишгача бориб
етмоқда. Бунинг устига “миллий” деган ниқоб остидаги маиший сериаллар ёшларни
йўлдан оздиряпти. Ҳали вақти келса, вазият бундан-да чигал бўлиши мумкин.
Мобил телефонлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Баъзи аёлларнинг ўзларини
эридан устун қўйиши, бойлик учун ўзини ўтга-чўққа уриши ҳам жиноятга сабаб
бўлмоқда”.
Ушбу публицистик асар муаллифи Муҳиддин Омаднинг 2023 йилда Намангандан
ўнтадан кўп публицистик мақолалари чоп этилганлигини алоҳида таъкидлашни
истардик. Уларнинг ҳаммаси долзарб, таҳлил ҳам бор, ўз ўрнида танқид ҳам етарли.
Шунингдек газетада чоп этилган фалсафа фанлари доктори, профессор Виктор
Алимасовнинг “Дарёлар соҳиллари сотилганми?”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
журналист Камол Матёқубовнинг “Мамлакат тараққиётининг улуғвор асослари”,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Ўткир Жўраевнинг “Сифатли
таълим учун ҳаммамиз масъулмиз” каби мақолалари долзарблиги билан ажралиб
туради.
“Маърифат” газетаси. Абдулла Аъзам “Ҳассамизни яна бир марта
йўқотмайлик” мақоласида касб таълимини ривожлантириш бўйича жуда муҳим
таклифларни киритган.
“Энг муҳими, таълим соҳасидаги ҳар қандай ислоҳот тажрибадан бошланиши
лозим. Ислоҳотчиларга теккан дард: тажриба энг яхши таълим муассасаларида,
энг яхши ўқитувчиларни танлаб ўтказилади. Бу мутлақо нотўғри, раҳбариятни
ҳам, ўзини ҳам, халқни ҳам алдаш, ҳатто кўзбўямачилик. Тажриба учун битта
яхши мактаб танланса, ўнта ўртача, йигирмата паст савиядаги мактаб ва ўқитувчи
танланиши керак. Сўнг ҳалол хулоса чиқариш шарт”, дейди жумладан муаллиф.
Нормамат Эшонқуловнинг “Таътил қишда бўлса ёхуд авлодлар ҳақига хиёнат
қилмайлик” дея сарлавҳаланган жами олтита мақоласини алоҳида тилга олиш жоиз.
Маҳмуджон Шараповнинг “Сифатли таълим: замонавий ўқитиш усулларидан
ибратли мисоллар” (Набираси Калифорнияда ўқийдиган бобонинг кузатувлари)
мақоласи ҳам ўз йўлини топишга қийналаётган таълимимиз учун муҳим аҳамиятга
эга.
Кенжахон Усмонова “Қачонгача алдаймиз бир-биримизни?! Вазир Ҳилола
Умаровага мурожаат” мақоласи фанларнинг қисқартирилиши ҳақидаги хабарни
эшитган ўқитувчиларнинг ғазаби келгани, ўқувчи барча фанларга қизиқмаслигини
бошқача йўл билан ислоҳ қилиш кераклиги хусусида. Бу мақолани ўқитувчилар
ўқимоқда, лекин раҳбарлар ўқидимикан? Ўқийдимикан? Фикрни ўқимаслик, айтса
қабул қилмаслик бугунги ижронинг энг катта муаммосидир.
“Маърифат” газетаси она тилимиз ва ёзувимиз бўйича объектив танқиду ўринли
таклифларни баъзи нашрлар каби мавсумий эмас, балки йил давомида мунтазам
бериб борган ягона нашр эканлигини таъкидлашни истардик. Мақолалардан
бирини санасак бошқаси эътиборсиз қоладигандек…
“Ҳуррият” газетаси. Собиржон Иномовнинг “Газета ўқимайдиган ҳоким”,
Ислом Асилбековнинг “Газета ўқимайдиган, телевизор кўрмайдиган, радио
ҳам керак бўлмаган ДОКТОРАНТ”, Ҳаким Сатторийнинг “Гўри Амир қаерда?”
Райимберди Хўжақуловнинг “Мурожаатга муносабат мантиқли бўлсин”,
Шарофиддин Тўлагановнинг “Муштарак мақсадлар макони” мақолалари диққатга
сазавор.
Шоҳрух Акбаровнинг “Ўзбекистонда фрион ишлаб чиқаришнинг имкони
борми?” суҳбатидан: “Тадбиркор Муҳиддин Ортиқовнинг ишлаб чиқариш билан
боғлиқ режаси амалга ошса йилига давлат хазинасига 1 000 000 АҚШ доллари
тушиши мумкин.
Биз музлаткичларнинг фрион деган кимёвий суюқлик асосида ишлатилишини
биламиз. Музлаткич эса фрионсиз бир дақиқа ҳам ишламайди, совутмайди. Бироқ
шуни айтиш керакки, фрион кимёвий моддаси дунёда саноқлигина давлатлар,
асосан Америка ва Хитойда ишлаб чиқарилар экан. Шу боис Ўзбекистонга ҳам
ушбу маҳсулот хориждан олиб келинади”.
“Миллий тикланиш” газетаси. Маҳбуба Каримованинг “Тубанлик сари “дадил
одимлаётганлар”, Аҳмаджон Мелибоевнинг “Ношир ижодкор бўлса”, “Китобларга
жо бўлган хазина”, Баҳром Ирзаевнинг “Қонхўр “учлик” ёхуд тупроққа қоришган
тақдирлар”, Фарҳод Қурбонбоевнинг “Лоқайдлик қимматга тушиши мумкин”
мақолаларини алоҳида урғулашни истадик.
“Оила ва табиат” газетаси. Шаҳруза Сатторова “Кўмир кўп, иссиқлик керак,
аммо умр-чи?” (50-сон) сарлавҳали мақоласида тўплаган маълумотларга кўра,
2023 йил охиригача 5407 та ижтимоий объектни кўмирда иситишга ўтказиш
белгиланган. Бироқ журналист танганинг иккинчи томондан қарашга чақиради:
“Ҳаво ифлослиги бўйича энг юқори ўринларга чиқиб қолаётган мамлакатимиз учун
бу қарор қанчалик фойда келтиради? Қишда совқотмаслик бадалини соғлигимиз
билан тўлаймизми? Бу орқали бир муаммони яна бир оғир ижтимоий муаммога
алмаштириб қўймаяпмизми?” деб ёзаркан муаллиф кўмирдан тарқаладиган
заҳарлар уни қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда атрофмуҳит, ҳаво, тупроқ ва сувни ифлослайди, деган фикрда.
Мансурбек Жабборов “Шармандага шаҳар кенгми? Телеканаллар масъуллари
“кўрмаётган” иллатлар” мақоласида муаммони ўрганиб, қуйидагича хулоса берган:
“Биринчи навбатда дори воситаларини назоратсиз қўллаш амалиётини тўлиқ қайта
кўриб чиқишимиз керак”.
Мансурбек Жабборовнинг “Бир ойда 300 та ўлим”, “Муносабат ўзгармас экан,
муаммога ечим тополмаймиз”, Абдукарим Авазбековнинг “Йўқотилаётган сув учун
масъулият кимнинг зиммасида?” Туробжон Абдураззоқнинг “Овознинг нархи
қанча?” Эрпўлат Бахтнинг “Емаган сомсангизга пул тўлаб қўйинг!” мақолалари
ҳам муҳим ижтимоий муаммоларга бағишланган.
Шаҳруза Сатторова ўзининг “Қарз юки остида яшаётганлар қачон қаддини
кўтаради?” сарлавҳали мақоласида масалага ўзига хос ракурсда назар ташлагани
билан аҳамиятли. Таҳлилининг хулосаси эса бугунги оддий одамлардан тортиб
ҳукумат мансабдорларини ҳам ўйга толдириши аниқ:
“Кўриб турганингиздек, нарх-наво қимматлиги, нотўғри қарашлар, ойлик
маоши камлиги каби қатор омиллар жамиятимизда кўпчилик оилаларни рационал
яшашга мажбур қилмоқда. Улар ойлик кечикишидан, ишсиз қолишдан, касал
бўлишдан қўрқади, ортиқча харажатдан воз кечади. Кундалик ташвишлардан ортиб,
90 Шарқ юлдузи
Ҳалим САИДОВ
ижтимоий қобиқни ёриб чиқишга уларда имкон йўқ, улар пул топишга мажбур.
Пул топиб, уй олиш керак, кейин машина, кейин фарзандига тўй қилиши керак,
занжир шу тарзда давом этаверади. Бу биз келтирган энг оптимал мисол. Йўқчиликка
сабр қилолмай ажрашиб кетаётган, ўн йиллардан буён ижара уйларда яшаётган,
кредитларни вақтида ёпа олмай, қарзга ботаётган оилалар ҳам, афсуски, топилади.
Бу каби оғриқлик саволлар кўп. Давлат ва нодавлат ташкилотлари ғамхўрлигида
қилинаётган амалий ишлар ҳам кам эмас. Аммо… одамларнинг реал турмуши
қачон амалда қарз юкидан қутулиб, қаддини ростлай олади? Шу савол кўпчиликни
ўйлантиряпти…”
Саида Ибодинованинг “Диққат! Навбатдаги “oгоҳлик қўнғироғи”, “Ҳақ
сўзни айта олиш имкони”. Туробжон Абдураззоқ, Эрпўлат Бахтнинг “Бутефос
“қабристонлари” фожиасига чек қўйилишидан умидвормиз”, Саида Ибодинованинг
“Йўқотилаётган авлод ёки гаджетларга қарам болалар: бизни нима кутмоқда?”
Мансурбек Жабборовнинг “Док 1 макс”нинг мурғак қурбонлари қайтмайди,
аммо биз бирор жиддий хулоса қилдикми?” мақолалари ҳам куннинг муҳим
муаммоларини тафтиш қилганлиги билан аҳамиятлидир.
“Жамият” газетаси. Ҳусниддин Бердиевнинг “Рецепт – ажалга йўлланма-ми?”
Жавлон Жовлиевнинг “Дор”идан омон чиқиб бўлмайди”, Барно Султонованинг
“Маънавият кимга керак – бозорчига, ёшларга… амалдорга-чи?” Мансурбек
Жабборовнинг “Бола ўғрилари ёхуд ёлғон ахборотни тарқатишдан мақсад нима?”
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шарқ юлдузи” ва “Звезда Востока”
журналлари Бош муҳаррири Сирожиддин Рауфнинг “Бир йигитнинг қирқ бир
ҳунари” мақолалари йилнинг энг яхши мақоласига лойиқдир.
Ҳусниддин Бердиевнинг “Рецепт – ажалга йўлланма-ми?” мақоласидан
журналист таклифларини ўқиймиз: “Хуллас, бу соҳани тезкорлик билан жиддий
ислоҳ қилиш керак. Одамлар ҳаётини бизнесга тикаётган “фармацевтика
магнатлари”ни жиловлаш вақти етди.
“Нима қилиш керак?” дер экан муаллиф қатор таклифларни ўртага ташлайди.
“Yoshlar ovozi”. Биз учун яна бир топилма муаллиф – Шаҳруза Сатторованинг
“21+” мақоласида Ўзбекистонда ўн бир йил аввал жамоат жойларида тамаки
чекишни чекловчи қонун қабул қилиниб, жарималар миқдори аниқ белгиланган
бўлса-да, жамоат жойларида чекиш, тамаки ва алкогол маҳсулотлари
чекловларсиз сотилаётгани, алкогол маҳсулотларини қарзга бериш, грамлаб ёки
вояга етмаганларга сотиш авж олгани, бирор сотувчи харидорнинг ёши билан
қизиқмаслиги каби келажакда катта фожиаларни келтириб чиқаради дея бонг
уради. Журналист турли жарималарни қалаштириб ташлаётган идоралар эса
чекиш борасидаги қоидабузарликларни ҳисобга олмаслигини аниқлаган ва
тегишли хулосасини баён этган:
“Кўриб турганингиздек, юқоридаги каби қонунлар ўн йиллардан буён ишламай
келади. Хўш, янги таҳрирдаги қонун ҳам “Ҳай дегани хожаси йўқ” қонунлардан
бўлиб қолаверадими? Ўзи масъуллар ичида кимдир ижро механизми, амалдаги
натижа ҳақида ҳам ўйлайдими?”
Шу муаллиф мақоласининг яна бири “Аршни ким ларзага солмоқда?” деб
номланган ва сарлавҳанинг ўзиёқ ҳар қандай маърифатли қалбни ҳушёр торттиради.
Ғарбни танқид қиламизу бироқ ажримлар борасида ортда қолмаётганимиз
сезмаймиз, дейди ва статистика маълумотларини биз катталарнинг юзимизга
солади. Ўзбекистонда 2022 йилда ажримлар сони:
№ 2 2024 91
Таҳлил, талқин, таклиф
“48,7 мингтага етиб, сўнгги 5 йилда сезиларли кўпайган:
2018 йилда 32,3 мингта;
2019 йилда 31,4 мингта;
2020 йилда 28,2 мингта;
2021 йилда 39,3 мингта.
2022 йилда ажримларнинг 50,5 фоизи ёш оилалар ҳиссасига тўғри келган. Ёш
оилаларнинг ажралиб кетишига 41 фоиз ҳолатда характерлар мос келмаслиги,
13 фоиз ҳолатда бефарзандлик, 15 фоизида моддий қийинчиликлар, 34 фоизида
учинчи шахс аралашуви, 25 фоизида зарарли одатлар сабаб бўлган”.
Шунингдек Шаҳруза Сатторованинг “Биз касалмиз”, “Мактаблар
етишмовчилиги. Бир миллиондан ортиқ ўқувчига ўрин йўқ”, “Соябонсиз,
ўриндиқсиз бекатлар”, “Гул экиш учун икки миллиард. Пойтахтда гул экишдан
муҳимроқ иш йўқми”, “Алифбодаги тўртта ҳарф ўзгармоқда: бунинг ортидан
жамиятда қарама-қарши фикр ва баҳс-мунозаралар келиб чиқди”, “Ёш оила:
топгани – қарзга”, “Қишда яна қалтираймизми?” “Фалажланган тизимга
навбатдаги зарба” каби мақолаларининг ҳар бири жамиятдаги муаммоларнинг
жамоатчиликка олиб чиқилгани билан аҳамиятли.
Зиёда Раҳимбоеванинг “Янги семестр: Пойтахтда талабаларни нима кутяпти?”,
“Бизда китоблар қимматми?” “Ўз андозамизни қачон яратамиз?” “Талаба
ошхонаси: Нарх муҳимми, саломатлик?” (11-сон) каби мақолалари ҳам диққатга
сазавор.
Журналлар ҳам авжда
“Маънавий ҳаёт” журнали. “Умрни маънога тўлдирмоқ завқи”. Шодмонқул
Саломнинг шоир Хуршид Даврон билан гурунги (2023. № 1) суҳбат жанрининг
барча афзалликларидан фойдаланганлиги ва энг асосийси, инсонни фикрлашга
ундагани билан аҳамиятлидир.
Ориф Толибнинг “Тарозининг икки палласи: миллий тил ва миллий тафаккур”
сарлавҳали таҳлилий мақола. (2023. № 1). Атамашунослик, четдан сўз олиши
масалалари, электрон луғат яратилмаётгани борасида муаммолар кўтарилган.
Таниқли ёзувчи Назар Эшонқул “Фикрни маърифат уйғотади” мақоласида
фикрлашдан қочаётган, эринаётган авлод дунёқараши ва унинг оқибатлари ҳақида
долзарб мавзуни кўтарган: “Фикрни маърифат уйғотади. Маърифат ўстиради.
Маърифат янгилайди. Кераксиз бўлиб қолганда алмаштиради. Фақат идрокка
қурилган маърифатгина, билимгина, китобгина, китобга бўлган муҳаббатгина…
фикрсизлик ва дидсизликдай балодан асрай олади”. (2023. №3). Бу мақоладан бир
парча, холос. Уни уқиб ўқиш шарт.
Ўтган йил шундай фурсат бўлдики, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев
ҳақида кўп ёзилди. Шоир ва муҳаррир Эшқобил Шукурнинг “Тоғ ҳайқириғи”
очерки, аввало, самимийлиги, шу билан бирга, баланд пардада ёзилганлиги,
дардлилиги, эътирофлари билан ёдда қолди.
“Шарқ юлдузи” журнали. “Шарқ юлдузи” журналида ҳам бадиий-публицистик
жанрларга алоҳида жой ажратилган. Улар орасидан мактуб жанрида ёзилганларини
таъкидлаш ўринли бўлади. Дастлаб ёзувчи ва муҳаррир Нуруллоҳ Муҳаммад
Рауфхоннинг ёзувчи Қудрат Дўстмуҳаммадга йўллаган “Жинлар базми ёхуд катта
ўйин” сарлавҳали мактуби ҳақида икки оғиз сўз. Мактубда Абдулҳамид Исмоилнинг
92 Шарқ юлдузи
Ҳалим САИДОВ
“Жинлар базми ёхуд катта ўйин” романи ва унинг ўзига хослиги ҳақида фикр
юритилади. Асарни ўқиш тарихи, Қудрат Дўстмуҳаммад иштироки, муносабати,
фикрлари, ниятларию уни аввалроқ амалга оширган мактуб муаллифининг тасвири
ажиб шаклни вужудга келтирган.
Россия давлатининг Москва-Переделкино манзилидан Шерзод Комил
Халилнинг ёш ўзбек ёзувчиси Азизбек Норовга юборган “Азал ва абад йўли”
ҳақида”ги мактуби ҳам ўзига хос. Муаллиф янги яратилган қиссага ўзининг ҳам
ижобий, ҳам танқидий фикрларини билдирадики, бундай холис муносабат ёш
ёзувчининг ривожланишига ҳисса бўлиб қўшилиши, шубҳасиз.
Шунингдек журналда эълон қилинган улуғ шоиримиз Рауф Парфи ҳаёти ва
ижодига бағишланган “Суюк ва буюк шоир” эссе (муаллиф Сулаймон Раҳмон)
ўзига хос ёндашуви билан ёдда қолади. Муаллиф хулосасидан бир чимдим:
“Унга тириклигида айтмаган гапларимизни энди айтишдан нима фойда деган
хаёлга ҳам бораману, ҳечдан кўра кеч яхшилигига амин бўламан. Бошқаларни
билмадиму, мен учун Рауф Парфи мутлақо ўзига хос феъл-атворли, ўз дунёқараши
ва эстетик принципларига эга туғма шоир – Худо берган шоир. Жаҳон адабиётида
сонетчилар кўп. Петрарка, Шекспир, Рильке сонетлари зўр. Аммо, назаримда,
Рауф Парфи сонетлари теранроқ, гўзалроқ, соҳирроқ, эҳтирослироқдай. Унинг
шахсиятини билмаса-да, соҳир шеъриятига ошно бўлган мухлиси бор-ки, ушбу
фикримга қўшилади.
Адиб ва муҳаррир Сирожиддин Рауфнинг “Шоир ижоди ўзбек тилида” мақоласи
эса улуғ турк шоири, Ватан, халқ мустақиллигига бағишланган давлат мадҳияси
муаллифи, турк адабиётидаги Жумҳурият даврининг ёрқин намояндаси Меҳмет
Акиф Эрсўй фаолияти ҳақида ҳикоя қилади. Ўзбек муштарийларга шоирни
танитади.
“Меҳмет Акиф Эрсўй ҳақиқатан ҳам ватанини, юртини, халқини куйловчи
шоир. У замонавий турк шеъриятининг тараққиётига ўз ижоди билан улкан
ҳисса қўшди. Янгича фикр, янгича талқин шоир ижодининг ўзига хос жиҳати
ҳисобланади. Ватан озодлиги, халқ озодлиги шоирнинг энг катта орзуси бўлган.
Ҳуррият орзуси фақатгина ўзбекнинг эмас, балки бутун туркий халқлар орзуси
эди. Бу мавзудаги шеърлар Эрсўй ижодига ҳам бегона эмас эди. Унинг “Инсон”,
“Истибдод”, “Ҳуррият”, “Уйғон”, “Берлин хотиралари”, “Шарқ”, “Кеча”, “Ҳижрон”,
“Жанг қўшиғи” каби бир қатор шеърларида турк халқининг орзу умидлари қаламга
олинади”.
Хулоса 2023 йил публицистикасида иқтисодий мавзуга кам эътибор
қаратилганлиги сезилди. Демак, бу соҳада ихтисослашув ишларини олиб
бориш учун ижодий мактаблар яратиш, уларга иқтисодий билими юқори бўлган
мутахассисларни (раҳбарларни эмас) жалб этиш, алалоқибат монополчи ва унинг
натижасида келиб чиқадиган коррупционерларни фош этадиган журналистларни
тайёрлаш навбатдаги вазифамиздир.
Шундай бўлса-да, босма нашрлар “ўлган эмас”, улар имкони борича яшаш учун
курашяпти, жамиятдаги барча муаммоларни имкони қадар ёритяпти. Нашрлар
таҳририятлари таниқли публицистлардан ҳам фойдаланяпти. Бу ишларни
кучайтириш учун фақат ва фақат ҳукуматнинг ва албатта, жамоатчиликнинг
эътибори зарурдир.