Ёркитоб
Кӯзларингни варақлаб чиқдим,
Сӯзларингни варақлаб чиқдим.
Гоҳи атлас, гоҳида эса,
Бӯзларингни варақлаб чиқдим.
Гоҳ ором, гоҳ шитоб экансан,
Гоҳ ундов, гоҳ хитоб экансан.
Ӯқиб чиқдим, эй ёр, сартопо,
Ӯқимишли китоб экансан.
Саккизлик
Ҳижрон бордир айрилиқ бордир,
Армон, алам, ахир нетайин.
Бисотимда шулар бор эди,
Узр, энди мен ҳам кетайин:
Тугунлайин ҳижрон юкини,
Айрилиқни орқалаб олай.
Чӯнтагимга солай армонни,
Аламимни сӯмкага солай.
Ҳануз…
Сен ҳануз йӯлдасан, қаршингда очун,
Гулга ҳам, хорга ҳам харидор, совчи.
Ҳануз чамандаги булбулга мафтун,
Ҳануз қора-қура зоғга тингловчи.
О, сенга бегона савмаа-салот,
Бахмал жойнамозинг – чексиз дала-туз.
Карвон силжишини кӯрасан бот-бот,
Итлар ҳуришини тинглайсан ҳануз.
Ичимдаги…
Ичимдадир дунёлар жанги,
Ташқарида на тутун, на дуд.
Ичимдадир уч фасл ранги,
Ташга чиқмас кузги зарандуд.
Армон лойин армонга улаб,
Ӯз ичимда девор қурибман.
Ичимдаги ичимга қулаб,
Кетишини кутиб турибман.
Омад кулмади
Омад, сенга топмадим қалов,
На чеҳранг бор, на қад-қоматинг.
Умрим бӯйи бир сидра, бирров,
Мен томонга кулиб боқмадинг.
Омад, энди хом хаёл суриб
Кулишингни кутиб нетаман?
Энди ӯзим қаҳқаҳа уриб,
Устингдан-да кулиб кетаман.
* * *
Бир исмим – тонг, бир исмим – шомдир,
Бир қисмим – оқ, бир қисмим – қаро.
Вақт юрар ҳайбатли – қодир,
Менинг қаро-оқ исмим аро.
Ушбу илиқ иккита калом
Хуш ёқадир жону дилимга.
Бир исмимга бергайсан салом,
Хайр дегил бошқа исмимга.
Келиш ва кетиш
Мен биламан хазон кетади,
Кейин гуллар келади албат.
Ва бир умр давом этади,
Келиб, кетиш навбатма-навбат.
Гулни қидир баҳор фаслида,
Хазон жойи кузнинг ичидир
Келиш билан кетиш аслида,
Бир риштанинг икки учидир.
Сайфулло ҚУЛАЕВ — 1960 йилда туғилган. Душанба шаҳридаги Мирзораҳмат
Олимов номидаги Республика Рассомлик билим юртини тугатган. Тожикистондаги ўзбек
мактаблари учун “Она тили” дарслик китоблари муаллифи. Шоирнинг замонавий тожик
адабиёти номояндаларининг бир нечасини ўзбек тилига таржима қилинган “Дилдан
дилга” деб номланган китоби чоп этилган.