•••
Қари итдай ғингшиб, улийди шамол,
Деразам кўзидан боқаман аста.
Чопонин елкага ташлаб бемажол,
Эски йил кетмоқда, эгик бўй басти…
Бонг уради соат ўн иккига нақ,
Ҳовлиқиб эшигим қоқади биров.
Остонадан уйим кулгига тўлар,
Янги йил киради, шодон-шўх, асов.
Азалдан бу чархнинг эртаги мунгли,
Келиш доим қувонч, кетиш эса ғам.
Тангрим, менга шундай қисмат битгинки,
Қаҳ-қаҳ отиб кулай кетишимда ҳам…
•••
Cенда йўқ атиргул сумбати, кўрки,
Лоладай гўзалмас, қоматинг расо.
Ёлғон дунёларда кўнглимнинг дўсти,
Қалбим яросига малҳамим ҳулво.
Гулмисан, майсами, ё андуҳ-титроқ,
Нафис бўйларингдан яйрайди дилим.
Онамнинг исини таратган япроқ,
Отамни сўнгйўлга кузатдинг сўлим.
Сен Ҳақнинг ердаги жаннатий гули,
Самбиттол тагида ниш уриб баҳор.
Дунёга чинқириб келганим куни,
Бешигимда хушбўй таратдинг илк бор.
Тириклик юкини ташласам ҳориб,
Чорласа чин дунё-гардуни маъво.
Бир кун албат хоки туробим қориб,
Тупроғимдан униб чиқасан ҳулво,
Юрагимдан униб чиқасан ҳулво.
Гулмисан, майсами, андуҳми ё оҳ…
•••
Ташқарида изиллайди қиш,
Қор ёғар латиф ва беғубор…
Ичкарида ўйим фаромуш,
Хаёлларим саркаш, беқарор.
Ташқарида бир нафис, маъсум,
Пағалаб ёғади оппоқ қор.
Деразамга бош қўйсам маҳзун,
Мўралар хотирлар умидвор.
Сўнг чорладим секин пичирлаб,
Истагим терс бўлиб аҳдимга.
“Келсайдинг… қор парчаси каби,
Эриб тушармидим кафтингга…”
Кечмаган, ўтмаган кунларим,
Унутиб гинаю зардасин.
Умидвор кўнглимнинг юз йиллик,
Юлқирдим замҳарир пардасин.
Қароғимда минг асрлик мунг,
Йўқ ҳазин туйғулар тўзими.
Йўқотганим – соғинчларим гунг,
Сен келсанг, топардим ўзимни…
Ташқарида иззиллайди қиш,
Кимдир эшик қоқар оҳиста…
•••
Бу саҳар орзиқиб дийдорингга маст,
Сен томон ошиқдим, ҳайратим тенгсиз.
Юрагим эпкини тинмас бир нафас,
Сулувим, суйганим, эй мовий денгиз!
Маҳталман, сенингсиз туйғулар кемтик,
Зангор суҳбатимиз кутдим кўп узоқ.
Ахир минг йил дилдош, қадрдон эдик,
Изларимни қумда асрабди қирғоқ.
Кўксимда зўр соғинч, ҳисларим чанқоқ,
Кўпирган тўлқиндай ҳайқириб елдим.
Милёнта туйғулар чорлади, бироқ,
Баридан кечдиму сен дея келдим.
Келдим, армонларни қолдириб доғда,
Пешвоз чиқдинг чорлаб долғали уммон.
Борми мендай далли, қалби алағда,
Ҳатто тушларида кўргучи аён.
Кел! Бағримга босай, меҳрингни туяй,
Қулоғингга айтиб берай ҳикоям.
Менинг каби маъюс, сен каби жўшқин,
Яна севгимиздай у бениҳоя.
Сулувим, суйганим, эй мовий денгиз!
•••
Ишқ дегани қадаҳ ичинда шароб,
Ичдиму аҳволим айладим хароб.
Не кун, тийнатимни қамрар изтироб,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?
Далли юраккинам, девона юрак,
Севиб қолган масту мастона юрак.
Соғинчдан ғарибу бечора юрак,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?..
Ичимга чўғ тушди, ичимда оташ,
Хаёллар беқўним, ўйларим саркаш.
Дардимга бир қалам, бир қоғоз дардкаш,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?..
Излаб толса кўзларимни кўндирай,
Ашъор битиб сўзларимни кўндирай,
Лек кўнгилни энди қандоқ кўндирай,
Сиз ҳам мени шундай соғинасизми?..
Зилола ХЎЖАНИЁЗОВА – 1973 йилда туғилган. Қарши давлат университетининг филология факультетини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини тамомлаган. Ижодкорнинг “Юрагимда бир гул ўсади”, “Дил шеваси”, “Кўнгилга йўл”, “Ҳулво” (Туркия), «Соғинч шивирлари». “Аксиома”, “Кел, эй дўст” (Озарбайжон) шеърий тўпламлари ҳамда “Публицистика ва ёшлар маънавий идеали”, “Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик назорати”, “Глобаллашув шароитида ёшлар маънавияти”, “Оила – тарих ва тараққиёт силсиласида” номли илмий-публицистик рисолалар муаллифи.