Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

МОМОҲАВО ДАСТХАТЛАРИ

Ибодат РАЖАБОВА



Бухорода қоқигулнинг пишиб, шамол билан учиб юрган меҳмонакларини
“Момоҳаво дастхатлари” дейдилар. Бу – онам қўйган ном. Онам боғ йўлагидан,
ҳовли юзидан, пишган ҳинозорлар майдончаларидан учиб юрган меҳмонакларни,
озғин, қуршаган, кафти чизиқлари кўп қўллари билан тутиб олиб, кўйлагининг
ёқасидан қўйнига солиб юборади. Унинг ҳаракатлари, ўта соддаликларини кузата
туриб, ҳайратланаман. “Она бу нима қилганингиз десам, паст овозда қўшиқ
айтгандай жавоб беради. “Бу момоҳаво дастхатлари, кун бўйи мен билан юрсин”,
дейманда, болам.
Бир куни Гулжамол Асқарова Бухорога, бизнинг уйга келди. Ўтирдик. Етти Пир
айландик. Шеърхонлик қилдик. Кечқурун ётар пайти онам кўрпалар рахтидан янги
ёстиқ чиқариб берди. “Боши остига қўй, шеърлари қоқигулнинг меҳмонаклари –
Момоҳаво дастхатларига ўхшар экан. Хуш кўрарим меҳмонакларга”, деди. Кечаси
билан ўйлаб чиқдим. “Момоҳаво дастхатлари”. Онам биттага ҳис этган хилқатни
нега мен чуқур англаб етмабман. Ярим кечаси қўшни хонага ўтиб, Гулжамол
Асқарованинг шеърларини қайта ўқиб чиқдим.


“Мен Сизни кўрмадим, неча кун бўлди,
Неча кун кулчадек куйди тунларим.
Ўлди, ўртамизда нимадир ўлди,
Мен фақат йиғладим,
Ҳукмлар берибсиз, “Ҳаммаси тамом!”
Ҳаволар етмади, фақат ютиндим,
Бас, мени унутинг, энди батамом,
Ўтиндим…
О, кўнглимни эмас, ғамни ўлдиринг,
Ишқни ўлдирмоққа устасиз, ахир.
Азизим, ёқутим, Сиз шарҳлаб беринг,

Бу нечун тақдир?
Қисмат китобимиз топганда завол,
Янги саҳифадан бошлаб бўлмасми?
О, Сиздан айрилган ҳар қандай аёл.
Ўлмасми?
Азизим, энг ёруғ манзилга етинг,
Кетаркансиз қалбга қайғунгиз тўлди.
Илтимос, Сиз мени ўлдириб кетинг,
Яшагим келди!”
(“Яшагим келди” шеъри)


Қандай тиниқ шеърий якун:


“Илтимос, Сиз мени ўлдириб кетинг,
Яшагим келди”.


Шеърдан шеърга ўтаман. Ҳайратим ичимда сиғмайди. Тафаккур тарозилари юк
олади. Худдики Афросиёб миниб юрган оқ туя излари Варазруд (Мовароуннаҳр)
бўйлаб учиб юргандай:


“Қай бирининг қалами илоҳий нур таратар,
Қай бирининг қалами кўзга кирар чўб бўлган.
…Сизлардан гина қилиб, ўзим йиғлаб юрибман,
Қачон уйқу элтди, қирқ йил ухлаб юрибман”.
(“Шоир ва “шоир”лар шеъридан)


Хайрият-е шоира энди 40 йил ухлаб юрганини тан олибди. Бу ҳам 30 фоиз
қаҳрамонлик. Қани энди бу қаҳрамонликлар минг йил олдин 100 фоиз бўлганида
эди, Алп Текин лашкарининг сафи кенгаярмиди. Широқ қулоқ, бурнидан
ажралмасмиди? Камол Хўжандий Мўғул босқинида ўз юртидан қочиб, ўзга юртга
кетмасмиди. Шайх Нажмиддин Кубро бир қўлда танидан жудо бўлган боши,
бир қўлда байроқ билан 100 қадамча олдинга бориб, юзтубан йиқилмасмиди?
Бадавий ёғийлар, тупроғи олтин юрт хуржунга мутлақо сиғмаслиги ҳақиқатини
олдинроқ тушуниб, қабргадо бўлмасмидилар. Вардон Худот саждалари қуёшга
етиб, маъбадлар гўрхона эмас, гулхона бўлармиди. Шоиру шоираларнинг 100
фоиз ўзига келиб, уйғоқ юришлари мушкул эканда-а!!!


“Азал-абад бирлашган тонгда,
Ишқ ичарман, ичмасман қасам.
…Қилганидан юз бурмас фалак,
Кўрсатганин айтаман мен ҳам”.
(“Ҳуштакли хиргойи” шеъридан)



Мисра кетидан мисра, шеър кетидан ғазаллар, ғазал ортидан байтлар исёни.


…Эй, юраги доғсиз зоғгинам,
Овозини йўқотган жарчим.
Юрагимда қолган эй гинам,
Ўзидан бехабар хабарчим.
Ваҳ, оловсиз қолган ўчоғим,
Эй, қадрли, хорим, абгорим,
Ваҳ, мағзидан айру пучмоғим,

Эй жонимга келган жабборим…
…Эй, соҳибин тополмаган тож,
…Эй, гадога тўланмас божим.
…Эй, ўлимни билмаган ўлим…
…Бошимда гир айланган қилич,
…Томоғимда турган ҳиқичоқ”.
(“Ўзимнинг хиргойим” шеъридан)


Отамнинг самани қишлоқни тортиб йўлга тушгандай, укамнинг тулпори бобом
ўтқазган шамшодлар устидан сакраб ўтгандай, момом хуш кўрган оқ балхий
тутлар меваси дув-дув тўкилгандай бўлади. Мен шеър ўқийман.


“…Ҳаммам менинг, ҳеч кимим менинг
Гуноҳлардан қўрққан қўриқчим
Бировларга йўл кўрсатгану,
Ўз йўли йўқ, йўлгир, йўриқчим.
…Самарқанддан ўтадиган йўл,
Бухородан қайтадиган йўл,
Туташмоқни истаб мен билан.
Лекин… Асрий хатодан қўрқиб,
Ишқдан, аксу садодан қўрқиб.
Ва бандадан, Худодан қўрқиб,

…Жим аразлаб кетадиган йўл.
…Ва Худога элтадиган йўл,
Бу Сенсан!!!”
(“Сенинг таърифинг” шеъридан)


“Шамнинг шуъласида
Ўйнаётган нур
Ўзини ўлдирган
Парвоналарнинг
Ҳаққига тиловат қилганин кўрдим”.
(“Сени кўрдим” шеъридан)


“Қайғунг Бухоро қадар қадим,
Руҳинг энди туғилган гўдакдек маъсум,
Ишқингдан ҳомилам бор,
Лекин туғишни билмас аёлман,
Кечир…”
(“Сен…” шеъридан)


Хонанинг ҳавоси тугаб бораётгандек, тўрт девор кесакдан туғилганини
унутаётиб, эриётгандек, дарпардалар занданача зотидан кечиб, деразадан чиқиб
кетаётган каби туюлди. Чопиб чиқиб, айвон чироғини ёқдим. Ҳаво айланиб,
нонжийдалар ҳидидан тўлдими, билмадим. Кимдир ҳовлимиз томларини
қаричлаётгандек. Демак, “Момоҳаво дастхатлари”ни хонада ўтириб ўқиш
рисолага тўғри келмас экан… Мана бу шеърни ўқигандан кейин ҳис этдимки,
Гулжамол Асқарованинг шеърларини аслида зоти кесак бўлган хонада ўтириб
ўқиб бўлмас экан. Хона торлик қилади, ташқаридаги дунё эса унга ҳамоҳанг…


“Бир пайтлари мен қандоқ зўр шоир эдим,
Бир илоҳий рутбаларга доир эдим.
Шону шуҳрат мансаб менга керакмасди,
Онамнинг бир кулгусидан бойир эдим.


Ўша пайтлар қуёшга ҳам қарардим тик,
Кўзларим ҳам ёшланмасди ҳозиргидек.
Мени-ку бир хас ҳам кўзга илмасди, лек,
Мен ҳаммага қоил эдим, қоил эдим.


Тупроқ ўйнаб кўклар билан тиллашардим,
Фаришталар, парилар ҳам қўллашарди.
Қалбу кўнглим халқнинг пойида яшарди,
Гарчи тожу тахтларга кўп мойил эдим…”

(“Бир пайтлар, бугун…” шеъридан)


Шоирнинг ўзини англаб, ўқиб билиши “Худодан Худони сўраш” бўлса керак.
Румий ҳам “Ичимдаги ичимдадир” деган-ку. Айримлар ташқарисини кўриб
ичкарисини кўриб билмайди. Уларга қизил ниначининг 800 та кўзини совға
қилсанг ҳам натижа – ноль.
Гулжамол Асқарова шеърлари мутолаасида варақлар назм аралаш ёғду таратиб, Сизни шодкомлик томон етаклайди, чоғи…

“Чоғинг етмас чоғи чоғланмоқликка,
Руҳинг руҳим билан боғламоқликка.
Юрагим кўникди доғланмоқликка…


Илкимга илк бора кафтингни чиздим,
Соямда соянгнинг тафтини сездим
Кези келганда ёлғиз, жим кездим…


На илож шодликлар ноилож қолди,
Кўзингни оч, кўксим ишққа оч қолди,
Руҳим айвонида қалдирғоч қолди…


…Зиёни борми ҳеч нурни, зиёни,
Дунё деб, дунёга сарфлаб дунёни, Рўёбга чиқармай ўтдик рўёни…


Кўнглим кўҳна ғамга кўниккан, кўнган,
Сўнгаклар ичида иликлар тўнган.
Шамларни ёқай деб пиликлар сўнган…”
Ё Худо!
(“Тасуввурлар” шеъридан)


Тонг отди. Айвон чироғи ўчирилди. Шабнам оғушидаги борлиқ бир муаттарлик
бахш этди. Онам бухорий мусичаларга шожўроб уруғи сепишга тушди. “Бу –
Ҳобилга”, “Бу – Қобилга”, “Бу – Обилга”.
– Шишга қани? Шиш нур шимадими, она!
– Бу Шишга кўпроқ бўлсин, – деб ҳовучини тўлдириб, шожўроб уруғи сепди
онам, қушларга.
Бир муддат ўтмай ҳовлини сариёғ қўшилган сутчой ҳиди тутди. Мурч, олма
дарахти шохакчаларининг пишган сутдаги ҳиди, бетакрор… “Бу Гулжамол
Асқаровага “Момоҳаво дастхатлари” учун дедим, ичимда…
Ҳобил, Қобил, Обил, Шиш – Момоҳаво ўғилларининг исмлари. Ҳар
эрталаб онам улар номини бир-бир тутиб, мусичаларга дон сепади. Дастурхон
ушоқларини тўплаб қўйиб, тушликда мусичаларни сийлайди. Момоҳаво ўғиллари
оч қолмасликлари керак экан. Улар руҳи бухорий мусичаларга кўчган эмиш.
Мулла Абдуқодирнинг қизи Биби Жавҳар бу эртагига отамни ҳам ишонтирган,
чоғи. Содда отам деразадан қараб туриб, меҳмонакларнинг учиб юрганини
кўрса, онамга: “Туринг, Момоҳаво дастхатлари келди. Сизга хушхабар бор-ов.
Катта ўғлингиз болалари билан шаҳардан келадиганга ўхшайди, туринг, – дейди.
“Ички ишонч ҳам туғма башоратда, фурсат ўтмай ҳовлини шаҳарда ўсаётган
болаларнинг қий-чуви тутиб кетади. Тут ёғочи зарбидан оқ қандак ўриклар дувдув тўкилади…”
Мен Бухоронинг Бисбирий номли далаларига пахта териш баҳонасида бориб,
Момоҳаво дастхатларини ўқийман. Бисбирий – Баски Бирулони дегани экан.
Бирулон Афросиёбнинг турк вазири. Жуда жасур бўлиб, Бухоро ҳудудида кўплаб
ариқ, шаҳарлар қуриб кетган. Фирдавсий айтадиким: Худо назари тушган инсон
супуринди, иту битлар билан тенг бўлмаслиги керак. Абадзиндалик тарозиси
синади деб…


“Парвонаман, дўстлар, нетайин.
Оловида куйиб боряпман.
Қанотларим куйгани сари,
Мен оловни суйиб боряпман.
…Осмон еру ер осмон бўлди,
Қувончларни сотиб олди ғам.
Ёритарми менинг кўнглимни
Ўз тубини ёритмаган шам.
…Токи Сени безовта этмай,
Токи мендан қолмасин ғубор,
Илтимосим эй, шамим мени.
Заррамгача куйдириб юбор”.

(“Эй шам” шеъридан)


Ҳақиқий шоирда ғубор қолмайди. Йўқ ҳам. Чунки мисра, радифлар илоҳий
кучи ғуборларни ювиб кетади Дажла дарёсидай. Шул сабаб ҳам менинг ичичимда сиғмаганидай, Гулжамол Асқарованинг ҳам ичидаги шеърлари ташқарида
сиғмайди, Момоҳаво дастхатларидай. Учиб юради манзил, макон, замонни тан
олмай, Машраб ғуссаларининг рангидай мовий. Осмонни ундан, уни осмондан
фарқлаб бўлмайди. Мовий, мовий, мовий.


“Тунлар ухлатмади муножот завқи,
Муқаддас каломнинг жунунваш шавқи,
Илоҳий илҳомнинг сурурли савти,
Тошларга босилган изимда қолди.
…Билдимки, итоат қутқарар фақат,
Энг гўзал ибодат қутқарар фақат.
Унутсам ҳисоб бор, китоб бор, албат,
Художон, ҳаммаси эсимда қолди.
(“Эсимда қолдим” шеъридан)


Шунисига ҳам шукур. Покистонда туғилиб, дунё шоирига айланиб қолган
Муҳаммад Иқбол:


Шоир андар синаи миллат дил аст,
Шоири бемиллат чун мушти гил аст.


(Шоир миллат кўксида дилдир.
Миллатсиз шоир бир ҳовуч гилдир)


“Жуда оқил, жуда ҳушёрмиз,
Бечорамас, жуда ночормиз.
Ҳамма жойда тайёрмиз, бормиз,
Девоналик етишмас, бизга.
…Томирларда қонлар тўнганми?
Ичдаги байроқлар синганми?
Бори ёруғ шамълар сўнганми?
Парвоналик етишмас бизга!
(“Бугунги шоирлар” шеъридан)

Шеърдаги “Ҳамма жойда тайёрмиз, бормиз” мисрасига тожик тилидаги
“обсофкунакмиз”, ёқиб “Ичдаги байроқлар синганми” мисрасига “Бор бўлса,
синар-да”, деб аразнамо жавоб ёзиш мумкин эди. Лекин:


“Қамчи тушмай ишимиз доддир,
Жунун, жазба, завқ, шавқ бот-ботдир.
Тупроқ бўлмоқ шарафи ётдир,
Остоналик етишмас бизга.
…Жонга тегди мудом пастдалик


мисралари билан мана бу:


“Дийдиёдир ишимиз ҳар кун,
Биздан ҳеч руҳ оларми очун.
Чиндан шоир бўлмоқлик учун
Вайроналик етишмас бизга…”


каби шеърий интиҳони ҳам васажжуфт қилдик. Ишимиз шунақа, ора-ора
муаллими сонийлик ҳам фойда қилиши гумон эмас, ҳақиқатлигича қолаётир.
Қачон Пешкўга онамдан хабар олишга борсам, “Кўнглим бир ёришсин,
Момоҳаво дастхатларидан ўқи, ёнингдами”, дер эди. Кулиб-кулиб, маъюсланибмаъюсланиб Гулжамол Асқарованинг шеърларини ўқирдик. Кейинчалик
кўзлари хира тортгач, эшитишга таянди. Бир куни онамнинг севимли шоираси
Гулжамолнинг 18 ёшларида ёзган шеърини ўқидим.


Ўлсам…
Дунё, этагингга ўралиб эмас,
Сендан йироқларда хор бўлса таним,
Ҳеч ким билмай қолса…
Отамнинг қурисин деб офтобга ёйган.
Пайтаваси каби унут бўлсайдим,
Онам қўшни сўраганда бериб юборган,
Бир коса унидек унутилсайдим…
Ҳеч ким йиғламаса, озорланмаса,
Барининг эсидан чиқиб кетсайдим.
Шабнамдек тупроққа сингиб кетсайдим,
Майсалар шивирлаб қолса ортимдан
Мен шундай ўлсайдим,
Шундай ўлсайдим…
(“Энг гўзал истак” шеъри)


Шу ерда келганда онам тиззасига уриб, кулди: “Нима, Гулжамол Маҳмуд
Ялавочга шеър ёзибдими, у мўғулларга ҳатто қариндошларини ҳам сотган-ку?
Шахсияти қанақа, шоирамизнинг “раду барқ” (гулдирак чақмоқ)ми?”
– Ундан ҳам ўтар, аччиқтош, аччиқ данак. Унга минг марта айтаман “Шоир
халқи ҳалим бўлиши керак. Бошингни таг қилиб юр, деб. Ҳалима устоз ҳам
айтардилар “Ҳар шоирга бир кириб чиқар эшик керак, унутма” деб, айтганни
қилиш қаерда…
Онам пешкўчасига, қалаймиришкорчасига “уҳ” тортди. Кейин бундай дедилар:
“Болам, илон ҳам юмшоқ. Ёғли бир парча гўшт. Агар заҳри бўлмаса, 13 ёшар
бола ҳам уни тутиб, уйга таширди. Хайриятки, бизларга 2 оёқ берилган. 4 та оёқ
берилганида “Ур, тўқмоқ”лик қилармидик. Унинг аччиқтошлиги, кези келганда
заҳарлиги менга ёқяпти. Яна ўқи “Момоҳаво дастхатлари”дан. Тўхта, яна бир гап.
Олтин – бу олтин. Шоир халқи эса тирик жон олтини. У ўзини ҳар кас, хасга
тенг этмаслиги керакким, Аллоҳнинг киприклари тўкилар экан. Ҳалимахонум
айтганларидай, “Кирар эшикларимиз бўлмиш Ўзбекистону Самарқанду Бухоро-ю
Пешкўга Момоҳаво дастхатларини ўқиб, кириб, чиқиб юрайлик, болам. Менинг,
Момоҳаво дастхатларидай гўзал, ширин, гоҳида нонжийда кўйлагидай ялтироқ,
гоҳида менинг бошимдан ҳам қатиқ катта шеърларни ёзиб, соғ-омон юрсин. У
ҳали ёш. Агар ғайрат қилиб, чалғимай ёзса, ўзбек адабиёти яна бир катта хазина
эгаси бўлади, болам, ўқи, Момоҳаво дастхатларини ўқи”.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil