Аббос САИД
Қасдинг борми менда, эй сўнгсиз қайғу…
Рауф ПАРФИ
Устоз-шогирд иккови бийдай далада кетишаётган экан. Туйқус осмонни қора
булутлар чодири қоплаб, қаттиқ шамол турди, кейин чақмоқ чақиб, момақалдироқ
гумбурлади. Шамол ортидан келган довул ҳар иккисини ердан кўтариб маҳобатли,
зулматли осмон сари олиб чиқиб кетди-ю, кўп ўтмай у яна итқитилган оғир юкдайин
“тап” этиб ерга тушганини, устози эса ваҳимали осмонда ғойиб бўлганини кўрди.
У айнан шу лаҳзада – фарёд кўтариб икки қўлини зим-зиё фалак сари чўзганча
йиғлаб-сиқтаб қай томонга югуришини, нима қилишини билмай гарангсиб, минг
бир қайғу, ғам-аламга ботиб қичқираётганида чўчиб уйғонди. Сўнг ичига чироқ
ёқса ёнмайдиган шу афтодаҳолда анчагача ўрнидан қўзғалолмай ўтирди. Бу
лаҳзада хаёлидан ўтган ўйлар қаторида: “Тушимда йиғлаб-сиқтаб ҳар тарафга
югураётгандим-ку, ҳозир эса кўнглим чунонам ғаш, ғам-андуҳли бўлса-да, негадир
йиғлолмаяпман?” деган мулоҳаза бор эди. Бундай қўрқинчли, номаъқбул туш
кўрганида инсон боласи чап ёнига қараб бир-икки бор тупуриб қўйиши, сўнг бу
тушини ҳеч кимга айтмай, сир сақлаган ҳолда дарров таҳорат олиб икки ракат
намоз ўқиши лозимлигини устозидан эшитганди. У шошилиб ўрнидан турди-да,
каравотининг оёқ тарафига ташлаб қўйган уст-бошини кийиб, токчада турган
мойчироқни ёқиб, қўлида тутганча айвон орқали ҳовлига тушиб борди…
…У устозининг Дархондаги ҳовлисига Янгибозорнинг орқасидаги Турк-Олмазор
маҳалласи орқали чиқиб, овруполиклар ўзларича “Новомосковье” деб номлаб
олганлару, бироқ ҳали шаҳар маъмурлари расман тасдиқламаган, тасдиқлашларига
бир пайтлар Думадаги маҳаллий ноиблар ҳалал берган мавзе орқали чиқиб борди.
Илгариги, Черняев босқинидан сўнг, бу ўлкани макон тутган ўрусияликлар боғ-
роғлар ўрнига бир неча ўн йиллар мобайнида ўз таъблари, яшаш-турмушларидан
келиб чиқиб уй-жой қура бошлагандилар. Кейинчалик бу яқин атрофларга турли
маҳкама ва муассасалар жойлашди, кичик-кичик завод ва фабрикалар, рус тузем
мактаби, кадетлар билим юрти, ёнига лицей ва ўз черковларини қурдилар. Аср
бошида эса эскибозор бузилиб, ўрнига янгиси қурилиб, расталар билан тўлдирилди.
Атрофига атторлару баққоллар қатори, сартарошлар ва соатсозлар, пойафзалчилар,
яна талай касб эгалари ўз устахоналари-ю дўконларини, ошхона-қаҳвахонага ўхшаш
емакхоналарини қуриб олиб бу ерлар гавжум бир мавзе тусини олишга улгурди.
Хуллас, урбанизацион жараён ҳали-ҳамон давом этиб, фақат Дархоннинг устози
Мунаввар Қори яшайдиган жанубий томонидагина қисман боғ-роғлар сақланиб
қолган, агар ўзгаришлар шу зайлда давом этаверса, шаҳар кенгайиши ҳисобига бу
яшил масканлар ҳам йўқолиб кетиши хавфи жуда кучли эди…
У бозорнинг орқасидаги шағал ётқизилган йўлдан кетма-кет келаётган икки
файтон арава ўтиб кетишини кутиб турди. Ортидаги эшакарава йўловчиси қўлидаги
қамчиси билан эшакнинг сағрисига туширди, сўнг сийрак мўйлови ва эчки
соқолини силаб, гўё тарғил эшагига дакки бергандай “Ҳее, сен ханги эшекни, мен
сени аяйдигенлерден эмисмин!” деди-да, Тўлқин Турсунзодага иршайиб ёнидан
ўтаркан, оғзидаги носини сал нарига, ариқ томон тупурди, сўнгра қандайдир бир
қозоқча ашулани хиргойи қилишга киришди.
Тўлқин Турсунзода унинг қилиғидан бир томондан кулгиси келса, бошқа
тарафдан ғаши келди: “Бунинг гапи ўруснинг “Нега туртасан, мен сенга сартманми?”
деган пичингига ўхшаб кетди-ку! Туронзаминда яшайдиган барча туркий қавмлар
ана шундай пароканда бўлмаганимизда, манави “Оққулоқ оғалар” бизларни босиб
ололмасди!”
Пича юргач, миршабхона рўпарасида қаққайиб турган формали бақалоқ
рус киши икки ўсмирдан бирининг, яъни, бошига чамандагул дўппи, эгнига оқ
сатиндан кўйлак кийиб белини қийиқча билан боғлаб олганининг тирсагидан
ушлаганча сўроқлаётганини-ю, у рус тилини билмагани учун ўзбекчалаб жавоб
қайтараётганини, бундан ғазабланган миршаб сап-сариқ шоп мўйловини бураганча:
“Ҳой древнядан келаёткан, бунинг ичида егулик нарсанг борми? Сирми, пишлоқ
бор?” деяётганини кўрди. Сўнг ўсмир ва шериги тугунчада иккита нон, унча-мунча
қурт ва озроқ қандак туршакдан бўлак ҳеч нарса йўқлигини дараклаб, қийиқни ечиб
ана шу нарсаларнинг ярмини миршабга тутқизишди. Миршаб шунда ҳам уларга
тегишишни қўймади: “Мамашанг кўпроқ продукт бериб юборса бўлмайдими?
Сигии-ир бор? Туя бор? Қимии-ииз бор?!”
Тўлқин Турсунзода “Ҳе, сен очофат йўқсил ити! Анави оқ подшойингнинг
тозиларидан қутулиб, халқимизнинг куни энди сен шўронинг лайчаларига қолдими?
Ҳе, юлғич бўлмай ҳар нарса бўлганинг яхши!” дея ичида уларни лаънатлади.
Ўсмирлар сурбет миршабнинг суқатойлигидан чўчиб, унга қарай-қарай йўлларида
давом этдилар. Тўлқин Турсунзода миршабхонага кириб кетаётган формалининг
ўсмирлардан юлиб олгани қўлидаги зоғора нонга, шимининг киссасига жойлагани
туршакка эътибор қаратаркан, тағин ғазабини ичига ютди. Бундайлар билан
тортишиб ўтиришнинг мавриди эмаслигини тушуниб, сал наридаги ҳунармандлар
устахонасига яқин бориб аввал мисгарлар ва тандирчи усталар билан саломлашди,
сўнг эса қаторнинг четки қисмида жойлашган қассоблик дўконидаги Барот
қассобни кўриши ҳамоно қадамини илдамлатди. Қассоб: “Кеп қолинг, опқолинг,
қозонингизга барака киритувчи антиқа тақволи гўшт – ҳалол йўл билан сўйилган
тақволи демоқчиман! Илигини айтмайсизми, суягидан қоқиб оғзингизга
солишингиз билан томоғингизни юмшатиб, ҳалқумингизни ҳам поклаб, ҳам мойлаб
ўтади-ее, бай-баёв!” дея овозини баралла қўйиб ўсмирларнинг қўлидан нони-ю,
қурти, туршагигача тортиб олган миршаб Михаилнинг ортидан ғашига тегишини
қўймасди.
У Мунаввар Қорининг орқа кўчадаги қўшниси бўлгани учун унинг шогирдини
дарров таниб, сўрашаркан:
– Ҳа, Тўлқин ука, Қори акамларникигами? – деди, йўловчи “Ҳа” деган ишорада
бош тебратиб қўйгач, у билан қўл беришиб кўришди-да: – Анави, пўконидан
ел ўтмаган миршабни, Миша маллавойни кўрдингиз-а? Шаҳарга тушган икки
ўспириннинг бор нарсасини тортиб олганидан кейингина кўнгли ўрнига тушди,
аблаҳ! – деди.
– Бошида бўлмасам-да, аммо тирсагидан маҳкам ушлаб тугунини ечтираётганига,
унинг ичидаги нарсаларнинг ярмисини тортиб олганига гувоҳ бўлдим. Бироқ ўша
воқеанинг бошида бўлмаганим учун тилимни тийдим! – деди Тўлқин Турсунзода.
– Мана сизлар зиёли, ўқиган одамсизлар! Қори акам-ку, ҳам дин йўлида, ҳам ўзбек
фарзандларини ўқимишли, маърифатли қилиш йўлида жонларини аямай келяптилар,
бунинг устига жуда оддий ҳаёт кечирадилар, кибр-манманликни билмайдилар, жуда
камтаринлар!.. – деди Барот қассоб. Шу дамда кўзи миршабхонага кириб кетаётган
сариқ сочли икки аёлга тушгани учун бироз жим турган бўлди. Сўнгра гапини давом
эттирди: – Хуллас, бизларнинг одамларимиз содда, такаббурликни билмайдилар,
айниқса, сизларга ўхшаган ўқимишли одамлар! Булар эса унақамас, Оқ подшонинг
давридаям, Тўлқинжон, ўшандаям мана шу ер миршабхона эди! Унда бу самарский
Миша мўйловдан бошқаси, бундан бешбаттари… Иван ғилай деган полиси
бўларди… У ноинсофнинг нафсиям ёмо-оон ҳаккалак отганди-да! Қори акам яхши
биладилар, мен у пайтларда ёшман, ана шу Иванов полис қитмирлигини қўймай
ҳар икки-уч кунда беш қадоққа яқин гўштимизни юлиб кетарди… Дадам раҳматли
“кел, қўй, шу Иван ғилай билан, шу полис билан тортишиб ўтираманми, шу итнинг
ҳам тегиши қўшилгандир, бериб юбора қолайин!”, дердилар-да, айтганини тортиб
берардилар. Аммо-лекин, у жуда баланддан келиб: “Абубакр эмас, эй Бакиир, сен
тушунган одамсан, туземец бўлсанг ҳам ақлинг бало, башарти мана шу насибамни
бермаганингда терингни шилиб олардим-да! Қандай қилиб дейсанми? Думага эмас,
нақ губернаторнинг ўзига устингдан шикоят қилиб, иккинчи марта қассобчилик
билан шуғулланолмайдиган қилиб қўярдим!” дерди…
– Дадангиз ҳақиқатда содда одам эканлар! Биз ўзбеклар ўзи шунақамиз,
соддалигимиз учун булар истаган аблаҳликларини қилмоқчи бўлишади! Айниқса,
ҳозирги шўросига… советларига қолган кунимиз қурсин, Барот ака!.. Ўша
маҳалларда беш қадоқ гўшт бермаган қассобнинг устидан Дума у ёқда турсин,
ундан каттасигаям шикоят қилолмасди у. Бунга ҳақ-ҳуқуқи йўқ эди, бошқа томондан
ўйлаб қарасангиз, кулгили ҳол-да, “Бир ҳудуднинг миршаби Иванов полис фалончи
қассобнинг устидан губернаторга шикоят қилмоқчи экан”, деган мишмиш ораласа,
ўзининг шаънига, қолаверса елкасига тақиб олган погонининг шаънига ёмон иш
бўларди! Булар ана шуни жуда яхши билишади, аммо-лекин сиз билан бизни бояги
ўсмирлардек билиб алдамоқчи бўлишади…
У шундай деб ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Туркистонни истило
қилган чор мустамлакачиларининг бундан-да даҳшатли кирдикорлари ҳақидаги
айрим маҳаллий манбалардан ўқиб билганларини хотирлади-ю, бироқ буларнинг
барини тушуниш учун Барот қассобнинг салоҳияти етмаслигини ўйлаб шахтидан
қайтди. Ўн олтинчи йилги мардикорга олиниш воқеасидан мисол келтириш билан
кифояланди:
– Жаҳон уруши пайтида оқ подшо мардикорликка ола бошлаганида ҳам ана
шундай найрангларнинг кўпини қилишган, маҳаллий аҳолининг бор-будини
шилишгача боришган!
– Бундан хабарим бор, Тўлқинжон! Ана ўша айтаётганим Иванов полис менинг
ўзимни бир марта ана шу мардикорликка жўнатиб юбориш билан қўрқитганди!
Ўшанда у ярамас дадамдан ҳафтада икки марта ундираётгани ҳали айтганим
беш қадоқча лаҳм гўшт етмаганидай, тағин арақ учун ҳам ақча сўрашини канда
қилмасди, “Акс ҳолда Баротниям мардикорга олинувчилар рўйхатига киритиб
қўяман!” деб чўчитишини қўймасди! Ёмон арақхўр эди-да, бадбахт, охири ана
шу ичкилик бошига етган. Боткинада буларнинг қабристони бор-ку, қайсидир
бир қариндошими, танишими, ишқилиб кимидир вафот этган экан денг, қишнинг
чийиллаган чилласида, аёзли кунида ўшани дафн этгани бориб, менимча ўзиям
хурмачасидан ошиғини “отволган” бўлса керак, эртасига хас-хашаклар орасида
тарашадек қотиб ётганини, музлаб қолган ўлигини топишибди! Ҳали сиз айтгандай,
содда халқимизнинг бағрикенглигидан фойдаланиб истаган зуғумини қилган
маккор полис – Иван ғилай ана шу тарзда асфаласофилинга жўнаган экан!
– Бундай нонкўрларнинг ана шундай бемазмун ўлим топиши Яратганнинг
адолатидан бўлса ажаб эмас! Ҳали айтадилар-ку, итга – ит ўлими деб!..
– Нима қилса ҳам Қори акамнинг шогирдларисиз-да, ақлингиз кўп
нарсаларга етади, Тўлқинжон! – уни алқаган, маълум маънода хушомад қилган
бўлди Барот қассоб, айни паллада марҳум отасининг бирда айтиб берган
сўзлари ёдига тушиб: – Қори акам билан орамиздаги фарқ шу ўн-ўн икки
ёшлар чамаси-ёв! Уларнинг оталари Абдурашидхон қоракаям жуда бамаъни,
билимдон одам бўлганларини дадам раҳматлидан эшитганман! У киши ўтиб
қолганларида Мунаввар Қори акам етти-саккиз ёшда эканлар, акалари Аъзамхон
ва Муслимхонлар ҳалиги икки ўспирин қатори бўлсалар керак. Учовлари
жуда ақлли-ҳушли, оталаридан ўтган илмни маҳкам ушлаганликларини дадам
раҳматли кўп бор таъкидлардилар. Аммо Аъзамхон аканинг умрлари қисқа
экан, янглишмасам шу ўн тўққизинчи йиллар бўлса кераг-ов, анави Туркистон
комиссарларини ўлдиришди-ку, Отиповчиларми, Осипов деган оқлар, уларни
меньшевойлар ҳам дейишарди чоғи… Ана ўша қўзғолончилар бош кўтарган,
шўрони ағдармоққа уринган йиллари юрак хужуридан ўтгандилар-да! У ёғи
энди боя сиз айтганингиздай, умр тугаб, боқий дунё сари йўл олганлари рост!
У кишиям ниҳоятда ўқимишли уламолардан эдилар, раҳматли!
Тўлқин Турсунзода у билан хайрлашаркан, шу ва шунга ўхшаш соҳа одамлари,
савдо-сотиқ билан шуғулланадиганлар орасида ҳам миллатпарварлар борлигига,
уларнинг ҳам билими, савияси чакки эмаслигига тағин бир карра иқрор бўлди. Бу
нарса уни қаноатлантириш билан бирга, жадид-зиёлилар орасида Барот қассобга
ўхшаш Саидносир Миржалилов, Акрамбой кўпас, Қобил тароқчи сингари солиҳ,
саховатпеша пулдор бойлар борлигига, улар кўплаб эзгу ишларни бажариш билан
№ 1 2024 19
Мунаввар Қори нидоси
бирга бир неча ўнлаб халқ фарзандларини, ўзбек ёшларини хорижга ўқишга
жўнатиш ишларида ҳам жанбозлик кўрсатганликларини, уларнинг илм-маърифатли,
миллатпарвар зиёлилар бўлиб етишишларида, истиқлол, ҳуррият учун курашувчи
“Иттиҳод ва тараққий”, “Миллий иттиход”, “Бирлик” каби қатор ташкилотлар
ва жамиятлар сафидан ўрин олиб илгари чор мустамлакачиларига қарши бўлса,
бундан-буён энди шўроларга – большевик йўқсиллар тузумига қарши курашга
отланган ватанпарварлардан бўлишларида ўз ҳиссаларини қўшаётганликларига
қувониш билан бирга ана шундай миллатдошларидан кўпчилиги, юқорида
номини зикр этгани Акром қупас, Мирзоҳид хожи, Сафобек заводчига ўхшаган
маърифатпарвар мулкдорларнинг талайи синдирилганини, жорий тузум уларнинг
мол-мулкини мусодара қилиб, ўзларини эса қулоқ сифатида тугатиб сургунга
жўнатаётганидан ҳам хабардор эди.
Шўро давлати эндиликда бой-камбағаллар бўлмаслигини таъкидлаш ва
ана шу сиёсатни юрғизиш билан бирга барчани тенглаштириш – “ишчи-
деҳқон жамияти”ни барпо этиш мақсадида колхоз тузиб жамоатлаштиришни
жадал суръатларда олиб бориш, “янги иқтисодий сиёсат” борасидаги аввалги
йили бўлиб ўтган республика комфирқасининг иккинчи съезди бошида Акмал
Икромов, ундан кейин Усмон Юсупов ўз маърузаларида айтиб ўтганини
эшитган Тўлқин Турсунзоданинг сочлари тикка бўлиб кетганди. Нафақат у,
балки аксарият зиёлилар, жадид-маърифатчилар советларнинг бу сиёсати
узоққа бормаслигини, еридан, мол-мулкидан, бор-будидан айрилган халқ,
маҳаллий давлатмандлар, умуман туронзаминликлар албатта бундай сиёсатга
қўшилмасликларини ҳис этишган. Ҳатто хусусий мулк тугатилиб жамоатчилик,
давлат мулкига айланишига, “Қулоқларни синф сифатида тугатиш” сиёсатига
қарши чиққан қишлоқ соҳасининг билимдонларидан бири Иномжон Хидиралиев
жорий тузумнинг унга ўтказаётган руҳий-маънавий тазйиқларига ва доимий
таъқиб остига олишлари таъсирида Марказга ўзини ҳимоя қилишларини истаб
мурожаат этган, бирор халоскор топмагач, охири ўша ерда ўз жонига суиъқасд
қилишгача боргани газетадаги хабарларда ёзилган. Большевиклар ва уларнинг
Туркистонга ўхшаш чекка ўлкаларга тайинланган мансабдор ҳамтовоқлари,
уларга вафодор лайчадек хизмат қилувчи қорчолонлари, НКВДга ўхшаш
сиёсий идора вакиллари ҳали кўплаб номаъқулчиликлар қилишлари, Мунаввар
Қоридек улуғ бир инсон, улуғ арбобнинг оёғига болта уриб келаётганликлари,
уни ҳам айнан тўғри гапни айтгани учун балога гирифтор қилганлари –
Иномжон Хидиралиев аҳволига солиб маънавий-руҳий азоб бераётганларини
ўйлаб, қалбини жирканиш ҳисси эгаллади. Ундаги бу туйғунинг сабаби
Москвадаги сиёсий арбоблар, хусусан “доҳий Сталин” бошлиқ мамлакат
раҳбарлари олиб бораётган бошқа халқларни камситишга қаратилган
сиёсатнинг нечоғлик хавфли, даҳшатли эканини теран идрок этиш туфайли эди.
Ахир большевиклар “Ўз тақдирларини ўзлари белгилаш” ҳақидаги бир пайтлар
ваъда қилган эркинликлар, ҳақ-ҳуқуқларни бутунлай поймол этиб, “Қизил
империя” таркибидаги барча халқларни, шу жумладан туркистонликларни ҳам
қуллик занжирида сақлаш билан бирга уларга нисбатан шовинистик – “Улуғ
оғачилик” сиёсатини олиб боришни мақсад қилиб қўйган, ҳозирда эса ана шу
сиёсатини давом эттириш баробарида эрксевар ўзбек халқига нисбатан наинки
қамаш, балки қатағон қилиш механизмини ишга туширишни бошлаб юборган,
бу юмушда уларга ўзларини комфирқанинг содиқ қулларидек тутиб хизмат
қилаётган маҳаллий “дажжоллар” ёрдам бераётганларини, улар орасида ўзи
танигани, бир пайтлар у каби жадидларни қўллаб юриб, кейинчалик мансаб
курсисига чиқиб олиб барчаларидан юз ўгирган туппа-тузук зиёлилар ҳам
борлиги Тўлқин Турсунзодани қаттиқ ранжитарди.
У ана шулар ҳақида тафаккур қилиб бораркан, қатор мирзатераклар қад ростлаган
ариққа яқин торгина йўл билан юриб, тахтакўприкдан ўтди-да, ўнгдаги боғкўчага
бурилди. Кўча ўртасида уч бола ерга оҳак билан доира шаклини чизиб, марказига
ёнғоқларини териб қўлларидаги соққалари билан ана шу ёнғоқларни уриб чиқариш
ўйини ўйнашаётганининг гувоҳи бўларкан, энди бутунлай бошқа оламга, беғубор
болалик оламига шўнғигандай олис ўтмиши ёдига тушиб кетди. Уни таниб яқинига
югуриб келган тўққиз яшар Муҳаммадхоннинг саломига алик олиш асносида
пешонасини силаб, бошидаги эски қизил бахмал дўпписини тўғрилаб қўйди-да,
икки ери доғ бўлган матросча майкасига, қўйнидаги ёнғоқларига ишора тарзи:
– Чўғи кам-ку, нима, ўртоқларингга ютқизяпсанми? – деб сўради.
Муҳаммадхон ёнидаги бир-бирига ўхшаган, фақат ёш жиҳатдангина фарқланиб
турган ошналарига норозилангандай қараб оларкан, кенжа амакисининг шогирдига
ҳақиқатда ўйинни бой бераётганини айтишни истамади, шу важдан мавзуни бўлак
томонга, меҳмоннинг ўзига қаратиб:
– Опоқамакимнинг олдиларига келяпсиз-а? Улар мактаблари орқасидаги,
илгарилари сиз билан гаплашиб ўтирадиган айвонда пайпоқ тўқиб ўтирибдилар! –
деди.
Тўлқин Турсунзоданинг юраги увишди. Устози яна иш тополмаганини,
тўғрироғи, совет ҳукумати Маорифга яқинлаштирмаётганини, ақалли битта-яримта
мактабда дарс беришига ҳам йўл қўймаётганини, бир пайтлар хонадонида очгани
жадид мактабини кейинчалик оддий бошланғич синфлар учун мўлжалланганига
ўзгартирса-да, ҳозирда уни ҳам ёпиб юборишганини эшитганди. Ана шулар ҳақида
ўйлаб, дили оғриса-да, бу ҳолатини ташқарисига чиқармади, Муҳаммадхондан
ибрат олиб, у билан сўрашиш учун бирин-сирин қўлларини чўзган қўшни болаларга
зўрма-зўраки жилмайиб кўришди. Улардан кичигининг сўпоқ бошидаги уриниб
асл рангини йўқотаёзган гулдор гилам дўпписини пешонасидан юқорига суриб
тўғрилаган бўлди, сўнг тўгаракка мойил юз бичими ва бир-бирига туташаёзган
қора қошлари устози Мунаввар Қориникига ўхшаб кетишига тағин бир бор иқрор
бўлиб, Муҳаммадхоннинг сепкилли юзининг ўнг қулоғига яқин ерини силаб қўйиб:
– Мени устознинг олдиларига бошлаб борасанми? – деди, кейин бир-бирига
нималардир деб шивирлаб унинг диққатини ўзларига жалб этган, ака-ука экани
шундоққина кўриниб турган болалардан узр сўраган бўлди: – Ўйинларингга халал
бердим-да ўртоқларинг тезда қайтади!
Бири Муҳаммадхондек саккиз-тўққизларни қоралаган, иккинчиси эса ўн-ўн
икки ёшлар атрофида бўлган бу қўшни болаларнинг каттаси қўйнидаги ёнғоқларини
ерга ағдариб, енги узун қора майкасининг этак томонини қоқа-қоқа Тўлқин
Турсунзодага иршайиб боқди, баайни ёши бир жойга бориб қолган оқсоқолларга
ўхшаб ақллилик қилди:
– Муҳаммадхон қайтишини биламиз! У ютқизишни ёмон кўради, ҳозирча бизга
анча-мунча ёнғоқларини бой бериб турибди, холос!
…Тўлқин Турсунзода боланинг ортидан юриб бораркан, шу лаҳза хаёлидан:
“Ҳойнаҳой улар йўл ёқасидаги теракчаларни ана шу Муҳаммадхонни ўйлаб
яхши ниятлар билан эккан-ов!” дея хулоса чиқарди. Айни пайтда ўзининг шу
йили ўттизни тўлдириб ўттиз бирга қараб кетганини, шундай эса-да, ҳали-ҳануз
уйланмаганини, раҳматли онаси сўнгги уч йил ичида қарийб ўнга яқин хонадонга
совчи бўлиб бориб унинг бошини икки қилишга қанчалар уринмасин, у волидаси
топган қизларнинг бирортасини ёқтирмаганини, алалоқибат онаси шўрлик оёғига
чиққан арзимаган сўгални юлиб олиб ўзига ташвиш орттирганини, қиш кунларида
ўша ери йиринглаб газак олганини-ю ҳеч қанча вақт ўтмай бу ёруғ дунёдан кўз
юмиб кетганини афсус-надомат ила эслади.
Муҳаммадхонга эргашиб ҳовлига киргач, пештоқига “1 Май” номли бошланғич
мактаб” деб ёзиб қўйилган тўрт хонадан иборат, кейинчалик шўро ҳукумати
томонидан ёпиб ташланиб, билим бериш тақиқлангани боис ҳувуллаб ётган
пастаккина уйга дуч келди. Сўнг чапга бурилишди-да, олд тарафи гулзор қилиб
қўйилган, айвони акаси Муслимхоннинг худди ана шу шаклда тикланган шифер
томли иморатига туташган, лекин уникидан фарқли ўлароқ томига шифер эмас,
қора қатронли тўл ёпилиб, бир неча еридан рейка тортиб маҳкамланган, очиқ
айвон ичкарисидаги деворлари оҳакланган иморатга ўтишди. Айвоннинг юқори
қисмида – қатор китоблар, турли жаридалар, устма-уст терилган газеталарга тўла
нақшинкор токча тагида, ичкари эшикка яқин хонтахтанинг бериги тарафида устига
кўк беқасам мато сирилган шапарак кўрпачага ўтириб мук тушганча кўзларига
қора гардишли тўгарак ойнак тақиб, икки қўлидаги узун пилтакачсимон илмоқли
игна ёрдамида енгил ҳаракатлар билан пайпоқ тўқиб ўтирган, жуссаси анча чўкиб,
мункайган қария тусини олмиш устози Мунаввар Қорини кўрди-ю юраги тағин-да
увушиб, ичдан зил кетди.
Унинг сўнгги йиллардаги аҳволи яхши эмасди. Айниқса, Бухородан қайтиб келган
йигирма биринчи йилдан буён – давлат тўнтариши уюштиришда гумонланганлар
қаторида қамалиб чиққанидан сўнг унга шўро ҳукуматининг муносабати бутунлай
ёмон томонга ўзгарган, ишлари орқага кетиб турли таъқибу тазйиқлар остида
қолганди. Бир пайтлар ўзи асос солган, кўплаб долзарб муаммоларни кўтариб
чиққан, талай бадиий, публицистик, диний-маърифий мазмундаги мақолалари
билан жамоатчилик диққатини ўзига жалб этолган; Туронзаминга, унинг оддий
халқининг турмушига оид муаммоларни, мустамлакачилик сиёсатининг бу
юртларни ҳалокат ёқасига олиб келгани ҳақида куйиниб ёзилган ва ҳали чоп этиб
улгурмасиданоқ қўлма-қўл бўлиб кетган мақолаларини қўллаб-қувватлаганлар,
уни миллатнинг ҳақиқий жонкуяри, оддий одамларнинг йўлбошчи-раҳнамоси
сифатида кўриб, ана шуни эътироф этиб шон-шуҳратга буркаганлар бугун энди
унинг ижодий ва ижтимоий-сиёсий фаолияти ҳақида турли бўлмағур, қуюшқонга
сиғмайдиган, ҳақиқатдан йироқ гапларни тарқатиб, ана шу мазмундаги танқидий
мақолаларни уюштириб, унга руҳий-маънавий зарба бераётганларнинг олдинги
қаторида эдилар. Марказ томонидан ҳам унга нисбатан тажовузлар кучайгандан-
кучайиб авжига чиққан, бир неча йиллардан бери она шаҳридан қандай қилиб бош
олиб кетмоқни билмай гаранг юрганди…
У қамалиб чиққанидан икки йил ўтгач, шогирди Тўлқин Турсунзода ҳам
Бухорога кетаётганида жорий тузум махсус идора ходимлари томонидан қўлга
олинган, у ҳам ғаламис хоинларнинг иғвоси, туҳмати билан икки йилга яқин
тутқунлик азобини тортишига тўғри келган, шукрки кейинроқ Убайдуллахўжа
Асадуллахўжаевга ўхшаган ўткир ҳуқуқшунос, илғор фикрли ҳаммаслаклари
кўмагида озодликка чиқарилганди.
Мунаввар Қори унинг ташрифидан мамнун бўлиб юзи ёришди, бир-бирига
туташаёзган қалин қора қошлари юқорига кўтарилиб-тушиб, катта-катта қора ва
қўнғир оралиғидаги кўзлари қувончдан порлади. Кўзойнагини ўнг ёнига – хонтахта
устига қўйиб, шогирдининг саломига алик олиш асносида:
– Келинг Тўлқинжон, келинг иним!.. – дея ўрнидан туришга чоғланди.
Шогирди унинг эллик ёшдан ўтиб-ўтмай анча чўкканини, мункайган, куч-
қувватдан қолган қарияларга ўхшаб зўрға қўзғалаётганини кўргач, безовта
бўлмасликка чорлаб:
– Ўрнингиздан турманг, қўзғалманг устоз! – деди, бемаврид келиб қолганидан
пушаймон егандайин хижолатланиб, юзида жуда ноқулайлик, айни пайтда ташвиш-
изтироб чекаётганини ифшо этувчи аломат қалқди, устознинг тик туриб олишига
кўмаклашишга ошиқиб тирсагидан тутганида, Мунаввар Қори бунга эҳтиёж йўқ
дегандай ишорада у билан қўл бериб кўришди-да:
– Ўтиравергандан оёқ қурғур увушиб йўқ бўлиб қолаёзибди, шу сабабдан
ўрнимдан турволишим қийин бўлди, – деди кулимсираб. Ҳушёр одам эмасми,
шогирдининг дастлабки хатти-ҳаракатиданоқ наинки ташқи, балки ички ҳолатини
ҳам тушуниб: – Дунё ўзи шунақа экан-да, Тўлқинжон, ҳали айтадилар-ку, бир кун
шоҳсан, бир кун гадо! – деб қўшиб қўйди.
Мунаввар Қорининг хаёлидан айни дамда: “Сен ҳеч қачон шоҳ-малик бўлишга
ёхуд мансаб курсисига минишга уринган эмассан-ку! Оддий ҳаёт кечиришни,
миллатни, халқ болаларини илм-маърифатини ўйлагансан, уларнинг бошқа миллат
ва халқлардан кам бўлмасликларини, ҳар соҳада тенглашишларини, рақобатлаша
оладиган бўлишларини, ҳатто улардан ўзиб кетишларини истагансан! Хулласи
калом, ана шундайларнинг муаллими бўлишга уриниб келгансан, холос!” деган
мазмундаги ўй-фикрлар ўтди. Сўнг юқорида келтирган матал тарзидаги ҳазили ҳам
маълум маънода ўринлидек кўриниб, қисқагина кулди. Хонтахтадаги устма-уст, айрим
саҳифалари эса ёнма-ён ёйилган қўлёзмаларига кўз ташлаб оларкан: – Янгангиз,
кеннойингиз ўқишга кирганларидан хабарингиз бор, толиби илмга рўзғорда ёрдам
бўлсин деб ҳали пайпоқ, ҳали қўлқоп тўқиб ўтирибмиз, ана шу юмуш билан
овуняпмиз-да, ука! – деди.
Тўлқин Турсунзоданинг ҳам шу кунларда аҳволи яхши эмасди. Ўтган йил
институтдан бўшатилганидан сўнг тайинли бир ерда ишламаётган, Москвадан
қайтгач кўплар унга шубҳа остида қараётган, битта-яримта ўқув даргоҳига
жойлаб қўйишни ваъда берган Акмал Икромов ва унинг идорасидагилар ҳам уни
йўқлашмаётган, хуллас, устози Мунаввар Қори ва баъзи “Рисқуловчилар”га яқин
бўлган “Миллий иттиход”чилар каби уни ҳам шўро идораларига йўлатишмаётганди.
У ҳозирда маҳалладоши Билол устага ёрдамлашиб маҳаллада ғишт қуйиб юрар,
бундай қурилиш ишлари топилмаган пайтлари эса кафтдеккина боғларидаги ҳўл
меваларни Эскижўва бозорига олиб бориб сотарди. Дардманд отаси шунга ҳам
хурсанд: хотинининг бемаҳал ўлимидан сўнг у ана шу Тўлқини-ю олти яшар
қизчаси Ҳакимага суяниб қолганди.
– Устоз, Қаффол Шоший қулф ясаганлари, Занги бувамиз чўпонлик қилганлари,
шайх Умар Боғистоний ҳазратлари боғдорчилик билан шуғулланганлар-ю, ҳатто
улуғ пайғамбарлар ҳам шуларга ўхшаш касбу корли бўлганини бизларга ибрат
тариқасида ўзингиз айтиб берардингиз, – дея у устозининг кўнгилини кўтарди.
Мунаввар Қори мударрис оиласида дунёга келган, падари бузруквори
Абдурашидхон таниқли диндор уламо бўлса-да, қўл учида кун кўрган, онаси
Хосиятхон отин эрининг вафотидан сўнг – кенжаси Мунаввар етти ёшда бўлган
кезлари фарзандларига илм бериш, уларни саводли қилиш билан бирга кечалари
пайпоқ тўқиб чиқар, Мунаввар бошқа фарзандларидан кўра унга яқин юргани,
онасининг оғирини енгил қилиш истагида ёнгани учун волидайи меҳрибонининг
ёнида ярим кечагача ўтириб ишини кузатар, бора-бора ўзи ҳам пайпоқ тўқиш
сирларини ўзлаштириб олганди. Ҳаёт тақозо қилган бугунгидай оғир кунларда
мазкур ҳунари унга жуда асқатди…
Йигирманчи йилларнинг охирига келиб Туркистонни мустақил мамлакат
сифатида кўришни орзу қилган миллатпарвар зиёлиларнинг кўпчилиги шўро
ҳукуматидан хафсаласи пир бўлиб, унга ишонмай қўйганди. Уларнинг етакчиларидан
бири саналган Мунаввар Қори ҳам чор мустамлакачиларидан қутулиб “Қизил
йўқсил”лар тўрига илинганларини, булар аввалгиларидан ўтиб тушганларини –
оч баччағардан қоч баччағар деганларидай, шўро Туркистон ўлкаларини тағин-да
талай бошлаганини, унинг тажовузига қарши турган кучларга аёвсиз кураш эълон
қилганини ҳам англаб улгурганди. Биринчи марта қамалиб чиққанидан сўнг бу
тузум ундан хавфсирай бошлаган, у ва унинг тарафдорларига миллатчи унсурлар
сифатида қараб, жабр-ситамларни бошлаб юборганди. У ана шулар ҳақида ўйлаб,
тафаккур қиларкан, илғор фикрли жадид-зиёлилар: “Бирлик”, “Миллий иттиҳод”,
“Тараққийпарвар” ва бошқа кўплаб шу каби озодлик, ҳуррият талаб инсонлар
узоққа бормайди деб ҳисоблаган совет тузуми оёққа турасолиб миллий истиқлол
истаганларни таъқиб ва тазйиққа ола бошлаганини, айниқса унга ўхшаган халққа,
ёшларга яқин етакчиларга аёвсиз эканини тағин яна бир бор ҳис этди.
– Юқорида тилга олганингиз улуғларга етишимиз қаёқда! Улар ҳақиқатда
Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари, суюкли қуллари бўлишган! Шунинг учун ҳам
ўшандайин мақомларга, даражаларга кўтарилишган! Эҳ-ҳе, бизнинг ҳимматимиз
оз, жуда оз деб ўйлайман! Ўйлайман эмас, бу нарса айнан ҳақиқат!.. – деди, кейин
эса ана шундайин бир хокисорлик, камтарона халимлик ила сўзида давом этиб:
– Отамиз раҳматли вафот этганларида етти ёшли бола эдим. Онамиз кундузлари
бизларга илм берардилар, уй юмушлари, бўлак рўзғор ташвишларини энди ҳисобга
олмаяпман… кечалари эса ана шу юмуш билан шуғулланиб, пайпоқ тўқирдилар…
Қишга яқин кўпроқ қўлқоп тўқишга ўтиб уч-тўрт танга пул бўлганида рўзғорнинг
етишмовчиликларига ишлатардилар. Бу пайтларда Аъзамхон акамиз мадрасани
тугатиш арафасидалар, Муслимхон акам эса Кўкалдошга энди қатнай бошлаган…
Ўша кезлари онамизга ачиниб, ёнларида у кишига ёрдамлашиб, кейинчалик
мустақил равишда ўзим тўқийдиган бўлдим. Оиламизга ёрдам бўлсин деб менам
бир нечтасини бозорга оптушиб сотиб келардим…
Мунаввар Қори жиянига қаради. Ижозат сўрамай кетишга ботинолмай турган
Муҳаммадхонга опоқамакисининг шу қараши баҳона бўлиб:
– Опоқамақи, уйдагиларга айтайми, сизларга чой дамлаб беришсинми? – деди.
Мунаввар Қори бир-икки қадам қўйиб айвон четига яқинлашди. Тўрттадан учта
пастки тугмалари тақиғлиқ бўлган жигарранг нимчасининг этак томонини кўтариб,
остидаги енги узун, ёқасиз бўз кўйлагининг ён чўнтагидан тўрт дона қурт чиқариб
жиянининг қўлига тутқизаркан:
– Керакмас чироғим, анави самоварга сув тўлдирганман, ҳали-замон қайнайди,
ўзимиз дамлаб оламиз. Дарвоқе, ўртоқларинг неча киши, берган қуртларим етадими
ўзи? – деди.
– Етади, опоқамақи! Боқи ва Соқига биттадан бераман, ўзимга иккитаси
қолади! – деди Муҳаммадхон дарвозага яқин ердан туриб, сўнгра кўчага ошиқиб
югургилаганча кетди.
Мунаввар Қори ҳалидан буён унинг жиянига ҳавас қилиб, дона-дона сўзларига
жилмайиб қулоқ тутиб турган шогирдига юзланиб:
– Боламисан деб шуни айтадилар-да, Тўлқинжон! Боқи ва Соқига биттадан қурт
берарканлар-да, ўзларига иккитасини олиб қолармишлар! – дея кулди.
– Раҳматли онам мениям болаликда шундай тиниб-тинчимас, тиришқоқ эдинг
дердилар….
– Тиришқоқ бўлганингиз сабаб ўзбеклардан биринчи бўлиб, ҳали ўттизга
кирмаёқ Қозон дорилфунунида маъруза ўқиб қайтдингиз-да! Бу соҳада ҳамма
устозлардан ўздингиз! Ҳуқуқшуносликда эса Убайдуллахўжа ана шундай бир
натижага эришдилар! – деди, Мунаввар Қори. Сўнг ҳукумат томонидан муҳрлаб
кетилиб, эшигига қулф осиб қўйилган бошланғич жадид мактабига ўкинч билан
қараб олди.
Тўлқин Турсунзода устози мактабга қараганида қалбидан нималар ўтаётганини,
унинг илм-маърифатга чанқоқ болаларни ниҳоятда соғинганини ҳис этди. “Ҳечқурса
ана шу ўз мактабларида дарс беришларига йўл қўймайди-я, бадбахтлар!..” У ичдан
шўро тузумини лаънатларкан, бугун тунда кўрган туши ёдига тушди. Ўзининг
заминга юзтубан қулаганини-ю устозининг зулматли, зим-зиё осмонга кўтарилиб
қайтмаганини, у ваҳимали қоронғилик ичра ғойиб бўлганини эслаб юраги тағин
нохуш тортди. Аммо ҳиссиётларини сиртига чиқармади. Айни чоғда уй эгасининг
ҳам хаёлини чалғитиш мақсадида хонтахтадаги бир даста қораланган сарғимтир
қоғозларга ишора қилиб:
– Бирор каттароқ нарса ёзяпсизми, устоз? – деб сўради ва Мунаввар Қорини
суюнтириш мақсадида жавобини кутиб ўтирмаёқ гапида давом этди: – Дарвоқе,
тунов куни “Садойи Туркистон”нинг қайсидир йилга тегишли бўлган сонларини
варақлаб ўтириб туркум шеърларингизга кўзим тушди. Илгари ўқимаган эканман,
куз ҳақида, қиш ҳақида ёзган экансиз. Яна бир мақолангиз, мақолангиз эмас,
бир шоирга ёзган мактубингиз ҳам чиқиб қолди. “Фалончи афанди! Эшон ва
бойларни “малъун”, “жоҳил”, “хоин”, “нобакор” каби сўзлар ила эмас, балки
қилган ишларининг ёмонлиги, феълларининг бадбинлигини тафтиш қилиш орқали
кўрсатилса жуда яхши бўлур эди!” деб маслаҳат берган экансиз, жуда ўринли,
бамаъни гап – мақсадга мувофиқ танқид!..
Мунаввар Қори хонтахта устидаги бетартиб уйилган сариқ варақларни устма-уст
тахлаш асносида шогирдининг оғзидан чиққан бошқа сўзларга эмас, айнан “хоин”
сўзига алоҳида диққат-эътиборини қаратаркан, ГПУ – Бош сиёсий бошқарманинг
Ўрта Осиёдаги мухтор вакили Бельский унга шахсан юклаган вазифа –
жадидчиликнинг пайдо бўлишидан буён бўлиб ўтган воқеаларни кенг ва ҳужжатлар
асосида ёритишни буюрганини яна бир бор эсга олди. “У бадбахт ёзганларимдан
яхшилик йўлида эмас, қабиҳликда – биз туркистонликларни бир-биримизга қайраш
ва ўз ёвуз ниятларини амалга ошириш йўлида фойдаланмасмикин?” дея фикр
юритди, ортидан эса мазкур ўй-мулоҳазасига қарама-қарши ўлароқ: “Нима бўлганда
ҳам шу баҳонада жадидчилик пайдо бўлишидан бошлаб февраль инқилоби ва
октябрь тўнтаришигача, тағин шўро даврининг шу бугунигача, “Миллий иттиҳод”,
“Тараққийпарварлар иттиҳоди” ва “Миллий истиқлол”га ўхшаш ташкилотларнинг
олиб борган ишларини, фаолиятларини ҳаққоний ёритиш, келажак авлодларга
қолдириш имкони туғилади-ку! Туркистондаги миллий-озодлик ҳаракатининг асл
мақсад-вазифалари, моҳияти, буларни тадқиқ этиш ва тарихий ҳужжатлар асосида
наинки аср бошидаги, балки бугунги кундаги воқеаларга ҳам тўғри баҳо беришга
замин яралади – энг муҳими ана шу!” деган фикрларга борди. Ана шундан сўнггина
шогирди айтган мактубни эслашга уринди:
– Ҳа, тўғри, ўн олтинчи йил қўзғолонидан олдинми, кейинми, ишқилиб
Ҳамзахонга шундай деб ёзган эдим! У мени жуда ҳурмат қилиб: “Қори отамиз
ҳазратлари, албатта қимматли маслаҳатларингизга қулоқ тутамиз!” деган
мазмундаги жавоб хатини ҳам йўллаган, – деди, аммо шунда ҳам хаёлидан “хоин”
сўзи ўчиб, унутилиб кетавермади. Гўё у мана шу жадидчилик тарихи ҳақидаги
хотираларини ёзиб бериш билан бирга Туркистонни қуллик исканжасидан
халос этишда фаол иштирок этаётган кўплаб миллий-уйғониш ташкилотлари,
уюшмалари, хусусан “Миллий иттиҳод”, “Тараққийпарварчилар” каби
жамиятларга тааллуқли муҳим “сирлар”ни ҳам фош этиб қўядигандай бўлиб
кўринди. Бундан, албатта, ҳукмрон тузум ўз ёвуз мақсади йўлида фойдаланиши ҳеч
гап эмаслигини кўнглидан кечираркан, “Бу битикларимни далил сифатида ушлаб
олиб кейинчалик ўзимизни жувонимарг қилишмасмикин? Ана шу томонларини
ҳисобга олган ҳолда тадқиқотни шундай усулда ёзиш керакки, бирорта жадид,
бирорта миллатпарвар инқилобга душман бўлмаганини, аксинча, барчаларимиз
чор мустамлакачилари тузумидан зада бўлиб, “оқ подшо”нинг зулмидан халос
топганимизни, биз туркистонликларга октябрь инқилоби кўплаб яхшиликларни
ваъда қилганини, энг муҳими эркинлик – “Ленинча, миллатларнинг ўз тақдирини
ўзи белгилаш ҳуқуқи”ни бермоқчилигини, бу эса истиқлолга, ҳурриятга эришиш
имкони эканлигини алоҳида таъкидлаш орқалигина сиёсий маҳкамани чалғитиш,
бошимизга тағин ёғилиши тайин балодан, фалокатдан омон сақланиш мумкин!”
деган тўхтамга келди. Шунда ҳам онгидаги зиддиятли фикрлар оқими тинмас эди.
“Мени идораларига чақириб гарданимга бу вазифани юклашлари айнан сиёсий
бошқарманинг найранги, ўйини эмасмикин? Мана шу ўн йил ичида “пантуркизм”,
“панисломизм”, “троцкизм”, яна бошқа “изм”лар ва атамаларни рўкач қилиб неча-
неча миллатдошларимизни териб кетдилар. Ўзимга ҳам ана шунга яқин айб тақашга
уриниб – “Аксилинқилобчи рисқуловчилар”дан дея даъво қилиб давлат тўнтариши
уюштиришда гумонга борганлари боис, сал бўлмаса йўқ қилиб юбораёзгандилар!
Яхшики, Худо асраб бўйнимга қўйган айблари исботини топмовди!” У Бухородан
қайтган йигирма биринчи йилни хотирлади. Ана шуларнинг барчасини эслаш,
шууридан ўтказиш асносида мана бу ёзаётганларидан воз кечмоқчи, барини ёқиб
юбормоқчи ҳам бўлди-ю, ниятидан қайтди. “Нима бўлганда ҳам келажак авлодларга
жадидчиликнинг пайдо бўлиши ва жадид ота-боболарининг миллатни ҳурриятга
эриштириш мақсадида олиб борган курашларини баён қилиш билан бирга наинки
чор мустамлакачилари, балки қизил шўролар салтанатининг ҳам кирдикорларини
фош этишга ёрдам берадиган бор ҳақиқатларни қолдириш имкони туғилди-ку!
Мазкур имкониятдан фойдаланмасанг, тарихий ҳақиқатни айтиб кетмасанг, нима
деган одам бўласан? Виждонинг олдида нима дейсан? Йўқ, битикни охиригача
ёзиш керак!” деган сўнгги хулосага келгач, кўнгли бироз таскин топди. Ахир Аллоҳ
таоло Қуръони Каримдаги кўплаб оятларида: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳдан
қўрқинглар ва ростгўйлар билан бирга бўлинглар!” деган каби жумлалар билан
бандаларига мурожаат этади…
У хонтахтада қалашиб турган барча ёзганларини ёпқичли жилдга ўхшатиб
тикилган бўз халтага жойлаб токчадаги китоблар ва жаридалардан ҳолироқ ерга
авайлабгина қўяркан, орқасига ўгирилиб, шогирдига юзланди:
– Мана бу ерга ўтира туринг, Тўлқинжон. Ҳозир, бирпасда самовардан чой
дамлаб келаман, – дея хонтахтанинг кўк чийдухоба кўрпача тўшалган юқори
қисмини қўли билан кўрсатди.
Шогирди уни овора қилишни истамади.
– Сизни уринтириш учун бу ерга келганим йўқ эди, устоз! Сиз қўяверинг,
хонадонингизда биринчи марта бўлишим эмас-ку, ҳозир бирпасда ўзим чойни
дамлаб келаман!
…Мунаввар Қори шогирдининг дастурхонга фотиҳа ўқилмасиданоқ нон
синдириб улгурганига аҳамият берди. “Нима қилса ҳам дунёвий илм одами-да,
мусулмон одатларига у қадар аҳамият қаратмади”, деб ичида кулиб қўйди. Аста
юзига фотиҳа тортгач:
– Келганингиз айни муддао бўлди, – дея гап бошлади. – Бир нарсада ёрдамингиз
керак эди. Тўғрироғи, сизга бирда айтувдим, шекилли, бир қалтисроқ ишни?..
– Қандай қалтис иш экан? – ҳайрон бўлди Тўлқин Турсунзода. – Мана бу
ёзаётганларингиз хусусида эмасмиди?!
– Худди ана шулар хусусида! Хабарингиз бор, анави Мансур Хон ёрдам қўлини
чўзиб консул билан учраштирса, Афғонистонга ўтиб кетиш, ўша ерда биздан ҳам
қолоқ бўлган маориф тизимига хизмат қилиб ўқитувчилик билан шуғулланишни
мўлжаллаб юргандим… Шу мақсадда у мени аввалги сафар консул билан, кейинги
мартасида эса, жаноб элчи йўқлигида, ёрдамчиси билан учраштирувди. Илло
расмий йўл орқали у юртга жўнашга имкон туғилмади, кейин анави Бачи Соқов
қўзғолони юз берди. У ғалаба қозонгач, табиийки барча орзуларим пучга чиқди, –
Мунаввар Қори пиёласини қўлига олиб чойдан бир-икки бор ҳўпларкан, шогирдини
ҳам дастурхондаги неъматлардан, хусусан ўзларининг ишкомларидан узилган
қирмиска узумдан, олма, анордан ейишга, тортинмасликка чақирди. – Ар-Раҳмон
сурасида такрор ва такрор “Фабиаййи ъалаййи роббикума туказзибан!” дейди
Роббимиз, бунда Яратган “Аллоҳнинг қайси неъматларини инкор этасизлар, тан
олмайсизлар!” демоқчи. Ҳақиқатдан-да, Тўлқинжон, бешга бўлакланган мана шу
анорнинг пўстини, таъмини қўйиб турайлик, мана бу рангини – қондайин тўққизил
рангини бу мевага ким бера олади, қайси мусаввир? Яратган Эгамиздан бошқаси бера
оладими?! – у шундай дея ўзининг ички аламини, шахсий дардини унутиб, Осмон,
Ер ва барча унинг орасидаги нарсаларнинг, мавжудот-махлуқотларнинг Хожаси
мўъжизаларидан таъсирлангандай, ана шуларни тадаббур, тафаккур қилгандай ярим
жилмайиб, самимийлик ила икки ликопчадаги меваларни шогирдининг яқинига
сурди-да, токи Тўлқин Турсунзода олмадан бир паррагини қўлига олмагунча ундан
кўзини узмай қараб турди. Фақат у олмадан тановул қилишга киришгандагина
кўнгли жойига тушиб, тек турди, сўнгра пиёласини қўлига олиб чойни охиригача
ҳўплаб тугатди. Шогирди дарров қўлини чойнакка олиб борганди, уни тўхтатиб,
ортиқ чой ичмаслигини маълум қилди-да, ҳали чала қолган асосий мавзуга қайтди:
– Хуллас, ўшанда нима қилишимни билмай юргандим, ГПУ вакили Бельский
идорасига чақириб жадидчилик пайдо бўлиши тарихини ёзиб беришимни, яна
унинг келиб чиқишига асосий сабаб бўлган омилларниям кўрсатишни, тадқиқ
этишни буюрди. Мен ҳеч қаерда ишламаётганимни, агар моддий-маънавий ёрдам
берилса, нафақа тайинланса ёзиб беришим мумкинлигини рўй-рост айтдим. Аммо
ана шу ишга киришиб биринчи ва иккинчи қисмини қоғозга тушира бошлаганимдан
буён мени бир нарса қийнаяпти-да, Тўлқинжон!
– Нима муаммо қийнаяпти, устоз?! – ажабланган йўсинда сўради шогирди.
Устози юқорида анорнинг таърифини келтираётганда, меванинг қондайин қизил
рангига ишора қилаётган дамда ўзининг қалби ҳам шу бўлакланган анордайин
пора-пора бўлиб ётганини англади. Буни идрок этиши ҳамоно хаёли тағин бугун
тунда кўрган тушига кўчди, кўчди-ю наинки устозини, балки ўзини ҳам қандайдир
машъум фожиа кутаётгандек бўлиб туюлди. Кейин устози жадидчиликнинг аср
бошидаги – февраль инқилоби ва ундан кейинги октябрь тўнтаришигача бўлган
даврини миллий-озодлик ҳаракатлари ва истиқлолга эришиш учун олиб борилган
курашлар билан боғлаб қоғозга тушириш ҳақида сўзлай туриб: “Бу манфур тузумга
ишониб бўлмайди! Ҳали бу ҳужжатларни далил сифатида келтириб, бизларнинг
ўзимизни Сибирь қилиб юбормасмикинлар? Вақти келиб, аввалги қамалишимиз
ҳам ҳалво бўлиб қолмасмикан?!” деган хавотирли тахминини хотирлади. – Ҳув
ўшанда чиқарган хулосангиз, ўша тахминингиз яна тинчлик бермаяпти чоғи,
устоз? Черняев Тошкентни босиб олганидан сўнг Муҳаммад Солиҳ охунд ва
бошқа ватанпарварларни макр ишлатиб Сибирь қилиб юборгани, алалоқибат
деярли барчалари совуқ ўлкаларда ўлиб кетганларини, Солиҳхўжа додхоҳдек
улуғ мударрисни эса тирик қайтаётганида, йўлда ўзимиздан чиққан хоинлар қўли
билан йўқ қилганини айтиб берувдингиз?.. Ўшандай бир фожиа юз бермасмикин,
барчамизни ана ўша кўйга солмасмикин, демоқчимисиз?!
– Ҳа, – деди Мунаввар Қори, шогирдининг Солиҳхўжа додхоҳни эслатиши
уни пича ўйлантириб қўйганди. – Гарчанд мен тадқиқотда жадидлар тараққиёт
тарафдори бўлганлари учун янги шўро тузумини қўллаганликларини, инқилобдан
умидлари катта эканини, улар эскиликка, жаҳолат ва ҳар қандай диний-дунёвий
мутаассибликларга қарши турганликларини ёзаётган эсам-да, улар қачондир
бизни шўрога қарши бўлган аксилинқилобчи унсурлар сифатида кўрмасмикин,
ғояларимиздан фойдаланиб бизга қарши хийлалар ўйлаб топишмасмикан, ана шу
нарса мени азоблаб келмоқда. Бошқа томондан эса, мана бундай сиқувга олинган,
таъқиб-тазйиққа учраган дамларимда бу битигим, ёзган хотираларим ҳукумат
олдида шаънимни оқлаб олишга бир имконият эмасмикин, ҳар ҳолда мен ҳақиқатни
ёзмоқчиман-ку, жадидчиликнинг миллатимиз тараққиётидаги ўрнини ёритмоққа
бел боғладим-ку, деб ўзимни овунтирган бўламан!
Тўлқин Турсунзода устози икки ўт орасида қоврилаётганини, бир томондан
қоғозга тушириб улгургани жадидчиликнинг асосий ғоялари, жадид фаоллари ва
уларнинг олдиларига қўйган мақсад-вазифаларини очиқ ёритганидан хавфсираса,
бошқа томондан ана шуларни ёзмасликнинг иложи йўқлигини, бор ҳақиқатни
келажак авлодга етказиш, уларнинг маънавий-маърифий мулкига айлантириш
истаги билан ёнаётганини ҳис этди. Тўлқин Турсунзода ўзининг йигирма учинчи
йил бошида гўё Анвар Пошшога муҳим мактуб олиб кетаётганликда гумон
қилиниб Бухоро яқинида қўлга олинганини, ГПУнинг зах камераларида бир
ярим йилча тутқунлик азоб-уқубатларини тортиб чиққанини, айби исботини
топмаётгани учун ориқ, қонсиз юзли сержаҳл ўрис терговчисининг саволларига
жавоб қайтариш жараёнидаги ўзига нисбатан адалатсизликларини, атайлаб
чалғитиш мақсадида берилган ғаламискорона саволлару дағдағаларни хотирлаб
юраги орқага тортаркан, ҳозирда ўзидан-да мураккаб, оғир бир аҳволда қолган,
миллатнинг маънавий отаси, наинки Туркистон, балки бутун Ўрта Осиёда ва
Ўрусия мусулмонлари орасида, Туркия, Кавказ, Қрим ва ҳатто Болқонда ҳам
катта ҳурмат-эътибор қозонган, номи Исмоил Гаспирали, Закий Валидий Тўғон,
Маҳмудхўжа Беҳбудийлар билан бир қаторда тилга олинадиган улуғ инсоннинг
шу кунлардаги вазиятини теран англади.
– Булар сиз билан бизни йўқ қиламиз деса, истаган баҳоналарини топиб йўқ
қилиб юбораверади, устоз! Ўзингиз бошдан кечирдингиз-ку! Кўрдингиз, Туркия ва
Олмонияга ўқишга жўнатмоқчи бўлганингиз ёшларга моддий ёрдам топиб келиш
учун Усмонхоннинг ҳузурига юборганингизда менга ҳам куракда турмайдиган
гапларни дастак қилиб, гўёки Шарқий Бухорога – Анвар Пошшо билан учрашгани
кетяпти деган туҳматни ёпиштиришди. Буларга қамаш учун, қатағон қилиш учун
баҳона керак бўлса истаганча ўйлаб топишади. Бундай қабиҳ, жирканч ишлардан
сира қайтишмайди. Лекин битаётган тадқиқотингиз ҳуррият учун олиб борилган
курашларни ҳаққоний ёритиш учун муҳим деб ўйлайман! У бугун бўлмаса эртага
келажак авлодларга жуда-жуда асқатади; миллий-уйғониш ва миллий-озодлик
учун ота-боболари, миллатпарвар аждодлари қанча курашганини, ҳуррият сари
интилишни сира тўхтамаганини келажак авлод билиши ва бундай курашлар ҳар
қандай вазиятда то истиқлолга қадар давом этаверишини бошқалар ҳам тушуниши
зарур!
Шогирдининг ушбу гапларидан сўнг Мунаввар Қорининг тўгарак юзига қон
югуриб, тиришиқ пешанаси силлиқ тортди. Бир-бирига туташаёзган қора қошлари
ҳам асли ҳолига қайтиб, нурли юзи ёришгандай бўлди.
– Гапингизда жон бор, Тўлқинжон!.. – деди у. – Менга ҳам шунга ўхшаш фикр-
мулоҳазалар қанот бағишлаб анави “ўрис оғалар”нинг топшириғини бажаришга
чоғланган эдим. Дарҳақиқат, улар қамаймиз деса истаганча баҳона топишади!
Демак, туғилган фурсатдан фойдаланиб, кейинчалик бошимизни чопиб ташлаган
тақдирларидаям бу ишни охирига етказиш керак. Мана, мен ҳам иккинчи қисмини
тугатиб, учинчи қисмини бошлаб қўйдим.
Мунаввар Қори гўё мавзуга нуқта қўйгандек пиёласидаги чойдан ҳўплаб қўйди,
сўнг шогирдини ҳам дастурхондаги неъматлардан тановул қилишга ундади.
Тўлқин Турсунзода рўпарасидаги сидирға ликопчадан бир шингил тоғ узумдан
олиб икки донасини еяр-емас, бир нарса ёдига тушди:
– Дарвоқе, яқинда сиз ва Саидносир ака сабаб бўлиб Туркияда ўқиб қайтган
Кенжабек исмли йигитни учратиб қолдим. Дорилмуаллимин2га иш билан келган
экан, – деди.
– Қайси Кенжабек?.. – ўйланиб қолди Мунаввар Қори, бир пайт ёдига тушди
чоғи, юзига илиқ табассум югуриб: – Эйй… анави шоир йигитми? Наманганлик
Кенжабек Турди? “Кўмак” жамияти тарқатиб юборилмасидан аввал маблағ топиб
ўқишга жўнатилганди! Аммо-лекин лаёқатли шеърлар ёзаркан, Абдулҳамид
2 1918 йил 2 июнь куни Тошкентда очилган Мусулмон халқ дорилфунунининг юқори босқичи –
Ўқитувчилар институти назарда тутиляпти.
Чўлпонга хос исёнкорона руҳни кўргандим унинг шеърларида, шу билан бирга
ҳали ўз устида ишлаши кераклигини тайинловдим! – деди.
– Минбарда туриб шеър ўқишидаям Чўлпонга тақлиди очиқ сезилиб турганди-я,
устоз!.. – деди Тўлқин Турсунзода. – Менга маъқул тушгани унинг журъатли экани –
миллатга, Туронзаминга ана шундай юрагида ўти бор ёшлар, зиёлилар керак!
Мунаввар Қорида ўша пайтлар “Ношри маориф” ва “Кўмак” жамиятлари орқали
кўпгина ўзбек ёшларини турли мамлакатларга, хусусан Туркия, Олмония, Ўрусияга
илм олиш учун юбориш имконияти туғилганди. У қамалишидан аввал Бухорода
ўтган ҳаётини, Маориф халқ комиссарлиги таркибидаги идорага ишга юборилган
даврларини, у ерда – Хошим Шоиқникида “Миллий истиқлол” ташкилоти
асосчиларидан бири Закий Валидий билан бўлган суҳбатини, кейин эса Шарқий
Бухорода Анвар Пошшонинг ўлдирилиши воқеаларини хотирлаб пича ўйга чўмди.
– Бухородан Тошкентга қайтганимга бир ой ҳам бўлмай Маориф комиссарлиги
ҳузуридаги Илмий Кенгашга ишга тайинлашди. Бир кун идорадан қайтаётсам,
Шайхонтоҳурда, эски кутубхона рўпарасида ана шу ҳозир тилга олганимиз
Кенжабекни учратиб қолдим. Бор дардини тўкиб солди. Мен унинг хорижда ўқиш
нияти борлигини эшитиб хурсанд бўлдим, эртаси куни худди ўша ерга келиб
туришини тайинладим… Эртасига қўлига уч-тўрт танга тутқаздим, қолганини
Саидносирдан олишини маълум қилиб, унга хат ҳам ёзиб бердим. Ҳозирда ўша
ерларда ўқиб қайтган бўлса, нур устига аъло нур бўпти-да! Миллат учун, миллат
озодлиги, тараққиёти учун курашда ана шундай ўқимишли, жадид ёшларимиз
қанча кўп бўлишса, шунча соз бўлур эди!
Тўлқин Турсунзода ўша йиллари устози Мунаввар Қори ана шу Кенжабек
Турдига ўхшаш неча ўнлаб, юзлаб туркистонликларни хорижга ўқишга, илм олиб
қайтишга юборишга бош-қош бўлганини, яна бир неча боролмай қолганларини
ҳам жўнатиш истагида ўзини, энг яқин шогирдини маблағ топиб келиш учун
Бухорога, Усмонхон афанди ҳузурига юборганини-ю, бироқ у йўлда чақув туфайли
ҳибсга олинганини, шўро ҳукуматига қарши аксилинқилобий миллатчи ташкилот
топшириғи билан Шарқий Бухорога яширинча юборилган вакил сифатида гумон
қилинганини хотирларкан, кулиб қўйди.
– Ўшанда анави йигитларга, Олмонияга ўқишга юбормоқчи бўлганингиз
авлиёоталик тўрт йигитга ёрдам беролмаганимдан ҳали-ҳали афсусланаман, устоз,
ўшалар айниқса илмга чанқоқ йигитлар эди! – деди, маъюс табассум билан.
Мунаввар Қорининг ўзига ҳам уларга ёрдам беролмагани армон бўлиб
қолганди. Армон бўлиб қолишига яна бир сабаб, ўша йигитлардан бирининг
бобоси – саксонларни қоралаган, мункайган қариянинг жуда мўътабар, мард
инсонлардан экани эди. Ўша авлиёоталик Шамширбек бир пайтлар рус генерали
Черняев Тошкентни истило қилишга уринаётган кез Муҳаммад Солиҳ додхоҳ
етакчилигида босқинчиларга қарши курашганини, ўша жангларда додхоҳнинг
ёнида қамарбаста турган отаси Абдурашидхон Қори уни яхши таниганини, ҳатто
Алимқул амирлашкарни ўруслардан яширинча Шайхонтоҳурдаги қабристонга
кўйиш маросимида ҳам иштирок этганлардан эканини сўзлаб берган.
– Улардан бирининг бобоси уйимизга ҳам келганди. Аъзамхон акам билан анча
суҳбат қуришган, суҳбатлари мавзуи 1865 йилги Тошкентнинг чор аскарларидан
ҳимоясига, яъни, ўрус генерали Черняевга қарши курашга бориб тақалганди. У
отахон, исмлари Шамширбек эди, раҳматли дадамиз ва Солиҳхўжа додхоҳнинг
яқин қўриқчиларидан бири бўлганини айтиб берган экан. Кейинчалик Шамширбек
бобо билан суҳбат қурганимизда ўша даврга тааллуқли анча-мунча ҳақиқатларни у
кишининг ўз оғзиларидан эшитгандим.
– Бир куни улардан бирини – менимча ўша Шамширбек бобонинг невараси
бўлса керак, исмини Каримберди девди чоғи – мардикор бозорида учратиб қолдим.
Мени танигач, сизни сўради. Уринишимиз натижа бермаганига ҳали-ҳануз афсусда
эканимни билдирдим. Уни бир чеккага чақириб, ўшанда улар учун маблағ топиб
келишга жўнаганимда йўлда мен билан юз берган воқеани сўзлаб бердим. У
мени устознинг уйларига олиб боринг, у кишининг дийдорлари ва суҳбатларига
муштоқман, дея илтимос қилди.
– Менинг суҳбатимга муштоқлар, дийдоримга зорлар ҳали бор эканми,
Тўлқинжон? – Мунаввар Қори кесатиқ аралаш сўраса-да, ўз-ўзига ҳозирги
аҳволидан, ёлғизланиб қолганидан ёзғиргандай туюлди. Сўнг мазкур ҳолати
мусулмончиликка тўғри келмасини, шу кунига рози бўлиш ўрнига ношукрлик,
бесабрлик қилаётганини англагани боис, гапни бошқа ёққа буришга уринди: – Сизга
уч-тўрт кун аввал, шанба куни юз берган воқеани айтиб бермоқчиман. Бир нечта
пайпоқ, қўлқоп, яна бир-иккита енгсиз жемпер тўқигандим, ҳаммасини бўз халтага
солдим-да, Янгибозорга оптушиб бир чеккада турдим. Бозор касод денг, бирорта
одам бу нарсаларимни сўрамади, устига-устак, душанба кунигача қандай бўлмасин
ўн сўм пул топишим зарур, Лазиза бу пулни ўқишига олиб бориб тўлаши керак эди.
Бошим қотиб у ерни тарк этдим-да, уйга қайтиб келиб яна бир-иккита кераксиз
кийимбошлар бор эди, уларни ҳам халтага жойлаб, ўзимизнинг Чорсуга қараб
кетдим. Аввалги сафар ана шу пайпоқ, қўлқоп ва бошқа оптушганим матоҳларни
у ерда бир соатга етар-етмас сотиб қайтгандим-да! Бу сафар нима бўларкин деб
Кўкалдошнинг орқасидаги сомонбозор билан тушиб харидорни кутаётгандим,
бир маҳал аввалги сафар мен тўқиган пайпоқларни харид қилган сиз тенгилар
бир йигит пайдо бўлди. “Мунаввар устоз, ўшанда ўзимни таништирмовдим, аммо
негадир сизнинг бу шанба ҳам келишингизни кўнглим сезди! Сизга фалончидан
кўпдан-кўп салом”, деди паст овозда. Кейин шу йилнинг бошида уйида “гап”
еганимиз, Аямбой Атҳамбой ўғли бор-ку, шуни эслатди. У шу йили Мозори
Шарифга бориб келганини, у ерда Ҳошим Шоиқ билан кўришганини, у менга
мактуб бериб юборганини, мактубни олиш учун фалон куни, фалон санада Аямбой
аканикига боришимни айтди. “Менга қўшилиб борсангиз, у ерда афғонистонлик
бир азиз меҳмон билан учрашишингизниям тайинладилар, Афғонистонда сизни
ҳурмат қилгувчилар кўп эмиш”, деди. Кейин нарсаларимнинг барчасини харид
қилиб, қўлимга анча пул тутқазди-да, у ёқ-бу ёққа хавотирли қараб олгач, “Хўп,
десангиз шу якшанба куни сизни ўша ерга олиб бораман. Фалон пайтга, мана
шу Кўкалдошнинг ёнида кутаман”, деди-да, мендан жавобни кутиб ҳам ўтирмай
бирпасда кўздан ғойиб бўлди! Агар хоҳласангиз сизниям бирга олиб бораман,
Тўлқинжон!..
Тўлқин Турсунзода айтилмаган ерга бормасди. Ҳамиша ана шу таомилга
амал қилиб келган эса-да, илло устозининг таклифини рад этишни истамагандай
мазмунда боқаркан, узрини билдирди:
– Айтилмаган бўлсам-да, сизга қўшилиб борар эдиму, устоз, бироқ ўша куни
Саидносир ака билан келишиб қўйганмиз. Дадамларни Туркистондаги бир
табибникига обормоқчимиз. Аҳволлари кундан-кунга ёмон тарафга ўзгаряпти,
шундан хавотирдамиз, – деди-да, енги узун йўл-йўл батист кўйлаги устидан кийиб
олгани қора нимчасининг кўкрак чўнтагидан занжирли соатининг гардишини олиб
қаради, кейин уни қайтиб жойига солиб қўйди. – Аямбой ака назарда тутган меҳмон
Афғонистон консули ёки ўша идоранинг масъул ходимларидан биримикин дейман-
да, устоз! Албатта сиз у ерга боришингиз керак! Ҳали халқ, миллат сизни қўлида
кўтариб юрадиган давр яна қайтади, ҳа, устоз, мана кўрасиз, албатта қайтади!
Мунаввар Қори ҳушёр одам эмасми, шогирди уйда ёлғиз қолган отасини
ўйлаётганини пайқади. Аввал дастурхонга фотиҳа ўқиб, ортидан эса шогирдининг
отасига шифои комил тилаб Қуръони мажид оятларидан бирининг тиловати билан
дуо қилган бўлди-да, сўнгра икков олдинма-кетин ўрниларидан қўзғалишди.
Ҳовлидан ташқарига чиққанларида Мунаввар Қори жияни Муҳаммадхон
ва унинг ўртоқлари сайҳонликда ўтлаб юрган уч-тўрт чоғли отлар ёнига бориб
томоша қилаётганларини, ўша ерлик отбоқар улардан бирини қорамтир жийронга
миндираётганининг гувоҳи бўлгач, шогирдига худди ўша болалар каби беғубор
табассум билан қараб:
– Машраб шунақа, болаларни яхши кўради! Исмига монанд машрабона феълли,
машрабона кенг юракли отбоқарлардан-да, барака топкур! – деб уни алқади.
Тўлқин Турсунзода ҳам унга қўшилиб жилмаяркан, бир воқеа ёдига тушди:
– Отбоқар Машрабнинг машрабона феъли бор деганингизга ёдимга тушди-да,
устоз! Ўша Кўкалдошнинг орқасидаги расталарда, Чорсу бозорида демоқчиман,
сизга икки марта йўлиққан, Аямбой Атҳамбой ўғлиникига боришингиз
кераклигини дараклаган йигит Шокир ака бўлиши керак! У мендан бир-икки
ёш катта, қўшни Хончорбоғда яшайди. Унинг отаси Ҳосил баззоз боя сиз
тилга олганингиз Шамширбек бобога ўхшаб Черняевга қарши курашган, у ҳам
Муҳаммад Солиҳ охунднинг ишонган йигитларидан бўлган экан. Униям эл-юрт
қўрқмас Ҳосил, шерюрак Ҳосил дейишини Хастимомда, Қаффол Шоший ҳақида
рисола ёзган бир тарихчи ошнамдан эшитувдим. У ҳам ана шу Шокир акаларга
қўшни яшайди, ўзи билимдон йигит, сизниям жуда ҳурмат қилади. Сиз ҳақингизда
“1922 йилда зиёлилар орасида алифбо ва имло тўғрисидаги масала кўтарилганида
у кишининг ўзбек тили ва грамматикаси бўйича биринчи ўлка съездидаги
маърузаларини эшитиб роҳатланганман. Ўшанда Акбар Шомансур мени у кишига
таништиргандилар” девди. Баланд бўйли, қорача, қотмадан келган йигит. Исми
Маҳмуд, Маҳмуд Шоший дейишади, рисоласи ана шу ном остида чоп этилган.
Сочини орқага тараб юрарди. Билишингиз керак, – деди Тўлқин Турсунзода
устозига савол назари билан қараб.
Мунаввар Қори пича ўйланиб қолди. Шогирди Акбар Шомансурни эслатгани
учун “Ношри маориф” жамиятини тузган кезлари ёдига тушди. Ўшанда аввал
ташкил этилган “Кўмак” бу жамиятнинг бўлимига айлантирилганини, унинг
фаолиятида ўз ҳаммаслакларидан саналган ана шу Акбар Шомансур ҳам фаол
қатнашганини ёдга оларкан, аммо кўплаб ёш туркистонликларнинг илм олишига
ёрдам қўлини чўзган бу ташкилот ҳам кейинчалик худди “Кўмак” жамиятига ўхшаб
маблағ етишмаслиги туфайли ёпилиб кетганини кўз олдидан ўтказди. Кейин:
– Исми Маҳмуд Шоший бўлса, бу йигит улуғ имом Абубакр Қаффол Шошийнинг
кейинги томирларидан эмасмикин? – деб сўради, лекин шогирди “Қайдам, шуни
сўрамабман!” дегандай елка қисди. Шунда Мунаввар Қори Акбар Шомансурга
хаёли кўчиб, ҳақиқатдан ўша кезлари у бир йигит билан таништирганини ва уни
“Истеъдодли тарихчилардан бўлади” деганини, ёзган рисоласини тилга олиш
чоғида “Бу укамиз ҳам сизга ўхшаб ҳофизи Қуръонлардан!” дея унинг ҳам диний-
маърифий илмга эга эканини дараклаганини хотирлади. Сўнг Тўлқин Турсунзодага
юзланиб: – Тўғри, ўшанда Акбар Шомансур баланд бўйли, ўткир нигоҳли бир
йигит билан таништирганди. Ўша пайтда йиғилишга кириш учун огоҳлантирувчи
қўнғироқ чалиниб қолди чоғи, у укамиз билан дурустроқ гаплаша олмагандик.
Кейинроқ уйга бир олиб келасиз, яхшилаб танишиб оламиз, – деди.
– Албатта! У менга акангиз Аъзамхон домла билан ҳам таниш бўлганини,
у кишининг диний маърифатлари ниҳоятда юқори эканлиги ҳақидаям сўзлаб
берган, фиқхда бу одамнинг олдиларига тушадигани бўлмаса керак, мен у киши
билан суҳбатда ана шу хулосага келдим деган бир гапни айтганди. Шу инқилобдан
кейинги йилни, ўн саккизинчи йилнинг баҳор ойларини назарда тутди, шекилли!
Марҳум акасини эслаб ҳазин хўрсинаркан:
– Тўғри, ўша йили бўлиши керак. Бир йил ўтгач акамиз бу ёруғ дунёни тарк этиб
бўлгандилар, – деди Мунаввар Қори.
Шундан сўнг Тўлқин Турсунзода мавзуни тағин Шокир матбаачи томон бурди:
– Эсингизда бўлса, Аямбой Атҳамбой ўғли ана шу Шокир акани назарда тутиб,
“Наборшиклик ва ленатипчиликни ҳам ўргатяпман, жуда удли-шудли йигит”,
девдилар. “Бирлик” жамияти ташкил бўлаётганида, ҳали босмахона ҳовлисига
кириб улгурмасимиздан бурун “Яшасин миллат, яшасин Мунаввар Қори!” деб
ҳайқирган йигитни айтаман-да, анави оркестрдагилар, ҳатто уларнинг етакчиси
Акмал Икромов ҳам жўшиб кетиб унинг ҳайқириғига мос тарзда куй чалдириб
юборганди.
– Э, ҳаа… У куни бозорда ўзини таништирганди, исмини, касбини айтганди,
лекин рости ўшандаги йигит эканини билмовдим. Энди эсладим, ёдимга тушди… –
деди Мунаввар Қори.
Тўлқин Турсунзода бош ирғаб:
– Шокир ака Аямбой матбаачининг шогирди, дину диёнатли, сўзи билан иши
бир йигитлардан! – деб қўйди.
Мунаввар Қори шогирдининг сўнгги жумласига алоҳида диққатини қаратиб:
– Ана шу хислат Аллоҳ таоло томонидан инсонга берилган улуғ неъмат, ундан
ортиғи йўқ! – деди.
Тўлқин Турсунзода бош тебратиб тағин унинг фикрини тасдиқлади. Устози
рухсат бергач, у билан хайрлашиб, юриб кетди. Сўнг ўнгга бурилиб, Барот
қассобнинг дўкони томонга эмас, унга қарама-қарши кўчага, бир пайтлар устози
Мунаввар Қори имомлик қилган Дархон масжидига олиб чиқувчи йўлга қараб
кетди.
Масжид Янгишаҳарга яқин ҳудудда жойлашган бўлгани учун жорий тузум
йигирманчи йилларнинг бошидаёқ, яъни Мунаввар Қори биринчи марта қамалиб
чиқишига яқин уни “Комфирқанинг тумандаги тарғибот-ташвиқот маркази”га
айлантириб улгурганди. Марказнинг илк очилиш кунида шу атрофдаги ўқув
юртларининг талабаларини йиғиб, “Мафкура майдонидаги кураш” мавзусида
маъруза уюштирилган, сўзга чиққан лекторларнинг аксариятига эса Мунаввар
Қорини танқид қилиш буюрилганди. Тўлқин Турсунзода ўшанда устози ва ўзига
ўхшаган жадидларни бойлар ва мутаассиб уламолар малайи, уларнинг хизматкори
сифатида талқин этилганини ёдга оларкан, ўша масжидга яқинлашганида юраги
эзилди. Бугун эса ўша бинонинг пештоқига қизил байроқ осилиб, “Яшасин Ленин
ва Сталин! Яшасин у асос солган совет тузуми!” шиори битилган эди. Тўлқин
Турсунзода ўша ерда турган бир-иккита ёшлар ва уларга ниманидир уқтираётган
эллик ёш атрофидаги сариқ сочли рус аёлини кўриб тескари ўгирилди-да, иложи
борича уларга қарамасликка, аҳамият бермасликка тиришиб ёнларидан ўтиб
кетди. У масжид орқасидаги оралиқ йўл билан почча ариқ ёқалаб юриб борилса
овруполиклар яшайдиган Турк-Олмазор маҳалласига чиқиб олишини, у ердан эса
Шайхонтоҳурга трамвай ва файтон аравалар қатнови учун мўлжалланган янги тош
йўл тушганини биларди. Трамвайда Ўрдага келиб тушгач, йўлнинг бериги томони,
Анҳор ёқаси билан пиёда юриб, аввал Лабзакка томон кетди, сўнг занжирлилик
ҳамда Себзорни босиб ўтиб, Тахтапулга яқинлашди, Қичқириқ ва унинг бош
катта тармоғи бўлмиш Кайковус ариғи айрилишига етгандаги ёғочдан ишланган
каттагина чархпалак рўпарасида тўхтади. Чархпалакнинг кўвачаларидан ёнидаги
торариққа қуйилаётган сувларни, ана шу ариқлар яқинидаги шохлари сувгача
тушиб ўсган мажнунтолларни томоша қиларкан, бирпасга бўлса ҳам ўзини
дунёнинг ташвишларидан фориғ сезди. Бир пайт тағин ўзи сезмаган тарзда теварак-
атрофдаги пастак-пастак лой, сувоқли, бояги Янгишаҳардан фарқли ўлароқ оддий
ўзбек халқи яшайдиган жинкўчали хароба уйларга назар соларкан, кўнгли бузилди.
Чор мустабидларидан кейин ҳокимиятни қўлга олиб бу ўлкаларни ҳам ўзига
бўйсундира бошлаган шўроларнинг даҳрийча олиб бораётган сиёсатларидан, ерли
халқнинг ўзига хос анъаналарини писанд қилмай уларни руслаштириш, ўзлигидан,
ўзига хос миллий турмушидан жудо этишга уринаётгани, диний қадриятларини
оёқости қилиб барчани сароб ғоялар, йўқсилча турмуш тарзининг афзалликларига
маҳлиё қилишга уринаётганлари ҳақида ўйларкан, “Биринчи навбатда зиёлилар,
кейин халқ бирлашиши керак! Халқимизнинг онги, тафаккурини ўзгартиришимиз,
озодлик дунёда энг улуғ неъмат эканини, у майда манфаатлару совет тузими ваъда
бераётган сохта тенглик сиёсатидан, хаёлдаги фаровон ҳаётдан минг марта афзал,
улуғ неъмат эканлигини одамларга уқтиришимиз, бунинг учун эса иложи борича
ёшларга илм-маърифат беришимиз, қалбларига миллатпарварлик туйғуларини
сингдиришимиз зарур, ана шундагина улуғ мақсадимизга эришамиз!” дея устози
таъкидлаганларини ёдга олди. “Кишанлардан фақат курашиб, бутун миллат бир
муштга айланиб халос бўлиш мумкин, бу эса осон кечмайди! Ўруснинг шовинистик
қарашини ўзгартириш жуда мураккаб иш; у дунёга мутлақ ҳоким бўлиш,
империяси ҳудудларини кенгайтириш сиёсатини сира тўхтатмаса керак!” деди
ичида. Бу нарсалар уни тағин қийнай бошлади. Озодликка олиб борадиган бошқа
муқобил йўлларни ахтариши керакдай бўлиб кўринаверди. Буни наинки у, балки
бутун тараққийпарвар кучлар, тараққийпарвар жадидлар ахтараётганларини, ана
шунга интилаётганларини тааммул қилгачгина тинчланди. Кейин эса яна юриши
кераклигини, Қорасаройга етиши учун яна бир мавзени босиб ўтиш даркорлигини
ўйлаб, манзилга яқинлашганидан дадилланиб пиёда юришда давом этди.
У ўзига таниш бўлган қўшни чорбоғнинг гузари томон одимларкан, чамаси ўн
йиллар илгари Эски Жўвадаги босмахонада “Бирлик” жамияти ташкил этилиши
муносабати билан бўлиб ўтган катта тантанали йиғилиш, юзлаб ёшлар, талабалар
иштирок этган катта митинг хотирасида жонланди. Ўшанда устози Мунаввар
Қорини илк маротаба чиндан-да бахтли, ниҳоятда ҳурсанд кўрган кезлари ёдига
тушиб, фикри-зикри яқин ўтмишда қолган тантанали анжуманга кўчди-қўйди…
Шўроларга қарши Осипов уюштирган исёндан кейин шаҳарда жуда оғир
сиёсий вазият вужудга келганди. Комиссарлар ўлдирилганидан сўнг душманлардан
ўч олиш кучайган, ана шундай ҳолатдан фойдаланган маҳаллий мутаассиб
руҳонийлар тараққийпарвар жадидлардан йўқсиллар тарафдори деб билганларини
калтаклашгача бориб етгандилар. Ана шулар орасида улар бугун йиғилишга
боришлари керак бўлган Эски Жўвадаги босмахона ишчиси мулла Муҳсинхон
ҳам бор эди. У мулла бўлиш билан бирга одоб-ахлоққа доир шеърлар, ижтимоий
адолатсизликларга ва мутаассибликнинг ҳар қандай кўринишига қарши қочирим
ҳажвиялар билан ҳам жадид матбуотининг фаол аъзоларидан бирига айланиб
улгурганди. Бир пайтлар Мунаввар Қори унинг талай шеърлари ва насрий
ёзувларини “Хуршид”, “Садойи Туркистон”, “Нажот” каби газеталарда эълон
қилинишида ёрдам қўлини чўзиш билан бирга бир-икки ҳажвий ҳикояларини
“Сабзавор” номли тўпламга киритиб, ана шу китоб жадид мактабларида дарслик
сифатида қўлланила бошланганидан буён Муҳсинхон эл-юртга танилиб ана шу
босмахонага ишга кирган, шу-шу ўзининг ўткир тиғли ҳажвияларини тараққиётга
тўғаноқ бўлаётган, дин, шариат аҳкомлари доирасидан чиқиб шахсий манфаат,
таъмагирлик ва нафсининг бўлак ҳо-ю ҳавасларига қул бўлиб юрган айрим домла-
поччаларга қаратгани туфайли уларнинг тепкиси остида қолиб, сал бўлмаса
дорилфано дунёни эрта тарк этаёзганди…
Устоз-шогирд Муҳсинхоннинг Себзордаги кафтдеккина ҳовлисига кириб
боришганида ўнг томондаги унча катта бўлмаган яккатавақа деразаси очиқ турган
хонада боши боғлоғлиқ бемор шифтга қараб ётганининг гувоҳи бўлишди. Уларни
бу ерга бошлаб кирган Муталхон отасига уни кўргани мўътабар меҳмонлар
келишганини дараклаганди, Муҳсинхон дока ўрнига оқ пешанбоғ билан боғланган
бошини шапарак ёстиқдан кўтаришга уриниб, дераза томон мўлтираб боқаркан:
– Эбе, Мунаввар устоз-ку! У киши келганларида менинг туққан хотинга ўхшаб
ётишимни-чи? – дея ҳажвчиларга хос қочирим қилди, сўнг иккала қўлидаги нон
ва ҳўл мевалар солинган алоҳида-алоҳида қоғоз пакетни Муталхонга тутқизган
Тўлқин Турсунзодага юзланиб: – Жуда қизиқ бўлди-да, Тўлқинжон, ука, келиб-
келиб ўзимга абжад, хафтияк ва чоркитобни ўргатган Аъламхон домланинг таёғи
бошимда синса-да! – деб бу сафар энди ярим жиддий, ярим ҳазил тарзда табассум
ила зорланди.
Мусулмон ғиштдан ясалган якка зинадан ичкарига аввал устозини киритаркан,
Муҳсинхоннинг неча йиллик таниши эмасми, Тўлқин Турсунзода ҳазиллашган
бўлди:
– Бегона эмас, ўз домлангиз туширибдилар-ку! Илгари еган калтакларингиз
ўрнида қабул қиласиз энди! Таёқ синса-синибди-да ака, муҳими бош омон қопти-
ку, ахир!..
Мунаввар Қори бемор иккинчи бор берган саломига ҳам алик олиш асносида у
билан қўшқўллаб сўрашаркан, шогирди каби ярим жиддий, ярим ҳазил оҳангида:
– Фақат бошингиз эмас, оёқ ҳам лат еганга ўхшайди-я, Муҳсинхон? – дея унинг
чап оёғининг тўпиққа яқин еригача боғланганига ишора қилди.
– Оёққа ўша ерга йиғилган муллаваччалардан бири кетмон сопига ўхшаш ёғоч
билан тушириб қолди-да! – юзи бужмайиб ёзғирди Муҳсинхон. – Ўшанда иккинчи
бор кўзларимдан олов чиқиб кетгандай бўлди гўё!
– Нима қилганда ҳам омон қопсиз-ку, шунга шукр қилаверасиз-да, ака! – деди
Тўлқин Турсунзода, устози Мунаввар Қорига кўз қирини югуртириб қўяркан.
Унга сари Муҳсинхоннинг аччиғи чиқиб:
– Сен шундай дейсан-да!.. – деди, ортидан Мунаввар Қорига юзланиб: – Мана
сиз ҳам катта уламолардансиз, “Шўройи исломия”ни ташкил этганлардан бири,
Маҳмудхўжа Беҳбудий каби улуғ дин арбобларидансиз, устоз! Нега булар бунчалар
мутаассиб эканлар-а?! “Сенам йўқсил жадидлардансан, бизларни ҳажв қилишдан
бўлак иш қўлингдан келмайди!” деб калтаклаш билан бирга анави муллаваччаниям
менга олқишладилар-да!
– Тўғри-да, домлангизнинг устидан кулмаганингизда шу балолар бошингизга
ёғилмасди! – яна ҳазиллашди Тўлқин Турсунзода.
Муҳсинхонга яқинидай бўлиб қолган Тўлқин Турсунзоданинг ҳазили бу сафар
айил ботиб, Мунаввар Қоридан нажот истагандай кўзларини жавдиратди.
Унинг айни дамдаги ҳолатини туйган Мунаввар Қори унга ён босди.
– Муҳсинхон кўпда шариатга амал қилмайдиган, динни ниқоб қилиб олиб ўз
нафсиларига эрк берган таъмагир, иккиюзламачи пешволар ва домла-поччаларни
ҳажв остига олади. Қуръони Каримда бунақаларга қаратилган оят бор. Аъроф
сурасининг 176-оятини назарда тутяпман, – деб аввал шогирдига, сўнг эса уй
эгасига қаради. – Ўзи аслида бу оят яҳудий олимлари ҳақида-ку, аммо ҳамма
замонлардаги таъмагир, ҳукмдор доираларга ёқиш учун барча пасткашликлардан
қайтмайдиган наинки диний, балки дунёвий илмда ўзларини осмонда кўрадиган
олимларга ҳам қаратилган деб ўйлайман. “Агар хоҳлаганимизда эди, оятлар билан
уни кўтарган бўлардик, лекин ўзи ерга ҳирс қўйди, ҳавойи нафсига эргашди. Унинг
ҳоли итга ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини чиқаради, тинч қўйсанг ҳам
тилини чиқараверади. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир,
тафаккур қилишлари учун уни сўзлаб беринг”, дейилади оятда!
– Сиздан айланай устоз, жуда тўғри айтдингиз! Ҳидоят йўлидан адашиб, туғёнга
кетганлар ана шунақалар-да! “Маййузиллаҳу фала ҳудиаллах ваязарухум фи
туғянихим яъмахум”, дейди-ку Яратган Эгамиз! – дея бемор ўғли Муталхонга, сўнг
дўсти Тўлқин Турсунзодага ва охирида Мунаввар Қорига назар солди. – Бу дегани –
“Аллоҳ кимни йўлдан оздирса, унга бир раҳнамо йўқ, ана шундайларни саркаш
адашиб юришларига қўйиб қўяди”, дегани. Тўғрими, устоз?
– Жуда тўғри айтдингиз, баракалла! – деди Мунаввар Қори, кейин бирданига икки
янгиликни дараклашга ошиқиб: – Бугун сизларнинг босмахонангизга йиғилишга
кетяпмиз, “Бирлик” ташкилотини тузгани. Фирқада бўлган-бўлмаганлар, яна
кўплаб ёшлар ўша ерда жамулжам тўпланадилар! Қўяверинг, Муҳсинхон, башарти
ўша ташкилот газетини очгудай бўлса, биринчи бўлиб ана шу воқеани ҳажвия
қиласиз, кейин Аъламхон эшон додини кимга айтишини билмай гаранг югуришини
кўраверамиз! – дея самимийлик ила кулди.
Муҳсинхон яқинида турган, ҳали ўтиришликка улгурмаган Мунаввар Қорининг
қўлларини силаб-сийпаб ўпиб қўяркан:
– Борлигингизга шукр, устоз! – дея уни алқаш билан бирга ўзини кулгига олди, –
унда бошимнинг ёрилиши-ю оёғимнинг лат ейиши ҳам ҳалво бўлиб, жондан
айрилишиму, асфаласофилинга жўнашим ҳеч гап бўлмай қоларкан-да!
– Ана шундай бўлади, сиз нима деб ўйловдингиз, Муҳсинхон ака!.. – дея уни
мазах қилган йўсинда омадли гапни айтган бўлди Тўлқин Турсунзода, кейин чап
ёнида турган Муталхонга қараб кўзини қисди.
Муталхон Тўлқин Турсунзодани яхши билгани, улар илгаритдан ҳазил-ҳузул
қилиб юришларидан хабардорлиги боис, отасига ярим табассум ила боққан
эди, Муҳсинхон “кўрпачаларни сол” деган ишорани қилди. Ўғли сал илгарироқ
келтириб қўйгани иккита бахмал кўрпачани шоша-пиша хона тўрига солди-да,
йўлакчада турган хонтахтани олиб кирмоқчи бўлганида, Мунаввар Қори уни бу
ишдан қайтарди:
– Бизлар бирровга киргандик, ука, дадангдан ҳол-аҳвол сўрагани! – деди-
да, кўрпачалардан бирига омонатгина ўтирди, сўнг ёнидаги шеригига қараб уни
ҳам ўтиришликка чорларкан, дуога қўл очиб беморга шифойи комил, у ва оила
аъзоларига тинчлик-офият, хонадонларига қут-барака тилади.
Бемор ётган жойида унинг дуосига соме бўларкан, ҳолидан хабар олгани келган
халқпарвар инсон, неча-неча авлодга таълим-тарбия берган, миллатнинг маънавий
отаси, йўлбошчисига айланган Мунаввар Қори ва унинг яқин шогирди, ўзининг
ҳам қадрдони саналган Тўлқин Турсунзодага ташрифлари учун миннатдорлик
билдирди:
– Ана шундай улуғ кунда, ажойиб тадбирда ёнларингда бўлмаганимга минг
афсусдаман-да, устоз! Ўша куни фалокат босиб Чорсуга, Кўкалдош мадрасасига
борганимни-чи! Бир тўда мутаассибларга йўлиқаман, улар орасида Аъламхон
домлани ҳам кўраман деб сира ўйламовдим, бу нарса етти ухлаб тушимга
кирмовди!..
Мунаввар Қори унинг кўнглини кўтариб, “Бўп туради, бўп туради”, деди-ю,
бироқ Тўлқин Турсунзода хонадон соҳиби ҳажвчи бўлгани учун “калтакланиш
пайрови”ни давом эттирмоқчи бўлди:
– Балки болаликдаги домлангизга йўлиққанингиз бахтингиздир, Муҳсинхон ака!
Нима қилса ҳам устозингиз-да, сизни аяган бўлиши кераг-ов! Бошқаси бўлганида
дейман-да, боя айтганингиздай, асфаласофилинга жўнатиши ҳеч гап эмасди!
– Тўғри айтасиз, Тўлқинжон! Анави осиповчилар, “оқлар” дейдими,
“меньшивиклар” дейдими, ўшалар ўн тўрттами ёки ундан кўпроқ эдими, ишқилиб
йигирмага яқин комиссарларни гумдон қилишибди-да! Ана шундан илҳомланиб
кетган мутаассиб руҳонийлар, домла афандиларимиз, яна уларга қўшилган айрим
боёну аёнлар бизларни шўронинг ялтоқиларидан олиб, ҳамтовоқларига солиб,
қизил иблислардан санаб… тоза қутурдилар-да!
– Большевиклар каттаси истаганингларча эркинлик олаверинглар, “Миллатлар
ўз тақдирини ўзи ҳал қилаверсин!” деганга ўхшаш гап қилибди-ку, зора бу
гаплар, бу ваъдалар шунчаки хўжакўрсинга бўлмай не кўргиликларни кўрган,
не зулму зўравонликларга чидаб келаётган халқимиз, неча асрлардан бери аввал
маҳаллий ҳукмдорлар, кейин эса чор мустамлакачилари истибдодидан тинкаси
қуриган, қуллик азоб-уқубатларидан зада бўлиб охири сабр косаси тўлган раъият
шу баҳонада озодликка чиқса, Туронзамин миллий истиқлолини эълон қилишга
эришса!.. – деди Мунаввар Қори. – Бизларнинг, биз жадидларнинг, қолаверса,
барча-барчамизнинг – елкаси қабариб кетган халқнинг, миллатнинг мақсади ҳам
шу эди-да! Эркимизни ўз қўлимизга олиш, бор бойликларимизни маънавиятга,
маърифатга сарфлаб фарзандларимизни дунё миқёсида фикрлайдиган,
Овруподаги жаноблардан кам бўлмаган турмушга, тараққиётга поғонама-поғона
олиб чиқиш эди!
– Сизларни билмайман-ку, устоз, лекин халқнинг орасида ҳар хил мишмишлар
юрибди эмиш! – гапга қўшилди Тўлқин Турсунзода. – Большевикларнинг
каттаси яхшимишу, аммо-лекин атрофидагилар, анави Троцкий, Бухарин,
Зиновьев деганлари, яна мана бу Бухорога юбормоқчи бўлаётгани Фрунзе деган
лашкарбошиси бормиш-ку, ана шулари роса бешафқат, бадбахтлари эмиш! Шу
гапни осиповчилардан бири тарқатиб юрганини бир ишончли одамдан эшитдим!
– Оқ подшосидан қутулдик деганимизда энди булари бор эканми? Ҳали
халқимиз бошига бу қизиллар ҳар турли бало-офатларни солмаса гўрга эди!
Бизлар ҳозир инқилобни оқлаяпмиз, большевиклардан умид қиляпмиз-ку, лекин
буларнинг ҳокимияти ҳам муваққатга ўхшайди, узоққа бормайди-ёв!.. – деди
Мунаввар Қори. – Ҳали айтадилар-ку, ўлмаган қул кўраверади деб… Кўрайлик-
чи, булари нима каромат кўрсатишар экан?! Аммо бир нарсани айтиб қўяйин, биз
туркистонликлар сира тек турмаймиз, иложи борича бирлашиб курашаверамиз –
озодлик, миллий истиқлол учун интилишларимизни сира тўхтатмаймиз!
…Устоз-шогирдларни босмахона дарвозаси қаршисидаги Акмал Икромов
бошчилигида оркестр садолари остида кутиб олишди. Ҳали “Изчиллар”
номли мусиқа оркестри миллатнинг маънавий раҳнамоси ҳақидаги қўшиқни
бошламасиданоқ ланг очиқ дарвозанинг деворга яқин ўнг томонида турган
Тангриқул Мақсудов, босмахона раҳбари Абдулаҳад Абдулҳақов, Саъдуллахўжа
ва Аямбой Атҳамбой ўғлидан берироқдаги ўттизларни қоралаб-қораламагандай
кўринган йигит, хончорбоғлик Шокиржон “Яшасин миллат, яшасин Мунаввар
Қори!” деб марғилони дўпписини осмонга ирғитиб жадидлар етакчисини
улуғлаганди, унга бошқа ён-атрофдагилар ҳам қўшилишди. Оркестр яна овозини
баралла янгратиб Мунаввар Қорига аталган қўшиғини бошлаб юборди. Қўшиқ
ҳали тугаб улгурмасиданоқ Саъдуллахўжа Мунаввар Қорини бағрига босганча:
– Камина қулингиз кечадан эътиборан эсерлар сафига қўшилди! Қандай хизмат
бўлса тайёрмиз, Қори ота, Ватан, миллат учун ишлашга шаймиз! – деди.
– Шошқалоқлигингиз қолмабди-да, хўжам, эсерларингиз ҳам меньшевиклардан-
да, тағин сизни анави осиповчиларга қўшиб қўйишмасин! Шошилмаганингизда
бошқалар қатори комфирқага аъзо бўлардингиз, ҳозир Туркистонга озодликни,
мухториятни ана шулар ваъда беришяпти-ку! – деди Мунаввар Қори.
Андижон ва Тошкентдаги “Тараққийпарварчи” жадидлар марказлари
боғловчиси саналган Саъдуллахўжа Турсунхўжаев инқилобдан аввал Асака
волости бошқарувчисининг мирзаси эди. 1917 йилда ТРМБ бошлиғи ўринбосари
подполковник Розалин-Сошальский Фарғонага келиб ҳарбий губернатор маҳкамаси
хати билан танишиб чиқиб, тез орада ўзларига “Тараққийпарварчи” номини қўйган
Андижондаги уюшма фаолияти борасида жиной иш қўзғагач, Саъдуллахўжа,
Убайдулла Асадуллахўжаев қистови билан Тошкентга кўчиб келганди. Ҳозир у
“Бирлик” уюшмаси ташкил этилиши муносабати билан Мунаввар Қори ташриф
буюришини билиб, бошқалардан аввал бу ерга келган, Тангриқул Мақсудовнинг
бошини пича қотирганди. У Мунаввар Қорини кўрди-ю, қувончини яширолмай
қолди:
– Ўшанда, 1916 йилда Ерли аҳолидан мардикор олиш жараёнида сиз азизимиз
ва Убайдуллахўжанинг генерал-губернатор Куропаткинга мурожаатларингиз,
мардикорликка сафарбар қилинаётган халқ томонида туриб уларга шарт-
шароитларини яхшилаш ҳақидаги талабларингиз чор маъмуриятига ёқмаганди. Ана
шундан сўнг мустабид тузум маҳкамаси, Туркистоннинг ҳарбий-сиёсий доиралари
бизнинг фаолиятимизни тўхтатган, мен бу ерга келишимни Убайдуллахўжа ва сиз
Қори ота қўллагандингиз. Мана энди каминангиз эсерлар фирқасига аъзо бўлиб
турибмиз-да!
– Ўшанда Туркистон ўлкасида кутилмаган фавқулодда воқеа содир бўлганди,
Саъдуллахўжа! Генерал-губернатор Куропаткин Убайдуллахўжа ва бошқа бизга
ўхшаган фирқа аъзолари ва раҳбарларини жиноий фаолиятда айблаб, ўлкадан
сургун қилиш ҳақида буйруқ чиқарганди. Аммо бу буйруқни Тошкент округи
суди ноқонуний санаб, ўлкада илк маротаба бу ҳукмни бекор қилди. Ана ўша
бизларнинг ўтган йиллардаги энг катта ютуғимиз, инқилоб арафасидаги ғалабамиз
десам муболаға бўлмайди!
– Нимасини айтасиз, Қора ота! Бизларни сарт деб камситиб келган “Оққулоқ
оғалар” ўзбеклардан Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевдек адвокат чиқишини
кутмагандилар-да! Унинг ана ўша судда уларнинг барчасини лол қолдириб ишни ютиб
чиқиши эса етти ухлаб тушларига кирмаганди! – деди Саъдуллахўжа Турсунхўжаев,
Мунаввар Қорининг фикрини маъқуллаб, кейин эса Аямбой Атҳамбой ўғли билан
гаплашиб турган Тангриқул Мақсудовга қараб олди-да, Мунаввар Қорига яна
ҳам яқинлашиб, қулоғига шипшиди: – Манови оғайнимизнинг, Тангриқулнинг
айтишича, буларингизгаям ишониб бўлмасмиш! Большевойларнинг каттасини
билмайман-ку, аммо атрофидаги – Троцкий-мроцкий, Зиновьев, Каменев, Сталин
деганлари-ю яна бошқалари жуда чатоқ, бешафқат одамлармиш! Анови қароқчиси
Фрунзе бор-ку, ана шу уккағар Бухоронинг бойлигига, амирдан қолган икки
асрлик тиллоларга кўз тикаётганмиш… Ҳа, ҳа, юқоридан буйруқ олганми дейман,
инқилобни сақлаб қолиш баҳонасида халқимизнинг бор бойлигини ташиб кетиш
истаги билан ёнаётганмиш! – у шундай деб Акмал Икромовлар томонига қараб
қўяркан, жумласига қўшимча қилди. – Ҳатто сиз ҳамиша мақтаб юрадиганингиз,
илмини бошқалардан устун қўядиганингиз Фитрат домланинг большевиклардан
хафсаласи пир бўлаётганмиш! “Бу йўқсиллардан, бу инқилобчи қизиллардан
яхшилик чиқмайди-ёв”, деяётганмиш!
Ана шу дамда Мунаввар Қори босмахона раҳбари Абдулаҳад Абдулҳақов
уларни ичкарига таклиф этмай бир ўзи босмахона ҳовлисига югуриб кириб
кетганига, корхона хизматчиларига ниманидир тушунтириб, нимадандир норози
бўлиб барчасини ҳар тарафга югуртираётганига диққатини қаратди. Аммо
яна тезда унинг хаёли ҳамсуҳбати эслатмиш Убайдуллахўжага кўчди. Унинг
истеъдодига тан бериб, у Лев Толстойдек бир аллома, мутафаккир ёзувчига
хат йўллагани, ёзувчига савол билан мурожаат этгани-ю, ана шу ёзишмалари
туфайли адибнинг ҳурмат-эътиборини қозона олганини, бундан эса табиий
равишда ўша давр чор маъмуриятининг, оқ подшо лаганбардорларининг фиғони
фалакка ўрлаб неча бор бу улкан истеъдод соҳиби оёғига болта уришга уриниб
келганларини-ю, бироқ барчаларининг уринишлари зое кетганини ва алалоқибат
чор маъмурлари учун шармандаликка айланган ўша инқилоб арафасидаги судда
Убайдуллахўжа босқинчилар устидан ғалаба қозонганини эслади. У пича ўйланиб
қоларкан, сал нарироқда боя “Яшасин миллат, яшасин Мунаввар Қори!” – дея
ҳайқирган Шокиржон билан гаплашаётган шогирди Тўлқин Турсунзодага қараб
олди-да, ортиқ Саъдуллахўжага сўз қотмади. Бунинг боиси, бир томондан унинг
илгарилари Асака волости бошқарувчисининг мирзаси бўлгани бўлса, иккинчи
жиҳати ўзининг эсерлар фирқасига аъзо бўлганини маълум қилиши ва Мунаввар
Қорини қучоқлашидан аввал Тангриқул Мақсудовга қараб ғалати, баайни хоинона
кулиб қўйишида эди; айнан ана шу ҳолатни у сезиб қолиб дилида ҳар иккисига
нисбатан шубҳаланиш ҳисси пайдо бўлганди-ю, бироқ бу нарса унга шайтон
васвасасидек туюлгани учун у қадар аҳамият бермаганди. Ҳозир эса ана шундай
бир қалтис сўзларни чўчимай гапираётган одам Абдурауф Фитратга нисбатан
ҳам туҳмат қилаётгандай бўлиб кўрингани туфайли унга ишончсизлиги ортса-да,
бошқа томондан ўзи мутлақо ишонгани Убайдуллахўжа бу одамни ҳурмат қилиб
Тошкентга бошлаб олиб келганини ўйлаб юқоридаги номатлуб хаёлларга боргани
учун ўзидан хижолатланди.
Шу дамда босмахона клуби бўсағасида бир неча киши бўлиб қўлларида
гулдасталар билан уларни муштоқ кутаётганлар орасидаги шу даргоҳ раҳбари
Абдулаҳад Абдулҳақов Тўлқин Турсунзодани устози ва бошқаларни бу томонга
бошлаб келишга чорлади. Кейин эса бу тарафида бир текисда саф тортган корхона
эркак ва аёлларига бир нима деган эди, улар қатор охиридаги яна бошқа гулдастали
ёшларни ҳаракатга туширдилар.
Узоқ йилнинг май ойида айнан Мунаввар Қорининг ташаббуси билан очилган
Мусулмон халқ дорилфунунининг талаба-ёшлари ҳам ишчилардан нарида
тургандилар, улар “гур” этиб меҳмонлар истиқболига ошиқишиб, барчаларига,
айниқса Мунаввар Қорига кўплаб гулдасталар тутқизар эканлар, “Хуш
келибсизлар, хуш келибсиз устоз Мунаввар!” дея унинг атрофини ўраб олишди. У
ва ёнидаги шериклари гулдасталарни ёшлар қўлидан олиб, барчага миннатдорлик
билдиришаркан, Тўлқин Турсунзода талаба-ёшлар орасида бугун эрталаб зиёратига
борганлари Муҳсинхон аканинг ўғли Муталхон ҳам борлигини кўриб, ҳайратини
яширолмай устозига қараб оларкан, ундан норозилангандай оҳангда сўради:
– Сен қачон келиб улгурдинг, Муталхон?!
Унга устози Мунаввар Қори ҳам қўшилишиб:
– Нега бемор дадангнинг бир ўзини ташлаб келдинг? Яхши бўлмапти бу ишинг,
чироғим! – деди-да, унинг қўлидаги гулдасталарни шогирдига, шогирди Тўлқин
Турсунзода эса корхона маъмуриятидаги хизматчи қизга тутқазди.
– Дадамнинг ўзлари бу ерга юбордилар! Менинг ўрнимга Мунаввар устознинг
чиқишларини: жамоатга, ёшларга мурожаатларини, нутқларини эшитиб кел, кейин
бафуржа гапириб берасан дедилар!.. – ҳовлиқиб ҳисобот берган бўлди Муталхон,
кейин улардан узр сўраб, дурустроқ жой олиш мақсадида тантанали йиғилиш
ўтадиган клуб томон ошиқди.
– Биз пича олисроқ бўлган катта йўл билан юриб Зингер машинаси сотиладиган
Гулбозор маҳалласи орқали келдик. У ҳойнаҳой Чувалачи билан чиқиб, Жанггоҳнинг
орқасидаги тор кўчалардан югургилаб етиб келди-ёв! – дея тахминини билдирди
Тўлқин Турсунзода. – Ҳақиқатда уни Муҳсинхон ака югуртирган кўринади, йўқса
бундайин ҳовлиқиб келмасди!
– Ҳажвчимизнинг ўғлини айтяпсизларми? – орага қўшилди Аямбой Атҳамбой
ўғли. – У жуда яхши йигит бўляпти-да! Қора меҳнатдан сира қочмайди, ўқишидан
қайтади-ю, мана шу босмахонада, отасининг ёнида михбосмада ҳарф теради,
яна анови қўлом қуйиш цехидагиларнинг оғир ишида кўмак ҳам беради, бу
йигитдан ажойиб матбаачи чиқади деб ўйлайман! Анави “Халқ дорилфунуни”
газеталарингнинг набориниям мана шу Муталхон теряпти-да! – дея у ҳамкасбининг
фарзандини мақтади.
– Миллатимизнинг келажагини ўйлаб буларга илм даргоҳини очиб берган
Мунаввар устоз бўладилар-да! Ўзбек ёшлари, туркистонликларнинг кимлардан
кам ери бор дегандингиз ўшанда! Дорилфунуннинг тантанали очилиши
муносабати билан бўлиб ўтган митингни назарда тутаяпман, – деди босмахона
раҳбари Абдулаҳад Абдулҳақов, кейин меҳмонларни узун йўлак бўйлаб клубга
бошларкан, – ҳозир клубимиз залида ана шу халқ дорилфунунининг деярли барча
ўқувчилари йиғилишган. Уларни Камол Шамси бошлиқ муаллимларингиз бошлаб
келишди! – дея дараклади.
– Ҳали Камол Шамсиям шу ерда денг? Ишқилиб уни анави мутаассиб оломон,
Муҳсинхонни калтаклаган Аъламхон домла-поччага ўхшаганлар, уларга қўшилган
бойвачча савдогарлар савалашмабдимикин? Камол ҳам ўша жанжални бостириш
учун сафарбар этилганлар сафида бўлган деб эшитувдим! – Мунаввар Қори хавотир
аралаш ёнидагиларга қараб қўйди.
– Камол Шамсининг важоҳатидан чўчиган бўлишса керак! – сўз қотди Тангриқул
Мақсудов. – Жадид тараққиётчиларнинг бунисига бас келолмаймиз-ов дейишган
бўлишлиги керак!
Анчадан буён суҳбатдан ўзини тортиб турган Акмал Икромов:
– Шунақамикин? Камол акадан чўчишганмикин?! – деб қўйди. Сўнг ҳаммани
тумонат одам йиғилган, шўро тузумига оид ҳар турли шиор-паннолар осилган
ҳайҳотдай залга қараб етаклади…
Шу куни Мунаввар Қори ўз сафдошлари – вилоят, шаҳар, туман жамоатчилиги
вакиллари, дорилфунун ва бошқа ўқув даргоҳи талабалари билан келишиб,
“Бирлик” уюшмаси тузилишига бош-қош бўлди. Бундан унинг асосий кўзлаган
мақсади фирқали ва фирқасиз зиёлилар, оддий халқ вакиллари ҳамда ёшларни
бирлаштириш орқали ўзи умид қилаётгани нафақат Туркистонни, балки Бухоро
ва Хоразмни ҳам бирлаштириб, уларни ягона мустақил мамлакат сифатида расман
эътироф эттириш, тан олдириш истаги эди…
Аммо кейин ёмғирдан қутулиб, бўронга тутилганини, эндигина чоризм
истибдодидан, зулму зўравонликларидан халос бўлдик деганларида қизил
салтанат – советлар тузуми чангалига тушиб қолганларини, бор орзулари сароб
бўлиб чиққанини, мусулмон ўлка халқларини яна қуллик занжирида, қуллик
кишанларида сақлашни истаган, бу юрт бойликларига эга чиқишни асосий мақсади
деб билган большевиклар ёлғон ваъдалар бериб каззобона сиёсат олиб борганини,
ҳали биринчи ўн йиллигини нишонламаёқ оддий халққа зулму зўравонлик, жабру
ситамни кучайтириб, миллатпарвар жадидларга, зиёлиларга нисбатан қатағон
сиёсатини – “Қизил террор”ни бошлаб юборганининг шоҳиди бўлишди…
Кейинги ўн йил ичида бу икки устоз-шогирднинг, уларга ўхшаган неча ўнлаб,
юзлаб жадид-зиёлиларнинг, миллий истиқлол ғояси, орзуси билан яшаган
“Тараққиётчилар”нинг, шулар қаторида оддий халқ вакилларининг бошига не
кўргиликлар тушмади, не бало-ю мусибатлар ёғилмади дейсиз. Бу қора кунларнинг
бошланиши, Туронзамин осмонини қора булутлар чодири ўраб олиши-ю зулматли,
ваҳшатли тунларнинг ҳали узоқ давом этишидан дарак берарди, холос…
Ўшанда Тўлқин Турсунзода отасини Туркистондаги табибга кўрсатиб қайтгач,
ҳафта ўтмай эрталабки соат ўн билан ўн бирлар орасида кўча эшикни биров қоқди.
У бориб очганида, остонада устози Мунаввар Қори турганини кўриб қувониб
кетди. Салом бериб, кўришишгач, қўлига тутқазилган пакетни истаб-истамай
оларкан, юз-кўзларида устозидан норозиланиш аломати келди, ана шу кечинмани
сўзга кўчиришдан аввал уни ҳовлига бошлаб:
– Хуш кўрдик, устоз, хуш кўрдик!.. – деди, кейин унинг кўнглига тегмайдиган
юмшоқ оҳангда, – мана бу пакетни кўтариб келиб чакки қипсиз-да, – деди.
Тўлқин Турсунзода у қўлидаги пакетни ҳовлига кираверишда ўнг томондаги
ошхонанинг очиқ турган дераза токчасига қўйиб улгурмасидан шу атрофда копток
ўйнаб юрган олти ёшли синглиси Ҳакима чопиб келди-да, қақажонлик билан ўнг
қўлини кўксига қўйиб:
– Ассалому алайкум, Қори устоз!.. – дея салом берди.
Мунаввар Қори ярим энгашиб қизалоқнинг пешонасидан ўпди:
– Ваалайкум ассалом, барака топинг, Ҳакима қизим. Сочларингизни ким бундай
чиройли қилиб ўриб қўйди?
– Холамла, Хатира холам ана шундай чиройли ўриб қўйдилар-да! Ҳозир мен
уларникида яшаяпман, фақат шанба-якшанба кунлари бу ерга келаман. Чунки
дадамла ва акажоним мени соғиниб қолишади-да!
Унинг жавобини эшитган Мунаввар Қорининг чеҳраси тағин-да ёришди.
– Ҳали-замон мактабга чиқсангиз керак, шундайми? – дея савол ташлади.
– Ҳа, устоз, шу… кейинги йил чиқаман! Шунда ҳам акамнинг кўмаклари ва
ташаббуслари билан “Адиби аввал”, “Адиби соний”ни ўрганяпман! – дея бурро-
бурро жавоб қайтарди Ҳакима.
Мунаввар Қори қизчани алқаб ўнг юзидан силаб қўяркан, ўзининг аввалги
аёли Муборакхондан икки ўғли бўлганини-ю, бироқ Худо уларни кўп кўриб
гўдакликларидаёқ қайтиб олгани, уч-тўрт йил бурун турмуш қурганлари
Лазизахондан эса фарзанд кўрмаётганидан ичи зил кетди. Илло бу ички ҳолатини
шогирдига сездирмасликка тиришиб кулимсираб турарди:
– Ҳалиям бу китоблардан фойдаланяпсизларми, Тўлқинжон? Ахир, кўпгина
ўқув қўлланмалар, янги дарсликлар чиқди-ку?
Тўлқин Турсунзода устозининг аҳволи руҳияси яхши эмаслигини, ўша Самарқанд
музейида қисқа муддат илмий ходим бўлиб ишлаб қайтганидан сўнг Тошкентдаги
Эскилик ва санъат ёдгорликларини сақлаш қўмитаси вакили лавозимига
ўтказилганини, ушбу даргоҳ унинг охирги иш жойи бўлиб маҳаллий маъмурлар,
уларнинг назоратидаги маҳкамалар кўп вақт ишлашига йўл қўймаганларини,
“Атрофига шўрога ёт бўлган шубҳали кимсалар, турли миллатчи унсурларни
йиғяпти, мақсадлари маҳаллий аҳолини, айниқса ёшларни шўрога қарши қайраб
исёнга чақириш” деганга ўхшаш баҳона, бўҳтонлар билан у ердан ҳам бўшаб
кетишига мажбур этганларидан хабардор эди. У:
– Октябрь инқилобигаям мана ўн бир-ўн икки йилча бўп қолган эса-да, ҳали
Ҳакиманинг ёшидаги болаларимизга сизнинг ана шу китобларингиздан бўлак
арзирли дарслик чоп этилгани йўқ-да, устоз! Шунинг учун булардан фойдаланишни
ҳалиям мақсадга мувофиқ деб биламан! – деб қўйди.
– Мен Шорасул Зуннун ва Қаюм Рамазоннинг ўзбек тили дарсликларини ҳам
пишиқ-пухталиги билан ажралиб туради деб ўйлайман! – эътироз билдирган бўлди
устози.
– Уларнинг ўқув қўлланмалари Ҳакиманинг ёшидаги болаларга тўғри келмайди-
да, оғирлик қилади, – деди шогирди, кейин ошхона томон чопқиллаб кетган
синглисига қараб қўйди.
Мунаввар Қорини унинг сўзлари пича ўйлантириб қўйди. Сўнг ҳовли адоғида
шу ёққа қараб ўтирган Турсунжон акага назари тушиб:
– Бу ёғиям бор! Майли, “Адиби аввал” ва “Адиби соний” Ҳакиманинг
кунига яраётган экан, ўрганаверсин! – деди, – дадангиз ҳам бизга маҳтал бўлиб
ўтирибдилар! Гап билан овора бўлиб уларни унутаёзибмиз…
…Уй эгаси Мунаввар Қоридек зотнинг ўзини кўргани келишидан қувониб, ўз
меҳрини бот-бот изҳор қилди. Мунаввар Қори эса шогирдининг отаси ундан анча
ёш катта эса-да, “Қори ака” деб сизлашидан қаттиқ ўнғайсизланди.
– Мени хижолатга қўйдингиз Турсунжон ака, сиз бизларга устозсиз! Бундай
деяётганимнинг боиси, сизга ризқ улашувчи фаришта Микоил юққан, йўқса мана
бундай қирқ йил тандир олдида обиоташ билан курашишнинг ўзи бўлмайди! Мен
сизга ўхшаган нонвойларни ўзимга устоз деб биламан! – деди камтарлик билан.
– Биз каби нонвойларнинг пиримиз… Анави… оғзимизга тупуриб фотиҳа
берган дейдими, ишқилиб… ризқ улашувчимиз Микоил фаришта эканмилар?
Ана шундай гапларни шогирдингиздан, Тўлқинжондан эшитмаганман-да,
тақсир! Бу шогирдингиз ҳалиги… жадид-тараққиётчиман, шарқшунос олим
бўляпман дейдилар-ку, аммо-лекин шариати исломиядан юзакиман, динимиз сир-
асрорларидан бехабарман деб очиқ тан оладилар! Шунинг учун бу кишимга ҳам
ана шу илмдан ўргатсангиз жуда яхши бўларди-да, Қори ака!
Тўлқин Турсунзода отасига сира қарши бормасди. Отаси оддий одам эканини,
ўзининг касби савиясида гапириши, касби даражаси ва доирасида суҳбат қуришини
билгани боис бу сафар ҳам кулиб қўйди.
– Дадамиз тўғри айтяптилар, устоз! Намоз ўқияпмиз, шариат аҳкомларига иложи
борича амал қилишга уриняпмиз-ку, бироқ ундан у ёғига ўтолмаяпмиз! Хуллас,
каминада диний маърифат ҳаминқадар-да! – дея отасининг сўзларини маъқуллади.
– Бир сизда эмас, ёш тараққийпарвар жадидларимизнинг кўпида ва бошқа
дўстларимиздаям ҳаминқадар! Буни илгарилариям кўп бор таъкидлаганмиз,
Беҳбудийга ўхшаган, Авлоний, Миён Бузруг, Фитратга ўхшаган диний-маърифат
билимдонлари ҳам бу ҳақда талай мақолалари билан чиқишган. Диний ва дунёвий
илмнинг баҳамжиҳат олиб борилиши, шариатга қатъий риоя қилган ҳолда мактаб ва
мадрасаларни ислоҳ этиш, маданиятни тараққий қилдириш соҳасида аср бошидан
буёқ гапирилиб келиняпти, қанчадан-қанча диний-илмий анжуманлар ҳам ўтказилди.
“Шўрои исломия” ташкил топгач, Туркистон мусулмонларининг таъсис қурултойи
чақирилиб, Бутун Туркистон Миллий маркази тузилди, унда мусулмонлар ҳаётига
оид ўн олтига яқин долзарб масалалар кўрилди. Улар орасида мустақиллик, диний
эркинлик, аёллар масаласидан тортиб ер, сув масаласигача муҳокама қилинди.
Аммо арзирли натижа чиқмади. Бунга биринчи навбатда даҳрийча сиёсат олиб
бораётган шўро тузуми айбдор деб ўйлайман. Ўшаларнинг ана шу сиёсати туфайли
юқорида тилга олганим ҳеч бир соҳада силжиш бўлмади. Яна қизил йўқсилларнинг
аёллар борасидаги бўлмағур қарашлари, шиорлари дин пешволарини, уламоларни
ғазаблантиргандан-ғазаблантириб юборди. “Аёлларимиздан паранжини юлиб
олганлари етмагандай, энди уларни умумий, ҳаммага тааллуқли” деб эълон
қиладиларми деб катта тўполон кўтардилар, – деди Мунаввар Қори.
Сўнг суҳбат Турсунжон аканинг соғлиги-ю ўғли Тўлқиннинг уйланишга ҳали-
ҳамон бўй бермаётгани атрофида анча давом этди.
…Мунаввар Қори Турсунжон ака билан хайрлашиб, унинг ўғли, ўзининг ишонган
шогирди Тўлқин Турсунзода билан ташқарига чиқишиб, Моғолкўчага қараб яёв
йўлга тушишди. Ўша ердаги Ғиштмасжидда жамоат билан пешин намозини ўқиб
чиққанларидан сўнг Кулолтепага, ундан эса Дегрез маҳалласи орқали Лабзакка
йўл оларканлар, шунчаки маиший мавзудан гаплашиб бордилар, бунга масжиддан
чиққач, ҳеч қанча вақт ўтмай кетларига одам тушганини пайқаганлари сабаб бўлди.
Бошига шляпа кийган, уст-бошининг ўзиёқ тегишли идоранинг айғоқчиси эканини
ифшо этувчи, миллати рус ёхуд татарлиги яққол сезилиб турган ўттиз билан ўттиз
бешлар атрофидаги новча, ориққина кимса орқароқда гўё ҳеч нарсани билмагандай
енгил ҳаракатлар ила изма-из уларни таъқиб этиб юриб келар, иккисини чалғитиш
мақсадида аҳён-аҳён кўздан йўқолиб қолар, сал ўтгач эса яна пайдо бўлиб баайни
ердан ёмби қидираётган изқувар каби бошини пастга энгаштириб олишини
қўймасди. У бир неча кундан бери Мунаввар Қорини кузатиб юрганини, икки-уч
кун кўринмай қолиб, тағин томдан тараша тушгандай пайдо бўлганини шогирдига
даракларкан, Шайхонтоҳурдаги Қалдирғочбий мақбарасига етганларида пича
тўхтаб турдилар. Айғоқчи ўзини гўликка солган кўйи сават шляпасини бостириб
олиб, қўлидаги ингичка ҳассачасини олифталарча ўйнатиб ёниларидан ўтиб
кетаётганида Тўлқин Турсунзода унинг йўлига тўғаноқ туриб:
– Сизга нима керак? Нега бизларни боядан бери кузатиб келасиз? – деди, сўнгра
устозига бир қараб оларкан, дағдаға аралаш қўпол тарзда сўради: – Сиз кимларга
ишлайсиз? Қайси идоранинг топшиғи билан устозимни кузатаяпсиз?!
Ҳалиги айғоқчи ҳеч нарсани тушунмагандай сурбетларча елкасини қисди:
– Мен ҳеч кимни кузатиб келаётганим йўқ, сизларга шундай туюлгандир!.. –
дея Мунаввар Қорига кўз қирини ташлади, сўнгра у ёқ-бу ёққа аланглаётганди,
сал наридаги катта йўлда файтон арава шу томон келаётганига кўзи тушди-ю: –
Ҳой, извошчи, менга қаранг, городга обориб қўясизми?.. – деди-да, аравакашдан
жавоб ҳам кутиб ўтирмай югуриб бориб файтонга чиқиб ўтириб олди. Отарава
ўрнидан қўзғалиб пича юргач эса, устоз-шогирд томон ўғринча қараб қўйишни ҳам
унутмади.
Тўлқин Турсунзода аравага ўтира солиб қочиб қолган айғоқчининг устидан
кулгандай оҳангда:
– Большевойлар дурустроқ айғоқчиниям ёллолмайди-я, устоз! Ўзларига ўхшаган
узоққа боролмайдиган, қалтироқ юракли, ингичка таёқ мурдани топганларини-чи?! –
дея олислаб бораётган аравадаги татар айғоқчини мазах қилди.
– Ана шундай ҳол олдин ҳам бир марта юз берганди. Ўшанда йигирма тўртинчи
йиллар эди, шекилли, Қуръони Каримни Ўрусиядан юртимизга қайтаришганда,
Усмон мусҳафини назарда тутяпман, тумонат бўлиб темирйўл вокзалига чиққанмиз.
Ўша ерда аввал мен, кейин Убайдуллахўжа ҳам сўзга чиқиб, бир пайтлар чор
империяси даврида Петербургга олиб кетилган Усмон мусҳафининг яна юртимизга,
юртимиз мусулмонлари ихтиёрига қайтарилишидан қувонганимизни изҳори дил
этдик ва унинг омон-эсон Самарқандга етказилишида жорий ҳукумат алоҳида
эътибор бериши кераклигини талаб қилдик. Мазкур талабимиз сиёсий идораларга
ёқмади, шекилли, бир пайт уйга қайтаётганимда ана шунга ўхшаш айғоқчи ортимдан
изма-из келаётганини пайқадим. Бир бурчакда уни тутиб, кимлигини сўрасам, “Сиз
бизлар учун хавфли унсур саналасиз, Қори ака, ортингиздан қўйилганим рост!”
деганди. Буниси эса муддаосини ҳам айтмай қочди-кетди!
Лабзакка етишларига ярим чақирим қолганида Закотсарой яқинидаги ёзги
чойхона ҳовлисида чорпояга кўзлари тушиб дам олиш мазмунида тўхтадилар-да,
икков ёнма-ён шапарак кўрпачага ўтиришди. Тўлқин Турсунзода унда-бунда ана
шу чойхонага киришини, самоварчи Неъмат исмли чапанисифат одам эканини, у
мижозлари учун алоҳида бир қозонга шўрва ҳам солиб қўйиш одати борлигини
айтиб улгурмасидан, ичкаридан ўн беш-ўн олти ёшлар чамасидаги бошига чуст
дўппи, эгнидаги яктаги устидан белига қарғашойи қийиқча боғлаб олган хизматчи
югуриб чиқди-да, қўлини кўксига қўйганча Тўлқин Турсунзодадан:
– Амак, қандай чой дамлаб берай? – деб сўради.
– Бизларга фамил чой дамлаб берасан, ука, – деди Тўлқин Турсунзода, – кейин
Неъмат акага саломимизни етказасан-да, қорасаройлик мижозингизга икки
кишилик шўрва ҳам берармишсан дейсан, ўзлари биладилар!
Хизматчи ўсмир икки қўлини кўксига қўйган кўйи мутавозелик билан:
– Хўп бўлади, амак! – деди-да, югуриб ичкарига кириб кўздан ғойиб бўлди.
Кўп ўтмай қора патнисда икки сопол коса қайнатма шўрва, ёнида иккита зоғора
нон ва сидирға чойнакда фамил чой дамлаб олиб келди, келтирганларини ёнма-ён
қўйиб, – яна қандай хизмат бўлса айтаверасизлар, устозлар!.. – дея хижолатланиб,
юз-кўзини яширгандай ерга қаради.
Тўлқин Турсунзода самоварчи уларни узоқдан таниганини ва илмли одамлар
эканликларини маълум қилган чоғи, хизматчи бола ана шунинг учун ҳам илтифотни
қуюқ қилиб, ўзини пастга олиб тураверди.
Ўсмирнинг уялинқираб ерга қараб туриши Мунаввар Қорига ўз таъсирини
ўтказмай қўймади. У миллат ёшларининг ҳамиша кўкракларини ғоз кериб
юришларини истайдиган маърифатпарварлардан эмасми, уни саволга тутиб:
– Болам, манави ишдан ташқари бирор ерда ўқийсами? – деб сўради.
– Бу йил киролмадим, устоз, аммо кейинги йил таълим-тарбия техникумига, уни
битиргач эса дорилфунуннинг ўқитувчилар тайёрлаш куллиётига ҳаракат қилиб
кўрмоқчиман, – деди ўсмир. – Уйдагиларга ёрдам бўлиши учун Неъмат аканинг
қўлостиларида ишлаб турибман, ҳозирча, – дея қўшиб қўйди у.
– Ҳа, баракалла! Мана бундай дастёрлик ҳам савоб иш, илоҳим мақсадингга
етгин! Бизлар ҳам мураббийлармиз, юртга сенга ўхшаган ўтюрак зиёлилар жуда
керак-да, яхши соҳани танлабсан! – деб унинг кўнглини кўтарди Мунаввар Қори.
Ўсмир хурсанд бўлганча югуриб чойхонага кириб кетди.
– Бу самоварчини яхши биламан, устоз, қўли очиқ одам, бу ўспирин битта-яримта
таниши бўлса керак. Ана шунга ёрдам берайин деган мақсадда уни ишга олган
кўринади, – деди Тўлқин Турсунзода. Сўнг сўради: – Дарвоқе, устоз, анави Шокир
ака қўлингизга тутқазган мактуб бўйича Аямбой аканикига бордиларингизми?
Мунаввар Қори ғайришуурий тарзда ён-атрофига кўз югуртирди.
– Бордик. Шокиржон билан тайинланган ерда учрашдик, кейин у мени
Аямбойнинг Чуқурсойдаги ҳовлисига эмас, Ракат маҳалласида яшайдиган
ёлғизгина опаси бор экан, ана шуларникига оборди, – деди, яна икки ёнига, орқасига
ва чойхона ичига қараб олгач, – ўйлаганимдай, у ерда Ғулом Жайлонийни эмас-
ку, унинг ёрдамчиси Оташ Мирзони учратдим. Олдин, Самарқандда эканимда,
яъни музейда ишлаётганимда Қори Комилникида Жайлоний жаноблари билан
учрашгандик. Биз ўшанда Туркистон миллий бирлиги жамиятининг низомини ва
байроғини қабул қилган кезларимиз эди. Ўшандан бирор ҳафта ўтгач у киши билан
яна кўришган, анча суҳбат қургандик, мен биз миллатпарварларнинг аҳволимиз
яхши эмаслигини, тазйиққа учраб таъқиб этилаётганимизни дараклагандим.
Унга расмий йўл билан иложи топилса ҳали ҳам Афғонистонга кетиш режасидан
қайтмаганимни, ўша ердаги қолоқ маорифга хизмат қилиш ниятида эканимни
билдирувдим. Бу сафар консул ёрдамчиси менга у ердагилар, хусусан, Ғулом
Содиқхон йўллаган саломини ва Ҳошим Шоиқнинг мактуби, қолаверса башарти
Мозори Шарифга келадиган бўлсангиз дея бир кичик халтачада йўл харажатлари
тариқасида юборилган тангаларни қўлимга тутқазди…
Тўлқин Турсунзода устозининг ҳаёти Тошкентда ҳақиқатда ҳам хавф остида
қолганини тушунди. Айни пайтда, бутун умрини халқ маорифига, миллат келажаги
бўлмиш ёшларнинг илм-маърифат олишларига, уларнинг дунёда ҳеч бир халқдан
кам бўлмай ҳаёт кечиришларига бағишлаган инсонинг алалоқибат бир чеккага
суриб қўйилиши, тағин ортидан айғоқчи қўйилиб изма-из таъқиб этилиши унга
жуда алам қилди.
– Нима, барибир кетишга қарор қилдингизми, устоз?!
Мунаввар Қори хавотирланиб теварак-атрофига қараб оларкан:
– Қаёққа кетардим? Илгарги йили Жайлоний ҳам менга расмий жўнаш қоғозини
қилиб беролмагани туфайли норасмий йўл билан кетишни таклиф қилганди, бу
галги вакил ҳам ана шу тарзда, яширинча жўнашни маъқул деяпти. Ташқи ишлар
вазирлиги айни пайтда бизнинг ҳукуматга расмий чақириқнома юборолмаслигини
маълум қилди. Мен эса Тошкентда яқинларим, қариндош-уруғларим борлигини,
яна устига, кузатув остида эканлигимни ҳам унутмаслигим керак…
Шу маҳал ҳалиги хизматчи ўсмир чойхонадан чиқиб келди-да, бошидаги
дўпписини тўғрилаган бўлди, кейин уларга яқинлашиб, қўлини кўксига қўйиб
илтифот кўрсатди:
– Устозлар, яхши ўтирибсизларми, чойингларни янгилаб берайми?
Тўлқин Турсунзода устозига қараб оларкан, унинг суюқ овқатдан кейин бўлак
чой ичишга майли йўқлигини туюб:
– Йўқ, янгилаш шарт эмас! Ҳа, дарвоқе, ҳали қайтаётганимда ҳисоб-китоб
қилгани олдингларга ўзим кириб кетаман! – деди.
Хизматчи ўсмир “Хўп бўлади” дегандайин бош чайқатиб, қўлини кўксига
қўйганча ортига қайтди.
Тўлқин Турсунзода у чойхонага кириб кетганини кўргач, ўз навбатида у ҳам
устозига ўхшаб у ёқ-бу ёққа назар солиб оларкан:
– Бундай ҳаёт қачонгача давом этаркин, устоз?! Ўз юртимизда ўзимиз сағирдек
турмуш кечирсак, бу нима деган гап! Шунчаси камдай, узоқ йилги қурултойдан
сўнг, анави Акмал Икромовнинг “Мафкуравий жабҳадаги кураш ва маданият
ходимларининг галдаги вазифалари” деган тамтароқли нутқи сабаб бўлиб шўро
тузуми “Қизил террор”га мослаб қарор қабул қилди ва ана шу ҳужжат бу соҳада
жадид-зиёлилар ва миллатпарвар ёшларни териб олиб қатағон қилишга ғоявий
замин ҳозирлади-қўйди!
– Нимасини айтасиз, Тўлқинжон. Менга топшириқ берган Беольскийси бир
томондан, унинг ижрочиси – ГПУчи Агидуллин иккинчи томондан ҳар саҳифа
ёзганингизни бизга кўрсатиб турасиз деб қистайвериб ҳол-жонимга қўймайди.
Баъзида ана шу ёзганларим ўзимнинг бошимга бало бўлишидан чўчийману,
илло бир бошга бир ўлим деганларидай, мазкур хотиралар: жадидчилик тарихи,
миллий уйғониш ва миллий истиқлол ғоялари билан яшаган биз – “Миллий
иттиҳод”чилар, “Иттиҳоди тараққий”, “Бирлик”, “Тараққийпарвар” каби жамият
ва ташкилотларнинг тутган йўли, олиб борган ишлари, қабул қилган қарорлари
фақат бугунимиз ва эртанги кунимиз учун эмас, балки келажак авлодларга ҳам
ҳуррият ва миллий озодликка эришиш йўлидаги курашувимиздан, ана шу орзулар
билан яшаганимиздан дарак берувчи ўта муҳим ҳужжат, тарихий манба сифатида,
қолаверса дастуриламал бўлиб хизмат қилади деган умидда ёзишда давом этаяпман.
Ахир авлодлар қачондир ҳаққоний маълумот қидиради, шул сабаб елкамизда катта
масъулият бор, – деди Мунаввар Қори, кейин пиёласидаги совиб қолаёзган чойини
охиригача ичиб тугатди.
Шу дамда Тўлқин Турсунзода бир пайтлар, устози илк маротаба қамалиб
чиққанидан сўнг Москвадаги Шарқ халқлари институтига кириш ниятида у ерга
борганини-ю, бироқ ваъдани қуюқ бериб ортига қайтариб юборишганини, унинг
ўрнига борган шогирди, яъни Тўлқин Турсунзоданинг ўзини ҳам минг афсуслар
бўлсинки, устидан кулгандайин худди ана шу қисмат қарши олганини ёдга оларкан,
жилмайиб сўз бошлади:
– Тақдирнинг ўйинини қаранг, устоз, бир пайтлар Шарқ халқлари институтининг
остонасидан қайтгандим. Ўшанда худди мана шу Акмал Икромовнинг
ёрдамчиси қўлимга йўлланма тутқазганди. Аммо у ердаги вакилимиз қўлимдаги
йўлланмани олиб қолди-да, келаси ҳафтанинг бошида, душанба-сешанбаларда
натижасини билишга келишимни тайинлаб хонасидан чиқариб юборди. Бахтимга
ваколатхонамиздан пастга тушаверишда, биринчи қават йўлагида боя эслаганимиз
Убайдулла акани учратиб қолдим, ўша киши жонимга оро кирди. Мени ўзи
яшаётган бир рассом ошнасининг дала ҳовлисига олиб кетди. У ерда икки-уч кунча
қолиб кетдик. Ундан Саратовда ўқиётган кезларида, яъни 1909 йилда Лев Толстойга
ёзган хати ҳақида сўрадим. Ўша мактуб 1916 йилда “Туркестанский голос”да эълон
қилинганидан хабарим бор эди. Кейин у киши Ясная Полянага ҳам борган эканлар,
униям айтиб бериб эдилар!
Мунаввар Қори Шоислом Султон ва Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевни
ўзбеклардан чиққан энг истеъдодли ҳуқуқшунос-адвокатлардан деб биларди.
Қолаверса, Убайдуллахўжанинг укаси Баширилла Хўжаев ҳам жадидлар ғоясига
содиқ зиёлилардан эканидан хабардор эди.
– Ундан Лев Толстойнинг зиёратига борган-бормаганини сўрамовдиму,
бироқ ёзган мактубидан ва буюк адибнинг унга йўллаган жавобидан, яъниким,
“Ёвузликка ёвузлик билан жавоб бермаслик” борасидаги фикри, айниқса,
Қуръони Каримда эзгулик, инсонпарварлик, юксак ахлоқийлик ғояларига
ҳамоҳанглиги, яна Ҳаққа яқинлашишда тасаввуфий, сўфиёна яқинлашиш авло
эканини ёзганидан хабарим бор. Мусулмонлардан чиққан имом Раббоний
раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Ёмонликлардан қочиш яхшилик қозонишдан ҳар доим
устун бўлиб келганини ҳисобга олсак, бузуқликлар, фосиқликлару чиркинликлар,
инсонга жозибали кўринувчи ҳою-ҳаваслар авжига чиққанида тақво, яъни бузуқ
фаҳш ишлардан қочиш ва гуноҳи кабираларни тарк этиш энг юксак ахлоқийлик,
энг улуғ эзгуликларнинг асосидир” деган бир гапни айтадиким, мазкур ғоя
моҳиятан Толстойнинг юқоридаги фикрига ҳамоҳанг эканини кўриш мумкин.
Илло Убйдуллахўжа ўзи сўраган масалага ва ана шу масала юзасидан келтирган
мисолларига ўз касби нуқтаи назаридан, адвокатлик, ҳуқуқшунослик эътиборидан
ёндашган деб биламан. Толстой эса ботиний илмдан хабардор, юқорида
айтганимдай имом Раббонийга ўхшаб илоҳиётчи мутафаккир сифатида унинг
саволларига жавоб бериш жараёнида Аллоҳ таолога ҳақиқий муҳаббат аслида
қандай бўлиши кераклигини намойиш этган деб ўйлайман, яна қайдам!
Тўлқин Турсунзода устозининг оғзидан ушбу жумлаларни эшитиш асносида
унинг руҳоний дунёсига бу сўзлар хуш ёқиб, ижобий таъсир кўрсатгани боис,
ўзини енгил, қушдай эркин ҳис этди.
– Устоз, менинг назаримда Толстой бекорга Александр иккинчига мактуб
йўлламаган! Чор мустамлакачиларининг босқинчилик сиёсатини қоралаган, у
мусулмон дунёсининг, шарқ халқлари ва кавказликларнинг эрксеварлигини билган,
асарларидаги имом Шомил, Ҳожимуродлар бунинг ёрқин мисоли деб ўйлайман!
Хуллас, Москвадаги вакилимиз мениям қўйнимни пуч ёнғоққа тўлдириб, хонасидан
кузатиб чиқариб юборганидан сўнг, Тошкентга қайтаётганимда вокзалгача кузатиб
чиққан Убайдуллахўжа ака бир гапни айтганди. “Энди сен ва мени, барчамизни
“Рисқуловчилар гуруҳи” яъни, аксилинқилобчилар сифатида таъқиб этаверадилар!
Лекин шуни ҳам билгинки, ўша бизларга мухолифатдаги комфирқачиларга –
Назир Тўрақулов ва Акмал Икромовларга ҳам яхши бўлмайди – барчамизни бир-
биримизга қайраб, барчамизни жувонмарг қилиб юборишдан тоймайди бу тузум,
бу большевиклар!” девдилар…
Мунаввар Қорини шогирдининг сўнгги сўзлари ўйлантириб қўйди.
Убайдуллахўжа Асадуллахўжаевнинг унга айтган рост гапи сабабидан 1920 йили
Бокуда бўлиб ўтган Шарқ халқлари қурултойи, тўғрироғи, ана шу қурултой кунлари
унинг хонасига меҳмонга чақирилган жасур турк ўғлони Анвар Пошшонинг айтган
сўзларини хотирлади.
– Убайдуллахўжанинг ҳозир сиз айтган гапи менга Бокуда Анвар Пошшо билан
бўлган учрашувни эслатди, – деди у шогирдига юзланаркан. – У билан расмий
йиғилишдан ташқарида яна икки бор суҳбат қурдик. Биринчи суҳбатимиз Каспий
денгизи қирғоғидаги бизлар ва доғистонликлар жойлашган қўнимгоҳда бўлди. У
барчамиз билан бир-икки оғиздан гаплашган. У пайтлар инқилобга, шўро тузуми
муқим сақланиб қолишига ишонганми ёки орамизда махфий айғоқчилар ҳам бор
деб ўйлагани учунми, ишқилиб, жорий тузумдан фойдаланиб ўз болаларингизни,
ёшларни Ўрусия, Туркия ва Олмонияга ўхшаган мамлакатларга юбориб ўқитинглар,
маърифатли қилинглар деган таклифни билдирганди. Кейинчалик, менинг хонамда
бўлиб ўтган иккинчи сафарги тор доирадаги суҳбатда эса, агар янглишмасам
ўшанда Салимхон ва ҳожи Сафо Жўрабоев ҳам иштирок этишувди-ёв, хуллас
ўша суҳбат чоғида Туркистондаги, умуман Ўрта Осиёдаги аҳволга тўхталиб,
миллий-озодлик курашини кучайтириш ва бу курашда “босмачилик3” ҳаракатидан
унумли фойдаланиш кераклиги ҳақида гапирувди. Кейинчалик, Шўро ҳукумати
билан Туркиянинг битимидан сўнг, у тез орада Ўрусиядан чиқиб кетишга мажбур
3 Комфирқа мафкурасидаги “босмачи” атамасига Туркияда нашр этилган “Катта турк луғати”
китобида “Бирдар, тўсатдан ҳужум қилмоқ”, дея изоҳ берилган.
қилинди. Шундай қўрқмас турк ўғлони Шарқий Бухорода жон таслим қилди…
– Уни Иброҳимбек билан уриштириб қўйилган деган гаплар юради. Буни
Франзенинг хуфиялари уюштиришган эмиш, – деди шогирди.
Мунаввар Қори унинг хавотирланиб паст овозда айтган жумласидан
ажабланмади. Чунки шўронинг, умуман ундан аввалги чор мустамлакачиларининг
ҳам қабиҳ усулларидан – истило этиб босиб олганлари юртлардаги халқларни
бир-бирига қайраш, турли иғво ва бўлмағур мишмишлар тарқатиш, хуллас
каззобларча ёлғон ишлатиш йўли билан ҳар қандай душманларини маҳв этганлари
учун Ўрта Осиёни, Туркистонни босиб олишда ҳам ана шу синалган усуллардан
унумли фойдаланиб келар, бу усулни, бу тактикани “Қизил иблислар” саналган
большевиклар ҳам жуда яхши ўзлаштириб олганликлари туфайли Анвар Пошшони
ўлдиришда, у каби истиқлол учун курашга отланганларни, ҳатто ўша Иброҳимбекка
ўхшаган халқ халоскорларини ҳам қўлга олишда ишлатгандилар. Буни ҳатто
Анвар Пошшога марсия бағишлаган Чўлпон таъкидлаб ўтган. У айни паллада
оташин шоир, жадид етакчиларидан ҳисобланган Чўлпоннинг ўша марсиясини
хотирларкан:
– Шундай гаплар бор! Ҳақиқатда улар орасидан гап қочгани, келишмовчиликлар
бўлгани рост бўлса керак, – деди. – Чўлпон ҳам “Балжувон” деган марсиясида ана
шунга ишора қилган!..
Мунаввар Қори бўлиб ўтган барча воқеаларни бир-бир кўз олдидан ўтказиб,
тафаккур қилиш асносида ўзининг паймонаси тобора тўлиб бораётганини
идрок этди. Жорий совет тузуми, мана бу Бельский ва Агидуллинлар қўлидан
соғ қутулолмаслигини, ўзлари истаган – жадидчилик пайдо бўлиши ва жадид
зиёлиларнинг мақсад ва вазифалари, ташкилотлари фаолияти ҳақидаги битикни
ёздириб олиб, барча маълумотларга эга чиққач, улар унинг ўзини керакмас чиқитга,
хас-хашакка ўхшатиб “Ёқиб юборишлари” эҳтимоли катта эканини тушунди. “Бир
бошга бир ўлим, Худо шаҳидликни раво кўрган бўлса, эртами-кеч Унинг айтгани
бўлади, бундан қочиб қутулолмайсан!” дея ўз-ўзига уқтирарди у. Сўнг шогирдига
қарата:
– Ҳозир наинки жадид-зиёлиларга ва диндору уламоларга, балки оддий халққа,
барча туронзаминликларга осон бўлмаяпти, – деди куюниб. – Қуллик занжирлари,
кишанлари оёқ-қўлларимизга тағин-да танғиб боғланиб, қуллик ботқоғига тобора
ботиб боряпмиз! Ишқилиб, охири бахайр бўлсин… Қани, иним, энди турамиз. Кўп
ўтириб қолдик…
Устоз-шогирд дастурхонга фотиҳа ўқишгач, эгниларига тўнларини илиб кўчага
чиқишди. Шунда Мунаввар Қори бир дам тўхтади. Бироз ўйланиб тургач, ички
чўнтагига қўл суқиб, ундан бор тангаларини чиқарди.
– Тўлқинжон, манави халтачадагини боя дадангиз Турсунжон ака ният
қилганларидай яхши кунингизга, яъни тўйга ишлатасиз. Арзимас, аммо ҳарна…
Тўлқин Турсунзода бир лаҳза қотиб қолди. Устози нимага бундай қилаётган
бўлиши мумкинлигини тахмин қилгач, бир умр миллатни, шу миллатнинг эрталари
ҳисобланмиш фидойи ёшларни ўйлаб келган устозининг жасоратидан тўлқинланиб,
кўзларига ёш келди.
– Бу пулни олмайман, устоз! Ўзингиз шу кунларда пайпоқ билан қўлқоп тўқиб
қўл учида кун кўряпсиз, қандай қилиб мен сиздан бу пулни олайин?! – деди.
Мунаввар Қори ҳазин жилмайди:
– Башарти қўлимни қайтарсангиз, тангаларни халтаси билан бирга ҳув анави
ариққа ташлаб юбораман!.. – деди, йўлнинг нариги бетидаги ариққа ишора қилиб. –
Сиз олмас экансиз, бунинг менгаям кераги йўқ, вассалом!
– Ўзингизга раво кўрмаган ақчани менга раво кўряпсиз-а, устоз?! – ундан
ҳафаланган оҳангда сўз қотди Тўлқин Турсунзода.
– Бу ақча ҳаппий-ҳалол, пешона тер билан топилган, Тўлқинжон! Бир пайтлар
Ҳошим Шоиққа қарзга бергандим, ана ўша қарзини, омонатни қайтарибди! Бу ёғини
сўрасангиз, ундан аввал бу жамғарма неча йиллаб онам раҳматлининг қўлларида
сақланиб келганди. Олдин айтиб берганимдай, бир пайтлар она-бола пайпоқ,
қўлқоп, баъзида жемпер тўқиб юрганимизда у киши менинг ҳақимни алоҳида
йиғиб юрган эканлар! Ана шу ҳалол ризқ йўқ бўлиб кетмай, айланиб-айланиб яна
ўз қўлимга қайтди! Мен эса уни сизга, вақти келиб уйланишингизга сарфлайсиз,
ишлатасиз деб тўёна ўрнида беряпман! Боя Турсунжон акага беришим мумкин
эди, аммо у киши олмасдилар, сиз эса шогирд, қолаверса энг яқин укалардан бири
сифатида қўлимни қайтармайсиз деган умиддаман!
Устозининг сўзларидаги қатъиятдан боши эгилган Тўлқин Турсунзода чор-
ночор халтачани олди.
– Ана, гап дегани мана бундай бўпти! – деди Мунаввар Қори, сўнг эса уни қучиб
хайрлашаркан: – Сизга айтадиган бир-иккита муҳим гаплар бор эди-ку, аммо вақт
анча бўлиб қолди. Уйингизга қайтишингиз керак, дадангиз ва синглингиз Ҳакима
кутиб қолишгандир, меникидагилар ҳам маҳтал. Асрни ёпилмай қолган, ёпишга
шўронинг тиши ўтмаган масжидлардан битта-яримтасида ўқирман, – деди.
Мунаввар Қорининг асли шогирдига айтиши зарур бўлган муҳим топшириқлари
бўлиб, аммо ушбу турган жойлари бу учун етарлича ҳавфсиз эмаслигини ўйлар,
шунинг чун ўз битигимни, жадидчилик тарихига оид хотираларни тугатишим,
учинчи бўлимига нуқта қўйишим билан уни Тўлқинжонга беришим зарур, деган
мулоҳазага борди.
Тўлқин Турсунзода устозининг ўйланиб қолганини кўриб, унинг ичидан нима
гаплар ўтаётганини тахмин қиларкан:
– Шу бугун тонггача суҳбатлашсак қани эди, устоз! Келажакда қилишимиз зарур
бўлган ишларда маслаҳатингизни олмоқчи эдим, афсус ўшалар ҳақида вақтлироқ
гап очмадим! – деди афсусланиб.
– Ўзимниям сизга айтадиган бир-иккита муҳим гапим, топшириғим бор эди,
ўйламанг, бунга фурсатни албатта топамиз, – деди Мунаввар Қори. Тағин бир бор
шогирдининг қўлларини қисиб қўйиб, Ўрда томонга, Янгишаҳарга олиб борадиган
трамвай бекати томон юрди.
Тўлқин Турсунзода устозининг ортидан анчагача кузатиб қоларкан, кўрган
машъум туши тағин бир бор ёдига тушди. Ўшанда устози қоп-қора зулумотли
осмонга кўтарила-кўтарила қайгадир ғойиб бўлган, ўзи эса, аксинча, осмондан
ерга қулаб тупроқ билан битта бўлиши ҳамоно ваҳима аралаш қўрқувдан чўчиб
уйғониб кетганди…
Устоз-шогирд бир-бирларидан ажралишни истамай анча суҳбат қурган ўша
кундан сўнг фақат бир бор учрашдилар. Сўнгги кўришувларидан чамаси икки
ой ўтиб, куз ўрталари – ноябрь ойида Бош сиёсий бошқарманинг қуролланган
ходимлари эрта саҳар Мунаввар Қориникига бостириб келиб, хонадонида тинтув
ўтказгани, бу жараён анчагача давом этгани, улар жуда кўплаб китоб, жарида,
газеталарни, яна турли қўлёзма-ю мактублар, суратларни қопларга солганча
пешин билан асрнинг орасида қўллари кишанланган Мунаввар Қорининг ўзи
билан бирга олиб кетгани тўғрисида гаплар тарқалди. Ўша машъум куннинг
индинига, ўн иккинчи ноябрь кунида шўро сиёсий бошқармаси вакиллари Тўлқин
Турсунзоданикига ҳам бостириб келиб, ҳаммаёқни тит-пит қилиб ташладилар.
Аммо Тўлқин Турсунзоданикидан ҳам топганлари фақат китоблар, қўлёзмалар
ва газета-жаридалар бўлди, холос! Сўнг топганларининг барчасини қопга
жойлаб, бўйнига ҳеч қандай айб қўймасдан, дардман отаси, гўдак синглисининг
фарёдларига қарамасдан Тўлқин Турсунзодани-да олиб кетишди. Унинг бор-йўқ
айтишга улгурган гапи: “Дада, сизни ва Ҳакимани Аллоҳга топширдим, омон
қайтсам албатта тўйимни ўтказамиз, фақат мендан ранжиманг, рози бўлинг!”
дегани бўлди…
Кейинги йилнинг баҳоригача шўрога қарши аксилинқилобий миллатчи
унсурлар – “Халқ душманлари” сифатида ушланиб қамоққа ташланганлар сони
саксон етти кишини ташкил этган, уларга ҳали ҳукм ўқилмаган, тергов жараёни
кетаётганди. Тошкентдаги НКВДга қарашли сиёсий маҳбуслар сақланадиган
қамоқхонада эканликларида, Тўлқин Турсунзода устози Мунаввар Қори билан
рўпарама-рўпара камерада жойлаштирилганидан хабар топди. У мўътабар зот
ҳаммага – тошкентлик, наманганлик, самарқандлик, бухоролик ва ўзга “Миллий
иттиҳод”чиларга, “Иттиҳоди тараққий” ва бошқа ташкилот аъзолари бўлган жадид-
зиёлиларга имкониятга қараб ҳам ёзма, ҳам оғзаки мурожаат этиб: “Миллатдошлар,
биродарлар, бу Бельский ва Агидуллинлар, бу шўро жандармлари, пасткаш тозилари
барибир бизларни соғ-омон қўймайди! Шунинг учун талаб қилганларида фақат
бор ҳақиқатни айтинглар, қоғозга туширинглар! Менга ёздирганлари жадидчилик
ва миллий-озодлик учун курашувимиз тарихини аввал икки қисмда, мана бу
тутқунликда эса учинчи қисмини ҳам борича ҳаққоний ёзиб бердим. Келажак
авлодлар бизнинг курашдан асосий мақсадимиз нима эканлигини билсинлар!
Бизлар Туркистонни, она юртимизни озод кўришни, ҳозирги ва келажак авлодлар
мустақил, эркин яшашини истадик ва шу йўлда жонимизни қурбон қилишга ҳам
тайёр турдик! Фалакнинг гардиши бугун биз туркистонликлар иродасига қарши
айланаётгани рост, илло бугун бўлмаса эртага, эрта бўлмаса индинга – қачондир
албатта бизнинг хоҳиш-истагимиз томон ҳам айланиб қолишига шак-шубҳа
қилмайман! Тўғри, кўпларимиз ҳурриятимизни, озодликка чиққан кунларимизни
кўрмаслигимиз мумкин, аммо болаларимиз, келажак авлодларимиз кўришади,
улар албатта мустақил, озод, эмин-эркин яшаб, истиқлол шарбатини тотажаклар!”
деганини эшитди. У нечанчи марта кўрган тушини, тушида устозининг зулматли,
қоп-қоронғи осмонда ғойиб бўлганини, ўзининг эса ер сатҳига қулаб тушиб тупроқ
билан битта бўлганини хотирлаб, ул зотнинг шаҳид кетганларини, руҳ қушчалари
эса иллийюн4 китоби сари парвоз этиб юқорилагандан-юқорилайверганини мана
энди тушунди…
2.06. – 2.08.2023 йил
4 Қуръонда зикр қилинган яхши кишилар рўйхати ёки китоби.