Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Хаёллар кезади пойи-пиёда

Одил ИКРОМ


Хазонрез боғларда жилмаяди куз,
Оғир гуноҳ каби тўкилар хазон.
Бу кўҳна дунёга боқар ёруғ юз,
Кўҳна дунёдаги энг кўҳна армон.
Юракни ўйнатиб, ўйнайди қадим,
Қўрқинчли боғ ичра ҳасрат жинлари,
Соғинчдан қабариб кетар юрагим,
Қирқ кун гўрда ётган ўлик сингари.
Аммо кетолмасман ғурбатдан қочиб,
Қайси бир турбатда тентирар танам.
Сен билан тирикдир саркаш қувончим,
Сен билан гўзалдир мозорбости ғам.
Кузак қучоғида мудраб ётар боғ,
Шамол ҳам арвоҳдай кезмас телбавор.
Фақатгина сенинг нафасинг уйғоқ,
Фақатгина сенинг соғинчинг бедор.
Хазонрез боғларда жилмаяр кузак,
У – ёруғ кунларнинг унут арвоҳи.
Мен жон аччиғида титрайман, юрак –
Заққум дарахтининг япроғи…


Тоқат қил…
Оғир бўл, дардни эмиздинг,
Бебош хаёлимдай кетмагин тўзиб.
Ризқимиздай синган бардошимизнинг
Ерда изи қолар, осмонда ўзи.
Ёлғизоёқ йўлдир савобнинг йўли,
Ўзингдан кетмагил, ўзгалардан қоч.
Қўявер, бир куни сенга жўр бўлиб,
Оҳимга етса бир йўнилган оғоч…
Кунларни санайсан ақлдан озиб,
Тундошингга дўнар ёлғиз ирода.
Бир кун тўкилгайдир тоқати тошиб,
Ҳовучингга тўлган бир коса бода…
Нигоҳ тийғи бирлан ёдингни йўнгил,
Мунаққаш чўққилар беролмагай панд.
Кўзларинг ёшига чўкмаган кўнгил, –
Отанг ётган уйнинг томидай баланд.
Барча фарёдингни ютасан ичга,
Бунча ардоқладинг ҳижронни, ғамни?
Гургзода дунёда бўрилар ичра
Шу пайтгача тирик юрганинг камми?!.
Топилар ўртанган армонларга ном,
Бир умр гумонда қолмассан мангу.
Бағримда офатлар олмоқда ором,
Кўриб қўй, мен тоқат қилаяпман-ку.


Умрим иборатдир – сен кетсанг агар,
Сен кетган томонга етган хабардан.
Ғойибдан келгувчи садо ҳар сафар
Сени огоҳ этар машъум хатардан.
Сабр салтанатин тарк этар бардош,
Қўрқитар гоҳ ёвуз ақл таҳдиди.
Кўнглинг қайларгадир олиб кетар бош,
Лошингдан таралар мурданинг ҳиди.
Маъсум юракларга келтирар малол,
Қўрқувдан яралган қонун-қоида.
Телбадек тентирар ўринсиз хаёл,
Асаблар – жойида, эслар – жойида…
Яшагинг келади бемакон, бесас,
Чарчатар бир ғариб кўнгилнинг таъби.
Аммо одам бўлиб яшашдан эмас,
Яшашга қўрқасан одамлар каби.
Хатар ўз ҳолингга қўймас бир нафас,

Хаёллар кезади пойи-пиёда
Қора талвасадан ўртанар бағир.
Аммо сен қўрқасан…
Ўлимдан эмас,
Аммо сен… ўзингдан қўрқасан ахир.


Аросатда ёниб ўртанар таним,
Қалбим саҳросида бошланар совуқ…
Мен ҳали ўзимдан узоқ кетмадим,
Мен ҳали ўзимга келмадим ёвуқ.
Қандайдир хатардан сесканар бот-бот,
Жинларнинг базмидан безган юрагим.
Қашқир томоғига тиқилган жонзот
Менинг айбим эмас, менинг суягим.
Дарёлар дилимдан кетди юз буриб,
Осмонлар ер юзин айламиш қаро.
Дардимни тинглаган қудуқлар қуриб,
Менга бир қамишни кўрмади раво…
Олис кетганим йўқ ҳали ўзимдан,
Ўзимга келмадим ҳали ёруғ юз.
Мен ҳамон қўрқаман одамлигимдан,
Ит бўлиб увлайди юрагим ҳануз…
Юрак ўғири
Эски тегирмондай дукиллар юрак,
Ваҳмдан оқарди янчилган умр.
Бешафқат меҳрдай кечиккан кузак
Шафиқ хаёлингдан сўрайди узр.
Жонингни ўртайди жаҳаннам тафти,
Дилингда дунёлар айлар жангу жўш.
Чўғ сўраб ёлворган умидинг кафти
Боласиз ҳовлининг ялоғидай бўш.
Кун ботар сўзининг устидан чиқиб,
Кир босган ёқадай кўринар шафақ.
Fазабини сочиб, қурбини йиғиб
Йўлтўша сўрайди жонингдан рамақ.
Қоронғи осмонда ой кетар синиб,
Сен қараб турибсан кўзингни узмай.
Гуноҳимни ювган ёшларинг илиқ,
Манглайимни эса тер босар муздай.
Ёлғон уясида урчийди фасод,
Сичқоннинг инида жон сақлар кадар.
Масхара туюлар ҳар қандай нажот,
Бўғизда булғанар зардобу заҳар.
Ютоққан ваҳмнинг харобатида


Ҳирсини қондирар Меҳр, Адоват.
Қолмасанг қайғунинг касофатига,
Кулгининг зўридан сингай таҳорат.
Сочларинг рангидай тунлар – мунофиқ,
Қайғунинг кўзидай ҳислар – мустаманд.
Ишқнинг манглайига битилган ёзиқ,
Ишқнинг мозорида ўқилар баланд.
Музлаган кўнгилни овутар томуғ,
Кўнгилни дунёдан совутар оғуш.
Тунлар – сен дуч келган хатардай ёвуқ,
Кунлар – сен кутмаган хабардай нохуш.
Ахир адо қилдинг кунларни санаб,
Қирқ йиллик қувончинг кетмайди тўзиб.
Кифтингдан тушмайди сарғайган ғазаб,
Кўнгилни кўтариб, терлади кўзинг.
Кўргилик ўшадир, саҳфалар бўлак,
Қисмат китобининг бетлари юмуқ.
Ҳозирча ярадор юрагинг – гўдак,
Ҳозирча беғубор кўзёшинг – улуғ.


Қимор
Йўлига жон тикиб мен уни кутдим,
Аёлни унутдим, шеърни унутдим,
Қанча алам ютдим, қанча дард ютдим,
Ўзим – томошабин,
Ўзим – томоша.
Икки олам билар – у ҳаммадан зўр,
Ишонмасанг, ерда ётганлардан сўр,
Ҳаммамизни бир кун ютиб кетар гўр,
Ўлим – томошабин,
Ўлим – томоша.


Хаёл парчалари


Эрта очилган бу кўзимни юмгин,
Кун кўрганим билан кўз очолмайман.
Тушимда ўзгариб туришим мумкин,
Ўнгимда ўзимни йўқотолмайман.
Кўзим, оғирлигим ҳеч кимга тушмас,
Кўр эмасман, кимдир етакламайди.
Менинг осмонимда товуқлар учмас,
Бургутлар ҳеч қачон эмакламайди.
Ўзимни оқлашга эмасман қодир,
Ёруғ кечаларда қоралаб қоғоз.
Барча гўдакларнинг отаси бордир,

Хаёллар кезади пойи-пиёда


Баъзи хотинларнинг эри йўқ, холос…
Манзили ноаён сўнгги номадай
Қолиб кетмас жисмим, жоним чанг босиб.
Бир кун гўрга тиқар макруҳзодалар,
Ўлмаган жонимни ҳайратга солиб.
Жаноза ўқидим ўзимга ўзим,
Гўр қаздим юрагим ерини ўйиб.
Қалбимнинг энг чуқур ерига кўмдим,
Ўлган ишқ ҳурматин жойига қўйиб.
Уммондан улоқиб кетган қатраман,
Заҳар томди заққум сатрларимдан.
Ёт кўнгил меҳридан бўлдим баҳраманд,
Мен ёрдам кутганда яқинларимдан…
Ҳолимга йиғлама, ҳолимга кулгин,
Кун кўрганим билан кўз очолмайман.
Қайғудан ўзимни топишим мумкин,
Шодликдан ўзимни йўқотолмайман…


Ёруғлик ёди


Йўллар аёзида қалтирар жонинг,
Юракка қўл солсам, қўлларим – совуқ.
Бош устимда кезган саргардон ойнинг
Ўн беши – қоронғи, ўн беши – ёруғ.
Панд берди нигоҳлар басоратида
Ё кўнгилсизлигим ёхуд кўрлигим.
Меҳр ва миннатнинг ҳароратида
Шўримни қуритди кўнглим – шўрлигим.
Келгин, совиб кетган қонимни қиздир,
Марқадингда қолиб кетма фаромуш.
Ўн беши ёруғ ой аксида кимдир
Fойиб бўлган ёлғиз тунни кўрар туш.
Кўксинг ичра юрак – Даққи Юнусдан
Қолиб кетган қадим, ҳазин шамчироқ.
Ўткинчи дунёдан нигоҳин узган
Жонинг жаҳонимда бўлар бахтлироқ.
Бизнинг тариқатда дуч келган хатар
Саноғи бўлса ҳам, йўқдир адоғи.
Бисотимда бир йўл қолмаса агар,
Очиқдир ер бағри, осмон қароғи…
Қоқ суяк қолдириб кетди сўнгимга,
Эзилган этимни босиб ўтган вақт.
Фалокат соч тараб чиқди йўлимга,
Соч юлиб ортимдан бўзлаганда бахт.
Гоҳ тирик ёдимни дилимга кўмдим,
Гоҳ таъна, маломат ташлади кўмиб.
Ёғилди ғаразнинг осмонидан жим,


Қор, ёмғир чивғиндай аралаш бўлиб.
Йўл бошлар кўр зулмат толиқтирган тун,
Йўлинг ёруғ бўлсин, эй ҳуркак садо!..
Кафорат сўрайди ёлғиз сен учун,
Жонимга кўз тикиб турган бир жазо…
Бир кун вужудингга ўт қалар жонинг,
Тепкилаб Худо руҳ бахш этган лойни…
Боқ, бошингда боқиб турган самонинг
Ўн беши – қуёшли, ўн беши – ойли…
Абдулқодир Гилоний зикри
Бир кеча Ҳазрати Рисолатпаноҳ
Тушларида аён бўлмиш бир тилсим.
Тўққиз чироқ ёғду таратиб ногоҳ,
Бир чироқ нурига сингиб кетмиш жим…
Маҳбублар ёритар дорилбақони,
Кўнгил аҳлига хос бу жалолу жоҳ.
Қиёмат кунида маҳмуд мақоми
Мажзублар руҳига бўлгай қароргоҳ.
Риёзат ўтида ёниб кетгай нафс,
Кўнганда шайтоннинг васвасасига.
Оллоҳ даргоҳига етиб борди арз,
Ошиқлик, маъшуқлик мартабасида.
Меърож туни етти қават кўкдан сўнг
Арш ёвуқ келганда тепаларида,
Султон-ул анбиё оёқларининг
Изи қолди Ҳазрат елкаларида.
Эранларга шайтон сиёғи аён,
Йўлдан оздиргайдир хосу авомни.
Fавсул Аъзам дерлар, ўшадир шайтон,
Ҳалол қилдим деса барча ҳаромни.
Ҳар куни ибодат фарзини Ҳазрат
Бир оёқда адо этгач бесабр,
Нидо келди: “Айтгил, қадамим абад
Барча авлиёлар гарданигадир…”
Истакдан мосуво иймон пирлари,
Оғиб кетолмагай ризо, ваҳмига.
Шукр эшигидай, олам сирлари
Очилгайдир фақат кўнгил аҳлига.
Дунёвий ишқ аҳли нафс балосига
Чора тополмади минг йил йўл босиб.
Юрак қавмидай дард ақрабосига
Таслим мартабаси бўлди муносиб
Ё ориф айлаган ё телба қилган,
Фано мақомига элтувчи роҳлар.
Дунёнинг ишига машғуллик билан


Хаёллар кезади пойи-пиёда
Дунёдан фориғдир валиюллоҳлар.
Ҳеч қачон сиғмагай воҳидлик завқи,
Вужуднинг омонат кошонасига.
Илондай пўст ташлаб Худонинг халқи
Бош қўяр қурбининг остонасига.
Очса мушоҳада осмони бағир,
Машаққат, қийноқлар роҳат бағишлар.
Ўзидан Оллоҳни сўрамас тақир,
Оллоҳдан ўзини сўрар дарвишлар.
Рамазон ойида руҳоний гўдак
Саҳардан шомгача эммас онасин.
Оллоҳнинг чинакам ошиқларига
Шоёндир фақирлик хилватхонаси.
Тазарру қўлида жон берган гуноҳ
Бошин эгиб турар тирик тавбамга.
Дунёдаги барча хос валиюллоҳ
Иқтидо қилмоқда Fавсул Аъзамга…


Одамлик бош олиб кетди йироққа,
Бир таскин ахтариб дашту дамандан.
Қачондир бир мўмин, мумтоз димоққа
Ҳақ ошиғин ҳиди келмиш Ямандан.
Қалқон этиб қаро тун ичра ойни
Хаёллар кезади пойи-пиёда.
Тубанликнинг ҳиссиз, юксалган онги,
Шунчаки, сувратни айлар ифода.
Саждага шоён деб билмиш зотини,
Ким яралган бўлса илоҳий лойдан.
Атри келтиргайдир одам ёдини,
Одамнинг тупроғи олинган жойдан…
Одамсиёқлар жон сақлайди ҳамон,
Одам қайлардадир сукут сақлар тек.
Минг бир қиёфада айланар замон,
Одамнинг исини туйган қашқирдек.


Бир юзи қораман болалигимга,
Чорасиз чораман болалигимга.
Баъзида одамдай яшагим келар…
Барибир бораман болалигимга.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil