Собир Ўнарнинг ёрқин хотирасига бағишлайман!
Мен бу икки инсонни топганим қандай қийин бўлса, йўқотганим ҳам шундай қийин бўлди! Булар бири Собир Ўнар, иккинчиси Луқмон Бўрихон. Ҳозир сиз билан Собир Ўнар ҳақида суҳбатлашамиз. Йўқ, йўқ, мен ўз қарашларимни баён қиламан…
Самарқанд! Шаҳарнинг ар-ар чинорлари-ю, ҳайбатли Амир Темур давридан буён кўкка термулиб, чақнаб турган улуғ миноралар. Бу муқаддас заминга келганимданоқ жуда кўплаб “тили-дили” бир, жайдари, ўзимизнинг қорақалпоқларга ўхшаган очиқ кўнгил ва самимий инсонларни бирин-кетин топа бошладим. Ҳа, бизни учраштирган, керак бўлса яқин ошино-оғайни қилган АДАБИЁТ эди!.. Зинҳор бизни бошқа манфаат бирлаштирмаганди. Кунлардан бир кун денг, Самарқанд давлат университетига аспирантурага ўқишга кирдим. Устозим профессор Ҳотам Умуров илмий раҳбарлигида тадқиқотларни бошлаб юбордик. Мен ўшанда Самарқандда бирор газета-журналда ишлашни жуда-жуда хоҳлардим. Кутилмаганда бир магистрант талаба (исми эсимда йўқ!), “Сизни “Бекажон” газетасида ишлашга олиб борайми, қаламингиз чархланарди…”, – деди. Мен бу таклифдан ҳайрон қолдиму, дарров хўп дедим. У талаба асли Самарқандлик. Бордик. “Бекажон” газетаси таҳририяти ҳозирги “Мир Саид Барака” кўчасида эди. Бош муҳаррир Наргиза Розиқова, бош муҳаррир ўринбосари истеъдодли ёзувчи Холиёр Сафаровга учраштирди ва таништирди. Бирор ҳафта “стажировка” ўтаб, янги йилдан бошлаб расмий ишни бошлаб юбордик. Холиёр Сафар тинимсиз ҳикоя ёзар, ва, бу энергияни қайдан оларкин деб, ҳавас қилардим. Шукур Холмирзаев, Назар Эшонқул, Луқмон Бўрихон, Собир Ўнар, Улуғбек Ҳамдамни кўп ўқирди. Менга ҳам бир-икки ҳикояларни ўқиб, газетага мосларини ажратиб беришни талаб қиларди. Шанба-якшанба бу ишлар билан шуғулланар, ва, мосларини танлаб Холиёр Сафарга узатардим… Албатта гонорар олиш керак. Ўшанда кимнингдир ҳикоясини топиб, газетага печать қилиб, тайёрласанг атиги йигирма беш минг сўм гонорар олардик. Кунлардан бир кун раҳматли Собир Ўнарнинг ва Луқмон Бўрихоннинг ҳикояларини топиб, уларни яхшилаб ўқиб, хатолардан холи равишда печат қилиш чеки елкамга тушди. СамДУнинг талабалар ётоқхонасида дўстим Отажон билан бу ишларни уддасидан чиқардик. Бироқ ҳавасимизда жасорат этиб, гонорар учун қилмасдим. Чунки стипендия бемалол ёлғиз бошимизга етарди. Устига-устак устоз Ҳотам Умуровнинг “Мусофирга берганинг тияди” деган ҳикмати бўлиб, ҳар ҳафтада қанд-қурс бериб турарди домлам. Бир ажойиб дамлар эди ўшанда…
Мен бу ишлар билан ҳам қониқмасдим. Ичимда қандайдир бир катта мавзуга, адабий-бадиий муаммога, яхшиликка бош бўлгулик эҳтиёж бор эдики, сира-сира тинчлик бермасди. Бу эҳтиёж – Адибиётни севиш эди. Унга бетаъма хизмат қилиш эди… кунларнинг бирида Тошкентга йўл олдим. Ҳа, ўша орада мени Холиёр ака Луқмон Бўрихон билан таништириб қўйди (Аллоҳ раҳмат қилсин!). Қандайдир китобми, хуллас бирор нарса олиб бориш керак эди. Уюшманинг манзили ўшанда ҳозирги “Халқлар дўстлиги” метро бекати биқинида жойлашган ялтироқ ойналик бинода жойлашганди. Баҳонаи сабаб бу орада ёзувчи Улуғбек Ҳамдам билан ҳам танишиб улгургандим. Улуғбек Ҳамдам “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири, Собир Ўнар “Ёшлик” журналида бош муҳаррир бўлиб фаолият юритарди. Луқмон аканинг ҳузурига омонат-китоб учун кирдим. Қўлимда Самарқанднинг Галаосиёсидан икки-учта нон. Тўрвамда китоблар… “Ёшлик” журнали таҳририяти қаерда экан деб, сўраб-суриштириб бешинчи қаватга лифтдан кўтарилдим. Эшикдан ийманибгина кирдим. Бир чеккадан салом-алим қилдим. Луқмон акани овозидан танидим. Ва, у киши таҳририят билан таништира кетди:
“– Бу киши Алишер Назар, шоир ва журналист, асли Қашқадарёлик. Бу киши Акбарали Мамасолиев, журналимиз дизайнери, гапига кўмасангиз бўяб-безаб ташлайди. Асли Самарқандлик. Бу киши Ғиёсиддин Ўнаров, бу ҳам рассом, ҳикоя ёки асарингизни чизиб, тасвирларни сайратиб юборади (кулишдик!)…” Бирин-кетин таништираркан, “– энди бош муҳарриримиз Собир Ўнар билан таништираман юринг…” Хонадан чиқиб, яна бошқа хонага кирдим. Эшикдаги ёзув “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири Собир Ўнар…”
Қўлимдаги сумкачадаги нонларни, китобларни қўймагандим. Олиб кирдим.
– Ассалому алайкум, Самарқанддан меҳмон келибди, Холиёр юборган экан, Ҳотам акани шогирдлари, асли Қорақалпоқдан. Исми Хурсандбек. Бизни хурсанд қилгани келибди…
– Валайкум ассалом, – салом-алик қилдик. Ўрнидан туриб, қучоқлашиб кўришди. Қарасам менга икки баровар чиқадиган алпқомат инсон. Сумкачаларни шундоқ курсичага қўйдим, жойлашиб олдик…
– Яхшимисиз, Самарқандлар, юртлар тинчми, устозлар омонми? – деди Собир ака.
– Ҳа, яхши, устозлар, дўстларингиз салом айтиб юборишди.
– Жуда яхши-да! Омон бўлишсин.
– Мақола олиб келдингизми? Ижод қилиб турасизми? – деди Собир ака мийиғида жилмайиб сиполик билан:
– Ҳа шундай, лекин бу сафар ўзим бир танишиб кетай, ЎзФА фундаментал кутубхонасида диссертация фондида бир-икки кун ўтириб ишламасам, мавзуни тасдиқлатишим керак эди дедим.
– Жуда ажойиб.
– Ҳикоячиликданми мавзу ёки романчиликми?
– Романчиликни мўлжал қилиб турибмиз, дедим.
– Мана романни пири Луқмон акангиз.
– Луқмон ака хоҳолаб кулиб юборди. – Йўғ-е Қодирий, Чўлпонлар турганда бизларга йўл бўлсин, уларни ўрганади бу жигит, – деди.
Ўшанда бир нарса хаёлимдан сира-сира кетмайди. Менга устозим бошқача предметларни тавсия қилганди. Мен биргина учрашув сабаб танланган романларни тубдан ўзгартириб юборганимни билмай қолдим. Шундай қилиб қўлимдаги иккита Самарқанд нонни Собир Ўнарга “мозор босди, қолаверса журтингиздан” дедим ва ҳурмат билан қўлига узатдим…
– Кам бўлманг, Хурсандбек. Ишларингизга омад, деди. Ва, менга “Чамбилбейнинг ойдаласи” номли ҳикоялар тўпламига дастхат ёзиб, совға қилганди. Луқмон ака билан олдинма-кетин юриб, яна “Ёшлик” журнали таҳририятига кирдик. Ўшанда бир кўришганданоқ истараси иссиқ, жайдари ва ўзимизни овул одамларидек сахий ва салобатли, самимий инсонларни топаман деб ўйламагандим. Раҳматли Луқмон Бўрихон “Жазирамадаги одамлар” романини бераркан, бир ўқиб кўринг, – деди. Кейинчалик ўша романни Самарқандга келиб, уч-кеча кундузда ўқиб тугатдим. Ва, мени диссертация ишимга Улуғбек Ҳамдам, Луқмон Бўрихон, Шойим Бўтаевларнинг услубий-шаклий изланишлари, бадиий услуб маҳорати, сюжет яратиш принциплари учун ас қотди. Мана шундай қисқа учрашув сабаб – Адабиётнинг, илмнинг эшиги мен учун ланг очилди…
Ўша куни “Шарқ юлдузи” журналига ҳам кириб, Улуғбек ака билан бироз суҳбатлашишга мушарраф бўлгандим. Журналнинг янги сонлари-ю, “Узоқдаги Дилнура” номли қисса ва ҳикоялар тўпламини, “Мувозанат” романини олиб, қайдасан аспирантлар уйи дея йўлга отландик…. Мана шу воқеаларга ҳам нақд ўн беш йил бўлибди…
Собир Ўнар ҳақида ўйласам. Мен ўзи ёшликдан Шукур Холмирзаев ҳикояларига жуда қизиқиб юрардим. Тақлид қилиб, бир-иккита ҳикоя ҳам ёзганман. Афсуски, тақлидимиз тақлидлигича қолиб кетди. Лекин Собир Ўнарнинг айрим суҳбатларида, Шукур Холмирзаевнинг “ижодига катта баҳо бериши, адибнинг дарвешона яшаб, ҳеч нарса кутмай, адабиётга холис хизмат қилганлигини” юрак-юракдан гапириб берардилар. Ўзаро суҳбатларимизда ҳам бу ҳақда тўлиб-тошиб мулоҳазалар билдирлардилар. “Ана шу жиҳатларига эътибор берсам бугун: мен ўзимни катта ёзувчи ҳисобламайман, адабиётда ҳикоя жанри борасида сўз борса, аввало, Шукур Холмирзаев қилганчалик хизматни биз қилолмадик иним”, деганлари ҳали ҳамон қулоғим тагида. Чунки Собир Ўнар адабиётга бўлган мезон қаричини жуда баланд тутган адиб Шукур акалар ёнида “биз бир ҳаваскормиз” деганларини унутмайман. Балки бундай дейишида муайян асос бордир. Аммо Шукур Холмирзаевнинг ўрни алоҳида бўлса, Собир Ўнарнинг қўшработликларга хос ўзига хос жайдарилик, ширинсуханлик, тўғрисўзлик ва самимийлик ҳам шунчалик муҳимдир, дегим келади…
Инсон бошига баъзан куннинг яшиси ҳам, ёмони ҳам тушади. Лекин бу синовларни енгиб ўтишида инсон мард бўлиши керак. Бу дунёнинг баъзи ўйинлари, манфаатлари тўқнашган жиҳатларда майиб-мажруҳ бўлиб қолиш ҳеч гапмас. Мен 2015 йил Қорақалпоқ давлат университетида оддий ўқитувчи бўлиб юрганимда ёз ойлари эди. Куннинг жазирамаси ошгандан-ошар. Устига рўза пайти эмасми, фейсбук тармоғида Алишер Назарнинг “Ёшлик” билан хайрлашув деган мазмунда бир постини ўқиб қолдим. Ёппасига кетиб қолиш мумкинми ишдан?!. Бу ёқда Улуғбек аканинг муносабати. Хуллас, каминани эсанкиратиб қўйди. Ҳали топганимга беш йўл бўлди, энди Тошкентга борсам оғаларимни қаердан топаман? Уюшмада бир чиройли бўлиб ўтирарди, узун-узун суҳбатлар қилардик… хаёлимдан ўтган илк фикр шу бўлди. Раҳматли Илҳом Зойир таклифи билан Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон, Алишер Назар “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи”га ишга ўтибди. Улуғбек ака эса олдинги иш жойи фанлар академиясидаги бўлимга ўтиб кетишибди. Барибир излаб топдим. Ва, яна аввалгидек адабий алоқаларимиз давом эта бошлади. Менга Собир ака ҳам, Луқмон ака ҳам доим кўп такрорларди: сиз ўзбек ва қорақалпоқ адабиёти орасида кўпирик бўлинг” дерди. Мен буни қай даражада уддалай олдим Аллоҳга аён. Бироқ бу устозларнинг тавсиялари билан “Ёшлик” журналида кўплаб хайрли шиларни амалга оширган эканмиз. Бу оралиқда обунага ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб, ўзимизни шод қилган эканмиз… Эҳ бу дамлар қайтмас дам экан…
Бир муддат Тошкент кимё-технология институтида кафедра мудири бўлиб ишладим. Ўшанда шундай вазият бўлгандики, мен келмасам бўлмайдиган. Чунки у ёқда ишнинг мазасини қочирган, адабиётни умуман тушунмайдиган раҳбарлар билан ишлашиш жонимга текканди. Ва, Тошкентга келиб қўним топдим. 2022 йил март ойининг бошлари эди. Шоир оғам Муҳаммад Исмоилнинг таваллуд кунига бағишлаб ва китоб тақдимоти учун Гулистон давлат университетига йўл олдик. Машинада кетишдан олдин, ижод уйи олдида Собир ака билан учрашдик. Тўлқин Ҳайит ва мен Камолон сомсасидан битта-битта тановул қилиб, иссиқ чой ичидик. Ёмғир шундай ёғардики, баҳор-баҳорлигини қилиб, Собир ака бир яйраб қўярди: “Бу йил юртимизга ва бизни қишлоққа ҳам зўр бўлади-да, насиб қилса… ҳар йили қурғоқчилик бўлиб, чўп чиқмасди…” деди. Ташқарида шиддатли ёмғир ҳар биримизга келаётган Наврўз нашидасини берарди. Чунки ижодкорга ёмғирнинг файзи бўлакча-да!
Собир ака билан ўшанда иккимиз қолган меҳмонларни кутиб олишдан олдин анча суҳбатлашгандик: “Хурсандбек, битта қизим бор-да, шу қизим Туркияда ўқийди, уни яхши бир оилага қовуштирсам, яъни узатсам, бошқа армоним йўқ… Аёлим ўтиб қолгандан кейин жуда ёлғиз ҳис қиламан ўзимни. Бекорга боболаримиз эр-хотин қўша-қарисинлар, деб дуо қилмас эканлар… Бу мақолни энди-энди бошим ташвиш кўриб, ҳис этяпман теранроқ…” деганди. Мен оғани юпатмоқ пайида бўлдим. Ижод уйи ёнидан тўлиб оқаётган анҳорга узоқ ўйчан тикилганича шундай гапларни гапирарди…
Ўша куни учрашув яхши ўтди. Муҳаммад аканинг кўнглини овлаб, кунни кеч қилиб, яна ўша жойга етиб келдик. Келганимизда ҳам ёмғир тинмаган эканми, ёғарди. Сирдарёни балиқларидан тановул қилиб, Равшан ака Маҳмудовнинг ҳазил-мутойибалари, Сирдарёлик шеърият ихлосмандлари билан дилдан суҳбатлашиб, танишиб, танишларни йўқлаб келгандик ўшанда. Қуддус Асад исмли умидли ижодкор билан анчайин кутубхонада гурунг қилдик. Эсталикка суратларга тушдик. Бугун ўша дамларни эсласам, эсиз умр, шу эканда деган таскиндан нарига ўтолмайсан киши…
Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон! Биздан рози бўлинг. Бу бир кам дунёнинг қизиқларидан кўра, чизиқлари кўп экан. Ўша чизиқлардан юриб, ҳаёт кечирдингиз. Бирда ғам чексангиз бирда шодландингиз. Аммо яшашингиз керак эди. Бу адабиётга берган меваларингизнинг (невараларингиз, эвараларингиз!) бахтини кўришингиз керак эди… Мен сизларни топгандим, аммо, бу топганларим узоққа чўзилмади. Сизларни жисман йўқотсам ҳам, мана столим устида бебаҳо хазина – китобларингиз! Ўйчан ва шод боқиб турган нигоҳларингизга қараб – ёлғизлигимни мен ҳам ҳис этаман! Эсиз умр, шундай кунларни ҳам раво кўрасанми, дейишдан нарига ўтолмайман…
Хурсандбек ТЎЛИБОЕВ,
филология фанлари бўйича, фалсафа доктори (PhD)
Ренессанс таълим университети доценти в.в.б.
28.01.2024 йил