Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Чорлайсан қалдирғоч табассумини

Чорлайсан қалдирғоч
табассумини


Азиз САИД – 1961 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ)
журналистика факультетини битирган. “Чилтор”, “Дили қани Бедилнинг”, “Ғойибдан
дўст билан суҳбатлар”, “Вақт манзили” номли китоблари чоп этилган.


Тонгда


Кузда куз билан тунаган дарахт
Баҳор кўйлагини кияркан шошиб,
Тўзғиган сочига шамол тароқчи,
Тун ойна тутқазар сандиғин очиб.


Куз қол деб ёлворар ойни кўрсатиб –
Биз чиқиб кетамиз ўша туйнукдан.
Ёлғончи баҳорнинг нурин кўрдингми
Қуйилиб келмоқда эски чойнакдан.


Зангори денгиз бор осмон буржида,
Уйимиз бўлади сузиб юргувчи.
Шарқираб оқаркан момогулдирак
Чархпалак қурамиз терс айлангувчи.


Яшинга минамиз – мангу оқ отим,
Борамиз тушларнинг қароргоҳига.
Юлдузлар тақаркан феруза узук…
Бизларни кўмишар ишқ даргоҳига.


Кузнинг зорларини тингладию маст,
Баҳор кўйлагини кийди у дарахт..


***

Сўрадинг, гуноҳим нимадир менинг.
Денгизнинг сувида не гуноҳ бўлсин,
Сен – “борса хатар”нинг дарвозасига
Жодугар лаҳзалар боғлаган тилсим.


Умринг равоғида хотир тугилган,
Тугунни ечасан шамолни чорлаб.
Япроқдек ёйилсанг қўмсаб баҳорни,
Дилинг шод қилади ёмғирлар авраб.


Олис-олисларга нигоҳинг йўллаб,
Чорлайсан қалдирғоч табассумини.
Эслайсан қонингга чечаклар сепиб
Оқизган муҳаббат талотумини.


Йиғлайсан тошларга бошингни қўйиб,
Ухлайсан, тушингда руҳинг парвози.
Қирларга турналар қўнган пайтида
Уйғотиб юборар эчки овози…


Фақат мен тилсимга банди халоскор,
Занжирим қон рангли бандидан гулнинг.
Уч десам, учмайсан, қанот сўрайсан:
– Эй Худо, гуноҳим нимадир менинг.


Денгизнинг сувида не гуноҳ бўлсин…


Эй…


Қўйиб юбор қафасдан қушни
учиб кетсин денгизга майли –
Сочганингдай аламларингни
севмаган қиз кўнгли туфайли
Барибир қуш сайрамас сенга
Сўнг ташвишдан бўласан озод


дон-сув демай хотиржам
қафасингни олиб қол майли
топилади ўзингга ўхшаш
чийиллаган каламушлар ҳам
Барибир қуш сайрамас сенга
Чорлайсан қалдирғоч табассумини

Тунги ҳикоя


Тун қора ароба – юлдуз ташийди,
Ортидан қолмайди тиламчи шамол.
Чигиртка жар солар – олинг ноёб мол,
Келинчак дарахтлар ошади девол.


Савдогар бу осмон сўрар дарахтдан
Кўйлаги яширган олмаларини.
Ой йиғлар йўргаклаб тунда тўкилган,
Дарахтнинг исмсиз болаларини.


Биринчи апрель
Осмонларга чорлаганда кўз
Қанотига ишонган руҳим
Рақс тушган оловлар ўчган.


Ишқ ҳарфида ёзилган исмим
Ташналигин қондирган ойнинг
Лабидаги бўёқдан кўчган.


Энди мени алдай олмайсан.


Ғунчалаган дарахт шохида
Япроғида, куртакларида
Изи бордир шамол тишларин.


Юрагимни талаган ари
Санчаётир ҳамон тинмасдан
Кўзёшимга ботган нишларин.


Энди мени алдай олмайсан.


Қалдирғоч ҳам эшигин очган
Тумшуғида пуч ёнғоғини
Тишлаб келган ўғри қушларга.


Мен бир пайтлар сув ичган чашма
Аҳду вафо ҳақида ҳар тун
Қўшиқ айтар каламушларга.


Яна келдингми, биринчи апрель,
Энди мени алдай олмайсан…

Март

…га


Шамол увиллайди, чархлар тўхтаган,
Қалдирғоч дўконин кетган тамбалаб.
Ўтган карвонларнинг изидан умид
Хотира ипларин борар яллиғлаб.


Нигоҳ бисотида бир тўп изғирин,
Зулмат чангалида каламушлар шод.
Деворлар силкинар, фарёди нурар –
Елкаси бир тегиб ўтибди ҳаёт.


Кечикиб келибмиз, кетмоқда баҳор
Кўм-кўк сочлари-ла тўлдириб жомни.
Апрель чиқиб борар ой арқонига
Суртиб қайтиш учун сен тўккан қонни…


***

Мен сизни севаман, шамоллар,
Бойчечак исини пуфланг кўзимга.
Титраган пардани кўтариб қўйинг,
Юрагим кўкариб етсин бўғзимга.


Мен сизни севаман, юлдузлар,
Ҳасрат чангларини ютинг юзимдан.
Ойнинг нурларидан ичиринг қизга,
Ҳеч кета олмасин сархуш тушимдан.


Мен сизни севаман, балиқлар,
Тангалар тўшангиз денгиз тагига.
Ҳилпираб чўкканда оппоқ булутлар,
Исмини ёзинглар сувнинг баргига.


Мен сени севаман, эй қуёш,
Киприкка боғлаб қўй сирдош шамолни.
Юлдузга далда бер, куйлаб келтирсин
Баҳорга алданган қизни – хаёлни…


***

Яна қаршимда қоғоз,
Деразада соялар рақси.
Узоқда йиғлаган бир овоз –
Алданган юракнинг акси.


Бахтиёр одамлар ҳақида
Шеър ёзишим керак.
Кимдир ҳуштак чалар кўчада,
Кимнидир бўйнига солинар билак.


Кўнглим қолади дарахтдан ҳам
Хиёнатни яширгани-чун.
Сўнг тасалли излайман ўзимга –
Ахир бу қоғоз, ташқарида тун…


***

Занжиру кундалдан вассаю синжи,
Мен – хона, маҳрамсир куйга тўламан.
Сирлар товоғида бир ҳовуч майиз,
Пинҳона соғиниб бандин узаман.


Мушкулинг куш-о-о-д
бўлсин, ё омин,
Хуноба дил ш-о-о-д
бўлсин, ё омин.


Сангтарош ҳамалнинг нури пойтеша,
Юракка йўл очар тоғни тарошлаб.
Ишқпечон гуллаган чоғи намозшом,
Ғам келар сочини чилторга боғлаб.


Наво қилсанг д-и-и-л
тўлсин, ё омин,
Нигоҳ солсанг г-у-у-л
бўлсин, ё омин.


Гуноҳим дарахтин шохларин қирқиб,
Бир сават тўқийман – бахт учун коса.
Сабр саҳросида дор тикиб елдан,
Мен сени чорлайман – ишқ учун оссанг.


Жоним олсанг ж-о-о-н
кулсин, ё омин,
Ёдим ичсанг ж-о-о-м
тўлсин, ё омин.


***

Шодлик қозонининг қирриндиси ғам,
Менинг кўзим қора, кўзларим қора.
Пазанда тақдирнинг капгири синиқ,
Юлдузлар қоврилар қоп-қора.


Қўлим узатаман юрак тубига,
Куйган каптарларим қаноти қора.
Тақдирим тандири ҳамон тутайди,
Йиллар лов этади, йўллар қоп-қора.


Бу нима зиёфат, эй қодир Худо,
Ёрнинг кўзларидан қараб чорлатдинг.
Куйган таомингни олдимга қўйиб,
Унинг нигоҳини кимга қаратдинг.


Сен юборган сурат


Хиёбон
Гулнинг бутоғида учта қуш.
Бироз совқотган. Кўзлари намроқ.
Бири тишлаб олган
Тоғларнинг рақсию садоларини.
Бири тумшуғида авайлаб турар
Минорлар чайилган дарёларини.
Бири руҳнинг боғидан териб
Келтирган гулларнинг нолаларини.


Исиниб, исиниб нафасларига
Зиёфат қилдилар бир-бирларини.


Малак дафтар очди, намлик кўз билан
Ўқий олмадилар тақдирларини…


Хиёбон
Гулнинг бутоғида… икки қуш.
Бироз совқотган. Кўзлари намроқ.
Осмон денгизида тўфон ялаган
Кема чайқалади…
Сен чорлаяпсан – учайлик кўкка,
Эй гулнинг ноласи, мадорим камроқ.


***

Мен ўша –
баҳорлар келганда гул япроғида
ифорли куйлардан гулханлар ёқиб,
дилин очмаган.
Нега сен мени кутмадинг?
Чорлайсан қалдирғоч табассумини


Мен ўша –
шамоллар ўтганда кўм-кўк сочларин
юзимга, кўзимга, лабимга суртиб,
йиғлаб чопмаган.


Нега сен мени кутмадинг?


Мен ўша –
чақмоқлар саф қилиб юлдуз қавмини
пайдо этганида дилдузлик рақсин,
нигоҳ солмаган.


Нега сен мени кутмадинг?


Мен ўша –
юзингга қирқ битта пардани ташлаб
хаёллар шаҳридан бир ўтганингда,
бўзлаб толмаган.


Нега сен мени кутмадинг?


Мен ўша –
қалдирғоч кўзида суратинг кўриб
адашиб келганда руҳ кулбасидан,
сени топмаган.


Нега сен мени кутмадинг?


Мен ўша…


Хотира


Бир кун оппоқ
оппоқ қорлар босган дарадан
лўлилар кириб келди қишлоққа
Бир зумда
билмадим қай бир панада
тўпландик
кўчалар хўжайинлари
қизарган бармоқлар тишлаган
юм-юмалоқ қорчалар билан
ҳайдаб юбормоқчи бўлдик жуда узоққа
биринчи эшикдан уларни


Улар келар эди
ёғий карвонидай ҳайиқмай секин
йўлнинг ўртасида турардик бизлар
ўн икки нафар йиғлоқи бола
Даҳшатлар кўмилган хуржунларидан
узмай кўзларни
кузатар эдик
эшаклар устида ўтирган
лўли қизларни


“Уринглар уларни”
дея қичқирди
кўзида ёш билан каттамиз Эркин
Қорлар уча бошлади лўлилар томон
Йиғи қарғиш додлаш билан
қорларимиз учрашди
гўё Синдбод карвони
қароқчига тўқнашди


Лекин улар келар эди
Ёв қувган карвондай тўзиб
Қочдик йиғлоқ болалар
дарвозалар ортига
Биз итларни ташладик
тасмаларини узиб
Ватан ҳимоясига
Итлар қайтиб келдилар
шом тушганда қишлоққа
ҳайдаган эдик бизлар
лўлиларни узоққа


Ёшлик қолди орқада
йиллар ўтиб кетдилар
Бир марта ҳам келмади
эшак минган лўлилар
Эшитамиз
биз қувган узоқларга
бориб турармиш улар
Фол кўрармиш одамларнинг
келажагини
Айтар эмиш аниқ бехато
ғам шодликнинг келажагини


Ҳар йил яна оппоқ
оппоқ қорлар қоплар дарани
Яланғоч эшаклар изғийди
туёқлари билан ковлаб
битмайдиган ярани
Қонаган хотира қийнар бизларни
эшаклар устидан тополмай
итлар қувган
лўли қизларни



Ҳали ўлмайман
Нега ташқарида турибсиз
Тортинманг
Асли бегоналарни мен ҳам қўймайман
Уялманг яланғочлигингиздан
Буларнинг ҳам кийимлари йўқ – сўзлар
Мен кийим тикяпман меҳмонларимга
Пича сабр қилинг ўртоқ азроил
Хафа бўлмадингизми
Биз ўртоқ деймиз ватандошларни
Сўнг бирга кетамиз
“Ўлим”нинг кийимини тикиб бўлайин


***

Айро бўлган йўллар яна
юрагимда яра-яра,
Адо бўлган хунлар мени
тўлдиради яна-яна.


Мен ўзимни йўна-йўна
соя бўлдим хаёлимга,
Бой бердим мен, балли дединг,
гадо бўлдим ағёримга.


Гувуллаган денгиз эдим,
ёмғир каби сочилдим,
Ёпиқ эдим, сирли эдим,
қабр каби очилдим.


Қув-қув этди, қушинг менга
уясини бермади,
Зув-зув этди, ўқларини
кўнгилгинанг термади.


Киприкларинг йиртди мени
куйларимни, кўкрагимни,
Айтолмайман, яширгайман
музлаганим, куйганимни.


Во узилдим йўқ бандимдан,
тошдайин тўкиламан,
Во узилдим, ҳеч ким мени
тикмади, сўкиламан.


Остонангга етти йиғи,
шамол қувиб кетти уни,
Юрагимга бердим дуо,
кўзинг олиб кетти уни.


Айро бўлган йўллар яна
юрагимда яра-яра,
яра-яра, яра-яра…


Рондо


Қиш тошини ча-қа-ди
Тоғ бошини чай-қа-ди
Ой қошини қо-қа-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми


Эчки дўмбир ча-ла-ди
Кўзи зўлдир ма-ра-ди
Гулни ўлгур я-ла-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми


Ари сирға та-қа-ди
Бўри қирга о-қа-ди
Итни бурга ча-қа-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми


Сувни ариқ ал-дай-ди
Майса ёриқ я-май-ди
Сирни балиқ ас-рай-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми


Туя ялпиз чай-най-ди
Тунни кундуз қий-най-ди
Кафтда денгиз қай-най-ди
Баҳор келиб қол-ди-ми


Ташбеҳсиз


Хаёлларим тўзғиди бирдан,
Ўйларингни туйди юрагим.
Таъқиб этар нигоҳим бир дам,
Фарёд билан қочар кўзларинг.


Бекингани топмади паноҳ,
Ахир тушди кўзинг кўзимга.
Қучоқлашди шул икки нигоҳ,
Пичоқ урди ўйинг ўйимга…


Қон тирқираб юрагим бўзлар,
Севги ўлар пойингда боши.
Азадорми у қотил кўзлар –
Томчи-томчи оқар кўзёши.


Сени кутиб…


Ёмғир ёғар –
йиртилар хаёл
Осмоннинг
чил-чил ойнаси –
кўлмаклар
сапчийди
дайди ит мисол


Ёмғир ёғар –
шиддатли мезон
тикади
кўзгунинг
лахтакларини


Ёмғир тўхтар –
Қуёш мезанадан ўқийди азон
Қалдирғоч
чуғурлар
тилакларини


Ювош тортар
дайди ит
Хаёллар
чокидан тикилар


Синган ойнада
қуёшнинг акси
висолга етишган
шамол кўзидан
кўкарган
хўрсиниқ тўкилар


Хатолар
Биз хато қиламиз
Довдираб қолиб.
Сўнг ётиб ўйлаймиз:
“Ҳаётнинг сабоғи –
Хатолар –
Такрор бўлмас энди
Ёддан чиқмас адоғи…”
Тасодиф. Ваъда ва Алдов.
Яна довдирашлар
Тўлқинидамиз.
Бесубут руҳимиз
Алғов ва далғов.
Яна кўҳна тарих –
Хато ва афсус.
Юракда қарғишу
Лаънатлар қолдирган
Қонли яралар ҳам
Тушади қуриб –
Ҳарорат вақтнинг
Ойинасидан.
Шундай келаверар
Кетма-кет улар.
Биз ётиб ўйлаймиз
Яна:
“Ҳаётнинг сабоғи
Хатолар…”

***

Эй, яшашдан чарчаган оғриқ,
Чиқиб кетмоқчимисан энди юракдан –
Тез-тез санчаяпсан найзаларингни.


Эй, томирда ҳориган қоним,
Тўхтаб қолаяпсан, манзил яқинми –
Эшитмай қўйдим ларзаларингни.


Эй, гуллашдан чарчаган баҳор,
Хайр хуш қилдингми ошиқ кузингга –
Қолдириб сарғайган майсаларингни.


Эй, орзулардан ҳориган хаёл,
Сафар қаридими, ичай сўнгги бор –
Саробга лиқ тўла лаҳзаларингни.


Эй, олисга отланган қушим,
Йўқлик денгизидан сўраб бер фурсат –
Артишга улгурай кўзёшларингни…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil