Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Қозоқбой ЙЎЛДОШ. ТЎЗИМ БИЛМАС ТУЙҒУЛАР ТАЛҚИНИ

Бугунги кун ўқирмани бадиий асар қаҳрамонларига ибрат ё намуна сифатида қарамайди, балки улардан ўзиникига ўхшаш руҳият, мос туйғу тасвирини қидиради. Ўзгада ўзини кўрмоқ бўлади! Ҳозирги давр ёзувчилари ҳам бировларга йўл кўрсатиб, унга қандай яшаш кераклигини ўргатиш даъвосидан йироқ. Шунинг учун замонавий асарларда муайян ижтимоий қиёфага эга типик образлар эмас, балки ўзига хос индивидуал қиёфали, бетакрор жонли персонажларни тасвирлаш муҳим жиҳатга айланган.
Ярим асрдан буён адабиётнинг турли жанрларида ижод қилиб келаётган заҳматкаш адиб Орзиқул Эргашнинг битта роман, уч қисса ва ўн тўрт ҳикоядан иборат “Оқар дарё” китоби ҳам кўпчиликка ўхшайдиган одамларнинг бошқа битиклардагига ўхшамас қисматининг ўзига хос тасвирлари билан аҳамиятли.
Адибнинг ушбу китобидаги “Шоҳсанам” романи ─ висолсиз муҳаббат тўғрисида. Асардаги Маҳмуд, Шоҳсанам, Умаро, Сафар, Маъмура, Ойдиной, Темир, Амиржон, Ҳайдаров сингари ҳар бир образ фақат ўзигагина хос миназли шахсиятлар сифатида акс эттирилган. Тўғри, романда ўз шахсиятидан кўра ижтимоий тузумга хос хусусиятларни ифодалаш мақсадида тасвирга тортилган Раҳимзода, Фармон, Козим сингари персонажлар ҳам йўқ эмас. Лекин асар тимсолларининг бари-барчаси фақат ўз шахсиятлари вакили сифатида намоён бўла олгани билан эътиборни тортади. Масалан, бутун мавжудлиги бошқаларга халал бермаган ҳолда ўзлигини англашга уриниб яшаётган Маҳмуд, Шоҳсанам, Маъмура, Темир, Амиржон, Умаро сингари образларни илмий тил билан ─ “мономан”, яъни ёлғиз ва бетакрор қаҳрамонлар дейиш мумкин. Бу тимсоллар асарнинг бошидан охирига қадар турланавермайдиган табиатга эга шахслар сифатида тасвирланади.
Маълумки, мумтоз адабиётимизда севгининг нақадар юксаклиги қаҳрамоннинг нафси ва жисмидан узилиб, илоҳиётга интилиш даражаси билан ўлчанган ва бу ҳол севги аслан маъжозий тушунча, у моҳиятан висолда эмас, айрилиқда намоён бўлади деган қараш кенгроқ шаклланган. Орзиқул Эргашнинг “Шоҳсанам” романида эса севгининг илоҳий неъмат эканлиги инкор этилмаган ҳолда унинг фақат илоҳиётга мансуб мавҳум сезимгина эмас, балки оддий бандаларга ҳам насиб этиши мумкин ва керак бўлган башарий туйғу эканлиги тасвирланади.
Романнинг айрим ўринларида халқ достонларида бўлгани каби насрий баён шеърий ифода билан уйғунлашиб келади. Бу ҳол бош қаҳрамон талқинида асар тасвирига шиддат ва кўтаринкилик бағишлаган, у орқали шафқатсиз ижтимоий реаллик ва юксак шоирона туйғулар оғушида яшаб, изоҳга бўй бермайдиган сабаблар туфайли кўнгил истагини юзага чиқара олмаган шахсиятлар тақдири акс этган.
Роман воқеалари Шоҳсанам исмли қўшни қизни бутун ҳаётининг мазмунига айлантирган бола, ўсмир, ўспирин, йигит, эркак Маҳмуднинг ўй-хаёллари, орзу-умидлари, хатти-ҳаракатлари, тутумлари орқали висолига эриша олмаган ошиқнинг севгилисига хаёлий мурожаати шаклида ҳикоя қилинади. Бу усул бош образ руҳияти ва туйғуларининг барча қирралари очилишига имкон беради. Айни вақтда қолган борлиқ персонажларга хос жиҳатлар фақат Маҳмуд нуқтаи назари орқали тақдим этилиши баъзан тимсолларни ўзга ракурсдан кўрсатиш даражасини бир қадар чеклаб қўяди.
Суяги қотмаган ўсмир ёшида отасидан айрилиб қолган Маҳмуднинг: “…отам … ҳар куни ўлади. Оппоқ тобут ҳар куни лопиллаб йўлга тушади. Ортидан изиллаб югураман. Изиллаб йиғлаганча уйғониб кетаман. Зимистон тун. Аямнинг титроқ қўллари. Иссиқ-шўр кўз ёшлари…” тарзидаги иқрори унинг шахсиятидаги битмас кемтиклик ва ўта таъсирчанликнинг ҳаётий сабабини англатади.
Асар бош қаҳрамон Маҳмуд тилидан ҳикоя қилинган бўлсада, унда фақат Маҳмуднинг саргузашт ва кўнгил ҳолатлари эмас, уни ўраб турган кишиларнинг тутумлари, кўргулик ва тақдирлари, XX асрнинг 70 – йилларига тегишли ҳаёт ҳодисалари, давр манзараси образлар руҳияти билан боғланган ҳолда ғоят ҳаққоний акс эттирилади.
“Дала бошида катта-кичик кетмонлар эгаларини кутиб, сочилиб ётарди. Эгалари таниб-таниб олди. Чопиқни даланинг нариги бетидан бошлаб келадиган бўлдик. … Офтоб юқорилай бошлади. Бегона ўтдан тозаланган майдон кенгайгани сари чопиқчилар ғайрати ортиб борарди. Ҳамма ёнма-ён ишлагач, сеники, меники бўлмагач, айрим дангасароқ болалар ҳам кейинда қолишдан уялиб, жон-жаҳдлари билан етишиб юришга ҳаракат қилишарди” каби тасвирларда ёшлиги совет даврида ўтган, оғир дала ишларига жалб этилган ўқувчиларнинг мажбурий ва ёқимсиз меҳнат жараёнидан ҳам романтика топа билгани ифодаланса, “Шаҳардан қайтаётган Жарқишлоқ болалари экан. Ҳаммаси, айниқса, қизалоқлар ясаниб-тусаниб олишган. Қўлларида ранго-ранг шарлар, чўғдай байроқчалар. Тўрхалталарда тешик кулчаю бўличкалар, пўлоти нонлару равочлар…” йўсинидаги тасвирларда эса биринчи май байрами томошаларидан қайтаётган қишлоқ болалари, кечаги кун ёшларининг ўзига хос жиҳатлари ёрқин ва яққол намоён этилган.
Роман қаҳрамони Маҳмуд мактабни битириб, университетга ўқишга киролмагач, уни бригадага бошлиқ қилиб қўйишади. Шу мартабанинг ўзи ўспиринни колхоз марказидан узоқдаги эллик беш хонадонли қишлоқнинг оқсоқолига айлантиради. Пахтазорнинг туганмас ишлари асносида йигитнинг миназига хос орият, ғайрат, масъулият, ташкилотчилик, ҳалоллик ва баъзан гўллик сингари жиҳатлари турли воқеалар асносида юзага чиқа боради.
Қишлоқ оқсоқоли ўлароқ Маҳмудхон эри “қулоқ” сифатида йўқ қилиб юборилган, қолган умрини урушда ҳалок бўлган ёлғиз ўғли Маҳмудни кутиб ўтказган Мақсад момо ва унинг ўғлига кўнгил қўйган Маъмура опаларнинг чексиз фожиасини туяди. Бу ҳолат асарда жуда таъсирли акс эттирилган:
“Кампир бир тутамгина бўлиб, кўрпа-тўшак қилиб ётган экан. Уни кўриб, тетикланиб ўрнидан турди. Маъмурани индамай бағрига босди-да, ичкари уйга бошлади. Тахмондаги сандиқни очтирди. Ундан барча келин-куёв сарполарини олдириб, гилам устига уйдирди. Маъмура жовдираб унга тикилди. Нохуш бир туйғудан юраги увишди.
– Болам, бу нарсаларни сенга қилгандим, – деди кампир бемажол. – Сенга қолдираман. Фақат битта ўтинчим бор. Ҳозир, кўзим тиригида бир киясан…
Маъмура бирдан йиғлаб юбориб, кампирни қучди. Кампир сулув келинчак олдида ўзини қўярга жой тополмас, дам йиғлаб, дам кулиб атрофида гиргиттон бўларди. Куёвсиз уйнинг шўрлик келинчаги унсиз йиғлаб, қайта-қайта таъзим қилади. Кейин сочпопукларини оҳиста шилдиратиб ҳовли супуради, ўчоққа ўт ёқиб овқат қилади, қумғонда чой қайнатади…”. Романнинг жонкуяр бош қаҳрамони гарчи бу вазиятни ўзи кўрмаган бўлсада, уни бутун тафсиллари билан кўз олдига келтиради ва фожиани бор кўлами билан туяди.
Асар бош қаҳрамони урушда ҳалок бўлган суюклисини узоқ йиллар кутган ва онасининг ўлим олдидаги васияти туфайлигина бошқага турмушга чиқишга мажбур бўлган садоқатли Маъмуранинг ҳолатини ҳам ичдан ҳис қилади. У афғон уруши қатнашчиси Амиржоннинг суюклиси Умарога етишмоғига ёрдамлашмоқ истайди. Ва ҳамиша бундай одамларга етарлича яхшилик қилолмаётганидан қийналади.
Енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юриб, фақат шахсий манфаат илинжида яшайдиган Козим ва Шариф сингари кимсалар қутқуси туфайли суюклиси Шоҳсанамнинг онаси Маъмура опада суюқоёқ аёлларга илакишадиган одам сифатида тасаввур уйғотган Маҳмуднинг ҳаёти остин-устун бўлади. Унинг тақдири тамомила бошқа ўзанга бурилиб кетади. Ўзи қачондир хиёнатнинг қурбони бўлган Маъмура опа куёв бўладиган йигитни бегона аёл билан кўргач, қизи Шоҳсанамни Маҳмудга узатишни анчадан буён орзулаб юрганига қарамай, хиёнатчини кечирмайди ва қизини унга беришни истамайди. Ҳайратланарлиси, юксак туйғули бу аёл Маҳмуднинг қилмишини на ўз қизига, на жондай яқин дугонаси, йигитнинг онаси Ойдинойга айтади. Шу ҳолатда ҳам Маҳмудни ёмонотлиқ қилгиси келмай, қизини синглисининг ўғлига бермоқчилигини сабаб қилиб кўрсатади. Асарнинг шу ўринларида тақдирлари ҳал бўлаётган, қалтис ҳолатларда ҳам оналарининг юзига тик қарамай, уларга қарши бормай, барча азобу изтиробни ўзига оладиган ўзбек йигит-қизларига хос хусусиятлар ўта ҳаққоний акс эттирилган.
Романда “Ақлим етмас, Қандай севарлар Ёмғир ёғмай турган ерларда?” тарзидаги сатрларни битадиган Маҳмуднинг бригадирликдай адоқсиз ва зерикарли юмуш оғушида, авжи терим пайти ёққан ёмғирни кўриб кекса колхозчи Сафар акага беихтиёр: “Ёмғир зўр бўлди-да, амаки. …Қаранг, ҳаммаёқни яшартириб юборди. Баҳор келди-қўйди” деб юбориб, ўз шоирона табиатига хос хусусиятларини йўқотмаганлиги жуда ишонарли тасвирланса, бунга жавобан Сафар аканинг айтган гапида эса айнан ўзбек деҳқонининг муносабати акс этади: “…чанг босди бўлгани тузук-ку, бемавридлиги чатоқ-да! Икки-уч кунсиз далага кириб бўлмайди энди…”.
Ёзувчи уйланаётган келинчагига кўнгилсиз бош қаҳрамон ҳолатини: “Чимилдиққа, келиннинг олдига киритишди: чинчалоқда асал ялатиш керак экан, ялатдим. Узук тақиш керак экан, тақдим. Кўзгуга қараб уни кўришим керак экан, қарадим, кўрдим. Билардим, холамнинг қизи чиройли эди, тиллақош, зебигардонларда янаям хушрўй бўлиб кетибди…” тарзида чизади. Муаллиф инсон руҳиятининг чигал ва тушуниб бўлмас яратиқ эканини, ҳозиргина бефарқ, лоқайд бўлиб турган одам бир зумда тамомила ўзгача ҳолатга кириши мумкинлигини келиннинг йўлини тўсиб чиққан йигитларга муносабат тасвири орқали ҳам ишонарли тасвирлайди: “…кўприк устида бир тўп йигит кўринди. …Машинадан таппа-таппа ташладик-да, кўприкка қараб югурдик. Мен ҳам энди куёвмас, ғазабга минган шерикларимнинг биттаси эдим”.
Қишлоқ йигитларининг келин қилиб олиб кетилаётган қизни бермаслик учун қилган ҳаракатлари сабаб Маҳмуд руҳиятида қўпган ички бўрон ҳам ғоят таъсирли акс эттирилган: “Тамом! Ҳаммаси равшан! Бўлди, уйланиб бўлдим. Энди орқага қайтариш керак. Менга бундай хотиннинг кераги йўқ. Керак эмас!.. Сафар амакига айтайин, қайтарсин. Уни олиб кетмайлик, керак эмас!..”. Бу ҳолат бот-бот ўртага чиққани сабаб келин-куёвнинг кейинги ҳаётларида ҳам ёмон из қолдиргани, суймаган одамининг суйгувчиси борлиги ўзбек йигити руҳиятига кўрсатган таъсир кўлами асарда жуда ишонарли ифода этилган.
Романда ёзувчи бош қаҳрамонни иделлаштириш йўлидан бормай, характер реаллигига амал қилади. Чунончи, азалий рақиби Козим ва унинг гумашталари томонидан аёвсиз калтакланган Маҳмуд уларни жазолатмаганини шундай изоҳлайди: “Ўшанда бу сирни ошкор қилдирмадим. Ҳаммамиз бир юртди боласимиз, ҳеч ким билмасин, деб туриб олдим. Аслида гап бошқа ёқда эди: келиб-келиб Козим гушнадан калтак ебдими деган маломатдан ор қилгандим”.
Романда инсон ҳаётининг нақадар чигал, қанчалар тушунарсиз бўлиши мумкинлиги бир-бирини севган, бирга бўлишга астойдил интилган, лекин висолдан бенасиб яшашга маҳкум Шоҳсанам билан Маҳмуднинг адоқсиз изтироблар оғушидаги ҳаёти мисолида ўта таъсирли кўрсатилади. Лекин чин муҳаббат нурсиз ҳаётга ёғду бахш этади, азобларни лаззатга айлантиради. Буни Шоҳсанамнинг Маҳмудга қарата: “Қийналиб кетдинг, дейсиз-а! Бу қийналишлар қанчалар азиз, қанчалар роҳат эканлигини билсангиз эди… Агар шундан ҳам жудо бўлсам, менда яна нима қолади бу ҳаётда?!”- дегани ва йигитнинг: “Бемисл ҳаяжондан гангидим… Шу тобда мендан-да бахтиёр, мендан-да бахти қаро ошиқ йўқ эди дунёда!” тарзидаги иқрори тасвирида кўриш мумкин.
Умуман, романда реал ҳаётдан кўра ўз хаёлоти оламида юришни афзал кўрадиган шоиртабиат Маҳмуд ва унга ёндош образлар руҳияти жуда ҳаққоний очиб берилган.
Мазкур китобдан ўрин олган “Юлдузсиз осмон” қиссаси ҳам ифода жозибадорлиги ва тасвир самимияти билан ўқирман кўнглидан чуқур жой олади. Ушбу битикда ҳам Орзиқул Эргаш ўзи яхши кўрган ва пухта эгаллаган бош қаҳрамоннинг хаёлий суҳбати усулидан фойдаланади. Агар “Шоҳсанам” романи Кенгаш (совет)нинг охири кўриниб қолган даври тасвирига бағишланган бўлса, “Юлдузсиз осмон” қиссасида Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги одамлар ҳаёти, ўша даврнинг шафқатсиз синовлари, азобли меҳнат исканжасидаги ёшу кексаларнинг турмуш манзаралари бор оғирчиликлари билан ҳаққоний акс эттирилган ва чинакам одам ҳар қандай оғир шароитда ҳам ўзлигини йўқотмай, яхши кунлар умидида, покиза орзулар оғушида яшай олиши кўрсатилган. Асардаги ҳар бир персонажнинг индивидуал нутқ билан таъминлагани эса битик таъсир даражасини янада оширган.
Қиссада ўша даврда яшашга маҳкум бўлган авлод қисмати суюклисининг ҳалок бўлганини эшитиб ҳушидан кетиб ётган Моҳиранинг чалкаш ўйлари орқали маъжозий йўсинда бутун даҳшати билан акс эттирилган:
“– Тахир эканми суви? – дедим ташналикдан тамшаниб.
– Ҳа, тахир. Ишонмасанг ичиб кўр, мана, – деди Ҳанифа опам илжайиб.
Ичдим.
– Вой, бунча аччиқ!.. Ҳанифа опам хандон отиб кулди.
– Қисматинг бу, қисматинг! Ичавер!..
– Ич, яна бир қултум ич, – деди Маъмура опам ҳам бир пиёла сув тутиб.
– Ич, кўникиб қоласан, – деди Ҳанифа опам қистаб.
– Йўқ, ичолмайман, – дея ўрнимдан турдим.
– Ичасан, ичасан, – деди Ҳанифа опам зуғум билан. Кейин мажбурлаб оғзимга қултиллатиб қуйди. Аъзои танамда оғриқ ва титроқ қўзғалди. Тошдай оғирлашиб, булоқ бўйига йиқилдим…”
Шу тариқа мазлуманинг хаёли воситасида насибаси қисматнинг тахир сувини ичиш бўлган авлод ҳаёти акс эттирилади.
Китобдаги “Дунёнинг бир чеккаси ёхуд сой бўйи қизлари қиссаси”ни асардаги воқеалар содир бўлган жой, Козим, Фармон биргад сингари образларига кўра қай даражададир “Шоҳсанам” романининг мантиқий давоми дейиш мумкин. Ушбу битикда ХХ аср қишлоқ аҳли ҳаёти ўсмир Самижон назари орқали акс эттирилган. Қиссада қишлоқлардаги қандайдир ижтимоий муаммолар эмас, балки одамлар ва одамлараро бирда жўн ва оддий, бирда эса чигалдан чигал муносабатлар, Инсон, айниқса, қизлар эрки, бўй қизлар ва бўз йигитлар муносабати, садоқат ва хиёнат сингари ҳеч эскирмас қадриятлар ҳамда уларнинг конкрет одам тақдирига таъсири сингари жиҳатлар ҳаётий йўсинда ифода қилинган.
Мазкур қиссадаги ҳар бир образ – бетакрор шахс. Кўнглига севги учқуни эрта тушган Сами, ҳар жиҳатдан етук, кўркам, аммо қишлоқдан чиқолмайдиган, ихтиёри оталари қўлида бўлган Комила, Шарифа, Раъно сингари қизлар, бирда мард, бирда адашадиган Карим, Шоалим, Самад сингари йигитларнинг ўзаро муносабатлари ғоят таъсирли ва ҳаққоний акс эттирилган. Қиссада ўктам, ақлли, ориятли, арзирли одамга кўнгил қўйишдан қўрқмайдиган, аммо салгина хиёнатни ҳам кечирмайдиган Комиланинг Самижонга қарата: “Ҳақиқий йигит бўлсанг, буни доим бошингда тут. Кўча-кўй, дала тўпда, касу нокас олдида хор қилиб қўйма. Мен… – томоғига алланима қадалгандай бир зум тўхтаб, сал бўғилган овозда давом этди. – Мен насиб қилса, албатта тўйларингга келаман. Бир яйраб ўйнайман. Эрталабгача ҳеч кимни ухлатмайман. Муҳаббат деган нарса ўлмаган экан. Мана тантана қилди. Бугун ҳеч ким ухламасин, шунча ухлаганларинг етар, дейман. Бутун қишлоқни тинчитмайман. Ҳали кўрасизлар, албатта ана шундай қиламан!..” дейиши асар бош маъносини акс эттиргандек.
Орзиқул Эргашнинг ушбу китобига кирган деярли барча асарларида Кўксой, Шотутли, Шаршарабанд, Дархон, Қўйқўтон сингари масканлар тасвирга тортилади. Ёзувчининг “Дала ўртасидаги дарахт” қиссасида Шотутли деб аталмиш дала ва унинг ўртасидаги ёлғиз шотут оғочи юртсеварлик, эзгулик, садоқат, одамийлик сингари юксак қадриятларнинг рамзи ўлароқ акс эттирилган.
Қисса композицияси “Чайладаги ҳангома”, “Болибек амаки”, “Болибек амакининг ўғли”, “Дала ўртасидаги дарахт”, “Дарахт остидаги одам”, “Дархонликлар”, “Кунларнинг бирида”, “Оғайнилар”, “Шотутлида олинган фильм” ва “Сўнгсўз” сингари ўн ҳикоядан иборат. Бу ҳикояларнинг ҳар бири ҳам алоҳида мустақил асар, ҳам битта қиссанинг турли қисмлари экани билан эътиборни тортади. Қисса қаҳрамони бола, ўсмир, ўспирин, шоир йигит, академик Абдумалик бўлиб, ҳаёти давомида дуч келган одамларга дала ўртасидаги шотутга муносабатдан келиб чиқиб баҳо беради. Яъни унингча шотут мисоли бир маҳактош, унга муносабат ҳар қандай одамнинг яхши-ёмонлигини аниқ билдиради.
Кутилмаган жиҳати шундаки, қиссанинг етти ҳикояси мобайнида Абдумалик тилидан лапашанг, фойдахўр, дангаса, қўрқоқ одам сифатида кўрсатиб келинган синфдоши Бурҳон “Оғайнилар” ҳикоясида бутунлай бошқа ракурсда намоён бўлади. Қишлоқдаги барча яхши одамлар, айниқса, Абдумалик, Сайим ва Эрйигит учун эзгулик тимсоли бўлган шотут ҳақида энг кўп қайғурган, қайғурибгина қолмай, ундан янги кўчатлар олиб эллик бир жойга экиб кўкартирган одам Бурҳон бўлиб чиқади. Яъни шу тариқа эзгулик ҳақида тўхтамай ўйлаш ва гапириш билан уни амалга ошириш бошқа-бошқа нарсалар экани маълум бўлади.
Китобга киритилган ўн тўрт ҳикоянинг аксариятида ҳануз болалигидан узоқлашмаган муаллифнинг “болалиги кўчалари”да кечган воқеалар тасвири берилган. Бу жиҳатлар “Пояндоз”, “Ғалати одам”, “Келинчак”, “Тўй оқшомида”, “Онамнинг эртаклари” ҳикояларида яққол кўзга ташланса, “Мантиқ”да киноявий-танқидий руҳ кучли эканлигини кўриш мумкин.
Орзиқул Эргаш битикларининг тили содда, ўзига хос ва жозибали. Адиб бадиий тасвирга “тепакокил”, “зарданок”, “қадима” “сипта”, “шатрама”, “жонтолмас”, “ҳаннот”, “подақўриқ”, “дайравот”, “симпеч” сингари сўзларни олиб кирган бўлиб, учун ўрни билан бу сўзларга изоҳ бериб қўйилса, янада яхши бўларди.
Орзиқул Эргашнинг эзгу маънавий сифатларга йўғрилган, тўзим билмас туйғулар талқини бўла олган “Оқар дарё”си қирғоқларида кезиб, сувларидан тотининг, азиз ўқирман!

Қозоқбой ЙЎЛДОШ – педагогика фанлари доктори, профессор. 1949 йилда туғилган. Ғафур Ғулом номидаги Сирдарё давлат педагогика институтининг Ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Ҳозирга қадар қирққа яқин китоби ва илмий мақолалари чоп этилган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil