Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

ҚАТРА Завқиддин НАСИМОВ


Завқиддин НАСИМОВ – 1991 йил туғилган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факелтетини тамомлаган.
“Руҳсиз тандан чиққан садолар” номли китоби чоп этилган.

ҚАТРА
Завқиддин НАСИМОВ

ОТА

Тошкентдан Самарқандга етганда тушиб қоламан деб Бухоронинг автобусига чиқдим. Йўлда ёнимда туриб кетаётган кишининг ҳаракатлари диққатимни тортди.
Йўл-йўлакай мудраб келаркан, ҳар замонда белини уқалаб қўяди.
Ғаллаоролга етганда жой алмашиб олдим. Яқин олиб суҳбатга тортдим. Гап-сўзидан қурилишда ишлайди шекилли.
– Автобус таксидан кўра яхшида, – деб гап бошладим.
– Ҳа, бўлмасам-чи, – деб қулайликларини санаб кетди.
– Мен автобусда кўп қатнайман. Вокзалда кутиб тураман, юраётган вақтида чиқиб оламан. Мана бугун ҳам ярим нархига кетяпман, – деди.
Телефонда бухороча шевада боласини эркалади. “Ухлаб қолмагин, ҳай сенга самалёт обораяпман”.
Эҳтимол, боласига ўйинчоқ олмаганда, Бухорогача ҳамма йўловчи қатори ўтириб кетармиди…

МЕҲРСИЗ ЎҒИЛ, МАСЪУЛИЯТЛИ РАҲБАР

У мансабдор шахс, шу сабабли доим банд бўлади. Ойда бир йўқлашга, қўнғироқлашиб онасидан хабар олишга вақти бўлмайди.
Лекин “тепада”дагиларни кунора йўқлаб, хабарлашиб, ҳол-аҳвол сўрашга доим вақт топадиган даражада масъулиятли раҳбар…

“ТОЗА”РАҲБАР

У раҳбар бўлиб келиши билан “тозалаш” ишларини олиб борди. Кейин эса мансабидан фойдаланиб ҳамтовоқлари билан бутунлай “кир” ишларини амалга оширди. Охирида ўзининг орқасини “топ-тоза” қилиб ишдан кетди. Албатта, “уруш қурбонсиз бўлмайди”. Ҳамтовоқларидан уч-тўрттаси “кесилиб кетди”. Ёши ўтиб қолгач охират ташвишларидан безовталана бошлади. Умри давомидаги жамики “кир” ишлари учун ёлғиз ўзи жавоб бериши ўйлаб қўрқиб кетди. Энди қандай қилиб у ёққа ҳам “топ-тоза”
бўлиб бориш ҳақида бош қотирарди. Афсуски, нариги дунёга шериклар билан кириб бўлмайди…

РАҲБАР
Унинг доимо ходимлар учун ёниб-куйишлари, барчани виждонан, садоқат билан ҳалол ишлаб, аҳил жамоа бўлишга ундаётганлигини кўриб, бундай фидойи раҳбар билан ҳар қандай ходимлардан ҳам мукаммал жамоа тузиш мумкин деб ўйлаб қоласан.
Лекин У ўзидан бошқа ҳаммани айбласа, улуғловчи сўзларни фақат ўзининг шаънига “ишлатса”, иқтидорли ходимлар қолиб, ўзи учун итоаткорларини рағбатлантираётганига гувоҳ бўласан шундай “олийжаноб” раҳбарлар борлиги учун ҳам нафақат жамоани балки жамиятни ҳам ҳеч қачон шакллантириб бўлмайди деган иқрорга келасан…

ШАХС

У бошлиқнинг олдига кириб бошқаларни ЁМОНЛАШ орқали ўзини ЯХШИ кўрсатишни ўйлайдиган даражада майда шахс…

УДДАБУРОН

У ҳар сафар қуёндек ҳуркибгина келадида, раҳбарнинг олдига кириб минг бир тавозе билан илтимосларини битказиб ШEР бўлиб чиқиб кетади…

ЕЧИМ

Ташвишлару муаммолардан чарчаб, ҳаловатингизни йўқотганда, душманларингизга бўлган нафрат тинчлик бермай қаттиқ сиқилган вақтларингизда тинмай истиғфор айтиб кўрингда…

МОТИВАЦИЯ

Болалигингда ота-онанг сен билан фахрланиши учун ҳаракат қил.
Улғайгач эса болаларинг фахрланадиган ота-она бўлишга…

“КАМТАР” ИЖОДКОР

– Биласиз, бугун Ўзбекистонда Усмон Азимдан кейинги энг зўр шоир менман…
– Раҳмат, камтарлигингиз учун. Сиз тенги ёш ижодкорларнинг деярли барчасидан Усмон Азимдан ҳам зўрман деган иддаони эшитардим…

КИМ БАХТЛИ?

У жуда бахтли ижодкор. Кўкси тўла орденлар, жавони тўла мақтов ёрлиқлару, том-том китоблари бор, лекин негадир мухлислари йўқ. Шу томонлама у жуда ёлғиз…
У умри давомида озиб-ёзиб бир дона китоб чиқарди, шуям бўлса нашриётнинг ортиқча қоғозлари ҳисобига. Тақдимот қилиш эса етти ухлаб тушига ҳам киргани йўқ, ахир ўзи бўлади-ми? “Дўнг” пешонасига на бир мукофот битди, на бир парча мақтов ёрлиғи деган қоғоз. Лекин қаерга бормасин камида 5-10 мухлислари пешвоз чиқиб ҳурматини жойига қўяди…

ҲАҚИҚИЙ БАҲО

Бири доим юрт фаровонлиги йўлида ҳақиқатни ёзди. Иккинчиси халқ ёзувчиси бўлиш учун ҳар нарсани ёзди. Учрашувларда негадир халқ ёзувчиси четда қолиб, ҳамма ҳақиқат ёзувчисидан дастхат олиб, суратларга тушарди…

КЕЧ АНГЛАНГАН ҲАҚИҚАТ

У унвону мукофотлар учун ёзилган асарлар билан китобхон меҳрини қозониб бўлмаслигини англаб етганда анча кеч эди…

ТАЪТИРМИКИН?..


У аввалига шунчаки сўраб кўрди, бўлмади. Илтимос қилди, ялинди, ёлворди – натижа йўқ. Катта ижодкорлиги ва кўплаб китоблари чиққанлигини «тепа»ларга ёзди, арз қилди, талашиб тортишди ва ниҳоят унвонли бўлди…
Кейин эса “Менинг камтарона ижодимни юксак баҳолаб эътибор қилганликлари учун миннатдорман. Мен ҳеч ҳам кутмагандим” дея ҳаяжонланиб интервью берди…

МУҲАББАТ

Унинг кўзлари-ю лабларига ярашадиган табассуми, юзларига беркинган иффати, ҳаёси, назокати, руҳиятидаги сокинлиги, тарбиясидаги босиқлиги… барча-барчаси мукаммал гўзал. Менинг наздимда Аллоҳ уни камчилликлардан ҳоли қилиб яратганди. Ўз ҳуснига маҳлиё бўлиб, эътибордан ортиқча ҳаволаниб кетгунига қадар мен унга ошиқ эдим…

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil