Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Бобо РАВШАН. САНЪАТНИНГ АСЛ КУЧИ

Ўрислар юртида ишлаётганимга ярим йилдан ошган эди. Бу ўлканинг совуғи одамнинг жонини оламан дейди. Иссиғида нафас олиб бўлмайди. Лоҳас қиладиган дим ҳаво. Биз тиклаётган иморат аэропорт ичида. Адоғи қуюқ ўрмон, нарги томони терминал. Ён томонларда эса иккита учиш йўлаги бор. Дақиқа сайин самолётлар учиб-қўнади. Бу ерга келган кунларимиз ҳамма учоқни эринмасдан кузатардик. Темирқанотнинг учишидан кўра, қўниши завқлироқ. У аста-секин пастлаб келади-да, тумшуғини кўтариб, думини пастлатганча ерга яқинлашади. Аввал орқа ғилдираклар ерга тегади. Асфалът ва ғилдирак ишқаланишидан кўм-кўк тутун чиқади. Кўп ўтмай олд ғилдирак ҳам ерга тушиб тутайди. Буни кузата туриб беихтиёр “уҳ” дейман. Биламан-ки, бу пайтда самолётдаги йўловчилар қийқириб чапак чалади. Уларнинг кўнглидан ўтаётган туйғуни ифодалаб бўлмайди, фақат ҳис этиш мумкин.

Ўшанда фақат иш, овқат ва уйқудан иборат кунларнинг адоғи кўринмас, зерикиш ва соғинчдан ўсал бўлгандим. Ана шундай бир вақтда митти телефонимда китоб ўқиш мумкин эканини билиб қолдим. Интернет оммалашмаган, митти, тугмачали телефондан бошқаси йўқ бўлган замонда бу мўъжиза эди. Кашф этганим, ziyouz.uz кутубхонасидан ҳикоялар топиб бирин-кетин ўқишни бошладим. Шунда атоқли адиб, ўзбекнинг катта ёзувчиси Собир Ўнарнинг “Бибисора” қиссасига дуч келдим. Аввалига митти экранда ҳажми йирик асарни ўқишдан чўчидим. Аммо қизиқиш устун келди. Ўзимча, бошидан беш-олти қаторга кўз югиртирай, маъқул бўлса, ўқилажак китоблар рўйхатига тиркаб қўяман, деб қиссани ўқий бошладим.

Асар почтачи Қўниш аканинг мактаб ҳовлисида хат, газета-журнал тарқатиши, болаларнинг Москва ёки Ленинград (ҳозирги Санкт-Петрбург)да хизмат қилаётган акаси юборган расмни кўз-кўзлаши тасвири билан бошланади. Мактабимизга почтачи сира келмаган. Армияга борган қариндошларим ҳақида болалик хотираларим ҳам йўқ. Шунга қарамай бу манзара ниҳоятда таниш, қадрдон эди.  Боз устига қисса гуноҳ ёшга етмаган гўдак каби соф, беғубор тилда битилган эди-ки, бир қараб кўрай-чи, деб бошланган мутолаа мени дунёдан буткул узиб қўйди. Фурсат топилди дегунча сувоқ бўлаётган уч қаватли бинонинг аллақайси бурчагида мук тушиб телефонга термуламан. Энди учиб-қўнаётган темирқанотларга ҳам, тез-тез дағдаға қиладиган ишбошининг гапларига ҳам эътибор қилмайман. Жонибековнинг ҳикоясини жон қулоғим билан тинглайман.

Асар аввалида ровий Жаҳонгир Жонибеков акаси Султонга келган мактубни олади. Уни Султоннинг суюклиси Тўлғоной юборган. Ўша куни Жонибековга қишлоқда санғиб юрган чегачи чолга тегишли мактуб ҳам берилади. Негаки, чегачи чол ўша кунларда уларнинг уйидан қўним топган эди. Асар зиддияти ўша хатдан бошланади. Аммо ўқувчи буни ҳали билмайди…

Ёзувчи қаҳрамонлар ҳаётига аралашмаслиги кераклигини ҳамма билади. Аммо буни кам сонли ижодкорлар уддлайди. Собир ака қаҳрамон ҳаётига аралашмайди. Асар воқеасини яхшилик ва ёмонликка, қаҳрамонларини оқ-қорага ажратмайди. Воқеалар ҳаётда қандай содир бўлса шу тарзда ўқувчига кўрсатиб беради. Ижодкор бунга эришиш учун ундоқ қилиш керак, бундоқ қилиш зарур деб илмий терминларни қалаштириб ташлаш осон. Аммо Худо ол қулим демаса бари бекор!

Яқинда “Бибисора”ни қайта мутолаа қилиб кўнглимдан, Собир ака ўзбекнинг Худо ярлақаган ёзувчиси экан деган ўй ўтди. Устоз ёзувчи суҳбатларнинг бирида: “Адабиёт муаммошунослик ёки шаклбозлик эмас, санъат”, дейди. Суҳбатни тўлиқ ўқир экансиз, ёзувчи аввало инсон қалбини санъаткорона ўрганишни истаганини ҳис этасиз. Аммо ҳар бир шахс жамият аъзоси. У ён-атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ қарай олмайди. Шу боис у инсон қалбини ўрганиш орқали жамият аҳволини таҳлил этишга, унинг сабаб ва оқибатларини кўрсатиб беришга уринади. Буни Собир ака “Бибисора”да жуда яхши уддалаган. Ёзувчи маҳорати шундаки, бола тилидан ҳикоя қилинган асарда босқинчи ҳукуматнинг мазлум жамиятни пароканда қилиши очиб ташланади. Бугун бизни қийнаётган кўплаб саволлар, жамият ҳаётидаги иллатлар илдизи қаерда эканини аёвсиз кўрсатиб беради.   

Асар қаҳрамони Султон чавондоз эл орасида номи чиққан ёш, умидли полвон. Аммо унинг оти йўқ(!), шу боис биопункитнинг айғирларини миниб кўпкарига кирган, ном қозонган. Унинг довруғи анча олисдаги қишлоқларгача кетган. Ёш-қари, йигиту қизлар у ҳақида эшитган, кўрган, танийди. Султон каби полвонлар доим халқнинг умиди, йўлчи юлдузи ҳисобланган. Қаҳрамонлар якка туғилмайди. Уларга Худо Алпомишнинг Барчинойи каби фаришта сифат аёлларни тортиқ этади. Тўлғоной худди шундай қаҳрамон. Тўлғоной таксида кетаётган полвонни танишини айтади. Шу-шу икки ёш бир-бирига дил беради. Улар хат ёзишиб юра-юра муродига етади, тўй бўлади. Янги тушган келин оиланинг кенжаси Жаҳонгирга меҳр қўйган. У ҳам янгасига тамоман ўрганиб қолади. У эски хатларни ўқиётган Тўлғонойни кузатаркан туйғуларини шундай ифода этади: “Мен учун бу хатлар жуда сирли, ҳаммасида севги-муҳаббат туйғулари яширин эди. Янгам хатларни овоз чиқариб ўқир экан, мен унинг оппоқ бўйнига, балдоғи каттакон сариқ исирғаси, чиройли энгаги, бурни, лаби, ёноғи, энтикишлари, кийми, антиқа атир бўйлари – бари-барига термулиб тўймас, ҳаяжонланар эдим”.

Бу оддий ҳаяжон эмас, мўйлаби сабза ура бошлаган боланинг аёл тароватини биринчи марта ҳис этиши! Илк севгининг тушунуксиз туйғулари эди. Бу шундай туйғуки, янгасини ҳатто унинг севикли ёри Султондан ҳам қизғонади. Тўлғоной Полвонни эмас, Жаҳонгирни яхши кўришига ишонади. Бола кўнглини ўқий оладиган катта энаси унинг янгаси ёнида узоқ қолишини истамай, дакки беради. Жаҳонгир оғринибгина уйига кетади. Ёзувчи боланинг янгасига бўлган муҳаббатини шундай ишончли ва соф туйғи ила ифода этади-ки, беихтиёр ёшлик хотирангиз, янги келин тушган уйга киргандаги ҳаяжонингиз ёдга тушади. Тоза, нафснинг чиркин ўйлари аралашмаган туйғу соғинчи дилни ўртайди. Шу боис доим қора плаш  кийиб юрадиган кўк кўзли чегачи чолга ўқувчи унчалик эътибор қилмайди. У асарда қуйи даражадаги иштирокчи деб ўйлайди. Негаки, уни Тўлғоной ва, ҳатто, Жонибековнинг ҳеч кимга ёв қараш қилмайдиган бобоси ҳам хушламайди. Боз устига сирли чол мум тишлагандай жим юради. Аммо тун ҳам аста-секин атроф-жовонибни мавҳ этгани каби унинг қора плаши қишлоқ одамлари кўксидаги қуёшга соя ташлаган. Буни воқеалар ривожига қараб Жонибеков қатори ўқувчи ҳам фаҳмлаб бораверади. Ҳа, Жаҳонгир кўз ўнгингизда улғайиб, янгасига бир томчи сувдай ўхшайдиган синглиси Бибисора билан танишади, кўнгил қўяди. Акаси каби у ҳам хат ёзиб, почтадан юборади. Эртаси куни чегачи чол уни йўлда тутиб олиб, ҳали сенми севишадиган, дея дўқ уради. Жаҳонгир биладики, кўк кўзли чол почтадаги хатларни очиб ўқир экан. Ким, нима ҳақида ўйлаётганигача билиб, жимгина кузатиб юрадиган чолнинг асл башараси шу ерда очилади. Энди Жонибеков хат ёзишга, ҳатто, Бибисора ҳақида ўйлашга ҳам қўрқиб қолади. Шипион чол билиб қолса-чи, деган ўй уни доим таъқиб этади. Қора кўланка, чегачи чол илдизи аниқ бўлмаган одам. Унинг асл келиб чиқиши айтилмайди. Фақат унинг Ўшданми Жўшданми келиб қолгани айтилади. Қиёфа тасвири эса қоришиқ. Гоҳ ўрисга, баъзан туркийга тортади. Унинг фақат битта аъмоли аниқ – у қалбларга қўрқув уруғини сочади. Худди Жонибековга севишни(!) таъқиқлагани каби. Шу боис Бибисора яна бир марта қидириб келганида у билан учрашишга чўчийди. Аммо иккиси тасодифан ёлғиз қолади. Шу пайт кўк кўз чол пайдо бўлади. У Жонибековга шапат уради. Бу зарбдан боланинг юзи қизариб, кўкаради. Жаҳонгирнинг алами келиб, дардини ҳеч кимга айта олмай қирга чиқиб ўкириб йиғларкан яқинларидан гина қилади: “Тавба, бўкириб йиғласанг ҳам биров нима бўлди, деб сўрамайди-я”.

Ёзувчи боланинг ўкинчи орқали қишлоқдошларнинг лоқайдлиги, қўрқув, ширин жонни асраш илинжида ор-номусини бой берганини ифода этади. Негаки, келгинди чол уришдан сўнг қишлоқ зиёлиси Соритойни ўроқ билан сўйиб ўлдирган. Аммо ҳеч ким унга қарши бормаган. Тағин Сотиройнинг хотини Гулойни олиб қочган. Шунча вақтдан бери бедарак кетиб, қаригач чегачи қиёфасида яна қишлоқда изғиб юрибди. Кимнинг уйини маъқул кўрса, ўша жойга танда қўяди, истаганича яшайди. Унга биров миқ этмайди. Соритойнинг ўлими қишлоқдошларни қўрқувдан гунг қилган. Қишлоқ аҳли чегачининг плашидай қоп-қора, ўзи каби сирли ва ёвуз кучга сўзсиз бўйинсунади. Ёзувчи бунинг сабабини изоҳламайди. Гап орасида Соритой илмли бўлгани учун ариза ёзиб ўн бир кишини қамоқдан сақлаб қолгани айтилади. Ҳа, Соритой оддий одам эмас, у нажоткор, элдошларга таянч. Илдизи қуриган дарахт қулашга маҳкум. Чегачи илдизга тушган қурт, ўрни келганда унга урилган болта. У ўзи чопган дарахт ўрнига қўрқув экади. Жонибеков яшайдиган қишлоқ аҳли ана шу қўрқув соясида кун кўради. Қўрқув оғир хасталик. Уни фақат узоқ вақт мобайнида муттасил олиб борилган муолажа билан даволаш мумкин. Шу боис чегачи чол ғойиб бўлганига бир неча йил ўтса ҳам Жоҳонгир ўша қўрқув билан яшайди. У чолни ўлган бўлсин деб нияти қилади. Бу тилак аста-секин умидга айланади. Аммо қўрқув чекинмайди. Афсуски, у чолнинг ўлимига ишонч ҳосил қилишга улгурмай мактабга чегачига бир томчи сувдай ўхшайдиган жисмоний тарбия ўқитувчиси келади. Ҳукумат томонидан юборилган янги ўқитувчи Фахриддин Қурбонов мактаб муҳитини ўзгартириб юборувчи янги куч тимсоли эди. У келгач жисмоний тарбия дарси биринчи ўринга чиқади. Ҳатто Жонибековнинг мақоласи туман газетасида эълон қилинганида мактаб директори истеъдодли ўқувчига алоҳида ғамхўрлик қилишни айтар экан, икки-уч марта жисмоний тарбия дарсидан ўзлиштиришини қандай эканига қизиқади. Аммо бирон марта адабиёт фанини эсламайди. Шунинг ўзиёқ Қурбоновнинг қанчалик қудрат соҳиби эканини кўрсатади.

“Бибисора”да қаҳрамон исмлари ҳам маъно касб этади. Масалан, Фахриддин Қурбонов. У дин-диёнатнинг фахри бўлиши керак. Аммо у қурбон қилинган. У бир замонлар мактабда дарс берган, сўнг чегачи чолга айланган қора кўланканинг қурбони. Жадидлар тимсоли бўлган Соритой тоғанинг олиб қочилган хотини Гулой ва чегачининг боласи. Биз жадидларимиз аҳволи не кечганини тарихдан яхши биламиз. Шу боис ёзувчи бунга ортиқча изоҳ бермайди. Шунчаки, уни ўз ҳовлисида келгинди одам ҳеч бир сабабсиз ўроқлаб кетгани айтилади. Бу ўтмишимиз ҳақидаги аччиқ ҳақиқатнинг поэтик ифодаси. Қолаверса, муаллифнинг бундай йўл тутиши асарни маълум давр ва худуд билан боғлаб, мавзу кўламини кичирайтириб қўйишнинг олдини олади. У ҳар қандай замон ва маконга мос тушади. У энди миллий оғриқдан умуминсоний ҳасратга айланади.

Қурбонов ҳукмронликни қўлга олган ёвузлик давомчиси бўлгандай Султон ва Жаҳонгир Соритой тоғанинг издоши. Аммо Султон босқинчи куч томонидан юрагига қўрқув экилган, имкониятлари чекланган қаҳрамон. Буни биз унинг оти йўқ эканидан билиб оламиз. Ёзувчининг маҳорати, оз ва хўп сўз айтиши Султон образида янада яққол кўзга ташланади. Фикримни тушунтириш учун Алпомишни эслатмоқчиман. Ҳакимбекни Бойчибор чоҳдан олиб чиқади. У душман илги билан ўзлигига қайтганида қаҳрамон бўла олмасди. Демак, Бойчибор шунчаки тулпор эмас! У халоскор. Шу боис бизда отнинг йигитнинг қаноти деб айтишган. Султон қаноти йўқ паҳлавон. Унинг довруғ қозонишига эса ҳукумрон кучнинг фермада боқиладиган отлари сабаб. Бу уни ожиз қилиб қўйган. Ночорлик шу даражадаки, Султоннинг катта ўғли чегачи чол каби кўк кўз. Тоза булоққа ит теккан…

Қурбонов эса унинг издоши. Мактабдаги энг сулув қизни кўз остига олади. Наҳс босган кўксини ўша сулув яшайдиган уйдаги тўшакка уриб, маълум вақт шу ерда яшайди. Нафақат маҳалладошлар, балки қизнинг отаси ҳам ижарачи бўлиб турган Қурбоновнинг қилмишини билса-да, миқ этмайди. Сабаб-ки, Соритой тоғанинг қисмати бошига тушиши мумкин. Ўзлик бой берилган жамиятда фақат қўрқоқ, жонидан бошқасини қайғурмайдиган нафс бандалари яшайди. Улар учун орият нечанчидир ўринга тушган бўлади. Жонибековнинг қишлоқдошлари худди шундай кишилар. Тўғри, халқимиз бундай бузуқчиликка жим қараб турмаган. Жонини тикиб бўлса-да, ориятини ҳимоя қилган. Унда Собир акадай халқини яхши биладиган, миллатсевар ёзувчи бундай йўл тутди?!

Боя Алпомишни бежиз эсламадик. Достон мазмунига теран боққанлар Алпомиш, Барчиной, Қалдирғоч, ва Бойчибор бир кишининг турфа қиёфаси эканини яхши билади. Султон билан Тўлғоной, Соритой тоға ва Гулой ҳам худди шундай қаҳрамонлар ҳисобланади. Ёзувчи инсон юрагидан у учун энг азиз ва суюкли бўлган туйғулар суғириб ташланса, унинг қалб булоғи лойқалантирилса, аҳволи не кечажагини шу тарзда ифода этади. Афсуски, бугун аёлининг ҳиёнати учун ижтимоий тармоқларда дийдиё қилаётган оталар, боласини бўғизлашдан тап тортмаётган оналар қалбидан азиз туйғуси суғириб олинган, ит теккан булоқда бўй чўзган авлод ҳосиласидир. Жаҳонгир Жонибеков бола қалби билан бу хатарни аввалдан ҳис этган, юраги оғриган ўзини сақлаб қолган кам сонли зиёли авлод вакили. Бу оғриқ унга куч беради. Жаҳонгир ўлими аниқ бўлгач, ғанимга ташланган ёвқур аскардай Қурбоновга қарши чиқади ва қўли баланд келади. Қурбоновни қишлоқдан қувиб солади. Аммо Бибисора хат ёзиб жисмоний тарбиядан дарс ўтадиган янги ўқитувчи келгани, у доим чегачи чол каби қора плашда юрадиган Фаҳриддин исмли одам эканини айтади. Бу изтироб уни ўзлигини ахтаришга ундайди. У ҳасрат, йўқ, шунчаки ҳасрат эмас, инсон қалби қанчалик изтиробни кўтара олса, ўшандай ўкинч билан ўзига-ўзи мен, биз киммиз деган савол беради.

“Бибисора”ни ўқиб тугатар эканман самолёт ғилдирагидан чиқадиган қора тутун кўксимни куйдирди. Совуқ ўлканинг адоғи кўринмас ўрмонларига кўз тикиб, юртимиз байроғи билан безатилган темирқанотларни санар эканман, юрагимда номсиз оғриқ турди. Бир кечада тизза бўйи қор ёққандай бирдан ўзгардим. Негадир ғамгин ва ўйчан бўлиб қолгандим. Буни бирга ишлайдиган қишлоқдошим ёнига чақириб айтгач билдим. У қўлини елкамга ташлаб, соғлигим, уйдаги аҳволимиз ҳақида сўради. Ҳаммаси жойида эканини айтганимдан сўнг:

– Унда нимага бирдан ўзгариб қолдинг?! – деди. Шу чоғ кўнглимдан ўтган сўз тилимга кўчди:

– Кетаман!

– Шундай шароитни, шунча ойликни ташлаб қаерга борасан?! Келганингга бир йил ҳам бўлгани йўқ-ку!   

Ростан ҳам ишимиз осон, яшаш шароитимиз зўр, маошимиз ҳам ҳавас қилгулик эди. Аниқ сабабини ўзим ҳам тўла тушунмасам-да, ортиқ бу ўлкада қолгим келмасди. Шу тариқа уйга қайтдим. Энди ўйлаб қарасам адабиётнинг кучи шу экан!

Кейинчалик Собир аканинг бошқа асарларини ўқидим ва мухлисига айландим. Ўша вақтлардаёқ устоз ижодкор ҳақида ўйлаганимда кўз олдимга Алпомишдай полвон келбат, танти ва мард одам келарди. Кейинчалик Собир ака билан шахсан танишиб, суҳбатлашиш ҳам насиб этди. Афсуски, устоз ижодкорнинг умри қисқа экан… Собир акани сўнги манзилга кузатиб қайтишда юзимдан совуқ ўлканинг изғирин шамоли чимчилагандай бўлди. Беихтиёр суюкли ёзувчимиз ижоди, шахсияти ҳақида ўйлай кетдим. Шунда Собир ака билан шахсан танишгач, ғойибона танишув ҳосиласи бўлган фикрларим ўзгармаганини, фақат самимият мен ўйлагандан кўра кўпроқ эканини фаҳмладим. Ҳозир буларни мен тил учида бошқа гаплар сингари айтаётгандайман. Аммо ёзувчи ижодига мос ҳолда шахсиятини асраб қолиши… осон эмас! Тағин самолётлар ҳақида ўйладим. Болалигида самолётга қараб ҳайқирган кишилар яхши билади, бир турдаги темирқанотни кўкдан топиб олиш осон кечмайди. Бундай самолётлар жуда баланд учади. Матори кучли бўлгани боис овози баланд эшитилади. Йўқ, аввал маторнинг паст овози диққатингизни тортади. Сиз уни узоқдан ахтарасиз. Овоз кучайганда эса тепангиздаги булутлар орасидан самолётни топишга уринасиз. Аммо у аллақачон сиздан анча олислаб кетган бўлади. Собир ака ҳам худди ўша темирқанотлар сингари парвози баланд ёзувчи эди. У кишининг ижодий меросини ўрганиш, “Бибисора”дай миллий дардни умуминсоний изтиробга айлантира олган ёзувчимизни хориж ўқувчиларига ҳам танитиш адабий майдондаги ҳар бир шахснинг вазифаси деб биламан.

Бобо Равшан – 1985 йил 23 декабрда туғилган. Бир қатор ҳикоя ва публистик мақолалари марказий нашрларда чоп этилган. 2019 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан “Тонг ва шом орасида” номли қисса ва ҳикоялар тўплами чоп этилган.

Ҳозирда “Маънавий ҳаёт” журналида фаолият юритмоқда.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2023 йил, 12-сон.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil