Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Оламга ўт кетса мендан ранжиманг

Озода БЕКМУРОДОВА – 1974 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини
(ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “Дилрабо Оқ шомлар”, “Юрак зарблари” “Мовий
фурсатлар”, “Тонглар водийси” шеърий тўпламлари нашр этилган.

***
Ҳеч қачон сеники бўлмайман,
Ҳеч қачон қўлимдан тутмассан.
Сени деб самони тилмайман,
Мени деб дунёдан ўтмассан.
Фақат юлдузингни қучар юлдузим,
Мен сенинг, сен менинг азизим…


Нурларинг нуримга қўшилиб кетар,
Сирларинг сиримга эшилиб кетар,
Бу ёруғ оламдан шоҳу гадолар,
Бир деган соҳиби дунёлар ўтар…
Фақат юлдузингни қучар юлдузим,
Мен сенинг, сен менинг азизим…


Ёруғ тушлар каби лаҳзалар учар,
Оппоқ қушлар каби ёдимиз кўчар.
Бир куни маҳшарда кўзимни кўрсанг,
Сенинг расминг қолган зор қорачиқлар…
Фақат юлдузингни қучар юлдузим,
Мен сенинг, сен менинг азизим!


Айт ахир бу нечук Карбало дашти?…
Хаёлим яшнатар висолинг гашти.
Ҳатто изларингни қуча олмасман,
Нечун ҳузуринга бунчалар шошдим…
Фақат юлдузингни қучар юлдузим,
Мен сенинг, сен менинг азизим…


Бу хазон дайри ҳам бир ҳикмат асли.
Менда юз очсайди Бобурий наслинг…
Оёқлар остида қолган илинждек
Ўтиб кетганмиди севишмак фасли…
Фақат юлдузингни қучар юлдузим,
Сен менинг Худодан кейин азизим!


* * *
Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга,
Мағрибдан машриққа елавераман…
Парвона боргандек мунис ўлимга,
Бегим, нега сизга келавераман…


Ҳолим паришондур, ихтиёрим йўқ,
Кўксимда шамоллар бир зум тинмайди…
Сиёҳ қуриганми, инмасми найсон,
Наҳот бу ёзуқда гиёҳ унмайди…


Нега бу ишора, нечук имтиёз,
Карбало даштида бу нечук айём.
Бегим юрагимга тўлмоқда қасос,
Ўлсам, устингиздан қилурман даъво.


Мени улфат қилди, Ҳазрати Ҳайём
Беҳудуд жилвалар қилур ёдингиз,
Осмоним ер бўлди, бардошим тўзди,
Қуриди кўзларим оловли денгиз.


Оламга ўт кетса мендан ранжиманг,
Ҳеч бир изоҳим йўқ кўнглимга.
Бегим, дорингизга ўрлайвераман,
Парвона боргандек мунис ўлимга…


* * *
Бўронларда соврилган вақт – Мен.
Ёки вақтга беҳуда бўрон…
Овозингни кутган бекат – Мен,
Кўксим узра,
тинмади сурон…
Уфқ қадар чўзилди йўллар


Зулмат ичра узун бедорлик…
Ҳавасимни умидга улаб
Ташрифинга ичикди зорлик…
Оламга ўт кетса мендан ранжиманг


Қара, йўллар исмингни айтиб,
Кўк тоқига кетар туташиб…
Келгин шамсим порламоқ пайти,
Шодлигимга шодлик улашиб!


Бўронларда соврилган вақт – Мен.
Ёки вақтга беҳуда бўрон…
Овозингни кутган бекат – Мен,
Кўксим узра,
тинмади сурон…


Кезиб юрдим Карбало дашти,
Мендек ҳурни кўрмади Ё Раб!
Мени излаб минг йил адашдинг,
Ва кетдингми ортинга қараб…


Сомон йўлларида маҳзун тарона


Мен ҳеч ким эмасман, на чаман, на шон!
На бир гул, на инсон ва на жанона!
На ойнинг нуриман,
на субҳ, на шом…
Сомон йўлларида маҳзун тарона!
Қушларнинг тилида бўлган афсона,
Мен фақат онаман,
афсона Она!


Мен – шамол мағрибдан машриққа елиб,
Кўкламларин тўсган тақдирнинг сели.
Шошиб дарёларнинг бўйидан келиб,
Саҳролар бағрида ёғдуга тўлиб,
Фақат ўзи билан қолган Ягона,
Мен фақат онаман,
қанотли она!


Яшил ҳисларини юлдузлар ёққан,
Янтоқ гулларида кашталар тиккан,
Тонгларнинг кўксидан умидлар соққан,
Орзу гўдагини парилар боққан,
Тақдир эшигида афсус ва гина,
Мен фақат онаман,
Ҳам ота, она!


Риёзат тоғида бунёдам менман,
Фароғат чоғида барбодам менман,
Менман аждарҳонинг бўғзидан қайтган,
Фарёдини ёлғиз Худога айтган!
Бугун шодмон айтгум, яна маҳзуна,
Илтижо онаман,
мубтало она!


Севги эртагида хаёл эмасман,
Қанотлари яшил савол эмасман.
Қўлларимнинг яқин ҳабиби йўқдур,
Синган қанотимнинг табиби йўқдур.
Мен аёл эмасман, мен фақат ОНА!
Сомон йўлларида маҳзун ТАРОНА!


* * *
Нажот, яна ўзингсан дўстим!
Мен сен билан
Ҳақ сари ўсдим!
Совуқ юракларнинг фаслидан,
Омон чиқди,
Лоларуҳ кўксим…
Сен жудаям
Маъсум ва масрур,
Субҳ азонидек шаффофсан!
Қалбинг балқиб турар кўзингда,
Қалқинаман жудаям софсан!
Йўллар…
Йўллар уларга боқма,
Ойдинликнинг осмонида бўл!
Сен шунчаки вақтларда оқма,
Чексизликнинг жилвасига тўл!
Ҳайратларинг қанотларингни,
Орзуларинг –
Дилбандларингни,
Юксак, юксакларга учиргил,
Оққушларга ёғду ичиргил.
Бевақт, бенур селлар юкидан,
Кўнглим қирғоқлари тошганда,
Бағрим яна ўзингсан дўстим,
Мен сен билан бахтиёр банда…


Йўллар…
Йўллар уларга боқма.
Ойдинликнинг осмонида бўл!
Сен шунчаки нурларда оқма,
Чексизликнинг жилвасига тўл!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil