Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

АЛИШЕР НАВОИЙ ВА ЧИНГИЗ АЙТМАТОВ: ИЛОҲИЙ ВА ИНСОНИЙ МУҲАББАТ ТАЛҚИНИ

Сувон МЕЛИ – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
Филология фанлари доктори. 1951 йилда туғилган. Тошкент давлат университетининг
(ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини тамомлаган. “Абдулла Орипов”, “Сўзу
сўз, “Адабиёт фалсафасига чизгилар”, “Глобал илмий-бадиий талқин поэтикаси” “Тонг,
Тошкент ва Ғафур Ғулом (Ижод поэтикаси)” китоблари чоп этилган.

Жаҳоний шон-шуҳратга бурканган, айни пайтда қадимий туркий этноснинг
чексиз бадиий имкониятларини дунёга кўз-кўз қилган буюк қирғиз адиби Чингиз
Айтматов ижоди ўзбек адабиёти билан узвий боғлиқ. Бежиз эмаски, Ўзбекистон
Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев буюк адибнинг “Танланган асарлари”га
ёзган сўзбошисида: “Чингиз Айтматов ўзбек халқининг, Ўзбекистоннинг улкан
ва ардоқли дўсти эди. Биз бу мутафаккир адибнинг: “Тарихда Византия славян
халқлари ўртасида маданият тарқатишида қандай роль ўйнаган бўлса, ўзбеклар
ҳам Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан шундай роль ўйнаган”, деган юксак
эътирофини миннатдорлик билан эслаймиз”, деб ёзган эди. Юртбошимиз яна шу
ерда адибнинг: “Мен учун ўзбеклар ва қирғизлар бир халқ. Бу – менинг халқим”,
деган сўзини ҳам келтирадики, Чингиз Айтматов шахси ва ижоди Ўзбекистон ва
ўзбек халқи учун нақадар қадрли эканини яна бир бор олий даражада таъкидланди
дейишимиз мумкин.
Ўшлик ўзбек, файласуф ва тарихчи, академик Рустан Раҳмоналиев адибнинг рус
тилидаги етти томлик Асарлар тўпламига “Коинотга тенг ҳаёт” кириш мақоласида
“Туркий дунё Алишер Навоийдан салкам беш юз йил кейин адабиётнинг умумжаҳон
шоҳсупасига Чингиз Айтматовни олиб чиқди”1 деб бежиз ёзмаган эди. Бежиз
бу икки буюк ном ёнма-ён тилга олинмайди. Улар туркий этноснинг пешқадам
вакиллари сифатида ва умуман бадиий-маънавий чўққи ўлароқ талай муштарак
ғоя ва мезонларга эга бўлиши шубҳасиздир. Қатор олимларимизнинг “Асрни
қаритган кун” романидаги машҳур манқурт образининг Навоий асарларидаги илк
кўринишлари, Навоийнинг “Саббаи сайёр” достонида шоҳ Баҳром уюштирган
ов натижасида жониворларни ёппасига қириш саҳнаси билан адибнинг “Қиёмат”
романида шунга монанд ҳолатлар муқоясасига бағишланган мақолалари мавжуд.
Чингиз Айтматов қирғиз эпоси “Манас” анъаналарини рус ва жаҳон адабиёти,
Шарқ мумтоз ва янги адабиёти намуналаридан маънавий улги олиб қад ростлагани
1 Айтматов Ч. Соб. Соч в 7 т т 1, М., 1998, с. 23.
шубҳасиз. У буюк қозоқ адиби Мухтор Авезовни устоз сифатида тан олар, ундан
ижодий сабоқ олганини бот-бот такрорлар эди. Ўз навбатида Мухтор Авезов
эса Марказий Осиё романчилиги асосчиси Абдулла Қодирийни беҳад эъзозлар,
“Ўткан кунлар” романини тап-тақир саҳрода туйқус пайдо бўлган Помир тоғига
менгзашининг ўзиёқ унга Қодирий кўрсатган таъсирнинг гўзал эътирофи
дейишимиз мумкин. Зеро, “Ўткан кунлар” романининг бутун улуғворлигини ичичидан ҳис этиш учун Мухтор Авезовдек улкан қалб соҳиби бўлиш ва бундай
одамнинг шунга яраша маънавий дунёси улкан бўлиши табиийдир.
Чингиз Айтматов ижоди, аввало, унга Яратган ато этган улкан истеъдод,
қолаверса, Марказий Осиё ҳудудида асрлар мобайнида шаклланган адабий жараён
меҳварида кечди. Таъсир ва типология нуқтаи назаридан олиб бориладиган синчков
қиёсий-типологик таҳлил орқали адибнинг қисса ва романларида Абдулла Қодирий
асарлари билан қатор муштарак жиҳатларни англаш ва қиёсий планда тадқиқ
қилиш мумкин. Адибнинг ўзи гувоҳлик берганидек, у устоз Садриддин Айнийнинг
“Эсдаликлар”ини (асар рус тилида “Бухоро” номи билан нашр қилинган) севиб
ўқиган, ундан воқеликни реалистик тасвир қилиш усулларини ўрганган.
Чингиз Айтматов Навоий асарларини ўқиб, таъсирланган ва бу таъсир фалонфалон асарларида юз кўрсатган, дея олмаймиз. Адибнинг ўзи ҳам Навоий ҳақида
бирор сўз айтгани мақола ва суҳбатларида акс этган эмас. Шу туфайли бу икки
муаззам ижодни фақат типологик қиёс йўли билан ўрганиш мумкин. Қиёс
ҳадларини ҳозирча шундай белгиласа бўлади: Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов
асарларида илоҳий ва инсоний муҳаббат, инсон ва табиат: алоқа ва зиддиятлар, руҳ
ва руҳоният борасида икки буюк адибнинг асрлар оша мулоқоти ҳамда уларнинг
Яратганга бўлган муносабати, яъни илоҳиёт (теология) масалалари.
Айтмоқ жоизки, икки адиб асарларини қиёсий ўрганиш энди-энди
бошланмоқда. Бу борадаги дастлабки иш сифатида Саидакбар Мақсумхоновнинг
“Бадиий тафаккур муштараклиги (Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов асарлари
мисолида)” мақоласини кўрсатиш мумкин. Мақола илмий пишиқ, муштарак
жиҳатлар яхши топилган ҳамда зукколик билан таҳлил қилинган. Мақола бежиз
“Икки буюк ижодкорга хос бадиий муштараклигини ҳам қайд этиш жоиз ва бу
масала чуқурроқ илмий изланишларни талаб қилади”2, дея тугалланмайди. Зеро,
бу масала кенг маънода ўзбек-қирғиз адабий алоқалари ва хусусан, икки туркий
даҳо асарларидаги аввал очилмаган қирраларни кашф этишга имкон яратади.
Икки бадиий ҳодисани солиштириш ҳамда самарали илмий натижага эришмоқ
учун аввало улардаги муштарак жиҳатларни аниқлаб олиш зарур бўлади. Буни
қиёснинг умумий маҳражи дейиш мумкин. Зотан, Алишер Навоий ва Чингиз
Айтматов ижодий шахсияти ўртасидаги муштарак белги қуйидагича. Бунинг учун
юқорида келтирганимиз академик Рустан Раҳмоналиевнинг “Туркий дунё Алишер
Навоийдан салкам беш юз йил кейин адабиётнинг умумжаҳон шоҳсупасига Чингиз
Айтматовни олиб чиқди” деган фикрини такрорлаган ҳолда шундай тўхтамга
келамиз.
Туркий эпоснинг икки бадиий чўққиси:
ХV асрда – Алишер Навоий
ХХ асрда – Чингиз Айтматов
Ушбу буюк сиймоларимиз бақамти қўйилишининг ўзиёқ ҳар икки ҳодисада
умумий жиҳатлар муқаррарлигини тайин этади. Бадиий чўққилик, юксак бадиий
2 Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон. Тўплам. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа ижодий уйи,
2018 йил 380-бет.
мукаммаллик туфайли улар томонидан кўтарилган ғоялар, тараннум этилган
маънавий қадриятларни самарали чоғиштириш имконияти вужудга келади. Нозик
бир нуқтада тафовут ҳам бор. Бу тафовут ҳар бир ижодкор мансуб бўлган тарихиймаданий шарт-шароит билан боғлиқ, албатта.
Гап шундаки, Алишер Навоий ўзигача бўлган даврда ҳукмрон бадиий тил – форс
тили гегемонлигига барҳам бериб, деярли барча асарлари, хусусан буюк “Хамса”ни
она туркийда ёзди ва бу тил етакчилигини таъмин этди. Унинг даҳолиги ва улуғ
ватанпарварлиги ҳам шунда эди.
Чингиз Айтматов дастлабки ҳикоя ва қиссаларини она туркий – қирғиз тилида
ёзгани ҳолда, сўнг деярли барча асарларини собиқ иттифоқда ҳукмрон ва жаҳонда
нуфузли бадиий тил бўлган рус тилида ёзди ва кўп жиҳатдан шу тил туфайли
жаҳонга машҳур бўлди. Бу юқорида айтилгандек, тарихий-маданий вазият ва
шароит тақозоси эдики, у Чингиз Айтматовнинг оламшумул бадиий даҳосига
соя сола олмайди. Рус тилида ёзгани билан Чингиз Айтматов барибир туркий
этноснинг буюк вакили ҳамда туркий бадиий тафаккурнинг ХХ асрдаги тантанаси
бўлиб қолаверади.
Ишимизнинг ушбу қисмида ғоя, концепция ҳатто этик-эстетик категория
бўлмиш севги-муҳаббат нуқтаи назаридан ҳар икки адиб ижодига, уларнинг муайян
асарларида тасвир этилган ва асар ғоясини ташкил этувчи ушбу категориянинг
бадиий талқинларига эътибор қаратмоқчимиз. Тадқиқот қиёсий-типологик усулда
олиб борилади. Бунда ҳар икки ижодкор асарларида юз кўрсатадиган илоҳий ва
инсоний севги-муҳаббатга алоҳида эътибор қаратилади.
Жаҳон фольклори ва жаҳон адабиётида севги-муҳаббат тасвирланмаган буюк
бадиий обида камдан-кам топилади. Эҳтимол, у энг олий қадрият, қадриятлар
қадриятидир, балки. Ҳазрат Навоий бежиз, “Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун,
Икки жаҳон демаки жон бўлмасун”, деб ёзмаган.
Бу севги-муҳаббатга руҳоний юксакликдан туриб берилган баҳо ва илоҳиётга
эш тавсиф. Шундай юксак маънавий нуқтадан қаралгандагина севги-муҳаббат
каби феноменга тўғри баҳо бериш ва уни чуқур англаш мумкин бўлади.
Иш сарлавҳасида қўйилган Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов ижодида
инсоний ва илоҳий севги муқоясасига ўтишдан олдин ҳазрат Навоийнинг ишқ
таълимоти ҳақида бироз сўзласак. Маълумки, ҳар бир буюк ижодкор ўзининг
асарлари моҳиятидан чиқиб келадиган ғоялар дунёсини яратади. Одатда ғоя “Инсон
тафаккурида вужудга келадиган, муайян тарзда намоён бўладиган, ижтимоий
ҳарактерга эга бўлган, руҳиятга кучли таъсир ўтказиб, жамият ва одамларни
ҳаракатга чорлайдиган, мақсад-муддао сари етаклайдиган кучли, теран фикр”3
ҳисобланади. Одатда ҳар қандай таълимот муайян, изчил фикр ва ғоялар тизимидан
иборат бўлади.
Алишер Навоий ишқ ҳақида олға сурган ғоялари мажмуи яхлит ҳолда улуғ
шоирнинг ишқ таълимотини ҳосил қилади. Бу ғоя катта ва чексиз мавзу бўлиб, уни
тўлиқ тадқиқ қилиш учун ул зотнинг барча – фард, рубоий, қитъа ва ғазаллари, олти
улкан достони, фалсафий-дидактик ва ирфоний асарларигача ҳамма битикларини
ишқ-муҳаббат нуқтаи назаридан батафсил ўрганиб чиқишни тақозо этадики, кичик
бир майдонда бу улкан ишни амалга ошириш имконсиз. Шунинг учун тадқиқ ва
муқояса учун ҳазрат Навоийнинг “савдойи ишқ” достони “Лайли ва Мажнун”ни
таҳлил марказига оламиз ва кейинчалик уни Чингиз Айтматовнинг “Жаҳонда энг
гўзал севги қиссаси” (Л.Арагон) бўлмиш “Жамила” билан инсоний ва илоҳий севги
нуқтаи назаридан қиёслаймиз.
3 Назаров Қиём, Жаҳон фалсафаси қомуси, икки жилдлик, 2-жилд, Т. “Маънавият”, 2023, 685-бет.
Шарқ мумтоз адабиётининг улкан билимдони Е.Э.Бертельс “Лайли ва Мажнун”
номли мақоласида уч “Лайли ва Мажнун” (Низомий, Амир Хусрав ва Навоий)
достонларини қиёслаб, улардаги муштарак ва фарқли жиҳатларни йирик олимга
хос билимдонлик билан бирма-бир батафсил кўрсатиб берган.
Бир ўринда Амир Хусрав ҳақида сўзлаб, биз учун кутилмаган шундай хулосага
келади: “Амир Хусрав Низомий фикрининг фалсафий теранлигини англай олмади”4.
Олим яна шу мақолада Низомий ва Навоийнинг шу номдаги достонларини қиёслар
экан, баҳсли, илмий хато хулосага келади. Олим ёзади: “Лекин барибир бошқа
бир нарса босиб тушади, бу ишқ ўсиб бориб шундай эҳтиросга айланиш истаги –
ошиқнинг маъшуқа вужудида йўқолиши, яъни тасаввуфнинг ишқ концепцияси
ғояси. Навоий бу концепциядан онгли равишда воз кечади, унга самовий ишқ эмас,
балки оддий инсоний ҳиссиёт керак”. Охирги гапни аслиятда келтирамиз: “Навои
от этой концепции отказываетcя вполне сознателно, ибо ему нужна не неземная
любовь, а обычное человеческое чувство”5.
Улуғ достоннинг бош ғояси ҳақидаги бундай фикр ашаддий моддиюнчи шўро
мафкурасига ёқиши турган гап, лекин Бертельс каби йирик олим бундай ноилмий
хулосага келмаслиги керак эди, албатта. 1940 йилда чоп этилган мақоладаги
юқоридаги гапни ўқигач, ўзбек навоийшунослари томонидан айтилган қуйидаги
фикрга ҳайрон қолмаймиз: “Лайли ва Мажнун”даги икки никоҳ эпизоди
асарда алоҳида ўрин тутадиган парчалардан биридир. Шоир бу эпизод орқали
достоннинг дунёвий мазмунини янада ишонарли қилиб ифодалашга эришган.
Навоий достонидаги бу эпизоднинг катта аҳамияти шундан иборатки, асарнинг
бош қаҳрамони Мажнуннинг ишқи “ишқи илоҳий” бўлмай, балки реал инсонга
қаратилган, ҳаётий, ердаги муҳаббат эканлигини (таъкид бизники – С.М) ёрқин
кўрсатиб туради. Шу билан бирга, Мажнун тўй кечаси гўшангадан кетиб, Лайли
билан учрашгач, у билан реал, инсоний муносабатда бўлади, улар тонгдагина
ажралиб кетишади”6.
Сал аввал келтирганимиз Е.Э.Бертельс хулосаси ҳамда бу ердаги Мажнуннинг
ишқи “ишқи илоҳий” эмас, деган фикр асар матнида рад этилади, ҳар икки ўринда
ҳам улар жисмоний васлга киришмайдилар, муаллиф буни махсус таъкидлайдики,
биз буни қуйида кўриб ўтамиз. Ҳозирча, икки никоҳ ҳақида маълумот берайлик.
Мажнуннинг Навфал қизига, Лайлининг Ибн Саломга никоҳланиши бир кечада
содир бўлади. Эътиборлиси шундаки, ҳар икки никоҳ кўзланган мақсадга
эришмайди. Бирида Навфал қизининг севгани борлиги ҳақидаги гапидан кейин
Мажнун гўшангани тарк этади. Иккинчисида, ҳаддан ортиқ май ичган куёв Ибн
Салом никоҳ тўшагида вафот этади. Шунда аввал кўзда тутилмаган, лекин тақдир
раво кўрган бошқа икки висол, учрашув содир бўлади. Навфал қизи севган йигити
билан учрашса, Ибн Саломдан озод бўлган Лайли саҳрода тасодифан (яна тақдир!)
Мажнун билан топишиб, висол тунини ўтказадилар. Лекин бу шўро даври олимлари
даъво қилган реал, жисмоний висол эмас.
Достондаги ушбу ўринларга мурожаат қилайлик.
Мажнун ўзига никоҳланган Навфал қизини тарк этгач, ошиқ йигит маъшуқаси
билан топишади:
4 Радоначальник узбекской литературы. Сборник статей об Алишере Навои. Издательсово Узбекистанского филиала АНСССР, Т. 1940, с. 39.
5 Радоначальник узбекской литературы. Сборник статей об Алишере Навои. Издательсово Узбекистанского филиала АНСССР, Т. 1940, с. 47.
6 Ўзбек адабиёти тарихи. Беш томлик, 2-том, Т., “Фан”, 1978, 277–278-бетлар.
Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов: илоҳий ва инсоний муҳаббат талқини
Бир-бирига меҳр этиб падидор
Бўлдилар иковла масти дийдор.
Жуз нафс муродиким йўқ эрди,
Ўзга бори ком даст берди7.
Яъни: бир-бирларига муҳаббат изҳор этишиб, бир-бирларининг дийдорларидан
маст бўлдилар. Шу кеча ҳар икков ошиқ учун нафс муроди бўлмаса ҳам (таъкид
бизники – С.М) бошқа ҳамма нарса муяссар бўлди. Навоий ёзганидек, бу йигит
Мажнуннинг ишқ маслаги (“тарийқи ишқ”)дан таълим олди, яъни ишқда юксалди.
Ошиқ-маъшуқлар дийдордан маст бўлмоқдалар, холос, бу ўринда нафс муроди
йўқ, ҳазрат Навоий бу гапни махсус таъкидламоқда.
Иккинчи ҳолат, гўшангани тарк этган Мажнуннинг Ибн Салом ўлими туфайли
озод бўлган Лайли билан учрашуви, бу юқоридаги кўчирмада реал инсоний
муносабат, ердаги муҳаббат, яъни жисмоний висол, дея баҳоланганди. Яна шу
ўринда Навоий матнига мурожаат қиламиз.
Аввало айтмоқ жоизки, саҳродаги бу учрашув, яъни пок ишқ-муҳаббат тасвири
жаҳон адабиётида ягона деса, муболаға эмас. Бу севги ва висол шу қадар соф
ва улуғворки, у буюк шоир томонидан коинот юксаклигидан туриб тараннум
қилинади. Илоҳий маснадга кўтарилади. Икки ошиқ вужуд бир-бирларида фоний
бўладилар, бир-бирига сингиб кетадилар, гўё. Улар вужуд билан эмас руҳан висолга
эришадилар.
Мажнун соғиниб ўзини Лайли,
Айлар эди нозу ишва майли.
Лайли ўзини соғинди Мажнун,
Шукр эттики, ёри эрди мадрун.
Ул бу бўлдию лек бу ул
Топмади арода иккилик йўл8.
Яъни: Мажнун ўзини Лайли фаҳмлаб, нозу ишвалар қилар эди, Лайли ҳам ўзини
Мажнун ҳисоблаб, ёрга яқин бўлганлигига шукрлар қилар эди. Мажнун Лайли
бўлиб, Лайли Мажнун бўлди-ю, ораларида иккиликка ҳеч йўл қолмади.
Бу шундай ўта нозик ва бир пайтнинг ўзида, юксак ҳолатки, уни тушуниш ва
шарҳлашда моддиятга ботган онг, ҳамма нарсани жинсий майлга элтиб боғлаган
фрейдизм каби ботил таълимотлар тамом ожизлик қилади. Пок ишқни тушуниш
учун ёлғиз ақлнинг ўзи етмайди, пок ва нозик қалб, улуғ руҳоният зарурдир.
Шундан сўнг ҳазрат Навоий Лайли ва Мажнуннинг пок висол онларини шундай
аниқ тавсифлайди. Кейинчалик қилинажак ноҳақ даъволарни гўё олдиндан билгани
каби:
Ҳар ишки ўтуб ҳалокликдин,
Айру эмас эрди покликдин.
Ишқ аҳли бу навъ бўлсалар пок,
Гар васл муаббад ўлса небок?
7 Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти,
1990. 189-бет. (Насрий баёни билан).
8 Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти,
1990. 197-бет.
88 Шарқ юлдузи
Яъни: Улар кўп ҳолатли ишларни бошларидан ўтказган бўлсалар ҳам, покликдан
ажрим эмасдилар. Ишқ аҳли булардек пок бўларкан, уларга абадий васл муяссар
бўлса, не ажаб?
Бу ердаги “васл муаббад”, абадий васл суфийлар, қолаверса, бутун инсониятнинг
улуғ вакиллари орзу қиладиган идеал, сўнгги аъмол – Аллоҳ васлига етишни
англатади, шубҳасиз.
Айни шу байтлардан кейин буюк мутасаввиф шоир ўзининг сўнгги, узил-кесил
ҳукмини чиқаради, яъни нафс мақсадида ошиқ бўлганлар учун ошиқлик ҳаромдир,
дейди:
Ошиқки муроди ком бўлғай,
Ошиқлик анга ҳаром бўлғай9.
Демак, агар биз Е.Э.Бертельс ва унинг издошларига қўшилиб, “Лайли ва
Мажнун” достонида самовий ишқ, “ишқи ҳақиқий” эмас, “оддий инсоний
ҳиссиёт” ёки “ҳаётий, ердаги муҳаббат” тасвирланган, дейдиган бўлсак буюк
шоир ижоди қалбини, тасаввуфни ва ҳазрат Навоий асарларининг бош пафосини
тўғри тушунмаган бўламиз. Агар ўша тунда Лайли ва Мажнун аёл ва эркак тарзида
қовушди, дейдиган бўлсак, бу билан достон ғоясини мутлақо тушунмаган, илоҳий
ишқ моҳиятини англамаган бўлиб чиқамиз. Шунда бу ишқ ишқнинг энг қуйи, авом
ишқи даражасига тушиб қолган бўлар эди, албатта.
Шу ерда мазҳар (кўплиги мазоҳир) масаласи ўртага тушади. Маълумки,
“Лайли ва Мажнун” достонининг муқаддима бобида “Эй…” ундалмаси билан
бошланадиган 18 байт мавжуд. Достон “Эй яхши отинг билан сароғоз” мисраси
билан бошланади. Ушбу “Эй…”лар Яратганга қаратилган бўлиб, уларнинг салкам
тенг ярми ишққа бағишланган. Яъни Ўзига қаратилган ишққа. Ана шу ерда юзада
инсоний, моҳиятан эса илоҳий бўлган ишқнинг табиати очилади. Кимни сен парига
Мажнун қилган бўлсанг, кўзёшларини жигарранг қилиб оқиздинг, дейди шоир.
Сўнг ёзади:
Эй ҳар сориқи қилиб тажалли,
Ул маҳзар ўлуб жаҳонда Лайли10.
Яъни: Сен қаерда жилва қилган бўлсанг, ўша жилва жаҳонда одамларга Лайли
тимсолида кўринади.
Ушбу байтдаги “тажалли” кўриниш, жилваланиш бўлиб, инсонни инсонга
пок назар билан кўнгил қўйиши муайян бир вужуд тимсолида Аллоҳ нурининг
жилваланишидир.
Нега ишқи мажозий? Саволга жавоб беришдан олдин “мажоз” сўзининг
маъноларига эътибор қаратайлик. Маълумки, ўзининг туб маъносида ишлатилмай,
бирор муносабат орқали бошқа, кўчма маънода ишлатилган сўз мажоздир. Сўзнинг
“ҳақиқий эмас” деган иккинчи маъноси ҳам бор. Демак, тасаввуфда, илоҳиётда ҳам
ҳақиқий, чинакам ишқ битта – Ўзига бўлган ишқ, яъни ишқи ҳақиқий. Шунинг
9 Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти,
1990. 198-бет.
10 Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун. Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти,
1990. 7-бет.
Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов: илоҳий ва инсоний муҳаббат талқини
учун ҳам, луғатда ёзилганидек, “Мажозий ишқ, ишқи мажозий – ҳақиқий бўлмаган,
зоҳирий ишқ, инсоний ишқ”11.
Маълумки, халқ орасида бу ёруғ дунёни ёлғон дунё, одам вафотидан кейин
кетадиган дунёни чин дунё, деб аташ кенг тарқалган. Демак, ёлғон дунёдаги севги,
инсоннинг инсонга муҳаббати чин эмас, ҳақиқий эмас, бори-йўғи мажоздан иборат.
Ҳақиқий, ҳақиқат сўзларининг ўзагида Ҳақ каломи қоим турибдики, бу улар
ифодалайдиган маъно алалоқибат Ўзига бориб тақалади, деганидир.
Ислом тарихида ўз хизматлари билан чуқур из қолдирган алломалардан бири
Абдураҳмон Жавзий (1116–1200) шундай ёзади: “Инсонда илоҳий ишқ қачон
пайдо бўлади? Аллоҳ таолони ҳақиқий таниб, унинг амрларига жиддият билан
амал қилганида. Қудсий ҳадисда марҳамат қилинади: “Бандам менга ибодатлари
билан яқинлашади, шунчалик яқинлашадики, мен уни севиб қоламан. Ва унинг
эшитадиган қулоғи, кўрадиган кўзига айланаман…” (Бухорий)12.
Яратган билан ўзни буткул унутиш даражасидаги яқинлик, Тангри таоло
билан ваҳдоният ишқнинг олий рутбаси бўлиб, ҳазрат Навоийнинг “Маҳбуб
ул-қулуб” асарида машҳур ишқ таснифининг учинчи, сиддиқлар ишқига мос
келади. Таърифи бундай: “Учинчи қисм. Сиддиқлар ишқидурким, улар Ҳақнинг
тажаллиёти жамолиға мазоҳир воситасидин айру (таъкид бизники – С.М) вола ва
мағлубдурлар… Шуҳудлари истиғроққа етган ва ул истиғроқдин истиҳлоқ мақомин
ҳосил этган… Васл бодасидин ўзга руҳларига ком йўқ ва Ҳақ мушоҳадисидин ўзга
кўнгулларига ором йўқ… Ва бу тоифани восиллар дебдурлар, ишқдин васл мақсуди
ҳосиллар”13.
Аввало, сиддиқлар кимлар? Улар тасаввуфда сўзлари ва ишлари, билиму
аҳволи, равишу ниятлари, табиати ва ахлоқи тўғри бўлган кишилар бўлиб, улар
валоят (валийлик)нинг аъло (юқори) ва набувватнинг адно (қуйи) даражасида
турадилар. “Маҳбуб ул-қулуб”дан олинган кўчирмага келсак, ундаги уч ҳолатни
қайд этмоқ лозим. Биринчидан, сиддиқлар Ҳақ жамолига ошиқ бўлар эканлар,
уларга мазоҳир, мазҳар, оралиқ воситага ҳожат йўқ, уларнинг ишқи бевосита Ҳаққа
йўналган бўлади. Иккинчидан, уларнинг мушоҳадалари истиғроқ, яъни ўзини
билмас даражада фикру ҳайратга чўмиш, ғарқ бўлиш мақомларини босиб ўтиб,
истиҳлоқ, ҳалок бўлиш, йўқ бўлиш, яъни фано мақомини ҳосил қилган, яъни Ҳақ
тажаллиётида фано, йўқ бўлиб, бақога эришган. Учинчидан, улар восиллар, Аллоҳ
васлига эришган, Ҳақ билан қовушган зотлар бўлиб, уларнинг васли олий, илоҳий
васлдир.
Ҳазрат Навоий таснифидаги биринчи ва иккинчи тоифа ишқ – авом ишқи ва хавосс
ишқидир. “Авом ишқидурким, авом ун-нос орасида бу машҳур ва шоеъдурким,
дерлар: “Фалон фалонға ошиқ бўлибтур”. Ва бу навъ киши ҳар навъ кишиға бўлса
бўлур, шағаб ва изтиробларича лаззати жисмоний ва шаҳвати нафсоний эмиш ва бу
қисмнинг бийикрак мартабаси шаръий никоҳдурким, бари халойиққа суннатдур ва
мубоҳ. Ва пастроқ мартабасида паришонлиқ ва мушаввашлиқлар ва бесомонлиқ ва
нохушлиқлареки, зикри тарки адабдур ва баёни беҳижоблиққа сабаб”14.
11 Навоий асарлари луғати, Тўлдирилган ва тузатилган 2-нашри, Т., Академнашр, 2023, 292-бет.
12 Ибн Жавзий, Абул Фараж Абдураҳмон, Бир олимнинг кундалиги, Т., “TAVFIQNASHR”, 2023,
102-бет.
13 Алишер Навоий, ТАТ, 10 жилдлик, 9-жилд, Т. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий
уйи, 2011, 500-бет.
14 Алишер Навоий, ТАТ, 10 жилдлик, 9-жилд, Т. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий
Хавосс (хослар, улуғ зотлар) ишқи тавсифи бундай:
“Хавосс ишқидурким, хавосс ул ишққа мансубдурлар. Ул пок кўзни пок назар
била пок юзга солмоқдур ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғалмоқ ва бу пок
мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий (таъкид бизники – С.М) пок
жамолидин баҳра олмоқ”15.
Бу ердаги таянч сўз “пок” бўлиб, у етти, “покбоз” билан саккиз марта
такрорланадики, бу сўз ва сифат хавосс ишқининг бош белгиси эканини таъкид
этади.
Биз юқорида ҳазрат Навоийнинг уч ишқ таснифига батафсил тўхталишимизга
сабаб, бу таснифнинг ишқи мажозий (инсоний ишқ) ва ишқи ҳақиқийга
муносабатини аниқлашдир. Яъни “Маҳбуб ул-қулуб”да таърифланган уч қисм
ишқдан қайбири ишқи мажозийга, қайбири ишқи ҳақиқийга киради. Чунки
тасаввуф илми ва амалида асосан шу икки ишқ ҳақида гапирилади. Унда авом ишқи
уларнинг қайсисига киради? Сиртдан қаралганда уни мажозий ишққа киритишимиз
мумкиндай. Лекин шу ерда тасаввуфшунос олим Нажмиддин Комилов фикрларига
қулоқ тутайлик:
“Аммо тасаввуф ҳирсий (эротик) ишқни батамом рад этади. Буни шундан
ҳам билиш мумкинки, шайхларнинг кўпи уйланган, бола-чақали бўлишларига
қарамай, бирон ерда оилавий муҳаббат ҳақида фикр-мулоҳазани учратмаймиз.
Кўп шайхларнинг хотинлари солиҳа ва содиқа аёллар бўлган, бир нечтаси ўзлари
ориф шайх сифатида ном қозонганлар. Лекин шунда ҳам эр-хотинлик муҳаббати
зикр этилмайди. Эр-хотинлик, оила ҳаётнинг зарурий нарсаси деб қаралган, бироқ
юксак илоҳий муҳаббат ҳақида сўз борганда, хотин, фарзанд, қариндош-уруғ, дўсту
ошнолар меҳри арзимас бўлиб туюлган”16.
Бунинг устига ҳазрат Навоий хавосс ишқи ҳақида гапирганда, унинг вакиллари
сирасига улуғ сўфий шоир, пиру муршид Абдураҳмон Жомийни ҳам киритадики,
биз ул зотнинг уйланганлиги, қатор фарзандлари борлигини биламиз. Демак, бундан
чиқадики, авом ишқида кўрсатилган лаззати жисмоний ва шаҳвати нафсоний ва
буларнинг “бийикрак мартабаси шаръий никоҳ” хавосс ишқига монелик қилолмас
экан. Унда савол туғилади хавосс ишқи мажозий, инсоний ишққа кирадими ёки
ишқи ҳақиқийга? Агар у мажозий, инсоний ишққа кирадиган бўлса, Жомий каби
улуғ зотларнинг ишқ мартабаси жўнлашиб қолмайдими? Агар хавосс ишқи ишқи
илоҳийга кирса сиддиқлар ишқи учун янада юксакроқ мартаба, ном топишга тўғри
келмайдими? Янги ном топишга ҳожат йўқ ва ҳеч ким, ўша пайт ҳам, ҳозир ҳам,
бу ҳақда ўйлаб кўрмаган. Гап шундаки, инсоний ва илоҳий муҳаббат орасида
Хитой девори йўқ. Ҳар қандай ҳолатда ҳам севгувчи (инсон), севилгувчи (Аллоҳ)
бор, иккинчи тарафдан, (бу бирламчи, албатта) севгувчи (Аллоҳ), севилгувчи
(инсон) бор. Шундай экан, кўзланган, ошиқланган манзил ягона – Аллоҳ. Инсоний
муҳаббат алал-оқибат Яратганга мазҳар орқали боғланса, Илоҳий муҳаббат
Яратган билан бевосита, тўғридан тўғри, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда,
“мазоҳир воситасидан айру” мақомида боғланади. Яна тасаввуфшунос Нажмиддин
Комиловга мурожаат қиламиз. Олим ҳужжатул ислом, имом Ғаззолийнинг ишқ
ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини келтириб, жумладан, шундай ёзади: “…Улуғ олим
уйи, 2011, 498-бет.
15 Алишер Навоий, ТАТ, 10 жилдлик, 9-жилд, Т. Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий
уйи, 2011, 498-бет.
16 Комилов Н. Тасаввуф ёки комил инсон ахлоқи, К.1, Т. Ёзувчи, 1996, 97-бет.
Сувон МЕЛИ
№ 7 2024 91
Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов: илоҳий ва инсоний муҳаббат талқини
инсоннинг инсонга муҳаббати, илоҳий муҳаббат билан заминий, ҳаётий муҳаббат
орасидаги муносабат ҳамда орифлар, дарвешлар муҳаббати ҳақида муҳим
фикрларни баён этади. Ғаззолий талқинига кўра илоҳий муҳаббат билан инсоний
муҳаббат орасида зиддият йўқ (таъкид бизники – С.М). Аксинча, илоҳий муҳаббат
инсоний муҳаббатнинг ривожланиб, камол топган кўриниши. Ҳамма гап қандай
инсонларни севишда”17 ва биз қўшиб қўйган бўлардик – қандай севишда!
Алишер Навоий дардни ишқнинг бош белгиси сифатида қараб, ишқ ва дардни
бадиий асарда мавжуд бўлмоғи мутлақо зарур унсур, ҳол ва кайфият деб қарайди.
“Ўзбек адабиёти тарихи” китобида қайд этилганидек, “Муҳаббатга ҳаётбахш бир
муҳим проблема, инсонийликнинг биринчи зарур хусусияти сифатида қараган
Навоий салафларининг шу типдаги достонларида ишқ мавзуи биринчи планда
тасвирланмаганини кўради. Шунинг учун ҳам у биринчи навбатда Низомий ва
Хусрав Деҳлавий асарларининг шу томони ҳақида ёзади”18.
Бу бироз юмшатиб айтилган гап. Навоий масалани жуда кескин қўяди, “Сабъаи
сайёр” достонини ёзишга киришар экан, ўз салафлари Низомий ва Амир Хусрав
шоҳ Баҳромга бағишланган достонларига, жумладан, шундай баҳо беради:
Бири буким, йўқ унда мояи дард,
Қилдилар ишқ сўзидан ани фард19.
Яъни: Бири буким уларда (икки салаф достонларида) мояи дард (дарднинг асл
моддаси) йўқ, улар асарларини ишқ ўртанишларидан айирдилар.
Ушбу жуда муҳим байтни рус таржимони (С.Липкин) шундай ўгиради:
Вот первая в поэме нет любви,
Её не озаряет свет любви20.
Русча матнни келтиришимизга сабаб, таржимада буюк шоир фикри янада
аниқроқ, очиқроқ берилган, ҳамда инкор тарзида айтилган ҳазрат Навоий фикри
адабиёт назарияси учун ғоят муҳим бўлган бир қоидани юксак мартабада асослайди.
Яъни, бадиий асарда ҳар қандай ҳолатда олий (оддий эмас) муҳаббатдан туғиладиган
дард ва изтироб бўлмоғи, ифода ва тасвир самимий севги тафти билан иситилмоғи
зарурдир. Такрор айтамиз, бадиий асар, ҳазрат Навоий наздида, буюк эҳтирос,
чинакам дард меваси бўлмоғи даркор. Низомий ва Амир Хусрав достонларида ишқмуҳаббат тасвири йўқ эмас, бор, лекин уларда, аввал айтилганидек, дарднинг мояси
йўқ, ишқнинг ўртанишлари, қалбу жонни ларзага соладиган ҳароратли тасвирлар
етарли эмас, деганидир. Бу энди буюк Навоийнинг хамсачиликка қўшган янгилиги,
эпик тасвирга драматик, ҳатто трагик унсурларни киритиши билан изоҳланадиган
бадиий тасвир-ифодада қилган кашфиётидир.
Е.Э.Бертельс “Навоий дунёқараши масаласига доир” номли мақоласида ёзади:
“Аввало қайд этмоқ жоизки, Навоий асарларининг аксарият – бадиий асарлар.
Навоий Фаробий ёки Ибн Сино каби, яъни асосий фалсафий қарашлари баён
қилинган асар қолдирмаган. Шундай экан, Навоий тадқиқотчиси унинг фикрларини
бадиий образ қобиғидан озод қилиши, бу образнинг маъно мағзини чақмоғи керак
17 Шу ерда, 52-бет.
18 Ўзбек адабиёти тарихи, беш томлик, 2-том, 284-бет.
19 Алишер Навоий, Сабъаи сайёр, Т., Ғафур Ғулом номидаги нашриёт бирлашмаси, 1991, 50-бет.
20 Навои А. Семь планет. Поэма, М. ГКХЛ, 1954, c. 41.
бўлади”. Охирги гапни аслиятда келтирамиз: “Таким образом, исследователю
Навои приходится высвобождать мысль Навои из оболочки художественного
образа, расшифровывать этот образ”21.
Бу сиртдан қараганда тўғридек. Зеро, ҳазрат Навоий ўз фалсафий қарашлари
ҳақида махсус асар ёзиб қолдирмаган. Лекин ул зот кўплаб ҳамд ва наът ғазалларида,
форсий қасидаларида, “Маҳбуб ул-қулуб”да, олти маснавий достонда, умр сўнггида
ёзган “Муножот” асарида ўзининг фалсафий ва илоҳиётга оид қарашларини изчил
баён қилганки, Бертельснинг фикри тўлиғича ва моҳиятан тўғри эмас. “Хамса”даги
достонлар ва “Лисон ут-тайр” кириш ва хотима бобларида талай илмий ва ирфоний
масалалар тадқиқ (айнан, тадқиқ) қилинганки, шуларга таяниб, ҳазрат Навоий
асарлари, “Хамса”ни ташкил этувчи достонлар ва “Лисон ут-тайр”ни тўлиғича
бадиий асар эмас, бадиий – фалсафий асар, дейишга журъат этамиз.
Мазкур фикрнинг жузъий исботи учун “Лайли ва Мажнун” достон хотимасидаги
“Ишқ таърифидаким…” деб номланган ХХХVI бобга назар ташлаш кифоя. 76 байт,
152 мисрадан ташкил топган ушбу бобни бир пайтнинг ўзида ҳам ишқ борасида
оташин мадҳ, ҳам унинг моҳияти ҳақида фалсафий-ирфоний трактат, дея баҳолаш
мумкин. Унинг илк байти шундай:
Эй ишқ, ғариб кимиёсен,
Бал ойинаи жаҳоннамосен22.
Байт “Эй ишқ, ажойиб кимиёсен, балки ойинаи жаҳоннамосен”, дея насрий
баён қилинганки, бу амалда ҳеч нарсани шарҳламайди ҳам, англатмайди ҳам. Ишқ
нега кимё, у нега жаҳонни кўрсатувчи ойна, ушбу саволларга жавоб берилганда,
моҳияти очилгандагина кириш байтнинг маъносини чақиш мумкин бўларди.
Кейинги байтлар, яъни боб давомида ушбу масала қадам-бақадам очила борадики,
бу очилишни ҳам ҳазм қилиш лозим бўлади.
Ушбу бобни батафсил шарҳлаш, мағзини чақиш учун бутун бир тадқиқот
ёзишни талаб қиладики, бу ўринда унинг бир-икки жиҳатларига диққат қиламиз.
Бири. Ишқнинг ўзгача, ғайбий нигоҳ орқали дунёни англашдаги, инсоннинг
қалб кўзи очилишидаги илоҳий шарофати:
Ким қилди санга назарни равшан,
Кўрди еру кўкдагин муайян.
Чун боққали ихтиёр топти,
Ҳар сорики, боқти ёр топти23.
Яъни: Кимнинг кўзи сенга тушган бўлса, у ер ва кўкдаги нарсаларни аниқ
кўрди: сени кўришни ихтиёр этган замон ҳар томонга боқса, ёрини топди. Насрий
баёнда андак ноаниқлик, “ёрини” эмас, “ёр топди”, яъни Яратганни қалбдан, ичичидан англади, топди деганидир. Шунга боғлиқ ҳолда “Қуръони карим”даги
Мусо алайҳиссалом Тур тоғида Аллоҳ билан мулоқотга киришуви, у “жамолингни
бир кўрсат” деганда Аллоҳ тоққа назарини солганда тоғ тоши эриб, сув янглиғ
чайқалгани, яъни:
21 Бертельс Е.Э. Избранние труди. Навои и Джами, М. “Наука”, 1965, c. 447.
22 Алишер Навоий, Лайли ва Мажнун, 235-бет.
23 Шу ерда, 236-бет.
Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов: илоҳий ва инсоний муҳаббат талқини
Тур узра тажалли айлагач фош,
Чайқалди сув янглиғ ул қатиғ тош24.
Ушбу ҳолат ишққа тамсил қилинмоқда, яъни ишқ Яратганнинг инсон кўнглига
қилган тажаллийси, кўнгил унинг назаргоҳи эканлиги шундай Қуръоний мўъжиза
орқали очиб берилмоқда.
Иккинчиси. Бобда ишқи мажозий ривож топиб, ишқи ҳақиқийга ўтиши ҳақида
фикр юритилиб, ишқи ҳақиқийда:
Мазҳардин кўрмайин нишони,
Мазҳарда ўзини топса фоний.
Мақсуд будур, ҳаётдин бу,
Бал хилқати коинотдин бу25.
Яъни: рамзий шакл, мазҳардан асар қолмаса, мазҳарда йўқолиб, унга сингиб
кетса, ҳаётдан ва коинот яратилишидан мақсад шудир. Кўрамизки, ишқ ҳаёт ва
коинотнинг яратилишига боис бўлган муаззам ҳодиса даражасигача юксалмоқда.
Бу “Лайли ва Мажнун” достонидаги энг буюк, оламшумул фикрдир, балки.
Яна шу бобда мажозий ва ҳақиқий ишқ таърифидан кейин муҳим бир фикр
айтилади:
Эрмас эди ўзидин бу ишлар,
Бал ишқдин эрди ул кашишлар26.
Яъни бу ишлар Мажнуннинг ўзидан бўлмай, ишқ уни ўзига жазб этган эди.
Демакки, бобда ва бутун достонда ишқ мустақил кучга эврилади. Бундаги
“кашишлар” тортиш кучи, жозибани англатадики, алалоқибат ишқнинг орқасида,
аниқроғи, моҳиятида ҳаётни ва коинотни яратган зот, Аллоҳ туради.
Биз сал олдин кўчирма олган Абдураҳмон Ибн Жавзий “Бир олимнинг
кундалиги” китобидаги “Инсоний ва илоҳий ишқ” бобида ўзи “Ишқ маломати”
номли китоб ёзгани ҳақида гапириб, дейди: “Менинг хаёлимга ғаройиб фикр
келди, уни шу ерда изоҳламоқчиман: Ишқ мушоҳада кучи бўлмаган кишиларни
асир этади, холос. Мушҳадалари кучли бўлганларга келсак, улар ўзларини ишққа
мубтало қиладиган ҳолатларни зеҳнларида жонлантириб, унинг қусур ва айбларини
ошкора кўра олади”27.
Ўз давридаги сўфийларнинг айрим қусурларини кўрган, шундайларнинг
ҳаёт тарзига қарши ёзганида, балки у ҳақдир, бу ҳақда, яъни Ибн Жавзийнинг
тасаввуфга қарши фикрларига Нажмиддин Комилов “Тасаввуф ёки комил инсон
ахлоқи” китобида батафсил тўхталган28. Лекин бизнингча Ибн Жавзий юқорида
келтирилган фикри билан тасаввуф ғояси, унинг моҳиятини чуқур англамаган
кўринади. Тасаввуфий ишқ ақлга, мушоҳадага бўйсунмайди, у ихтиёрий эмас,
ғайрихтиёрий ҳолат. Ҳол ишқнинг мақомат даражаси бўлар экан, “Сўфийлар яна
24 Шу ерда, 237-бет.
25 Шу ерда, 236-бет.
26 Шу ерда, 236-бет.
27 Ибн Жавзий, Бир олимнинг кундалиги, 114-бет.
28 Қаранг: Комилов Н. Тасаввуф ёки Комил инсон ахлоқи, К.1, 76–78-бетлар.
94 Шарқ юлдузи
дейдиларким, ҳолни тиришиш, таълим-таҳсил билан қўлга киритиб бўлмайди,
чунки ҳол – атойи Худодир, ғайбдан келган турфа неъматдир”29. Худди шундай,
ишқни ҳам таълим-таҳсил билан қўлга киритиб бўлмайди, ёки аксинча, Ибн Жавзий
айтганидек, ақл кучи билан унга қарши бориб ҳам бўлмайди. Бундан тўққиз аср
олдин ўтган Ибн Жавзийнинг хатоси шунда кўринади.
Биз юқорида ҳазрат Алишер Навоийнинг ишқ таълимоти ҳақида, хусусан,
инсоний ва илоҳий ишқнинг ўзаро муносабатлари, тафовут ва муштарак жиҳатлари
ҳақида бироз фикр юритдик. Энди ижодини ул зотга муқояса қилмоқчи бўлганимиз
туркий этноснинг ХХ асрдаги бадиий чўққиларидан бири бўлмиш қирғиз адиби
Чингиз Айтматов, хусусан, унинг машҳур “Жамила” қиссасини ҳазрат Навоийнинг
“Лайли ва Мажнун” достони билан бир муштарак нуқтада солиштиришни ният
қилдик.
Шарқ ислом адабиётида мавжуд анъанавий сюжет асосида яратилган “Лайли ва
Мажнун” билан замонавий мавзуда яратилган “Жамила” қиссасини типологик қиёс
усулида солиштириш, сиртдан қараганда, ғалати туюлиши мумкин. Лекин ўртада
икки асарни типологик қиёслашга имкон берадиган умумий маҳраж, олий инсоний
қадрият – СEВГИ бор. Бинобарин, ҳар икки асарнинг мояси ишқ-муҳаббатдир. Моя
бирор нарсанинг асосини, ўзагини ташкил этувчи моддани англатиб, арабчадаги
луғавий маъноси хамиртуруш, ачитқи экан. Шу маънода севги-муҳаббат ҳар икки
асарнинг борлиғи ва ҳаракатга келтирувчи бош кучдир.
Масалани Лайли – Жамила, Мажнун – Дониёр муқоясаси тарзида қўйиш
тўғри эмас ва айтарли самара ҳам бермайди. Бундай муқояса тарзи бу икки асар
учун номақбул йўлдир. Ундан кўра юқорида кўриб ўтганимиз, Навоийнинг ишқ
таълимоти, хусусан, “Лайли ва Мажнун”даги ишқнинг тажассуми нуқтаи назаридан
“Жамила” қиссасида тасвир этилган севги моҳиятини очиш афзалроқ, шубҳасиз.
Юқорида айтилганидек “Лайли ва Мажнун” достонида уч никоҳ тасвири
мавжуд. Лекин чинакам икки муҳаббат бор – бош қаҳрамонлар ишқи ва Навфал
қизи билан исми номаълум йигит орасидаги муҳаббат. “Жамила” қиссасида ҳам
икки севги бор – асосий, Дониёр – Жамила муҳаббати билан унга ёндош, ҳатто
асардаги ялпи қамрови жиҳатидан муҳимроқ яна бир муҳаббат бор. Сеит севгиси –
алоҳида севги. Чингиз Айтматов асарларининг йирик таржимони ва тадқиқотчиси
Асил Рашидов ёзганидек, “Бошқача таъбир билан айтганда, асар сюжети марказида
Жамила ва Сеит муҳаббати ҳам етакчи ўрин тутади”30.
Бу ерда озгина бўрттириш борлигини ҳам айтмоқ лозим. Яъниким, “Жамила ва
Сеит муҳаббати” ҳақида баралла гапириш ноўрин. Сеит қалбидаги севги одатдаги,
икки жинс орасида бўладиган севги эмас. Тўғри у ёш қалби билан янгаси Жамилани
ўсмирларча яхши кўради. Лекин қиссанинг иккинчи қисмида ёниб қўшиқ куйлаётган
Дониёрни ҳам севади. Агар таъбир жоиз бўлса, у Дониёр ва Жамила муҳаббатини
севади. У ушбу олижаноб севгининг ошуфтаси. Жамила ва Дониёр ўзаро севги изҳор
қилишганда, бунга гувоҳ бўлган Сеит дейди: “Мен ниҳоятда баҳтиёр эдим”31. Бутун
асар ушбу севги, Сеит муҳаббати шуъласи билан ёришиб, нурланиб туради, гўё.
Гап шундаки, Сеит асарнинг ровийси, қисса унинг тилидан баён қилинади.
У муаллифнинг Alter egoси, иккинчи “мен”и. Асарда Сеитнинг нигоҳи, қалб
кечинмалари етакчилик қилади. У қалбан санъаткор, бўлғуси рассом, мусаввир.
Қиссада сурат мотиви, Сеит чизган Дониёр билан Жамиланинг сурати муайян
бадиий вазифа бажаради:
29 Шу ерда, 30-бет.
30 Рашидов А. Чингиз Айтматов олами, Т., 2011, 61-бет.
31 Айтматов Ч. Сарвқомат дилбарим. Повестлар. Т., Ўзадабийнашр, 1964, 178-бет.
Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов: илоҳий ва инсоний муҳаббат талқини
“Ерда сочилиб ётган суратга қараб ичимни ўтдай ўртаётган хўрликка ҳеч
чидай олмадим. Майли, мен оиламиз, уруғимиз учун “сотқин” бўлай, бироқ, мен
одамгарчиликка, ҳақиқатга, ҳаёт ҳақиқатига хиёнат қилганим йўқ, аксинча, адолат
тарафдори бўлдим. Менинг кўнглим соф, ниятим холис эканлигини ҳеч ким билган
эмас, буни одамларга ҳам айтиб бўлмайди, бошқалар тугул, ҳатто ойим ҳам буни
тушунмас эди, албатта”32. Чунки Сеитдан бошқа ҳеч ким муҳаббат юксаклигига
кўтарила олмаган, ҳазрат Навоий “Гарчи ситаму жафо қилурсен, Туфроғни кимиё
қилурсен” дея ишққа қарата айтган ҳолат Сеит вужудида рўй бериб у “кимиё”га
айланган, битта ўзи ҳаммага қарши турган, бошқалар эса заминдаги урф-одатлар
исканжасида қолиб, самовий ишқни англай олмаган, чунки улар ҳали “туфроғ”
эдилар.
Жамила Дониёр билан овулни тарк этишгандан кейин Сеитнинг қалб кечинмасига
эътибор беринг: “– Жамила! Жамила! – дердим мен ўпкамни босолмай пиқ-пиқ
йиғлаб. Мен энг яқин, энг азиз одамларим билан хайрлашар эдим. Мана ҳозиргина,
ерда ётиб ўзим ҳам Жамилани севиб қолганлигимни тушундим. Бу менинг илк,
болаликдаги севгим эди”33.
Бу қандай севги эди, инсонийми, илоҳийми? Ҳазрат Навоий тасвирлаган “ул
пок назар била пок юзга солмоқ…” эмасми бу? Сеитнинг севгиси инсоний ишқдан
юксалиб, илоҳийлик касб этгани боис ҳам қисса севги қўшиғи сифатида бутун
дунёни забт этди, дейишимиз мумкин.
Чингиз Айтматов Алишер Навоий ижоди билан таниш бўлган, албатта. Лекин
у буюк туркий салафи ҳақида бирон-бир мақола ёзгани, суҳбатларида бирон-бир
жиддий фикр айтгани маълум эмас. Фақат 2017 йилда Бишкекда қирғиз тилида
нашр қилинган “Айтматов энциклопедияси”да “Алишер Навоий” номида кичик
мақола берилиб, унда шундай дейилади: “Ч.Айтматов “Навоийнинг ижоди Шарқ
адабиётидаги прогрессив-романтик методининг янгиланишида зўр аҳамиятга
эга бўлган”, деган баҳосини берган”34. Қомусда шундан бошқа айтарли муҳим
маълумот йўқ.
Гап шундаки, агар Чингиз Айтматов буюк шоир ижоди, хусусан, “Лайли ва
Мажнун” достонини жиддий ўқиганда эди, асардаги юқорида кўриб ўтганимиз
“Ишқ таърифида…” бобининг илк мисрасини “Жамила” қиссасига эпиграф,
қошсўз қилиб қўйган бўларди, балки. Ўша мисра бундай:
Эй ишқ, ғариби кимиёсен…
“Ғариб” бу ўринда “ажойиб” маъносида келмоқда, “кимё” (вазн талабига
кўра “кимиё” ёзилган) шундай маънога эга: “Кимё – мис, қўрғошин каби оддий
маъданларга иксир қўшиш йўли билан олтинга айлантириш мумкин эканлигини
олға сурувчи сохта илм; алхимия”35. Бундаги алкимёни сохта илмлиги эскирган
қараш бўлиб, ҳозирги кунда ўтмишдаги алкимёгарлар тинимсиз уринишлари билан
катта-катта илмий кашфиётларга йўл очганлари тан олинмоқда. Бу ердаги “иксир”
эса ҳаёт суви бўлиб, Навоий рамзиётида ишқни тимсоллайди.
32 Шу ерда, 180-бет.
33 Шу ерда, 184-бет.
34 Айтматов энциклопедияси, 2-том, Бишкек, “Турар”, 2017, 583-бет.
35 Бердақ Юсуф, Навоий тили луғати, Беш жилдлик, 2-жилд, Т., Ғафур Ғулом номидаги нашриётматбаа уйи, 2022, 394-бет.
Озгина чалғидик, лекин бу зарурий англатмадир. “Жамила”га келсак, унда
кўзга ташланмайдиган, “меров одамдай элга кулги бўлиб юрган” Дониёр Жамила
тимсолида ишқ домига тушгач, гўё бутунлай бошқа одамга айланади.
Қиссада ашула мотиви катта бадиий ва фалсафий юкка эга. Ушбу мотив асар
ўрталаридан бошланади ҳамда қиссани қоқ иккига бўлиб турадигандек туюлади.
Асарнинг қирғизчадаги илк номи “Обон”, яъни қўшиқ, наво бўлганлигини эсга
олсак, муаллифнинг дастлабки ниятида нега бу ном етакчи бўлганини бир қадар
англагандай бўламиз. Дониёр бепоён дала ва тор-кенг дараларни тўлдириб айтган
ашуласидан сўнг Сеит, яъни ровий туйқусдан (“вдруг”, бу маъно ўзбекча таржимада
йўқ) бир ҳақиқатни кашф қилади: “У – қалбида юксак инсоний муҳаббат туғён
урган бир инсон эди! Менимча, унинг севгиси бирор кишига ишқи тушиб, ўша
одамга ато қилинган севги эмас, балки инсонни яратиб, уни камолга етказган кенг
оламга, ёруғ дунёга бўлган чексиз, жўшқин севги эди!”36 Яна шу ерда у дейди: “Шу
кундан бошлаб, ҳаётимизда қандайдир бир ўзгариш юз бергандай бўлди”37.
Биз бир пайтлар “Жамила” қиссасининг русча нашрида Дониёрга нисбатан
қўлланган, асли “Инжил”даги Исо алайҳиссаломга бориб тақаладиган “Странный
человек, не от мира сего” (Ғалати одам, бу дунёдан эмас) деган гапни келтириб,
шу билан унинг, яъни Дониёрнинг Исога боғланиши ҳақида гапириб, ёзган эдик:
“Жамила” қиссасини оламга машҳур қилган Луи Арагон томонидан “Жаҳонда энг
гўзал севги қиссаси” дея баҳоланишига илк боис Дониёрнинг бу дунёдан эмаслиги,
унинг юраги олис оламлар мавжи билан ҳамоҳанг тепишидан эмасмикан?
Жамиладай асов ва мағрур аёлни ўзига ром қилган айни куч шу бўлса-чи?”38
Чинакам ишқ-муҳаббат билан ўзга оламлар боғлиқлиги эзотерик аксиома, исбот
талаб қилмайдиган фикр ҳисобланади. Асл ишқнинг манбаи – замин, ёруғ олам
эмас. У арши аълодан келадиган садо, ошиқни ҳар куйга соладиган самовий кучдир.
Севги қиссасидаги уч асосий қаҳрамон – Дониёр, Жамила ва Сеитни ҳазрат
Навоий ишқ достонида “Эй ишқ, ғариб кимиёсен” деганига мос мисни олтинга
айлантирган, уларни янги ўзга, юксак оламга олиб чиққан эди. Ашулани қониб
тинглаган Сеит “мен ўзимни худди бошқа бир оламга кириб бораётгандай ҳис
қилдим” дейдики, бу асли Аллоҳ нури бўлган ишқ кароматидан эди.
“Жамила” қиссасида соф муҳаббатнинг асл баҳосини аниқлашга имкон
берадиган образ бор, бу – Усмондир. У Жамилага тегажоғлик қилганида, уни
кескин итариб ташлайди. Унга баҳоси ҳам тайин: “Усмон ҳам одамми? Ит ҳам бир,
у ҳам бир”. Яна: “Бундай кишилар кўнглингдагини билармиди… Буни ҳеч ким
билмайди. Худо билсин, бундай эркаклар дунёда йўқдир ҳам”39. Бу гапни у ботиб
бораётган қуёшга қараб, ўзига-ўзи гапираётгандай дейди. Жамила қалбида Дониёр
кашф этилмаган эди ҳали.
Усмон “Лайли ва Мажнун”даги Ибн Саломнинг замонавий кўриниши, ҳазрат
Навоийнинг ишқ таснифидаги авом ишқининг энг паст тури, “зикри тарки адаб”
бўлган нусха. Ўлжас Сулаймонов шеърида айтилган “улар одаммас, ахир, улар
фақат кишнаб юрган йилқилар”дан бири, холос.
Биз юқорида икки буюк ижодкор – Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов
асарлари, “Лайли ва Мажнун” достони ҳамда “Жамила” қиссасидаги илоҳий ва
инсоний севги борасидаги муайян муштаракликлар, типологик ўхшашликлар
36 Айтматов Ч. Сарвқомат дилбарим. Повестлар, 159-бет.
37 Шу ерда, 160-бет.
38 Сувон Мели, Глобал илмий-бадиий талқин поэтикаси, Т., Фан, 2020,168-бет.
39 Айтматов Ч. Сарвқомат дилбарим. Повестлар, 138-бет.
Алишер Навоий ва Чингиз Айтматов: илоҳий ва инсоний муҳаббат талқини
ҳақида фикр юритдик. Зеро, типологик қиёсда, одатда, икки ҳодисадаги муштарак
жиҳатлар аниқланади, бу ҳали биринчи босқич. Сўнг ушбу муштаракликларнинг
асос моҳияти аниқланиши икки фикр учрашувидан (тўқнашувидан) янги фикрлар
яратилиши зарур. Акс ҳолда қиёсдан фойда ҳам, маъно ҳам бўлмайди. Қиёс
жараёнида ўзига хос учлик ҳаракатда бўлади: икки қиёсланувчи ҳодиса ва уларга
эътибор қаратаётган шахс, яъни қиёсловчи. Жараёнда қиёсловчининг роли катта
бўлади, у икки ҳодиса қиёсидан янги маъно топа олиши лозим. Зеро, икки асарда
сокин ҳолда (потенция) турган ҳодиса ва ҳолат айни қиёсловчи саъй-ҳаракати
билан жонланади, ҳаракатга келади. Шу маънода ўринли ва самарали қиёс ўзига
хос ижод, бадиий-илмий фаолият ҳисобланади.
Айрим хулосаларимиз:
1. Буюк ижодкорлар ижодлари орасида ҳамиша руҳан ва фикран боғлиқлик
мавжуд бўлади. Зеро, улар кўтариладиган руҳоний юксаклик ва маънолар майдони
муштарак ва қондош бўлиши табиий.
2. Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун” достонида ишқи мажозий заминидан
юксалган ишқи ҳақиқийни тараннум қилади. Мажнун мазҳар ўрнидаги Лайли
тимсолида Аллоҳ ишқига берилади.
3. “Лайли ва Мажнун”да қайд этилган ишқни “кимиё”лик табиати Чингиз
Айтматовнинг “Жамила” қиссасидаги инсоний ва илоҳий муҳаббат моҳиятини
очувчи ноёб калит кабидир.
4. “Айтматов асарларида муҳаббат мавзуси биринчи ўринда туради; ёзувчи
наздида муҳаббат қалб кайфиятигина эмас, балки дунёнинг муҳаббат пойдеворига
қурилганини кўрсатувчи асосдир”40. Чингиз Айтматов ижодида, худди ҳазрат
Навоий асарларида бўлганидек, инсоний муҳаббат илоҳийлик, илоҳий моҳият касб
этади.
5. Руҳан пок, маънан бутун инсонлар қалбида рўй берадиган инсоний севги
“Лайли ва Мажнун” достонида васф этилган илоҳий ишқ маснадига кўтарилиши
ажаб эмас. Ҳазрат Навоий бир қитъасида ёзганидек, “Гар сен идрок айласанг, айни
ҳақиқатдур мажоз”.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil