Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

“МЕЪЁР УЛ ТАДОЙЙУН” – ДИНИЙ-АХЛОҚИЙ МАНБА


Исмат НАИМОВ – Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори. 1983 йилда туғилган.
Бухоро давлат университетининг тарих-география факультетини тамомлаган.
Элликдан ортиқ илмий ишлар муаллифи.


IX–XII ва XIV–XV асрларда ватанимиз тарихида уйғониш даврининг содир
бўлиши бу шунчаки ўзи-ўзидан бўлган тарихий ҳодиса эмас.
XIX асрга келиб, ҳукмронлик қилган сулолаларнинг нотўғри юритган тадбирлари
туфайли ислом таълимоти мақсадларидан чекинилди. Оқибатда, бу тузатиб бўлмас
инқирозларга хусусан, илм ва маърифатга эътибор берилмаганлиги сабабли,
диний мазҳаблар орасида низолар авж олди. XIX аср иккинчи ярмида маънавий
камолотга эришган маърифатпарвар аллома Аҳмад Дониш (1827–1897) ўз замонаси
муаммоларига бефарқ бўлмай, уларни ислоҳ қилиш бўйича ўз дастуриламалларини
илгари сурди. Инсоннинг икки дунё саодатига эришишида диний эътиқоднинг
муҳимлигини англаган ҳолда ҳақ йўлини кўрсатувчи “Меъёр ул-тадоййун” асари
мана шундай дастуриламаллардан бири ҳисобланади.
Ушбу асар ҳижрий 1311, милодий 1894 йилда ёзилган бўлиб, иймон ва диёнат,
поклик ва унга эришиш мезонлари, диний ақидапарастлик ва унинг салбий
оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, дунё динларининг моҳияти, ислом
мазҳаблари шиа ва суннийларнинг қарама-қаршиликлари сабаблари ҳамда ўзаро
бир-бирлари билан муросага келиш масалалари тўғрисида фикрлар баён этилган.
Муаллиф рисолада асарни ёзишга даъват этган сабаблар ва бундан кўзланган
мақсадларини аниқ ифодалайди. Хусусан, “шиа ва суннийлар ўртасида келиб
чиқадиган зиддиятларни ислоҳ қилишни ифода этувчи – муқаддима, уч фасл ва
хотимадан иборат рисола ёзишга киришдим” [2. 3-варақ], дейди Аҳмад Дониш.
Шунингдек, рисолани ўрганиш ва талқин қилишда илм-фан, таълим ва тарбияни
инсон қалбига олиб кириш, Қуръони карим оятларининг моҳиятини тушуниш
ҳамда маърифатпарвар Абдулқодир Абдулмаоний (Бедил) илмий меросини чуқур
англашга қўмаклашишни ҳам асосий мақсаддан бири қилиб олганлигини қайд
этади [2. 3-варақ].
Манбанинг биринчи – “Иймон келтириш меъзонларини ўрганиш ва диндорлик
талаблари” фаслида иймон йўлида тўғри йўлни топиш ва покликка эришишнинг
беш асосий шарти келтирилади. Иккинчи – ҳар бири ўз эътиқодининг тўғрилигига
даъвогарлик қилишга ҳаракат қилувчи гуруҳлар – “Ислом, яҳудий, насроний
динлари ва шиа мазҳаби орасидан тўғри эътиқодни танлаш” фаслида дунё
динларининг тарихи, эътиқодининг фарқли жиҳатлари, дин маросимлари ва
муқаддас китобларнинг маъно-мазмунига эътибор берилади. Учинчи – “Турли
диний оқим вакиллари билан муросага келиш ҳақидаги тўғри йўл” номли фаслда
муаллифнинг динлараро бағрикенгликни тарғиб этувчи махсус назарияси илгари
сурилади. Хотимада эса муаллифнинг ўз даврида мавжуд бўлган “Диндорлик
талаблари ва диёнат аломатлари тўғрисида” эътирозлари ўз ифодасини топган [1.
1-варақ].
Аллома ўз фикрларини рубоийлардан парчалар ва мазмунан теран ҳикоялар
келтирган ҳолда ифодалайди ва ўз фикрларини улар орқали мустаҳкамлашга
ҳаракат қилади. Аҳмад Дониш мазкур асарни ўз ташаббуси билан, қолаверса
Бухоро амирлигининг олий қозиси Бадриддин ибн Садриддиннинг илтимосига
кўра ёзганлигини олий қозига бағишлаган кичик бир шеър далолат беради [1. 01
в-варақ].
Таъкидлаш лозимки, муаллиф ушбу рисоласини маслакдошлари орасида кенг
тарғиб этилишини ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу сабабли, маърифатпарвар
Муҳаммад Сиддиқ Ҳашматга қўлёзмани тақдим этган. У эса, ушбу рисолани ёзилган
йилида бир неча тўлдирилган фикрлар билан қайта кўчирган. Хаттотга тегишли
бўлган қўлёзманинг бир неча варақларида ўз аксини топган бодом шаклидаги
муҳрлар бундан далолат беради [2. 1 aб, 2a-варақлар]. Китоб рангли гуллар ва
нафис қушларнинг расмлари билан безатилганлиги билан ўқувчи диққатини ўзига
жалб этади.
Муаллиф асосий қисмга ўтишдан олдин, рисоланинг муқаддимасида ўз
даврининг тарихий ҳодисалари тўғрисида маълумот беради. Россия империясининг
истилочилиги тўғрисида тарихий далиллар келтиради. Хусусан, Самарқанднинг
истило этилишини қуйидагича тасвирлайди: “Рус подшоси ўзининг саккиз минг
аскарига Мовароуннаҳрни босиб олишни буюрди. Улар буйруқни адо этишди
ва ниҳоят Бухорогача етиб келишди” [2. 4-варақ]. Самарқанднинг қўлдан
кетишига сабаб бўлган омилларни ҳам санаб ўтади. Амир Насрулло, амир
Музаффар ва Амир Абдулаҳаднинг ички ва ташқи сиёсатда йўл қўйган хатолари
ҳамда уларнинг тадбирсизлиги, айрим кишиларнинг сотқинлиги, аскарларнинг
жасоратсизлиги туфайли Самарқанд қўлдан кетгани баён этилади. Шунингдек,
ушбу стратегик шаҳарнинг қўлдан бой берилиши Бухоро учун аянчли хусусан,
агар Самарқанд суви уч йил давомида Бухорогача етиб келмаса, Бухоронинг
ўз суви, яъни қудуқлари ҳам сув бермай қўйиши, бу эса қурғоқчиликка олиб
келишини таъкидлайди [2. 4-варақ]. Бунинг таъсирида, Бухоро воҳасини сув
билан таъминлаш зарурияти тўғрисида Қобулдан Бухорога келган элчининг амир
ҳузуридаги мунозараси тасвирланган ҳикоя орқали нақадар жиддий эканлигини
тушунтиради [2. 5-варақ].
Инсонларнинг муносиб турмуш-тарзи юритиши учун қулай шарт-шароитларнинг
зарур масалаларини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Бу билан у амирликда
мавжуд бўлган муаммоларни фош этади. Ҳакимларнинг фикрларига таянган ҳолда,
доно киши беш сифатга эга бўлган шаҳарни ватан сифатида танлаши лозимлигини
маслаҳат беради:
“Меъёр ул тадоййун” – диний-ахлоқий манба сафатида
Биринчидан, шаҳар одил подшо қўлида бўлиши зарур. Агар ҳукмдор
адолатпарвар бўлмаса, шаҳарга мусофирлар кўз олайтириб, мустақиллигига хавф
соладилар.
Иккинчидан, олимлари тақводор ва илмли бўлиш керак. Агар улар бундай
сифатга эга бўлмаса, фақиҳларни улуғлаш иллати авж олиши оқибатида одамларга
зарар етиши муқаррар.
Учинчидан, оқар сув ва булоқлари одамлар ҳаётини яхшилаш учун етарли
даражада бўлиши лозим.
Тўртинчидан, мамлакатда етарли ҳақиқ табиблар ва дори-дармон бўлиши керак.
Агар булардан холи бўлса, кўп одамлар ички ва ташқи сабабларга кўра бетоб бўлиб,
ҳалок бўладилар.
Бешинчидан, шаҳар номи машҳурликка эришиб сайёҳлар учун очиқ бўлиши
керак, шунингдек, мусофир кишиларга меҳнат қилишга рухсат берилиши лозим [2.
5-варақ].
Рисоланинг биринчи фаслида ислом динининг инсон ахлоқи ва тарбиясида
тутган ўрни, чин мўмин-мусулмон бўлиш учун зарур бўлган иймон мезонлари,
диндорлик ҳамда у орқали покликка эришиш масалалари батафсил баён этилади.
Аллома фикрича иймон келтириш, касб танлаш, никоҳ қуриш, жамиятда инсонлар
билан ўзаро тўғри муносабатда бўлиш ва покликка эришишнинг қуйидаги бешта
мезонларни асос сифатида қабул қилиш лозим:
Биринчидан, эътиқодда доимий таҳоратда бўлиш, маърифат билан ягона
Оллоҳни англаш ва салбий одатлардан халос бўлиб, камолот сифатларига эришиш;
Иккинчидан, зулм ва судхўрликдан холи бўлган касб-ҳунарни танлаб, ҳалол
рисқ-насибага эга бўлиш;
Учинчидан, доимий никоҳда бўлиш ва оиласини таъминлаб, уни сақлаб қолиш
учун адолатли бошқариш, аёлларга мурувватда бўлиш;
Тўртинчидан, зоҳирий (очиқ) поклик ва Оллоҳни зикр қилиш, холис амаллар
қилиб, ёмонлик ва нопокликдан сақланиш;
Бешинчидан, ботиний (маҳфий) покликка эришиб, одамлар билан яхши
муносабатда бўлиш [2, 15 варақ].
Аҳмад Дониш мўминликнинг юқоридаги беш мезонини келтирар экан, уларга
риоя қилган киши ҳақиқий ислом дини моҳиятини англагани, иймони мустаҳкамлиги
ва руҳан бақувват бўлиб, маънан етукликка эришгани аммо, мезонлардан бири
бекор қилинса, киши таназзулга учраши муқаррарлигини таъкидлайди [2. 15-варақ].
Иймоннинг бешта устуни ҳақида ўз фикрларини давом этиб, уларнинг зарурлигини
қатор ишончли тарихий манбаларга таянган ҳолда исботлашга ҳаракат қилади.
Аҳмад Дониш кишиларни касб-ҳунар эгаллаб содиқ қолишга, уни адо этишда
адолатли бўлишга, салбий одатлардан тийилиб ортиқча нафсга ружу қўймасликка,
нафрат ва адоватдан холи, кишиларга меҳрибон, камтар бўлиш, ўтганларни доимо
хотирлаб, марҳумлар номига дуойи-фотиҳалар ўқиб уларнинг руҳини шод этиш
исломнинг гўзал фазилатларидан эканлигини уқтиради [1, 12-варақ].
Иккинчи фасл “Меъёр ул-тадоййун”нинг асосий қисмидир. Аҳмад Дониш
ушбу фаслнинг аввалида юқорида таъкидланганидек, тўрт гуруҳга бўлинган
динлар орасидан тўғрисини топишга эътиборни қаратади ва ҳар бир дин вакили
ўз эътиқодининг тўғрилигига даъвогарлик қилишга ҳақи борлигини тушунтиради.
Муаллифнинг бу масала бўйича келтирган бир ҳикояси мазкур саволга жавоб
“Меъёр ул тадоййун” – диний-ахлоқий манба сафатида
топишга ёрдам беради. Баён этилишича, кунларнинг бирида подшо Аврангзеб
фармонига биноан миллатнинг уломалари йиғилишиб, энг тўғри эътиқод
қайсилиги борасида баҳслашадилар. Узоқ давом этган мунозарадаги жавобларнинг
ниҳоятда хилма-хиллигидан бир фикрга кела олмайдилар. Шунда, Аврангзеб ҳар
бир диннинг донишманд раҳнамоларидан уч кишини мунозарага жалб этишни
буюради. Яҳудий, насроний, зардуштий ва будпарастлик дини вакиллари ўз
эътиқодларининг тўғрилигига подшоҳни ишонтиришга ҳаракат қиладилар. Бироқ,
мунозара сўнггида ислом динининг донишманд уламосига сўз берилганда, у
бошқа динларга нисбатан ҳурматда эканлигини маълум қилади ва улар тўғрисида
ижобий фикрларни баён этади. Бундан таъсирланган Аврангзеб ислом дини энг
инсонпарвар дин эканлигига ҳеч шубҳаланмай, энг тўғри дин деб топиш тўғрида
махсус фармон чиқаради ва ўз салтанати аҳолисини ислом динига эътиқод қилишга
чақиради [1. 17-варақ].
Ушбу фаслнинг аҳамиятли жиҳатларидан бири бу, муаллиф томонидан иймон
йўлига киришдан олдин инсон ўз нафсини жиловлай олишининг муҳимлигини
уқтирилганлиги ҳисобланади. Бунда тасаввуф таълимотига мурожаат этиб, инсон
ўз танасини озиқлантиришда маълум меъёрларга риоя қилиши кераклигини
таъкидлайди [1. 19-варақ]. Фаслда илм-маърифат масаласига ҳам алоҳида эътибор
қаратилади. “Хулоса қилиб айтганда, илм ва маърифат ақлнинг натижасидир ва
ақлнинг мукаммаллиги илмда намоён бўлади. Ва маърифат аждодларнинг илмий
меросига асосланиши керак. Бизнинг замонда эса илм ухлаб ётган ёки ўлик одамга
ўхшайди. Демак, диний илм ва дунёвий таълим тушунарсиз ва бир-бирига зид
келмоқда” [1. 20-варақ], деб ёзади Аҳмад Дониш.
Ислом динининг беш устуни – Оллоҳга иймон келтириш ва уни танитган зот
Муҳаммад (с.а.в.)ни пайғамбар, расул эканлигини эътироф этиш яъни, калимаи
шаҳодат келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж қилиш ҳақида
Қуръони каримнинг сураларидаги оятларга асосланиб фикр юритади. Бироқ, ушбу
рукнларни адо этишдаги айрим амаллар уламолар томонидан жорий этилиши
натижасида “Бир бидъатнинг жорий этилиши юз бидъатнинг келиб чиқишига
сабаб бўлмоқда”, деган танқидий хулосани илгари суради ва айрим уламоларнинг
илмсизлигидан чиқарган фатволари оқибатида турли иллатлар авж олаётганлигини
қоралайди. Жумладан, “Уларнинг қарор қилганларидек, “Икки тоғ орасида (Сафо
ва Марва тоғлари орасида саъй қилиш [3]) ҳаддан ортиқ (етти мартадан кўп) ақлдан
озгандек югуриш ва жазирама қуёшда чидаб бунинг оқибатида жигарни куйдириб,
юракни хасталаш керак эмас, аксинча, ушбу вожиб суннат амални бажаришда
одамларга озор берадиган даражада югурмаслик лозим[1. 21-варақ], – деб ёзади. Бу
билан муаллиф ислом дини ибодатда ҳам ўз эътиқод қилувчиларнинг саломатлиги
ҳақида қайғуришига эътиборни қаратади.
Олимнинг зиёрат одоблари тўғрисидаги фикрлари кишилар диний онгини
шакллантиришда муҳимдир. Айрим кишиларнинг уқувсизлиги ва бошқаларга
эргашиб зиёрат вақтида Оллоҳга ширк келтиришларини қоралайди. Бу тўғрисида
унинг қозилик фаолияти даврида ўзи гувоҳ бўлган бир воқеа аҳамиятли
ҳисобланади. Баён этишича, кунларнинг бирида насафлик киши мурожаат қилиб,
Балхдаги Шоҳимардон мақбарасида Султон Ҳусайн Байқаро қабрини зиёрат
қилганини айтади ва у ердаги одатларга кўра мақбаранинг кириш дарвозаси
устида қўл етишидан баландроқда занжир осилганлиги, агарки кимнинг зиёрати
қабул бўлса, чиқиш вақтида унинг қўли мазкур занжирга етиши зиёратининг қабул
бўлганлигини англатишини сўзлаб беради. Аҳмад Дониш бундай салбий одатлар
хусусан, қабр тошларини ўпиш, уларни масҳ этиш, атрофида айланиш, нашоналар
боғлаш зиёратчилар орасида авж олганлигини қоралаб, махсус зиёрат одобларини
ўзида мужассамлаштирган йўриқнома ишлаб чиқиб, зиёратчиларни тўғри йўлга
чорлаш лозимлиги ҳақидаги фикрларини баён этади [1. 21-варақ].
Закот ва рўза тўғрисида фикр юритиб, жамиятда турли исрофгарчиликлар авж
олаётганлиги, қилинган эҳсон муҳтож кишига етиб бормаётганлигига урғу беради
ва “Ушбу амал жамиятда инсонлар ўртасида меҳр-мурувватни таъминлаш учун
керак” деган хулосани илгари суради. Шунинг учун “жамиятнинг барча аъзолари
бир-бирларига муҳтож бўлиб, ҳожатманд бўлиши, айниқса имконияти чекланган
кишиларга эътибор қаратиш зарур” [1. 22-варақ] дейди. Бу билан жамиятда
инсонлар ўртасидаги ижтимоий муносабатларда адолатга эришиш лозимлигини
қайд этади. Уммат аҳлининг рўза тутишидан асосий мақсади нафақат ўз нафси
балки, бутун бир вужудини тарбиялаш ва у орқали ҳақиқатга эришиш нақадар
муҳимлигини амалий исботлайди.
Аҳмад Дониш “Меъёр ул-тадоййун”нинг учинчи фаслида асосан диний низолар
масалаларига эътибор беради. Диний бағрикентлик ва динлараро тутувлик, улар
ўртасидаги толерантликни таъминлаш бўйича ўз хулосаларини келтиради. Асосан,
Бухоро амирлигидаги мавжуд диний қарама-қаршиликлар хусусан, шийъа ва
суннийларнинг ўзаро низоларига барҳам бериш ва ечимларини излашга ҳаракат
қилади. Икки оқим ўртасидаги қарама-қаршиликларнинг туб негизларига эътибор
бериб, сабабларини излайди. “Аслида сабабларининг аҳволи Оллоҳ чегараларига
етиш ёки Худога йўл топиш учун эмас балки, уламоларнинг қасос олиш ва
дунёвийлик (бойлик) топиш учун бўлган экан” [1. 109-варақ], деб ёзади у.
Бу хулосасини исботлаш мақсадида “Меъёр ул-тадоййун”да қимматли ҳикояни
келтиради. Баён этилишича, Шероздаги бир мударрис (шиа мазҳабига мунсуб)
суннийлар юрадиган йўл ёқасидан бир мевазор яратади. Мевалар пишгач, шу боғ
олдидан ўтадиган ва унга ҳаваси келса-да, бироқ ундан баҳраманд бўла олмайдиган
суннийларни кўрганда мотам сақлайдиган одати бўлади. Ундан мотамнинг
сабабини сўраганларида суннийларга раҳми келиб, ачинишини ва уламоларининг
қарорига биноан улар камбағалликка дучор бўлганликларидан норози эканлигини
билдиради [1. 109-варақ]. Бундан хулоса қилиш мумкинки, муаллиф диний
низоларнинг сабабларини топишга ҳаракат қилади ва асосий сабаб қилиб, сиёсий
ихтилофларга уламоларнинг халқни ўйламасликлари ва мол-мулк тўплашга ружу
қўйганликларида деб ҳисоблайди [1. 109-варақ]. Ҳақиқатдан ҳам диний қарамақаршиликлар XIX асрда ҳукмрон доираларининг иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ бўлган [4]. Бироқ, ҳар икки масҳаб вакиллари ўзаро тутувликда яшаш
тарафдори бўлганлар.
Аҳмад Дониш Бухорода диний низолар ўзининг авж нуқтасига чиқишидан
ўн беш йил аввал ушбу нозик масалага ҳукумат диққатини қаратмоқчи бўлади.
Ўзининг диний манбасида низоларнинг сабабларини кўрсатиб, уларни зудлик билан
бартараф этиш чораларини кўришга даъват этади. Низоларни ўз ҳолига ташаб
қўйиб олдини олиш бўйича ислоҳотлар кўрилмас экан, оқибатда қонли можаролар
келиб чиқишдан огоҳлантиради. Албатта, Аҳмад Дониш мазкур масалада ҳақ
эди. Чунки, амирликда диний қарама-қаршиликларнинг олдини олиш бўйича ҳеч
“Меъёр ул тадоййун” – диний-ахлоқий манба сафатида
қандай чоралар кўрилмади. Оқибатда, 1910 йил муҳаррам ойида айрим гуруҳлар
томонидан уюштирилган фитна натижасида бир неча кунлик йирик мазҳабий
қонли можаро келиб чиққан эди [5]. Ваҳоланки, бундан олдин қўшни хонликлар
хусусан, Ашхободда синний ва шиалар тинч-тотув яшаш бўйича иттифоқчилик
чоралар кўриб, ҳатто фарзандларини бирга ўқитишга келишган бўлсалар-да [6], бу
Бухоро амирлиги амалдорлари учун ибрат бўлмаган эди.
Шунинг учун Аҳмад Дониш бир диннинг икки оқими вакилларини ўзаро
яраштириш ва уларнинг қарама-қаршиликларининг олдини олишга ҳаракат
қилиб, авваламбор улар бир дин, бир қиблага бош қўювчи эътиқод вакиллари
эканликларига эътибор беради. Унинг фикрича, низоларни бартараф этишда иймон
мезонлари ва диндорлик талабларига риоя этишнинг бешта (“усули хамса”) асосий
меъзонлари мавжуд: хусусан,
– Авваламбор илм эгаллаб, дунё суннатининг мукаммаллигига эришиш учун
сарвари оламнинг мавжудлигини ақл билан идрок этиш ва амалларнинг мукофоти
учун қайта тирилишга иймон келтириш [1. 126-варақ];
– Иккинчидан, зоҳирий ва ботиний покликка риоя этиб ҳасад ва нафрат,
ғийбатдан тийилиш, кишиларга муҳаббатда бўлиб меҳр-мурувват кўрсатиш, хунук
ва ноўрин фикрлардан сақланиш ва доимо Оллоҳни зикр қилиб юриш;
– Учинчидан, Оллоҳга зоҳирий ва ботиний равишда ибодат қилиш. Унинг ҳузури
ва чегараларига шошилиб, ибодат қилиб, салом бериш, тақводор бўлиш. Бугуни ва
келажаги ҳақида қайғуриш ва дангасаликка қарши курашиш.
– Тўртинчидан, ахлоқий бузуқлик ва беҳаё амаллардан тийилиш. Бунинг учун
кўнгил амрига қулоқ солиб, доимий никоҳда бўлиш. Зинога асло яқинлашмаслик.
Бойлиги ва мансабидан худбинлик қилиб фахрланмаслик. Ғайратини ошириш учун
керакли таълимни олиш. Судхўрликни касб қилмаслик. Бола тарбиясига ниҳоятда
эътиборли бўлиш. Уни мактабга юбориб, илм-фан ва махсус мартаба (касб-ҳунар)
билан шуғулланишга шароит яратиш ва бошқалар билан тўқнашувлардан қочишга
ўргатиш [1. 127-варақ].
– Бешинчидан, шариатдан ташқари уламоларнинг сўзларидан қочиш, уларга
қарши ғоявий қаршилик кўрсата олиш кўникмасига эга бўлиш, бепарволикдан
сақланиш. Иқтисодий (савдо-сотиқ) ва маиший хизмат кўсатишда адолатли бўлиш.
Агар булар одамларнинг вазифалари бўлса, унда ростгўй ва раҳмдил бўлиш. Унинг
фойдаси каби, зарарини ҳам кўра олиш ва ундан сақланиш. Хиёнат ва ўғриликдан
тийилиш [1. 128-варақ].
Шиалар ва суннийлар ўртасидаги қаршиликларни ислоҳ қилишга юқоридаги
назария аллома томонидан “усули хамса” деб номланиб, “Осмондан ҳеч қандай
илоҳий китоб нозил бўлмаганида ҳам, киши уларга риоя этса, у шубҳасиз чин
иймон-эътиқодли бўлишга эришади. Буни пайғамбарга (салоллоҳи алайҳи ва
саллам) нозил бўлган китоб (Қуръони карим) ҳам тасдиқлайди ва уни янада
мукаммаллаштириб, риоя этишни амр этади” [1. 128-варақ]. Шунинг учун барча
дин биродарлари уларга риоя этиб, бир-бирларига мурувватда бўлишлари ва
иғволардан сақланишлари лозим” [1. 128-варақ], деб ўз фикрларини тасдиқлайди
А.Дониш.
Бутун манба билан танишиб, шундай хулосага келиндики, А.Дониш ўз
рисоласида ислом динига эътиқод қилишни даъват этса-да, бошқа динларни
қоралашдан тийилади ва толерантлик муносабатида бўлишга чақиради. Уларнинг
моҳиятини англамоқчи бўлганларга, бир неча манбаларни мустақил мутолаа
қилишни тавсия этади.
Аҳмад Донишга бундай ҳаётий зарур рисолани ёзишда, унга қозилик фаолияти
ва Россия империясига амалга оширган саёҳатлари таъсир этганлигини алоҳида
таъкидлаш лозим. Хусусан, қозилик фаолияти унга ислом дининг икки диний
оқими ўртасидаги зиддиятларининг асл моҳияти ва сабабларини тушуниш ва
англаб етишга, Россияда эса бошқа динлар билан яқиндан танишишга ёрдам берган.
Натижада, дунё динларини бир-бири билан қиёсий таҳлил қилишда ишончли
диний манбаларга эга бўлган.
Аҳмад Донишнинг диний қарашларининг шаклланишида унинг каллиграфлик
фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, Ғаззолийнинг юқорида таъкидлаб
ўтилган асарини Амир Насрулло Муҳаммад Баҳодирхон буйруғига кўра
ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида 1849–1850 йилларда қайта кўчирган [8].
Шунингдек, Ҳусайн воиз Кошифийнинг “Анвари Сухайли” (ушбу асар “Калила
ва Димна” асарига шарҳлар ҳисобланади) асарини 1895–1896 йилларда [9];
Бадриддин Халилийнинг (вафоти 1529 й.) “Шоҳ ва дарвиш” асарини 1849 йилда
[10]; Носириддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ат-Туси (597/1201–
672/1274)нинг “Птоламейнинг Мевалар китобига шарҳлар” асарини 1885 йилда
[11] моҳирлик билан қайта кўчирган.
Қўплаб тадқиқотчилар “Ин рисолаист ислоҳ миёни шиа ва сун”, “Номус ул
аъзам” ҳамда “Меъёр ул-тадоййун” асарларининг ҳар бирини алоҳида кўрсатганлар
ва улар бўйича хулосаларини билдирганлар. Бироқ тадқиқот натижасида
аниқландики, бу учта асар ягона “Меъёр ул-тадоййун” деб номланиб, битта асарга
мужассамлашган. Демак, тадқиқотчилар “Меъёр ул тадоййун”нинг бир неча
нусхалари мавжуд бўлганлиги учун асар мазмунидан келиб чиқиб турли номлар
билан атаганлар. Аммо, рисоланинг 7-варақ сатр четида муаллиф манбанинг
номини аниқ кўрсатганлигини таъкидлаш жоиз [1. 7-варақ].
Шунингдек, Россия Фанлар Академияси Шарқ қўлёзмалар институтида
(Санкт-Петербург) 316-рақам остида “Меъёр ул-тадоййун”нинг яна бир нусхаси
сақланмоқда. Ҳижрий 1327 (милодий 1909) йилда Мулло мир Нўъмон алБухорий томонидан кўчирилган нусхада хаттот ушбу нодир диний асар динлараро
ҳамжиҳатликни таъминлаш ҳамда можароларни бартараф этишга қаратилган
дастуриламал бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтган.
Хулоса ўрнида таъкидлаб ўтиш лозимки, Аҳмад Донишнинг диний-ахлоқий
йўналишдаги асарида фикрларини содда ва эркин ифода этади ҳамда билдирган
мулоҳазаларидан хулоса чиқаришни ўқувчи ихтиёрига ҳавола этади. Уларда
маърифатпарварликни тарғиб этиб, дунёвий ва диний илмларни мужассамлаган
ҳолда ўрганишга даъват этади. Динлараро бағрикенглик масаласига эътибор бериб,
ўзаро тинч ва тотув яшашга чорлайди. Таъкидлаш лозимки, Аҳмад Донишнинг
диний-ахлоқий йўналишдаги илмий мероси ўз мазмунини йўқотмаган, аксинча
бугунги кунда дунёда диний ихтилофлар авж олиб бораётган бир пайтда, уларга
барҳам бериш, динлараро бағрикентликни таъминлаш, турли дин вакилларини ўзаро ҳурматга чақириш, тўғри эътиқодни танлашда йўлдан адашмаслик тўғрисидаги
фикрлари ниҳоятда аҳамиятли ҳисобланади.

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil