Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

УМУМТУРКИЙ ИФТИХОРИМИЗ

Нусратулло ЖУМАХЎЖА – филология фанлари доктори, профессор. 1953 йилда
туғилган. Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) ўзбек филологияси
факультетини битирган. Олимнинг “Поэтик тасвирда пейзажнинг роли”, “Мунис
ғазалиёти”, “Турди назми бадиияти”, “Сўздин бақолироқ ёдгор йўқдур”, “Истиқлол
ва она тилимиз”, “Қаро кўзум…” ғазали тадқиқи” каби монографиялари, умумтаълим
мактаблари учун «Ўзбек адабиёти”, олий ўқув юртлари учун “Ўзбек адабиёти тарихи.
XVI–XIX аср I ярми” дарсликлари нашр этилган.

Махтумқули қардош туркман халқининг энг ифтихорли, ёрқин адабий
сиймосидир. Туркман адабиёти деганда, ўзбек халқининг хаёлига ўзбек-туркман
элларининг қон-қардошлик туйғулари муҳрланган Махтумқули шеърияти келади.
Ушбу назмий мерос умумтуркий муштарак ғоялар, дардлар, орзу-армонлар билан
йўғирилган.
Туркман халқининг мумтоз шоири Махтумқули ХVIII асрда яшаб ижод этган.
Шоирлик истеъдоди унинг насл-насабида бор эди. Шоир бобосининг номи ҳам
Махтумқули бўлиб, у асосан деҳқончилик, от тўқими тикиш, қамчи тўқиш, юган,
қоринбоғ тайёрлаш билан шуғулланса-да, узоқ муддат халқ ёдида сақланган
қўшиқлар ҳам тўқиган.
Шоирнинг 1700 йилда туғилган отасида бобосининг истеъдоди ёрқинроқ юзага
чиқди. Унинг исми Давлатмамад эди. Давлатмамад ёшлигида овул мактабида ўқиди.
Кейинчалик Хевада мадраса таҳсилини ўтаб келди. Давлатмамад мактабдор домла
сифатида фаолият кўрсатди, деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланди,
айни пайтда қизғин бадиий ижодга берилди. У Озодий тахаллуси билан қўшиқ
ва ғазаллар ёзди. Унинг, айниқса, панднома руҳидаги олти мингга яқин мисрадан
иборат “Ваъзи Озод” манзумаси катта маърифий аҳамиятга эга асар бўлган.
Махтумқули 1733 йилда, Туркманистоннинг жануби-ғарб томонида, Атрек
дарёсига яқин Ҳожиговшан деган жойда Давлатмамад Озодий оиласида учинчи
ўғил бўлиб туғилди. У ҳам отаси сингари ёшлигида овул мактабида таълим
олди. Махтумқули ўқишдан ташқари вақтларда пода боқди, тўққиз яшарлигида
қўшиқлар тўқий бошлади. У ўз таҳсилини Хевадаги Шерғози мадрасасида
бошлаган. Кейинчалик Қизилоёқ овулидаги Идрисбобо мадрасасида, Бухородаги
Кўкалтош мадрасасида ўқиганлиги ҳақида маълумот бор. Махтумқули бадиий
ижод билан бирга, асосий ҳаётий машғулоти бўлмиш заргарлик ҳунарини ўрганди.
У шеърларини “Фироғий” тахаллуси билан ҳам ёзди.
Шоирнинг муҳаббат туйғуларига лиммо-лим шеърларида гўзал Менгли
образи бот-бот эътиборни тортади. Бу шоир Менгли исмли ҳамқишлоғини қаттиқ
севганидан далолат беради:

Парда тортиб юзларимга,
Пардоз бериб сўзларимга,
Махтумқули, кўзларимга –
Ёлғиз Менглихон кўринур.


Лекин шоирга Менглихон билан бахтли турмуш қуриш насиб этмайди. Менглини
бадавлат бир кишига катта қалин эвазига узатишади. Махтумқулини Оққиз исмли
аёлга уйлантиришади. Шоирнинг Сори ва Иброҳим исмли ўғиллар кўргани ва
уларнинг бевақт вафот этганлиги ҳақида маълумотлар бор. Шу кўйи мусибатдийда
Махтумқули учун бахтли ҳаёт армон бўлиб қолади ва шеъриятида қайғули акс-садо
беради. Махтумқули ХVIII асрнинг саксонинчи йиллари охирларида вафот этади.
Махтумқули шеъриятида Ватан қайғуси, босқинчиларга нафрат, мағлубият
аламзадалиги ёрқин куйланган:


Қайғу ғамда азиз умрим сўлдириб,
Шум фалак азобим ройгон айлади.
Ёзган китобларим селга олдириб,
Кўзларим йўлида гирён айлади.


Ғафлатда у душман олди элимни,
Тарқатдим ҳар ёнга дўсту тенгимни.
Беш йил бўйи ёзган китоб – шеъримни
Қизилбошлар олиб, вайрон айлади.


Миллий бирликка эришиш Махтумқули бадиий тафаккурининг марказий
ғояларидандир. Шоир туркман уруғлари ёвга қарши бирлашишини, мустаҳкам
давлат барпо бўлишини орзу этар эди:


Туркманлар боғласа бир бўлиб белни,
Қуритар Қулзумни, дарёйи Нилни.
Така, ёвмут, гўкланг, язир, алили
Бир давлатга хизмат этсак бешимиз.


Махтумқулининг бу улуғ орзулари ХХ аср охирида ушалди. Барча туркий
халқлар мустамлака зулмидан қутулдилар ва миллий мустақил давлат яратиш
бахтига муяссар бўлдилар. Эндиликда барча туркий қавмлар умумтуркий бирлик
орзусида “Туркистон – умумий уйимиз” ғояси теварагида жипслашмоқдалар.
Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг 1996 йили Тошкентда қабул қилинган
“Тошкент декларацияси”да Махтумқули сингари умумтуркий ифтихорга сазовор
сиймоларни қадрлаш, уларга ҳайкаллар қўйиш, юбилейларини умумтуркий
маънавият байрами сифатида нишонлаш ғоялари илгари сурилдиким, бу ўз ҳаётий
ифодасини топмоқда.


МАХТУМҚУЛИ – СЎЗЛАР ТИЛИ ТУРКМАННИНГ


Ҳар бир халқ адабиётида ўша халқнинг тарихини, тақдирини, Ватанини, миллий
ўзига хослигини шарафловчи қасидалар бўлади. Туркман халқи адабиётидаги
ана шундай кучли қасида Махтумқули қаламига мансуб. Ушбу қасидада миллий
ифтихор туйғулари жўш уради. Қасиданинг ўн беш халқ тилига қилинган таржимаси
Ашхободда махсус китоб бўлиб босилган. Қасидани ўзбекчага Ўзбекистон халқ
ёзувчиси Муҳаммад Али ўгирган.
Махтумқули она-Ватанининг иқлими ва гўзал табиатини севиб куйлайди.
Қасиданинг дастлабки бандларида шоир Туркманистоннинг географик жойлашуви,
иқлими ва табиатини таърифлаш йўли билан мухлисини Ватан дарвозасидан олиб
киради:


Жайҳун билан баҳри Ҳазар ораси,
Чўл устида эсар ели туркманнинг.
Гул ғунчаси қора кўзум қораси,
Қоратоғдан инар сели туркманнинг.


Ҳақ сийламиш, бордир унинг сояси,
Чирпанади чўлда нори, мояси.
Ранг-баранг гул очар яшил яйласи,
Ғарқ бўлмиш райҳона чўли туркманнинг.


Ушбу сатрларни ўқиркансиз, Туркманистоннинг Ҳақ сийлаган табиатига мафтун
бўласиз. Нор туялар яйраб юрган саҳроларига, райҳонга ғарқ бўлган чўлларига,
ранг-баранг гулларга бурканган яшил яйловларига бориб қолгандек бўласиз.


Ол – яшил безаниб чиқар париси,
Гуркираб барқ урар анбарнинг иси.
Бек, тўра, оқсоқол – юртнинг эгаси,
Қуръон тутар гўзал эли туркманнинг.


Тасвирланишича, гўзал туркман қизлари қизил – яшил либосларда ясаниб
чиқсалар, қадамларидан ёқимли ҳидлар барқ уриб тўрт тарафга файз киритади.
Шоир юртнинг бошида турувчи бек, тўра, оқсоқоллар билан ҳам фахрланади.
Халқнинг ифтихорига сазовор хислатларидан бири – имон-эътиқодли эканлиги
алоҳида сатрда васф этилади.
Мардлик ва жасурлик туркман миллатининг хос сифатларидан бўлиб, у махсус
бандда куйланган:


У марднинг ўғлидир, марддир падари,
Гўрўғли қардоши, сархушдир сари.
Тоғда, тузда қувса сайёдлар тирик
Ола билмас йўлбарс ўғли туркманнинг.


Бу мисралар туркман йигитларининг мардонавор қиёфасини яққол
гавдалантиради. Лирик қаҳрамон Гўрўғлидек афсонавий қаҳрамонларга
қардошлигидан мастона ифтихор изҳор этади. Сўнгги сатрлардан йўлбарс келбатли,
ёвқур, чопқир туркман отлиқ йигитларининг тоғларни гумбурлатиб югуриши
қулоққа чалинади.
Оммавий базмлар, тўйлар, байрамлар ҳар миллатнинг чуқур ифтихорга сазовор
хислатларидир. Махтумқули ҳам фахриядан юраклари тоша-тоша сўйлайди:


Кўнгиллар, юраклар бир бўлиб бошлар
Тортса йиғин, эрир тупроқлар, тошлар.
Бир суфрада тайёр қилинса ошлар,
Кўтарилар ол иқболи туркманнинг.


Бундай фахрия асарлари урф-удумларимизнинг яқинлигидан, умумтуркий
маросимларимизнинг муштараклигидан биз – ўзбекларнинг ҳам юракларимизни
ларзага келтиради. Дарҳақиқат, туркман ҳам ўзбек ҳам йиғин чақирса, халқ
вакилларининг бошлари қовушади, кўнгиллар, юракларнинг ҳароратли тафтидан
тупроқлару тошлар эриб кетади. Жамоатга бир дастурхонда ош тортилиши элнинг
иқболини кўтаради. Чунки бир дастурхондан ош еган эл аҳил, бахтиёр бўлади. Кучқудрат, хайр-барака бирликдадир.
Қуйидаги бандларда туркман одами билан Туркманистон табиатининг уйғунлиги
ўз мумтоз ифодасини топган:


Кўнгул ҳаволанар отга чиққанда,
Тоғлар лаъла дўнар қиё боққанда.
Бол келтирар жўшиб дарё оққанда,
Банд тутдирмас келса сели туркманнинг.


Ғофил қолмас, саваш куни хор бўлмас,
Қарғишга, назарга гирифтор бўлмас.
Булбулдан айрилиб, сўлиб, сарғаймас,
Доим анбар сочар гули туркманнинг.


Отга сапчиб минган туркман чавандозининг кўнгли осмон қадар юксалади.
От устида адл ўтириб теваракка боққан бу чавандознинг ёвқур нигоҳидан
тоғлар лаълдек ёниб нур қайтаради. Туркманнинг қалби шижоат ва эҳтиросдан
мавжлангани сингари, дарёси ҳам жўшиб гўёки сув эмас, бол ташийди. Туркман
суворийларининг довулдай даҳшатли ҳужумига қалъалар дош беролмагани каби,
Туркманистоннинг селига бандлар бардош беролмайди. Тарих сабоқларидан
маълумки, туркман ўғлонлари ҳамиша ҳушёр, сергак, душман билан жангу
жадалда доимо ғолиб ва ўктам бўлиб келганлар. Мардликлари туфайли улар
қарғишга, ёвуз назарга дучор бўлмайдилар. Махтумқули ифтихори муболағасиз.
Булбулидан айрилиб, сўлиб-сарғайиб хор бўлмайдиган, мудом анбардай муаттар
ҳидлар таратиб тургувчи гул туркманнинг гўзал ва сулув, ўз элида эъзозли, қадрли
қизлари тимсолидир.


Уруғлар қон-қардош, ҳамдўстдир бари,
Иқболлар терс келмас, Ҳақ нури ёри.
Мардлар отга минса, саваш саридир,
Ёв устига юрар йўли туркманнинг.


Ушбу сатрлар туркманнинг қон-қардошликка, ҳамдўстликка мойиллиги,
қобиллиги, бахт-иқболга, Тангри сийловига мушаррафлиги мадҳидир; ҳарбу зарбга
ишқивозлиги, жангарилиги, қўрқмас ва қайтмаслиги иқроридир.


Сархуш бўлиб чиқар, жигар доғланмас,
Тошларни синдирар, йўли боғланмас.
Кўзум ғайра тушмас, кўнгил тинчимас,
Махтумқули – сўзлар тили туркманнинг.


Ўз халқини севган шоир баркамол фарзанд сифатида ўзи ҳам ифтихорга сазовор
сиймодир. Шунга биноан, сўнгги банд Махтумқулининг ўз фахриясидир. Шоир
халқига бўлган муҳаббат шаробидан, эл иқболидан масрур жигари доғланмайди.
У азим дарёдай тўлқинланиб оқар экан, тошларни-да синдириб, ўзига йўл очади.
Кўзи келажаги порлоқ халқидан бошқага тушмайди, кўнгли тинчимайди. Туркман
халқининг сўзлар тили бўлиб тинимсиз сайрайди.


МАХТУМҚУЛИ – ЭЛ КУЙЧИСИ


Ўзбек халқи Махтумқулини ўз шоиридай севади. Бунинг боиси шуки,
Махтумқули адабий мероси ғоявий мазмуни, фалсафий моҳияти, маънавий
руҳий хусусиятлари жиҳатидан ўзбек мумтоз адабиётига жуда ҳам ҳамоҳангдир.
Махтумқули шеърлари ўзбек халқининг маънавиятига, одамгарчилигига мувофиқ
мазмунда битилган. Назмининг ўзбек мумтоз адабиётига ҳамоҳанглиги яна
шундаки, ғоявий мундарижасига, фалсафий йўналишига, тимсоллар тизимига
кўра, тасаввуф таълимотига таянган. Махтумқули мероси саҳифаларида энг илғор
сўфиёна йўналишлардан – жавонмардлик тариқати нафаси яққол уфуриб туради.
Шоир деярли ҳар бир шеърида мардликнинг моҳиятини очиб, номардликнинг
оқибатини фош этиб, мардлик амалиётидан сабоқ бериб боради. Тасаввуф мураккаб
таълимот бўлишига қарамай, Махтумқули ўзининг жавонмардлик шеъриятини
содда, самимий ва халқчил бир услубда яратган. Шунинг учун кенг халқ оммаси
хонадонларида Махтумқули шеърлари асосида яратилган қўшиқлар тез-тез янграб
туради. Шулардан бири «Кўринг» радифли шеърдир.
Бу шеъри билан Махтумқули инсоншунослик сабоғини, одамни таниш дарсини
беради.


Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,
Маъракада ўтириб-туришин кўринг.
Биров билан ошна бўлай десангиз,
Аввал ўз сўзида туришин кўринг.


Йигитнинг маъракада ўтириб-туриши унинг асли-насли қандайлигини, қанақа
муҳитда ўсганлигини, нечоғлик тарбия кўрганлигини кўрсатади. Шунинг учун
Махтумқули маъракани йигитнинг асиллигини кўрсатувчи белги сифатида
таъкидлайди. Лафзи ҳалоллик ҳам олижанобликнинг муҳим шартларидандир. Шу
боис биров билан ошна тутинишдан аввал унинг лафзи ҳалоллигини синаб кўриш
лозимлигини уқтиради.
Манманлик, такаббурлик ёмон хислатлардан биридир. Чинакам давлатманд
одам бойлиги билан мақтанмайди. Махтумқули пули билан керилиш пасткашларга
хос хусусият эканлигини бундай ёзади:


Бир пул тушса бир ифлоснинг қўлига,
Кўксин очиб кезар қишнинг елига.


Бу мисралар бизни кибру ҳаводан сақланишга чақиради. Қиз танлаш, келин
излаш ҳар бир оила ва ҳар бир йигитнинг бўйнида бор. Шоир бу борада ҳам нозик
дид билан зукко насиҳатини айтади:


Харидор бўлсангиз қизга, келинга,
Адабин, икромин, ўтиришин кўринг.


Булар энг оддий ташқи белгилар. Лекин қизнинг асл маънавий қиёфаси, ахлоқодоби мана шу оддий белгиларда ҳам намоён бўлиши мумкин. Биринчи навбатда
қизнинг одоб-икроми, ўтириш-туриш маданиятига эътибор берган йигит адашмаса
керак. Махтумқули сабоғидан ибрат олган қизларимиз ҳам бахтли бўлишлари
шубҳасиз.


Мард йигитнинг от-яроғи шай бўлса,
Етишар ҳар ерда ҳайда-ҳай бўлса,
Ўзи ҳотам бўлиб, яна бой бўлса,
Чор атрофдан меҳмон келишин кўринг.


Халқимизда “Иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур” деган нақл
бор. Туркманларда йигитнинг биринчи яроғи от ҳисобланади. Махтумқули мард
йигитнинг от – яроғи шай бўлса, ҳар қандай мақсадига эришади деганида, шунга
суянади. Йигитнинг яроғи ҳамиша шай бўлса, ўзи афсонавий Ҳотамдай сахий
бўлса, яна бунинг устига, бой-бадавлат бўлса, у орзудаги жавонмарднинг ўзгинаси.
Бундай олийҳиммат, мард инсон дўсту ёр, меҳмону мезбон ардоғида яшайди.
Шоир Тангрига шикоят ва илтижо билан ижтимоий тенгсизлик ҳақиқатини
айтади:


Бир нечани қилдинг моли бисёри,
Бир нечани қилдинг бир пулнинг зори.
Айни пайтда, инсонларни охиратдаги тенгликдан огоҳ этади:
Яхши-ёмон, одам зотининг бори,
Навбат билан ўтиб боришин кўринг.


Бундан хулоса шуки, бой ва камбағал, яхши ва ёмон навбати билан бу дунё
ва унинг молу мулкини тарк этади ҳамда охиратда Оллоҳ олдида барча баробар
гуноҳу савоблари учун жавоб беради. Шунинг учун, эй инсонлар, бу дунёдаги
тенгсизлик ўткинчи бир синов, молингизга ишонманг. Кейинги банд мантиқан шу
фикрни давом эттиради:


Тангри безор, билинг, закотсиз бойдан,
Сиз ҳам қочинг зинҳор ул келар жойдан,
Мардга бир иш тушса, кўрар Худойдан,
Номарднинг ҳамроҳдан кўришин кўринг.


Закот бермайдиган бойнинг бойлиги ҳалол эмас. Шунинг учун ундан Худо
безор, шоир одамларни ҳам ҳаромдан ҳазар қилишга, закотсиз бойлардан қочишга
даъват этади. Махтумқули сабоғича, бошга қандай кулфат тушса, уни Худодан
кўриш – мусибатни мардларча қаршилаш, бошига тушганини бошқалардан кўриш
эса номардликдир. Марднинг ва номарднинг қандай бўлишини Махтумқулининг,
хусусан, мана шу бандлари яққол кўрсатади:


Номард юрар мудом ўлимдан қочиб,
Уйга келганида заҳарин сочиб.
Мард йигит меҳмона кўксини очиб,
Номарднинг меҳмоннан қочишин кўринг.


Мана бу сатрларда эса мардликнинг туриш-турмушида кўринадиган ҳолатлари
ажойиб тасвирланган:


Мард йигитнинг иши суҳбат – соз бўлар,
Кўнгли қиш бўлмайин, доим ёз бўлар.
Яхшининг кўнглида гина оз бўлар,
Ёмоннинг кунда бир урушин кўринг.


Мард йигит – суҳбат ва созга ўч, хушчақчақ, унинг кўнгли ҳамиша ёз ҳавосидай
очиқ, тафтли, ҳароратли. Шунинг учун у ҳамма вақт давраларни қиздириб, суҳбатга
жон киргизиб юради, элнинг назарида ва ардоғида бўлади. Мард киши кўнглида
гина-кудурат сақламайди, номарднинг эса боши урушдан чиқмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу ва шунга ўхшаш асарлар мардликнинг
ҳаётий, бадиий фалсафасидир. Улар жуда содда ифодаланганидан бироз жайдарироқ
фалсафадай туюлиши мумкин. Лекин уларни ҳаёт билан таққослаб мутолаа
этсангиз, чуқур моҳиятига етасиз. Айниқса, Комилжон Отаниёзовдай маҳоратли
ҳофиз ижросидаги қўшиқларни тингласангиз, асардан бениҳоя таъсирланасиз.

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil