Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

АСАРЛАРДА МАЖОЗИЙ УЙҒУНЛИК

Бахтиёр НАЗАРОВ – (1945-2022). Ўзбекистон Фанлар академияси академиги.
Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. Олимнинг тўрт юзга
яқин илмий-танқидий мақолалари Республика ҳамда хориж нашрларида эълон қилинган.
“Ўзбек адабий танқидчилиги”, “Ҳаётийлик – безавол мезон” каби монографиялар
ҳамда “Ўзбек адабиёти танқидчилик тарихи” каби дарсликлар муаллифи.

Сурхон воҳасидан етишиб чиққан, ҳозирги замон ўзбек адабиётида ўз муносиб
ўрнига эга, айниқса, наср жанри тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Шукур
Холмирзаев, Менгзиё Сафаров, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам каби адибларимизни
барча яхши танийди. Чоршанби Деҳнавий ҳам ўз қисса ва ҳикоялари билан улар
сафидан жой олишга интилаётган ижодкорлардандир.
Сурхондарё ва Сангардак, Тўполондарё ва Қизилсув дарёларида чўмилиб,
уларнинг атрофидаги булоқлардан симириб улғайган адиб Чоршанби Деҳнавий
асарларида қадим Денов бешиксозлари, сандиқсозларининг тиниқ миллий санъати
жилоланаётгандек туюлади. Қаҳрамонлар тилидаги табиийликда Боботоғ ва
Бойсунтоғ кенгликларининг манзараси сингдирилгандек тассурот қолдиради.
Деҳнавий тахаллуси билан ижод қилиб келаётган Чоршанби Бойбўсинов
муттасил изланади, қаҳрамонлари характерини тиниқ кўрсатишда, ҳар бир ибора,
сўз бадияти устида астойдил, эринмай меҳнат қилишга интилади. Зуллисонайн,
яъни ҳам ўзбек, ҳам тожик тилида бирдек, эркин ижод қилиб келётган адибнинг
ўзбек тилида “Эзгуликнинг яралиши”, “Акс садо”, тожик тилида эса “Баҳор дар
пеш”, “Шабе, ки осмон фурў рафт”” каби тўпламлари чоп этилган. Чоршанби
Деҳнавий Деновдаги қатор мактабларда муаллимлик қилган, тумандаги “Чағониён”
газетасида ишлаган.
Чоршанби Деҳнавий асарлари орасида “Лайлатулқадр” қиссаси бир неча бор
чоп этилган. Сабаби – адиб бу асарини такрор-такрор ишлади. Қаҳрамонлар
характерига, айниқса, асар тилига қайта-қайта сайқал берди. Шўро замони,
айниқса бу даврнинг сўнгги босқичидаги ҳаёт ҳақидаги мазкур асар ўша тузум
норосоликларини ҳаққоний ва тўғри ёритибгина қолмай, қишлоқдаги бир оила
мисолида бутун жамиятнинг ижтимоий-психологик асосларини бадиий жиҳатдан
теран ва таъсирчан тасвирлагани билан ҳам аҳамиятлидир. Бир қарашда ниҳоятда
оддий воқеалар асосига қурилган мазкур қиссада ўша замондаги қишлоқларимиз,
шаҳарларимиз ҳаётидаги асл моҳият маҳорат билан очиб берилган. Шапалоқдеккина
томорқасида на ота-она ва на фарзандлар тиним билмасада, турмуш оғир — осмон
узоқ, ер қаттиқ. Ана шундай шароитда қисса қаҳрамони Муродали оиласида
навбатдаги фарзанд туғилган. Лекин гўдак муттасил бетоб. У оилага қувонч эмас,
чексиз азоб-уқубат олиб келгандек. Шўро тузумининг охирги босқичидаги алғовдалғовлар, ит эгасини танимайдиган замонда бир томондан йўқчилик, иккинчи
ёқдан иш ҳақининг берилмай қўйилиши оқибатида ҳатто ўша хаста гўдак учун
дорига ҳам пул топилмайди. Бемор фарзанд эса, шундоққина, ота-она кўз олдида
кундан-кунга ҳолсизланиб бормоқда. Дори учун беш-ўн сўм топиб бериш у ёқда
турсин, хазинабон раиснинг гапини бир чақага олмайдиган замон. Адибнинг
иқтидори, маҳорати шундаки, у на жамиятни, на тузумни қоралаш йўлидан
бормайди. Асосан, ҳаётни кўрсатади, қаҳрамонлар характерини кўз ўнгингизда
гавдалантиради. Хулоса чиқаришни асарнинг бадиий ечимига, ўқувчи ҳукмига
ҳавола этади. Китобхон идроки, бадиий дидига ишонади ва бу борада янглишмайди.
Чунки Чоршанби Деҳнавий мазкур асарида кўчма маъно, мажозий ишоралардан
ўринли ва унумли фойдалангани, қиссанинг бадиий тили тиниқлиги, пух¬талиги,
образлилиги ва халқчиллигининг ўзиёқ ўқирманни ўз хулосасини чиқаришга
ундайди.
Қиссанинг бош¬ланиш қисмида Махсум бойвачча турмуш азобларидан обдон
гангиган, лекни ҳалолликдан барибир заррача чекинмаган Муродалига айтган бир
гапи бор: “Тушимда Хизрни кўрдим, – дейди у, – Лайлатулқадргача тоат-ибодатга
амал қилсам, барча истакларим вожиб бўлар эмиш”.
Муродали шўрлик ҳам инсон эмасми, бундай орзу уни ҳам бетаъсир
қолдирмайди. Лекин кундан-кунга ортиб бораётган адолатсизликлар туфайли
дори-дармонга маблағ тополмай, касалманд боласи кўз олдида сўниб борётганию,
аксинча, юлдузни бенарвон урувчиларнинг ҳануз ошиғи олчи эканлиги унинг
дунёқарашини мутеълик измидан чиқара боради. Ёзувчи шу лавҳадан бошлаб
“лайлатулқадр” деган ибора замирига яшринган мақсад ва маънони, у орқали
ифодаламоқчи бўлган ғоясини асар охиригача олиб ўтади, ўқувчини ўзини ўзи
тафтиш этишга ундайди. Қиссадаги асосий ва муҳим йўналишдан бири — бемор
гўдак тақдири ва атрофдагиларнинг унга муносабатини талқин қилишда адиб
модерн услубига мурожаат эта¬ди. Бутун асар мобайнида етакчи қаҳрамонлар
Муродали ва унинг хотини касалманд боланинг жонини сақлаб қолишга ҳаракат
қилганларига қарамай, гўдак нобуд бўлади. Бироқ қизиғи ҳам, аламли томони ҳам
шундаки, ота-она уни тупроққа топширишга шошилмайдилар. Аксинча, ҳаётдан
кўз юмган жажжи фарзандини янада ардоқлашга, эъзозлашга киришадилар. Гўдак
майити уларнинг кўзига гоҳ бус-бутун олтин, гоҳ ундан айрилиш мумкин бўлмаган
тенгсиз қадрият бўлиб туюлаверади.
Исломда Лайлат ул-қадр туни Рамазон ойи ва, умуман, муслим ҳаётининг энг
муқаддас кечаларидан бири эканлиги маълум. Бу кечада осмондан фаришталар
ерга тушиб, ҳар бир мўмин тақдирида йил давомида рўй беражак ҳодисаларни
аниқлайдилар, бандаларнинг гуноҳларини афв этилиши юзасидан тавалло
қиладилар. Бу истак-хоҳишлари рўёбга чиқажаги башорат қилиниши боис, ҳар
бир мусулмон Яратгандан ниятлари вожиб бўлишини сўраш лозимлиги айтилади.
Чоршанби Деҳнавийнинг “Лайлатулқадр” қиссасида бу масалалар хусусидаги
фикр-мулоҳазаларни ҳам, уларнинг аҳамияти ҳақида қарашларни ҳам учратмаймиз.
Бир-икки лавҳадаги Муродалининг хотини билан суҳбатида ҳамда Махсумнинг
Асарларда мажозий уйғунлик
тушида Хизрни кўриб, лайлатулқадргача ибодатда бўлиш барча истакларни ижобат
қилажаги айтилади, холос. Асарнинг бошидан охиригача кечувчи қатор лавҳаларда
эса ҳаётий уқубатлар, адолатсизлик, йўқчилик, тинимсиз меҳнат, “Мактабдан
қайтди дегунча томорқада қуртдай ўрмалай бошлаган, она оёғидан тушиб қолган
эски калишни судраб мактабга кетаётган” фарзандини кўриб юраги увушган отаона руҳияти ва дунёқарашида жизиллаб рўй бераётган ёниш ва ўчиш замирида
айтилмаётган, лекин кўрсатилаётган лайлатулқадр ҳақидаги маъно-моҳиятлар
мавжуд эканини китобхон теран сезиб бораётгандек бўлади. Лекин бу масаланинг
чуқур бадиий талқинини ҳам ёзувчи мажозга кўчиради ва у ҳақида тегишли хулоса
чиқаришни ўқувчининг ўзига қолдиради. Лайлатулқадр маъно-моҳияти зиммасига
бадиий ва мажозий мақсад юкланганини шундан ҳам англаш мумкинки, муаллиф
уни қисса номигача олиб чиқади.
Муродали ва унинг аёли суҳбатларида ҳар иккисининг тиниқ, жонли, ҳаётий
ва реалистик қиёфалари гавдаланади. Муродалининг собиқ райком котиби Қамбар
билан бўлган суҳбати асносида эса жамият, замон, тузумнинг парчаланиб кетишини
келтириб чиқарадиган ижтимоий ва руҳий сабаблари оддийгина ва ҳаётий равишда
очиб берилади. Қиссани аниқ, лўнда, қисқа, кичкина ибораларда чуқур ва кенг
маънолар ёритилувчи, қаҳрамон табиатидаги етакчи фазилатларни шундоққина кўз
олдингизга келтириб қўювчи, салкам афоризм даражасидаги қаҳҳорона образли
тасвир ва ифодалар безаб туради:
“Оти ҳориган араванинг манзилига етиши қийин”, “Шўр ернинг баҳориям бир,
қишиям”, “Ёшариш ҳам, қариш ҳам чўнтакка боғлиқ”, “Омадсиз одамнинг ўйлари
илдиз отмайди” каби гаплар шулар жумласидандир.
Албатта, бундай мисолларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин. Улар Чоршанби
Деҳнавийнинг халқ жонли тилини яхши билишини, уларни янада чиройли ифодалай
олишини кўрсатади.
Мазкур қиссада изчил реалистик услуб ниҳоясига яқинлашароқ бирмунча
дедективнамо тус олгандек кўринади. Бу ҳол, айниқса, Муродалининг гумон туфайли қамалиши, ҳақиқий ўғри Махсум бўлиб чиқиши ҳақидаги воқеалар баёнига
бағишланган жойларига дахлдор. Бу ўринда тасвирдан кўра чўзилиб кетган
воқеалар баёни ўқувчи диққатини асосий ғоя ва мақсаддан чалғитади.
Чоршанби Деҳнавийнинг турли даврларда ёзилган ҳикояларининг аксариятида
адиб ўзи яхши билган, ўзи ҳам қаҳрамонлардан бири сифатида иштирок этган
қишлоқ турмуши, маориф-мактаб ҳаёти қаламга олинади. Масалан, “Одамзод”
номли ҳикояда ўқитувчилар ҳаёти, руҳий дунёсига кирамиз. Муаллимлар
фаолиятидаги конфликтлар, изтироб ва қувончлардан воқиф бўламиз. Адиб
қаҳрамони Рав¬шаннинг иш фаолиятдан ташқари шахсий ҳаётидаги, оиласидаги
маънавий дунёнинг нозик нуқталарни бадиий таҳлил этишга интилади. Ҳикоя
ўтган асрнинг 80-йилларидаги “қалби мактабдаги досканинг ўзидек, истаганида
ёзиб, истаганида ўчирадиган” айрим муаллимлар, ўқитувчи касб-коридаги эрига
“Ойлигинг пайпоғингга ҳам етмайди” дейишгача борган маънавий тубанлашган
баъзи аёллар ва бир томондан кўчма маънода бўлса ҳам тўғри сўзни айтган, мана
шундай ноқулай шароитда меҳнат қилиб, иродасини йўқотмасликка интил¬ган
ҳалол, пок муаллимлар ҳақидадир. Бироқ ҳикояни ўқиб чиқиб, унинг номидан
бироз ажабланишга тўғри келади: “Одамзод”?!
Худди шу фикрни адибнинг “Соясини эркалаётган аёл” новелласи борасида ҳам
айтиш мумкин. Албатта, бу мавзуда жаҳон адабиётида ҳам, ўзбек адабиётида ҳам
кўплаб асарлар битилган.
Умри тугаб бораётган Роҳила холанинг қизи ўн беш йилдан бери фарзанд
кўрмайди. Қизига ачинаётган онанинг руҳий дунёси, синглиси бошидаги бу
мусибатдан азобланувчи аканинг аҳволи, айниқса, бефарзанд аёл қиёфаси,
қалбидаги тубсиз, чексиз изтиробларни тасвирлашда Чоршанби Деҳнавий чинакам
маҳоратини кўрсата олган. Роҳила холанинг ҳам, унинг ўғли, бефарзанд аёлнинг
ҳам қиёфалари, характерлари кўз олдимизда худди ҳаётда кўрганимиздек, худди
қўшнимиздек жонли, ёрқин гавдаланиб туради. Эътирозимиз шундан иборатки,
ҳикоянинг номи бироз ғалати, “Соясини эркалатган аёл”да қандай маъно яширин?
Эҳтимол, “Сояси эркаланган аёл” дейилса маъқул тушарди? Менимча, муаллиф
бу номни беҳуда танламаган. Зукко ўқувчилар мушоҳадаси сарлавҳадаги яширин,
серқатлам мазмунни англаб олар.
“Синглингга қийин, — дейди она ўғлига, — Тушимга кирипти. Соясини бағрига
босиб эркалаётган эмиш…” Албатта, бу туш замирида она орзусига ишора мужассам.
“Лайлатулқадр” қиссасида намоён бўлган, умуман, Чоршанби Деҳнавий ижодига
хос мажозий образ ва ғоянинг ўзаро чамбарчаслиги мазкур ҳикояда ҳам яққол
кўриниб турибди. Айниқса, асар ёруғ сатрлар билан якунланиши қувонтиради:
“бироқ ўшанда… кампирлар тўқиган ёлғоннинг рост бўлиб чиқишини ҳеч ким
хаёлига келтирмаган эди.”
Чоршанби Деҳнавийнинг баъзи битикларига қисқалик, ихчамликка интилиш
туфайли бўлса керак, тезгина, жўнгина нуқта қўйилгандек туюлади. Айрим
ҳикояларда эса масалага бирмунча эски¬ча ёндашувлар, баёнчилик, публицистик
руҳ устунлик қилади. Лекин, маълум жузъий камчиликлардан қатъи назар,
Чоршанби Деҳнавий шунчаки, эрмак учун қалам тутмаганлиги кўриниб турибди.
Ҳар бир ҳикоя ва новеллада адиб турмушдаги бирор муаммо ёхуд чигалликни
кўрсатишга, ёритишга ҳаракат қилади. Қаҳрамонларга, замондошларга
муаллифнинг хайрихоҳлиги, дардкашлиги сезилиб туради.
Масалан, “Қадр”га назар ташлайлик. Унда қишлоқдаги ўқитувчи Ҳамдамов
хонадонида газ йўқлиги у ёқда турсин, тарқатилаётган ғўзапоя етишмаслиги
айтилади. Тиниқ, жонли тасвирлар билан ўқувчида ўша муаллимлар турмушига
ачиниш уйғотади. Умуман, мутолаа жараёнида амин бўламизки, Чоршанби
Деҳнавий аксар ҳикоя ва новеллаларида ўз вақтида қоғозга туширилиши, бадиий
сўз орқали ўқувчига ҳавола этилиши оғир бўлган аччиқ ҳақиқатларни қаламга
олади.
Деҳнавий асарларида модерн услубига хос бўлган аллегория, метафориядан
ташқари аниқ бир мақсад ёки ғоянинг мажоз воситасида бир мунча сирлантириб,
бадиийлаштириб акс эттириш ва образнинг шу ниятга бўйсундира олиш жиҳатлари
устунлик қилади.
Ёзувчи аскарият ҳикояларида, юқорида қайд этганимиздек, масала¬нинг
очиқ ечимини бермай, уни сирли тарзда ўқувчи ҳукмига қолдираркан, бундай
жумбоқларни ечиш мушоҳадаси ҳар бир китобхоннинг қалбида давом этиши билан
муҳим. Асосийси, муаллифнинг энг кичик асарида ҳам узоқ йиллар давом этган
ижодий изланишларнинг ўзига хос виқорли ва шу билан бирга самимий натижасини
кўриш мумкин. Бу эса адиб ижодига нисбатан қизиқишни янада орттиради.
Асарларда мажозий уйғунлик

«Шарқ юлдузи» журнали 2024-й 05-сон

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil