Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ёсин каби шеър ўқигил, шоирим


Дилрабо МИНГБОЕВА – Ўзбекистон Миллий университетининг журналистикафакультетини тамомлаган. Ижодкорнинг “Соғинч”, “Ёмғирзор”, “Сукут”, “Йўлдагиаёл” (шеърий-насрий тўпламлар), “Тимсоллар тилсими” (адабий-илмий рисола), турктилидаги “Ёлғиз ой қўшиғи” (“Yalnız ay şarkısı”) китоблари нашр этилган.


* * *
Камалак рангидан жило,
капалакдан нафислик олиб,
сувлардан сўраб шаффофлик,
софликдан кўчириб нусха,
гул баргидан ғишт териб,
қуёш ёғдуси-ла ёпиб том,
асл сарой қурдим, дўстларим,
шоҳ – қалбим,
фуқаро – туйғулар учун.


Юрагимга ватан яратиб,
асрамоққа этилдим маҳкум:
– Артиб киринг оёғингизни…
Қўлингизда гул билан келинг.
Тартибланг кийим, сочингиз…
Тўхтанг!
Ювиб олинг хаёлингизни!


* * *
Эшикни секин чертаман.
Қаттиқ тақиллатаман.
Зарб-ла ураман.
Тирнаб ўтираман эшикни қирқ йил.
Синган тирноқларим азоб беради
Гоҳ эшикдаги битикларим…


– Қалбингдан кетишни истайман!


Тишларим чархланар исёндан…


Кўршапалакмисол
Ўзимни ураман ҳар томон.
Қанотим борлиги азоб беради
Гоҳ кўзларимнинг кўрлиги…


– Дунёдан чиқишни истайман!


Йиғланмаган ёшлар тиғидан
Қонга тўлар кўзларим…


Тортаман уф:
– У-у-у-у-у-уу-у-у-у-ф!
Айланаман она бўрига…


Кечириш
1
Ерга чўккаладим.
Изларинг ўпдим:
“Фурсат бер
Дилим синиқларин тергали”.
“Йўқ” дединг…
2
Лабим лабларингга босдим
Мисли қонсевгич…
Сенда йўқотилган ўзимни
Қайтариб оламан сўриб.
3
Сени энди кечирдим.


Кимман?
1
О, ҳаёт,
Нуҳ тўфони тошган қалбим қучоқлаб,
Қаршингда тиз чўкдим изиллаб…
Сен эса олдимга отдинг
суякни – севгини!


Суякка андармон итман.

2
Қудуқман –
Юсуфни минг йиллар кутган.
Юрагимга арқон ташлаганлар-чун
Қурбақа атаганман.
3
Исёнман –
Тарсаки тушираман тун юзига
Ёруғ хаёллар билан.
4
Ўлчамман –
Ҳеч кимни ташлаб кетмайман,
Ҳеч кимга бормайман –
Ўзга ўлчамга ўзгараман, холос.
5
Ўткинчиман –
Озору орларни оралаб
Хаёлинг кўчасидан ўтсам эди.
Энг буюк қувонч ҳам ўтади.
Энг буюк қайғу ҳам ўтади.
Нега қўрқишим керак?!
6
Нафсман.
Ҳар гўзалликни чўнтагимга ургим,
Чўккунимча сузгим,
Бўккунимча яшагим келади.
Бу телба ташналик тугамас,
Чунки уни кўргим келади…
7
Мен кимман Худонинг олдида?!


Ўлимга қасида
1
Тун. Тавбаларим билан ёлғизман.
Тун ва тавбаларим қора куй,
Авжлари маромга етарми –
Осмонга етарми?!
2
Муҳаббатга ботиб қолган
Қанотларим оғирдир.
Руҳга енгиллик берсин
Ёсин каби шеър ўқигил, шоирим…
3
Муҳаббатдан теран ёлғон йўқ,
Омонат йўқ ҳаётдан бошқа.
Ҳақиқат сен – қора гулим,
Нафаслари ўтлиғим – ўлим!
4
Бу дунё меники эмасдир.
Сочим силаб туриб
Товонимга бигиз санчган ул
Ҳеч қачон бўлганмас меники.
Тарозида тош босмас
Кўзёшу изтироб меники эмас.
Дўст кўнгил кафтида тутган
Умид меники эмас.


Онам учун ижарага олган
Қувончлар меники эмас.
Фақат сен меникисан!
5
Ҳеч не, ҳеч ким
Севдиролмас сендек ҳаётни,
Нафасингда улуғ севги бор!
Нафасингда улуғ ҳаёт бор!
Шафқат қил!
Шафқат қил!!
Шафқат қил!!!
Олиб кетма!
6
Сени унутмайман ҳеч қачон –
Ёримдан ҳам яқинимсан,
Ватанимсан…


Сени унутмайман ҳеч қачон –
Ҳар бир табассумим сенга аталган,
Кўзёшларим сабаби ўзинг,
Жамолинг хаёлимда,
Ҳаётимда аъмолинг,
Қадамларим сен сари,
Сен томондир йўлларим.
Оқ либосда
Ёғоч отга миниб
Сенга ўзим борурман,
Севгилим ўлим!


Икки карра жадвали


Йилларни илиб қўйдим.
Учириб кетса кетар шамоллар.
Йиллардан ҳам баттар шошяпман.
Шамолдан ҳам баттар шошяпман.
Бир нафасни икки шукрга кўпайтираман.
Ҳижронни бўламан иккига,
Икки баробар кўп тикиламан
Онамнинг юзларига.
Тириклик мадҳияси – ажинларин
Ёдлаб оламан.


Ҳаётни енгаман
Севиб икки баробар…


* * *


Бадавлатман.
Кўзёшларим – мунчоқ.
Туйғуларим – тилла.
Кулгуларим – осори атиқа.
Ҳаммасини сотаман
Бир ютум ҳавога, атиги.


* * *


Дарахтидан айро хазонман,
Оёқлар остида инграб шитирлайман –
Сени куйлайман…
Севаман сени ҳаммадан кўпроқ,
Супуриб ташлама саҳнингдан, ҳаёт!


* * *


Ҳовли супураман.
Чангни артаман.
Бой бераман ҳайратларимни.
Ўчоққа ўтин қилиб ёқаман
кеча қучган дарахтларимни.


* * *


Қара,
Қўллари титраб
Сенинг ҳаққингга
Дуо қилаётган дарахтман…

Қара,
Ёмғир иси –
Соғинч ҳисси
Таралаётган тупроққа
Бош қўйган
Яраланган шамолман…
О, ғуссам –
Қисматнинг қаттол гўзали!
Сенга узатилган қўлларим
Гулласин, сўлсин – етмасин!
Сенга етмоқликка умрим етмасин!


Сабр
Ўғлим Надимбекка
1
Бўронга чидадим.
Кўнглимни ёритган
шамни ўчирди.
Онам мени кутарди.
Соғиндим.
Кейин уни унутдим.
Сабр – вақт.
Ўтиб кетади.
Жумладан, мен ҳам.
2
Надимим – нажотим,
Сабр қилма.
Улғай! Гулла!
Сев!
Изтиробни айлантир гулга!
Сабр – куз.
Ортидан фақат
қиш келар.
Надимим – таскиним,
Сабр қилма ғамга,
тинимсиз,
муттасил,
ҳар лаҳза
мен учун
бахтли бўл!

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil