Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Ассалом, юраги улкан одамлар

Шаҳризод ШОДИЕВ – 1998 йилда туғилган. Самарқанд давлат университетини
тамомлаган. “Зомин” ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. “Салом” номли китоби
нашр этилган.

* * *
Ҳамдард бўлдинг,
Ҳам дард бўлдинг,
Тортинмадинг,
Тор тинмади,
Куйга тўлган ҳаётимда.
Бир кун болиш,
Бир кун нолиш,
Бир кун хониш,
Менда қолди,
Сенда қолди дил – оташгоҳ.
Бунда сен шоҳ,
Бунда мен чоҳ,
“Яқин келма”, қўрқдинг ногоҳ.
Асли сен – мен, бир бутунмиз
Қолган ярим,
Мен-ку тирик, сен чалажон қолган ярам.
Ёлғон билан овунтирдик виждонимиз
Сенда бир юз,
Менда бир юз… Икки юзли инсон(и)миз.
Эй юрагим, заҳмат ейсан ўзни топмай,
Дунёда сўз дединг, айтар сўзни топмай,
Сенга кўзгу бўлган қора кўзни топмай,
Ичингдаги шоҳни уйғот, чоҳни ёпмай,
Эй юрагим!
Ҳамдард бўлдинг,
Ҳам дард бўлдинг!..




* * *
Жанубга талпинган қушман, азизам,
Киприклар тутолмас тушман, азизам.
Сенга кўп ваъдалар берганман, аммо
Қисмат орзуларга душман, азизам.


Тоқатинг тоқ бўлмай тўлдирсам каминг,
Табассуминг билан бахтдир тутганинг,
Бир Худога, сенга аён ютганинг,
Дунёни қувмоққа бўшман, азизам.


Ранжийсан, сўзларим кўнглингга ботар,
Кўзларинг дарз кетиб оғриғинг сотар,
Ҳар кун менсиз тонглар сени уйғотар,
Шундан тушларингдан тушмам, азизам.


Бир дунё яшашга қилади камдай,
Вақт бошимда турар одил ҳакамдай,
Виждон турткилайди ўгай акамдай,
Қушлар қанот берар, учмам, азизам.


* * *
Кунлар гарданимга ўзини ташлар,
Судралиб чарчамас ўтмиш ортимдан.
Борман, дея чиққан неча қуёшлар,
Неча ойлар ярим бўлди дардимдан.


Сулаймон асоси суярми тутсам,
Худо ўз ҳолимга қўйгани дамлар?!
Санамга сиғинган, будга йўлиққан,
Худо ўз ҳолига қўйган одамлар.


Келажак эшикда кутар димиқиб,
Кўчада аёзнинг дайди хатлари.
Мен-чи, дард чекаман, уйда мириқиб,
Кулидан қораяр қоғоз қатлари.


Шифтга қотирилган нигоҳимни уз,
Ўз ҳолимга ташлаб кетма, илтимос.
Сенга беролганим фақатгина сўз,
Фақат сўз бер менга, қанча берсанг, оз!!!


* * *
Салом, болалари дайдиган қишлоқ,
Қаровсиз онадек тўзиган кўчам.
Ҳув ана ёшлигим, уст-боши тупроқ,
Юлдузли кўрпачам, қадрдон кечам.


Самимий туйғулар, ассалом, сизга,
Меҳнаткаш билаклар, офтоб ўпган юз.
Кетмон из елкалар, кеча-кундузга
Тинмай айтаётир «Салом» деган сўз.


Қуёш тиғи тилган бағри доғ тупроқ,
Дарёлари сувга ташна диёрим.
Салом, қонимга ўт, момам қалдироқ,
Қишни меҳмон қилар қорли баҳорим.


Ассалом, юраги улкан одамлар,
Ассалом, онажон, ассалом ота.
Шаҳарга одимлар кетган қадамлар,
Бугун одимлади ортига қайта…


Қоронғи…


Кўзёшларга тўлган бу кўча,
Хазонларга ёзилган нома
Ва пойингга тўшалган кеча,
«Қоронғи» деб қилдинг баҳона.
Юзим қора, куним қоронғи.


Тугамайди кузнинг сиёҳи,
Дилни сиёҳ қилдинг ўқимай.
Энди ҳар тун бундан буёғи,
Шеър ёзаман, мактуб тўқимай,
Дил – сиёҳдон, дилим қоронғи.


Дарахтларнинг қучиб кўксини,
Юлдузларга бўлай деб яқин,
Деразангга қараб, ўксиниб,
«Тўғридаман, мана мен, боққин!»
Кўзи қорам, туним қоронғи.


Сенга айтсам, мақтовлар бекор,
Энсангни-ку қотириб нетгум.
Китобларни севар кўнглинг бор,
Кел, яхшиси китоблар битгум.
Қоралайман, йўлим қоронғи.


Лабларимда пичирлаб, сўзни
Етказаман китоблар билан.
Нигоҳинг-да эркалаб, ўзни
Топиб олгин хитоблар билан.
У ёғи не? Билмам, қоронғи.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil