Сирожиддин ИКРОМИЙ – Садриддин Айний номидаги Давлат мукофоти соҳиби.
1964 йилда туғилган. Тожикистон давлат университетини (ҳозирги ТМУ) тамомлаган.
Ёзувчининг “Меҳр ошёни”, “Ёмғирдан сўнг”, “Жазо”, “Дийдор ҳасратида”, “Қонга
беланган қор” каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари нашр этилган.
Қардошлар адабиёти
Ўша кеча шаҳарнинг ҳавоси анча совуқ бўлди. Ҳаммаёқ музлади.
Ярим тунга бориб, Сорани тўлғоқ тутди. Самад “Тез ёрдам” чақирди-да,
кийимларини алмаштириб, кўчага чиқди. Сора ҳам бор қувватини тўплаб, онаси
Нигина хола ёрдамида либосини алмаштирди: туғруқхонага кетишга тайёр бўлди.
Вақт ўтарди, тез ёрдамдан дарак йўқ. Самад ташвишланиб яна қўнғироқ қилди.
Навбатчи машина йўлда эканини хабар берди.
Самад ниҳоят катта кўча бошига чиқиб олди. Йўлда ҳеч ким кўринмасди. Шу
пайт узоқдан машинанинг товуши эшитилди. Ишқилиб “Тез ёрдам” бўлсин-да,
дея Худога ёзғирарди Самад. Ташвишланишига сабаб бор: ёстиқдошининг илк
бор кўзи ёрийди. Қолаверса, ўзиям йиллар давомида фарзанд ҳидини ҳидлашни
орзу қилган. Мана энди шу орзуларга етишишига кўп фурсат қолмаган, бу қувонч
рўёбга чиқса, елкасидан тоғдек ғам қулайди, қомати ростланади…
“Оллоҳим, умидсиз қилма”, аста пичирлади у. Машина жуда секин келарди.
Самад бутун диққатини ўша томонга қаратди, лекин қанақа машина эканини
аниқлай олмади. “Тез ёрдам” унинг сувратини кўргач, тепадаги чироқчасини ёқди.
Сўнгра серена овози кела бошлади. Самад енгил нафас олди ва қўлини кўтариб,
ўнг томонга бурилишларини ишора қилди. Ўзи тез-тез қадам ташлаб, уйи томон
чопиб кетди…
“Тез ёрдам” машинаси ичидан аввалига чамаси қирқ ёшлардаги эркак ва йигирма
бешлар атрофидаги аёл тушишди.
Эркак музлаган кўчаларда машина юриши анча қийинлашганини айтиб, узр
сўради. Самад ҳаяжонда бирор сўз демади ва орқасидан юришларини илтимос
қилди. Ичкарига киришди. Улар тезда беморнинг босимини ўлчашди.
Дўхтир аёл қутисидан икки-уч шишача чиқариб, уларни аралаштириб игна
ёрдамида беморнинг томирига юборди.
– Туғруқ яқин, йўлга тушамиз, – деди кейин.
Самад аёлини қўлидан ушлаб ёрдам бермоқчи бўлди, аммо:
– Сиз эшик ёнида кутинг, ҳозир чиқаман, – дея рад этди хотини.
Хонадан чиқишдан олдин Сора паст овозда онасига бир неча сўз айтди. Онаси
“тушундим” дея бош қимирлатди.
Самад яна қайтиб хонага кирди ва аёлининг қўлидан тутди. У ердан чиқаётиб
қайнонасидан сўради:
– Сиз қоласизми, ё уйингизга кетасизми?
– Уйни тартибга солай, кун ёришса кетаман, – жавоб берди у.
– Калитингиз борми?
– Бор, – қисқагина жавоб берди Нигина хола…
Йўлда ҳайдовчининг ёнида ўтирган эркак дўхтир телефонида ким биландир
гаплашарди. Суҳбат мазмуни туғруқхонага етганда равшан бўлди: шароит беморни
қабул қилишга тайёр эди. Беморни олиб кириш учун икки ҳамшира кушеткааравани ҳозир тутиб туришарди. Сора эрининг ёрдами билан машинадан тушгач,
улар Сорани кушетка-аравага ётқизишиб, бино ичкарисига олиб кириб кетишди.
Самад кўчада қолди. У ёлғиз эмас эди. Ёнида бошқа бир нечта одам ҳам ўз
фарзандларининг дунёга келишини кутиб ўтиришарди.
Совуқ қотди шекилли, эгнидаги кийимининг ёқасини кўтариб қўйди. Совуқни
енгиш учун у ердан бу ерга тез-тез қадам ташлаб юра бошлади. Тўсатдан эсига
қадрдон дўсти Рауф тушди. Телефонини чиқариб, унга қўнғироқ қилмоқчи бўлди,
аммо вақти эмаслигини тушуниб, фикридан қайтди. Бу ишни кун ёришишидан
кейинга қолдирди. Ярим соатдан сўнг бинодан оқ халати устидан пальто кийиб
ёқаларини ушлаб олган ҳамшира чиқиб, овоз берди:
– Самад ким?
– Мен! – жавоб берди Самад. Шошиб унинг олдига борди.
– Шифокорлар маслаҳатлашиб, болани жарроҳлик йўли билан олишга
келишишди.
– Наҳот бошқа чораси бўлмаса?
– Зарурат бордирки, жарроҳлик қилишади. Она-боланинг жони бирдай хавф
остида, – деди куюниб ҳамшира. – Бу керакли дорилар рўйхати, тезда олиб келинг,
кечикманг. Уларни олгач, 93… телефонига хабар берасиз, мен чиқиб оламан. Хафа
бўлманг, ака, жарроҳлик йўли билан кунига нечта чақалоқ дунёга келади…
Ҳамшира қайтиб бинога кирмоқчи бўлди-ю, яна Самадга юзланди: – Аёлингиз
боланинг йўргагини олишни эсидан чиқарибди. Дориларни келтирганингиздан
кейин уни ҳам ола келасиз…
Самад тезда туғруқхона дорихонасидан дориларни олиб ҳамшира қизга
топширди-да, мижоз кутиб турган таксиларнинг бирига ўтириб, уйи томон
ҳайдатди. У минг хил хаёлга борар, ичини ит тирнарди. Йўл давомида оғзидан сўз
чиқмади. Ҳайдовчи ҳам бирор гап айтмай жим кетишни афзал кўрди. Самад бошқа
тоқат қилолмай ҳамшира қизга қўнғироқ қилиб, аёлининг аҳволини сўради:
– Синглим, мен Самадман, аёлим яхшими?
– Йигирма дақиқадан сўнг жарроҳлик бошланади. Тезда келинг, қон керак
бўлади…
– Ака, тезроқ ҳайдашнинг иложи борми? – ҳайдовчини шоширди Самад.
– Шошилмоқ яхшимас, ука. Худога таваккал қилинг. Ҳаммаси яхши бўлади.
Оз қолди, – насиҳат берди таксичи ва шу билан тили ечилди: – Ана, йўл назорат
хизматчилари ҳам уйғонишди. Қаранг, аллақачон қум сепишибди. Бу қум туз билан
аралаштирилган, ерга тушган заҳоти йўлдаги музларни эритиб юборади… Худо
хоҳласа бу туғиладиган нечанчи фарзанд?
– Биринчи.
– Кеч уйланганмисиз?
– Шундай.
– Биз ақлсизлик қилдик, вақтли уйландик. Ўзимизни барвақт қафасга тиқдик.
На ёшликни кўрдик, на кайфу сафони. Рўзғор ташвишлари ҳаммасини биздан олди.
Аллақачон ўттиз ёшимизда беш фарзанд эгаси бўлдик. Бир томондан эрта уйланиб,
оилалик бўлишнинг ҳам хислати яхши. Мана, қирқ ёшимда тўнғич ўғлим, Худо
умрини берсин, йигирма ёшга тўлади. Тайёр ёрдамчи.
– Тўғри…
Самаднинг сўзлашга ҳуши йўқлигин ҳайдовчи сезди, шекилли, ҳар қалай,
суҳбатни давом эттиришдан ўзини тийди.
Ўша куни Самад гоҳи қон етказар, гоҳи дорихонага югурарди. Хуллас,
жарроҳлик ҳам тугади. Дўхтирларнинг айтишича, ҳаммаси муваффақиятли ўтган.
Энди она-болага ҳеч нарса зарар етказмайди. Самаднинг қувончининг чеки йўқ
эди. Енгил “уҳ!” тортди у. Телефонини олиб, аввал дўсти Рауфга, сўнгра қишлоқда
яшаётган қариндошлари, сингиллари ва бошқа дўстларига қўнғироқ қилиб,
ўғиллик бўлганини хабар қилди. Ҳамшира қизга ҳам қўнғироқ қилди, ундан ўғлини
телефонда суратга олиб кўрсатишини сўради. У тезроқ жигарбандининг чеҳрасини
кўришни истарди. Илтимос бажарилди. Ҳамшира қиз чақалоқни суратга олиб,
Самадга кўрсатди:
– Муборак бўлсин! Паҳлавон туғилди. Уч ярим кило. Тўрт мучаси соғ.
Ўзингизга ўхшайди, гўё олманинг икки бўлагидек.
Фарзанд дийдорига ташна бўлиб юрган Самад унинг сўзларига деярли
аҳамият бермади. Дарҳол қизнинг қўлидан телефонни олди-да, ўғлининг аксига
боқди. Ортиқ ўзини тута олмади. Томоғига нимадир тиқилди. Кўзидан ёш оқди.
Рўмолчасини чиқариб, кўзёшларини артди. Аммо йиғиси тўхтамасди. Унда алам,
ҳасрат, дард қоришиб кетганди. Кўзёшлари бирин-кетин томчилаб юзини юварди.
Ахир қандай ёш тўкмасин, қандай қилиб эски аламларни ювмасин? Бу қувончли
дамларини ўн йил интизорликда кутди-ку! Шу ўн йил давомида унинг тунлари
бедор, егани заҳар, оладиган нафаси дардли эди.
Унинг аламидан хабарсиз ҳамшира бу ҳолатни кўриб, ҳайратда қолди. Нима
дейишини билмасди.
Самад телефонни эгасига қайтарди. Қўлини чўнтагига тиқди-ю, битта юз
сўмликни чиқариб, ҳамшира қиз томон узатди. Қиз пулни иккиланибгина олди-да,
чўнтагига солди ва келган йўлидан қайтиб кетди.
Самад хилват жойга бориб ўтирди. Бир нуқтага тикилиб қолди. Шу пайт раҳматли
ота-онасининг сурати кўз олдида намоён бўлди. Уларнинг сўзлари қулоғида садо
берди: “Сенинг фарзандингни кўролмай армонда кетамиз, шекилли…”
Шу пайт SMS-хабар унинг хаёлини бўлиб юборди. Телефонини ёритди. Хабар
ҳамшира қиздан эди: “Ака, янга ўзига келди. Аҳволи яхши. Иссиқ таом олиб
келинг”.
Самад ойлигини охиригача сарфлаган эди. Ўзича ҳали бу харажатлар тугамайди,
дея фикр қилди. Яна маблағ керак бўлади. У ҳалигача бирор кимсадан қарз олмаган
эди. Буни ўзига эп кўрмаган. Аммо бугун чорасиз қолди. Бу вазиятдан қайси йўл
билан чиқиб кетишини ўйлади. Ахийри йўлини топгандек бўлди. Аёлига қуйидаги
мазмунда SMS-хабар юборди: “Сора, азизим, дунёга келган мирзо ўғил муборак
бўлсин! Сен менга қанчалик қувонч бахш этганингни тасаввур ҳам қилолмайсан.
Сени яхши кўраман”. Сора қисқа жавоб берди: “Муборак бўлсин бизларга!” Самад
яна ёзди: “Сора, пулимнинг ҳаммасини сарфладим. Эр кишининг ор-номуси
кимлардандир қарз олишга ботинмайди. Керак бўлиб қолди, тақинчоқларингни
сотиб, ишни ҳал қилиш керак. Омон бўлсак, сенга ундан-да гўзалларидан олиб
бераман”. Сора жавоб берди: “Жавондаги қутичада, қизил гулли катта чойнак
ичида”.
Самад туғруқхонадан уйигача бўлган уч чақирим йўлни пиёда босиб келди.
Тезда устидаги кийимларини ечиб, хонага кирди. Жавон олдига борди. Қизил
чойнакни ва бошқа чойнакларни ҳам бирма-бир кўриб чиқди, уларда ҳеч вақо йўқ
эди. Ҳайрон қолди. Шу пайт унинг хаёлига аёли билан қайнонаси бир-бирининг
қулоғига пичирлагани келди. Нигина холага қўнғироқ қилди:
– Холажон, Соранинг тақинчоқлари сиздами?
– Ҳа, менинг қўлимда.
– Уларни сизга ўзи бердими?
– Ҳа, ўзи.
– Қачон?
– Роддомга кетишидан олдин. Нега сўраяпсиз?
Самад телефонини ўчирди. Лол-ҳайрон қолди. Гўё бошига бир челак совуқ сув
қуюшгандек бўлди. “Нега Сора менга ёлғон гапирди? Нега тўғрисини айтмади?
Ахир у менинг бир сўзли эканимни яхши билади-ку! Мадомики айтдимми, албатта
бажараман. Бу иши менинг унга нисбатан ишончим йўқолиши ва унинг ҳам менга
ишонмаслигини билдиради. Ахир эр-хотин бир-бирларига ишонмас экан, уларнинг
бирга яшашидан маъно қолмайди. Эҳ, Сора, Сора, нималар қилиб қўйдинг-а? Бир
ёлғонинг билан ҳамма шодликларни йўқ қилдинг, бор умидларни барбод қилдинг.
Мен сендан буни кутмаган эдим. Айтадиларки, “Оқар сувнинг олдини чим билан
ёпиш керак”. Агар юзта ўғил туғсанг ҳам, бу ёлғонинг учун баҳрингдан кечдим.
Ажрашамиз. Менга ёлғончи хотиннинг кераги йўқ…”
Самад Сорани туғруқхонадан олиб кетадиган куни аввал қайнонасига, сўнгра
хотинининг ака-сингилларига қўнғироқ қилиб, ҳаммани уйига таклиф қилди.
Уларга эртароқ келиб янги меҳмонни кутиб олишларини тайинлади. Қариндошлар
шундай қилишди ҳам. Йўл давомида Самад бирор сўз айтмади, ҳатто чақалоқни
қўлига олмади. Соранинг қариндошлари янги меҳмон шарафига остонага пояндоз
ташлашди. Улар қувончининг чеки йўқ. Соранинг акалари азиз меҳмон устидан пул
сочишди. Йиғилган болаларнинг сурури бир олам эди. Соранинг онаси чақалоқни
қизининг қўлидан олиб, уйга кирди. Бошқалар унинг орқасидан юришди. Булар
орасида фақат Самад парвосиз эди, холос. Ҳаммасини гўё бир ўткинчидек томоша
қилиб турарди.
Самад таксичининг ҳақини тўлади. У кетди. Қариндошлар тўпланишиб уйга
киришди. Нигина хола қўлини дуога очди. Янги меҳмоннинг қадамини қутлаб,
унинг умрининг узоқ, барокатли бўлишини тилади. Она бешикни келтириб хона
ўртасига қўйди. Болани унга ётқизишини айтди. Самад айни шу фурсатни муносиб
кўриб, мақсадга ўтди:
– Азиз қариндошлар, таклифимизни инобатга олиб, шодлигимизни ўзингизнинг
шодлигингиз билиб келганингиз учун ҳаммангиздан миннатдормиз. Собир, Ҳалим,
сизлар фақат бир саволимга жавоб беринглар. Тасаввур қилинг, сиз бир ноқулай
ҳолатга тушиб қолдингиз. Бу аввало сизга ва аёлингизга боғлиқ, сиз катта умид
ҳамда ишонч билан унга мурожаат этасиз, лекин у сизнинг вужудга келган хароб
ҳолатингизни тушунмайди. Ёрдам бериш ўрнига сўраганингизни рад этади, ёлғон
гапиради. Энди айтинг, бундай ёстиқдошга қандай муомалани раво кўрардингиз?
Самаднинг гаплари ўтирганларга “томдан тушган тарашадек” туюлди. Унинг
нима демоқчилигини тушунмай, ҳайрон бўлишиб бир-бирларига қарашди. Ўртада
чўккан жимликни Собир бузди:
– Бу билан нима демоқчисан, Самад?
– Саволимга жавоб беришингизни хоҳлайман.
– Ҳалимни билмадиму, аммо мен бундай аёлнинг ковушини тўғрилаб қўяман,
уйдан бадарға қиламан!
– Мен ҳам шундай қилган бўлардим, – деди акаси гапини маъқуллаб Ҳалим.
– Мен ҳам сизларнинг олдингизда шундай қиламан, – деди, яна гап жиловини
қўлга олиб Самад. – Балки, бу одам ақлдан озибди, дея ҳайрон бўларсиз. Ўн йил
фарзанд йўлида интизорлик чекиб, куйиб-пишиб адо бўлди, келиб-келиб бир пулга
арзимайдиган гап учун ўғлини етим қиладими, дерсиз ҳам. Лекин не қилайки,
бошқача муносабат қила олмайман. Соранинг бу ҳадяси учун унинг бошидан
зар тўкишни ният қилгандим. Бошимга кўтарардим. Бир умр азиз билардим уни.
Лекин у ўзининг бир ёлғони билан умид хонамни куйдириб кул қилди, олдимда
ўз эътиборини йўқотди. Тўғрисини айтсам, шу ёлғонидан сўнг мен учун энди у
йўқ. Ҳеч ким мени ўзимчалик яхши билмайди. Ўз табиатимни яхши биламан,
борди-ю ягона фарзандимни ўйлаб қароримдан қайтган тақдиримда ҳам, менинг
Сорага бўлган муносабатим ўзгармайди. Ҳаётимиз мазмунсиз, нурсиз, тароватсиз
ўтаверади. Бундай ҳаёт кечириш менга ҳам, Сорага ҳам кераксиздир. Шунинг
учун сизларнинг гувоҳлигингизда бу уйни ҳамма нарсаси билан унга ва боласига
топшираман, ўзим эса чиқиб кетаман.
– Бир дам сабр қил, болам, – ўртага кирди Нигина хола. – Одам зоти хом сут
ичган, ишларида хато бўлиб туради. Билишимча, гап Соранинг тақинчоқлари
ҳақида боряпти. Аёлларнинг табиати ўзи шунақа, борди-ю бир зираги йўқолса,
назарида дунёни йўқотгандек бўлади. Умрининг охиригача уни эсидан чиқармайди
ва ҳасрат билан эслаб юради. Тўғри, Сора яхши иш қилмади, лекин бир нарсани
бил, болам, бир марта қилинган гуноҳни Оллоҳим ҳам кечиради. Гуноҳидан ўтгин.
Қани, Соранинг ўзидан ҳам сўрайлик-чи, нега ёлғон гапирибди. Уни бу ишни
қилишга нима мажбур қилди? Сора қизим, нега эрингга ёлғон гапирдинг?
Сора ишнинг бундай тус олишини кутмаган эди. Қўл-оёқлари қалтиради.
Уялганидан юзи лола тусга кирди. Ҳаяжондан лаблари пирпираб, титради.
– Сора, жавоб бер, нега эрингга ёлғон гапирдинг? – жаҳл билан сўради Собир.
Сора ахийри ўзини қўлга олиб, тутилиб-тутилиб гап бошлади:
– Тўғрисини айтсам, фарзандимизни дунёга келтиришдан қўрқардим, билмадим
нега, аммо назаримда ичимдан кимдир менга сен ўласан дегандек туюларди.
Ичимдаги мурғак катталашган сари, мендаги қўрқув, ваҳм ошиб борарди.
Туғруқхонага борганимизда эса дўхтирлар жарроҳлик қилинишимни айтишди,
шунда тирик қолишдан умидимни тамоман узган эдим. Шу дам кўз олдимда Ҳадя,
Назора ва Соҳибалар кўрингандек бўлишди. Чунки уларнинг ҳаммаси туғруқ
вақтида оламдан ўтган. Менинг ҳам тақдирим шундай бўлармикин, деган гумонга
бордим. Бу уйнинг ҳамма нарсалари Самаднинг янги хотинига насиб этиши,
тақинчоқларим эса унинг қулоқларида жилваланишини кўз олдимга келтирдим.
Юрагим қоп-қора бўлди. Шу хаёллар гирдобида дил риштам узилиб, умидсиз ҳолда
жарроҳлик столига ётдим. Ўзимга келганимда ҳамон дорилар таъсирида карахт
эдим. Жарроҳликдан сўнг тирик қолганимга ишонмасдим. Ўзимда эмасдим. Самад
акам айтганидек иродам идора қилиш лаёқатида эмасди. Нима деяётганимни,
нима қилаётганимни англамасдим. Шуниси эсимда, ҳамшира қиз, эрингиз хабар
жўнатди, тақинчоқларингиз қаердалигини сўраяпти деди. Ёзинг, жавонда, қизил
гулли чойнак ичини кўрсинлар дедим. Худо шоҳид, ўша лаҳзаларда уларни
кеча онам қўлига топширганимни айтиш ёдимдан кўтарилибди. Негалигини ва
сабабини тепада айтиб ўтдим. Самад акам яхши биладилар, мен ҳеч қачон ёлғон
гапирмаганман. Агарда менга бўлган эътиборлари йўқолган бўлса, у кишини
ушлаб туролмайман, қайси қарорни маъқулласалар ихтиёрлари…
Шу лаҳза чақалоқнинг йиғиси эшитилди. Ҳамма диққатини унга қаратди.
Нигина хола уни қўлига олиб, “алла-алла” дея у ён-бу ёнга тебратса ҳамки, йиғиси
тўхтамади. Сора ўрнидан туриб, боласини қўлига олди. Оч қолгандир деб ўйлади
ва девор томонга бурилиб, сийнасини тутди. Аммо бола кўнмади. Ғашланиши
тўхтамади. Соранинг сингилларига ҳам уни тинчитиш муяссар бўлмади. Аксинча,
йиғиси ундан-да авж олди. Самад, тоқати чидамай, келиб чақалоқни қайнсинглиси
Гуландомнинг қўлидан олди. Қарангки, ўша лаҳзада кичкинтойнинг йиғиси
тўхтади. Самад фарзандининг юзига боқди. Кичкинтой кўзларини очди. Унинг
қора кўзлари ажабтовур товланарди. Назарида, ўғли ундан сўраётгандек эди: “Ҳа
отажон, мени ташлаб қаерга кетасиз?..”
Тожик тилидан
Абдужаббор МЎМИНОВ таржимаси
Абдужаббор МЎМИНОВ – “Шараф”
ордени соҳиби. 1947 йилда туғилган. Душанбе
давлат педагогика институтининг тарих
факультетини тамомлаган. Тожик, рус
адибларининг қисса ва ҳикояларини ўзбек тилига
таржима қилган.