Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Нов бошида икки момокалоним



Эркин АЪЗАМ – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, кинодраматург. 1950 йилда туғилган.
Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетини
тугатган. “Отойининг туғилган йили”, “Олам ям-яшил”, “Жавоб”, “Шоирнинг тўйи”,
“Шовқин”, “Кечикаётган одам” каби бир қатор китоблари чоп этилган. “Дилхирож”,
“Эркак”, “Сув ёқалаб”, “Паризод” ва бошқа кўплаб бадиий фильмларнинг сценарий
муаллифи.


“Келинг, Эркинбой, бир гурунг қилайлик…” Ғойибона суҳбатдош саволсўроғини нимадан бошлаган бўларди дейсиз? Албатта: қачон, қаерда туғилгансиз?
Ота-онангиз ким? Болалигингиз қандай ўтган? Эсингизда қолган бирор ёрқин,
мароқлироқ воқеани айтиб берсангиз? Адабиётга қизиқишингиз нимадан
бошланган? Илк машқларингиз нима ҳақда эди? Ва ҳоказо, ва ҳоказо.
Бу каби саволларга мен бирда ёзма, бирда оғзаки (радио ва телевизор орқали)
кўп марталаб жавоб қилганман. Илк севги, вафо-бевафоликка ўхшаган нозикроқ
мавзуларга келганда эса ҳеч қачон тўғридан-тўғри жавоб берилмаган – одоб-ахлоқ
ва шаън масаласи бор ўртада; мушкулроқ эса-да, буларни бадиий ёзмалардан
“пайпаслаб” билиб олса бўлар. Дарвоқе, кимга зарил денг – минг йиллик савдолар!
Тўғриси, ушбу шарҳномани бирор адабиётшунос дўстимга, дейлик, фан
дўхтирими, профессорга ёздирсам ҳам бўларди. Овора қилгим келмади: шунча
нарсани ўқиб чиқиш керак, кейин илмий таҳлил, аллақайси китоблардан таққосу
иқтибослар қидириш азоби… Турган-битгани машаққат! Менингдек фақиру
ҳақирнинг қачондир, нимадир қилганим ёки деганим кимга қизиқ, нима даркори бор
ўзи?! Расмияту китобийликка азалдан тоб-тоқатим йўқ. Шусиз ҳам “меншунос”лар
етарли, бири камина тўғрисида китоб-рисолалар битган, яна бири диссертация
ҳимоя қилган (Қуллуқ уларга, Оллоҳ рози бўлсин!). Ҳатто бир тўпламнинг
маълумотномасида кишини хижолатларга ботириб “аъзамшунослик” деган ибора
ҳам қўлланганки, эсласам, доим уятдан юзим ловиллаб кетади. Яна бир шундай
китобга (ўзим ҳақимдаги) анчайин кўз ташлаб бериш таклиф қилинганида қўлга
олмоққа ҳам ийманганман: биров кўриб қолса уят бўлади-ку! Камтарликданми бу
ё димоғдорликми? Билмадим, билмайман.
Хуллас, шугина битикни “шунос” биродарларимга ташвиш орттирмасдан
ўзим ёзиб қўяқолай дедим. Илк, саҳиҳ манба дегандек. Эрта бир кун биров даъво
қилолмайди – боримиз бор, йўғимиз… Тўғрими?
Алқисса – қачон, қаерда туғилган эканман? Киндигимни ким кесгану
танглайимни ким кўтарган?
Буларни кўп бора қайд этганман, келинг, такрор бўлмасин, илгаригилардан
кўчириб олақолай:
“Раҳматли бибим, “Асад ойида, айни қовун пишиғида туғилгансан”, деб
гапирардилар. Онамнинг эслашларича, пода қайтар маҳали дунёга келган эканман…
Қачон, қай палла ёки қаерда туғилиш одамзоднинг қўлида эмас. Лекин менинг пода
қайтар маҳали таваллуд топганим аниқ – буни мени дунёга келтирган зот айтган.
Бу воқеа 1950 йилнинг 10 август куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида
содир бўлган экан. Мен бундан асло пушаймон эмасман: туғилган санамдан ҳам, кўз
очган жойимдан ҳам”. (“Эрталабки хаёллар” китобига сўзбошидан. “Ўзбекистон”,
2015; 3-бет.)
Қавс белгиларию манба маълумотларидан тадқиқотга тортиб кетяпти-я? Майли,
сўзбоши сўзбошига ўхшасин-да: изоҳу иқтибослари билан!
Мана, эсон-омон туғилиб ҳам олдик. Оиладаги ўн бир фарзанднинг тўнғичи
ўлароқ биргина мен туғуруқхонада кўз очган эканман, қаранг.
Онамизнинг истамайроқ, ирим билан тилга олишларича, биздан салгина аввал
Худонинг суйган бандаси Фарид дунёга келган экан – Фарид тентак, Фотма
тентакнинг кимданлиги номаълум ёлғиз фарзанди. Мактабимизда фаррошлик
қилган семиз, қип-қизил юзли асабий Фотма хола, кап-катта бўлганида ҳам кўчакўйда телбагинасининг белидан чилвир ўтказиб, ўзининг белига боғлаб юрарди.
Она бирон сабаб билан йўлда тўхтаса, бола шартта ерга ўтирволиб тупроқ
ўйнамоққа тушар, ҳовучидаги гилни бошидан ҳам сочар эди. Жўнаётиб она,
“Фарид, кил мунда!” деб чинқирар, сўнг пинак бузмай ўтирган боласининг бошига
бориб гурзидек мушти билан аямай солар эди…
Худойимнинг меҳрибонлиги! Ажаб эмаски, ўша лаънати соатда туғилганингда…
Астағфирулло, астағфирулло. Кейин ҳам умр бўйи каминага халоскорлик қилган
фаришталар – меҳрибон муаккалларим ўшанда илк бора бошимда туриб олган
кўринади…
Билмайман, эллик-олтмиш йилдан буён қаерда, нима қилиб юрган эканман,
келиб-келиб энди, ёш қайтганда қизиқадиган бўлиб қолибман: қай тарзда
туғилганиму тепамда кимлар тургани, ўша куни осмонда булут бўлган-бўлмагани ва
ҳоказо. Бахтимга, онагинам барҳаёт, Бойсун борганимда ижикилаб суриштираман,
у кишиям эринмай хотирлайдилар.
Анов бадхаёл гапларимни айтсам, волидам жеркиб берадилар:
– Қўйсанг-чи, балам, у замонлар бир палатада саккиз-ўн кишилаб ётарди. Ўша
куни туғилган битта сен билан Фарид эканми?! Фотма холанг азалдан девона эди,
палатада ётиб ҳам эркак дўхтирлардан попирис сўраб чекарди. Шу онадан соғ бола
туғилсинми?!
– Киндигимни аниқ ким кесган, эна – Давид дўхтирнинг онасими ё хотини?
– Неча марта айтдим-а, балам, шу қайнона-келиндан бирови кесган-да, ишқилиб.
Бўйим бир қаричгина етим қиз эдим, ўзим чириллаб ётибман, эсимда қоптими!
– Демак, момомиз яҳудий экан-да, эна?
Иш тикиб ўтирган бечора кекса онам мунғайиб қарайди:
– Ўша пайтда мен сенга тўғри момони қайдан топаман, балам? Яҳудиймибошқами, кесган-қўйган-да.
Гап шундаки, биз томонларда чақалоқнинг киндигини кесган одам унинг
момоси ҳисобланади. Момонинг унча-мунча феъл-хўйи болага ҳам ўтармиш…
Бир йили кўп киночисини эргаштириб Масковдан режиссёр дўстим Юсуф
Розиқов съёмкага келди. Фильм воқеалари Бойсундан бошланар экан, бирга
юрмайсизми, деди, йўқ деёлмадим. Юмшоққина, роҳатижон автобусда “натура
қидириб” Бойсунни кезарканмиз, йўл-йўлакай меҳмонларни зериктирмаслик учун
билган ҳар баломни вайсаб кетдим: киною киноарбоблар ҳаёти ҳангомалари,
тарих, этнография, жаҳондаги ажойиботлар дегандек; умрингиз ўтган сари кўп
нарсани кўрар, билар экансиз-да. Шунда бояги меҳмонлардан бирови бунча факту
маълумотни қаёқдан билишимни сўраб қолди. Шўхлигим қўзиб, тилимга келган
гапни айтворибман: “Негаки, менинг момом яҳудий бўлган!” Ҳамма бирдан жимиб
қолди. Машинада бойсунлик жўралардан ҳам бир-иккитаси бор эди, улар ҳайратда
денг; меҳмонларнинг икки-учтаси кўзи чақнаб, мен томонга эҳтиром биланми,
илиқлик биланми қараб қўйганини сездим.
Бойсунлик жўралар уч-тўрт кун шуни кулги қилиб ҳам юришди. Ҳатто бир
кун қаёқдандир қайтиб келаётувдик, Бойсунга кираверишда машинани тўхтатиб,
“Момонгиз шу ерда ётибди, юринг, зиёрат қилиб ўтайлик. Яҳудийми-баломи,
киндигингизни шу доя кесган экан-ку”, дея йўлдан пастга бошлаб ҳам тушишди.
Йигирма чоғлиқча қабр, саранжом-саришта, қўрасимон қилиб ўраб қўйилган.
Кўкиш мармарларда иброний ёзув. Қани буларни ўқий билсанг! Девонахаёл олиб
қочади: бир томчи бўлсаям қонинг шулардан бирининг бармоғига сачраган-да!
Ўзинг кечиргайсан, Оллоҳим!
Илк болалигим ўтган бобомнинг ҳовлиси туман касалхонасига яқин, деярли
девор-дармиён эди. “Гули-гули” қиссасида тасвирланмиш каллар ҳангомасини
мен ўша ерда кўриб ёзганман. Катталар, “Давид дўхтир, Давид дўхтир”, деб кўп
гапиришарди, шунданми, ўзимча уни биладиганга ўхшардим. Ҳолбуки, у мен тўрт
ёшлигимда Денов туманига кўчиб кетган экан – қаёқдан кўраман? Асли бухор
яҳудийси бўлган Юрий Соломонович Давидов хотини ва онаси билан касалхона
боғининг ичкарисидаги оқ уйларда яшаган; кейинчалик ҳам бош врачлар бари шу
бинода истиқомат қилди.
Демак, шу икки аёлдан бири кесган бизнинг киндикни! Ўша момомиз туфайли
“ғиж-ғиж ақлга тўлиб” юрганимизда мисимиз чиқди денг. Бойсунга навбатдаги
боришимда эшитдим, жўралардан бири аниқлабди: Давид дўхтирнинг хотини
яҳудий эмас, ўрис бўлган экан! Бунга энди чидаб бўлмасди. “Не ҳасратда бичибтўқилган чўпчагим” чиппакка чиқадиган! “Ўрис аёл ҳеч қачон бухор жуҳудини эр
қилмайди, жуҳуд ҳам ҳеч қачон ўрисга уйланмайди!” дедим, бунга қарши бир дунё
мисол борлигини билсам-да. Дўстлардан бири ишонди, бошқаси эса ишонмоққа
мажбур: Тошкентларда яшайдиган ёзувчи одам билмасдан сўзламас, боз устига –
момоси жуҳуд!..
Худога шукр, ўзимнинг қўша-қўша момоларим бор, бари муслима. Анови бир
томчи қон масаласига келсак… Худойимнинг даргоҳи кенг!
Буни ўқиган баъзилар, “Эркиннинг пишиқлик сабабини энди билдик!” дея
жиртак чалиши мумкин. Аслида содда, ишонувчанлигимдан доим куйиб юраман.
Ёшликданоқ шундай эдим, ҳамон “ақлим киргани” йўқ. Кўмак беринг, жуҳуд момом!
Баъзи тарихлар эса мен туғилмасдан йигирма йиллар олдин бошланган.
Оилада уч-тўрттамизнинг ё қулоқ, ё бурун, ё томоқдан шикояти бор. Раҳматли
отамиздан ўтган эмиш. Неваралардан биронтаси пинқиллаб, бурни битганидан
нолигудек бўлса, бувисининг “ташхиси” тайёр: “Бобонгдан ўтган!” Бобоси – биз.
Одам ўзи тугул, аждодларининг гуноҳи учун ҳам умр бўйи тўлов бериб яшайди.
Бибимизнинг боласи турмаган экан. Туғилгани бир балога учраб, ўлиб
қолаверибди. Шунинг учун отамиз туғилган заҳоти нажот истаб фолбинга олиб
чопишибди. (У замонда дўхтирга ишонч бўлмаган-да; дўхтирнинг ўзи ҳам йўқ
экан.) Фолбин, боланинг бешигини икки кечами-уч кеча боболарининг гўри устида
тикка қилиб қўйинглар, арвоҳлар тўйиб олсин, чақалоқнинг ўзини эса Қизил
айзонда (Бойсунимизда шундай қадамжо бор, анови “қизил”ларга алоқаси йўқ,
тупроғи қизғиш, холос) ўтирадиган шайхнинг этагига солиб олиш керак, қолганини
ўша шайхдан билиб оласизлар, дея йўл-йўриғини берибди. Чиллали онани уйда
қолдириб, икки момокалонимиз – Жангил биби билан Зиёда биби чақалоқни кўтариб
Қизил айзонга боришибди. Шайх таомилини қилиб болани этагига солиб берибдида, учта илму амал буюрибди. Биринчиси – боланинг қулоғидан нўхатдек этни кесиб
олиб онасига едирмоқ; иккинчиси – тарозининг бир палласига болани қўйиб, бир
палласини тоза чимга, кейин эса буғдойга тўлдириб, бараварлаштирмоқ; учинчиси
– зиён-заҳматдан фориғ бўлсин дея йўргакни уч бора оқар сувда оқизиб олмоқ.
Дастлабки икки тадбирни адо этгач, икки кампир болани кўтариб этакда
оқадиган анҳор бўйига келади. Сувнинг тегирмон новига яқин тезоқар бир жойини
танлаб илму амални бошламоқ бўлиб турганларида, ҳаяжонданми ё ўзи эпсизроқ
эканми, Зиёда момомиз қўлидаги болани сувга тушириб юборади. Ҳайтовур, бошқа
момо чаққонлик қилиб ўзини саёзроқ ерга ташлаб, жиққа ҳўл йўргакни сувдан олиб
чиқади. Бир четга ўтказиб қарашса – чақалоқнинг оғиз-бурни сувга тўлган, базўр
нафас оляпти. Худо раҳмат қилгур Зиёда момо (“қаҳрамонимиз”, бул кечмиш ўша
кишининг оғзидан эшитиб олинган, Жангил момомизни эса кўрмаганмиз ҳам) бир
панага ўтиб шартта кўйлагини ечади-да, устки куртасини ёпиниб, аксира-аксира
қизариб кетган чақалоқни қуруқ матога ўраб олади; йўргагини ҳув нарироқдаги
тош устига ёйиб қуритадилар.
Икки момо бир-бирига қараб сурат бўлиб ўтирганмиш, буниси: “Қизимга нима
дейман энди?”, униси: “Келинимга нима дейман энди?”
Уйга келгач, чақалоқ ўн кунча иситмалаб ётибди-ю, ҳартугул, Худойим
меҳрибонлик қилибди.
Бу – отамизнинг омон қолиш тарихи.
У киши олтмиш олти йил умр кўрдилар. Ўн бир фарзандни тарбиялаб вояга
етказиш, уларни ҳалол луқма билан боқиш осон бўлмаган, албатта. Катта-кичик
вазифаларда юриб, ўзларига яраша обрў-эътибор топдилар. Лекин доим ё қулоқ, ё
томоқ, ё бурундан нолиб ўтдилар. Чақалоқликдаги ўша “ғаввослик” касригамикан?
Энди шунисига ҳам шукр деймиз. Мабодо ўшанда йўргак тўғри тегирмон новига
қараб кетганида… наузанбилло, наузанбилло, ушбу сатрларни ёзаётган қўллар ёруғ
дунёни кўрмасди, сиз ҳам бу гапларни ўқимас эдингиз…
Ўша дардлардан биз ҳам азоб чекиб юрамиз, шу жиҳатдан бизни-да қисган
демоқ мумкин. Лекин Худога шукрки, берганлари ҳам кам эмас.
Азал бошлаб бергани – Бойсундек жойда туғилганим. Бир ёзувчи дўстим,
“Сенинг Бойсунинг бор!” деб ҳавас қилгани эсимда. Ўзи нақд тошкентлик!
“Бойсун, Бойсун” деб ваҳима қиласизлар, намунча, кафтдеккина жой экан-ку?!”
дейди яна бири лаб буриб. Ана шу “кафтдеккина жой” менга бутун бир олам бўлиб
туюлса нима қилай? Алмашгусиз олам. Сир-синоатга, қиёмат кечмишларга тўлиқ
олам. Тошкентда яшаётганимга эллик йиллардан ошди, ўн етти ёшга тўлар-тўлмас
Бойсундан чиқиб кетганман. Ажаб, олис-олис юртларда юрганимда уйни эсга
олсам, нечундир ҳар гапга эллик йиллик Тошкент эмас, болалигим кечган Бойсун
тилга келаверади. Нега бундай экан-а?
Бойсунлик уфқ нималигини билмайди. Бойсунлик туғилибоқ тоғни кўради;
офтоб чўққилар оша чиқиб чўққилар ортига ботади – осмонни қонга бўягувчи
шафақ-ку бор, лекин кенг-кенг уфқлар қани?
Ўзим илк бор бобом билан момомнинг пастак деразасидан қараб кўзим
тушгани – тоғ эди, тоғ. Тикилиб ўтиравериб-ўтиравериб чарчаблар кетганман:
анови чўққиларга тирмашиб бораётган қўй-эчкилар галаси қачон тамом бўларкан?
Бола фаҳмимга қўй-эчки деб ўйлаганим аслида арча, арчазорлар экан. Улғайгач
эса кўп замон таажжубда юрганман: одам ҳам тоғсиз, адирсиз, теп-текис жойда
туғиладими? Туғилса, у ерларни қанақасига ватан атаб бўлади? Бегоналар билиб
қолмасин деб секингина ичимда ўйлайман: биз бойсунликлар ана шу жонибдан
ҳам андак ўрроғу ўжарроқ, андак бодироқ эмасмиканмиз? Юксакликларга боқиб
ўрганган кўзга теп-текис манзиллар писанд эмас-да!
Ҳадеб Бойсунингизни мақтайвермасдан сал пастроқ тушсангиз-чи, бурунбойу
қорабой дўстим! Бойсунингизнинг тоғлари баланд, табиати кўркам экан – билдик,
саратонда салқину қаҳратонда беқаҳр, тўрт тарафи қўрғондек берк экан – эшитдик.
Нега бўлмаса, дейлик, Тошкентдан борган бежиримгина меҳмон икки кундаёқ…
нима деса бўлади… алланечук чуйкаброқ, қорайиброқ қоладими-ей?
Бунинг сабабини бизнинг тўқсон яшар энамиздан сўранг. “Шу экки кунгинада
рангингга ранг кирди-я, балам, – дейди у киши “офтобда тобланган” бетларингизни
силайтуриб. – Бойсунимиз пича осмонга яқин-да, ўлай сенга, осмонларга яқин!”
Мен бу сатрларни қалам тутган бойсунликки бор, барига устоз саналган
отахон журналист Очил Пардаевнинг Бойсун аҳлини нақл қилиб ёзган “Эҳтиром”
китобларига ўзим битган камтарин сўзбошидан териб-териб кўчирма қилдим.
(“Осмонларга яқиним”, 3–8 бетлар. “Тафаккур” нашриёти, Тошкент – 2017.)
Осмонларга яқиним! Сени гоҳ Боғболо, гоҳ Зарангу Жийдали деб васф этдим,
мусофир ўғлингдан рози бўлгайсан. Сен туфайлидир, дунёнинг Тошкент ёки
Париж аталмиш донгдор мадиналарида туғилмоқни ҳавас қилмаганман, шукр,
бунинг иложи ҳам йўқ…
Энди илк болалик хотираларидан бир-икки шингил.
“Беш-олти ёшларда эдим чамаси. Бобомнинг ўттиз сотихча келадиган каттакон
ҳовлисида турардик. Ҳовли колхоз боғига туташиб кетган. Ҳатто ўшанда кийган
кийимим ҳам эсимда: отамнинг “пўрим” костюм-шимидан онам бўйимга мослаб
бир нима тикиб берган эди. У замонларда ёш болаларга яраша бунақа кийимбошни дўконлардан топиш амримаҳол эди-да.
Хуллас, костюм-шим кийиб, ясанволиб аммаларим билан колхознинг боғига
тушганмиз. Олчазор, ўрикзорлар оралаб кетаётганимизда адашиб, ёлғиз қолганман.
“Энди бутунлай шу ерда қолиб кетдим” деган ваҳимада шунақа қўрққанманки,
ўтириб олиб роса йиғлаганман.
Кейинчалик ўша боғ билан уйимиз ўртасидаги масофани чамалаб кўрсам, борйўғи икки юз-уч юз қадам келар экан. Лекин дарахтзор жуда қуюқ бўлган-да. Шу
ҳодиса хотирамга маҳкам муҳрланиб қолган. Гарчи бу гапга эллик беш йил бўлаётган
эса-да, ҳозир ҳам баъзан ўшандай ҳолатга тушаман. Мени ҳеч ким тушунмаган
дамлар кўпинча шундай бўлади. Сизни ҳеч ким тушунмаса, йўқолгандай гап-да,
тўғрими? Гоҳо ўйлайман: йўқолиш ҳодисаси менинг қисматимга уйқаш бир ҳол
экан-да”. (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2011 йил 4 ноябрь
сонидаги “Қалби бедор қаҳрамонлар” суҳбатидан кўчирма.)
Бу лавҳага қўшимча шуки, бозорбошидаги ҳовлимиз торлик қилиб, отамиз
кейинчалик худди ўша мен бола чоғим адашган жойлардан томорқа солдилар.
Энди бизнинг бориб-келадиган ота уйимиз шу.
…Ён-веримиздаги қўшни жўраларнинг барида велосипедча бор – бизда йўқ.
Йиғию хархашалар бефойда, отамиз олиб бермайди.
Ёз кунлари укам иккаламиз очиқ айвон этагидаги ёнма-ён қўйилган
симкаравотларда ётамиз. Бир эрта одатдагидек кеч чошгоҳда уйқудан кўз очиб
бундай қарасам, ҳовлининг нариёғидаги пастак бостирма лабида ҳар-ҳар жойи зар
ҳалқали қип-қизил учоёқ “қувонч” чўғдек ёниб турибди!
Кечалари ётганда ҳам шу арзандамнинг ялтироқ рулчасидан ушлаб ётардим
десам ишонаверинг. Шундай қилмасам, ёнимдаги, мендан атиги бир ярим ёш
кичик босилқа укам Воҳид опқочиб кетиши мумкин-да! Қорда ҳам, ёмғирда ҳам
тойчоғимдан тушмасдим. Эсимда, шундай бир ҳаво тунд, лойгарчилик кунида
Самад жўрам билан эрмагимизни ҳовлида нари-бери суриб-сургаб юриб эдик,
айвонда юзи чарақлаб Малика бибим кўринди: “Ҳов бола, суюнчи бер, укачали
бўлдинг!” Фарҳоджон туғилган эди. Катта хонадонимизнинг доим тайёр дастёри,
оиламизнинг тиниб-тинчимас балогардони. “Яхши кунимда туққан эканман сени,
балам”, деб дуо қиладилар уни энам. Ҳаво расво, осмон хўмрайган, ҳаммаёқ лой,
рутубатли кун эди, Фарҳоддек йигит дунёга келди… Худойимга шукроналар!
Демак, ўзим ўшанда етти ёшда эканман.
Мактабга чиққанимда ҳам, каттароқ бола бўлганимда ҳам “Кўча-кўйда мошин
кўп!” дея қайтиб менга велосипед олиб берилмади. Ҳали-ҳамон эрталаб уйқудан
бир илинж, бир умид билан кўз очаман. Худо берган умрда кўп рўшноликлар
кўрдим, кўп олқишларга эга бўлдим, кўп нарсага эришдим, шукр, бироқ ҳув ўша
болаликдаги қувончни қайтиб туймадим…
Бола эдим – пошшо эдим-да!
…Ҳозирги ёшлар билмайдиган, аммо биз тенги авлодга қадрли, серзавқ Май
байрами эди-ёв. Ҳамма кўчада, ясан-тусан. Ҳар ёқда даъваткор куй-қўшиқлар
садоси, кўз тушган ҳар ёқ ловиллайди – алвон шиорлар. Туманнинг бош кўчасидан
кетяпмиз. Отда. Отам билан мен. Падаримнинг белларидан маҳкам қучоқлаб
олганман. Кўрган бизга ҳавас билан тикилади: ота-бола отда даврон қилиб
юришибди; қаёққа кетишяпти экан?
Марказдан сал ўтиб, чап қўлдаги каттакон дарвозага буриламиз. Ланг очиқ
дарвозадан отда тўғри ҳайҳотдек ҳовлига кириб борамиз. Икки томон оқ иморатлар,
ҳув этакда футбол-волейбол майдончаси; ҳозир ҳеч ким йўқ.
Дарвозадан кирган жойда сўл қанотдаги бинонинг ярим айлана цемент зинасида
бир кампир ўтирибди. Рўмоли ечилиб елкасига тушган, сочлари оппоқ. Бошини
орқага ташлаб, чарақлаб турган офтобга тик боққанча қотиб қолган.
Шарпамизни сезиб, юзида жилмайиш пайдо бўлади.
– Нормамат, сенми? – дейди аллақандай жавроқи оҳангда.
– Ўзим, она, ўзим, – деб жавоб берадилар отам.
– Празник қилиб юрибсан?
– Празник қилиб юрибман. Сизни табриклагани келдим, она!
– Ҳа-а, шундай де? Отни комсомолинг бердими? Сен ҳам катта одам бўлиб
кетдинг-да энди. Кимни мингаштириб юрибсан, улингми? Эркинингми, Воҳидинг?
– Эркин бу, она, сизни кўргани келди.
Кампир кўк сатин халати чўнтагини кавлаб, печакқанд олади.
– Ма, Эркинбой. Момонгдан празникка совға. Нормама-ат, эрта бир куни ўлсам,
жанозамга шу улингди ҳам опкеласан, ҳайми?
– Сиз ўлмайсиз, она, қўрқитманг.
– Ўлмайман, ўлмайман…
Марказий кўча бўйлаб уйга қайтяпмиз. Ота-бола. Отда. Ҳамма бизга қарайди.
Ҳавас билан. Қаёқдан келяпти булар?
“Онани кўриб келяпмиз”, дегим келади уларга. Айтгандай, нега она? Отамнинг
оналари – бибим-ку, нега бу кампирни “она” дедилар? Шуни сўрайман.
– У киши ҳаммага она. Бутун детдомга. Эҳ-ҳэ, боласи юздан ошади бунинг.
Лекин ўзи фарзанд кўрмаган, эр ҳам қилмаган. Ҳеч кими йўқ, безот-бесойиб. Шу
детдомда ўсиб, шу ерда қолиб кетган. Энди ҳамма она дейди. Қариб, кўзи кўрмай
қолган бечоранинг, кўр.
– Кўр бўлса, бизни қандай таниди?
– Ҳа, шундай, ҳамма нарсани кўради. Ҳамма шунисига ҳайрон.
– Мени билди-я! Воҳидниям биларкан.
– Бу ерда ишлаганимда ўзим айтган бўлсам керак.
Кўчамизга қайрилганимизда олдимиздан бир тўп туя минган қоп-қора
ҳабаш чиқди. Туяларни дарров танидим: Рашидларники, Равшан туякашнинг
жониворлари. Бошларида ҳар турли қалпоқ, ажабтовур кийинган “туякашлар”
эса – тоғ мактабида муаллимлик қиладиган амакимнинг ўқувчилари. Кечаси
билан пойабзал мойини баданларига суркаб, ўзлари ҳам маъносини билмайдиган
ажнабий сўзларни ёдлаб-такрорлаб чиқишди. Улар орасидан Ойсоат дегич
ширингина қизча эсимда қолган. Аълочи экан. Мен ҳам аълочи эдим-да, биринчи
синфнинг маҳмаданаси!
Қориштириб юбордим-ов. Демак, ўшанда Май байрами эмас, жаҳон ёшларининг
дастлабки довруқдор фестивали кунлари экан.
Ия, манний каша масаласи қолиб кетибди-ку!
Ўша замоннинг хизматчи зиёлилари, хотинлари уйда бўлатуриб, таомилга кўра,
фарзандларини боқчага беришарди. Боқчада таълим-тарбия русча эди (ўзимиз
томонларни айтяпман). Боқчадан сўнг болалар рус мактабига борарди. Бойсуннинг
пешқадам фаолларидан саналган отамиз ҳам шуни ҳавас қилибми, Воҳид укам
билан мени боқчага топширдилар. Бунинг завқли томони шуки, эрталаблари бизни
бир қадам йўлга “виллис” мошиналарида ташлаб ўтардилар. Лекин кўпга бормадик.
Укам эмас, мен. Воҳид нима берса аралаштириб ураверар, нима буюрилса ювош
туриб бажараверар эди. Агар ўшанда мен ҳамма қатори боқчада қолиб кетганимда,
Худо билади, ким бўлиб етишардим. Ҳарҳолда мана шу сатрларни ёзмаслигим
муқаррар эди; собиқ боқчадошларим кейин бошқа кўчаларга кириб кетишдида. Бунинг учун камина манний каша деганларидан миннатдор бўлмоғим керак.
Табиатим қурсин, мен у бўтқани оғзимга ололмасдим. Тарбиячи эса тепангизда
туриб, “Ешь, ешь, кушай!” дея зуғум қилади.
Эрталаблари, “Дод, бормайман!” дея ҳўнгиллаб туриб олардим. Хайрият, бу
ғавғога бобом аралашиб, боқчадан ҳам, манний кашасидан ҳам қутулдим. Менга
қараб, итоаткор Воҳид ҳам бормай қўйди. Ўшанда билиб-билмай, бола ҳолимизга
тўғри қилган эканмиз – келажак кўрсатди. Манний кашага раҳматлар! “Тафаккур”
журналидаги “Манний каша соғинчи” деган фиқрамда ҳам катта сиёсатга боғлаброқ
шу ҳангомани ёзганман (2007 йил, 2-сон).
“Ким кўп китоб ўқиса, рубоб олиб берамиз”, “Мана шу, мана шу китобларни
ўқиб чиқсанг ёзда лагерга борасан”, “Айт-чи, ёзги таътилда нечта китобни ўқиб
туширдинг?” Биз болаликда ана шундай савол-муомалалар билан ўсганмиз.
Қани, ўқиган китобларингдан гапир… Ўзимиз билган Бойсуннинг дараю
дашту далаларини ёдга солувчи “Алпомиш”дан бошлаймиз. Бу достонни
ўқимаганни бойсунлик деб бўладими?! Кейин – ҳайратомуз “Гўрўғли”, Юнуспари,
Мисқолпарилар, ғиркўклар; ҳазин “Кунтуғмиш”, “Равшан ва Зулхумор”у “Маликаи
айёр”лар; буларни асли магазинчи Йўлдош язнамизнинг гўянда оҳангга солиб
хониш қилишлари. Кейин – Том Сойерга қўшилиб ғордан Беккини қидиришлар,
аслзода Гринёв ва маъсума Машага ҳамдардлигу тўпори “ижобий қаҳрамон”
Пугачёвдан нафратланишлар…
– Қани, катта бўлсанг ким бўласан? – дея саволга тутади Тошкентда ўқийдиган
амакимиз.
Тап тортмай жавоб қиламиз:
– Ёзувчи бўламан!
– Ёзувчи? Зўр-ку! Шукурга ўхшаган-да? Шукур Холмирзаевни биласан-а?
Ўзимиздан чиққан. Ҳали китобчасини бераман сенга, ўқийсан.
Бойсундан ёзувчи чиққанми?! Чиқсаям… Мендан кейин чиқиши керак эдику! Шукур Холмирзаев. Ёзувчи деганнинг номи Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом,
Ойбегу Абдулла Қаҳҳор бўлмасмиди?..
Китобча юпқагина эди. 38 саҳифа. “Оқ отли”. Муқовасида кўзлари катта-катта,
қоп-қора қошлари туташ мен тенги бола барра қўзичоқни қўйнига олиб, от устида
ўтирибди. Воқеаси чорва фермасидаги қинғирликлар ҳақида. Аллақандай яқин,
таниш бўю манзаралар…
Ўзим тўртинчи синфда ўқийтуриб, аллақачон ҳикоя ёзиб мактаб деворий
газетасида чиқарган вақтларим. Ҳикоя синфдошлар ўртасидаги қинғирликлар
ҳақида, бош қаҳрамони ўзимиз, албатта, номи – “Ҳақиқат бор жойда туғишганингни
ҳам аяма!” “Гулхан”у “Ленин учқуни” нашрларида чиқиб турадиган пионерона
лофларнинг ўнинчи, балки юзинчи такрори!
Ўша даврда роса жаранг топган бу шиорсимон даъват (отабезори Павлик
Морозовни эсланг!) кейин ҳам кўп замон қулоғимдан кетмай, менга ҳамроҳлик
қилди. Бошдаги кўп ғурралар шундан. Асли йўқ жойдан пайдо бўлган айрим
нодўстликлар ҳам шу туфайли. Айни чоқда, бул даъватнинг инсоний ҳам ижодий
сажияга қатъият бағишлаганини-да инкор этсак бўлмас.
…Шифти пастак чоққина хона. Кундузи бўлишига қарамай чироқ ёниб турибди,
аммо барибир нимқоронғи. Ўртада хонани энлагудек катта емак столи. Тўрда отаонасини зиёрат қилгани уч-тўрт кунга келган арзанда ўғил – Шукур Холмирзаев.
Эгнида ихчамроқ пальто (демак, хона салқин, намгарчилик кезлари экан-да),
бошида “кубанка” аталмиш сервиқор телпак. Уй эгасининг ёнбошида доимий
ҳамдам жўраси, маҳаллий журналист Исмат Норбоев. Хона тутаб кетган, икковлон
басма-басига чекади. Пойгакда, уларга рўбарў ўтирган 7-синф ўқувчиси ярим
соатлардан ошдики, ўзи ёзган “повесть”ни ўқиб бермоқда. “Повесть” золим бой
қўлидаги бир етимчанинг аччиқ қисмати ҳақида.
Ниҳоят, қўлёзма ўқиб битирилади.
– “Ўқитувчи” романини яхши кўриб ўқиган экансиз-а? – дейди ёзувчи сигарет
тутуни орасидан жилмайиб.
– Ҳа, ўқиганман, икки марта, – дейсан гапнинг нимкосасидан бехабар,
ҳозиржавоблик билан.
– Ўзингиз яхши билган, ўзингизга яқин мавзуларда ёзиб кўрсангиз бўларкан. –
Ёшингни сўраб билгач, мезбон хулоса ясайди: – Ничево. Деталларни тасвирлашни
ўрганинг.
Шу. Тамом. Бунгача Шукур акани туман маданият уйи олдида бир тўда
қурдошлари даврасида кўрган, кимдир, чамаси мана шу Исмат ака таништирганида
ёзувчи ўзига ярашиқли бир табассум билан “ёзавер, бўшаштирма” деган каби
акаларча шўх им қоқиб қўйган, ана шу илиқлик бугун мени бу ерга бошлаб келган
эди.
“Повесть”имни эшитиб бўлгач, Шукур ака “э, маладес” дея ўрнидан туриб
пешонамдан ўпишини кутган эканман шекилли, бирдан ҳафсалам пир бўлди: бу
одам менинг ҳам ёзувчи бўлишимни хоҳламайди, битта ўзим бўлсам дейди!
Ўзинг яхши билган нарсаларни ёз, деталларни тасвирлашни ўрган… Бир ёш
ҳаваскор болага бундан ортиқ яна қандай хайрихоҳлик бўлиши мумкин? Ўқиган
романидан таъсирланибгина, ўзи кўрмаган-билмаган нарсаларни қоралаб, яқин
бир соатдан бери шуни ўқиб бошимни қотирса, унақа тирранчани мен бўлганимда
ҳайдаб солмасмидим?!
Шундан сўнг талай йил ёзган-чизганимни Шукур акага кўрсатмай юрдим.
Иккинчи курсдалигимда ёзганим “Кечирасиз, ўртоқ муаллим”нинг дарагини
эшитган экан, ўзи сўраб олди. Қўлёзмани ўқигач, акамиз менга бошқача ишонч
билан қарай бошлади. Унча-мунча таъриф-тавсиф қилинди-ю, аммо бирор жойда
чиқариш тўғрисида гап бўлмади. У кезлар бақувватроқ даллолсиз ишингиз
битмасди.
Мақтовлардан руҳланиб, учинчи курсда ёзган “Серзарда оила” деган қиссани
кўтариб бордим устознинг ҳузурига. Тиши оғриб, иягини чангаллаб ўтирган экан.
Шу аҳволда менинг сурбетларча ўқиб берган нарсамга қулоқ тутди ва қиссани
“Отам, онам ва мен” деб аташни маслаҳат берди.
Воқеан, университетни битириб радиода иш бошлаган кезларим ёзган бир
ҳикоям маъқул келди чоғи, Шукур ака уни “У хотинини уйғотди” дея қайта номлаб,
ёнига илиққина сўз ҳам битиб вилоят “Ленин байроғи” газетасига тавсия қилган
эди. Раҳматли устозимизнинг бир қанча китобларимга ёзган мақолаю очиқ хатлари
эса адабий жамоатга яхши маълум.
“Кечирасиз, ўртоқ муаллим!” қиссасидан гап очилди, айтиб ўтай. Бир йили
ўсмирларга аталган тўплам тайёрлаётиб, стол тортмаларидан ёшлик машқларига
дохил шу қўлёзма чиқиб қолди. Кўз югуртириб қарасам, “еса бўлгулик”. Бир-икки
ҳамсуҳбатларга кўрсатган эдим, улар ҳам маъқуллади, ҳатто, “Қайтага, ўша вақтда
дуруст ёзар экансиз”, дея ўзларича лутф қилгандек ҳам бўлишди. Улардан бири
ана шундай қитмирона ҳазиллардан сўзбоши ясаб, болалар газетасида сонма-сон
эълон ҳам қилдирди. Шундан сўнг ўйлаб ўтирмай уни “Эртак билан хайрлашув”
китобига киритдим.
Бу нарсани мен Тошкентда ўқиётганимга бир йилдан ошган бўлса-да, ҳамон
Бойсундан узилолмай, юрсам ҳам, турсам ҳам Бойсун хаёли билан яшаётган илк
талабалик кунларимда ёзганман. Иккинчи курснинг бошларида уч кунлик кузги
таътил берилди-ю, мен нечундир қишлоққа кетолмасдан қолиб, ижарахонамга
биқиниб олганча шу уч кунда ёзиб битирдим. Болалик соғинчию мактаб
хотираларидан дунёга келган ушбу эсдалик машқ менга шуниси билан ҳам
қадрлики, кейинчалик қанча нарса ёзган бўлмайин, ўшандаги завқ ва ҳаяжонни
камдан-кам ҳоллардагина туйдим…
“Қўлёзмани машинкадан чиқаргач, ҳадиксирай-ҳадиксирай ҳамшаҳарҳамхонам Неъмат Қурбонга ўқишга бердим. У киши мендан уч-тўрт ёш катта,
санъатшуносликка ўқир, ўзбек адабиёти билан унча иши йўқ, нуқул “Юность”,
“Дружба народов” журналларини қўлтиқлаб юрар, ўзининг ҳам бир-икки ҳикояси
“Ленин учқуни”ю “Шарқ юлдузи”ларда чиққан пўримнамо, “культурний” йигит
эди. Мен тирмизакни у кўпам менсийвермас, ёзиб-чизиб юришимга ҳам беписанд
эди.
Неъмат Қурбон қиссани ўқиб бўлди-ю, индамай кўчага чиқиб кетди, ҳаял ўтмай
бир шиша мусаллас кўтариб келди. Икковлон ўтириб янги асарни “ювдик”. “Буни
“Юность”га юбориш керак! – деди тажрибакор ҳамхонам бир маҳал мени ҳангманг қилиб. – Афсус, бизда таржима масаласи чатоқ-да. Ке, мен буни Асқад акага
кўрсатай. Фақат шу одам тушунади”.
Кейин, ўзининг айтишича, Неъмат акамиз қўлёзмани кўтариб бир-икки марта
Ёзувчилар уюшмасига борган, лекин Асқад Мухторга учрашолмаган. Ёзувчи гоҳ
меҳнат таътилида бўлган, гоҳ Москвада пленумда.
Шу тариқа икковимиз ҳам бу ташаббусдан совидик. Бора-бора ёзганим кўзимга
бирёқламароқдек кўрина бошлади. Бундай бўлмаганда ҳам мен – қишлоқи бир
қаламкаш Асқад Мухторга рўпара кела олармидим!
Кейинчалик билдим: бир иш чиқса-чиқмаса ўшанда бораверсам бўлар экан –
ҳарқалай ютқазмас, кўп замон йўл қидириб улоқиб юрмас эдим”. (“Асқад Мухтор
замондошлари хотирасида” китобига 2003 йил ёзилган мақоладан кўчирма.)
Андак кечикиб бўлса-да, сўнгроқ тўрт-беш йил унутилмас устоз Асқад Мухтор
паноҳида юриш насиб этди. Ул табаррук одамдан кўп нарса, аввало, тубанликдан
ҳазар қилмоқни ўргандик, кўп беғараз мурувватлар кўрдик. Мен учратган бутун
одамлар даврасининг бошида шу зот туради. Ёш умрнинг дастлабки аччиқчучуклари шу киши раҳбарлик қилган донгдор журналда кечди. Муаллифига кўп
мукофоту шу баробари кўп маломатлар ҳам келтирган “Отойининг туғилган йили”
асари “Гулистон” кунларида ёзилган, “Гулистон”да босилган…
Яна мактаб даврига қайтсак,яқинда эски бисот кавланганда маълум бўлди: юқори
синфларда ўқиётганимизда бир эмас, бир неча пьесанамо машқлар битган эканмиз.
“Бир тўп мактабдош йиғилиб, ўзимизча спектакль ҳам қўймоқчи бўлганимизни
айтинг. Негадир ҳеч кимга овоза қилмай, яширин-пинҳона. Безорилик кўчасига
кирган бир ўспириннинг тарихи. Номи – “Мақсуднинг йўли”. Ўқиган-кўрган
асарларимизга ўхшатиб, ўшаларга тақлидан ёзилган. Муаллифи ўзимиз, режиссёри
ҳам ўзимиз, бош ролда ҳам ўзимиз чиқамиз, албатта. Шукшин бўл-а, э дод-эй!
Ажаб томошамизни илк бор (ва сўнггиси!), Янги йил байрами арафасида эди
чоғи, аллақандай тантанали йиғиндан кейин, хайрихоҳроқ бир ўқитувчимиздан
чала-чулпа рухсат олиб, негадир (сабаби эсимда йўқ) туман болалар уйининг
клубида намойиш этадиган бўлдик. Ёпиқ кўрик: яккам-дуккам томошабин, олдинги
қаторда ҳакамлар – муаллимларимиз.
Ўзимизча спектаклни қотириб ўйнадик, якунда саҳна олдида туриб олқишу
чапакларга кўмилдик. Лекин шу чоқ мактаб партташкилотчиси бўлмиш
математика муаллимимиз югуриб саҳнага чиқди. “Автори ким бунинг? – деди
хатарли гезариб. – Автори ким деб сўраяпман?!” Мен, “сиёсий хатога йўл
қўйган”, ўзим ёзган қаҳрамондан ҳам баттар безори сифатида ерга қараб гангиб
туриб қолдим…” (“Валламат ака-укалар”. “Маърифатга бахшида умр” тўплами,
Тошкент – 2011 йил.)
Ҳеч кимдан рухсат сўрамай асар битганим ва уни ўзбошимчалик билан саҳнага
қўйганим учун мактабдан ҳайдалмадиму, лекин ёзган пьесам шу бўлди! Орадан
қирқ йиллар ўтгачгина пьеса ёзаман деб қўлга қалам олдим – “Жаннат ўзи қайдадир”
дунёга келди. Кейин – “Шажара”, “Фаррош кампирнинг туши”, “Хонадон эгаси”,
“Танҳо қайиқ”…
Талабалик – “олтин даврим”дан гапирсам, куним Навоий кутубхонасию
бесаноқ ижара ҳужраларда қоғоз қоралаш билан ўтган деса бўлади. Кўпчиликка
аралашавермас, қайсидир китоб қаҳрамонигами, кино қаҳрамонига ўхшаб бир
ўзим аллақайларда тентираб юрар, шаҳарнинг олис гўшаларидаги кинотеатрларга
бориб фильм кўриб келар, курсдошларим “Пахтакор” стадионида завқ билан
Нов бошида икки момокалоним
чувиллашиб ўтирганида ёки Пушкин боғида ошхўрлик қилаётганида камина
ҳужрамга биқиниб олиб қиссаю ҳикоя машқ қилар, аммо худди нозик бир сирим
фош бўлиб қоладигандек, уларни кимсага кўрсатмас эдим. Кечаги мудҳиш “чилла”
(пандемия карантини) кунлари уйда ўтириб қоғоз бисотимни титкилаганимда дастадаста қиссаю ҳикоя чиқди. Кўплари тамом хотирамдан кўтарилиб кетган, хатим
танишлигини айтмаса, айримларини ўзим ёзганимга ҳам ишонолмадим. Ўзиям
қип-қизил графоман – ёзағон бўлган эканман-да! Шу даражадаки, университетга
киришга имтиҳон топшириб, натижасини кутаётган кунларим ҳам эринмасдан
ҳикоя ёзганимга нима дейсиз! (Тагидаги санаси: “Тошкент, 1967 йил 20 август”.
Айнан натижа эълон қилинадиган кун!) Нималарни ёзмаган эканман! Яна бир
фурсат туғилганида уларни ўқиб чиқиш ниятим ҳам бор.
Ана шу беш йиллик “эъжод”дан тўпламларга кирганлари: ҳали айтганим
“Кечирасиз, ўртоқ муаллим!”, “Шайтончалар кўчаси”, “Кўк эшик” ва “Эртак билан
хайрлашув”. Кўпми, камми? Бори-да.
Шунча қоғоз қоралаб, бирор таҳририятга кўтариб борилмагани қизиқ. Худди
бирдан чиқиб оламни ҳайратга солмоқчидек! Устозимиз Шукур ака, “Матбуотда
кўринсаларинг, серьёзний нарса билан кўрининглар!” деб Усмон шоир иккимизга
уқтиргани-уқтирган эди.
Демак, ҳаммани ҳайратга соладиган нимадир ёзиш керак! Унақасини
қаёқдан топасиз? Даъво зўр-у, дард йўқ. Ёзган нарсангиз кимникигадир ўхшаб
қолаверади. Умумий қолипдан чиқиб кетолмайсиз-да. Бир вақтлардаги ўгитни
эслайсиз: “Ўзингиз яхши билган, ўзингизга яқин мавзуларда ёзинг”. Одатда
ёшларга айтиладиган шу маслаҳатни кейинчалик бошқа китобларда ҳам бот-бот
учратгансиз.
Ўзингиз яхши билган, ўзингизга яқин… Ҳув “Кечирасиз…” шунақа эмасмиди?
Унча-мунча маъқул бўлди-ку!..
Шунда илк бор Боғболони адабий макон қила танлаб, маҳалламиз аҳли,
қўни-қўшниларимиз ҳақида ёзмоққа чоғландим. Қарасам, бири-биридан қизиқ,
ажабтовур характерлар. Менинг одамларим, мен яхши билган одамлар. Алоҳидаалоҳида, лекин ўзаро боғланган, бош-охирдан иборат, “Осмондан тушганлар” деб
аталмиш ўзгача бир ҳикоялар туркуми. Ҳикояларнинг номлари ҳам ажаб-ажаб:
“Яллама ёрим ялло”, “Инқилобчи билан сиёсатчи”, “Бой ака ва камбағал ука”,
“Бошсиз чавандоз”, “Гулливер амаки”… Туркумнинг анча-мунча қисми ёзилди
ҳам. Шунда ўзимга ўхшаган бир ҳаваскор ошнамга мақтангим келиб, ўдоғ, тескари,
аммо бири-бирисиз туролмайдиган икки чол ҳақидагисини гуллаб қўйибман. Кўп
ўтмай у ўзининг қишлоғидаги шундай икки чолни олиб ҳикоя қилди, журналда
ҳам бостириб чиқарди. Ана энди менинг аҳволимни кўрсангиз! Тажанглигим
панд бериб, ўша “кўчирилган” ҳикоядангина эмас, бутун туркумдан совидимқолдим. Ҳолбуки, ҳикоялар ўртасидаги ўхшашлик анчайин юзаки, ёзаман деган
одам ўзиникини тамом бошқа ўзанга буриб юбориши ҳеч гап эмас эди. Бироқ
икки чол ўша икки чоллигича қолади-да! Қолса қолар, сиз жуда унчалик кашфиёт
қилганингиз йўқ, ана, буюк Флобернинг машҳур “Бувар билан Пекюше” новелласи
ҳам икки қария тўғрисида-ку, дейдиган маслаҳатгўй топилмади. Топилганида ҳам
мени кўндириб бўлмасди. Эҳтимол, каммаҳсуллигимга ана шундай бадгумонлигим
ҳам сабабдир. Ҳали айтганим бисот тинтиш чоғи ўша қирқ йил бурунги қайдларга
ҳам бир қур кўз югуртирилди. Тўғри, улардаги баъзи лавҳа, баъзи ҳолатлар кўп
йиллар сўнг ёзилган “Гули-гули” қиссасига сингиб кетган, лекин қолган тоза,
оҳорли ўринлар ҳам кам эмас экан. Эсизгина! Алвидо, осмондан тушган-у, ланж,
бўшанг муаллифингизнинг айби билан манзилга – китобхон кўнгилларга етиб
боролмаган қаҳрамонларим!
Хуллас, устоз Абдулла Қаҳҳор айтганидек, адабиётга лов этиб ёниб кириш
орзуси унча ушалмай, эл қатори имиллаб кириб келинди. Андак шошилмаса ҳам
бўлар экан – “Отойининг туғилган йили” дунёга келгунча!..
Шунча ёзиб-чизиб, уч мартагина чинакамига тилга тушганман. Биринчи бор –
“Отойи” “Гулистон” журналида эълон қилина бошлагач; иккинчиси – “Чантриморэ”
илк бор телевизорда кўрсатилганда ва ниҳоят – “Ҳоким, ҳолва, ғурур ва андиша”
деган мақолам газетада чиққанда.
Келинг, шунисидан бошлай.
Ҳоким алмаштириш важидан вилоятларда бўладиган фавқулодда сессияларда
ўша ҳудуддан сайланган Олий Мажлис депутатлари ҳам иштирок этади ва
жавобгарлик мақомида гоҳо минбарга ҳам чиқади. Камина ҳам бир-икки дафъа сўз
сўзлаб, қаранг, “машҳури жаҳон” бўлган эканман.
Галдаги ана шундай сессиядан қайтгач, жума куни эди-ёв, “Халқ сўзи”
газетасининг бош муҳаррири, қадрдон акахонларимиздан Аббосхон Усмонов
қўнғироқ қилди.
– Юртга бориб келдингиз?
– Бориб келдик.
– Сессияларда қатнашдингиз?
– Худди шундай!
– Сўзларга ҳам чиққансиз, албатта?
– Ҳечам-да.
– Нечун?
– Бу сафар сўз тегмади.
– Унда, ана шуни – сўз текканида айтишингиз мумкин бўлган гапларни қоғозга
тушириб берасиз!
– Ака-а!..
– Акангиз бўлсам – айтганни қилинг! Сешанба сонига қўямиз, гап тамом!
Мақола шанба куни – саратоннинг сариғида ўтириб ёзилди, якшанба таҳрир
қилинди, сешанба куни бир қулоч бўлиб газетада чиқди. Ана кейин кўрингда қиёматни! Қўнғироқ устига қўнғироқ! Олис-олис вилоятлардан! Танишу
нотанишлар! Ҳамкасбларнинг олқишини айтсангиз!
Аммо уч-тўрт кун бош муҳаррир ҳам, мақола муаллифи ҳам юрак ҳовучлаб
ўтиргани рост: юқоридагилар нима деркан? Бир мутасадди акамизнинг эътирофича,
кун бўйи қалтираб ўтиришганмиш. “Худо деган жойингиз бор экан, оғайни, чақмоқ
чақнади-ю, лекин момақалдироқ бўлмади…” Қалам билан чизиб-чизиб ўқилган,
шубҳасиз, тиш ғижирлатилган, муштлар тугилган, ҳайтовур, муаккаллар – халоскор
фаришталар орага тушибми, муҳаррир ҳам, муаллиф ҳам омон қолдик.
Мақола нима ҳақдалиги унинг сарлавҳасиданоқ аён: “Ҳоким, ҳолва, ғурур ва
андиша”. Ўша йиллари бу сўзларнинг ҳар бирини, айниқса, шу тахлит тилга олмоқ
ўзи қалтис иш саналгани лоф эмас.
Камина гоҳида ана шундай қалтисликларга ҳам бош уриб қоламан. Ёв қочгач
эса қизиғи йўқ, ҳафсала совийди.
Сиртдан уволгина “Чантриморэ” фильми кутилмаганда довруқ топди. “Отойи”
туфайли осмонларда учиб юрган кезларимиз эди, шунча китоб-дафтаримиз
бир бўлди-ю, бошда бизга аллақандай эришнамо, чала-чулпароқ туюлган
“Чантриморэ”нинг телевизордаги илк намойиши бир бўлди! Эртасиёқ киношуҳрат
тожини кийдик. Овора бўлиб китоб ёзиб юрганимизни қаранг, гап бу ёқда экан-ку!
Кейинчалик биз бош қўшган бошқа фильмлар ҳам чакки чиқмади – узоқ-яқин
эллардаги киноанжуманларда эътироф этилди-ю, “миллий бозор”да шу назарногир
“Чантриморэ”га етолмади деса бўлади. Бу ерда биз уларнинг бадиий савиясидан
баҳс очмоқчи эмасмиз, бироқ шуни таъкидлаш керакки, фильмлар ҳам одамзодга
ўхшаб омадли ё омадсиз чиқар экан. “Чантриморэ”нинг ўзғирлиги шундан.
Ана энди бизга илк бор омад эшигини очган “Отойининг туғилган йили”
қиссасига келсак. Ўзгачароқ туюлибми, танимаганлар бошда уни мен ёзганимга
ишонмади. Қотма, қилтириқ бир бола эдим-да. Қисса китоб бўлиб чиқар-чиқмас,
ўша кезларда хийла нуфузли саналган ёшлар мукофотига муносиб кўрилди. Бу ҳол
айрим тенгдош дўстларимга эриш туюлганми, уч-тўрттаси қайдадир тўпланиб,
“Биз шўро мукофотини олмаймиз!” дея ўзларича қасам ичганмиш (1981 йил!).
Қасамхўрлар даврасида мен йўқ эдим, аммо кейинчалик балога қолдим. Ул эмас,
бул эмас, “Отойи”ни улар туриб бошқа одам ёзган, мукофотни ҳам улар қолиб
бошқа одам олган эди…
Хуршид Даврон камина ҳақида ёзиб, “Агар душмани бўлса, муҳаррир сифатида
қаттиққўллик қилиб асарини қайтиб берганларгина унинг душманидир”, дебди.
Ҳаҳ, содда шоир-а, ўша асарни машаққатлар билан “одам қилиб” чиқариб берсангиз
ҳам нодўстлигича қоладиганлар топилади. Бешикдаги боланинг ҳам ўрмалаган
ғаними бўлармиш. Бировга сўзингиз ёқмайди, бировга – ўзингиз. Ҳатто дўриллоқ
овозингиз ҳам кимнингдир тинчини бузиши, кимнингдир ғашини келтириши
мумкин.
Яна бир адабиётшунос иним фақирнинг сабр-тоқатини сарҳовузга менгзабди.
Таги чуқур, сатҳи сокин, бағрикенг сарҳовузга. Қуллуқ. Аммо бехос-бемаврид
тошу кесак ёғилганда сиз айтган ҳовузнинг юзаси нечоғли беором жимир-жимирга
тўлишини, туб-тублари нечоғли туғёнларга тушишини билсангиз эди! Хоҳ зимдан,
хоҳ ошкора тош отила бошладими, билингки, отингиз бошқалардан илгарилабди,
ўзибсиз. Энди сизга ҳам, ғанимларингизга ҳам тинчлик йўқ, омонлик – омонат.
Начораки, бу норасо манфаат дунёсида ҳамма нарса ҳаммага етмоғи имконсиз
экан. Қуруқ қолгани эса нимагадир эришган қавмига қарши аламу аччиқда тош ота
бошлайди: маломат тошини, бўҳтон, бахиллик тошини…
Биз ҳам хом сут эмганмиз, гуноҳларимиз бир бандага етарли, аммо сиз айтган
қасамхўрлар даврасида бўлмаганмиз, сиз даъво қилаётган ғирромликлардан
хабаримиз йўқ, гапирсангиз Худога қараб гапиринг, эй мусулмон!
Бу азалий ва абадий муҳорабада жонимизга ора кирадиган ягона тадбир – ўша
домангирнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўрмоқ! Ана шунда бари очилади-қолади:
унинг бир жойи оғрияпти, қаттиқ ачишяпти, шундай жойики, чидамоқ оғир,
жуда оғир! Араз-гиналар бирдан абас, кўнглингизда унга нисбатан ачиниш пайдо
бўлади: тўғри-да, бошқа нимаям қилсин у шўрлик?
Шафқат – нажоткор туйғу, кўнгилни юксалтиради, одамни сарбаланд қилади,
Инсон қилади!
Тўғри айтасиз, шоир дўстим, каминанинг душмани йўқ, душман унга чикора,
унинг энг қаттол ғаними – ўзи!
Шундай, шуҳрат – бамисоли банг, уч-тўрт кун одамни сархуш этади, ўтгач эса
асорати чатоқ, оқибати ундан-да баттар: ҳамма сизга илжайиб қарай бошлайди –
ким нега кулаётганини билолмайсиз…
Мухбир укаларим гоҳо қитмирлик аралаш титкилаб қолади: “Адабиёт иши
камписанд бўлиб, қалам ҳақи деганлари кепак пулига айлангач, сердаромадроқ
соҳа деб кинога ўтгансиз-да, а?” Шунда бир ҳангома ёдга тушади. “Пакананинг
ошиқ кўнгли” деган қисса “Шарқ юлдузи” журналида босилиб, тўрт минг сўм
қалам ҳақи чиқди. Минг-мингларга ҳали кўникилмаган, боз устига – тўрт минг!
Ўша пулга кўчадан бир қутигина тоза навли сигарет сотиб олдим. (90-йиллар боши
эди, қаҳатчилик-қимматчилик замони.) Ҳар куни шундан бир дона, кетидан эса
хашакироғини улаб чекиб, йигирма кунда “Шоирнинг тўйи”ни ёзиб битирганман.
Хўш, нима учун кино соҳасига ораладим? Ўрни келди, айтиб қўяй: моддий
манфаатни, даромаднигина кўзлаган одам бу ишларга яқинлашмагани маъқул. У
ёғини сўрасангиз, ўндан ортиқ фильмга дахлдорлик қилган бўлсам, ҳар хил сабаб
билан, айримларига бир чақа ҳам қалам ҳақи олмаганман! Бўлмаса нима, томсувоққа
юрдимми? Киноқиссалар жамланган “Танҳо қайиқ” тўпламига (“Шарқ” нашриёти,
2017 йил) битилмиш “Кинога қандай келиб қолганим” деган сўзбошида шу ҳақда
ёзганман. Келинг, ўшандан бир-икки кўчирма қилай.
“Унда-бунда, мени қўлимдан тутиб кинога етаклаб келган одам – Юсуф Розиқов
деб юраман. “Сиз менга киноустозсиз, тақсир”, дейман ўзига ҳам. “Йўқ, ака, сиз
менга устоз”, дейди ёшимни пеш қилиб, бугун энди жаҳон экран санъатида кўзга
кўринган тажрибали кинорежиссёр.
Лутфу манзиратлар ўз йўлига, сценарий дегани мана бундай ёзилади, деб
биров -бировга ўргатган жойи йўқ, албатта. Аммо “Пиёда”, “Дилхирож”, “Эркак”
каби фильмлардаги ижодий ҳамкорлик жараёнида каминага нималардир юққани
бор гап.
Қизиғи шуки, киночиликда махсус таълим кўрмаганимга ҳамон баъзиларни
ишонтиролмайман. “Жаннат қайдадир” фильмини ишлаган машҳур
кинорежиссёрларимиздан раҳматли Равиль Ботиров ҳар гал суриштириб қўймасди:
“ВГИКни қачон битиргансиз?” “Мен ВГИКда ўқимаганман, оқсоқол”. “Ҳа-а,
бўлди-бўлди, сценарийнавислар олий курсида ўқигансиз, олий курсда”. Нима
дейин? Эски бир ҳикоямдаги ширакайф рассомнинг нолиш аралаш айтган гапи
ёдга тушади: “Ўзим зўр бўлсам нима қилай?”
Ҳазилни қўйиб чинига кўчсак, киночиликда бирор нима билган-уққан бўлсам,
ҳали айтганим Юсуф Розиқов сабабчи, вассалом. Бироқ шу кунимга тўрт йил
институтда талабаларга сценарийнависликдан сабоқ беришгача бордим – бунисига
энди таҳсин айтмай иложингиз йўқ.
Берганини қаранг, киною киночилар атрофида юриб кўрган-билганларим қўл
келди – “Шовқин” романи ёзилди.
“Бор-йўғи” бир сценарийнавис бўлатуриб, омад чопганими, менчалик
фестивалма-фестиваль кезган киночи ҳам топилмаса керак. Ёзиладимиёзилмайдими, “Киношок”даги кутилмаган ғалабага бағишланган “Фестиваль”
аталмиш саргузашт ҳам каллада юрибди. Ҳамма “айб”ни Юсуф Розиққа
тўнкайвермайин яна бир сирни айтай – ана шу анжуманлар ҳам каминага бир
кинодарс бўлган чиқар.
Қаердадир ёзувдим шекилли: “Кино – жафокор-у, лекин куйдирмажон хотинга
ўхшайди…”
Неча-неча фурсат ижодий иккиланишу журъатсизлик ҳамда танбалликлар
исканжасида кечган бўлса, ўн йил депутатлик мажлису машваратлари ва
“Тафаккур”ни йўлга қўйиш билан ўтди деса бўлади. Орада бир-икки фильмга
бош қўшилди, тўрт-беш ҳикояю беш-ўнта публицистик мақола ёзилди, холос.
Олиймақом давраларда ҳавойи от суриб юрилганда адабиёт-санъат юмушлари
анчайин бир икир-чикир бўлиб кўринар экан… Аттанг!
Ўйлаб қаралса, шу йиллар ҳам беиз кетмабди. Кейинги ўн йилликда ўшанинг
ҳиссасини чиқаришга баҳоли қудрат саъй қилинди. Кўнгилдаги бирмунчаси
уддалангандек. Яна Худо ҳакам, бизни шугина вазифа билан дунёга келтирганмиди…
Умр ўтган сайин ҳув нов бошидаги икки момокалоним бот-бот ёдга тушаверади.
Улардан бирови-ку ҳаяжонданми, ношудлик қилибми, қўлидаги чақалоқни сувга
оқизворибди; сал бўлмаса бутун бир авлоднинг заволига қоларди. Худойим ўша
лаҳзаларда бошқа момомизга берган ёвқурликни қаранг – ўзини шартта сувга
ташлаб, гўдакни омон олиб чиқибди! Андак сусткашлик қилганида борми, чақалоқ
йўргак-пўргаги билан омонсиз дом сари кетарди. Новдаги шошқин сув шиддат
билан пастга – тегирмонга отилиб тушади, ичкарида палахмон тоши беаёв чарх
уриб ётибди… Алҳазар!
Фарид-чи? Мен билан сония талашиб дунёга келган Фарид тентак! Ўша
бахтиқаронинг қисмати менинг чекимга тушиши ҳам мумкин эди-ку!..
Туғилганда киндигингизни ким кесгани шунчалик ҳаёт-мамот масаласи
эканми?! “Ўша пайтда мен сенга тўғри момони қаердан топардим, балам? Биттаси
кесган-қўйган-да”.
Кейин яна қанча-қанча чоҳу давворларга дуч келди бу бош!..
Хорижда яшайдиган бир дўстим асли-наслини билмоқ бўлиб, аллақандай
лабораторияга намуна топширибди. Маълум бўлишича, унинг қонида япон ҳам,
ҳинд ҳам, ҳабаш ҳам, оврупо элларию бошқа элатлар қонидан-да нишона бор экан.
“Қип-қизил дунё фуқароси экансиз-ку, бу аҳволда нимангиз ўзбек бўлади?” деб
ҳазиллашсам, “Одамга ўхшайманми ишқилиб?! – деди ранжиганнамо. – Юрагим
ўзбек менинг!”
Ўшанда бизни ҳаёт-мамот тегирмонидан қутқариб, омон сақлаб қолган инсон –
Жангил момомиз. Бутун бир сулола аҳли ҳайкал қўйса арзийдиган зот! Яратганга
шукроналар бўлсин! Лекин барибир қисмат тегирмонига тушмоқ муқаррар – унга
чап бермоқ имконсиз экан. Хайриятки, бул беомон тегирмон тошлари аро гир
айланаркансиз, гоҳо ёруғ шуълалардан кўзларингиз қамашади, гоҳо шодумонлик
садоларидан юрак қинига сиғмайлар кетади. Бу азалий тегирмон шуниси билан-да
азиз, шуниси билан-да тотли!..
– Иби-ий, оқиб кетди! – дея фарёд уради нотавон Зиёда момокалонимиз
тиззаларига шапатилаб.
Даёв Жангил момокалонимиз эса ўйлаб ўтирмай ўзини сувга отади.
– Ташланг, моможон! Ҳа, ана – оқ сурп йўргак, ана!.. Яна бир ҳамла, яна! Ушланг,
моможон, учгинаси қўлларингиздан чиқиб кетмасин, ушла-анг!..
Момогинамнинг қўлларига қувват бергайсан, ё Оллоҳ!
2020 йил 10 августда – 70 ёшга
тўлган куним ёзиб битирилди.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil