Sharq yulduzi - adabiy-badiiy, ilmiy, ijtimoiy-siyosiy jurnal.

Миразиз Аъзам. Ҳақиқатнинг суврати-ла хаёлни ёрит

***

Қиш кетди,
Муҳлати
Иззати битди
Баҳор кириб келди
Сурури билан.
Янгилашни билди

Замонимизни,
Илиғи,
Иссиғи
ҳам нури билан.
Еллар унга қанот

Бағишлаётир
Очилиб бормоқда
Тупроқ, коинот.
Интизор бўлгандик
Оппоқ кунларга
Жамики очилган
Очилмоқчи бўлган
Мос-мовий, қипқизил
Оппоқ гулларга
Қалбимизда мана.
Соғинчли салом,
Соғинчли салом…

***

Денгизнинг йўлига қирғоқлар девор,
Қирғоққа бош урар уммон мавжлари.
Тўлқинлар ҳолига чорлоқлар додлар,
Кўнгилда мум тишлар алам авжлари.

Ҳеч нени яшириб бўлмас ҳеч қачон,
Қуёшдан кўзи бор кунларнинг, ахир!
Барибир ўз ишин бажарар замон,
Чўлпоннинг нурлари бўлди-ку зоҳир!

***

Оғочлар бошлади олтинланишни,
Ана, бошланмоқда япроқ тўкими.
Еллар якунлайди бошланган ишни,
Кўнгиллар эслайди ёзни ўкиниб.

Табиий, бу ўкинч, симфоник ҳузн,
Асло норозилик белгиси эмас.
Бу оддий хаёлдир узундан узун
Ўтган йилларингда олинган нафас.

Салом, олтинланган баланд оғочлар,
Салом сенга, эвоҳ, қутлуғ қарилик.
Салом, бошим узра кумушли сочлар,
Хуш келдинг қарилик, яъни парилик.

***

Тунни-ку ухлашга чиқарган Худо,
Қуш тинар, қурт тинар, ухламас кимдир.
Унинг юрагида ғурмушлар наво,
Унинг кўзларида юлдузлар сойир.

Кўз ўнгидан ўтар улуғ севгилар,
Чайқалар хаёллар ўтли руҳида.
Нашъали ҳислардан у маст, дейдилар,
Гўзаллик бор дерлар ҳатто андуҳида.

***

Мен қоя эканман, сен эса дарё,
Менга бир урилдинг, кетдинг илгари.
Сени деб балки мен қилганман хато,
Балки илк севганлар адашса бари.

Ҳар ҳолда, муҳаббат мўйқалам экан:
Қалбимга сиймонгни нақшбанд этди.
Ширин бир орзумни мағлуб этса ҳам,
Ҳақиқий ҳаётдан дарс бериб кетди.

***

Олмали боғларда,
Тақир тоғларда
Ўғлонлар сочини тўзғитар шамол.
Етти иқлим қадар,
Таратар саслар –
Сафларда ўғлонлар топгайлар камол.

Нурсиз кечаларда,
Ёт кўчаларда
Ўғлонлар чиниқиб чопмоққа мажбур. Машаққатли йўллар,
Зўр оёқ-қўллар,
Эр йигит ўз юртин қўриқлар мағрур.

Гўзал уйқуларда,
Ётсин уйларда,
Оталар, оналар, опа-сингиллар.
Мардларда йўқ ҳадик,
Чопишар тетик!
Ҳеч бир хавотирсиз югурар йиллар.

Баҳорда ё кузда
Қайтишар тезда
“Бу ким, – деб қолмангиз, бургутдай йигит?”
Кенг елкали бўлиб –
Қайтарлар кулиб –
Зое кетмас ҳарбий берилган ўгит.

***

Хушбўй сувлар узра эсар тотли ҳаво,
Ёқимли шабада сийнага роҳат.
Яшилликлар кўзга равшанлик берар
Ва қуяр кўнгилга ажиб латофат.

***

Мени кўрганингда курсингдан турма,
Бундай феъл-ла мени сен ерга қалаб:
Иззатталаб эмас менинг юрагим,
Қалбим фақатгина муҳаббат талаб.

Сен-ла суҳбатлашиб ўтиргим келар,
Ташқи чарчоқларим ҳеч нарса эмас
Сени осмонларга кўтаргим келар,
Жисму жоним ҳамон кучли ва чапдаст.

Монолог

Майлига, отинглар, турибман, мана
Кўрганим шу юртдир, севганим шу юрт.
Биламан, сизларсиз, қилиб тантана
Бизнинг ичимизни кемиргувчи қурт.

Келгувси насллар расмимда кўргай,
Асабларим нечоғ таранглигини
(Юзларимда бари акс этиб тургай),
Қошлар аро ажин теранлигини.

Кўзлугим остида буюк бир ҳузн,
Тўрт юзу саксон бир – кўксимда рақам,
Ҳа, наслим, кўряпсиз Чўлпоннинг ўзин
– Ҳа, бу мен, сизларга келяпган бақам.

***

Зое кегмади юз йил тупроққа тўкилган қон,
Ҳурлик гуллари бўлиб қайтиб чиқди дунёга.
Яйрагин энди, кўнгил, юртингга қара, эй жон,
Боқмайсанми асрлаб ўзинг кутган барнога?

“Иттифоқ” деб аталган битди шайтанат тахти,
Кўрсатганди у бизга ўйинларки минг турли.
Мавжланмоқда елларда энди Ҳурлик туғимиз,
Парпираши ҳаётбахш, денгизлар каби сирли.

Энди ташиб кетолмас бойлигимизни ҳеч ким,
Халқимизга қолар у – ўзимиздир ҳукмрон.
Олтиним, пахтам, газим, ўзимга – қўйим, эчким,
Ҳақлимиз ҳамма билан сурмоққа давру даврон.

***

Фикрларми, орзуларми, хотираларми
Нима эди бошимда у
безовта юрган
ё уларнинг майда-чуйда парчаларими,
Марҳамати ё илоҳнинг менга буюрган!
Руҳан тоза кучли эдим ҳамда бахтиёр
Лекин тинчим ғойиб бўлди ўзидан-ўзи
Ич-ичимни тилаётган алланима бор.
Кийикними тулкиними кутган овчидай
Бир керакли сўзни пойлаб ётарман тунда.
Сатр келиб қочар зумда тутқич бермасдан,
Аммо овни такрорлаш кўп ҳали олдинда.

Яна соғлик ва хавотир ҳамда ҳорғинлик
Бозор куним,
Байрамим ҳам ўтар шу тахлит.
Кел, эй қани илоҳий сўз, санчил қалбимга!
Ҳақиқатнинг суврати-ла хаёлни ёрит
Қолган бўлса халқда жиндай ғуборни арит.

Миразиз АЪЗАМ – “Дўстлик” ордени билан мукофотланган. 1936 йилда туғилган. Тошкент давлат университетини (ҳозирги ЎзМУ) тамомлаган. “Ерга довруқ соламиз”, “Бир чўнтак ёнғоқ” каби болаларга, “Севаман”, “Туйғулар”, “Сабот” каби тўпламлари нашр этилган.

Rukunlar

Ulashish:

Arxivlar

📥  1 son  2022 yil 

📥  2 son  2022 yil 

📥  3 son  2022 yil 

📥  4 son  2022 yil 

📥  5 son  2022 yil 

📥  6 son  2022 yil 

📥  7 son  2022 yil 

📥  8 son  2022 yil 

📥  9 son  2022 yil 

📥  10 son  2022 yil 

📥  11 son  2022 yil

📥  12 son  2022 yil

📥  1 son  2023 yil 

📥  2 son  2023 yil 

📥  3 son  2023 yil 

📥  4 son  2023 yil 

📥  5 son  2023 yil 

📥  6 son  2023 yil 

📥  7 son  2023 yil 

📥  8 son  2023 yil 

📥  9 son  2023 yil 

📥  10 son  2023 yil 

📥  11 son  2023 yil